Читать книгу «Илон ўчи» онлайн полностью📖 — Мирмухсин Мирсаидов — MyBook.
image


 






– Рассом Абдувалиевлар, рассом Аҳмедов ва Аҳмаровлар жуда зўр! – деди Нигора эркаланиб. – Лекин мени сиз, ассистент Ҳабиб кўпроқ қизиқтирасиз. Ўзингиз ҳақингизда озгина гапириб беринг. Илтимос!

– Хўп, гапириб бераман. Ассистент эканимни билибсиз. Кўкрак жарроҳлиги институтида ишлайман. Бўйдоқман. Раҳбаримиз академик Воҳидов, профессор Ғуломов, ёшим 25 да, вассалом!

Нигора кулимсираб, ерга қаради.

– Бўйдоқман, бўйдоқлик ҳам жонимга тегди, – деди яна Ҳабиб. – Агар институтимиз партташкилотидан характеристика олиб келинг, десангиз, олиб келаман, ишчан ва ахлоқан пок, деб берадилар, албатта. Ишонаверинг, Нигорахон; «анъанавий» саволлар: севгингизга муносиб бўлиш учун қаҳрамонлик кўрсатиш, муҳаббат изҳор қилишлар ва ҳоказолар, булар бари романларда ёзилади. Агар сизнинг эътиборингизни қозониш учун қанақадир жасорат кўрсатиш керак бўлса, вақт керак – кўрсатармиз. Гап шундаки, сиз менга ёқиб қолдингиз. Сизни севиб қолганга ўхшайман. Менга турмушга чиқинг. Ота-онангизга буни айтинг, майли, суриштиришсин. Менинг бахтим фақат сиз билан бирга эканини сезяпман. Ойимлар совчи бўлиб бормоқчилар. Мана, юрагимдаги ҳамма бор гап шу. Мен реалистман, умуман, ёмон одам эмасман. Насриддин Афанди ёшлигида чучварани яхши кўрар экан, ҳар гал қайноқ чучварани оғзига солганида кўзидан ёш чиқиб кетаверибди. «Ўғлим, чучвара қочиб кетмайди, сабр қилинг», дебди отаси. «Сабр қилсам, оч қоламан, отажон», деган экан Насриддин Афанди.

– Ха-ха-ха-ха! Яна айтинг! – Нигора кулгидан ўзини тўхтатиб, Ҳабибга қаради. – Сиз Афанди айтишга устамисиз ёки атайин мен учун топиб келдингизми?

– У ҳам, бу ҳам. «Қандай яхшисан, хотинжон, – дебди бир куни Афанди тўшакда ётган ўз хотинига. – Худо сени яратмаганда нима қилардим?» «Худо худди мендақадан иккитасини яратганда нима қилардингиз?» дебди хотини. «Икковини ҳам олардим», дебди Насриддин Афанди. Хотини афандининг юзига бир шапалоқ урибди.

– Энди ўзингиз ҳақингизда гапириб беринг, – Нигора жилмайди.

– Илмий иш олганман. Келаси йилларга ҳимояга тайёргарлик кўрамиз, – деди Ҳабиб. Сўнг тўхтаб, Нигорага тикилди. Нигора кулимсирар, Ҳабибнинг гапига жавоб қилишни хаёлига ҳам келтирмасди. Девордаги катта суратга беихтиёр тикилишди, бу «Чўмилаётган гўзал» эди. Ўртага жимлик тушди. Бир лаҳзадан сўнг Нигора яна Ҳабибга мурожаат этди:

– Яна ўзингиз ҳақингизда гапириб беринг, кенгроқ билишни истайман.

Ҳабиб кулди, у Нигоранинг қўлидан ушлади. Қизнинг вужуди жимирлашиб кетди, у қўлини тортиб олишга уринди. Қип-қизариб ерга қаради.

– Бўлди, савол бериб, сизни қийнамайман! Кеча адамлар Москвадан келдилар, ишлар яна катта бўлар экан, Сибирия дарёлари Иртиш ва Енисей сувларини Шимолий Қозоғистон ва Ўрта Осиё ерларига олиб келиш, Орол денгизига қуйиш мўлжалланаётган эмиш. Плани тасдиқланиш арафасида экан. БАМга қанча пул кетган бўлса, бу қурилишга ҳам шунча кетармиш. Ҳали қанча қаҳрамонлар чиқади, мукофотлашлар бўлади. Ўзбекистон олти миллион тоннадан ортиқ пахта етказиб берар эмиш. Адамлар ярим кечагача Москвада бўлган гапларни айтиб бердилар. Республикамиз Иттифоқда биринчи даражага кўтарилай деб қолибди…

Музейдан чиқишгач, ошинг ҳалол бўлса, кўчада ич, дегандай Ҳабиб Нигорани уйигача кузатиб қўйди. Кўча четида ёнма-ён бемалол гаплашиб боришдан Нигора ҳам чўчимади. Пастқамроқ кўчалардан юришлари ҳам мумкин эди, буни икковлари ўзларига эп кўришмади.

Маҳаллага киришда, катта кўчада, иттифоқо, одамлар оломони устида банорас паранжи ёпилган тобут келаётганига кўзлари тушди. Ҳабиб Нигорани бироз йўл четида кутиб туришни илтимос қилди-да, югурганча тобут томонга борди, одамларни ёриб, туртиниб, тобутга яқинлашди. Анча жойгача навбат кутиб юриб, кейин тобутни елкасига олиб, анча жойгача кўтариб борди. Бошқалар сурилиб келиб, унинг елкаси ўрнига елка тутишгач, Ҳабиб сирғалиб, оломон ичидан чеккага чиқди. «Жойингиз жаннатда бўлсин…» деб пичирлаб, дуо ўқиди. Шундан сўнг, орқада, йўл четида қолиб кетган Нигора томон юриб келди.

Ўн беш дақиқадан мўлроқ тоқати тоқ бўлиб кутиб турган Нигора ҳайрон.

– Ким вафот этибди? – сўради Нигора.

– Билмайман… Кекса бир онахон вафот этганга ўхшайди…

– Танийсизми?

– Йўқ.

– Танимаган одамга ҳам борадими?

– Ҳа.

– Қизиқ-ку!

– Чунки бу марҳума юртдошимиз… Таниш-танишмаслигимнинг аҳамияти йўқ.

– Мен сизни оз-моз биляпман, сизни ўрганяпман… – деди Нигора Ҳабибнинг кўзларига тикилиб… – Инсон қалби жуда мураккаб, ўтган сафар жарроҳлар қалб хасталигини даволаши мумкин, аммо ёмон қалбни яхши қилишга ожиз, деган эдингиз. Қалбингизни билаётирман.

* * *

Нигора Ҳабиб билан хайрлашиб, уйга кириб келгач, бу учрашувнинг жуда кўнгилдагидек бўлганини хаёлидан ўтказди. Негадир бу йигитнинг ўй-хаёллари, фикри, бир сўз билан айтганда, дунёқараши севикли профессори Мавлонзодага жуда ўхшаб кетарди. Профессор ўзининг мазмунли маърузалари билан талабалари ичида ғоятда машҳур, эллик ёшлардан ошган бу олим баъзан анатомия қолиб, миллий онг ва миллий фазилатлар, инсонийлик ҳақида гапириб кетарди, ўқув дастурида йўқ бу гаплар талабаларга ёққанда қандоқ! Отаси зиёли киши бўлгани, у қадим Бухорода профессор Фитрат билан таниш экани, бир кун келиб Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитратлар тупроқдан бош кўтариб чиқажакларини аниқ ишонч билан гапирарди. Профессор Мавлонзода Нигоранинг адаси билан ҳам таниш, тўғрироғи, бу машҳур профессорни Жамшидбек Зулфиқоров яхши биларди, Ўзбекистонда Қори-Ниёзий, Ҳабиб Абдуллаев, Яҳё Ғуломовлардан кейин ўнта атоқли профессорлар бўлса, улар ичида Мавлонзода ҳам бор, дерди адаси. Унинг дарс соатларида аудиторияга талабалар тўлиб кетар, баъзан бир неча «оқим»лар бирлаштирилиб, бир томони баланд, қия қурилган катта залда маъруза ўқирди. Дарсдан сўнг талабалар ўртасида унинг баъзи сўзлари оғиздан оғизга кўчар, мутолаа қилинарди, ҳозир буларнинг бари Нигоранинг кўз олдига келди. Профессорни эслаш Ҳабибнинг обрўсини яна ҳам оширди – негадир уларнинг дунёқараши жуда яқин. Профессор қаҳратон қишда ҳафтада икки-уч бор Ўрдага бориб, анҳорда чўмилар, у «моржлар жамияти»нинг аъзоси ҳам эди. Одамлар енгил машинада юрса, у баъзан ҳеч ким қилмайдиган қилиқни қилиб – велосипед миниб институтга келарди. Ҳабибда ҳам шунга ўхшаш одатлар бор, велосипедни яхши кўришини, баъзан минишини айтган эди: хитойлар, вьетнамликлар бекорга велосипед минишмайди, бунда ҳикмат кўп, дерди Ҳабиб. Профессор Мавлонзоданинг спорт билан шуғулланишини ҳам талабалар яхши билишарди – улар билмайдиган сир-у асрор йўқ дунёда. Профессорнинг соғлом бўлиш, узоқ яшаш учун тинимсиз бадантарбия билан машғул бўлиш лозимлиги, ўзи бунга қаттиқ риоя қилишини ҳам билишарди. Севикли профессорлари юзга кириши, бу забардаст, соғлом одам жуда узоқ яшаса керак, дейишарди. Яхши одамлар узоқ яшайверсин, дерди Нигора бувисидан ўрганган гапни баъзан такрорлаб.

Нигора қалин дафтарини варақлаб, профессорнинг маърузаларидан ёзиб олган баъзи фикрларга кўз ташларди: «Ижодкорки, ўзини тинимсиз телевизорга – ойнаи жаҳонга уравердими, бу унинг ижоддан тўхтаганидан далолатдир. Бу ўз юзини кўрсатиш, ўзлигини таманно этишга жон-жаҳдлари билан киришиш – қуриб-қовжираш талвасаси. Йўқлик аламини бор деб кўрсатишга уринишдир. Кал тароққа ўч бўлгандай…»

«Киши ҳар қанча зако бўлмасин, алломаю номдор, мансаб-у баобрў бўлмасин, барибир халққа мурожаат этади, чунки ўша алломаларни халқ беради. Халқ заковатига чегара йўқ, фарзандларга илм бераётган домлаларни ҳам халқ беради. Анъаналаримиз, одатларимиз хусусида отахонлардан, кўпни кўрган оқсоқоллардан ошириб бир сўз айтишга ожизмиз».

«Аммо ҳозирги кунимиз шарофати билан тикланган, қардошлик ила бирлаштирадиган урф-одат, анъаналаримиз тиклангани, «Наврўз», «Хотира куни» – катта воқеа бўлди». «Ялпиош – яхши». «Тўйни мажлисга айлантирмаслик керак, тўйда «доклад» қилиб юборадиган, одамни қилт этмай, овқат едирмайдиган, узундан узоқ сўзлайдиган косагуллар жонга тегди». Тўйда адоват, ҳасадгўйлик бўлмаслиги, ортиқча исрофгарчиликлар ҳақида оқсоқоллар кўп гапирди. Кишилар тўйга фақат егани келмайдилар, мулоқот, суҳбатлашиш, куй тинглаш, рақс ҳам керак, азизлар!

«Ровоч сайли», «Қовун сайли» ҳам керак.

«Жанозада кўчадан ўтиб кетаётган ҳайдовчилар машинасини ҳам тўхтатиб, ҳамюрти тобутини кўтариши – олижаноб фазилат. Қабристонга бориб, ота-онаси қабрига гул қўйиш, гул экиш, тозалаш бу – инсонийликнинг гўзал намуналаридан бири. Агар бундай фазилатдан маҳрум инсон бўлса, унинг ҳайвондан фарқи қолмайди…»

«Хоразмию Сино давридан қолган дуторни қайта ишлаб, қовоққа ўхшатиб, овозини бузиб қўйдик. Минг йиллар давомида шаклланган Наврўз сумалакни бузиб, атала қилиб қўймаслик учун ҳадеб асрий урф-одатларимизга ислоҳ кирита бериш ҳам яхши эмас!»

«Жанозада ҳамма қатнашиши керак, халқдан ажралиб туриш тўғри эмас! Ота-она қазосида фарзандни таъқибга олиш, сен жанозада иштирок этсанг, мансабингдан кетасан, демак, иғвогар шахслар таъқиби – бу жуда ёмон нарса… Киши қалбини таҳқирламаслик керак».

Баъзан адасининг гаплари ҳам профессорнинг фикрларига яқин келарди, демак, миллат уйғонмоқда… Баъзан Нигоранинг кўз олдида қинғир-қийшиқ кийимлар, жазу «ча-ча-ча»…лар ғойиб бўлиб, миллий халқ рақси паҳлавонларники каби қад кўтаргандай бўлмоқда…

Нигора ўйланиб қолди, демак, дўппи кийиб юрадиган, овқатдан сўнг албатта фотиҳа ўқийдиган ҳайдовчи йигит чин ўзбек. Ҳабиб ҳам баъзан ўз ота-боболари удумига мойиллик кўрсатади.

Баъзан онаси, адасини таъқибга оларди, бу Нигорага мутлақо ёқмасди, рашк ёмон нарса! Агар миллий маданиятим деб, кишилар мана бу ёмон иллатдан холи бўлмасалар, бу жуда ёмон! Бошқа халқлар маданиятини, яхши урф-одатларини инкор этиш, бу ўта ноинсофлик-да, мутлақо кечириб бўлмайди!

Ойнаи жаҳонда кўрсатилган концертларда машҳур раққосаларнинг чиқиши кейинги кунларда Жамшидбек Зулфиқоровнинг юрагини ўйнатар, Маҳбубахон уларнинг биридан эрини ғоятда қизғанарди. Шўрлик Жамшидбекнинг мутлақо алоқаси бўлмаса ҳам, қачонлардир бир анжуманда раққосанинг санъати ҳақида тўлқинланиб гапирган эди. Ўшанда Маҳбубахонга эрининг ҳаяжони ёқмаган. Хотинининг юрагидаги ҳасад бора-бора рашкка айланди. Бу ҳолдан фаромуш Жамшидбек Зулфиқоров раққосанинг маҳорати шайдоси бўлиб, уни тез-тез тилга олар, у телевидениега чиққан куни гўё тўй бўларди. Аммо зимдан кузатиб юрган Маҳбубахон кунлардан бир кун, концертда ниҳоятда чиройли рақсга тушаётган ўша санъаткор сабаб бўлиб, эри билан қаттиқ жанжаллашди, тарелкалар синди, беибо сўзлар тилга олинди. «Ўша раққосаникига кета қолинг!» деган бақириғу нидолар хонани жунбишга келтирди.

– Бу жуда ортиқча бўлди, санъат ҳамма учун, лекин ёмон хаёлларга бориш одобдан эмас, – деди у хотинига тушунтириб.

Нигора кулди, Бобур таажжубланди, ёши катта одамларда ҳам рашку қизғаниш бўлар экан-да! Бунинг устига оталарининг ҳеч қачон бу масалада чуви чиқмаган, эҳтиёткор, ҳатто бу борада «тақводор» экани ҳам кўпларга маълум эди. Лекин раҳбарлик лавозимини эгаллаб турган бир кимсанинг ахлоқий нопоклиги халқ ичида кенг тарқалиб, гап-сўзларга сабабчи бўлган, кўп хонадонларда ёш жувонлар ўз эрларига ишончсизлик феълини мавжуд этган.

Жамшидбек Зулфиқоров ишлаб чарчамас эди-ю, аммо вафодор хотинининг бемаъни рашки тинкасини қуритар, шу бечорага ҳам худо озгина ақл бера қолса бўлмасмиди, деб ранжирди. Хўжалар зотидан бўлган уруғидаги бир хотиннинг оилада тинимсиз қирғинбарот қилишини эшитган эди. Ўша хотинни эсласа, юраги шиғиллаб кетиб, хотинининг асоссиз қизғанишларини унутарди.

Тинимсиз асаб бузилишлари саломатликка ҳам путур етказиши аниқ. У бадантарбия қилмоқчи бўлди, врачлар маслаҳати ҳам шундай эди. Нигоранинг дадаси профессор Мавлонзодага ўхшаб эрта билан кўчага чиқиб югуришни орзу қилди. Лекин мутлақо қўли тегмай, унисини ҳам, бунисини ҳам қилолмади. Эрталабки юз йигирма дақиқалик телевизион кўрсатувни соғинди, лекин ўша раққоса туфайли телевизор ёнига боришга юраги безилларди. Бир куни зерикиб ўтириб, жасорати қўзғаб телевизорни шилқ этиб ёқиб қўйган эди, худди ўша раққоса доиранинг серзавқ зарбига рақс тушаётган экан. Зулфиқоров ҳам хотинига, ҳам раққосага қараб қотиб қолди.

– Билармидингиз ҳозир чиқишини?

– Ўлай агар!

– Йўқ, сиз биласиз! Телевизорнинг катталари ҳам сизга тобе! Сиз билиб қўйдингиз ҳозир!

– Одамга ишониш керак! Бу – тасодиф!

Ҳарқалай, шу куни уй хуфтон бўлди. Эрта билан ўрнидан туриб, бадантарбия қилмоқчи, кўчада югуриб келмоқчи эди, бўлмади. У ўз каравотида тахта бўлиб ётди.

Аммо қувноқ, хушфеъл, рашку умидсизликлардан узоқ профессор Мавлонзода Нигоранинг «идеали» эди. Бу одам – жамият учун жуда керакли бу одам юзга киради, деб ўйларди.

Икки ота, яъни Жамшидбек адаси билан профессор Мавлонзода (муаллим ҳам отадек азиз кимсалар) тавсифи бу ёқда турсин, энди яна Нигора ва Ҳабиб муҳаббатини тавсифлаб қалам сурамиз.

1
...
...
10