Суриб Нўширавон отини хушҳол
Бораркан, учради бир мўйсафид чол.
Дарахт экиш ила машғул эди ул,
Деди Нўширавон: эй ишга машғул,
Дарахт экмоқдасен, улмунча сабринг,
Етарму мевасин тотмоққа умринг?
910 Деди чол: бу ақлдин холи эрмас,
Дарахт экди бировлар биз учун, бас.
Ки ермиз мевасин ҳар лаҳза, ҳар кун,
Не бўлғай, биз-да эксак бошқалар-чун.
Ҳар ишда бир маром бўлмоғи лозим,
Маромда интизом бўлмоғи лозим.
Басе хуш келди шоҳга не деди чол,
Узатди бир ҳовуч олтин, деди: ол…
Олиб, чол дедиким, эй шоҳи олам,
Дарахтим мева берди менга бул дам.
915 Умр кўрсам эди дунёда юз йил,
Бу янглиғ келмас эрди менга ҳосил.
Бугун экдим, бугун кўрдим самарни,
Мана, кафтимга ул тўлдирди зарни…
Бу сўздин шоҳ севинди, бўлди хушком,
Анга ер берди ул, суву этди инъом…
Болам, иш қилки андоқ мева берсин,
Ишинг йўқ эрса, қандоқ мева берсин?
Тутиб йўл, динга юрмоғинг керакдир,
Жаҳлни ерга урмоғинг керакдир.
920 Агар эрсан, ўзингни тоза тутгил,
Бу йўлда ишни беандоза тутгил.
Кучинг кўпдир билакда ўйланиб боқ,
Тарозуга ўзингни солма мундоқ.
Санар бўлсанг ўзинг итдан баланд сен,
Эшит бу сўзниким, итдан-да кам сен…
Бириси сўрди Жандийдин: аё қул,
Сен афзалми ва ёки итми, айтгил?
Муридлар бу ҳарифни ошкора,
Қилурмиз, дедилар, биз пора-пора.
925 Уларни тўхтатиб, ман айлади пир,
Дедиким, маълум эрмас бизга тақдир.
Аё жоним болам, маълум эмас ҳол,
Нечук сенга жавоб бергумдир алҳол?
Агар иймонни манзилга саломат
Этолсам, яхшироқмен итдан албат.
Агар иймонни йўлда чалса авбош,
Дегаймен: кошки бўлсам итга йўлдош.
Чунон қаршингда парда эртаю кеч,
Ўзингни итдин ортиқ кўрмагил ҳеч.
930 Агарчи ит юриб, тупроқ кечар, кул,
Ва лекин сен билан бир гўшадин ул…
Ўшал Маъшуқи Тусий чун уриб жўш,
Равона бўлди бир кун йўлга беҳуш.
Йўлидин чиқди бир ит, ул азиз зот
Анга тош отди беҳушлик аро бот.
Яшил тўнли суворий бўлди пайдо,
Юзида нури осмоний ҳувайдо.
Келиб, Тусийга ул бир қамчи урди,
Деди: бу қилмишинг, айтгил, не энди?
935 Аё ғофил, отарсен тошни кимга?
Асл зотида ул тенг эрди сенга.
Эрурсен битта қолипдин иту сен,
Нечун итни ўзингдин паст тутарсен?
У ҳам қолиби қудратдин жудомас,
Анга тош отмоғинг асло равомас.
Ниҳондир пардада итлар, аё дўст,
Теран боқ, мағз эсанг, бўлма фақат пўст.
Агар ит суврат ичра нописанддир,
Сифат бобида салмоғи баланддир.
940 Басе асрор эрур унда ниҳоний,
Ва лекин зоҳири асрорга моний.
Чу бир сўфий борарди йўлда танҳо,
Асо бирлан туширди итга ногоҳ.
Етиб илкига лат, вой-войлади ит,
Йиқилди ерга, фарёд айлади ит.
У инграб, Бу Саид ёнига келди,
Басе кийну аламга тўлмиш эрди.
У илкин кўрсатиб, бас, чекди фарёд,
У сўфийдин қасосин истади бот.
945 Деди сўфийга шайх: эй кўнгли қаттиқ,
Бу тилсизга жафолар этдинг ортиқ.
Унинг илкини бундоқ синдирибсен,
Не боис бўлди, тупроққа қорибсен?..
Деди сўфий очиб лаб сўзга: эй пир,
Мен эрмасмен, гуноҳкор асли итдир.
У суйканди, бўлиб чун бенамоз мен,
Туширдим илкига чўпи дароз мен…
Вале ит йиғлар эрди, кўнмас эрди,
Чекарди доду фарёд, тинмас эрди.
950 Деди чун итга ул шайхи ягона:
Берурмен таъзирин мен одилона.
Юрит ҳукмингни, мен ижро этармен,
Қиёматга қадар лек чўзмагил сен.
Тилармен, унга бергаймен сазосин,
Менинг илкимдин олгайдир жазосин.
Мен асло истамам ўртанмоғингни,
Тилармен шоду хуррам юрмоғингни.
Деди ит унга: эй шайхи ягона,
Чу кўрдим, тўни эрди сўфиёна.
955 Дедимки, менга озор бермагай ул,
Ва лекин ёқди ул жонимни буткул.
Ҳашам тўнликни кўрсайдим мабодо,
Ўзимни четга олгайдим ҳамоно.
Кўриб ул жомайи аҳли саломат,
Ишондим, оқибат чекдим надомат.
Берар эрсанг, анга бергил жазосин,
Ечиб ол устидин эрлик либосин.
Ки андин кўрмасин ҳеч ким зиёне,
Ва барча шарридин топсин омоне.
960 Ечиб ол хирқайи аҳли саломат,
Жазоси бўйла бўлсин то қиёмат…
Бу йўлда итгаким мундоқ мақомдир,
Сенинг манманлик этмоғинг ҳаромдир.
Ўзингни итдин ортиқ гар билурсен,
Чу итлик важҳидин андоқ қилурсен.
Сени тупроқ аро чун этдилар зор,
Яна тубанга кетгайсен бўлиб хор.
Чу саркашлик бу янглиғ хислатингдир,
Билошак сарнигунлик қисматингдир.
965 Танинг тупроқ эрур, лоф урмоғинг не?
Яна тупроқ бўлур, ўлтирмоғинг не?
Бу ерда кимки тупроқ бўлгуси, хок,
У ерда ул мусаффо бўлгуси, пок.
Эранлар ўзларин хок айламишлар,
Тамизлаб жону тан, пок айламишлар.
Бу йўл сарварлари, боқ, бўйла юксак,
Ки бор кибру ҳавони этдилар тарк.
Абулфазл жон берар эркан, шу асно
Анга кимдир деди: эй пири доно,
970 Азиз бир жойда қабринг шайлагаймиз,
Ўшал ерда сени дафн айлагаймиз.
Буни этманг, деди шайх унга зинҳор,
Бузурглар жойидир ул, жойи аброр43.
Ким эрмишманки, унда мадфун ўлсам,
Ўшандоқ бир мозор ичра кўмилсам?
Ёронлар сўрдилар: айтгил, нетайлик,
Сени қай жойда биз мадфун этайлик?
Лаб очди сўзга шайх, дедики, сизлар
Анув қумтепада қабрим қазинглар.
975 Неча мискин, хароботийлар унда,
Неча ўғри, фирибгар доғи шунда.
Басе осий, гуноҳкор унда мадфун,
Басе каззобу ағёр унда мадфун.
Ўшал жойда менинг қабрим уйинглар,
Уларнинг пойига бошим қўйинглар.
Уларнинг қавмидин эрдим ҳамиша,
Улардек эрди менда фикру пеша.
Ётай осийлар ичра мен гуноҳкор,
У комиллар била не нисбатим бор?
980 Агар бир қавм эрса кўп қоронғу,
Эмишким, нури раҳматга яқин у.
Қаерда ташналик эрса бағоят,
Югургай ташна, сув топгай ниҳоят.
Қаерда ажзу кулфат ошса ҳаддин,
Назар тушгай у ерга раҳматидин…
Ўғил дедики, инсон уйланишдан
Муроди улки, кўрсам дейди фарзанд.
Кишининг бўлса фарзанди ягона,
Дуойи зикри бўлгай жовидона.
985 Агар фарзандим ул огоҳ бўлгай,
Маним-чун ул шафоатхоҳ бўлгай.
Атоси ўрнини босгай баякбор,
Ҳамма бўлгай анга жондин харидор.
Кишининг бўйлаким фарзанди бўлсин,
Не фарзанд, жонига пайванди бўлсин.
Атоси дедиким, фарзанд матлуб,
Вале инсон хўб эрмас, эрса маъюб44.
Атоси бўлса каззобу ғалаткор,
Уялгай ўғли андин, айлагай ор.
990 Атоси йўлига ҳам қайрилур ул,
Ва сирри маърифатдин айрилур ул.
Дини Иброҳиминг бор эрса, шайсен,
Ўғилни Ҳаққа қурбон айлагайсен.
Чунончи бир куни Иброҳим Адҳам
Савол сўрди: аё дарвеши пурғам,
Магар этганмисен хотину фарзанд?
Деди: йўқ, этмаганмен, деди: аҳсан!..
Деди дарвеш анга: эй марди майдон,
Тушунтир бул сўзингни, айла осон.
995 Деди Иброҳим Адҳам унга: эй мард,
Агар уйланса дарвеш, билки, албат,
Чиқибдир ҳеч вақосиз кемага ул,
Чу фарзанд кўрса, ғарқ бўлгуси буткул…
Дема фарзанд, чу боғи бандинг эрмиш,
Ширин душман сенга фарзандинг эрмиш.
Адаб бобида гар соҳибқиронсен,
Чу фарзандинг туғилди, бас, тамомсен.
Агар зоҳид эрурсен, пири доно,
Кўриб фарзанд, бўлурсен ринду расво.
1000 Жаҳони сидқ, шайхи Гургоний,
Эди қутби замон, баҳри маъоний.
Яшарди бир мушуги хонақода,
Ки ҳар кун шайх кўрарди шул арода.
Оёғу илкига тери ғилофи
Кийилмиш эрди доим, йўқди лофи.
Магарким қайга борса, лоймидир, кул,
Оёғу илкини булғатмагай ул.
Гаҳи шайх оғушида ётгай эрди,
Гаҳи сажжода узра қотгай эрди.
1005 Етишса соати, бергайди овоз,
Миёвлар эрди, хизматчи келиб боз,
Ғилофин кийгизар эрди ҳамона,
Уни айлар эди йўлга равона.
Кириб ошхонага, олгай эди тин,
Бекитмас эрди кимса гўштни андин.
Пишиқми, хомми, асло тегмас эрди,
Ва ҳар не қўйсалар олдига, ерди.
Биров кўрган эмасди эртами, кеч,
Бирор нарса ўғирлаб қочганин ҳеч.
1010 Ва лекин бир кеча сабр айламай то,
Ўмарди бир бўлак гўштни баногоҳ.
Тутиб ошпаз, қулоғин чўзди анча,
Уриб, ранжу алам етказди анча.
Мушук шайх олдига келмай ўшал кун,
Бориб, ўлтирди бир бурчакда маҳзун.
Чақирди шунда шайх ошпазни, сўрди,
Чу айтиб берди ул, аҳвол не эрди.
Мушукни ёнига шайх чорлади сўнг,
Ва сўрди: нега бундоқ айладинг сен?
1015 Мушук фош этди шунда не эди сир,
Бориб, уч боласин келтирди бир-бир.
Уларни қўйди шайх олдига шул дам,
Ўзи чиқди дарахт устига илдам.
Йироқ турди у ошпаз кўзидин чун,
Боқарди ҳар тараф чекмас эди ун.
Бу ҳолни кўрди, таҳлил айлади шайх,
Таажжуб этди, сўнгра сўйлади шайх:
Мушукнинг айби йўқ, у ноилождир,
Эмизгай уч гўдакни, қорни очдир.
1020 Эмасдир бовужуд тарки адаб бул,
Ки бўйла эҳтиёж унда, талаб ул.
Зарурат ичра гар қолса мақоминг,
Қабул бўлгай сенга ҳар не ҳароминг.
Магар ўргимчак, андин майда ҳайвон,
Олур фарзанди-чун шер оғзидин нон.
Дема: мушук иши андоқ ғарибдир,
Унинг наслига меҳри кўп ажибдир.
Боланг то юз очиб, зоҳирга келмас,
Унинг дарду ғами хотирга келмас.
1025 Кейин ошпазга шайх шундоқ демишдир:
Бу тилсиз, меҳрибон ҳайвон эмишдир.
Дарахтга чиқмиш ул, боқ бу ишига,
Пушаймонлар чекар ўз қилмишига…
Бошидин отди дасторини ошпаз,
Мушук олдида истиғфор этиб, бас,
Вале унга асар ҳам этмади бул,
Ва ошпазга назар ҳам этмади ул.
Ниҳоят шайх шафоат этди унга,
Чақирди, ул оғочдин тушди ерга.
1030 Келиб, тупроққа этди ўзни жо ул,
Бу янглиғ этди узру илтижо ул.
Ҳамма оҳ чекди, кўнгиллар ёришди,
Магар ўт чиқди, жонларга туташди.
Мушук боис чу ҳамроз бўлди барча,
Шукр айтиб, сарафроз бўлди барча.
Бировким бўлса бир фарзандга пайванд,
Не эрмиш эрса юз оламга пайванд?
Чу фарзанд дардидан осуда доим
Азизу поку беҳамто Худойим…
1035 Бор эрди тожири тарсоки, пурсийм,
Бадавлат эрди ул, доройи иқлим.
Бор эрди ўғликим, эрди чунон ул,
Дема барно уни, шамъи жаҳон ул.
Бинафша – зулфи мушкафшони эрди,
Гули нозик – лаби хандони эрди.
Юзидин ул ниқоб олса муқаррар,
Кеча бўлгайди кундуздек мунаввар.
Ўриб гар сочу зулфин этса ошкор,
Ҳамма бойлар эди белига зуннор.
1040 Гажакди сочининг ҳар тори они,
Йўқ эрди тўғриликдин бир нишони.
Агарда бошласа мижгони ҳарба,
Тушарди икки олам узра зарба.
Камон қоши камонларни эгарди,
Ўқи жону жаҳонни титратарди.
Шакар сочмоқлик унга мазҳаб эрди,
Ширинлик чашмаси икки лаб эрди.
Лаб эрмас, лаъли хандон эрди унда,
Тиш эрмас, дури маржон эрди унда.
1045 Шу барно бўлди бемор, хаста ётди,
Ва охир юмди кўз, дунёдин ўтди.
Атоси ёндириб, куйдирди ўзни,
Чекиб ғам, жонидин тўйдирди ўзни.
Мусулмон бўлди, чун иймонни туйди,
Ювиб ўғлини ул тупроққа қўйди.
Деди: бу қайғу, ғамлар етдилар то,
Чу диним бўлди менга ошкоро.
Худонинг чинданам фарзанди йўқдир,
Аёлу ақрабо, дилбанди йўқдир.
1050 Агарда бўлса эрди унда фарзанд,
Менинг доғимга ул бўлмасди хурсанд.
Бу ишнинг, англадим, бир ҳикмати бор,
Киши гар мўмин эрса, давлати бор.
О проекте
О подписке
Другие проекты