770 Ўғил дедики, шаҳват бўлмаса гар,
Аёл эр бирла хилват қилмаса гар.
Бўлурму халқи оламнинг давоми,
Бузилгай эрди шу дунё низоми.
Агар шу ҳикмату таркиб эмасди,
Бисоти мулк аро тартиб эмасди.
Керак минг битта танни тикламоқ, ҳай,
Оғизга токи ул бир луқма тушгай.
Шу ҳикмат бирла ердин токи осмон
Юритгайлар эранлар амру фармон.
775 Шу осмон, шу замин гар бўлмас эрди,
Улар зимнида асрор бўлмас эрди.
Агарда бўлмаса шаҳват арода,
На мен бўлгаймену на сен қарода.
Дегайсен: юрмасин шаҳватга мардум,
Менга бу сирни англат, айла маълум…
Атоси деди: бундоқ ўйлама сен,
Тушун, шаҳватни мен рад этмагаймен.
Вале оламда улдир сайлагонинг,
Мудом тинглаб, ҳамиша сўйлагонинг.
780 Шу олам ичра юзлаб сирру асрор,
Сен эрсанг битта шаҳватдин хабардор.
Сенга дерман этиб мен бўйла хилват:
Ҳазир бўл, тортмасин домига шаҳват.
Агар Ийсо била ҳамроз эрурсен,
Қачон эшшак ила анбоз эрурсен?39
Сену эшшакдадир ул айни шаҳват,
Бориб, Ийсо билан этсанг-чи хилват…
Фақат бир лаҳзадир ул шаҳват охир,
Бўлакдир жовидоний хилват охир.
785 Келур сенга сафо ул хилватингдин,
Не келгай бир нафаслик шаҳватингдин?
Чу хилват бўлмагай шаҳватга матлуб,
Буни ким билмас эрса, ул эмас хуб.
Ва лекин эрса ул шаҳват бағоят,
Туғилгай ишқ андин бениҳоят.
Вале ул ишқу савдо эрса бисёр,
Муҳаббат ўртада бўлгай намудор.
Муҳаббат ошса ҳаддин, жон фидодир,
Етиб маҳбубга ул, буткул адодир.
790 Чу шаҳватни ўзингга этма матлуб,
Асл оламда маҳбуб иста, маҳбуб.
Бу йўлда гар сени ўлдирсалар зор,
Шараф бил, бўлма шаҳватга гирифтор…
Бор эрди бир ажиб шаҳзода, барно,
Мунаввар ҳуснига ой эрди шайдо.
Уни ким кўрса, қувнаб бул шарафдин,
Кўзини узмас эрди ул тарафдин.
Бу янглиғ гавҳари офоқ эди, бас,
Ки офоқ оҳ чекиб, ушшоқ эди, бас.
795 Икки қоши камон эрди ажойиб,
Ки жон султони эшигида ҳожиб.
Кўзу мижгонини ким кўргай эрди,
Муқаррарки, анга жон бергай эрди.
Қоши ёйини кимса кўрса бир бор,
Бўларди жонини бермоққа тайёр.
Тиш эрмас оғзида дур эрди яккаш,
Икки лаъли ёнарди мисли оташ.
Хати ҳам қоши янглиғ кўркам эрди,
Боқиб ошиқ, адо мен сенга, дерди.
800 Занахдонига ҳайрон эрди барча,
Етолмай, кўнгли вайрон эрди барча…
Бор эрди бир аёл, чун бўлди ошиқ,
Ки ошиқ бўлмамишди андин ортиқ.
Ёниб ул ишқ аро саргашта бўлди,
Куйиб, жону тани оташда бўлди.
Сочиб кул, тутди кул устида маскан,
Кул эрди унга чун маъвойи гулшан.
Куну тун йиғлар эрди, оҳ чекарди,
Кўзидин қон тўкиб, эвоҳ чекарди.
805 Агар дашту далога чиқса ул моҳ,
Аёл ҳам йўлга тушгайди ҳамоно.
Оти олдида тўпдек чарх урарди,
Ўзи тўп эрса, сочи чавгон эрди.
Боқарди қайрилиб ул ой юзига,
Ва кўз ёшин тўкар эрди изига.
Таёқ ерди дамо-дам юз човушдин,
Ва лекин нолимасди хўрланишдин.
Томошога чиқар эрди халойиқ,
Кўрингиз, дердилар, не телба ошиқ.
810 Ҳамма мардум анга чун лолу ҳайрон,
Аёл шўрлик эса саргашта, сарсон.
Ва охир ҳаддидин чун ошди бул иш,
Ва шаҳзода дилига тушди ташвиш.
Деди: ота, толиқдим можародин,
Халос этгил мени бу бедаводин.
Эшитди подшоҳ, амр айлади бот,
Деди: майдонни шайлаб, келтиринг от.
Сочидин ул аёлни отга бойланг
Ва судраб, жисмини чилпора айланг.
815 Этинг ул шумни андоқ пора-пора,
Унинг дардига жоиз бўйла чора.
Суринг, маст фил каби от судрасин то,
Бу ишдин бор раият бўлсин огоҳ.
Шаҳу шаҳзода майдон сори юрди,
Халойиқ тўпланиб, майдонда эрди.
Аёлнинг дардидин хунбор эди эл,
Алар кўз ёшидин гулзор эди ер.
Сипоҳийлар аёл сочидин ушлаб,
Чу элтмоқ бўлдилар от сори судраб,
820 Аёл шўрлик ҳамон юзланди шоҳга,
Эшит арзимни, деб бўзланди шоҳга.
Мениким ўлдирарсен қақшатиб зор,
Эшит, эй подшоҳ, бир ҳожатим бор…
Деди шоҳ: гар десанг, қўй, олма жоним,
Бу бўлмас, чун этибман қасди жонинг.
Сочимдин судрама, деб сўрмагил ҳам,
Бу янглиғ истадим қонингни тўксам.
Десанг гар: бир нафас бергил омоним,
Омонинг бергали йўқ бир замоним,
825 Ва шаҳзода била ўлтирмагайсен,
Юзини этма орзу, кўрмагайсен…
Аёл дедики, мен жон истамасмен,
Омонлик бир замон ҳам истамасмен.
Демам: отлар туёғи остида то
Мени хор айлабон ўлдирма, асло!
Менинг жонимда бир орзу, ҳавасдир,
У тўрт ҳожатга асло ўхшамасдир.
Чу истармен, муяссар бўлса буткул…
Деди шоҳ: сўйла менга, не эмиш ул?
830 У тўрт ҳожатдин ўзга не эса, сен
Баралла айтавер, вожиб этармен.
Аёл дедики, отга судратиб зор,
Гар ўлдирмоқ тиларсен бўйла ночор,
Менга, эй подшоҳ, бир ҳиммат айла,
Сочимни севгилим отига бойла.
Унинг оти оёғи остида жон
Берар бўлсам, дилимда қолмас армон.
Унинг йўлида ўлмоқ менга пеша,
Унинг кўйида қолгаймен ҳамиша.
835 Мени ўлдирса ёр, шукрона этгум,
Муҳаббат шавқидин осмонга етгум.
Аёлмен, менда мардлик ончунон йўқ,
Дилим хун, ўйлаким, жисмимда жон йўқ.
Аёлни ўлдириб, жондин жудо эт,
Вале шул ҳожатин унга раво эт…
Бу сўздин шоҳ дили юмшаб, ёришди,
Кўзидин оқди ёши, ерга тушди.
Кечирди, кўшку айвонга жўнатди,
Бағишлаб жонни, жононга жўнатди…
840 Аё мард, бўлса бизга иштиёқинг,
Аёллардин ўқи севги сабоғинг.
Аёлдин кам эсанг ёки муханнас,
Келиб, шу қиссани ҳам тингла бирпас…
Алавий бирла олим, ҳам муханнас40
Юриб Рум сори йўлда эрдилар, бас.
Уларни тутди кофирлар баногоҳ,
Кейин бут олдига судраб ҳамоно,
Дедилар: бутга сажда айлангиз бот,
Йўқ эрса, оқибатни ўйлангиз бот.
845 Йўқ эрса, қонингиз алҳол тўкармиз,
Таҳаммул этмайин, дарҳол тўкармиз.
Дедилар уч ғариб: этманг ёмонлик,
Берингиз бизга бир оқшом омонлик.
Ки шояд ўйласак, андиша қилсак,
Ажаб йўқ, бутпарастлик пеша қилсак…
Омонлик бердилар бир кеча куффор,
Кўрайлик, дедилар, не бунда асрор.
Алавий очди сўз: мен найлагаймен,
Белимга балки зуннор бойлагаймен.
850 Ки жаддим эрди пири аҳли тоат41,
Менга ул тонг-ла этгайдир шафоат…
Очиб лаб сўзга олим дедики, мен
Тану жондин жудолик истамасмен.
Сиғинсам бутга, чун бош урсам унга,
Шафоат айлагай дин илми менга.
Муханнас дедиким, ёлғизмен энди,
Суянчим йўқ, шафоатсизмен энди.
Сиз айланг саждалар, сизда шафодир,
Вале мен сажда этсам, нораводир.
855 Бошимни кессалар шамдек, не боким?
Ки эгсам, эгмасам, келгай ҳалоким.
Бошимни олсалар ҳам неча бебош,
Ўшал бут олдида индирмагум бош…
Чу жонни ўйлади ул иккиси тек,
Муханнас мард бўлиб чиқди бунингдек.
Синов пайти кўрингким бул ажаб иш,
Муханнас этди эрликни намойиш.
Чу Қорун ҳам гадо бу йўлда, дерлар,
Чумолидин паноҳ излайди шерлар.
860 Муханнасдин эсанг ёр ишқида кам,
Бу йўлда хорсен қумурсқадин ҳам…
Сулаймон йўл босади ел мисоли
Баногоҳ учради бир тўп чумоли.
Этиб таъзим бари бош эгди шул дам,
Магар бир зумда минглаб бўлдилар жам.
Ва лекин биттаси иш бирла машғул
Бўлиб, таъзимга бош индирмади ул.
Ини олдида дўнг, бир тепа эрди,
Ташиб бир-бир, битирсам дўнгни, дерди.
865 Сулаймон деди чорлаб: эй чумоли,
Заифсен, қудратинг йўқ фил мисоли.
Агар Нуҳ умри бирлан сабри Айюб
Муяссар бўлса ҳам, бўлмас ишинг хўб.
Бу мушкул сен кабиларнинг ишимас,
Кучингдин бу тепа бир ёққа жилмас…
Чумоли лаб очиб, дедики, эй шоҳ,
Бу йўлда раҳнамун ҳимматдир, илло,
Ҳақир боқма ниҳоду фитнатимга,
Назар сол бу камоли ниятимга.
870 Бу ерда бир чумоли ақлим олмиш,
Олиб ақлим, мени домига солмиш.
Демишким, шу улуғвор тепани гар,
Қўпорсанг, айласанг ерга баробар,
Бу ҳижрон тошини йўлдин олурмен,
Бориб ёнингга, дилдоринг бўлурмен…
Белимни бойладим, қаршимда ишдир,
Ишим шу, ҳар нафас тупроқ ташишдир.
Агар шу тепани барҳам этурмен,
Ўзимни ёр ила маҳрам этурмен.
875 Магар бу йўлда жон берсам, насибам,
Боҳарҳол бетайин, каззоб саналмам…
Азизим, ишқни сен шу мўрдин ўрган42,
Кўришни кўзи ожиз, кўрдин ўрган.
Чумолининг тўни гарчи қаро ул,
Камарбаста, ҳамиша йўл аро ул.
Чумоли деб баланддин боқма зинҳор,
Унинг ҳам қалбида шери жаён бор.
Чу этмиш ишқ аро ҳимматни пеша,
Етакчи унга арслондир ҳамиша.
880 Али йўлда бораркан шашт ила то,
Чумолига зиён етказди ногоҳ.
Чумоли қўл-оёқ силкирди нолон,
Али кўрди ва бўлди кўнгли вайрон.
Чумоли ҳолидин қайғуга тушди,
Агарчи шер эди, қўрқувга тушди.
У йиғлаб-сиқтади тургаймикин деб,
Мадад берди, яна юргаймикин деб…
Шу кеча тушда кўрди Мустафони,
Али, тез юрма йўлда, бу хатони.
885 Сен этдинг, деди, барча ғамда бўлди,
Самолар икки кун мотамда бўлди…
Наҳотки йўл юришликни унутдинг,
Чумолини босиб, озурда этдинг.
Чумоли эрди-ку йўлида қоим,
Худо эрди унинг зикрида доим…
Алининг жисми тушди титрамоққа,
Чумоли важҳидин тушди тузоққа
Паямбар дедики, ғам чекма, албат,
Чумолининг ўзи этгай шафоат.
890 Дегай: ё Рабки, Ҳайдарда гуноҳ йўқ,
Уни айбларга менда ранжу оҳ йўқ…
Йигит, кўргил, бу бори дарди диндир,
Чумоли бўйла, шери Ҳақ чуниндир.
Аликим дин аро арслон эмишди,
Чумоли важҳидин не ҳолга тушди.
Хабар топгайди Ҳақдин дам-бадам ул,
Худо номи-ла босгайди қадам ул.
Сен эрсанг, ғафлат ичра, жаҳл аро сен,
Агарчи шоҳ эрурсен, лек гадосен.
895 Назар сол, сўнгра қўйгил ул қадамни,
Назарсиз бу жаҳонда чекма дамни.
Назарсиз йўл босиш бу бағрихунлик,
Йўлинг сўнггида келгай сарнигунлик..
Эшакдек кўр-кўрона юрмагил сен,
Шу ҳолда ўзгадин афзалмудирсен?
Қадамни бос санаб, эй мард сиёқли,
Заминдин то само ҳар не саноқли.
Қадам боссанг агар беамру фармон,
Келур дард сенга, бўлмас унга дармон.
900 Чу бунда йўл босиб, ўлтирмоғинг йўқ,
Қабрда бир жаҳон йўл юрмоғинг йўқ.
Бу ёқда бир нафас юрсанг-чи, эй қул,
У ёқда юз жаҳондин ошмоғинг ул.
Бу ёқда бир нафас суръат этарсен,
У ёқда юзта оламга етарсен.
Бу ёқда гар қадамни ташласанг пок,
У ёқда бўлмагайсен дардли, ғамнок.
Дариғо, кўз юмарсен чин юмушдин,
Агар билсанг, қўл узмас эрдинг ишдин.
905 Бугун бир бор қадам қуйсанг-чи, албат,
Берар сенга мукофотингни ҳазрат.
Чунончи фойда етгай сенга ҳар дам,
Нечун танбаллик этгайсен, зиён ҳам?
О проекте
О подписке
Другие проекты