Читать книгу «Илон ўчи» онлайн полностью📖 — Мирмухсин Мирсаидов — MyBook.
image

Еттинчи ҳикоя
ТОШКЕНТ ЧЕТИДАГИ БИР ХОНАДОН

1966 йилги зилзиладан кейин шаҳарнинг Ўрда, Дегрезлик Қашқармаҳалла, Оқмачит, Шоҳидонтепа, Қатортол, Тахтапул… Маҳаллалар ва у томонлардан кўп хонадонлар шаҳар ғарбидаги Оқтепа, Белтепа, Қурбақаобод, Чилонзор, Дўмбиробод, Қозиработ боғларини бузиб, ер олиб, иморат сола бошладилар. Улар «Ўзбек бойиса, том солар» нақлини бошқача исботлашди: ўзбек фақат бойиса эмас, фожиага мубтало бўлса ҳам уй солар экан. У ҳеч қачон ота ерини ташлаб кетмайди! Бу ерда қурилаётган қатор уйларни кўриб кўз қамашади, қатор данғиллама иморатлар, гулзор ҳовлилар, чойхоналар қандай чиройли. Ўзбекобод…

Мана шу томондан ер олиб, иморат солдирган Миёнхўжа амакининг асосий тиргаги ўғли Фатхуллохон эди – кўнчи бойиганини қўшниси билмас, у магазинга кириб олиб, сичқондек ташиди. Магазин ва участкада одам ишлатиш бир-бирига ҳамоҳанг келди – ўз ишига пишиқ бўлиб, юзимнинг қаттиқлиги жонимнинг ҳузури бўлди. Фатхуллохон отаси ўргатгандай илжайиб, кулимсираб турарди. Ўз фойдасини ўйлаш ҳам бойиш йўлида жуда қўл келди – «ема, ичма, бўл бахил, бой бўлмасанг мен кафил» қабилида иш тутди. Пул чиқадиган жойда Фатхуллохон бўзрайиб тураверарди, пулни кўрса, сичқонни пойлаган мушукдек қотиб қоларди. Фойда чиқмайдиган жойда бировга едирмас, ичирмас, нафи тегадиган кишиларгагина дастурхон ёзарди.

1966 йилги зилзила катта мусибат бўлди. Миёнхўжа амакининг фикрича, 37-йилу 41-йилларда Тошкент фарзандлари тутдай тўкилди, 1966 йилга келиб, тошкентликларнинг томи босди. Бу катта фожиа эканини ҳар ким ҳар хил гапирарди, аммо нодўст, димоғдор шахслар зилзилани, «арзимаган нарса», дейишга ҳам боришди. Тожик заминининг Ҳисор томонларида Шарора қишлоғини ер ютиб, устини Қабристон деб эълон қилдилар. Марказдан биронта катта мансабдор шахс келиб, бу ерда бош кийимини олиб, таъзия билдирмади. Ваҳоланки, Арманистон зилзиласига ҳовлиқиб келдилар, бутун дунёдан ёрдам сўрадилар. Бу ажратилиш, камситишлар дилни эзмайдими?

Қадимий Тошкент (милоддан аввал ва X асрда «Чоч», араблар, «Шош», кейинчалик Темурийлар «Тошканд» деб атаганлар) ўз қиёфасини тамоман ўзгартирди; равон ва чароғон кўчалар, ер ости поезди – метро, қулай солинган уй-жой бинолари, ҳашаматли санъат саройлари… бу яхши. Аммо шаҳар атрофидаги боғлар – юз йиллик ёнғоғу тутларни қўпориб ташлаб, ўрнига юзларча бир-биридан айириб бўлмайдиган қути-уйлар солиб ташлагани, ариқлар, оқар сувларнинг йўқ қилингани, серфайз маҳаллаю ҳовлиларнинг барбод этилгани ёмон бўлди! Миноралар, Бекларбеги мадрасаси, Шайхонтоҳур дарбозаси, Юнусхўжа қалъаю қўрғонларининг бузиб ташлангани ваҳшийликдан бошқа нарса эмас! «…Бимолид Чочи камонро ба даст, ба чарми гавази андар овард шаст»2, деган Фирдавсий. Шаҳардаги Чорсу бозори ва бошқа тарихий обидаларнинг йўқолишида маълум шахсларни айблаб бўлмайди, чунки муаззам мамлакатнинг бошқа ерларида ҳам шундай номақбул ишлар қилинган. Ойболта ушлаган жаллоднинг қўли ушланмаса Регистон ҳам, Бухоро мадрасаларию Минораи Калон ҳам Афросиёб вайроналарига ўхшаб қоларди…

Фатхуллохўжа трест бошлиқлари, база ва омбор мудирларининг сўкиш ва турткилашларига ҳам миқ этмай чидаб тура олар, чунки бу соҳада пул деган нарса ҳоким! Пул топмас зиёлинамо кишиларни ёмон кўрар, улар билан алоқа қилмас, «чўнтаги қуруқ муллалар…» дерди. Ҳатто бир куни база мудири билан Фатхуллохўжа ўртасида қисқагина тўқнашув бўлиб, бу воқеа мудир хонасида ўтди. База бошлиғи бўғиларди:

– Гапирсангиз-чи ахир, ўртоқ Миёнхў-жа-ев! Нега бундай қилдингиз? Яшириб сотгани уялмадингизми?! Бундан уч кун аввал бир машина камёб молларни уйингизга туширибсиз! Бу, жиноят-ку! Сотиб юбордик, деганингиз ёлғон! Кимга сотдингиз?

Ғўладан келган Фатхуллохон миқ этмай тураверди.

– Жон оғайни, бир нима денг!

Пати бўзрайганча бошлиқнинг рўпарасида бошмалдоқларини ўйнаб, ўрта бармоғини шиқиллатди.

– Хато қилган бўлсангиз, кечирамиз, укажон, бир оғиз гапиринг! Юрагим сиқилиб кетди. Уйда кеннойингиз билан хафалашиб келганман, юрагим сиқиляпти, келинг, бир нима денг! Илтимос қиламан! Гапиринг, жавоб қилинг.

Пати турган ерида серрайиб тураверди. Уни кимдир сўтак деган эди, унчалик сўтакка ўхшамади. Гуноҳни кечириб, сирни очмаслик учун бир неча вақт миқ этмай туриш, юзига чарм қоплаб, тилни тишлай олган одам ютиб чиқади, деган гапни дилига жо этиб олган Пати бу гал ҳам эски услубини ишга солиб, бошлиқ кабинетида кўзини лўқ қилиб тураверди. Ҳозир қийналса, кейин ҳеч нима бўлмагандай, яна «осойишта кунлар» бошланиб, ошиғи олчи келишини кўзлаб, индамай, без бўлиб тураверарди.

– Илтимос қиламан, Миён-ху-жай-ев, гапиринг! Бунақа без бўлиб туришни қаёқдан ўргангансиз? Қилар ишни қилиб қўйиб, бунақа қилиқ қаёқдан чиққан? Ахир, одамга раҳмингиз келсин! Гапирасизми-йўқми?

У яна миқ этмади.

– Мен бошлиқманми, йўқми? Сўрашга ҳаққим борми, йўқми?! Бу без бўлиб туриш билан нима демоқчисан? (Бирдан сан-санлаб юборди.) Сен ўзинг кимсан? Бўғилиб кетдим-ку! Э, одам бўлмай ўл!

Гунг бўлганча турган Пати барибир қўзғалмади. У гўё ўзини баъзи кинофильмлардаги фашистлар сўроғидаги партизан болага ўхшатарди. Ҳой, ноинсоф, у партизан, сен ўғрисан-ку! У воқеа қирқ йил илгари бўлган, сен ҳозир пасткашлик қилиб, расво бўлиб турибсан-ку, дейдиган бир инсон йўқ!..

– По-о-о-о-кк!!! – бошлиқ гурсса курсига йиқилди. – Мана ёрилиб кетдим! – деди бошлиқ курсида ўтирганча, ҳавоси чиқиб кетган резинка коптокдек бўшашиб, бошини стол устига қўйди. Бир лаҳзадан сўнг, кўзини ола-кула қилиб Патига қаради: – Йўқол, башаранг қурсин, аблаҳ! Энангни!.. Й-ў-қ-о-л!

Пати анча енгил тортиб, хурсанд ҳолда кабинетдан чиқиб кетди.

– Ё, тавба! Одам эмас экансан! Сендақа одамни биринчи кўришим! Сен ўзинг кимсан?! Шундай қилиб қутуларкансан-да! Бу – сенинг «йўлинг» экан.

У миқ этмасди. Сўкиш ҳам унга кор қилмасди.

Шу бошлиқ бечора кунлардан бир кун инфаркт бўлиб ётиб қолди. Бу гапни эшитган Насриддин Афанди касалхонага келиб, бошлиқдан ранжибди:

– Сиз бекорга ўзингизни қийнаяпсиз. Шайх Саъдийнинг ушбу мисрасига қулоқ солинг: «Пистаи бемағз агар лаб во кунед, расво шавад…» У бир мағзи йўқ писта эди, оғзини очса ичи бўш эканлиги кўриниб қоларди. Демак, кўп йилдан буён у шундай без бўлиб туришни касб қилиб олган. Сиз унинг тилини чиқаришдан аввал оғзига мағиз ташлашингиз керак. Шояд, у шунда оғзини очса…

Фатхуллохоннинг ўзини савдо-тижорат ишига уриб кетгани фақат уй солишда эмас, ҳамма томонлама хонадон учун яхши бўлди деб ҳисобладилар. Ўнинчини битиргач, Шарбатхон ая ҳам, Миёнхўжа амаки ҳам бундай таналарига ўйлаб қараб, Фатхуллохоннинг шу соҳага лаёқати бор, деб ҳисоблашди. Миёнхўжа амаки ҳисоб-китобга пухта, деярли умрини ҳисоб-китоб, ёзув-чизув билан ўтказган, ҳисобли дўст ажралмас, мақолини маҳкам ушларди. Ревизорлик ҳам қилган, омонат кассада ҳам ишлаган.

Хуллас, ўзининг қизиқиши, кейинчалик ота-онанинг маслаҳати билан Фатхуллохон савдо соҳасига ўзини урди.

– Ҳабиб ўртоғинг уддабурон, юлдузни бенарвон уради, – деди Шарбатхон ая ўғлини ёнига олиб, – дўхтир бўламан деб ёшлигидан бу ишга киришган. Ҳа, майли, бўлаверсин! Марат деганинг сўмрайган, анави Жўражон деганинг сўтакроқ, далага чиқиб кетди, агроном. Сен ўртоқларинг ичида анча зукко йигит чиқдинг. Камгапсан. Бу яхши! Жуда яхши! Лекин пули бор одам икки дунёда хор бўлмайди…

Эҳтиёт бўлиб, «честний» бўлганинг билан ҳеч ким миннатдор бўлмайди. Ҳукуматнинг олди тор, орқаси кенг. Билиб ишингни қилавер, болам. Урушдан илгари ҳам не-не қаҳатчиликларни кўрдик: тиллоси бор, қўр-қути бор одамлар хор бўлмади. Очликдан шишиб ўлган одамларни кўрдик. Ўттиз еттинчи йилда қозоқ бечоралар беда бозорда тўлиб кетган эди, очликдан қирилиб кетди.

Индамас Фатхуллохонга ота-она насиҳати ёқди, у бир куни чойхонада «Ҳамма ўқиб, олим бўлиб кетаверса, подани ким боқади? Мана, ўша подани биз боқамиз!» деди керилиб.

Фатхуллохон йигирма беш ёшда, паст бўйли, ғўладан келган йигит. Икки ёноғи анордек, бурунлари чимчилаб қўйилгандек келишган, чақмоқ мўйлаби ҳам бор. Орадан бирон йил ўтгач, у кимгадир жуда ёқиб кетиб, шаҳримиздаги катта универсамга директор бўлди. Бойишни у ўз оғзидан бошлади, деярли ҳамма тишини тилло қилди. Бу инсон саломатлиги учун кони фойда эмиш! Қўлида тилло занжирли соат, чап қўлининг тўртинчи бармоғида кўзида платина устига тўрт бриллиант қадалган йўғон тилло узук. Кейинги пайтларда қорни чиқиб, тез-тез кекирадиган бўлиб қолди. Ёшлигида шўхроқ бўлиб, «Пати бола» деган номи ҳам бор, ўғлим чиройли, одамларнинг кўзи тегмасин, деб Шарбатхон ая костюми ичига тумор тикиб қўйган. Бир ёқимсиз одати шуки, уятли одамлар олдида ҳам тортинмай овқат ея беради. Наҳорга ошларга боради, икки лаганни қўшиб ейди, «савоб» деб қолганларини ҳам ейди, лаган тагидаги ёғини силкитиб, ичиб юборади. Буни кўрган Ҳабибу Марат, Жўражонларнинг кўнгли озарди. Уйланмоқчи бўлган қизнинг олдида ҳам шундай қиласанми, дейишарди.

Универсамни эплаб, яхши ишлаётганидан қатъи назар, катта хонадонни қўлда ушлаб турган кимса аслида онаси Шарбатхон ая эди. У олтмишларга борган бўлса ҳам ўттиз яшар жувон қилиқларини қилар, ёш хотинлар тўдасига ўзини урар, икки чеккасидан гажак қўйган. Баъзан замонавий гаплардан гапириб, атрофдагиларни оғзига қаратарди. Тошойна олдида ўтириб, соатларча пардоз қилар, янги чиққан мазь, ёғупалардан биронтаси қолмаган. «Эримга кўнгилсизман…» деган гапни такрор-такрор айтган, бу гап қулоғига етган Миёнхўжа амаки ранжиган эди. Бир нимадан жаҳли чиқса, «кетаман, сен билан турмайман!» деган гапларни ҳам кўп гапирган.

Шарбатхон ая оила ҳукмдори (у буйруқ беришни яхши кўрарди), гўё оғир бир дардга мубтало бўлгандай, кейинги кунларда ўлиб қолишдан жуда қўрқарди. Кўрсатмаган доктори, табиби қолмади. Охири париликни бўйнига олди. Яширинча унча-мунча одам ўқиб, куфсуф қилиб турарди.

У бир ўғил, бир қиз кўрди, каттаси Фатхуллохон, ундан кейингиси Пошшахон. Пошшахон келишган, қорамтир мўйлабли бир йигит билан Хоразмга қочиб кетиб, хонадонни эсанкиратган. Ўн кун деганда дараги чиққан, шалпайиб, дами чиққан коптокдек шалпайган синглисини Пати Урганчдан олиб келган эди. Номусларга чидолмаган Шарбатхон ая уни акасидан олдин тўй қилиб, ўша йигитга узатмоқчи бўлди, аммо йигит қамалишга тайёрман, аммо бу қизга уйланмайман, дебди. Пошшахон сўмрайиб, данғиллама ҳовлисининг катта дарбозасидан ингичка бўлиб кириб келган. Бир неча ҳафта онаси ёнида туриб, ўша йигитнинг ялиниб келишини кутди. У келавермагач, Шарбатхон ая Пати билан Пошшахонни ёнига олиб, Урганчга учишди. Қуда бўлиши керак бўлган кимсалар билан гаплашиб, муросаи мадора қилишди, ҳар бир янги оила аввал шундоқ уруш-жанжалсиз бўлмайди, деб ўзларига тасалли беришди. Аммо бу уйда қанча яшамасин, эрининг кўнглини ололмади.

Пошшахон янги хонадонда бир муддат туриб, яна уйига қайтиб келди. Энди ўз ҳовлисидан Урганчга қайтиб кетмайдиган бўлиб келди. Илгари келганида шу атрофдан бир келишган йигитни топиб, у билан дон олишиб юрганини сезишган эди. У кейинги пайтларда биратўла уятни, номусни бир четга суриб қўядиган бўлди. Буниси қолиб, яна бошқа йигит билан ҳам юради. Она қизининг ҳаракатларини сезмас, тижорат билан овора эди. Патининг у билан мутлақо иши йўқ, пул топишнинг кетига тушиб кетган.

Ажралиш судида куёви хотинининг бузуқ хатти-ҳаракатларини айтишга мажбур бўлибди. Одамларнинг номларигача айтибди, аммо Пошшахон судда пинагини бузмай ўтирди.

– Майли, хоҳламасанг турмаймиз! Характеримиз келишмади, – деди Пошшахон ўрнидан туриб. – Кетавер! Лекин бундай майда фисқу фужур гапларни айтиб ўтириш нега керак? Сенинг эркаклик ғуруринг йўқми? Номард!

– Ҳақорат қилма!

– Ёқмадимми, бўпти, ажралишамиз! Мен ўзим ҳам умримни бир хез билан ўтказиб юбораманми, деб юрган эдим, судга мени чақирганинг яхши бўлди. Қани, қоғозни беринглар, қўл қўяман-у, кетаман!

Куёв берган медицина ҳужжати сабаб бўлиб, уларнинг ажрашишига суд ҳукм чиқарди.

Суд пайтида маҳалладан келган бир кекса ўқитувчи ёнидаги шеригига шивирлаб гапирарди:

«Эрининг кўзига чўп ташлаган, нопок йўлга ўтган аёлнинг тузалишига мутлақо ишониб бўлмайди. Бу сотқинлик касали эрни икки букади, оилани бузади. Бузуқлар аввал муҳаббат деган йилтироқ сўзларни ниқоб қилади, аслида бу гиёҳванддек «касал» – танини сотмаса туролмайдиган даражага етказади. Бундай аёллар ҳар қанча гўзал ва номдор оилалардан чиқмасинлар, охир натижада хор бўладилар».

Пошшахон ҳам ҳеч нарсадан қайтмайдиган, пул, тилло йиғадиган кимса бўлиб чиқди. Уни билмаган одам қараб туриб, бир яхши хонадоннинг иффатли келини бўлса керак дейди. Кўринишдан худо уни жуда кўркам яратган. Сўзамол ва ёқимли…

Бу хонадонга баъзан Патининг мактабдош дўстлари Ҳабиб билан Марат келиб туришарди. Ҳабибга бу ошнасининг сермурувват, дўстларидан доимо ёрдамини аямайдиган, камгап инсонлиги ёқарди. Аммо бирор нарсани онасидан бемаслаҳат қилмаслиги, Шарбатхон аянинг баъзан арзимаган нарса ҳам шахсига тегиб кетиб, жанжал кўтариши, кўкариб кетиб, ўзини каравотга ташлаши, бақиришлари Миёнхўжа амакини ҳам, Патини ҳам, Пошшахоннинг ҳам юрагини олиб қўйган. Улар Шарбатхон аядан қўрқардилар. Ҳабиб учун эса ошнаси Патининг ҳаддан зиёд молга, пулга ҳирс қўйгани ёқмасди. Ҳозирги пайтда баъзи кишиларнинг тилло тиш қўйиш, машинаси борлиги билан ғурурланиши кенг одат тусини олди. Ўзимизникиларнинг бу қилиғига қандай чидаш мумкин? «Мен кўксимни қалқон қилсам, – дерди Ҳабиб, – шу халқ учун қурбон бўлсам, у буни биладими? Димоғдор савдогарбаччалар, пул бандалари учун қурбон бўлиш – нодонлик каби туюлса керак.

Аммо бизни ҳам унутмайдиган одамлар бўлар, яхши одамлар кўп, дунёда ҳасад деган нарса бор экан, одамлар тинч яшай олмайдилар».

Ҳабиб дўсти Пати ва бу хонадонни ўйлар экан, унинг кўз олдида чумолибел, дўмбира орқа Пошшахон пайдо бўларди. Ҳар қандай гўзал, айни вақтда содиқ аёл ҳам баъзан сирли кучлар таъсири остида, бегонанинг ширин сўзлари-ю, ортиқча мақтови, хушомадлари, туҳфалари сеҳрида ақлу эркини бой бериб қўйиши мумкин. Шу тариқа оила таназзулга юз тутади. Ҳабиб Пошшахоннинг урганчлик йигитдан ажралганини «хато қилиб қўйгани» сабаб деб тушунарди.

Кўринишдан лўмбиллаган, «қўй оғзидан чўп олмаган» Пати ўзига етгунча олғир. Универсамдагилар «соҳибчангал» дейишади. Кейинги пайтларда бу, айниқса авж олди. Беш қўлини баробар оғзига тиққанга ўхшарди. Шилиш… Бу сўзни унақасига ўқисангиз ҳам, бунақасига ўқисангиз ҳам бир хил. Агар уни ёриб, ичига микроскоп билан қарасангиз ҳам, шилиш бўлиб чиқаверади. Агар уни ўн йил офтобга қўйиб, тарашадек қуритиб, ичини очсангиз ҳам шилиш бўлиб чиқаверади…

Эндиги ҳикоя Жамшидбек Зулфиқоров ҳазиллашиб «Шопур» деб атайдиган камтару камсуқум, ҳатто катта хонадон унинг исмини яхши билмайдиган ҳайдовчи йигит хусусида.