Тўйдаги ўша тасодифий учрашувдан кейин орадан олти ой ўтди.
198… йил 13 апрель куни Тошкентда тўсатдан ҳаво айниб, шамол гувиллай бошлади. Тун бўйи ёмғир ёғиб, эрта билан қорга айланди. Кишиларнинг шундоқ кўз ўнгида табиат бирдан ўзгариб, гўё тўнини тескари кийгандек бўлди. Ўриклар оппоқ гуллаганда, олучалар қийғос очилганда, олам гулларга бурканганда, асаларилар ғинғиллаб учганда қор ёғадими? Ачинасан, киши. Лекин начора. Дарғазаб табиат бир зумда ҳамма ёқни музлатаман, қотираман, учиб келган қалдирғочу лайлакларгача ҳайдаб юбораман, демоқчи бўларди. Қишнинг бундай қайтадан бошланишини ҳеч ким хаёлига келтирмаган, наҳотки ўтиб кетган қиш қайтадан бошланса! Об-ҳавони хабар қиладиганларнинг сўзича, бу ўтиб кетар эмиш. Бундай маълумотларга қон босими бор кексалар қулоқ соларди, холос. Тан-жони соғлар ҳам у билан ҳисоблашмоғи керакка ўхшаб қолди. Новдаларни қор босиб, табиатнинг жамоли ўзгарди. Кексалар бу яқин етмиш йил ичида Тошкентда, май ойида қор ёққанини эслай олмайдилар, мана, табиатга нисбатан ваҳший бўлишликнинг оқибати, дердилар. Наманган томонларда, тоғ яйловларида экин-тикинни бирдан дўл уриб турарди, аммо эрта-индин байрам деганда Тошкентни қор босиши тарихда ҳеч учратилмаган!
Дунёда саломатликдан муҳим нарса йўқ, афсуски, шу саломатликни қадрламайдиганлар ҳам бор; ичишади, чекишади, бўлар-бўлмасга асабни бузишади… «Э, худо, ҳамма нарсани яратдинг, аммо шу асаб деган нарсани яратмай қўя қолсанг нима қиларди!» – дерди Қўштут маҳаллалик титраб-қақшаб юрадиган Тошпўлат тажанг.
Тўсатдан қорни оғриб, туни билан букчайиб, оҳ-воҳ тортиб чиққан Жамшид Зулфиқоровни касалхонага олиб кетишди. Ҳаво айнаган шу кунлари уни тезда операцияга тайёрлашди. Навбаҳор ҳамма ёққа сепини ёйиб, табиат ниҳоятда гўзал бўлганида бирдан қор ёғиб, ерлар музлагани ҳеч кутилмаган ҳодиса. Забардаст, ўз соғлиғига катта эътибор берадиган Зулфиқоровнинг ҳам бирдан қулаши – кутилмаган ҳол, у қирчиллама қиш чилласида ҳам Ўрда анҳорига бориб, музларни ёриб, сувга тушадиган «морж»лардан бири. Семиришга ҳам, озишга ҳам йўл бермайдиган, бадантарбия билан доимий шуғулланадиган, доимо кулимсираб турадиган хушфеъл одамнинг бирдан йиқилиши, жарроҳ тиғига ўзини тутиши оила аъзоларини эсанкиратиб қўйди. Бошқатдан қиш кийимларини кийиб, эрта билан соат саккизлардаёқ касалхонага етиб келган она-бола – Маҳбубахон билан Нигора академик Воҳидов клиникаси эшиги ёнида дийдираб туришарди. Биринчи қаватда, кутиш залига киришдан аввал она-бола бу ердаги улуғ мутафаккир Абу Али ибн Сино ҳайкали ёнида бир лаҳза тўхтаб, кейин ичкарига киришди. Кимдир ўз жигарининг олти соатга чўзилган оғир операциясида шу улуғ мутафаккир атрофида чўққайиб ўтирибди. Улар охирида йиғлаб кетишмабди, эскича ирим-сиримларга ишонмасалар ҳам, ҳарқалай, киши ҳаёти қил остида турганида, тўрт томонга термиларкан… Ғарқ бўлаётган киши сомон парчасига осилар экан… Маҳбубахон билан Нигорани соат ўнда – яна бир ярим соатдан кейин бошланадиган операция хавотирга соларди – кўричак операцияси ҳам барибир жиддий операция! Тиғ уриладими, барибир ҳамма операциялар ҳам оғир ҳисобланади. Эллик ёшларга борган Зулфиқоров умуман операциядан жуда қўрқарди. Инсон нимадан ҳа йиқса, бир куни шунга дучор бўлади, дейди машойихлар. Мана, у жарроҳ қўлига тушди!
Эшик тез-тез очилиб-ёпилиб, биров кирар, биров чиқар, кичик залга қўйилган стуллар деярли банд эди. Кимдир ҳамшираларга телефон қоқар, кимдир девордаги рўйхатдан ўз жигарининг фамилиясини излаб топиб, кечки, эрталабки иссиғи даражасини кутар, ҳамманинг юзида ғамгинликка ўхшаш бир сўниклик зоҳир эди. Бу ерда кулиб, чақнаб ўтирганлар йўқ. Баъзан аёл кишининг қўлидаги чақалоқнинг йиғиси кишилар асабини таранг қилар, нима қилишини билмай ташқарига чиқиб кетишарди.
Шу аснода уринганроқ юпқа пальтода, бошда шляпа, кўзойнакли бир хушбичим йигит хонага кириб, тумба ёнида ўтирган семиз ҳамширага салом берди-да, тезда ичкарига кириб кетди. Шу лаҳза залда шивир-шивир бошланди, анчадан буён бу институтга қатнаб юрган, зиёлинамо бир аёл «бу киши профессорнинг ассистентларидан бири, жуда талантли ёш жарроҳ» эканини айтди. Одамлар унга ялт этиб қарашди. Йигитча ҳам кутиб ўтирган одамларга қаради; дераза тагида ўтирган она-бола унинг диққатини тортди, лаблари остида холи бор, қош-кўзи келишган, оппоққина қиз «ассистент» диққатини тортдими, танишга ўхшатдими, ҳарқалай уларга сал-пал бош ирғаб, ичкарига кириб кетди. «Ассистент» таърифини қилган бояги аёл қизиққан кишилар саволига жавоб беролмади; у «ассистент»нинг на исмини ва на фамилиясини биларди. Лекин бунда ўтирган Маҳбубахон билан Нигора учун профессордан ташқари оталари операциясига аралашадиган ҳар кимса ниҳоятда улуғ одамлар ҳисобланарди, дунёда улар учун энг қадрли бўлган оталари ҳаётини сақлаб қолувчи киши – Ибн Сино билан баробар кишидир! Она-бола гарчи профессорни кўрган бўлсалар ҳам бутун умид-орзулари профессордан эканини дилларига тугиб ўтирардилар. Бу «талантли ёш жарроҳ» йигит ҳам уларнинг кўзига авлиёдай кўриниб кетди.
Кутиш хонасининг деразаси тагидаги стулда ўтирган Нигоранинг юрагини қўрқув ғижимларди, яна бунинг устига бугун 13 апрель! Бу рақамнинг бехайр, европаликлар иримида гўё кўп бахтсизликлар шу рақаму шу кунга тўғри келишини эшитган эди. Нигора ҳозир дилидан ўтиб турган шу рақамга оид гапни онасига айтмади, айтиб бўлармиди! Ҳозиргина Ибн Синонинг улкан ҳайкали ёнида туриб, онасининг пичирлаганини сезган эди. Бундай пайтларда инсон ҳамма иримни қилишдан ўзини тиймайди, гарчи бундай ақидаларга ишонмаса ҳам. Лекин Маҳбубахон чин дилдан Яратганга ишонарди, баъзан эридан яширинча мусулмончилик удумларини қиларди.
Нигора ўрнидан туриб бориб, хушфеъл муаллима аёлдан, бояги «талантли ассистент йигит» ҳамма операцияларга қатнашарканми, деб сўради. Аёл, профессор қиладиган барча операцияларда у ҳам қатнашишини, умуман, профессорнинг шогирдлари кўп, лекин мана шу йигитни кўпроқ ёқтиришини эшитган эмиш. Одамлар ҳамма нарсани билади, айниқса, бундай катта профессорни билмасликлари мумкин эмас! Профессорнинг қўли енгил, кўплар шу киши операция қилишини истар эмиш, деганидан сўнг Нигоранинг бироз чеҳраси очилди, чунки отасини шу профессор операция қилади. «Ҳа, ишқилиб, отангизга худо шифо берсин», деди кекса аёл. Нигорага чин юракдан сўз айтиб, унинг дил ғашлигини тарқатгандек бўлди. Нигора жойига қайтиб келиб ўтиргач, онаси сўради:
– У опа нима дедилар?
– Ҳаммаси яхши бўлади, дейдилар, профессорнинг қўли енгил эмиш…
– Илоҳим шундай бўлсин! Дунёда яхши одамлар кўп.
Бу билан она кимни кўзда тутаётганини билмасди, профессорними, ассистентними, бу ерда ўтирган дили очиқ кекса аёлними?
Нигора медицина илми ўсиб кетгани, ҳозир юракни операция қилиш, бир юрак ўрнига бошқасини кўчириб ўтказаётгани ҳақидаги янгиликларни кўп эшитганди. Бундай операциялар олдида кўричак операцияси ҳеч гап! «Медицина» – «Мадори Сино»дан олингани, «Алгоритм», «Ал-Хоразмий», «Алгебра» – «Ал жабр»дан олинганигача биларди. Дунё фани буларни қабул қилган. Шарқдан кўп улуғ мутафаккирлар чиққанини кимдир гапириб ўтирарди. Юнонистонда Арасту, Афлотун, Ўрта Осиёдан Беруний, ал-Хоразмий, Ибн Синою Улуғбеклар чиққани Нигора билан Маҳбубахонга далда бера бошлади. Шу тупроқ фарзандлари ҳужайраларида ўша улуғ мутафаккирлар ҳужайралари, қони борлиги, бизларнинг уруғ-аймоғимиз ҳамма мураккаб ишларни бажара олишга қодир эканини айтаркан, Нигора онасининг юрагидаги хавотирларни ҳайдарди.
Соат ўнда операция бошланган бўлиши керак. Нигора 4-қават коридоридаги ҳамширага телефон қоқди. У ёқдан қандайдир бир эркакнинг овози эшитилди: «Ҳа, операция залига кириб кетяпмиз. Профессор шу ердалар…» Бу гапни эшитган Нигора юраги шиғиллаб кетди. Лекин отасини профессорнинг ўзи операция қилаётгани, қандайдир ёрдамчиси эмаслиги Нигорага далда берди. Ҳар қанча «талантли ассистент» бўлмасин, барибир профессорнинг ўзи қилгани яхши! Гарчи «кўричак» операциясини кўплар менсимайдилар, барибир операция операция-да! Нигора гўшакни қўйиб, илҳақ ўтирган онага буларнинг барини айтди.
Улар ташқарига чиқишди. Ҳамма ёқни оппоқ қор босган, навниҳолларнинг шохи эгилган, гулзорлар усти оппоқ, дарахтлар остида, йўлкаларда мусичаю чумчуқлар дон излаб юришибди. Салласи устида қордан яна бир салла яралган Ибн Сино бобо ҳам уларга хомуш қараб турибди.
Нигора бошқатдан ҳайкалнинг жамолига тикилди, ҳа, дарҳақиқат, улуғ мутафаккир хомушга ўхшарди. У яқинроқ борди, йўқ, хомушга ўхшамайди, аксинча кулиб турибди. Нигора онага сездирмай, ҳайкалга яна уч қадам яқин борди; у «хомуш» эмас, чеҳраси очиқ, бир нарсани чуқур ўйлаб, мулоҳаза қилаётгандай. Нигора онасига яқинлашиб, беш-ўн қадам юришгач, яна ўнг томонга – ҳайкалга боқди. Ибн Сино яна унинг кўзига хомушдек кўринди.
Она-бола очиқ ҳавода у ёқдан бу ёққа юришди-да, кейин ичкарига кириб кетишди.
Операция тезда тугаганини билишди. Соат ўн иккиларда ҳамшира хотин кутиш залига чиқиб, ўртоқ Зулфиқоров оиласини чақираётганини маълум қилди. Она-бола оқ халат кийишиб, коридорларда тез-тез қадам ташлаб, зинапоялардан ҳаллослаб кўтарилиб, тўртинчи қаватга чиқишди. Операция залидан чиқиб, ювиниб, ўз кабинетида сигарета чекиб ўтирган профессор она-болага тасалли бериб, операция яхши ўтганини, Жамшид Зулфиқоровични ҳозир палатага олиб киришгани, иложи бўлса кечга яқин келиш кераклигини айтди. Бундай мурувват ҳаммага ҳам эмас, ҳукумат аъзоси Зулфиқоровга кўрсатилаётган эди. Маҳбубахон билан Нигора жарроҳга ўз миннатдорчиликларини қандай баён этишни билмай, «раҳмат, илоҳим, доимо соғ бўлинг», «бахтимизга доимо омон бўлинг», дейишди.
Наркоз беришга мажбур бўлишганини ҳам профессор таъкидлади. Ҳали у киши ўзига келмаган, кўзларини очмаган бўлса ҳам профессорнинг рухсати билан ҳамшира уларни Зулфиқоровнинг тепасига олиб кирди. Гўё пишиллаб ухлаб ётгандай эди. Она-бола кечроқ яна келишларини ҳамширага айтиб, жарроҳлик институтидан ташқарига чиқишди. Салқин, музлаган баҳор ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олишди. Боғ ичида турган улкан ҳайкалга яна тикилишди. Ҳайкал уларга табассум қилаётгандай бўларди. Таомил… Маҳбубахон билан Нигоранинг танига жон югургандай бўлди. Улар бунда эрталабдан буён пойлаб турган камсуқум ҳайдовчи йигитга буйруқ бериб, идора машинасида ғириллаганча уйга қайтиб келишди, бунда кутиб ўтирган акаси Бобур, синглиси Севарага, қариндош-уруғларга телефон қилиб хушхабар айтиши лозим.
Машинада кета туриб чеҳраси очилган Нигоранинг хаёлига «талантли ассистент» келди. Нега у кўринмади? Ёки коридорда турган оқ халат кийган врачлар орасида бўлса, танимадимикан?..
Ҳайдовчи йигит машина тепасидаги ойначани Нигорага тўғрилаб, уни кузатиб борарди, хўжайин қизининг иссиқ юзи, лаб остидаги ярашиқ холига маҳлиё бўлиб тикиларди. Қадимги улуғ шоирлардан бири жононнинг лаб остидаги бир холига бутун бир Самарқанду Бухорони бериб юборгани ҳақидаги ғазални эшитган эди. Бу шунақа хол! Ўрнига тушган битта нуқта, дарҳақиқат, қўл билан чизиб бўлмас, илоҳий гўзаллик кашф этиши мумкин, деган Шарқ алломалари.
Жамшидбек ака бир ҳафталардан сўнг касалхонадан уйга келди. Қўй сўйиб, кўнгил яқинларини чақириб, зиёфат берди. Зиёфат тўрида жарроҳ профессор хотини билан ўтирарди. Ўзбекистонда ҳамма танийдиган хушовоз ҳофизу созандалар таклиф этилиб, Ўрдадаги (қадимда худди шу ерда Тошкент ҳокими Алимхон маҳкамаси бор эди) коттеж ҳовлисида наво янгради. Зулфиқоровнинг операция қилиниб, соғ-саломат келгани деярли тўйга айланди.
Зиёфатдан сўнг, меҳмонлар тарқашга яқин Маҳбубахон профессорнинг хотинини бир лаҳзага ичкари хонага чорлаб, унамаганига қўймай, бир кийимлик атлас туҳфа этди. Профессорга тўн кийдирилиб, ичи шоколадга тўлдирилган хитой вазаси ҳам туҳфа этилди. Вазани Зулфиқоровнинг ҳайдовчиси машинада профессорнинг уйига ташлаб келди…
Эрта билан кайфи тарқалган профессор хитойи вазага боқди, хотини ҳам. Ваза устида бўртиб тасвирланган аждар ва қушлар, хитой либосларидаги қисиқкўз хотинлар тасвири… «Бу ажойиб ваза, ноёб», деб дилидан ўтказди профессор. Нега бундай қилди? Унинг бирдан жаҳли чиқди, давлат арбоби, мансаб эгаси бўлатуриб, шунчалик қилиши яхшими?! У қайтариб юбормоқчи эди, хотини қаршилик кўрсатди: «Ҳарқалай, ҳаётини сақлаб қолдингиз, ҳар нима қилса арзийди. Қўйинг, ёмон фикрларга борманг, адаси!» Профессор ҳайрон бўлиб, хотинига тикилди… «Биз, ўзбеклар, баъзан жуда ошириб юборамиз, бу тўғри эмас! Бу, аслида, менинг бурчим эди-ку!» деди яна профессор. Ҳа, дарҳақиқат, Жамшидбек акада кейинги йилларда шундай «саховат» авж ола бошлади. Қимматбаҳо туҳфалар олар, иши тушадиганларга тортинмай мана шундай «туҳфалар» ҳам иноят қиларди. Маҳбубахон ҳайрон, болалигида кўп қийинчиликларни кўрган Жамшидбек кейинги йилларда пулни пўчоқча кўрадиган бўлиб қолган.
Сузонғич ҳўкизнинг олдидан, тепонғич отнинг орқасидан ўтиш хавфли, дейдилар. Жамшидбек Зулфиқоров она тилимизнинг хор бўлаётганидан тутақар, тили ғариб, она тилиси бўлмаган кимсанинг тўрт томонидан ўтиш хавфли, дерди. «Тил масаласи – дил масаласи, ҳозирги кунда бу ғоятда муҳим, она тилимиз хусусида кўпроқ гапириш пайти етганга ўхшайди…» Жамшидбекнинг мана бу томони Маҳбубахонга ёқарди.
Жамшидбек Зулфиқоров 1931 йили Тошкентда туғилган. Шу йигитлар вояга етиб, жумҳуриятга раҳбарлик қилаётганининг ўзи катта бахт. Жамшидбек шу кунгача нимаики топган бўлса, ўз қўл кучи билан топган, отадан ҳеч қандай мерос қолмаган. Бундан ўн йилча бурун ҳовлини ҳам укасига ташлаб, ўзи коммунал уйга кўчди. Бошқа шаҳарларда ўқиди, ишлади, аммо қонида, вужудида ота қони сузар эканми, ирсият қонуни устунлик қила бошлади, яъни ўзбек ўзлигини таний бошлади. Кўпларга завқу ҳаяжон берган «Лайли ва Мажнун»ни, «Фарҳод ва Ширин»ни, «Ўткан кунлар»ни қайта-қайта ўқиди. Миллий туйғу Жамшидда анча барвақт камол топди, унинг бахтига қўрқинчли таъқибу «қама-қама»лар йўқ, миллий ифтихор учун кишига миллатчи деган тавқи лаънат осмайдилар. Ҳаво мўътадил, қуёш нурида ҳамма гуллар қийғос очилиб ётибди…
Нигора отаси билан фақат мансабдор эмас, билимдон, гўё қомусий арбоб сифатида ҳам фахрланарди. Ишларида отасининг мансабини суиистеъмол этмаслигини ҳаммага ҳам гапиравермасликка ҳаракат қиларди. Отанинг кўп вақт айтиб юрадиган уч шартини ҳам яхши биларди.
Дарҳақиқат, Жамшидбек Зулфиқоров мансабдор шахс сифатида учта шартга қатъий амал қиларди. Бу унинг кундалик ишида заруратдай сезиларди ҳам.
«Биринчидан: оила аъзоларини, айниқса рафиқамнинг давлат ишларига аралашувига йўл қўймаслик; иккиламчи, қариндош-уруғларнинг шахсий илтимосларини бажаришда мансабни суиистеъмол қилмаслик ва ниҳоят, учинчи – маҳаллийчилик қилмаслик. Шу даражадаги оғир жиноят ҳисобланган – порадан ҳазар қилмоқлик ва яна уч нарсага: тилга, нафсга, ҳирсга эҳтиёт бўлмоқлик ғоятда зарур, дерди у. Бу уч шарт бажарилмас экан, мансабдорнинг қўли ҳаром, унга ҳеч қачон ишониб бўлмайди!»
Эндиги ҳикоя яна Нигора билан Ҳабиб хусусида бўлиб, унинг ҳаловати бузилгани, қизлар балоғат ёшига етгач, албатта бу даврни бошдан ўтказишлари неча асрлар мобайнида кузатилган. Муҳаббат ёши ҳар бир қизда ҳар хил кечади; бировлар анча совуқлик билан, бировлар Лайлию Шириндек ишқ алангасида ёнадилар.
О проекте
О подписке
Другие проекты