Читать книгу «Илон ўчи» онлайн полностью📖 — Мирмухсин Мирсаидов — MyBook.
image

Тўртинчи ҳикоя
ВИСОЛ

Кутилмаганда юрак хирургияси клиникаси, тўртинчи қаватдаги телефон жиринглаб, бир қиз ҳамширадан ассистентини чақириб беришини илтимос қилди. Ҳамшира аёл ишини ташлаб, бориб, хонадан Ҳабибга буни айтди. У ассистент йигитни кўп ҳурмат қиларди. Ҳабиб профессор сезмасин деб атайин мана шу узоқроқ телефон номерини Нигорага берган эди.

– Лаббай?

– Бу, мен… Эшитяпсизми?

– Ҳа. Салом алайкум!

– Салом! – деди Нигора кайфичоғлик билан. – Ҳофизнинг ғазалини топдингизми? Гўзалнинг бир холига Самарқанд билан Бухорони бериб юборган шеърини?

– Топдим. У тожик тилида…

– Сиз тушунасизми?

– Албатта. Тожик тили ҳам она тилимиз. Навоий билган, ғоятда ҳурмат қилган. Чунки қадим бизнинг мутафаккирларимиз туркий форс-тожик арабий сўзлашган. Китоблар ҳам шундай, ўзимизнинг Навоий ҳам, Айний ҳам икки тилда ижод қилган. Эски зиёлиларимизнинг ҳаммаси тожик тилини биларди, умуман, ҳаммамиз билишимиз керак!

– Шу ғазални менга бераман деб ваъда қилган эдингиз?

– Ҳа. Албатта!

– Бизникига келинг. Мумкин бўлса, марҳамат…

– Қандоқ бўларкин? Майли, сиз эшикка чиқиб туринг, мен машинада бориб, китобни ташлаб ўтаман.

Шу пайтда Нигорага Ҳофиз Шерозий ғазали зарур бўлиб қолгани Ҳабибни таажжубга солди. Ғазал унинг лаб остидаги чиройли холига бағишлангандай ўқишга ошиқарди. Орадаги олти юз йиллик фурсат ўтган бўлса-да, Нигора учун ғазал кеча ёзилгандай туюлган эди. Яхши ҳамки, операция тугаб, ичкари хонада у профессор билан гаплашиб ўтирган эди. Операция муваффақиятли тугаса, профессор ўз ассистентлари, врачлар ва ҳатто тез-тез чой дамлаб берадиган ҳамшира аёл билан суҳбатлашар, баъзан мутлақо жарроҳликка алоқаси йўқ мавзулар – бозордаги нарху наво, маҳаллаларда бўлаётган воқеалар уни жуда қизиқтирарди. Бугун улар бир аёлни операция қилишди. У машҳур бир кинооператорнинг хотини эди. Бу киночи Осиё, Африка ва Лотин Америкаси қитъаларининг кинофестивали вақтида, санъат арбоблари ичида профессор хусусида ҳам ҳужжатли кинофильм қилган эди. Бу анжуманда республика топшириғига биноан бир неча машҳур врачлар кутиб олиб, мулоқотда бўлиб, улар санъат, адабиёт, врачлар ҳамда Тошкент ва Самарқанддаги тарихий ёдгорликлар билан танишишди. Меҳмонлар халқимизнинг таниқли профессори билан ҳам дилдан суҳбат қурдилар. Улар билан мулоқот вақтлари тасвири кинотасмаларга муҳрланди; лекин аллақандай бир «қайчи» тасмаларни қирқди, кейинчалик ойнаи жаҳонда профессор кўринмади. Аммо каттанинг уруғларидан бўлмиш бир нўноқ шоир тез-тез намойиш қилиниб келаверди. «Ўша «қайчи» бизларни қирқиб келмоқда, – деди профессор. – Ўн кишилик зиёфатни ҳам давлат ҳисобидан қиладиган бу ноинсоф киноларда ҳам ташвиқ қилинмоқда. Лекин биз йигирмадан ортиқ меҳмонни давлат топшириғига кўра, уйимизда меҳмон қилдик. Биров бир тийин бергани йўқ. Бу, ҳақ гап! Лекин нега биз медиклар тасвиримиз тушган ленталар қирқилади? Бизларнинг бурнимиз қийшиқ эмас-ку! Шундан уялишдимикан? Ёки бизлар бўзрайиб турганимиз йўқ. Бизларнинг юзимиздаги нур, меҳнатимиз салмоғи остида у шуҳратпарастлар қолиб кетиш хавфи бор эди. Ана шунинг учун ҳам улар ўз қўлларига «қайчи» олдилар ва ўз шуҳратларини ошириш борасида «жанг»га тушдилар.

Лекин, барибир, бир кун келиб меҳнат қилмаганларнинг ҳолига вой бўлади! Бир ўғридек унутиладилар. Меҳнат қилган талант эгалари албатта юзага чиқади! Албатта!»

Профессорнинг шундай тажанг пайтлари кўп бўларди. У ҳозирги бўлаётган кўп нарсаларга мункир, айниқса, порахўрлигу маҳаллийчилик уни қаттиқ диққат қиларди. «Онангни қози ҳақорат қилса, қайга борасан додлаб!..» дерди у.

Ҳабиб телефонда гаплашиб бўлгач, профессорнинг ёнига кириб, уйдан телефон бўлганини, рухсат беришини сўради. Кейин ўз кабинетига кириб, стол тортмасидан Ҳофиз Шерозий китобини олди. Шоша-пиша кийиниб, кўчага чиқди. Катта асфальт йўлда туриб, ўткинчи машиналарга қўл кўтарди. Ўн-ўн беш дақиқалардан сўнг, бўш келган бир машина Ҳабибни олди. У Чилонзордан Навоий кўчасига учди, Ўрдадан ўнгга қайрилиб, янги тушган коттежларга, тор йўлга бурилди. Китобни бераман-у, кейин шу машина билан яна орқамга қайтаман, деган режа тузганди. У бориб, қўнғироқни босгач, ичкарида турган Нигора эшикни очди.

– Марҳамат, бу ёққа киринг!

– Мана ўша китоб, – деди Ҳабиб қўл узатиб.

– Ичкарига! Эшикдан кўришмайдилар.

– Мени машина кутиб турибди.

– Жавоб бериб юборинг!

– Ойингизлардан уяламан.

– Уяладиган киши йўқ. Уйда ҳеч ким йўқ. Беш дақиқага киринг!

– Ҳозир! – Ҳабиб югуриб бориб, машина эгасига пул бериб, жўнатди, Нигоранинг ёнига қайтиб келди. – Қандоқ бўларкин кириш.

– Қўрқманг. Мен ўзим таклиф қиляпман. Нима, бу тўғри келмайдими?

Ҳабиб ичкарига қадам қўйди. Плашини ечиб, катта хонага кирди. Нигоранинг таклифига кўра аввал қизил духоба диванга ўтирди.

Нигора дарҳол дастурхон тузаб, ноз-неъматлар олиб келди. Чиройли пиёлада меҳмонга чой узатди.

– Афанди айтиб беринг, демайман, юрагингиз гуп-гуп уриб турибди. Ёдингизга ҳеч нарса келмайди. Бундан ташқари кўнглингизга ҳар нарсани олманг, зўрлаб уйга олиб кирганимга ҳайрон бўлманг. Ўзбеклар эшикка ҳурмат қилиб келган кишини шу ернинг ўзидан жўнатмайдилар. Адамлар шундай ўргатганлар. Адамларга бувамлар шундай таълим берган эканлар. Мана бу китоб учун ҳам ташаккур! Лекин шу ғазални ўқиб, менга таржима қилиб, тушунтирсангиз, миннатдор бўлардим.

Ҳабиб Нигоранинг лаби остидаги холига тикилди. Нигора уялиб, ерга қаради, ўз гўзаллигидан мамнун ва айни вақтда жамолида хижолатлик аломатлари зоҳир бўлди, кулимсиради, ўйламсиради – гапиролмади. Ҳабиб китобни очиб, саҳифага кўз ташлади.

 
«Агар он турки Шерозий ба даст ород дили моро,
Ба холи ҳиндуяш бахшам Самарқанду Бухоро».
 

Мазмуни шундай:

 
«Агар кўнглимни шод этса ўшал Шероз жонони,
Қаро холига бахш этгум Самарқанду Бухорони»… 1
 

Бу ғазал учун Ҳофиз Шерозийнинг боши кетай деган.

– Нечун? – Нигора Ҳабибга ялт этиб боқди.

– Хуросону Мовароуннаҳр султони Амир Темур ривоятларга кўра, Ҳофизни ўз ҳузурига чорлаган, шоирга дебдики, «Сен менинг икки буюк шаҳримни қандай қилиб Шероз гўзалининг бир қаро холига бериб юборар экансан?!» Шу асно Ҳофиз айтмишки, «Эй, саркарда, агар Самарқанд билан Бухорони беролмасам, улуғ султон, ўз жонимни беришга тайёрман», дебди. Бу жавобдан кейин Амир Темур шоирнинг гуноҳидан ўтган экан.

– Ўҳ-ҳў, – деди Нигора, – шоирлар қалби шундай сахий бўладими?

– Ҳа, шоирлар қалби сахий. Лекин бизнинг шўримиз қурсин! Бизлар шу юракка тиғ урамиз, қонга белаймиз, бирининг ўрнига бошқасини ҳам қўяётирмиз. Бу юрак сахийми, носахийми, инсонийми ёки қаттолми, билмаймиз. Жарроҳлик юракни операция қилиб, хасталикни тузатишга қодир, аммо қабиҳ юракни пок юрак қилолмайди. Дарҳақиқат, бунинг учун на Ҳофиз Шерозий ва на Алишер Навоийлар керак, юрак дунёсининг алломалари улар. Инсон гўзаллигига, бизлар баъзан сезмайдиган бир кичик холга ўша вақтда Самарқанд билан Бухорони бериб юборган шоир дили – бу илоҳий. Немис шоири Вольфганг Гёте Шарқ шеъриятига мафтун бўлган, айни вақтда Ҳофиз Шерозийни улуғ устозим деган, ундан ўрганиб, Шарқона ғазаллар ёзган. Кўп гапириб юбордим.

– Йўқ-йўқ, Ҳабиб ака, гапиринг! Жуда эшитгим келяпти. Мен Ҳофизни билмайман, «Мовароуннаҳр» сўзини ҳам. Амир Темур – император ҳақида ҳам кам эшитганман. Навоийни қисман… Мактабда бизнинг тарихимиз деярли ўргатилмайди, ачинасан, киши! Нега бунақа? Адамлар ҳам кам гапирадилар. Амир Темурни фақат қонхўр, жаллод, дейдилар холос. Шундай катта империя тузган, илм ва фан, астрономия, математика, архитектура, адабиёт ривожланган бир даврни менсимаслик, атайин йўққа чиқариш, қоралаш тўғрими?!

– «Империя» эмас, салтанат…

– Ҳа, шундайдир.

– «Бировни қарғаб, ҳеч қачон ўзинг олқиш ололмайсан», деган Ҳофиз Шерозийнинг замондоши Шайх Саъдий. Амир Темурни қонхўр, ваҳший деганлар халқ ичида обрў тополмайди. Тарих лаънатлайди уларни!

Кўп нарсани билар экансиз, сизга ҳавасим келади.

– Сиз ҳам менинг ёшимга етгунча кўп нарсаларни биласиз.

– Тўрт йилнинг ичида денг? – Нигора эркаланди. – Сиз ўргатасиз менга. Ваъда берасизми?

– Ваъда бераман! Жоним билан ваъда бераман! Чин юракдан сўз бераман! Агар сиз менга шунчалик ишонсангиз, наинки Самарқанду Бухорони, мен сизга бутун Тошкентни ҳам, жонимни ҳам қўшиб берардим…

– Ха-ха-ха-ха…

– Келишдикми?

– Келишдик.

Ҳабиб дарҳол китобни варақлаб, ўша ғазални охиригача Нигорага мисрама-мисра таржима қилиб бера бошлади.

– Овқат олиб келайми? Иссиқ ош бор, озгина сабр қилинг, олиб келаман.

– Йўқ. Бошқа вақтда.

– Афанди айтиб беролмайсизми? – Нигора атайин Ҳабибга икки иш буюрди.

– Қайси бирини? Таржима қилайми, Афанди айтайми? – у қўрқув ичида шошиб, дам-бадам эшикка қараб қўярди. Жасорат кўрсатаётган бу эрка қиз ишнинг пачавасини чиқариб қўймасмикан, дерди ўзига ўзи.

– Айтинг!

– Арабчада совуқ ош нима дейилади, деб Афандидан сўрашибди. Араблар ҳеч қачон ошни совитиб ўтирмайдилар, иссиғида еб қўя қоладилар, деб жавоб берибди Афанди.

– Ха-ха-ха-ха-а! Беш! Энди таржимани бошланг!

Нигора Ҳабибнинг елкасига қўлини қўйиб турарди.

«Таржимон» шундоқ ёнида шод, кулимсираб турган Нигоранинг лабларига тикилиб, қараб қўярди. Қиз ҳам ўзида бир эрку жасорат сезиб, Ҳабибга яқин ўтирарди. У таржима этаётганда шеър маъносидан кўра Ҳабибнинг юзларига кўпроқ маҳлиё бўлиб тингларди. Қандайдир бир мисрани таржима этолмай қийналди. Нигора кулди. Ҳабиб ҳам унга тикилиб, қизнинг қўлларидан ушлади. Қиз қаршилик кўрсатмай, сапчиб туриб кетмай мойиллик кўрсатаётганини сезган Ҳабибдан ақл кетди, у Нигорани қучоқлаб, бағрига босди ва лабларидан ўпди. Ҳабиб титрарди… Гап-сўз йўқ, у яна Нигорани қучиб, чанқоқ одамдай лабларидан ўпарди.

Шу лаҳза телефон жиринглаб қолди, Нигора Ҳабибнинг қучоғидан отилиб чиқиб, телефон гўшагини кўтарди.

– Алло. Ҳа, менман ойижон. Севара ҳали келгани йўқ. Бўпти… – деди гўшакни қўйиб.

У яна Ҳабибнинг ёнига келди.

– Ҳозир келадиларми, аянгизларми? – Ҳабиб энтикиб сўради.

– Ҳозир эмас, бирпасдан кейин…

– Мен кетай.

– Йўқ, бизникида қоласиз, – деди вужуди мумдай эриган Нигора Ҳабибга ҳазил қилиб.

Улар ортиқча гаплашишмади, гап йўқ. Афандилар ҳам йўқ… Муҳаббатнинг сирли оғушида икки қалб бир-бирини топгандай ҳаётдан ғоятда мамнун эдилар. Ҳабибга коридорда плашини кийдириб юбораётган Нигора ҳам бахтидан сармаст эди. Қўрқув йўқолиб, жасорат пайдо бўлди. Эшикка чиққан Ҳабиб Нигорага қўли билан хайр ишорасини қилиб, катта йўлга тушиб кетди.

Ҳабиб борар, дунёда ундан бахтиёр инсон йўқ. Унинг кўз олдида Нигора дунёдаги энг севикли қиз, доно ва гўзал Нигора! У бахтини топди, шунчаки гаплашиб, вақт ўтказиб, бир-бирини алдаб юришлар йўқ энди, турмуш қуриш ҳақида бемалол ўйлайверса бўлади. Онаси, қариндошлари билан гаплашиб, тўйга тайёргарлик кўриш, онасининг одат бўйича совчи бўлиб бориши кераклиги ва ҳоказолар ҳақида ўйлашга қатъий ишонч бор. Қизнинг мойиллиги, бугунги воқеа «мен сенга тегаман, сен менга ёқасан…» деган гапнинг ўзи. «Агар киши чиндан севса мана шундай бўлади», деди Ҳабиб ўзига ўзи. Агар уялиб, ҳар нарсаларни ўйлаб, қизни ўпмаганда, бағрига босмаганда, ҳозир жуда афсус қиларди. Ҳеч қачон сўраб ўпмайдилар, сўраб қучоқламайдилар. Бу инсон вужудидаги таърифга сиғмас илоҳий бир жараёндирки, кимда ким икки тан ёниб турганда ўзини ақлли гаплар билан банд этиб, тартибпарвар бўлиб, хўмрайиб турар экан, бу важоҳат ҳеч кимга ёқмайди. Худога ҳам ёқмайди! «Инсон бахт топсин, ўзидан кўпайсин, деб уни иккига бўлиб яратган – бири эркак, бири аёл», деди ичида ассистент Ҳабиб, асли материалист бўлса ҳам баъзан беихтиёр туйғуларига эрк бериб.

Ҳабиб ҳеч қачон уйга бугунгидек хурсанд қайтмаган. Унинг хурсандчилиги нима боисдан эканини билмаган ҳолда, оиладаги барчанинг ҳам чиройи очилиб, хурсанд бўлиб кетишди. Айниқса, онаизор…

Орадан бир ҳафта ўтгач, Ҳабиб Нигорага телефон қилди, лекин бугун шанба, Нигора ўқишда эканлиги эсига тушиб, дарҳол гўшакни қўйди. Ётиб китоб ўқиди, миясига ҳеч вақо кирмади.

Тўй қилиш, уйланиш керак!

Эртасига у яна Нигораларнинг уйига сим қоқди, гўшакни Нигоранинг ўзи кўтарди.

1
...
...
10