Дариғо, чечакдек бевафосен…
Хоразмий
– Эй! Ҳелло! Господин! Биз бу ерда! Келинг! – ғоятда кайфичоғликдан чақнаб турган Нигора ҳайдовчи йигитга мурожаат этди. Кейин ёнидаги дугоналарига қаради: «Господин» ўзбекчада нима дейиларди?
– Хўжайин, – деди қаддини таранг тутиб, чиройли орқасини кўрсатиб турган капалак кўзойнакли Сунбула олуча лабларини кувача қилиб.
– Йў-ўқ! Бошқача! – деди Нигора эркаланиб. – Мамам папамни шундай чақиради. Эҳ, какой-то бир архаик сўз бор эди! Нима эди ўша, мия ишламаяпти.
– «Эгам…» – деди ўзига унча ишонмай оппоқ тишларини кўрсатиб Маъсума. У билағон таржимондай дугоналарига маъноли қаради. – «Э-гам…»
– Йў-ўқ! – томоғини тақиллатди Нигора. – Не то!
– Месье, деб қўя қолайлик! Шуни ҳам ўйлаб ўтирамизми? Шунга ҳам ақл ишлатиш керакми? Ҳозир ҳеч ким ўзбекча гаплашмайди!
– Ўзбекча гаплашмасак ҳам бу сўзни билиш керак! Анави ҳайдовчи қизиқ одам, ўзбекча гапирмасам жаҳли чиқади. Жаҳли чиқиши у ёқда турсин, уриб юборай дейди. Рулда унинг ғазабини қўзғаш керак эмас! Қара, шу замонда шундоқ қолоқ одамлар ҳам бор-а, ўзбек тили, қозоқ тили, тожик тили… кимга керак? Наука бу тилда эмас! Экзамен бу тилда эмас! Лекция бу тилда эмас! Ҳамма вивескалар бу тилда эмас. Профессоримиз неча бор айтди, фақат чойхоналарда пенсионер ўзбеклар бу тилда гаплашади! Майли, гаплашаверишсин. Биз, йигирманчи аср кишиларимиз, компьютер, шоу, джаз… Лекин мана бу янги ҳайдовчимиз ғалати одам. Тушунмайман! Қаланғи-қасанғилар кўпайиб кетяпти. Ҳей, ҳелло!
– «Господин» «жаноб» дегани, тушундингизми? – деди ёнгинасида турган ўша дўппили ҳайдовчи йигит ранги оқариб. – Ўзбек тилида «господин» «жаноб» дейилади. Мен «жаноб» эмасман! Гапни бўтқа қилманг! Худо хайрингларни берсин! Одам хафа бўлиб кетаркан! Дадангиз, аянгиз қандай яхши одамлар! Бўтқа қилиб гапирган билан киши ақлли бўлиб қолармиди?! Шундай ақлли қизлар ўзини ўзи танимай, янглишиб юрса, хафа бўлиб кетар экансан, киши!
– Э, сиз бу ердамидингиз, жаноб!
– Ҳа, ёнингизда турибман, Нигорахон. Мен сизга ўргатмоқчи эмасман, сизлар ўқимишли қизларсиз. Аммо тилни булғаш яхши эмас! Бундан ташқари, ҳозир милодий ҳисоб билан йигирманчи аср, аммо ҳижрий ҳисоб билан ўн тўртинчи аср… Дунёда битта милодий йил эмас, ахир! Вьетнамда бошқача…
– Кечирасиз, ту-шун-дик… Друзья, давайте будем жить дружно!
– Ха-ха-ха-ха-ха-а!..
– Ҳи-ҳи-ҳи-ҳи-ҳи-и!…
– Ҳе-ҳе-ҳе-ҳе-ҳе-е!..
Чуғурчуқдек чуғуллашаётган қизлар бирдан жим бўлиб қолишди. Ҳозир машинага тушиш илинжида у билан тўқнашувга бормай келишишгандай бўлишди.
– Марҳамат, машинага чиқинглар! – деди ҳайдовчи йигит.
Қизлар эркаланиб, ҳайдовчининг кетидан бориб, нарироқда турган кумушранг машина эшикларини очиб, ичкарига киришди. Бу Нигоранинг адасига бириктирилган идора машинаси эди. Нигора ҳайдовчининг ёнига ўтирди. Улар яна илгаригидай шивирлашиб ўзбек сўзларини «мошхўрда» қилиб бир-бирлари билан гаплаша кетишди.
Июлнинг охирига бориб Тошкент ниҳоятда исиб кетди. Наинки, пойтахт, Хоразм воҳаси, Фарғона водийси, Самарқанду Бухоро, айниқса, Сурхон кенгликлари ғоятда қизиди. Қумга тухум қўйиб, беш дақиқадан сўнг пишганини олаверасиз. Илгари саратон чилласига чидаб бўларди, аммо ҳозирги иссиқ – шаҳарлар ҳавосидаги дуди-ғуборнинг заҳри, ерларнинг кимёвий ўзгариб бораётгани сабаб бўлдими, чилла саратонини Ўрта Осиё иқлими дўзахга айлантириб юборди. Тағин ҳам инсон кўникиб кетаркан, агарда илгари ўтиб кетганлардан бир кишини тирилтириб, ҳозирги ҳаводан нафас олдирсангиз борми, бечора бобо сувдан қуруққа чиқиб қолган тангабалиқдек оғзини каппа-каппа очиб, яна қайтадан жон берса керак! Бундай иссиқда агар сув тоза бўлса, чўмилганга не етсин!
– Сиз, жаноб, бизни «Ташкентское море»га олиб боряпсизми ёки бошқа томонга? – сўради чап томонига ўгирилиб Нигора.
– Буюрганингиз, ўша томонга.
– Бошқа кўчалар, бошқа йўллар-ку! Илгари папам, мамам билан келганимда бошқачароқ эди. Биз ҳозир западга кетяпмиз.
– Ҳукумат аъзосининг қизини чалғитиш менга нега керак? Биз ҳозир Тошкентнинг жануб томонига кетяпмиз. Сизлар Тошкентни яхши биласизларми?
– Биламиз! – деди кескин Нигора. Тўртинчи курс студентларига бу гап ёқмади, улар ўзича «беш дақиқаси кам олий маълумотли» эди. Уларга нисбатан: «Сизлар Тошкентни биласизларми?» демоқ оғир туюлди.
– Биз Тошкентнинг ҳамма кўчаларини биламиз! – деди орқада ўтирган Сунбула бидирлаб. – Тошкент центр, у («а» билан аташга одатланган) тарихий шаҳар, бу ерда тош кўп бўлган. Шаҳар илгари тошдан қурилган. Шу сабабли «Тошкент» дейилган.
– Ўз шаҳримизни билмасак, одам бўлмай қолибмиз-да! – деди Интизор. – Тошкент тарихини ўқиганмиз. Самарқанд, Бухорони ҳам… Тўғри, Тошкентда тош кўп бўлган.
– Рулда кетаётганда гаплашиш мумкин эмас, бизга ман этилган. Лекин жуда тўғри келиб қолди, ана, орқада «Тошкент тарихи» деган китоб турибди. Биз, ҳайдовчилар, кўп кутамиз, шундай чоғларда китоб ўқиймиз. Олинг ўша китобни, 96-бетини очинг, Тошкент тарихи тўғрисида гап бор, – деди ҳайдовчи Интизорга қайрилиб қараб.
Сунбула газета-журналлар билан бостириб қўйилган китобни олиб, қизларга кўрсатди.
– «Тошкентнинг номи икки минг йиллик ўтмиши мобайнида бир неча бор ўзгарган. Бизгача етиб келган ёзма манбаларга қараганда, Тошкентнинг энг қадимги номи «Чоч», араб алифбосида «ч» ҳарфи йўқлиги боисидан арабий асарларда «Шош» деб юритилган. Ўрта асрларда Чоч, Чочкат, Шош, Шошкат, Шошкан, Мадинат-аш-Шош деб номланган…»
– Қадимги буюк Кушон давлатининг шарқида Шош ва Мароканд бўлган. Кушон давлатининг тараққий этган даври милодий, ҳижрий даврларидан анча узоқ, – деди ҳайдовчи йигитнинг яна гапдонлиги тутиб.
Нигора ҳам, Сунбула ҳам лол қолишди. Бир лаҳзадан кейин Нигора ҳайдовчи йигитга қараб қўйди-да, индамади. «Инглиз лорду ледиларидек ўзидан паст кишилар юзига тикилмасди», чунки паст табақа кишилар лордларга боқиши керак (Ҳиндистонда улар шундай қилиқлари билан эл ичида обрўлари тушиб кетган эди). Нигора бу гапни қаёқдандир эшитиб, юқори мартабали кишиларга, ота-онасига, профессорлари юзларига боқарди-ю, аммо ўзгаларга нигоҳ ташламасди, уларнинг Нигорага боқишларини, ҳатто олдинроқ салом беришларини истарди. Ҳайдовчи ҳам шунинг учун унинг энсасини қотирганди.
– Ҳали узоқми? Қанча қолди?
– Етдик. Икки чақиримча қолди.
– Эҳтиёт бўлишларингни илтимос қиламан! Сув ёмон! Омон-эсон ота-оналарингиз қўлига топширсам дейман. Умуман, идора машинасида бунақа узоқ юришимиз тўғри эмас. Менга барибир, аммо адангизга гап тегиб қолиши мумкин.
– Бунақа гапларни қўйинг! – зарда қилди Нигора. – Адамларнинг номларини тилингизга кўп олманг! Умуман, катталар номини тилга олавериш яхши эмас! Умуман, бундай ёқимсиз гаплар билан бизнинг настроениемизни туширганингиз яхши эмас!
– Кечирасиз. Кайфиятингизни туширадиган бирон гап айтганим йўқ. Агар сизга шундай туюлган бўлса, кечирим сўрайман. Мен фақат сувга эҳтиёт бўлинглар, оқар сувдан ҳам кўл суви хавфли, дедим. Узоққа борманглар! Яқинда Сирдарёда бир министр чўкиб кетди.
– Ҳамма гапни ҳайдовчилар билади! – деди кескин Нигора. – Ҳайдовчилар вайсақи хотинлардан ҳам баттар!
– Тўғри айтасиз. Лекин мен сизнинг бу гапларингизга хафа бўлмайман. Тарихда ҳам ҳеч ким аравакашдан хурсанд бўлган эмас. Кушон давлатида бошқа юртга сир етказасан, деб аравакашни, карвонбошини ўлдиришган, барибир тиллога жез қўшасан, деб заргарни осишган.
– Ўша Кушон давлатида қизлар бўлганми?
– Маъжусий қизлар бўлган, сизга ўхшаб дини йўқ, тили мошхўрда бўлган…
– Маъжусий нима?
– Исломгача ўтга, сувга сиғинадиганлар.
Қизлар машинадан тушиб, кўл томон югуришди. Уларнинг портфелларида чўмиладиган либослари бор эди, ҳужрачаларга киришиб, кийимларини ўзгартира кетишди. Бир лаҳзадан сўнг қизлар сувга тушишдан аввал тўпланишиб, ниманидир шивирлашди. Атрофдаги яланғоч кишиларга тикилишди. Кўл қирғоғида чўмилиш кийимида ётган аёллар, болалар, кишилар кўп эди. Тошкентнинг ишчи районларидан ҳам одамлар кўп чиқишган экан. Машинанинг тўрт эшигини ланг очиб, қизларни пойлаб ўтирган ҳайдовчи йигит қўлига газета олиб, ўқишга тутинди. Негадир улар йигирма қадамча нарида ниманидир гаплашиб, тез-тез машина томон қараб қўйишаётгани ҳайдовчининг диққатини тортди. Бир лаҳзадан сўнг чўмилиш либосида, кўкси сийнабанд билан боғланган Нигора ҳайдовчи йигитнинг ёнига келди:
– Ака! Мана бу тилла соатларимиз, бриллиант зиракларимиз сизда турсин.
– Хўп бўлади, – ҳайдовчи шимининг чўнтагидан рўмолчасини олиб, қизларнинг олтин тақинчоқларини ўраб, ёнига солди.
– Эҳтиёт бўлинг, ўғрилар кўп.
– Сиз ўзингиз эҳтиёт бўлинг, сув ёмон! Бу қимматбаҳо нарсаларни ўғрининг ўзгинасига бериб қўйдингиз.
Нигора жилмайди.
– Сиз ўғирласангиз, майли, – у оҳулардек ўйноқлаб, чиройли елкаларини у ёқ бу ёққа ташлаб кўл соҳили томон чопиб кетди.
Ҳайдовчи йигит унга астойдил тикилди, баданлари жимирлашиб кетди. «Бу ўзи нима? Мўъжиза-ку!» Бепарво Нигора бўлса, кулиб, дийдираб, дугоналарининг ёнига етди. «Дарҳақиқат, бу маъжусий инсоннинг ўзгинаси», деди ичида ҳайдовчи йигит.
Ҳайдовчи қўлидаги газетани қўйиб, хаёлга толди: бундай гўзал қадду қоматни биринчи кўриши. Хўрсинди. Ё тавба, кўйлаклар ичида инсон гўзаллиги яширинар экан, қадду қомат билинмас экан. Бир ҳисобда «замонавий» – «маъжусий» қизларнинг бундай тортинмагани ҳам маъқул. Лекин бир ўзбек қизига ҳадеб ўт бўлиб тикилаверишни ҳам ўзига эп кўрмади. «Яхши эмас! Инсоф қани!» Яна газетасини қўлга олиб, ўқишга тутинди. Бир лаҳзадан сўнг хаёли яна Нигора томон учди, унинг диққатини батамом қамраб олиб, жунбишга келган йигит нотинчлана бошлади. Ўзини қўярга жой тополмай, машина ичидан чиқди-да, кўл четида ғўдайиб туриб, чўмилишаётган, қийқиришаётган, бир-бирига сув сепишаётган қизларни томоша қилди. Қирғоқда одамлар кўп бўлгани ҳолда ҳайдовчи йигитнинг пайдо бўлиб, яқин келганига кўзи тушган Нигора уялиб, қоматини сувга яширди. Йигит бунда балиқдек типирчилаб чўмилаётганлар орасидан Нигорани топиб, унга тикилди. Бу ҳолатни сезган Нигора яна бир муддат тўхтаб, кўксини сувдан чиқармай, қўллари билан беркитиб, кўл ёқасига келган ҳайдовчига: «Нима? Нима гап?» дегандай имо қилди. Ҳайдовчи қўлини қимирлатиб: «Ҳеч гап, ўзим шундай томоша қилгани келдим», ишорасини қилди. Шундан сўнг у қирғоқда орқаларини дўппайтириб ётган оқ, сарғиш хотинларга қаради. Суқ билан тикилди. Бу ҳолни кўрган Нигоранинг энсаси қотди, у қизлар ичра нима қилишини билмай, хомуш турган эди, ҳайдовчи йигит яна орқасига қайтиб бориб, газета ўқишга тутинди. Уч соатлардан кейин қизлар дилдираб, оқариб сувдан чиқишди; тахта ҳужрачаларга кириб, кийинишди. Ўлгудай қорнилари очиб, тезроқ бу ердан кетишни истарди. Шу ерда яланғоч бир семиз хотиннинг бир қўлида нон, бир қўлида пиёз, лунжини тўлдириб овқат еяётганини кўриб, оғизларининг суви келди.
– Қани девзирадан бир лаган ош бўлса, нима қилардиларинг, қизлар? – деди дилдираб Сунбула.
– Ош эмас, бир бурда нон бўлганда ҳам ўйнаб берардим, – деди хахолаб Нигора.
– Ҳаммамиз ҳам ўйнардик, – деди Интизор. – Газетага ўраб бир нима олиб келмаган эканмиз-а. Мен эрта билан чой ичмаган эдим. Жуда нодонмиз-да!
– Ўлларинг! – деди тишларини такирлатиб, титраб Нигора. – Ҳаммамиз ҳам очмиз. Ана ундан нон сўрайликми? Термос олиб юрарди. Эҳтиёткор ҳайдовчи. Ёки пасткашлик бўлармикан? Сўрайвераман! Ҳей, ҳелло! Ака! Сизда бир бурда нон йўқми? Термос олиб юришингиздан нон ҳам бўлса керак, деб ўйладик.
– Машинага ўтиринглар! – у буйруқнамо гапирди. Дарҳақиқат, термоси бор эди, тезда пиёлага иссиқ чой қуйиб, Нигорага узатди. Сўнг бошқаларга ҳам. Газетага ўроғлиқ бир кулча нонни ушатиб, қизларга улашди. Қизлар учун бу кулча бир лаган девзира паловдан ҳам аъло бўлиб кетди. Нонни еб, яна бир пиёладан чой ичиб олганларича, ҳайдовчи беш-ўн қадам нари бориб, сигарета чекди. Дилдираган қизлар танига ҳарорат югурди.
– Энди кетсак бўладими? – сўради ҳайдовчи.
– Бўлади, – деди Нигора.
– Сизга раҳмат! – деди Сунбула.
Машина эшиклари қарс-қурс ёпилиб, йўлга тушишди. Орадан ўн дақиқача ўтгач, ҳайдовчи машинани чиройли бир боғча ёнида тўхтатди.
– Қани, тушинглар!
– Нега тушамиз? – Нигора ажабланди.
– Мана шу ерда ош ҳам бор, кабоб ҳам (боя уларнинг ош ҳақидаги гапларини эшитган эди). Озгина овқатланиб олмасанглар бўлмайди.
– Йўқ, биз уйга етиб оламиз.
– Уйда ош дамлаб, кутиб ўтиришибдими? Тушинглар! Бу ерда менинг ошнам бор, кабобни ҳам, ошни ҳам боплайди.
– Туша қолайлик, – деди Сунбула.
– Бир бурда нон билан ҳам бўладими? Сизларни билмайман-у, менинг қорним ўлгудай оч, – деди Интизор.
– Бўпти, – деди Нигора, – тушдик.
Ҳайдовчи йигит аллақачон ошпаз ёнига бориб, тўрт тарелкада ош, устига икки сихдан кабоб буюрди. Яна нималар деб ошпазга шивирлади, қизларни кўрсатди. Ошпаз унинг таниши эканлиги муомаласидан сезилиб турарди. Қизлар столга ўтириши билан беш дақиқа ўтар-ўтмай бир йигитча косада ош, кабоб ва ундан сўнг икки чойнак чой, нон, аччиқ-чучук олиб келиб қўйди. Ҳайдовчининг ўзи ошпаз ошнаси ёнида ўтирди. Қизлар хурсанд, ҳаш-паш дегунча ошни ҳам, кабобни ҳам туширишди. Чой ичиб, ўринларидан тураётиб, пулини кимга тўлаймиз, деб олазарак бўлишаётган эди, ҳайдовчи уларга: «Пули тўланган, безовта бўлманглар», деди.
– Бизни уялтирманг, ака, ўзимиз тўлаймиз, – деди Нигора.
– Тўлаб қўйдим. Безовта бўлманг, Нигорахон! Меҳмонимсизлар.
– Бу нима қилганингиз, ҳам хизмат, ҳам овқатимизгача олиб берсангиз?
– Нима бўпти! Хизмат қилсак қилибмиз-да!
– Айтмоқчимизки, сиз ҳам зарплатага яшайсиз.
– Маош, денг.
– Ҳа, маош…
– Маош етарли. Яширмайман, тўғри келиб қолса, дадангизнинг машиналарида «гап»га ҳам юраман…
– Ха-ха-ха-ха-а!
Қизлар кулиб юборишди. Минбардан гапириладиган гаплар эмас, мана бунақа сўзлар уларга ёқарди.
– Дадангизга айтиб қўйманг бу гапни, ишдан қувиламан-а!
– Йўқ, ҳеч айтмайман! Шашликлар билан меҳмон қиласиз-у… сизни сотмаймиз!
– Кабоб денг.
– Ҳа, кабоб…
– «Немисча ҳисоб-китоб» бизларга тўғри келмайди. Бу биз ўзбек ва тожикларнинг баъзилари айтаётганидай «кам ақллилигимиз», «қўйлигимиз»дан эмас, умуман, бизнинг табиатимизга тўғри келмайди. Ҳозир ўрни бўлмаса ҳам гап очилиб кетгани сабабли айтаётирман, бу феълимиз жуда узоқдан келади. Амир Темур замонидан ҳам илгари, Луқмони Ҳаким замонидан ҳам илгари бизлар шунақа эканмиз. Бутун дунёни боқаман деган Ҳотам Той ҳам биз, ўзбекларнинг ичимиздан чиққан. Бу гапларни мен ичимдан чиқараётганим йўқ, бир мўътабар домла айтганлар.
Ҳайдовчи йигит тўрт қизнинг ҳам диққатини тортди. Лекин бу тўрт қиз юрагида ҳайдовчига тегишни эмас, кам деганда доцент, катта хонадон фарзанди, келажакда катта одам бўладиган йигитни орзу қилишарди. «Лекин ўзбекнинг яхши йигитларига, айниқса районларда яшовчи йигитларга лўмбиллаган оппоқ татар қизлари осонгина тегиб оляптилар», деган эди бир куни Нигора. «Улар на катта сеп гарнитура, на дабдабали тўй сўрайдилар. Ресторанда йигирма кишилик зиёфат билан тегиб кетаверадилар…» Бу гапни айт ган Нигора хаёлига донгдор бир хонадон келди, улар Нигорага оғиз солган эди, икки катта мансабдор қуда бўлишни исташган эди. Аммо адасини ўртоғининг тўрсайган ўғли Нигорага ёқмаган. Нигора совуқ кишиларни ёқтирмас, «столба» деярди. Мана шу «столба» ҳозир келишган бир кўккўз қизга уйланиб олди.
Орадан ҳафта ўтди. Жума куни эрта билан адасини хизматга олиб кетиш учун келиб, кўчада турган ҳайдовчига Нигора соат бешга келишини тайинлади. У адасига «профессор анчадан буён касал ётганини», дугоналари билан стационарга бориб, кўриб келишини айтди. У кўп вақт отасининг розилигини олмай машинада кетаверарди, ҳатто гараждан ҳам машина чақиверарди. Бундай «мелоч»ларни айтиб, отасининг «республика миқёсидаги хаёлларини бузиб, диққатини тортмасликни» ҳайдовчига ҳам, бошқаларга ҳам айтиб қўйган. Ҳозир ҳам шундай қилмоқчи эди, аммо бу гал ҳайдовчи ёнида атайин ўзини кўрсатиб, отасини огоҳлантирди: «Папочка, стационарга борамиз, рухсатми?» «Майли, қизим, эҳтиёт бўлинглар», деди ота.
Роппа-роса соат бешда машина институт биноси ёнида, кўчада Нигорани дугоналари билан келишини кутиб турди. Беш яримларда кайфи чоғ, ўйноқлаб келган Нигора кечиккани учун ҳайдовчидан узр сўради. Кейин дугоналари бормаслиги, ёлғиз ўзи стационарга боришлигини қўшиб қўйди.
– Қани, кетдик!
Камгап ҳайдовчи дарҳол машинани гуриллатиб, қадимий Шўртепа томон учиб кетди. Бозор олдидан ўтишда Нигора машинани тўхтатишни сўради.
– Кекса профессоримизга олма, анор, узум олиб чиқсаммикан? Бозорда қоғоз пакет топилади-а?
– Ўзим олиб чиқаман. Сиз машинада ўтириб туринг.
– Э, раҳмат сизга! Мана буни олинг! – Нигора ҳайдовчига ўн сўмлик пул узатди. У иш буюрганида ўзбек сўзларини бўтқа қилмай, атайин шу сержаҳл ҳайдовчи учун тоза ўзбек тилида гапиришга интиларди.
– Менда пул бор, безовта бўлманг…
– Йўқ, буни олинг! – Нигора кескин гапирди.
– Хўп бўлади, – ҳайдовчи пулни олиб, бозорга кириб кетди. Бир лаҳзадан сўнг каттагина қоғоз пакетда Нигора айтганидан аъло қилиб, олма, анор, узум ва тўртта чиройли кулча нон ҳам олиб чиқди.
Нигора ташаккур айтди. Яна машина гуриллаб юрди.
Стационар дарбозасига етишгач, Нигора панжаралардан касалхона боғига қаради, унинг учун ноқулай бўлса-да, пакетдаги олма-анорини кўтариб кетаётган эди, ҳайдовчи йигит кабинадан югуриб чиқди.
– Мен олиб бориб берай.
– Йўқ, йўқ!
– Жуда бўлмаса бино олдигача.
– Йўқ! Сиз машина ичида кутиб туринг! Мен ўзим.
– Ихтиёрингиз.
Нигора каттагина пакетни қучоқлаб, касалхона боғига кириб кетди. «Сиз машина ичида ўтириб туринг» сўзи ғалати туюлди. Ҳайдовчи итоат тарзида дарҳол кабинага кириб, эшикларни қарсиллатиб ёпди. Лекин Нигора эллик қадамча юргач, йигит машинадан чиқиб, орқама-орқа панжара ёнига келди. Кузатди. Шу лаҳза «мункиллаган, мўйсафид профессор…» эмас, йигирма беш ёшлардаги қирчиллаган, қадду қомати келишган йигит ўриндиқдан туриб, Нигорани кутиб олди. Узоқроқда ўтирган хаста кексаларга ҳам парво қилмай, тортинмай ўша йигит Нигоранинг юзидан ўпди. Улар ўриндиққа чўкиб, пакетни ёнларига қўйишди. Нигора бироз безовталаниб, панжара орқасидан ҳайдовчи кўрмаётганмикан, деб хаёл қилди. Ҳа, ҳайдовчи йигит бемалол ўша «нуроний профессор»ни кўриб турарди. Ёлғон гапирмаса нима қиларкин, ахир унинг Нигорага бир нима дейишга ҳадди сиғмайди-ку!
Бу, ўша Ҳабиб. Уни ҳайдовчи йигит танийди, неча бор у билан бирга кўрган. Уни «кекса, нуроний профессор…» деб алдаганидан ҳам хафа бўлгани йўқ, чунки бу муҳаббат. Иккиламчи, бошқа оила сирини билишга уриниш одобдан эмас, тўғриси, бу номардликдир! «Энг пасткаш инсон ўзга оиланинг ички сирини билишга қизиқади ва гап тарқатади», деди ўзига ўзи ҳайдовчи йигит.
Стационар боғида Нигора билан Ҳабиб бир соатдан мўлроқ гаплашиб ўтиришди. Хайрлашиш узоқ бўлди. Ҳабиб яна Нигоранинг юзидан ўпди. Ҳайдовчи йигит юзини ўгириб, аллақачон машинаси кабинасига кириб олган эди. Негадир унинг ичи ёнарди.
– Ака, мана, мен келдим, – деди Нигора машина ёнида тўхтаб, ҳайдовчи йигитга мурожаат қилди, – профессоримиз анча тузуклар. Чол жуда хурсанд бўлди. Адамлардан салом айтдим. Қадимги Кушон давлатида ҳам ёшлар кексаларни ҳурмат қилганми? Сиз тарихни яхши биласиз-ку!
– Ҳа, – деди ҳайдовчи йигит, – ҳижрийдан ҳам, милоддан илгари ҳам, Кушон давлати вақтида ҳам гўзал қизлар ўз «ёш профессорлари»ни жуда ҳурмат қилганлар. Бу такрорланиш кейинги минг йилликларда ҳам бўлади.
– Ха-ха-ха-ха-а! Кўриб турган экансиз, ака! У – курсдошим… Сиз мени «Кушон давридаги маъжусий қиз» деб атадингиз, ҳозир ҳам шу фикрдамисиз?
– Албатта. Сиз, дарҳақиқат, малаксиз. Рашк қилишга ҳаққим йўқ, мен бир бечора ҳайдовчи кишиман… Дадангизлар мени «Шопур», атайдилар. У Фарҳоднинг дўсти. Бу ном менга ёқади…
Нигоранинг чеҳрасидаги табассум сўниб, ўйланиб қолди.
Эндиги ҳикоя, азизларим, бизлар ҳамсоя бўлиб яшаб турган ўзгача тартибдаги хонадон ва ўзгача хулқ-атвордаги одамлар ҳақида баҳс этади. «Алиф Лайло ва Лайло» каби камина сизни зериктирмаслик, эртанги кунга умид бағишлаш ҳамда ибрат тарзида ушбу ҳикояни бошлайман.
О проекте
О подписке
Другие проекты
