Читать книгу «Илон ўчи» онлайн полностью📖 — Мирмухсин Мирсаидов — MyBook.
image


 



 



– Алло! Бу мен… Салом! Яхшимисиз! – деди Ҳабиб.

– Салом, Ҳабиб ака, яхшимисиз? Жим бўлиб кетдингиз? Ишлар кўпми?

– Дарҳақиқат, кўп бўлди… Учрашайлик.

– Учрашайлик!.. – деб хандон отиб кулди Нигора. Афтидан, уйда ҳеч ким йўққа ўхшайди. Жосуслик қиладиган Севара ҳам йўққа ўхшайди. – Бўпти! Қаерда? Ёки бизникига келасизми?

– Э, бўлмайди! Ота-онангиздан уяламан. Циркка борайлик. Мен сизга анча Афандилар ҳам топиб қўйдим, айтиб бераман.

– Биттасини айтинг, телефонда бўлса ҳам айтинг!

– Циркда айтмоқчи эдим.

– Айта қолинг, – Нигора эркаланди. У ўтган сафар бир дугонасидан шикоят қилиб, лақаби тулки эканини айтган эди.

– Циркда ҳамма ҳайвонларни ўйнатадилар. «Нега тулкини ўйнатмайдилар?» деб сўрабди бир одам Насриддин Афандидан. Афанди айтибдики: «Йўқ, ҳурматли дўстим, тулки одамни ўйнатади», дебди.

– Ха-ха-ха-ха-а! Бораман! Ҳабиб ака. Соат нечада?

– Цирк саккизда бошланади. Еттига келинг, музқаймоқ еб турамиз.

– Албатта бораман. Яна битта Афанди топиб туринг, – у ҳозирча хайрлашиб гўшакни жойига қўйди.

Ҳабиб тезда соқолини қириб, оқ кўйлагини, галстугини кўздан кечирди. Юраги тўлқинланди, севикли қиз билан учрашувга шошиларди. Қадим уйланмаган донишмандларнинг биридан сўрашибди: «Устоз, агар уйланмоқчи бўлсангиз, хотинингиз қандай бўлишини истардингиз?» Донишманд айтибдики, «Аёлда уч фазилат бўлишини жуда ҳам истардим». «Бу нима?» «Поклигу садоқат, оқилалигу олижаноблик ва меҳнатсеварлик». «Лекин минг афсус, – деди ўзига ўзи Ҳабиб, – Патининг синглиси хонадонни куйдирди. Уч эрга тегди, ҳаммаси ҳам ўлади». Охиргиси бир тўйда хотинининг даврага тушиб, ўйнаб, кимгадир жилва қилгани учун эри уйига ҳам олиб бормай, ўша ердан ҳайдаб юборгани ёдига тушди. Ҳабибнинг кўз олдидан таниш хотинлар ўта бошлади. Нега бундай бўляпти, ўзи билмасди.

У соатига қараб, вақт яқинлашаётганини, Нигорадан аввалроқ бориб туришни кўзлаб кийинди, онасига кўчага кетаётганини айтди-да, чиқиб кетди. Тошкентда автобус ҳаракати ниҳоятда расволиги ҳаммага маълум, аммо Ҳабибнинг омади келиб, бекатда бир дақиқача кутиши биланоқ бўшгина автобус келгани яхши бўлди. Бу ёғи ҳам шундай равон кетса… деб ўзига ўзи омад тилади. «Кўчага кетдим» деганидан, ясанганидан она хурсанд, ўғлининг ким биландир боғланишаётганини юраги сезиб турарди. Бу гал Ҳабиб жавобсиз қолган сўзига Нигоранинг жавоб қилишини кутар, «майли, совчи юборинг…» деган гап бўлса керак дерди. Автобусдан тушиб, Хадра майдонига чиқди. Бу тарихий майдон четига цирк тушгани, унинг чиройли қубба – гумбази юлдузлар оламидан учиб келиб, бу ерга қўнган афсонавий «тарелка»га ўхшарди. Қадимий майдон чуқурликлар қазиб, йўл қилингани, ҳамма ёққа кўча очиб, нарироқдаги Шайхонтоҳур мадрасасию дарбозаларни бузиб ташлаш – кечирилмас гуноҳ бўлди. Ҳабиб болалигида бу майдон орқали мактабга, институтга қатнади, бу ердаги ҳар бир тошу ҳар бир эшик унга таниш – Эски Жўва билан Хадра оралиғи Жанггоҳ – унинг ота-боболари юрган, ўсиб-унган, ҳам қувончу бахт, ҳам ҳасрату қайғу тортган, умрини ўтказган жойлардир. Бу майдонда у Аброр Ҳидоятовни кўрган. Лекин ҳозирга келиб, бу томонларни «обод» деб, Копенгагенга ўхшатиб қўйишди. Бир-бирига ўхшаган қути мисол уйлар, уйлар. Шайхонтоҳурда мадрасаю миноралар, шоиру мутафаккирлар қабри шу қути-бинолар тагида қолиб кетди. Э, худо! Тошкентликларнинг баъзилари бир-бирига қовушган, баъзилари бир-бирини ғажишга тайёр. Тошкентлик шоир Тавалло: «Симсиз бировлар сўйлашур, миллат ғамини ўйлашур, сизлар эса тўй-тўйлашиб, одам бўлолмайсиз ҳануз…» деган.

Роппа-роса соат еттида цирк зинапоялари ёнига гувиллаб келиб тўхтаган машинадан Нигора тушди, ўн беш қадамча нарида, одамлар ичида уни кутиб турган Ҳабиб бориб, севиклисини кутиб олди. Сочлари орқада қубба, оқ кўйлак устидан эркакча костюм кийган, келишган Нигора очиқ чеҳра билан Ҳабибга қўл узатди.

– Салом, жаноб! Куттириб қўймадимми?

– Асло! Кутган бўлсам, яхши, кўзим қора бўлади.

– Ха-ха-ха! Хафа бўлманг, қўйкўз бўлсангиз ҳам бизга ёқасиз.

– Ўтган сафар саволимга жавоб қилмадингиз: совчи юборайми? Нима дейсиз?

– Дарров саломдан кейин, «ҳа» ёки «йўқ» дейишим керакми? Мени циркка таклиф қилсангиз. Сиз йигитлар шунчалик шошасизларки, ҳаш-паш дегунча ҳамма нарса бўлса! Музқаймоқ деган эдингиз, қани? Музқаймоқ ўрнига совчи. Мана «ҳа» дедим, совчи юбораверинг. Аямларга ёқсангиз бўлди, адамлар мени бирор обком секретарига бермоқчи эдилар, қадимги феодаллар даврини такрорлаяпсиз, деб тоза кулдик. Аямлар, «ўша талантли жарроҳ ассистент йигитга бераман», дедилар. Яна нима керак сизга? Афанди топдингизми?

– Ҳа, – деди Ҳабиб Нигоранинг қўлидан ўпиб, – бу яхши гапларингиз учун одамлар бўлмаганда маҳкамроқ бағримга босардим.

– Вой, ана ҳайдовчимиз қараб турибди.

Ҳабиб Нигоранинг қўлларини қўйиб юборди.

– Бошқа қизларнинг ҳам қўлидан ўпасизми? – сўради Нигора сирли жилмайиб.

– Йўқ. Йигирма тўрт ёшимизгача романтик шоирларга ўхшаб ўзимизни хитой қоғозда сизга асраб келяпмиз.

– Ха-ха-ха! Хитой қоғозни очадиган вақт ҳам яқинлашяпти, конфет моғорлаб қолмаганмикан?

– Йўқ, моғорламаган, арчилмаган олмадек…

– Ха-ха-ха!

– Суви қочмаган, деса ҳам бўлади.

– Қани, юринг, билет олайлик! Анча алжишиб олдик, – деди Нигора Ҳабибнинг сал-пал ўтлаб кетаётганини фаҳмлаб. – Мени кўп кутиб қолмадингизми?

– Асло.

– Сизни тажангроқ деб эшитдим.

– Кимдан?

– Бу сир.

– Тажанглик ҳам бор. Шу денг… Афандини қўшнисининг эшаги думсиз бола туғибди. Афанди тажанг бўлиб, бир неча кун ухламай чиқибди. Хотини афандига нега бунча тажангсиз, деса, қўшнисининг эшаги думсиз бола туққанини айтибди. Шунга шунчами, деган экан, афанди: «Э, нодон, шу эшак катта бўлганида лойга ботиб қолса, қаеридан ушлаб тортаман!» дермиш.

– Ха-ха-ха-ха!

– Цирк зали баъзан одамга тўлмаганда, ҳозир баъзи театрлар ҳам шундай қилишади, руҳий касаллар клиникасига ҳам билет сотиб, зални тўлдиришар экан. Ўйин тугагач, қизилга бўялган эшиклар оқариб қолар эмиш. Ҳайрон бўлишибди. Кейин билишса, келган «томошабинлар» эшикни пишган деб ялаб кетишар экан. Эшикларни кўкка бўяшибди. Кейинги келишганда «ҳали хом» деб ялаб кетишмабди.

– Ха-ха-ха, – Нигора чақнаб кетди. – Энди юринг, пишган музқаймоқ ялаймиз.

– Бу ердагилар пишмаган, кўк музқаймоқ.

– Биз унақасини ҳам, бунақасини ҳам ялайверамиз.

Ўн бешта кам саккизда улар цирк биносига киришди, фойеларда, буфет атрофида у ёқ бу ёқни айланиб, ўз жойларига – ўрта қаторлардан бирига киришди. Ҳабиб отларнинг тупроқни чангитиб югуришлари, масхарабозларнинг ҳадеб олдинги қаторга муомала қилаверишларидан холироқ – ўртароқдан жой олган эди.

Цирк ўйинлари бошланиб кетди, кексайган бир хотин каламушдан сал каттароқ иркит бир кучукчани олиб чиқиб, дам икки оёқда турғазиб, дам ўзининг бути орасидан ўтказиб, шу тариқа ўйин кўрсата бошлади.

– Во-о-й, бу жонга теккан номер-ку! – деди Нигора елкасини Ҳабибнинг елкасига теккизиб. У эркаланиб Ҳабибга суянар, Ҳабиб унинг қўлларини ушлаб олганди. – Йўлбарслар, арслонлар қачон чиқади? Бунақа лайчаларни эргаштириб юрган хотинларни кўрсам, кўнглим озади.

Мумдай эриб, ўзлигини унутиб ўтирган Ҳабиб ўйлаб ўтирмай жавоб қилди:

– Ҳали йўлбарслар, арслонлар, маймунлар, балки филу аждарлар чиқади.

– Программада улар йўқ, Ҳабиб ака, – деди Ҳабибнинг юзига юзини яқин олиб бориб.

Шундан сўнг, масхарабозлар чиқиб, сал қизитди. Думи ва пешонасига номер илинган эшак – ИШ-204 га миниб чиққан масхарабоз Акрам қизиқ ўзбекча, русча сўзларни аралаш қилиб, кўпроқ ўзбекча урғу билан тутилмаган сўзларни айтиб, одамларни обдан кулдирди. Ундан сўнг қорабайир – булутга сакрайман дейдиган отларда чиққан Тошкенбоевларнинг чиқиши жамоа диққатини жалб этди. «Энди томоша бошланди», деб эркаланди Нигора. Ҳабиб Нигоранинг мамнун бўлиб, диққат билан ўйинни кузатаётганидан хурсанд эди. Уларнинг атрофида ўтирган баъзилар икки севишган юракнинг бир-бирларига бўлаётган сирли нигоҳлари, эркаланиш, баъзан кулги-ю, баъзан жиддий «катта масалани ҳал қилишлари» ён-атрофда ўтирган томошабинларга ҳам сезиларди. Циркда фақат улар бордек, ҳам улар учун бўлаётгандек, икки ёш дунё ва одамлар билан ишлари йўқ, бир-бирларига суянган, бир-бирларига тўймай, ғоятда мамнун ўтиришарди.

Танаффус бўлиб, улар яна «пишган қизил музқаймоқ» яламоқ мақсадида цирк фойесига чиқишди. Буфетлар обод, одам кўп, турли сувлар, ширинликлар тўлиб ётибди. Атрофда уларни кимлардир кузатаётганини Ҳабиб баъзан сезгандек бўларди, аммо Нигоранинг ёнида нотаниш кимсаларга ҳадеб қарайвериш одобдан эмас, албатта. Қўнғироқ чалиниб, томошабинлар ичкарига таклиф этилди. Ҳабиб билан Нигора ўз жойларига келиб ўтиришди. Ён-атрофдагилар ҳам жой-жойларига ўтириб, жойлар тўлиб, залда тартиб пайдо бўлганда, қандайдир бир келишган, сочлари қирқилган, яхши кийиниб, кўзларига ҳозир мода бўлган – ойнаси садаф кўзойнак таққан бир жувон Ҳабибнинг ёнига келиб, у билан қуюқ саломлашди, қўлларини сиқиб, кўриша кетди. Ҳабиб ўрнидан туришини ҳам, турмаслигини ҳам билмасди. Ёш, келишган жувон Нигорага орқасини ўгириб, Ҳабибга хушомад қилиб, «Ҳабиб ака» деган гапларни такрор-такрор айтар, уларнинг ёнидан кетмасди. Нигоранинг бирдан руҳи тушиб, кулгилари, чақнашлари сўнди. «Ҳабиб ака, бизникига келинг, институтда ишларингиз кўпми, нега келмай кетдингиз?» дерди ёш жувон. Ҳабиб бўлса ранги оқариб, гаплари қовушмай, титраб, «Хўп-хўп, борамиз…» дерди-ю, унинг тезроқ кетишини истарди.

Ҳабиб ёнида ўтирган Нигоранинг шалвираб, бир замбил бўлиб қолганини ҳам сезди. Бу ярамас атайин келиб, шу иғвони қилаётганини, ичи куйиб, ўртага совуқчилик солиш мақсадида бу «илиқ мулоқот»ни чўзаётганини шундоқ пайқаб турарди-ю, аммо, «йўқол, бу ердан, менинг сен билан гаплашадиган гапим йўқ!» деёлмасди. Унинг дами ичида, Нигора ёнида мулзам бўлиб қолди. Бу фалокат қаердан пайдо бўлди, деб ўйлади. Аяган кўзга чўп тушар, бу суюқоёқнинг пайдо бўлиб қолганига ҳайрон эди. Уч эрга тегиб, учаловини ҳам бирин-кетин ўлдирган бу жувон кутилмаган жойда пайдо бўлиб қолгани, айниқса бугун… Уни жин-ажинага ҳам ўхшатди. «Хўп, хайр, Ҳабибжон ака, албатта келинг…» деб, жувон қатордан чиқиб, ўз дугоналари ёнига кетди. Тирик мурда бўлиб ўтирган Нигора жиддий бир тусда Ҳабибдан сўради:

– Бу ким?

– Фатхуллохўжа деган ошнамнинг синглиси, оти – Пошшахон.

– Юринг, чиқиб кетамиз бу ердан!

– Нега?

– Ўтиргим келмаяпти. Мен турдим, – Нигора ўрнидан қўзғалиб, ташқарига чиқиб кета бошлади. Унинг орқасидан Ҳабиб ҳам қўзғалиб, кетма-кет залдан чиқиб кетишди. Бу совуқ манзарани Пошшахон узоқдан кузатиб турган эди. Ҳабиб у томонга бир қараб қўйди-да, ичида сўкиб қўйди. Пошшахон ўтирган жойида «бопладимми?» дегандек бўларди. Ичи куйиб, ғазаб алангасида ёнаётган Нигорага бу келишган нотаниш жувоннинг қилиқлари Ҳабибнинг у билан қачонлардир ошиқ-маъшуқ бўлганларини англатар, бу ҳолат эса Нигоранинг кўзига дунёни қоронғи қилиб юборди. Ҳабибнинг иккиюзламачи шахс экани, гаплари ёлғон, нокас бир кимса экани маълум бўлиб қолди. Йигирма беш ёшгача шундай юрмаганини, эҳтимол, қанча жувонлар ошиқ-маъшуқ ўйлаб, бир лаҳзада юрагида унга нисбатан нафрат пайдо бўлди.

Цирк биносидан ташқарига чиқишгач, Нигора бу ерда қатор турган машиналар орасида 10 ТНА, кумуш рангли «Волга» машинани таниб, Ҳабибга «хайр» ишорасини қилди.

– Сизга нима бўлди? – деди Ҳабиб Нигоранинг йўлини тўсиб. – У… ўртоғимнинг синглиси. Баъзилар шунақа! Ғаши келганидан шундай пасткашлик қилди. Тарбияли инсон бўлса, шундай қилармиди? Менинг гуноҳим йўқ, унинг иғвосига ишонманг!

– Хайр! – деди Нигора алам ичида Ҳабибнинг юзига бир қараб. Кейин индамай машина томон юрди, Ҳабибнинг иккинчи, учинчи бор ялиниб, илтимос қилганига ҳам қарамай, машина эшигини очди-да, кириб, яна қарс этиб ёпди. Машина ғизиллаганча жўнади.

Ҳабиб боягина Нигорани кутиб олган бу зинапоялар устида ғазаб алангасида ёниб, тошга айланган одамдай лол қотди.

Эндиги ҳикоя гарчанд икки ёш муҳаббатига алоқасиздек кўрингани билан воқеалар ривожи-ю, келгуси ишларда номлари зикр этилмиш кимсалар қисматида муҳим ҳужжат сифатида касб этади.

1
...
...
10