Читать книгу «Илон ўчи» онлайн полностью📖 — Мирмухсин Мирсаидов — MyBook.

Учинчи ҳикоя
ЎН САККИЗ ЁШИНДАДУР

 
Ўн сакиз минг олам ошуби агар бошиндадур,
Не ажаб, чун сарвинозим ўн сакиз ёшиндадур.
Деса бўлғайки, яна ҳам ўн сакиз йил ҳусни бор,
Ўн сакиз ёшинда мунча фитнаким бошиндадур…
 
Мир Алишер Навоий

Ўша куни тўйдан чиққан Ҳабиб ошналари билан то уйга етиб боргунча «қошлари камон, сўзлари асал, кўзлари чўлпон…» ҳақида гаплашиб келишди. Хаёл билан бўлиб, катта кўчада ғизиллаб келаётган бир машинага этаги тегиб кетди. Нега бу қиз шунчалик диққатини жалб этди, ўзи ҳам билмасди – гапирганда дудоқларида бир кулги-ю табассум аломатлари зоҳир бўлади. Чап қалам қоши ўйнаб учгандек, у атайлаб бундай қилаётгани йўқ, албатта. Беихтиёр яноқларидаги икки кулдиргичи йигитлар диққатини тортиб олади. Ўзини нечоғли сипо ва эҳтиёт сақлашига қарамай, бўртиб чиққан кўкрак, хипчабел – етилиш, балоғат ёшидир, чунончи ғунчалар ҳам етилиб барг ёзади… Ҳа, ҳазрат Навоий ҳам беқиёсликни «…ўн сакиз ёшиндадур…» деганлар. Тим қора сочининг елкаларида ҳалқа бўлиб туриши, лаблардан учай-учай деб турган кулгининг ўзи тасвирга сиғмас. Бир кўришда шунчалар таассурот.

Ҳабиб ҳар куни кўпгина қизу жувонлар билан учрашади, унинг атрофида қанчалар хушбичим қизлар бор-ку! Аммо бу қизда бир сирли латофат киши диққатини тортмай иложи йўқ.

Йўлда, дўсти унинг ҳаяжонланганига ишорат этиб, сенинг феълингдаги мажнуннамолик муҳаббат домига илинтиради, деди. Мен бу масалада ботирман, оҳ-воҳ этиб, куйиб-ёнишларни ёқтирмайман! Мен бошқачаман, дерди дўсти Пати, «Худо яратган ноз-неъматлардан инсон четда қолмаслиги керак…» дерди яна ўша Пати ниҳоятда қўпол ўхшатиш билан.

– Сен жарроҳсан, гўшту кабоб емайсан, кўз олдингга инсон жисми келиб туради. Ўтин ёриб, кетмон чопмайсан, чунки қўлни эҳтиёт қилиш керак. Сенга қийин! Мен, азизим, бошқачароқман; кабоб ҳам ейман, кетмон ҳам чопаман, тикани кирса ҳам барибир гулларни узаман… – дерди кайфи ошган Пати пишиллаб.

Ҳабиб ошналари билан хайрлашиб, уйга кирди – онаизори ухламай кутиб ўтирган экан. Тўйнинг яхши ўтгани ҳақида икки оғиз гапириб, ўз хонасига кириб кетаётган эди, она тўхтатди.

– Ўғлим, тўйлар қандай яхши! Мен ҳам қариб қолдим, бир оёғим ерда… – демасданоқ онанинг айтмоқчи бўлган гапини фаҳмлаб, кулимсиради. Чунки бу гаплар деярли ҳар куни такрорланиб турарди.

– Гапингиз тўғри, ойи, менимча, энди тўйни тезлаштирамиз.

– Лазокатхон холангнинг қўрғонтагилик эгачисининг қизи бўйи етилибди. Ўқиган, ҳозир попоп артелида гулкўрпа, палак тикар эмиш. Таърифини зўр қилишди. Олти минг сўмлик венгер гарнитураси, ҳамма нарсаси муҳайё эмиш. Совчи бўлиб борайми?

– Ойижон, тушунасиз-ку, ўзим топаман. Топдим…

– Вой, ойнаниб кетай сендан. Қандай топдинг?

– Топдим-да.

– Қанақа қиз экан?

– Яхши.

– Вой, ойнаниб кетай ўшандан. Совчиликка борайми?

– Борасиз, албатта!

– Сен тенгилар икки-уч болали бўлди, ўқиш, илмий иш ўз йўлига, болам, лекин уйланиш ҳам керак, – кампир хурсанд бўлганидан ўғлини ўз саволлари билан қийнагиси келмай, гапни тўхтатди. – Ечиниб, дамингни ол. Ҳозир чой олиб кириб бераман.

– Илмий иш дея беринг, ойи, шу «қассоблик» ҳам жонимга тегди. Профессор билан уришиб қолдим… Ҳеч қачон жарроҳлардан давлат арбоби чиқмаган. Иш, иш, иш… Бизга ёмон қарайдилар… Бизлардан биронта депутат ҳам чиқмаган. Хаста бўлиб, оҳ деганларида бизлар раҳбарларимизнинг эсига тушамиз…

– Ундоқ дема, болам, касбинг жуда яхши.

Орадан бир неча кун ўтгач, Ҳабиб куннинг ўрталарида Нигораларнинг уйига телефон қилди. Ўша куниёқ ёддан кўтарилмасин, деб телефон номерини ён дафтарчасига – алфавитнинг «Н» саҳифасига ёзиб қўйган эди.

– Ҳа! Эшитаман? – дарҳол у томондан қизалоқнинг бийрон овози эшитилди.

– Салом, – деди Ҳабиб. Ва хаёлидан шу фикр ўтди. «Тўғридан тўғри Нигорахонни чақириб беринг» десамикан ёки…»

– Салом! Сизга ким керак?

– Нигорахон.

– Ҳозир чақираман. Гўшакни қўймай туринг, у балконда, – бийрон қизнинг узоқ кетмай: «Ника, гўшакни кўтар, ўша»… дегани шундоқ эшитилди. Муқобил телефон гўшагини кўтарган Нигоранинг синглисига: «Гўшакни қўйиб қўй!» деб дўқ ургани ҳам эшитилди. Мансабдорнинг хонадонларида телефон аппаратлари вангиллаб ишлашини Ҳабиб яхши биларди. Бу қизалоқ Нигоранинг қитмир синглиси бўлса керак, деб тахмин қилди у.

– Эшитаман!

– Салом-алайкум! Мен Ҳабибман, – унинг юраги гурс-гурс ура бошлади.

– Салом, Ҳабиб ака! Танидим, қалай, Насриддин Афандидан латифа топдингизми?

– Ҳа!

– Эшитамизми?

– Эшитамиз. Телефондами ёки учрашганда айтиб бераманми?

– Афанди латифасини телефонда айтиб бўладими? – Нигора эркаланиб кулди. – Бунинг устига, гўшакни кўтариб, эшитиб турадиган жосуслар бор! Севара! Гўшакни жойига қўй!

Сингил опани доимо таъқиб этарди, у шақ этиб гўшакни босди.

– Гапимни эшитяпсизми?

– Ҳа, эшитяпман.

– Марҳамат, эшитаман!

– Вақтингиз бўлса, учрашайлик. Илтимос…

– Хўп бўлади. Бугун кечқурун адамлар Москвадан келадилар, кутиб оламиз. Эртага учрашишимиз мумкин.

– Соат бирда Санъат музейи ёнида кутсам бўладими?

– Бўпти! Бўлади.

– Хайр, саломат бўлинг!

– Хайр!

Нигора очиқ кўнгиллиги, адасининг Москвадан келиши-ю, синглисининг қитмирлигигача яширмай, ҳозирданоқ яқин кишисидек муносабатда бўлаётгани Ҳабибни яна ҳам ўзига жалб эта бошлади. Ҳабиб кўринишдан сал-пал қовоғи солиқ, «илмийроқ» бола бўлгани билан аслида қувноқ, қисман муғамбир, кимдир, рақибларидан бири уни «худбин» деганича бор эди. Ҳозирги вақтда негадир худбинлик айб эмасдек бўлиб қолди. Тавба! Машинада юрадиган мансабдорларга ҳаваси келиб, шу ҳақда гапирганида уни илмий раҳбари – профессор жеркиб ташлаган. Шу калла билан жарроҳ бўлиб юрибсизми? Жарроҳлик мансабдорликка зид ҳунар, деган эди. Ҳабибнинг отаси анча йиллар аввал оламдан ўтган, онаси ва уч укаси билан қолишган. «Гул етим» бўлгани билан шу ёшигача анча қийинчиликларни кўрди, ўрта мактабни тамомлагандан кейин отасининг орзуси бўйича врач бўлишга интилди. Институтни тугаллаб, ҳозир кўкрак жарроҳлиги институтида, машҳур профессор қўлида ассистент бўлиб ишламоқда. Йигирма беш ёшга борганига қарамай, ҳалигача уйланмай юрганининг баъзи сабаблари ҳам бор; биринчидан, институтда чинакам ўқишнинг ўзи бўлмайди; лекциялардан ташқари қанча адабиёт, қанча елиб-югуришлар, маърузалар, операцияларда, кутубхоналарда бўлиш, касалхоналарга қатнаш, лабораториялар… Бунинг устига барча адабиётлар, манбалар рус тилида. Институтда ўқиб юрган чоғларида ҳам бир қизга ошиқ бўлган, ўйлаб нетгунча уни бошқа йигит илиб кетган. Ўйчи ўйини ўйлагунча, таваккалчи ишни битиради, дейдилар. Ўшанда қўлдан чиқариб юборган қиз катта даргоҳдан эканини айтган, Ҳабиб ич-ичидан куйган эди. Иккинчидан, уйида шароит ҳам йўқ, етишмовчиликлар қанча. Уй солмаган, том сувоқ қилмаган ўзбек йўқ! Ўзбекнинг қайси валломат профессори паркетли, батареяли, лифтли уйда туғилибди! Сомонли лой билан сувалган хоналарда яшаб, сандалу тунука печкада исиниб, ҳовлининг бир бурчагидаги ошхонага, яна бир бурчагидаги ҳожатхонага қатнаб катта бўлган. Зотилжам бўлиб тузалмаган бола йўқ. Оппоқ чинни тоғора – унитаз, жўмраклардан вижиллаб иссиқ ва совуқ сув тушадиган, сасийдиган лампаю шамлар йўқ чароғон электр қандилларни қайси профессор ёшлигида кўрибди? Қори Ниёзий кўрибдими? Жарроҳ академик Воҳидов кўрибдими? Ёки Берунию Сино кўрибдими? Улар шамчироқда «Бобурнома»ю «Илми ҳандаса»ни, «Ал-Қонун»ни яратишган, асрлардан асрларга ўтиб келувчи бинолар қуришган. Офарин уларга!

Ҳабиб баъзан хаёлга чўмарди. Хаёл бошқа, ҳаёт бошқа, дерди ўзига ўзи. Ҳарқалай, мана шу сабаблар ва қисман шўхлиги ҳам унинг уйланишига халақит бериб келарди. Ёшлигида бошқа болалар қатори, дарсдан ташқари вақтларида отаси, укаларига қарашарди, ғишт таширди, бели қайишиб, сомонли лойни пақирлаб томга олиб чиқиб берган. Беланги бўлиб, институтга аранг борган вақтлари ҳам бўлган.

Эртасига, соат йигирматакам бирда Ҳабиб Санъат музейи ёнига келди. У ниҳоятда ҳаяжонланарди. Иккита билет олиб, у ёқдан бу ёққа юриб турарди. Музей олдидаги ўриндиққа ўтирди. Қўлида янги газета. У бугун кўкрак чўнтакли, елкасида погони бор оқ кўйлагини, тахи бузилмаган шимини кийган эди.

Бирдан ўн дақиқача ўтганда бу ерга кумушранг ҳукумат аъзолари юрадиган рақамли машина келиб тўхтаб, қўлида портфелли Нигора машинадан тушди. Ҳайдовчи йигит машина ойнасидан тикилиб қараб туриб, Нигора таъкидлаган бўлса керак, тезда кетди. Қиз яқин танишдек Ҳабиб билан қўл беришиб омонлашди. Уларнинг икковлари ҳам ҳаяжонда, лекин буни сездирмасликка ҳаракат қилиб, ўзларини жуда ҳам босиқ тутишарди. Лекин Нигора қизариб, ҳаяжонини яширолмай, салом-аликдан кейиноқ институтдан тўғри бу ёққа келаётганини, бугун эрта билан троллейбус бекатида кўнгилсизлик содир бўлганини, бир дугонасининг қўлидаги олтин соатини шундоқ бекатда йўлтўсар безорилар қўлидан олиб қочганини қўрқув билан гапирди. Шу сабабли отаси кейинги кунларда ўз машинасини бериб тураётганини айтди.

– Чатоқ бўлибди, – деди Ҳабиб таассуф билдириб, – Насриддин Афанди ҳам бозорда кетаётган экан, бошидаги янги қалпоғини ўғри олиб қочибди. Афанди бўлса ўғри кетидан чопиб, қувлайди, десалар, у бамайлихотир бозордан чиқиб, тўппа-тўғри қабристонга бориб, дарвоза олдида ўтирган эмиш. Орқасидан эргашиб келган одамлар:

– Мулла Насриддин, қалпоғингизни ўғри у томонга олиб қочди-ю, сиз нега бу томонга келиб ўтирибсиз? – деб сўрашибди.

Афанди бўлса:

– Ўша ўғри барибир бир куни шу ерга келади, дермиш.

– Ха-ха-ха-ха!.. – бирдан кулиб юборди тўлқинланиб турган Нигора. – Қарзингиздан узилдингиз!

– Ҳамон шу ерга келдик, ҳамма вақт ҳувиллаб ётадиган музейга бир кирайлик? Бу музей ҳам Навоий театридек томошабинлардан холи. Кирайлик, савоб бўлади.

– Бечора театр, бечора музей… – деди Нигора Ҳабибга ялт этиб боқиб. – Нега бундай?

– Бир раққоса бор, фақат оврўпоча ўйнайди. Байналмилаллик яхши, ким байналмилалликка қарши чиқарди, лекин ҳар бир санъаткор аввало ўз халқи санъатини улуғлаши керак. Ҳиндларнинг Вийжантимала деган раққосаси ўз халқи рақсини жаҳонга олиб чиққан. София Ротаруни олинг. Зайнаб Хонларова Озарбайжон қўшиқларини дунёга ёйди. Ўзимизнинг мумтоз қўшиқчиларимиз ўзбек миллий қўшиқлари билан халққа чинакамига муножот қилаётгани қандай яхши! Тайёр ошга баковул менимча, чинакам санъаткорлик эмасдир. Шуҳратпарастлик ва масхарабозлик! Шу йўл билан кўп имкониятларга эга бўлаётган кимсаларни биламиз. Улар ўз она тилларида ҳам сўзлашмайдилар, ўзбек тили андилар, қаланғи-қасанғилар тили, дейдилар. Ўшаларни кўрсам, қоним қайнаб кетади!

– Ў-ў, сиз жуда резкий, кечирасиз, кескин гапирар экансиз, – деди оғзи очилиб, маҳлиё бўлиб қолган Нигора. – Бундай гапларни айтишга эҳтиёт бўлинг, миллатчи деб айб қўядиганлар топилиб қолади.

– Тушунаман. Бундай тавқи лаънат кўпларнинг бўйнига осилган. Менга танбеҳ беришингиз ҳам табиий, сиз, ҳукуматимиз катталаридан бирининг қизисиз. Гапимга хафа бўлманг.

– Йўқ, хафа бўлмайман. Мен кескин, ҳаққоний гапирадиганларни ёқтираман. Ланж одамни, манфаат йўлида ҳамма томонга эгиладиганларни жиним суймайди. Сиз декабристларга ўхшайсиз.

– Унчалик эмас. Лекин тилимизни занглатиб, истеъмолдан чиқараётганларни ёқтирмайман. Санъаткор ёки адибнинг Австралия қитъасида обрў олганининг аҳамияти йўқ. Уч пул! Биринчи галда ўз юртинг, ўз халқинг эъзозласин! Мукаррамахон миллий рақсни кўтарди, у ҳам дунёни кезди. Сен, эй, ниначига ўхшаган раққоса, сен нима қилдингки, ўзбек миллий санъати сенга тасанно айтсин! Мана бу гапни айтсанг, ўша «санъаткор» сенга сиёсий айб ташлаб, бўйнингга тавқи лаънатни илмоқчи бўлади, юқори ташкилотларга ёзади. Ўшаларга қарата, сен она тилингни, она санъатингни хор қилган кимса бошқа ҳеч бир халқ санъатига вафо қилмайсан, дегим келади!

– Ўҳ-ҳў! Мен сизнинг ҳамма гапингизга қўшилмайман, лекин ўз фикр-мулоҳазангиз борлиги, қатъийлигингизни маъқуллайман, – деди Нигора Ҳабиб билан ёнма-ён музей ичкарисига кириб кета туриб. – Ҳамма ўзбек ёшлари ҳам фикрлашда сизга ўхшаганмикан?

– Биз ўз-ўзимизни танияпмиз, – деди Ҳабиб, – узоқ йиллар давомида ўзлигимизни билмаслигимиз кимларгадир кераклиги энди маълум бўлиб қоляпти. Халқ уйғоняпти. Айниқса, ёшлар, талабалар барвақт уйғонмоқда. Бу жуда яхши.

Ҳабиб ва Нигора ёнма-ён ичкарига киришди. Кенг ва гўзал залларда айланиб, мармар зинапоялардан кўтарилишди. Уларнинг икковлари ҳам ҳамон ҳаяжон оғушида эдилар.

Қандайдир қувонч Ҳабибнинг юрагини қучган, одатдагидек унча гапиролмас, ўзидан анча ёш бўлса ҳам севикли қиз олдида ҳаяжонланарди. Тавба! Ҳар куни қанчалаб одамлар ичида бўладиган, қанчалар чиройли аёллар билан гаплашадиган аспирант нечун бу қиз олдида ўзини йўқота бошлади! Таажжуб, демак, мен уни яхши кўриб қолибман, деди ўзига ўзи Ҳабиб.

1
...
...
10