Маҳалладан, хеш-ақраболаридан ажралиб қолган, машинада эрта билан хизматга бориш, кечқурун қайтиш, мажлисларда узоқ ўтириш, «жаннати» хотинининг измидан чиқмай келган ўша мансабдор олтмиш тўрт ёшида қазо қилди. Гарчи одамлар бу қазони эшитган бўлсалар-да, ҳеч кимса келмади. Ошнаю дўстлари унинг тураржойини ҳам билишмасди. «Жаннати» хотинининг зуғуми сабабли юртга ош беролмади, кишиларга меҳрибонлик кўрсатолмади, дунё тургунча тураман деди. Янглишди… Хотини уч-тўрт кишига марҳум эрини «қайси одатда кўмсаларингиз кўмаверинглар…» деганига ҳам қарамай, ишлаган идорасидан деярли одам келмади. Чунки у ватандошлари жанозасига бормаган бир кимса эди. Бирон чойхонага кириб, бир пиёла чой ичмаган… Э, шунақа бўлишдан худо асрасин! Шу маҳаллалик бир қариянинг жанозасида кўчага одам сиғмай кетди; ўтиб кетаётган машиналардан ҳам чиқиб, одамларни ёриб ўтиб, тобутга елкасини тутганларнинг сони йўқ. У юрт сўраганлардан эмас, маҳалладаги хокисор бир қария эди. Одамзод кексайганда эътибордан қолмаслиги керак, инсон ҳам бир дарахтдирки, илдизи одамлар ичида. Бу илдиз узилдими, сувсиз қолдими, дарахт қурийди. Ўзбекнинг бебаҳо асрий одатлари бор, уни камситиш, унга нописанд бўлиш кўрнамакликдир. Халқ одатини асло ерга урмаслик, ўла-ўлгунча қадр қилмоқлик лозим, акс ҳолда киши қабрда ётган ўз отасини таҳқирлаётгандек бўлади. Бундай кимсани ҳеч ким, ҳеч бир халқ фарзандим демайди. Бундай фикрлар чойхона-ю, эл жам бўлган маъракаларда кўп айтилади, уққан уқади, уқмаган жинси шим кийиб, дажжолнинг орқасидан эргашиб юраверади, дерди кексалар…
Тошкент шу даражада қизиб кетдики, киши жонини қўярга жой тополмасди, дим ва иссиқ. Денгиз бўйи курортларга кетганлар кетиб олди. Бунда қолганлар кавакка беркинган бақадек томоқларини лиқиллатишар, сув ичишар, қон босимлари кўтарилганидан шикоят қилишарди. Баъзилар «яна ракета учирилганга ўхшайди, булутлар тўзғиган, тўсатдан ҳавонинг босими оғирлашиб кетди…» дердилар. Қиши билан баҳорни кутиб, сумалакка етиб олсам, у ёғи яхши бўлиб кетади, деган дардманлар энди, «шу саратондан ўтиб, куз салқинларига етиб олсам, у ёғи яхши бўлиб кетади», дейишмоқда.
Нигора эшик олдида тўй эгалари билан илиқ хайрлашиб, икки дугонаси билан кўча четида кутиб турган кумушранг «ГАЗ-24» машинасига тушиб, гувва жўнади. Ал-Форобий кўчаси билан Хадрага, ундан Навоий кўчаси орқали Ўрдага етиб, чапга бурилиб, бундаги икки қаватли чиройли коттежлардан бирига Нигорани ташлаб, ҳайдовчи йигит (Нигоранинг адаси ўз ҳайдовчисини «Шопур» деб атарди) қизларни ҳам уйларига элтиб қўйди.
Катта хонада юрагига ваҳима тушиб, қизини кутиб ўтирган Маҳбубахон рўпарасида телевизор-у, хаёли қизида эди. У Нигорани кўрган ҳамон хурсанд бўлиб кетганидан даст ўрнидан турди.
– Келдингми?
– Ҳа, келдим, – деди Нигора чақнаб.
– Тўйи қанақа бўлди?
– Зўр!
– Дастурхонда нималар бор?
– Ҳамма нарса… Норину хасипгача…
– Кимга қуда бўлибди?
– Э, унисини билмайман.
– Ҳеч ким сени хафа қилмадими?
– Мени-я! Мени хафа қилиш осонми, ойижон? Мен бошқаларни хафа қилишим мумкин. Аксинча, тўйда мени жуда ҳурмат қилишди, бу ҳурмат адамлар туфайли бўлса керак деб ўйладим. Лекин…
– Нима «лекин»?
– Бир йигитга ёқиб қолганга ўхшайман. Бу ҳам адамлар туфайли эмасмикан, деб қўрқяпман. Бундай бўлмаса керак, у мени танимайди-ку! – Нигора ўйланиб қолди. – Жуда бамаъни инсонга ўхшади. Босиқ… Мен билан гаплашолмай соқов бўлиб қолди. Ҳозирги замонда ҳам Мажнунлар бор экан-да. Тавба, дугоналаримдан бири ўша ердаёқ кимдандир билибди, у хирург экан. «Хирург» бизнинг ўзбекчада нима дейиларди?
– Билмайман, қизим. Бунақа сўз ўзбекларда бўлмаса керак. «Ўтмишда биз гадо, хору зор бўлганмиз…» Бир шоир шунақа деганмиди… «Водопровод»ни «вадапровод», «трамвай»ни «трамбой», деймиз. Илгари «кўнка» дейилган экан…
– Жарроҳ!
– Биринчи эшитишим. Вой тавба, шунақа сўз ҳам борми?
– Бо-о-р! Мир Алишер Навоий замонида, ундан илгари ҳам, кейин ҳам жарроҳ дейилган. Жарроҳлик бизда жуда қадимий, ойижон. Адамлар айтганлар. Бу илмнинг асли юрти – Шарқ. Врачлар – табиб, медицина – тиббиёт. «Ал-Қонун»ни билмайсизми? Улуғ ҳаким ва мутафаккир Абу Али ибн Сино ёзган… Сиз кўп нарсани билмайсиз, ойижон! Дадамларга қараб, овқат пишириб бериб, йилларни ўтказдингиз. Эҳтимол, шу ҳам керакдир.
Камситувчи бу танбеҳлар эмас, шаддод қизнинг тўйдан қувнаб келгани, бижиллаб гапираётгани онанинг кайфиятини кўтарди. Шундай доно ва шаддод қизи борлигидан фахрланди. Қайси она ўз фарзандини ёмонлайди. Она-бола гаплашаётганини эшитиб, нариги хонадан сингилчаси Севара ҳам чиқди. Акаси юқорида, ўз хонасида ухлаб қолганини билди.
– Ника, кимни гапиряпсан?
– Ҳой! Сен аралашма! – деди она кичик қизига ёлғондакам дағдаға қилиб.
– Бир йигит! – деди Нигора Севарадан уялмай, ўрталарида сир йўқдай. – Ўша йигитнинг оти Ҳабиб экан, қадду қомати келишган, қиличдек, худди мен ўйлагандек. Энг муҳими шуки, ёнига борганимда гапиролмай, довдираб қолди. Шу замонда-я! Ҳақиқий Мажнун…
– Тағин ростакам соқов бўлса-чи? – деди Севара.
– Йўқ, соқов эмас! Ҳаяжонланганидан шундай бўлиб қолди. Эртага бирон киши телефон қилса, дарров мени чақир! Гўшакни қўйиб қўйма, ўртоқларинг билан қисқа гаплаш! Икки дақиқа! Айтганимни қилмасанг, ўлдираман!
– Вой-бў-ў, бугун кайфинг чоғ-ку! – деди Севара. – Тезроқ эрга тегиб кетсанг яхши бўларди.
– Ҳа, сенга оғирлигим тушяптими, нодон! Тегаман! Лекин бу уйдан кетмайман! Дадамларнинг пулларини бир ўзим оламан, ойимларнинг паловларини битта ўзим ейман, деяпсан-а! Овора бўласан!
– Ортиқча гапирма! – деди Севара тантиқланиб. – Менга ўша йигит ҳақида гапир. Бўлажак куёв ҳақида. Баланд бўйлими? Қошлари қора, қиррабурун, дедингми? Мўйлаби борми?
– Йўқ, мўйлаби қурсин. Мўйлаби йўқ! Мўйлаблиларни жинимдан ёмон кўраман! Мўйлабли бир совуқ артистни биласан-ку, вай, ўша артист телевизорга чиқса, юрагим орқага тортиб кетади. Телевизорни тош билан уриб, синдиргим келади!
– Тилла тиши-чи? Оёғида этиги борми? Галстук тақиб, бошига дўппи кийганми?.. Ха-ха-ха-ха-а-а.
– Ба-а-ас! Ойи, бу ярамасга айтинг, жим турсин! Эҳтимол, ўзингнинг эрга теккинг келаётгандир!
– Ҳой, қизлар, бўлди, ортиқча гапирманглар. Ким билади, агар худо тақдир қилган бўлса, тўй бўлиб кетар. Ҳеч қачон бунчалик қувнаб келмаган эдинг. Ўша йигит сал-пал дидингга ўтирганга ўхшайди. Зора ўзимизга ўхшаган тагли-тугли номдор хонадоннинг боласи бўлса. Босиқ-камгаплигидан, иззат-обрўлилигидан тузук оиланинг фарзанди бўлиши керак. Сен ҳам одам танийсан, ишқилиб, ақл-ҳушингни йиғиб олиб, бир қарорга келгин. Арзимайдиган, отангнинг амалини кўзлаб, бир нимали бўлиб олай дейдиганлардан нарироқ юргин. Ҳозир шунақа йигитлар жуда кўпайиб кетган. У жувонмарглар оила тузай демайди, машинали, уй-жойли, гарнитурли бўлиб қолай, отасини шилай, дейди. Шунақа пасткашлар Тошкентда тўлиб ётибди. Ота-онаси қанақа экан, буни ҳам билиш керак; онаси ўз ҳузурини ўйлайдиган, келинини чўри қилиб қўядиган золим бўлса, нима бўлади? Ҳой, қиз! Жуда эҳтиёт бўлиш керак! Расво қайнонадан куйиб ётган келинлар қанча! Ўзини ўзи ёқиб юбораётган жувонлар қанча! Қайнона расво бўлса, умринг дўзах бўлади!
– Ойижон, мен унинг ўзини ҳали яхши билмайман-у, онасини қаёқдан биламан? Фамилиясини ҳам билмайман.
– Болам, билмасанг кейин билиб оларсан, гап-сўзларингдан у сенга ёққанга ўхшайди. Маҳалласи, уй манзилини сўраб олсанг, борамиз, суриштирамиз, сўраганнинг айби йўқ.
– Ҳали эрта!
– Эрта эмас! – деди кескин бир тусда Севара. – Сен бу билан учинчи йигитни ҳам эрта-эрта, деб чўзиб, охири йўққа чиқардинг! Йигирмага кирдинг, ёш эмассан, қари қиз бўлиб қолганинг яхшими?
– Ойи! Мана бу ярамасни олдинроқ эрга бериб юборинг!
– Ҳозир бориб, юзингга шапалоқ тортаман!
Сингил ҳингиллаганча қочиб, «Гавҳаршодбегим» қасри пиллапоялари аталмиш панжарали, кўркам зинапоялардан кўтарилиб, юқори қаватга чиқиб кетди.
Нигора онасининг ёнига яқин бориб, иштиёқ билан шивирлашиб гаплаша бошлади. Сингил зинапоялар тепасида полга ётиб, мўралаб, онаси ва опасининг гапини эшитишга уринарди.
Нигора бу йил ўн тўққиздан йигирмага ўтди. Мактабда ўқиб юрганидаёқ медицинага қизиққанми, ҳозир қизларнинг кўпчилиги ўзини ТашМИга, СамПИга ураётганими ёки аслида заковатли хотин-қизлар улуғ медицина учун туғиладиларми, ҳарқалай, шу соҳа уларни қамраб олаётган бир давр эди. Бу илм саройига ёшлар ёнган чироққа ўзини уриб, чир айланган парвонага ўхшайдилар, кўпларнинг қаноти куйиб йиқиладилар, кўплар бу оташу нурдан қудрат олиб, оқ либос кийишгача етиб борадилар. Нигора етарли балл билан Ўрта Осиё педиатрия институтига кириб олиб, яхши ўқимоқда, мана, сентябрь келиши билан учинчи курс аудиториясига киради. Яна югур-югур, лекциялар, имтиҳонлар… Унинг онаси Маҳбубахон асли тил ва адабиёт ўқитувчиси, уч фарзанд кўрди; каттаси Бобур, ундан кейин Нигора, кичиги – Севара. Лекин кейинги йилларда саломатлиги йўл бермай уйда ўтириб қолди. Иккинчи томондан турмуш ўртоғи Жамшидбек Зулфиқоровнинг беҳаловат хизмати, ҳали мажлис, пленум, командировка, тез-тез Москвага бориш, кутилмаганда вилоятларга учиб кетиш каби ишлар ҳам унинг уйда бўлишини тақозо этарди. Икки қаватли чиройли коттеж коридорида Зулфиқоровнинг сафар жомадони доимо тайёр турарди. Баъзан шундай кунлар бўлар эдики, у райондан ярим кечада қайтар, эрта билан соат ўнда яна идорада – Совминда бўлиши керак. Баъзан эр-у хотин ўтириб, бафуржа бир пиёла чой ичишолмас, ҳафталаб бир-бирларини кўролмаган вақтлар ҳам бўлган. Отанинг давлат ишлари билан қаттиқ банд бўлгани туфайли хонадонга раҳбарлик Маҳбубахоннинг зиммасига тушган. Депутат, Республика Министрлар Совети раисининг муовини Зулфиқоров хотини туфайли турмуш ташвишларидан деярли фориғ эди. Уларнинг турмуш қурганликлари, топишганликлари ўзи бир ҳикоя, шунинг учун ҳам Маҳбубахон қизига: «Мол-дунё топилади, энг муҳими, турмуш қураётган қиз ва йигит бир-бирини яхши кўриши керак. Бўлмаса, бундай оила ҳаётдаги баъзан бўлиб турадиган зиддиятларнинг биринчи зарбасидаёқ чок-чокидан сўкилиб кетади. Мен аданглар билан бир-биримизни севиб, анча вақт бир-биримизга синашта бўлиб, кейин турмуш қурганмиз. Совчилар шунчаки расмий одамлар. У вақтда аданглар Министрлар Совети раиси муовини эмас, институтни тамомлаган, деярли ночор студент йигит эдилар. Меҳнат билан шу паллага етдик», дея бот-бот гапириб турарди.
Маҳбубахонни баъзилар Мукаррама Турғунбоеванинг ёшроқ даврига ўхшатадилар, у дуторни яхши чалади. «Тановар»га чиройли рақсга тушади. Зулфиқоровлар уйида, деворда ҳамиша садафлар билан безатилган бир яхши дутор осиғлиқ туради. Пианино ҳам бор; Нигоранинг туғилган кунига совға қилиб отаси олиб берган. Пианино икки қиз ўртасида бўлиб, уни Севара тинғиллатиб турарди.
Кўп масалаларда Зулфиқоровнинг ўз фикри бор, у баҳслашишни яхши кўради, айниқса, ўзбек маданияти арбоблари ҳақида, уларнинг ишлари ҳақида фикр юритиб, баҳсу мусоҳаба этишни ёқтиради. Санъат арбоблари хусусида кўп гапирар, Шашмақомни севар, Мулла Тўйчи Ҳофиз, Домла Ҳалим, Садрхон, Устод Абдул Азиз, академик Юнус Ражабийларга эътиқоди баланд, баъзан-баъзан соғинганда «Қаро кўзум…»ни кўз юмиб, эриб тинглар, кайфи ошган чоғларда «Фарғона тонг отгунча…»ни завқу ҳаяжон билан тинглаб, баъзан озгина ичиб, йиғлаб ўтирарди. Санъатдан руҳий озуқ ололмаган одам ғариб одамдир, дерди баъзан Зулфиқоров.
Катталар кечмишни эслаб, руҳий озуқ олади, ўз дунёқараши, ҳаёт фалсафаси уларни қамраб олади. Аммо ёшлар жисмини муҳаббат алангаси қоплайди, севиш ва севилиш илоҳий бир фазилатдирки, ўтмиш, ота-боболар ишини ҳар ким, ҳар хил йўсинда такрорлайди.
Бу – табиат қонуни.
О проекте
О подписке
Другие проекты