Читать книгу «Илоҳийнома» онлайн полностью📖 — Шайха Фаридуддина Аттора — MyBook.

АМИРУЛ МЎМИНИН УСМОН РОЗИЙАЛЛОҲУ АНҲУ ВАСФИДА

 
Ҳаёни зийнати иймон этибдир,
Амирул мўминин Усмон этибдур.
 
 
Фалак ул илмидин буғу бухордир,
Замин ул ҳилмидин гарду ғубордир.
 
 
Жаҳони маърифат, жони мусаввар,
Насиби икки ул нури Паямбар.
 
 
У икки нур, яна ул нури Қуръон,
Улардин мунчаким файзи фаровон.
 
 
345     Ки Усмон уйида уч карра нурдир,
Буни ким кўрмас эрса, кўзи кўрдир.
 
 
Кишида хуршиди айн шуъласидир,
Аниқ бил, Зиннурайн шуъласидир.
 
 
Паямбарга икки карра куёв ул,
Назар сол, не шараф, не эҳтиром бул.
 
 
Не заҳмат бирла нозил бўлди Қуръон,
Кифоятдир кишига бўйла бурҳон.
 
 
Не заҳмат-ла жаҳондин кетгуси ул,
Назар сол, бўйладир хуршиди зиннур.
 
 
350     Каромат унга келмишдир Худодин,
Нур олмиш кўзларига Мустафодин.
 
 
Чу зиннурайну аҳли хонадон ҳам,
Гумон бўлгайми ул сидқига бир дам?
 
 
Ул икки нурга ким соҳиб эрур, ҳай,
Анга офтобу ой таъзимда бўлгай.
 
 
Адоватдин агар пок эрса кўнглинг,
Сенга офтобу ой тупроқ била тенг.
 
 
Бировким ҳассасин синдирди ул дам,
Туролмай қолди тупроқдин ўзи ҳам.
 
 
355     Асоким, маъни ичра гар чунондир,
Мусонинг ҳассаси янглиғ илондир.
 
 
Анга душманлик этганлар не бўлғай?
Гумон йўқ, Фиръавн қавми аталгай.
 
 
Деди: байъат замони шу қўлим, бас,
Набийуллоҳ қўлига эрди пайваст.
 
 
Не янглиғ ҳурмату иззат эди бул,
Ҳаромга ҳеч қачон қўл чўзмади ул.
 
 
Дили дарё эди чун илми бирлан,
Тани тоғ эрди гўё ҳилми бирлан.
 
 
360     У боис бўлди Қуръон бўйлаким жам,
Дилида жам эди асрори олам.
 
 
У Қуръонни йиғиб, этди саришта,
Биларди ким у шайтон, ким фаришта.
 
 
У Қуръонда имоми хосу омдир,
Нечук ҳукми унинг ноқис, ёмондир?
 
 
Қўлидин қўймади Қуръонни бир он,
Ки ҳар кеча этарди хатми Қуръон.
 
 
Келаркан бошига шўришу ғавғо,
Этаркан қуллари исён баногоҳ,
 
 
365     Деди: қўйса қуролин қайси бир қул,
Қул эрмас, мутлақо озод эрур ул.
 
 
Анга Қуръон ҳамиша ҳамдам эрди,
Кўзи ўнгида эрди, маҳрам эрди.
 
 
Шаҳид чоғи эди ёнида Қуръон,
Лаган бўлди унинг қонига Қуръон.
 
 
Анга Қуръон эди оламда маъшуқ,
Ки маъшуқ олдида жон берди ошиқ.
 
 
У форуқ эрди, шамъи жаннат эрди,
Чу шамдек жонини жононга берди…
 

АМИРУЛ МЎМИНИН АЛИ КАРАМАЛЛОҲУ ВАЖҲАҲУ ВАСФИДА

 
370     Жаҳон ичра азиз гар неча номдир,
Амирул мўминин Ҳайдар имомдир.
 
 
Бу дунёни олиб зарби синони23,
У дунёга ёйилди васфи нони.
 
 
Фалакдин инди неъматлар бағоят,
Унинг уч нонига ўн етти оят.
 
 
Нон эрмас, ой, қуёшдир, шуъласидин
Ичарлар коса-коса, суфрасидин.
 
 
Бошингга ёғса гар ўқ, тири борон,
Али меҳри бўлур жонингга қалқон.
 
 
375     Расулуллоҳ демиш: эй нури дийдам,
Эрурмиз айни нурдин иккимиз ҳам.
 
 
Билим шаҳрига дарвоза Алидур,
Ва жаннат эшигига соқчи ҳам ул.
 
 
Фақирлик бобида кўрсатди ишни,
Ки уч бор тўкди ул олтин, кумушни.
 
 
Агар олтин, кумушда эрса қиймат,
Ҳўкиздир ул, сиғингай унга уммат.
 
 
Ҳўкиз борму Алига панжа ургай,
Ки бундоқ шер ила майдонда тургай?
 
 
380     Нақлдир, бор эди чун зирҳи они24,
Вале очиқ эди орқа томони.
 
 
Юзидек очиқ эрди орти зотан,
Ки ҳар гал эгнига жавшан кияркан,
 
 
Дер эрди: ортга ўтган ўлдирар, бас,
Вале ортимга бир кимса ўтолмас…
 
 
Яна айтмишдики, минбар тиколсам,
Чиқиб, дастури Ҳақни ишга солсам.
 
 
Шу халқи олам ичра жовидона,
Этардим тўрт китоб ҳукмин ягона.
 
 
385     Не айтса, Ҳақни деб сўйлар эди ул,
Очиб лаб бир куни сўзга, деди ул.
 
 
Ки «Лав кашф алғато»га етди дастим25,
Худони кўрмасам, эъзозламасдим.
 
 
Нечук кўз бу, нечук илму нечук кор?
Нечук хуршиди шаръу баҳри анвор?
 
 
Етишди баҳраси то сарҳади Чин,
Ва андин нофи оҳу бўлди мушкин.
 
 
У юздин дедилар: мардони дин бўл,
Илм иста, гар эрса Чинда ҳам ул.
 
 
390     У арслон чун яқини офтобдир,
Нафас айлар эса, бас, мушктобдир.
 
 
Уни мушки Хито дедим, хатодир,
У мушки Чин, яна шери Худодир.
 
 
Илм денгиз эса гар, бўйла бўлмас,
Унинг уммонидин бир қатрадир, бас.
 
 
Этолмасди сира миннатга тоқат,
Жуҳудга ёлланиб, айларди хизмат.
 
 
Биров сўрди: сенга лойиқмидир бул?
Қиличдек тил била берди жавоб ул:
 
 
395     Тошиб тош, нони тополсам, тотлидир, хуш,
Емасмен, нони миннат менга нохуш.
 
 
Киши нон топса ишлаб, айб дегай халқ,
Вале айб ул гадоликдир муҳаққақ…
 
 
Бу икки қайнота ҳам икки домод –
Туфайли дин, шариат мангу обод…
 

РУҲГА ХИТОБ

 
Аё, эй мушки жон, кел дафъа-дафъа,
Ки сенсан ноиби дорулхалифа.
 
 
Чу сенда руҳи Раббоний эрур жам,
Сарири мулки руҳоний эрур жам.
 
 
400     Магар икки жаҳон бир кафча хокдир,
Фазойи қудси дорулмулк покдир.
 
 
Ҳамма олам бирикмиш, баста сенга,
Замину осмон пайваста сенга.
 
 
Агар пайвастасен, биздан йироқсен,
Йироқсен кўздану кўзу қароқсен.
 
 
Биҳишту дўзаху рўзи қиёмат
Ҳамма исмингни айтгувчи аломат.
 
 
Малойикка маърифат бахш этарсен,
Халойиққа басират нақш этарсен26.
 
 
405     Мисоли юз қуёшсен, порласанг гар,
Ёнар ҳар зарранг ичра офтоблар.
 
 
Қуёшинг талъати ортиб, сайиддир,
Ва ҳар зарротинг ул арши мажиддир.
 
 
Не суврат, хоси қайюмсен ҳамиша,
Не дейман, бизга маълумсен ҳамиша.
 
 
Ажаб қушсен, вале билмам, нечуксен?
Баландсен барча хилқатдин, буюксен.
 
 
На осмон ичрадирсен, на заминсен,
Муқаррар ҳамдами Раббуламинсен.
 
 
410     Ҳамма нарса ўзинг, ҳеч ҳам ўзингсен,
Не тўғри, эгри ул, ҳар дам ўзингсен.
 
 
Даме мушкин нафас қил айлаб ихлос,
Ки Арш бўлди дамингдин мажмари хос27.
 
 
Ўзинг шоҳу халифа жовидона,
Жаҳонда олти ўғлинг бор ягона.
 
 
Уларнинг ҳар бири соҳибқирондир,
Магар ўз санъати ичра жаҳондир.
 
 
Бири нафсдирки ул, ҳис-туйғу жойи,
Бири шайтонки, мавҳум майли, ройи.
 
 
415     Бириси ақл, излар маъқулотлар,
Бириси илм, тўплар маълумотлар.
 
 
Бири йўқлик, фано истар ҳамиша,
Бири тавҳид, Худо истар ҳамиша.
 
 
Бу олтовлонки йўлга юргусидир,
Ҳузури жовидоний кўргусидир…
 
 
Азалдин то абад сенсан халифа,
Ки лутфинг бирла олам пурлатифа28.
 
 
Қаро кийгил тўнингни мисли Одам,
Сафар қил ботинингга, ул-да олам.
 
 
420     Хизрдек йўлга туш, бўл марди майдон,
Ғуборинг топмасин шу чархи даврон.
 
 
Маконинг бўлсин ул Нуҳ кемаси, садр,
Замонинг ваззуҳо вал-лайлатул қадр29.
 
 
Сулаймондек чиқиб, тахтингга ўлтир,
Узукни айла бармоғингда ҳозир.
 
 
Жамолингни Юсуфдек жилвагар қил,
Чун Иброҳим ҳамма узвинг басар қил.
 
 
Довуддек янгратиб сен пардайи соз,
Исодек бўл муҳаббат бирла дамсоз.
 
 
425     Магарким ҳамдаминг Мусойи Имрон,
Симир жоми бақодин оби ҳайвон.
 
 
Ва Симурғ соясида жилва кўргуз,
Ва Идрис бағрида бир кимё туз.
 
 
Гар этсанг жаҳду ғайрат беадад сен,
Топарсен Мустафодин ҳам мадад сен.
 
 
Етишса дин аро бундоқ камолинг,
Такаллум айла, сўз бўлсин ҳалолинг.
 
 
Ҳақир кўз бирла сўзга боқма асло,
Ки»кун»дин холи эрмас икки дунё.
 
 
430     Асоси икки олам сўз, сухандир,
«Кун» эрди боши, сўнгги «Ло такун»дир.
 
 
Худованддин башарга муждадир сўз,
Набий айтмишки, бас, зебандадир сўз.
 
 
Агар Мусо калими рўзғордир,
Сабабки, Ҳақ каломи унга ёрдир.
 
 
Исога сўз иноят этмаса Ҳақ,
Анга етгайму эрди руҳи мутлақ?
 
 
Муҳаммадким жаҳоннинг жони эрди,
Шаби меърожда сўз султони эрди.
 
 
435     Сўз эрмиш икки олам нақди, илло,
Никоҳ ҳам сўз, талоқ ҳам, суду савдо.
 
 
Қовушгай ёр ила то ёри жонон,
Сўз эрмиш ул висолу аҳду паймон.
 
 
Агар мубсар, агар масмуъ тиларсен,
Ва ё матъум, ва ё мамнуъ тиларсен.
 
 
Агар малбус, ва гар машмумни иста30,
Ва гар маъқулу гар мавҳумни иста.
 
 
Ва ё фикрингга келган бир хаёл ул,
Магар мумкиндир ул ёки маҳол ул,
 
 
440     Ҳамма то сўзга тушмас, очмагай юз,
Магар сўз бирладир ул Лавҳи маҳфуз.
 
 
Агар мавжуддир ул ё гум эмишдир,
Вале сўз кафтида бир мум эмишдир.
 
 
Етишгай барчадин завқу ишорат,
Неча юз турли сўз бирлан иборат.
 
 
Ақл айтур, нечук сўз бўлди пайдо,
Ки ҳожат эрди унга исми ашъё.
 
 
Асл ул сўз эмишдир, сўйлагил сўз,
Сўз ахтар, сўз сўра, касб айлагил сўз…
 

БИРИНЧИ МАҚОЛА

ДЕБОЧА

 
445     Жаҳонгашта эди бир кимса ғоят
Нақл этмишди ул шундоқ ривоят.
 
 
Халифа бор эди аввал замони.
Бор эрди олти барно ўғли они.
 
 
Бари олий сифат, мардона эрди,
Бировнинг олдида бош эгмас эрди.
 
 
Не илму дониш эрса ул замона,
Барида эрдилар нодир, ягона.
 
 
Ҳар ўғлон зуфунуни олам эрди,
Ҳар икки олам ичра ўктам эрди.
 
 
450     Атоси чорлади қошига бир бор,
Деди: илми жаҳондин сиз хабардор.
 
 
Халифазодасиз, ҳам подшосиз,
Не истарсиз жаҳондин шул дамо сиз?
 
 
Агар юз орзу ёки бир тилакдир,
Баён айланг, вазифам тингламакдир.
 
 
Билай то ҳар ўғилнинг эътиқодин,
Этиб сўнг чора, бергаймен муродин…
 
 
Бири сўз олди шунда, сўйлади роз:
Демишлар неча арбоби сарафроз.
 
 
455     Қизи бормиш парилар шоҳининг чун,
Боқармиш кечалар ой унга мафтун.
 
 
Ки ҳусни, ақли бирлан меҳри жон ул,
На ёлғиз жон эмиш, зеби жаҳон ул.
 
 
Агар етсам анга, кулгайди омад.
Яшардим роҳат айлаб то қиёмат.
 
 
Кишиким, бўйла гар соҳиб жамол ул,
Яна истарми ҳеч кўрку камол ул?
 
 
Киши офтобга ҳамдам бўлса, басдир,
Қачон ул зарра бирлан ҳамнафасдир?
 
 
460     Муродим шул менинг, гар Тангри бермас,
Ишим девоналикдир, ўзга эрмас…
 

ОТАСИНИНГ ЖАВОБ БЕРГАНИ

 
Атоси дедиким, шаҳватпарастсен,
Ки шаҳват зўри бирлан маст-аластсен.
 
 
Агар эрнинг муроди фарж бўлгай31,
Ҳамма нақди вужуди харж бўлгай.
 
 
Вале ҳар кимса гар мардона келгай,
Бу шаҳват дардига бегона келгай.
 
 
Аёлким бўлди шаҳватдин жудо ул,
Эрур мардони даргоҳи Худо ул…
 

ПОКИЗА АЁЛ САДОҚАТИ

 
465     Аёл бор эрди чун ҳусну жамоли,
Куну тун – юз ила зулфи мисоли.
 
 
Фазилатлар сазовор эрди унга,
Яна зуҳду салоҳ ёр эрди унга.
 
 
Латофат ичра зеби олам эрди,
Малоҳатлик эди, ширин ҳам эрди.
 
 
Сочи сунбул эди чун, қўнғироқ ҳам,
Унинг ҳар торида етмишта буклам.
 
 
Кўзи, қоши эди сод бирла нундек,
Худо билгай, кўзу қош борми бундек?
 
 
470     Агарда очса лаб, гавҳарфишонни,
Ҳалок айлар эди яхши, ёмонни.
 
 
Садаф ул лаблари хандони эрди,
Гуҳар ул тишлари, дандони эрди.
 
 
Занахдони кумушранг олмадек чун,
Халойиқ эрдилар ҳар лаҳза мафтун.
 
 
Фалак ҳам ҳуснига ҳайрон эди ул,
Боқиб, сарсону саргардон эди ул.
 
 
Аларким сўзда дур термишлар эрди,
Анга «марҳума» ном бермишлар эрди.
 
 
475     Аёл эрди бу янглиғ, чархи гардон –
Фалак наздида ул чун шери мардон.
 
 
Эри бор эрди, бас, маъсуму мақбул,
Баногоҳ йўлга тушди ҳаж учун ул.
 
 
Ини бор эрди эрнинг, бул ҳавасди,
Магар эр бўлса ҳамки, мард эмасди.
 
 
Ака топширди унга ўз аёлин,
Адо этгил, деди, мушкул, маҳолин.
 
 
Ини сўз берди андоқ оғасига,
Паноҳ бўлмоққа ёлғиз янгасига.
 
 
480     Қарашди янгасига неча муддат,
Не ҳожат бор эса, этди ижобат.
 
 
Унинг ташвиши бирлан бўлди машғул,
Юборгайди мудом бир нарсалар ул.
 
 
Бориб ҳол сўргали олдига они,
Ниқобсиз кўрди бир кун дилрабони.
 
 
Қўлидин кетди ихтиёри андоқ,
Тилим ожиз демакка, бўлди қандоқ?
 
 
Чунонким ул санам домига тушди,
Кўнгилдин ўт чиқиб, бағри туташди.
 
 
485     Ўшал дам ақли буткул топди барҳам,
Вале ишқи зиёда эрди ҳар дам.
 
 
Ки ҳар дам бўлди хотинда хаёли,
Чекиб оҳ, қолмади ҳоли, мажоли.
 
 
Чу устун келди ишқи, ақли кетди,
Хотинга ҳолини ул маълум этди.
 
 
Гаҳи зар сўнди, гоҳи чекди ул зор,
Ва лекин қувди хотин, айлади хор.
 
 
Деди: Ҳақдин уял, шул эрса коминг,
Қани оғангга иззат, эҳтироминг?
 
 
490     Шуми дину диёнат, эй нетарсен?
Омонатга хиёнатму этарсен?
 
 
Тазарру эт, кечирсин то Худованд,
Бу фосид ўйларингдин кеч тамоман…
 
 
Деди хотинга ул: бефойдадир сўз,
Мени зуд хушнуд айла, эй дилафрўз.
 
 
Йўқ эрса, бўйла бир савдо этармен,
Халойиқ олдида расво этармен.
 
 
Аламдин бағри чок бўлгайсен охир,
Йиқилгайсен, ҳалок бўлгайсен охир…
 
 
495     Деди хотин: гар ўлсам, не фироқдир,
У дунёда ўлишдин яхшироқдир…
 
 
Чу нокас қўрқди, хотин бўзлагай деб,
Эрига бори гапни сўзлагай деб.
 
 
Ўзини оқламоқни ўйлади ул,
Бериб пул, тўрт кишини ёллади ул.
 
 
У шумлар кори бўлди чун гуноҳлик,
Зино қилди бу хотин деб гувоҳлик.
 
 
Эшитди қози шумлардин бу ишни,
Буюрди шу замон сангсор қилишни32.
 
 
500     Хотинни судради саҳрога авбош,
Ва унга тўрт тарафдин отдилар тош.
 
 
Чунон тош отдилар, тошлар уюлди,
Кейин, бас, дедилар, фоҳиша ўлди.
 
 
Бу янглиғ тош отиб, устига чошлаб,
Халойиқ кетдилар шўрликни ташлаб.
 
 
Аёл дашту биёбон ичра қолди,
Тани тупроқ аро, қон ичра қолди.
 
 
Кечиб тун, бўйлаким тонг этди оғоз,
Аёл шўрлик ўзига келди бир оз.
 
 
505     Ва инграб дам-бадам ул нола чекди,
Кўзидин тўкди ёшлар, жола чекди.
 
 
Баногоҳ дашт аро шул субҳгоҳий,
Ўтарди тевасида бир аъробий.
 
 
Эшитди нолани, кўнгли эзилди,
Тушиб, ул муштипар бошига келди.
 
 
Ва сўрди: эй хотин, бечора, кимсен?
Ўлибдирсен, вале андак тириксен…
 
 
Аёл дедики, мен бемору зормен,
Аъробий дедики, ёрдам этармен…
 
 
510     Кейин тевасига миндирди они,
Уйига элтдию индирди они.
 
 
Қарашди парваришлаб кеча-кундуз,
Ки ўз ҳолига қайтди ул дилафруз.
 
 
Яна товланди ул, гулдек очилди,
Гулидин атру амбарлар сочилди.
 
 
Тозарди юзлари, гулнори яшнаб,
Кўринди сочлари, зуннори яшнаб.
 
 
У сангсордин чиқиб, чун ёнди ял-ял,
Ки тошлар бағридин чиққан каби лаъл…
 
 
515     Аъробий кўрди не ҳусну жамол ул,
Чу ошиқ бўлди, бас, ошуфтаҳол ул.
 
 
Чунон ўртанди, ёнди, йўқ қиёси,
Кафан бўлди унинг кийган либоси.
 
 
Аёлга деди: бўл жуфти ҳалолим,
Ўлибмен, жон бағишла, бер висолим.
 
 
Аёл деди: менинг шаръий эрим бор,
Нечук этгаймен ўзга бирла дийдор?
 
 
Аъробий ўртанаркан жисму жони,
Аёлни чорлади кел деб ниҳоний.
 
 
520     Аёл дедики, эй сен диндан озган,
Худойимдин наҳотки қўрқмагайсен?
 
 
Қарашдинг менга чун, Ҳақ ёринг эрди,
Нечун шайтонга эш бўлгайсен энди?
 
 
Ўшал хайринг зиён этмоққа шошма,
У иймон каъбасин йиқмоққа шошма.
 
 
Бу йўлга юрмадим, кўл бўлди ёшим,
Не тошлар зарбига дуч келди бошим.
 
 
Бу таклифни этарсен сен-да бул дам,
Вале покдир менинг диним, хазинам.
 
 
525     Магар юз пора қил, майли, омон йўқ,
Менинг покиза жисмимга зиён йўқ.
 
 
Кел энди, бир нафас шаҳват тўкай деб,
Ўзингга гўр азобин кўрмагил эп…
 
 
Аёлким эрди чун покиза гавҳар,
Аъробий эгди бош, бас, деди хоҳар33.
 
 
Пушаймон бўлди бас андишасидин,
У шайтон макри бўлган пешасидин.
 
 
Аъробийда бор эди бир қаро қул,
Баногоҳ кирди уйга бош суқиб ул.
 
 
530     Кўриб ой юзлини ул чекди бир оҳ,
Уни мавҳ этди ишқ, ошуби савдо.
 
 
Аёлнинг васлин айлар эрди орзу,
Ва лекин номуяссар эрди орзу.
 
 
Аёлга деди: сен ой, мен қаро тун,
Не бўлгай бирга бўлсак, кун аро тун?
 
 
Аёл деди: дам урма, бўлмагай бу,
Хўжанг ҳам айламишди бўйла орзу.
 
 
У истаб, етмади, кўнгли кетиб суст,
Сенга бўлгаймиди васлим, қаро юз?
 
 
535     Деди қул: термилиб, ҳеч тўймагаймен,
Мени қувдинг, вале мен қўймагаймен.
 
 
Нетармен, ҳийлайи шайтон этармен,
Бу юртдин ҳайдатиб, сарсон этармен.
 
 
Аёл деди: не қилсанг, қил, не боким,
Агар қисматдин эрса ул ҳалоким…
 
 
Қаро қул ранжиди, чун заҳри келди,
Меҳрли эрди, энди қаҳри келди.
 
 
Ғазабнок чиқди бир кеча эшикка,
Арабнинг ўғли бор эрди бешикда.
 
 
540     Бориб, қонга ботирди қўзичоқни,
Кейин элтиб ўшал қонли пичоқни
 
 
Аёлнинг болиши остига қўйди,
Пичоқни ул аёл қасдига қўйди.
 
 
Саҳар кўз очди она уйқудин шод,
Гўдакни ул эмизмоқ истади бот.
 
 
Ва лекин кўз солиб жонсиз гўдакка,
Фиғони чиқди, юксалди фалакка.
 
 
Ки андоқ чекди фарёд жон узиб ул,
Сочини бойлади белга, кесиб ул.
 
 
545     Кейин ахтардилар: ул ботили ким?
Шу бечора гўдакнинг қотили ким?
 
 
Ва излаб топдилар қонли яроқни,
Аёл болиши остидин пичоқни.
 
 
Дедилар барча: қилмишга далил бу,
Гўдакни қонга қорган нобакор шу!..
 
 
Гўдакнинг онаси бирлан қаро юз
Аёлни урдилар, айтмоққа йўқ сўз.
 
 
Аъробий сўрди: айтгил, эй аёл сен,
Сенга қандай ёмонлик айладим мен?
 
 
550     Бу менга ҳурматинг ё ҳимматингми?
Гуноҳсиз қон тўкишдин қўрқмадингми?
 
 
Аёл деди: эшитгил, эй биродар,
Ақлни не учун этди муяссар?
 
 
Ақлни ишга сол, қўй аҳраманлиғ,
Сенга ақлу хираддин баҳрамандлиғ.
 
 
Ақл кўзи-ла боққил, эй хирадманд,
Менга не яхшиликлар айладинг сен.
 
 































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































1
...
...
8