Мени синглим дединг, тутдинг наботлар,
Яна этдинг менга не илтифотлар.
555 Мукофотинг бўлурму бўйла беқайд?
Бу қотиллик менга не бергуси, айт?
Аъробий чин хирадманд эрди, оқил,
Аёлнинг сўзларин чин англади ул.
Муҳаққақ билдиким, ул бегуноҳдир,
Ва лекин бунда турмоғи табоҳдир.
Аёлга дедиким, не бўлса, бўлди,
Бу манзилда туролмассен, кет энди.
Ки ишни хотиним кўргуси сендан,
Сени кўрса, тушар ёдига фарзанд.
560 Ғами чун лаҳза-лаҳза тоза бўлгай,
Аламлар унда беандоза бўлгай.
Сени койир, ўзига эшламас ул,
Магар мен хушласам-да, хушламас ул…
Аъробий ундади кетмоққа они,
Анга уч юз дирам берди ниҳоний.
Деди: йўл харжи қил, ҳар не улушди,
Аёл олди дирамни, йўлга тушди.
Ғаму андуҳ чекиб, йўл босди, юрди,
Йироқдин бир хароб қишлоқни кўрди.
565 Кўринди йўл бўйида дор оғоч ҳам,
Халойиқ эрдилар атрофида жам.
Ва дор қурбонига тикмишдилар кўз,
Турарди бир йигит дилхун, жигарсўз.
Фалакка ўрлар эрди чекан оҳи,
Аёл сўрди: ким ул, недир гуноҳи?
Дедилар: ушбу қишлоқ кўпу ози
Ситамгар бу амирнинг мулки хоси.
Амир бермиш уни осмоққа буйруқ,
Хирожга бергали маблағ, пули йўқ.
570 Аёл сўрди: хирожи кўпми, камдир?
Хирожи, дедилар, уч юз дирҳамдир.
Деди дилда аёл: гар меҳрибонсен,
Сотиб ол жонни, сен ҳам бўйла жонсен.
Халос этдинг ўзингни тошу дордин,
Халос этгил уни бул кирдикордин…
Ва сўрди: ҳаққига берсам агар пул,
Уни сотгайму? Дедилар: сотар ул.
Ҳамоно берди ул уч юз дирҳамни,
Йигитнинг бошидин даф этди ғамни.
575 Дирҳамни бердию, бас, тушди йўлга,
Йигит елдек елиб, эргашди унга.
Аёлни кўрдию ўртанди жони,
Фалакка юксалиб ишқи фиғони.
У фарёд айламакни кўрди чун эп,
Нечун дордин халос этдинг мени, деб.
Дер эрди: дорда жон берсам баногоҳ,
Бошимда бўлмас эрди бўйла савдо.
Аёлга кўп ялинди, бўлмади суд,
Олов гар бўлмаса, қайдин келур дуд…
580 Яна ёлборди унга, этди зорлик,
Ва лекин келди ёлғиз шармсорлик.
Аёл деди анга: эй ношукр зот,
Халос қилдим, шуми менга мукофот?
Йигит дедики, олдинг жону дилни,
Нечук сендин узармен бу кўнгилни?
Басе сўз айтдилар ҳам юрдилар мўл,
Кўринди кўзга денгиз бирла соҳил.
Ва соҳил бўйида бир кема эрди,
Ичи молу бозургон тўла эрди34.
585 Йигит ишқида кўрмай чун самарни,
Чақирди ёнига бир савдогарни.
Деди: бордир канизак менда ойдек,
Канизак кўрмадим ул худройдек.
Ўжар, қайсардир ул, не чора қилгум?
Ўзимни тобакай овора қилгум?
Агарчи тенги йўқ ҳусну чиройда,
Чу андоқ феъли бор, андин не фойда?
Талашсам, ўзни боз сарсон этармен,
Агарда истасанг, сенга сотармен.
590 Аёл деди кишига: эй харидор,
Талаш этма мени олмоққа зинҳор.
Эрим бордир менинг, озод аёлмен,
Бу номард дастидин ранжу малолмен…
Бозургон боқмади бу оҳу зорга,
Сотиб олди аёлни юз динорга.
Ва судраб кемага миндирди зўр-ла,
Ҳамон қўзғалди, йўлга тушди кема.
Бозургон чун кўриб ул қадду рухсор,
Аёлга жон била бўлди харидор.
595 Дилида рағбати ўт олди онинг,
Наҳанги шаҳвати қўзғалди онинг.
Аёл сорига ўзни отди ул бот,
Аёл шўрлик кўтарди доду фарёд:
Мусулмонсиз ҳамма, мен ҳам мусулмон,
Ҳамма иймонлисиз, ҳам менда иймон.
Мен озодмен, эрим бор, боникоҳдир,
Гувоҳи содиқим ёлғиз Худодир.
Онангиз бор магар, ҳам опа-сингил,
Қизингиз бор яна, исмат аро ул.
600 Уларга гар биров дахл этса шул он,
Гумон йўқ, ҳолингиз бўлгай паришон.
Уларни қўймагайсиз зору ночор,
Нега жимсиз мени чун этсалар хор?
Ғарибмен, йўқсилу бекимса, хормен,
Заифу ожизу зору низормен.
Куйик жонимга берманг мунча озор,
Бугун бордир, ва лекин эрта ҳам бор.
Аёлда тил, забон тиғ эрди, дил ҳам,
Чу кема аҳлини ёндирди шул дам.
605 Ҳамма бир-бир келиб, ёр бўлди унга,
Нигаҳбон бўлди, ғамхор бўлди унга.
Вале ҳар кимса кўрди ул қамарни,
Бўлиб шайдо, унутди баҳру барни.
Ва кема аҳли ул барча баякбор,
Аёлга бўлдилар чун ошиқи зор.
Ҳамма бийрон бўлиб сўзларди андин,
Ҳамма ишқ дарсини кўзларди андин.
Ҳамма дилларда эрди иштиёқи,
Бу йўлда эрди диллар иттифоқи.
610 Дедилар: ёприлиб хотинга ногоҳ,
Етармиз барчамиз орзуга, илло.
Аёлга етди ҳисса бу хабардин,
Денгизни ювди ул хуни жигардин.
Нидо солди: аё донойи асрор,
Бу шумлар дастидин жонимни қутқар.
Чу билмасмен ўзингдин ўзга касни,
Бу бошлардин чиқарғил бу ҳавасни.
Мени ўлдир, йироқ тутгил бу ишдан,
Ўлим афзал менга бундоқ юришдан.
615 Нажот бахш айла ё бергил ўлим – ўқ,
Ки бундоқ изтиробга тоқатим йўқ.
Мени чун бағрихун этдинг замонда,
Менингдек сарнигун борми жаҳонда?
У ҳушдин кетди сўнг андоқ чекиб ун,
Ки денгиз бағрида қўзғалди тўлқин.
Ва тўлқин бағридин юксалди оташ,
Ёйилди денгиз узра ўт, балокаш.
Туташди, кема аҳлин чирмаб олди,
Ёқиб, ёндирди, боз оташга солди.
620 Ҳамма кул бўлди бир зумда баҳарҳол,
Ва лекин қолди боқий сарвату мол.
Кейин ел эсди мунис, мушфиқона,
Шаҳарга бўлди кема ул равона.
Аёл сурди, супурди кемадин кул,
Ва эркаклар либосин кийди буткул.
Деди: ишқи балога учрамай боз,
Юрай эркак каби бошим тутиб ғоз.
Чиқиб халқ кўрдиким, бир кема шунда,
Ва бир барно йигит бор эрди унда.
625 Азим бир кемада ул эрди танҳо,
Бисоти – бир жаҳон юк, молу ашё.
У офтоб юзлидин халқ сўрдилар ҳол:
Нечук ёлғиз ўзингда бул қадар мол?
Деди: токи қошимга келмагай шоҳ,
Бу сирдин этмагум ҳеч кимни огоҳ.
Хабар етказдилар подшога: шул кез
Етишди кемада бир кимса ёлғиз.
Азим бир кема, унда беҳисоб мол,
Йигит айтмас бировга, не эмиш ҳол?
630 Таажжуб этди шоҳ, соҳилга тушди,
Ўшал барно йигит бирлан кўришди.
Унинг ҳолини сўрди шоҳи ҳушёр,
Деди: бул кемада халқ эрди бисёр.
Жамулжам йўлга тушдик, бетанаффус
Сузиб, йўл босди кема кеча-кундуз.
Ва кема аҳли мендек бенавога
Солиб кўз, тушдилар ҳирсу ҳавога.
Худога илтижо этдим ҳамоно,
У шумлардин нажотим берди Оллоҳ.
635 Чу оташ урди Ҳақ, битди қабоҳат,
Улар кул бўлди, мен қолдим саломат.
Мана, кўргил ўзинг, не ҳолу сирдир,
Уларнинг жисми энди кул, кўмирдир.
Менга ибрат етишди андин, асрор,
Эмасмен молу дунёга харидор.
Ҳамма молу бисотим ол, аё, сен,
Вале бир ҳожатим этгил раво сен.
Шу денгиз бўйида бир нурли маъбад
Қуриб бергил менга, айлай ибодат.
640 Буюргил, ҳар нечук яхши, ёмон кас
Бошимга келмасин, турсин йироқ, бас.
Худойимни куну тун ёд этай мен,
Ва умрим борини шунда ўтай мен…
Шаҳу лашкар эшитгач бу каломни
Ва кўргач ул каромату мақомни,
Этишди сидқи иймон бирла қуллуқ,
Унинг ҳар ҳукмига жон бирла қуллуқ.
Этишди унда бир маъбадни барпо,
Кўриб, ул каъбами, дерсан, мабодо.
645 Аёл бўлди ибодат бирла машғул,
Мудом сабру қаноат бирла машғул.
Ажал етди чу шаҳга, найза урди,
У барча аҳли арконни чақирди.
Дедиким, кўз юмиб кетсам жаҳондин,
Жаҳон отлиғ бу турфа хонумондин,
Анув зоҳид йигит ўрнимда турсин,
Бўлиб шоҳ, амр ила фармонни берсин.
Ки то осуда бўлсин эл, раият,
Бажо айланг буни, этдим васият…
650 Шу гапни айтдию жон таслим этди,
Юриб йўқлик сари, мақсадга етди.
Аёлнинг олдига келди вазирлар,
Раият бирла аъёну амирлар.
Не эрди шоҳда ният, бўлди оғоз,
Не эрди ул васият, айтдилар боз.
Дедилар унга: бас, ҳукми равосен,
Юрит ҳукмингни, бизга подшосен.
Аёлга келмади хуш бўйлаким кор,
Қачон бўлгай, деди, зоҳид жаҳондор?
655 Дедилар унга: эй зоҳид нишона,
Ўтиргил тахтгаву қўйил баҳона.
Аёл деди: йўқ эрса ўзга чора,
Менга хотин керак чун моҳпора35.
Ки бўлсин маҳрамим, жуфти ҳалолим,
Баҳам кўрсин ҳамма ранжу малолим.
Улуғлар дедилар: ҳар кимда қиз бор,
Бирисин сайлаб олгил, эй ҳукмдор.
Деди ул: юзта қиз омода бўлсин,
Аноси бирла сўнг қошимга келсин.
660 Бари келсин қошимга, кўз солай мен,
Улардан биттасин сайлаб олай мен.
Улуғлар этдилар ҳозир ўшал кун,
Келишди юзта қиз ораста, гулгун.
Барида талъат эрди, дилраболиғ,
Бари бошин эгиб, шарму ҳаёлиғ.
Кутарди интизор ул барчаким, шоҳ
Ўзига кимни айлар ёри дилхоҳ?
Аёл кўрсатди ўзни ва деди: бас,
Аёлга подшолик жоиз эрмас.
665 Боринг, бу гапни эркакларга айтинг,
Бу юкни ортмасинлар менга, айтинг.
Аёллар ҳайрат ичра қайтдилар то,
Улуғлар бўлдилар бу гапдин огоҳ.
Бу гапни ким эшитгай, кимки дерди,
Ҳамма ҳайрон қолиб, ҳайратда эрди.
Аёлга бир аёлни йўллашиб боз,
Дедилар: эй валиаҳди сарафроз,
Бировни танла, бизга подшо қил,
Йўқ эрса, бизга подшолик бажо қил.
670 Бировни этди шоҳ, чун эрди мақбул,
Ўзи бўлди ибодат бирла машғул.
Бировни шоҳ этиб илки-ла лекин
Ўзи бир чўзмади сарватга илкин…
Сен эрсанг, эй ўғил, нон деб баякбор
Жаҳонни осту уст этмоққа тайёр.
Аёл бир боқмади давлат учун-да,
Бу янглиғ борми бир эрлар ичинда?
Жаҳонга кетди овоза фалон деб,
Ки пайдо бўлди бир соҳибқирон деб.
675 Дуоси мустажобдир, бўйла кас йўқ,
Ки эрлар ичра унга ҳамнафас йўқ.
Касалларга саломатлик етишгай,
Фалажлар тикка тургай, йўлга тушгай.
Жаҳонда бўйлаким овоза бўлди,
Таралди номи, беандоза бўлди.
Аёлнинг эри алҳол қайтди ҳаждин,
Вале ному нишон йўқ эрди андин.
Уйини кўрди ул бир йўла вайрон,
Иниси кўр эди, дилхаста, гирён.
680 Фалаж бўлмиш эди унда оёқ, қўл,
Тўшакка михланиб қолмиш эди ул.
Етиб унга аёлнинг изтироби,
Уни тутмиш эди дўзах азоби.
Ағоси ҳаққидин ўт ичра жони,
Ёнарди ҳар нафас эт, устухони.
Ағоси сўрди ундан ўз аёлин,
Иниси бўйла англатди заволин:
Зино қилди сипоҳий бирла чандон,
Гувоҳлик берди бунга неча инсон.
685 Уни сангсор этингиз, деди қози,
Эшитганлар ҳукмдин бўлди рози.
У сангсор ичра кетди хору нолон,
У ўлди, сен омонсен, айла шукрон…
Эшитди чун суханни марди маҳжур,
Бу ҳижрону аламдин бўлди ранжур.
Ва урди ўзни, йиғлаб ғамга ботди,
Тутиб бир гўшани, мотамга ботди.
Инисин кўрди чун пажмурдаву зор,
Тилидин ўзга ҳар аъзоси абгор.
690 Деди унга: аё бедасту бепой36,
Эшитдим, манзили эрмиш фалон жой.
Аёл чиқмиш, мисоли офтобмиш,
Дами ўткир, дуоси мустажобмиш.
Неча кўрлар етиб кўзу қароққа,
Фалажлар ул сабаб турмиш оёққа.
Гар истарсен, сени этгаймен унга,
Ки шояд офиятлар етса сенга…
Иниси бўлди шод, деди: шитоб эт,
Туганди сабру бардошим, мени элт.
695 Ағоси ортди эшакка ҳамона,
Икковлон бўлдилар йўлга равона.
Етишди бул ажабким ул икковлон
Аъробий эшигига вақти хуфтон.
Аъробий эрди одамдўст, жавонмард,
Уларни кутди, меҳмон этди ул мард.
Ва сўрди: йўл босиб, оворадирсиз,
Икковлон қайси манзилга борурсиз?
Деди ҳожи: фалон манзил, фалон кўй,
Ки бир зоҳид аёл бормиш, дуогўй.
700 Не кўру нобино, не мубталолар
Дуосидин топибдирлар даволар.
Фалаждир бул иним, чун хастаю зор,
Яна кўрликка ҳам бўлмиш гирифтор.
Аёлга элтамен, юргаймикин деб,
Очилгай кўзлари, кўргаймикин деб…
Аъробий дедиким, бир мунча аввал
Аёл келмишди бир доно, мукаммал.
Қулим урди уни, кўп ўтмайин дам,
Фалаж бўлди ўзи, бир зумда кўр ҳам.
705 Уни сиз бирла элтай, бу балодин
Қутулсин, офият топсин дуодин…
Уларким тушдилар чун йўлга охир,
Етиб қишлоққа, бир манзилга охир.
Тикилмиш эрди бунда бир замон дор,
Бир уйга кирдилар ул ҳамраҳи чор37.
Бу ул номард йигитнинг жойи эрди,
Уларга бундан ўзга зое эрди.
Йигит эрди сўқир, кўзу қароқсиз,
Тўшакда, қўлсиз эрди ҳам оёқсиз.
710 Дедилар: бизда ҳам шу, айни ҳолдир.
Шу қайғу, шу фалокат, шу заволдир.
Бу йўлда келди бизга бўйла ҳосил,
Бу манзил бўлди энди бизга манзил.
Аноси бор эди ул бедавонинг,
Чу кўрди икки зору мубталони.
Улардин сўрди аҳвол, истади роз,
Анга арз этдилар аҳволни рўй-рост.
Басе кўз ёши тўкди она шўрлик,
Деди: ўғлим менинг ҳам чун ётиқлик…
715 Манам боргум, дея қўзғалди ул дам,
Уловга бойлади ўғлини маҳкам.
Олиб уч хастани чун босдилар роҳ,
Аёлга етдилар айни саҳаргоҳ.
Нафас урди саҳаргоҳ, субҳи давлат,
Аёл айвонга чиқди, қўйди хилват.
Йироқдин эрини ул кўрди шул дам,
Севинчдин саждага бош эгди илдам.
Басе йиғлаб, не қилгаймен, деди ул,
Нечук унга кўрингаймен, деди ул.
720 Не қилгаймен, не дейман ўз эримга?
Юзимни мен нечук кўрсатгум унга?
Яна боқди, ўшал уч танни кўрди,
Ўшал, жонига уч душманни кўрди.
Дилида дедиким, ҳа, англадим сир,
Эрим учта гувоҳим келтирибдир.
Уларнинг ҳар бири соҳиб гуноҳдир,
Оёғу қўллари бунга гувоҳдир.
Кўрармен кўзларин ҳам уч гувоҳим,
Не дейман, менга шу басдир, илоҳим.
725 Аёл тортди ниқобин, беркитиб юз,
Яқин келди, эрига ташлади кўз.
Не истайсен, деди ул, хоҳишинг айт,
Боқиб унга эри арз этди шул пайт:
Келибмен бу эшикка бир дуо деб,
Даво топгаймикин шу мубтало деб…
Аёл дедики, бул кимса гуноҳкор,
Гуноҳин сўйласа, гар этса иқрор,
Қутулгай, даф бўлур ранжу бало ул,
Йўқ эрса, бўйла кўру мубтало ул…
730 Эри юзланди, айтди: эй иним, сен
Бу янглиғ дард чекиб, дармондадирсен.
Гуноҳинг айт, қутул бу дарду ғамдин,
Йўқ эрса, чиқмагай бошинг аламдин.
Деди: айтишга ожизмен, биродар,
Яна юз йил аламлар чексам, афзал.
Чу қистоқ қилдилар, ул айтди бир-бир,
Гуноҳин сўйлади бошдин то охир.
Деди: ўлдир мени ё кеч гуноҳим,
Гуноҳимдин фалакка учди оҳим…
735 Ағоси қолди андоқ лолу ҳайрон
Бу гаплар унга таъсир этди чандон.
Кўнгилдин кечди: ёр кетди қўлимдин,
Инимни қутқарай энди ўлимдин…
Кечирди, то аёл этди дуосин,
Ҳамма дарду алам топди давосин.
Юрар бўлди, қўли бирлан тутар ҳам,
Кўрар бўлди, кўзи чун тортди равшан.
Кейин гал қулга етди, хўжа сўрди:
Не эрди ул гуноҳинг, сўйла энди.
740 Вале қул дедиким, майлига, ўлдир,
Гуноҳим тилга келтирмоқ қийиндир.
Аъробий деди унга: сўйлагил рост,
Бугун мендин хатар йўқ сенга, бул рост.
Кечирдим ул гуноҳинг жовидона,
Гапиргил, қўрқмагил, этма баҳона.
Деди алқисса қул: пойлаб эшикда,
Болангни унда ўлдирдим бешикда.
Аёл эрмасди бу ишда гуноҳкор,
Балога сўнг ўзим бўлдим гирифтор…
745 Дуо этди аёл рост сўйлагач қул,
Очилди кўзлари, топди даво ул.
Аноси ўғлини кўрсатди шул дам,
Гуноҳини яширмай айтди ул ҳам.
Дедиким, бир аёлдир чорасозим,
Сотиб олди мени, берди халосим.
Бошимни айлади дордин халос ул,
Ва лекин мен уни сотдим, сўзим шул.
Дуо этди аёл айлаб ниятлар,
Дуосидин етишди офиятлар.
750 Жўнатди сўнг уларни тешга, ёлғиз,
Эрига дедиким, чиқманг, қолинг сиз.
Юзидин сўнг ниқобин олди, ҳайҳот,
Эри чун наъра чекди, солди фарёд.
Кетиб ҳушдин, яна ҳушига келди,
Аёл шафқат ила бошига келди.
Не бўлди сенгаким, улмунча қилдинг?
Нега фарёд чекиб, ерга йиқилдинг?
Деди: бор эрди бир хотин чу, эвоҳ,
Уни сенга қиёс этдим баногоҳ.
755 Ул эрди сендагу сен худди улча,
Тафовут кўрмагаймен бунда қилча…
Юзи, қошу кўзи ҳам эрди сендек,
Бўйи, айтар сўзи ҳам эрди сендек.
Агар ул ўлмасайди, чун бўлиб хок,
Сени ул дер эдим, эй гавҳари пок…
Аёл деди: аёлинг ул, эй одам,
Хато ҳам этмамишди ҳеч, гуноҳ ҳам.
Ўшал менман, диним деб жон берибмен,
Ва лекин ўлмагандирмен, тирикмен.
760 Балолардин халос этди Худойим,
Ва менга марҳамат этди шу жойим.
Этайлик ҳар нафас шукрона юз бор,
Кўришдик шу ёруғ дунёда дийдор…
Йиқилди эри, қўйди саждага бош,
Дедиким, эй Худо, эй Садри наққош!
Нечук шукрингни айтсин шул забоним,
Ки ожиз, нотавондир бўйла жоним?
Чиқиб, сўнг чорлади ҳамроҳларин ул,
Уларга қиссани арз этди буткул.
765 Чу қисса сўнгига етган замони,
Фалакка учди кўнгиллар фиғони.
Иниси, ул қаро занжий, жавон ҳам38
Хижолат бўлдилар кўп, шодмон ҳам.
Аёл гар бошда этмишди хижолат,
Кечирди, айлади лутфу иноят.
Эрини этди юртга подшо ул,
Аъробийни вазири додхоҳ ул.
Саодат қалъасин қурди Ватанда,
Ибодат бирла машғул бўлди анда…
О проекте
О подписке
Другие проекты