Читать книгу «Илон ўчи» онлайн полностью📖 — Мирмухсин Мирсаидов — MyBook.
image

Бешинчи ҳикоя
ВАСИЯТ

Оғир дарднинг дўзахий оташида баъзан кекса ота, баъзан мушфиқ она видолашмоқ фурсатида фарзандларига васият қилишни унутадилар, дард бунга йўл бермайди. Албатта, бу инсоний тафаккурнинг ожизлиги эмас. Кўплар ногаҳоний юрак дарди билан бу дунёни тарк этадилар, бундай оний видолашувда васият қилмоқликка мутлақо вақт қолмайди. Аммо бу икки даҳшатли ҳолатни ҳам енга оладиган, устун кела оладиган, ҳам ирода, ҳам заковатда беназир кексалар ҳам кўп, улар видою рози-ризоликни ҳам, васиятни ҳам унутмайдилар, гўё ёруғ дунё ишларини мухтасар этиб, муҳаққақ тобутда хотиржам оёқ узатиб кетадилар. Бу мислсиз олижанобликдирки, орқада қоладиган фарзандлар қалбини пок сақлайди, келгуси узоқ умрларига тамал бағишлайди…

Анча йиллар илгари Тошкентнинг қадимий Чиғатой даҳасида ноҳия Ижроия қўмитасининг раиси Муслим Вакилов устидан ғаразли шикоят хати тушиб, бу анча асаббузарлигу, анча шов-шувга сабаб бўлди… У Шаҳидон тепа маҳалласида турадиган акасининг қазосида бошида дўппи, устига кўк тўн, белини боғлаб ҳассакаш бўлиб турганди. Баъзи «жаҳолатга муккасидан кетган одамлар тиловат қилиб, юзларига фотиҳа тортганларида, Вакилов ҳам фотиҳа ўқибди… Исполком раиси коммунист Вакилов фотиҳа ўқиши, жанозада туриши мумкинми?! Ёнида партбилет бўла туриб, диндорлар ичида ўтириши иккиюзламачилик эмасми?! Бу шахс раисликка номуносиб, орамизга суқилиб кириб олган, кимлиги номаълум шахсдир!» деб ёзибди. Ёзган одамнинг номи Миёнхўжа бўлиб, Вакиловнинг қазо қилган акасининг маҳалласидан экан. У кун бўйи Исполком раисини мижжа қоқмай, ҳушёр кузатиб юрибди; раис қабристондан қайтиб келиб, ҳовлида бўлган фотиҳахонликда ҳам бош эгиб, юзига фотиҳа тортибди… «Бундай иккиюзламачи одам қандай қилиб Совет ташкилотида ишлаши мумкин!» деб ҳукумат аъзоларига кескин мурожаат этибди. Бу хатдан аввал тегишли жойларга ҳам хабар етказган экан; у идоралар ҳам Миёнхўжа етказган хабарни раҳбар ташкилотларига етказиб, тезда Вакиловнинг чорасини кўринглар, бу сигнални оқибатсиз қолдириб бўлмайди, дейишибди. 1937 йилда одамлар устидан кўп ёзиб, ҳозир ёзмаса қўли қичийдиган бўлиб қолган Миёнхўжа (баъзан у яширин тахаллус билан ёзади) мана шунга ўхшаган «воқеаларни…», «аксилларни…» қидириб юрарди. У ўз божаси устидан ҳам тегишли жойга ёзиб, анча алғов-далғов бўлгани маҳалла аҳлига маълум.

«Вакилов қабристонга шийпон солди. Бу нимага керак ва нима сабабдан? Бу шийпонда имом ўтириб, Қуръон тиловат этиши кўзда тутилган. Раҳбар бўлатуриб, қабристонга шийпон қурдирганини қандай баҳолаш керак?!»

Вакилов Миёнхўжани танимасди-ю, аммо Ҳофизи Куйкий маҳалласида шунга ўхшаган бир кимса бор эди, ундан биргина Вакилов эмас, деярли ҳамма эҳтиёт бўларди. Тўғрироғи, ҳазар қиларди… Дарҳақиқат, Вакилов бир таъзияда ҳовлида, ошдан кейин кўпчилик қатори қўлини фотиҳага очиб, юзига яқинлаштираётганда рўпарада ўтирган ўша кимсага кўзи тушиб, дарҳол қўлини пастга туширган, гўё лабига қўнган пашшани ҳайдамоқчи бўлган эди.

Ўша вақтда бу ишни текшириш вилоят Ижроия қўмитаси аъзоси Зулфиқоров бошлиқ комиссияга топширилиб, юқори мартабали бир аёл Вакиловни ҳаддан зиёд қийнаган эди. Унинг ишдан бекор бўлиши у ёқда турсин, партия сафидан ўчирилиши ҳам аниқ бўлиб қолганди. Бунинг устига қон босими баланд Вакилов юрак дардига ҳам мубтало бўлган эди. Инфаркт бўлиб ўлсам ўлай, ишқилиб, партия сафидан ўчиришмасин, деб бечора Вакилов ухламай тонг оттириб чиқарди. Бу воқеаларга лоқайд қараб туришга Зулфиқоровнинг виждони йўл бермай, мамлакат ҳимоясида қон кечиб келган бир фронтчи кишини ҳимоя қилди. Лекин жангари макиён – раҳбарлик ишда ўтирган, ахлоқий суст бўлса ҳам атрофдагилар миқ этмаётган бир аёл раҳбар «жаҳолат ва динга муккасидан кетган» ижроқўм раисини партия сафидан ўчириб, ишдан олмоқчи бўлди. Бу ишнинг ҳам илдизи чуқур – иғвогарнинг хотини мансабдор аёлнинг қон-қариндоши эди. У Вакилов устидан ҳужжатлар тўплаттирди, маҳаллага одам юборди, таржимаи ҳолидан хато излади ва ҳатто партия бадалини тўғри тўламаяпти деб, бухгалтерларга хат ёздирди. Қандай бўлмасин, уни супуриб ташлашнинг кетига тушди. «Миллий тилимиз ва миллий либослар ҳам фахримиз…» деган гапини ҳам қайси бир стенограммадан топиб, Вакиловга сиёсий айб, «миллат»чи деган бўҳтонни ҳам ёпиштирди. Бўлаётган «ҳангома»га мундоқ разм солган Вакилов ўзининг паймонаси тўлганини, бу жангари мансабдор хотин қўлидан омон чиқмоқ амримаҳол эканини фаҳмлади. Гап бу хотинда ҳам эмас, эҳтимол, менга ўхшаган баъзи «ўзбек»лар ҳозирги даврда қурбон қилиниши керакдир, деди ўзига ўзи. Ахир 1937 йили ҳар бир шаҳар, ҳар бир районга мунчадан «Халқ душмани» топиб берасизлар, деган буйруқ келган-ку! Юқорида яна шунга ўхшаган махфий буйруқ бордир, эҳтимол, Октябрь райони бўйича бир қанча «миллатчи»лар топиш керакдир, бу районда ўзбеклар тиғиз. Ахир бу катта район, ҳар хил одамлар кўп, эҳтимол, шу «разнарядка»га Вакилов ҳам тушгандир… Бўрсиб, кўкариб кетган Вакилов бир ой касалхонада ётиб чиқди, йўқ, «мансабдор раҳбар хотин» уни яна жиддийроқ «текшира бошлади», кирай деса ер қаттиқ, учай деса осмон узоқ…

Таъқибга учрайверса, табиийки, айбсиз киши ҳам ўзини айбдордек ҳисоблай бошлайди, руҳи сўниб, илон авраган чумчуқдек пириллаб келиб, унинг оғзига кириб кетар экан. Бир куни ўғли билан машинада Қодирия гидростанциясидан кела туриб, Тоштурма дарвозаси ёнидан ўтишди – у негадир турма дарвозасига тикилиб, юраги шиғиллаб кетди. Чумчуқ мисол шу дарвоза ичига кириб кетадиганга ўхшади.

– Дада, чарчадингизми? Нега юзингиз оқариб, титраяпсиз?

– Йўқ, ўғлим, чарчаганим йўқ. Кейинги пайтда машинада юрсам, кўнглим беҳузур бўляпти. Бу нимадан эканини билмаётирман.

– Анави туҳматчини кўп ўйлаяпсиз, – деди ўғли. – Ўйламанг! Сиз фронтчисиз, ҳалол одамсиз, нимасидан қўрқасиз? Ўша Миёнхўжа деган одам Улуғ Ватан уруши йилларида қочиб юрган кимса экан. Энди зўравон бўлиб чиқдими? Совет ҳукуматимиз барқарор! Суриштирдим, жуда ифлос одам, маҳалласи яхши билар экан.

– Сен аралаша, ўғлим! Бу номни сенга онанг айтиб қўйганга ўхшайди! Эсингдан чиқар, ишинг бўлмасин! Ҳали менинг бу иғвогар билан ҳам, юқорида ўтирган баъзилар билан ҳам курашишга қувватим етади!

Кўп ўтмай Вакиловни комиссия чақирди. Кенг кабинетда, усти мошранг мовут стол юқорисида ўтирган комиссия раиси Зулфиқоров қоғозларни обдан титкилаб бўлгач, Вакиловга тикилиб, бир нечта савол берди:

– Миёнхўжа деган шахсни танийсизми?

– Йўқ.

– Қайси маҳаллада турасиз?

– Ҳофизи Куйкий маҳалласида.

– Қўшниларингизда шундоқ одам йўқми?

– Йўқ.

– Наҳотки, юмалоқ хат бўлса бу. Ўз фамилиясини очиқ ёзган-ку!

– Ким экан?

– Миёнхўжа…

– Танимайман! Бунақа одамни эшитмаганман ҳам.

– Шу одам изингизга тушиб, ёнингизда юрган, – деди Зулфиқоров, – ҳамма нарсадан воқиф. Наҳотки, сиздек фронтчи кимса шу даражада бефарқ бўлиб қолгансиз.

– Билмайман, билмайман.

– Ичмайсизми?

– Йўғ-э, ўртоқ Зулфиқоров, юрак чатоқроқ.

– Ҳушёр бўлиш керак! Фронтда разведкачи бўлганман, дебсиз таржимаи ҳолингизда. Наҳотки, изингиздан тушган ярамасни билмасангиз! Кўзингизни шира босиб қолдимикан? Яхши эмас, яхши эмас!

– Гапингиз тўғри. Кўпларимиз хотиржамликка тушиб қолдик. Ичадиганлар ҳам бор. Фашист мессершмитларини уриб туширган бир қаҳрамон учувчи, урушдан кейин бир куни ўз қишлоғида, ошнаси эшигини тақиллатган экан, ҳовлидан лайча чиқиб, вовуллаб, даф қилибди. Қаҳрамон лўкиллаб қочибди. Буни кўрган одамлар учувчидан кулиб: «Осмонда йиртқич самолётларни қувган одам шу бир лайча кучукдан қочадими?» дейишган экан, у дебдики: «Бу ўзимизнинг лайча, қўрқиб қочмай иложим йўқ». Ўзимизнинг иғвогар ҳам жуда ёмон, изидан ҳам қочмай иложим йўқ. Чет эллик шунақалар бўлса, унда бошқа гап эди, қўрқмасдим. Аммо ўзимизники ёмон бўлади, қўрқаман, дебди.

Зулфиқоров кулди.

Комиссия раиси Зулфиқоров Вакиловга хусумат туфайли айб тақалаётганини, баъзилар Миёнхўжа «патентлик иғвогар» эканини, бундай қабиҳ ишларни кўп қилиб юргани ҳам оммага сезилиб қолди. Юқори мартабада ўтирган, Миёнхўжага ўхшаганларни қўллаб-қувватлаётган кишининг иши эканини сезиб олиб, унинг ўқларига қалқон бўлди. Ниҳоятда ҳушёрлик ва дадиллик билан олиб бораётган иши – бошига дўппи, устига беқасам тўн кийиб, ўзбекча исм ниқобига кириб олиб, кўзга ташланмайдиган ҳолда маҳаллий халқ заволига ишлаётган кимсаларнинг башараси очила бошлади. «Миллатчи» деб юзига қоракуя суришликдан ҳам чўчимади, туҳматга бир ватандошини ем қилиб юбормади, уни оқлади. «Агар Вакиловдек ҳалол одамнинг битта тукини хам қилсанглар рози бўлмайман! Бу очиқдан очиқ туҳмат!..» деди Зулфиқоров комиссия аъзоларига қатъий туриб.

Вакилов партия сафида қолди. Илгаригидек ўз вазифасини ҳам бажараверди. Баъзилар бу қарорни эшитиб, Зулфиқоровнинг ортидан «ҳап, саними!» деб қўйди. Зулфиқоров ҳам анойи эмас, бошига гурзи тушишини биларди; «қичийдиган ерини олдиндан қашлаб қўядиган Зулфиқоров» … (Ошналари ҳазил қилиб бу гапни унга тақашарди) ўша баланд мартабадаги аёлнинг сирли ишларини билиб, эски латтага тугиб қўйган эди.

Туҳмат балосидан қутулган Вакилов бу галги биринчи май байрамида янги костюмига неча йиллардан буён тақмай, сандиқда, целлофан халтага солиб, эҳтиёт қилиб олиб қўйгани барча орден ва медалларини: «Жанговар Қизил байроқ», «Ватан уруши», икки «Қизил Юлдуз» орденлари, «Жасурлиги учун» медали ва бошқа ўнга яқин медалларини жаранглатиб тақди. Костюмни кийиб, ойнага қараса кўкси батамом тўлибди – Брежнев бобонинг ўзи! У мийиғида кулди. Тақилмаган мукофотларининг баъзилари илгаригидай ярқирарди, баъзилари сал-пал занглай бошлабди. Ўғли, қизи, айниқса невараси – бобонинг эрталаб жангир-жунгир бўлиб чиққанидан қувондилар. Ҳеч маҳал бу хонадонда бугунгидай шоду хуррамлик бўлмаган эди. Раис бир қултум коньяк ҳам ютиб олдилар. Қизариб, дадиллашиб, неварани етаклаб кўчага чиқиб кетишди. Хотини, болалари, жин кўчадаги эшикдан мўралаб турган хотинлар ижроқўм раисига ҳайрат билан тикилишиб, жилмайишди. Туҳмат ишидан қутулиб, баҳор байрамига чиққан раиснинг бу хурсандчилиги унинг юзларида зоҳир эди. Бу кайфичоғликка кўзи тушган йўлидаги барча кишиларнинг ҳам кайфи чоғ бўлиб, кишилар бир-бирларига табассум қилишарди. Раис бобо байрам тантанасидан неварани хурсанд этиб, қўлига пуфагу ширинликлар олиб бериб, уйга қайтиб келди.

Эртасига ширин невара яна бувани ниқтаб, байрамга чиқишга, орденларини тақишга ундади. Бола бувасининг ғашига тегиш учун ганжина айвон ойнасини тирноқлари билан тимдалаб, ғирчиллатарди. Бобо индамади. Ундан сўнг учи синган қаламни дафтарга ишқалаб «ёза бошлади». Бундан чиққан ғирчиллаган овозни ҳам бобо ёқтирмай, дарҳол неваранинг қўлини ушларди. Бу гал ҳам бобо чидаб, кўрмаганга, эшитмаётганга солди ўзини. Шундан кейин невара югуриб бориб токчадаги довуччани олиб, буваси рўпарасига келиб, қарсиллатиб чайнай бошлади. Бобо бунга ҳам чидади, индамай ишини қилаверди. Шу тариқа «жанг» давом эта бошлади. «Енгилган» невара рогаткасини олиб, кўчага чиқиб кетаётган эди, бобо китобдан бошини кўтариб, орқасидан мурожаат этди:

– Бўпти, келишдик. Сени олиб бораман, – бола кетаётган жойида тўхтади. Чунки у ҳозироқ чиқиб, Омон полвонлар деразасини чил-чил қилиб келиши аниқ эди…

Лекин шу куни ярим кечада Вакилов юрагида санчиқ пайдо бўлиб, безовталана бошлади. «Тез ёрдам» чақиришди, врач укол қилиб, тепасида ўтирди. Азонга яқин уни машинада касалхонага олиб кетишди. Реанимацияга ётқизишди. Ўғлию хотини тепасидан кетмади… Беҳол ётган Вакилов шивирлагандек секин ўғлига қайрилиб боқиб, бир неча сўз деди: «Ойингларга яхши қарагин, ҳамма оғирчилигимни ўзимдек елкасида кўтарди. Ҳаммангиздан розиман, мингдан минг розиман… Биров қилган яхшиликни ҳеч қачон унутма, қарзни вақтида тўла. Зулфиқоров яхши одам экан, саломимни айтиб қўй. Айтадиган гапим шу». Унинг қақроқ лаблари шаҳодат калимасини пичирлади.

Ўғил кўзида ёш билан отанинг рўпарасида бошини солиб ўтирарди.

Шу куни кечга яқин район ижроқўмининг раиси Вакиловнинг жони узилди. Одамзод шу, қанча югуриб елмасин, охири бир куни, бу дунёдан ўтиб кетаверади…