185 Кўринди Жаброил бир кеча хуррам,
Дедиким, эй Расул, эй Садри олам,
Бу зулмат юртидин юргил, гузар қил,
У дорулмулки Оллоҳга сафар қил.
Юриб, ул Ломакон сори қадам қўй,
Тутиб ҳалқа, қадам сўйи ҳарам қўй.
Бу кеч сенга фалаклар кўз тутарлар,
Фалак узра малаклар кўз тутарлар.
Набийлар кўз тутарлар сенга чанқоқ,
Жамолингни кўришга зору муштоқ.
190 Эшик очмиш биҳишт ҳам, осмон ҳам,
Сени деб барча кўнгилларда байрам.
Бу кеча не сўрарсен, сўргил, илло,
Кўрарсен, юз очар қаршингда Оллоҳ.
Баён эт умматинг дардин аён сен,
Ҳақиқат, жумла асрори жаҳон сен…
Буроқ омода эрди, мисли чақмоқ,
Уни нурдан яратмиш эрди Ҳаллоқ.
Чу Оллоҳ нури пайваст эрди унга,
Югурса, ел етолмас эрди унга.
195 Набий минди Буроққа, йўлга тушди,
Макондин Ломакон сорига учди.
Жўшиб, тебранди шунда Арши аъзам,
Ана, келмоқда, деб офтоби олам.
Малаклар ҳам табақларни тутиб, ҳай,
Нисор сочмоққа ҳозир турдилар, шай.
Тамомий анбиёни кўрди йўлда,
Уларга не хабарлар берди йўлда.
Биринчи Одам очди ўз жамолин,
Анга ул ошно этди висолин.
200 Кейин Нуҳ айлади Куллдин хабардор,
Ки бўлди бу хабардин соҳиб асрор.
У Иброҳимда топди улфати Кулл,
Аён бўлди анга, чун қурбати Кулл.
У Исмоилдин олди тарбиятлар
Ва Исҳоқдин тополди тақвиятлар12.
Ва Яъқуб айлабон ғамлардин озод,
Азиз зотини ишқдин этди обод.
Яна Юсуф анга роз айтди дилдан,
Садоқат розини боз айтди дилдан.
205 У истар эрди нур, Мусойи муштоқ
Уни ишқ оламида айлади тоқ.
Ва Довуд сўйлади рози ниҳонлар,
Сулаймон айлади шарҳу баёнлар.
Кейин Исо кўриб чун бўлди шайдо,
Уни этди фақирлик ичра якто.
У жумла анбиёга чўзди қўлни,
Уларга бирма-бир кўрсатди йўлни.
Муяссар бўлди сўнгра қурбати Дўст,
Очилди унга сўйи ҳазрати Дўст13.
210 Югурди, Сидрага йўл олди Аҳмад,
Чу дўст кўйига ўзни солди Аҳмад.
Шу он ҳамроҳи Жаброил эмишди,
Қаноти еру кўкни қопламишди.
У қолди шунда, юрди Мустафо ул,
Йўл олди сўйи зоти подшо ул.
Таажжуб ичра сўрди Жаброилдан:
Не боис бўлди, ортиқ юрмагайсен?
Жавоб айлаб деди: эй соҳиби роз,
Ижозат йўқ менга йўл юргали боз.
215 Мажолим йўқ менинг юрмоққа бир дам,
Вале сен олға бос, эй шоҳи олам.
Ёпиқдир менга ул даргоҳи олий,
Қанотимни ёқар нури тажаллий.
Сенинг Ҳазратга етмоғинг керакдир,
Юриб, қурбатга етмоғинг керакдир…
Муҳаммад юрди ул даргоҳ сари чун,
Кўнгилни узди Ҳақдин ўзгасидин.
Чунон юксалди, андин боқди, кўрди,
Йироқда Жаброил чумчуқча эрди.
220 Кечиб ғайб пардасин этди гузар ул,
Кейин андин туриб этди назар ул.
На бир жойу жиҳат, на ақлу идрок,
На арш қолди, на фарш, на куррайи хок.
Макондин айру ул дам, ломаконда,
Ниҳон эрди ўзи ҳам Ломаконда.
Қўйиб ул жону тан, тарк этди ўзни,
Ўзидин кечди, Ҳаққа тикди кўзни.
Кўраркан бошда охирни саранжом,
Нидо келди Худодин, кулли пайғом:
225 Аё, келгил, ўзинг йўқ айлабон, кел,
Қўй энди жисму жон, бежисму жон кел.
Ки бизнинг мақсаду асроримиз сен,
Кўр энди васлимиз, дийдоримиз сен…
У даҳшат ичра қолди тилсизу лол,
Муҳаммаддин Муҳаммад бўлди безор.
Муҳаммад кўрди ул жонларга жонни,
Лиқойи Холиқи кавну маконни14.
Шу ерда топди ул куллий фано, бас,
Муҳаммад қолмади, қолди Худо, бас.
230 Муҳаммад йўқ, Худо бор эрди унда,
Аён айну лиқо бор эрди унда.
Нидо келди: нечуксен, садри олам?
Деди: Раббим, нечукдин холидирман.
Ўзинг бечун Аҳад, мен ким бўлибмен?
Ўзинг борсен фақат, мен ким бўлибмен?
Чу сендин айру бўлмоққа не имкон?
Ўзинг ақлу ўзинг қалбу ўзинг жон…
Жавоб келдики, эй бори гуҳар сен,
Амини жумлаву суду самар сен.
235 Бу кеча не тиларсен, тилга келтир,
Муродинг айлагум шу лаҳза ҳосил.
Яратмоқдин мурод танҳо сен эрдинг,
Тила биздин ҳамон, не истар эрдинг?
Муҳаммад деди: эй Раббий, Биру Бор,
Биларсен ҳар неким оламда асрор.
Биларсен не эмиш ул сирри розим,
Дегаймен умматимни деб ниёзим.
Жаҳон ичра гуноҳкор умматим бор,
Вале ул баҳри фазлингдин хабардор.
240 Не бўлгай, эй Худойим, шафқат этсанг,
Уларнинг барчасини раҳмат этсанг?
Нидо келди яна бир бор баланддин:
Уларни бори раҳмат айладим мен.
Муҳаммад, умматим деб ема ғам кўп,
Уларнинг журмидин бизда карам кўп15.
Чу бизнинг марҳамат оламга сиғмас,
Ва бизнинг бор таважжуҳ сенгадир, бас.
Бу сўнгсиз меҳримиз ҳам сенга мутлақ,
Сени сайлаб, сени биз айладик тоқ.
245 Жаҳон бўстонида гулшан ўзингсен,
Жаҳонга дийдайи равшан ўзингсен.
Ўзинг маҳбуби олам, кулли асрор,
Ўзингсен биздан ул куллий хабардор.
Ўзингсен бизга ҳамдам дарҳақиқат,
Сенга бахш айладик сирри шариат.
Ҳабибуллоҳ ўзингсен, сенга деб чун
Яратдик етти осмон – етти гардун.
Сенга деб икки дунё шайладим мен,
Сени зотимда якто айладим мен…
250 Ва куллийсир шу онда этди ошкор
Анга уч бора ўттиз мингта асрор.
Хитоб айлаб деди: маҳбуби бечун,
Бу уч бора ўтиз минг дури макнун.
Унинг сен ўттизин айт, ўттизин на,
Яна ўттизни хоҳ айт, хоҳи айтма.
Агар лозим эса, айтгил, аён қил,
Йўқ эрса, сўзлама, дилда ниҳон қил…
Эшитди бу каломни сидқи жондин,
Жаҳонга қайтди Аҳмад Ломакондин.
255 У қайтди жо этиб жонига сирни,
Ҳамон иссиқ эди тўшакда ўрни…
Биров сўрди: эй Аккофий, сарафроз,
Набий меърожидин сен сўйлагил боз.
Баён эт сирри меърож, ул не эрди?
Деди: ҳам ичда ул, ҳам тишда эрди…
Мислсиз эрди зоти, сирри унда,
Аён кўрмишди ул Тангрини унда.
Макони эрди чиндан Ломакон ул,
Сабабким, эрди чун жонларга жон ул.
260 Ҳамма ул эрди, лекин ул ҳақиқат
Баёнин этмади, айтди шариат.
Агар сен воқифи асрор эрурсен,
Ажаб йўқ, лойиқи дийдор эрурсен.
Кўрингай сенга ҳам қадрингча жонон,
Бўлурсен аҳли тавҳид бирла ҳар он.
Агар ёрлиқ топарсен Мустафодин,
Дилинг равшан этиб нури сафодин.
Шариатнинг йўлин тут, айла ихлос,
Бўлурсен у сабабли соҳиби роз.
265 Кишига қадрича сир сўйласанг гар,
Очилгай унга бир эшик муқаррар.
Муҳаммад тавҳиди бирлан назар сол,
Висол излаб, кўнгилга сен назар сол…
Аё, Аттор, топиб нури Муҳаммад,
Чу маъсуд бўлдингу мансур, муаййад16.
У боис жонда нури анваринг бор,
Кўнгилда бўйла дури гавҳаринг бор.
У боисдин тилингда бўйла инжу,
Ниҳондир баҳри жонинг ичра инжу.
270 Анга ким қуллуқ этса, комрондир,
Ҳар икки олам ичра унга номдир.
Унинг йўлига кир, манзилни кўзла,
Ўшал манзилда ул жононинг изла.
Расулинг, пешвойинг, раҳбаринг ул,
Набийлар сарвари, Паямбаринг ул…
Расуло, баски Аттор раҳбарисен,
Кўнгилда ишқ сиррин сарвари сен.
Ки сендин топди ул дури маоний,
Ўзингсен йўллагувчи йўлга они.
275 Дилу жони сенга пайваста доим,
Биларсен, ул нечук ишқингда қойим.
Тилармен, менга васли Куллни кўрсат,
Ҳидоят айла, асли Куллни кўрсат.
Аниқким, сен мени шоир демассен,
Бу шоир, деб назар солган эмассен.
Биларсен, бундан ортиқ не дегум сўз,
Сени истаб, хаёлим сенда ёлғиз.
Адойи Ҳазрати покинг эрурмен,
Оёғинг остида хокинг эрурмен.
280 Қабул этгил мени, Ҳаққа қабулсен,
Топиб сирри яқин, соҳиб вусулсен.
Тилармен даргоҳи покингни, сурма,
У даргоҳ хокимен, хокингни сурма.
Не бўлгай, етса ул пойингга бул хок,
Бошингда Тангри берган тожи Лавлок17.
Мунаввар айла Аттор кўнглини сен,
Яна этгил гуҳарбор кўнглини сен.
Ба ҳаққи чор ёр, лутф айла ҳар дам,
Йироқ тутма мени, эй нури дийдам…
285 Сари мардони дин, Сиддиқи Акбар,
Имоми содиқи асҳоби маҳшар.
Маҳини раҳмати маҳдат у эрди,
Дин ичра сабқи ул ҳайрат у эрди.
Эди хилват тунида дўсти ғор ул,
Нисор этмишди илк қирқ минг динор ул.
Абу Бакр бўйлаким этди, шу асно
Очилди унга буткул ажри дунё.
Имони унга ёр эрди азалдин,
Асл ҳам устувор эрди азалдин.
290 Тиши оғриб, чу ўн йил этди жонсўз,
Паямбарга вале ул очмади сўз.
Паямбарга буни Ҳақ этди таҳқиқ,
Паямбар дедики, эй дўсти содиқ.
Нечун сен этмадинг менга ҳикоят?
Деди: мен этмагум Ҳақдин шикоят.
Кишиким, тан сирин пинҳон тутар чун,
Унинг жон сирри бўлгай Ҳаққа маълум.
Юрарди тош солиб оғзига яксар,
Тилим то сочмагай деб дурру гавҳар.
295 Кўрингай тош аро гавҳар, билармен,
Вале гавҳар аро тош кўрмаганмен.
Чунон мустағрақи Ҳақ эрди жони,
Йироқди лофу ёлғондин забони.
Ки жони эрди чун машғули оят,
Чу ўн саккиз ҳадис андин ривоят.
Гар ўн саккиз минг олам эрди бори,
Бул ўн саккиз уларнинг ёдгори.
Далили асли оламдир ҳадиси,
Шунинг-чун мусту маҳкамдир ҳадиси.
300 Басе ақлу басар бор эрди унда,
Тирикликдин хабар бор эрди унда.
Дуо этмишди бир кўр, нобинони,
Ижобат айлади Ҳақ ул дуони.
Баланд деб мартабам мағрур эмасди,
«Ақилуни»дан ўзга сўз демасди18.
Вафот этганда ул зоти гироми,
Қўйишди Мустафо ёнига они.
Калитдек Ҳақ уни қулфига солди,
Ки андин олами асрор очилди.
305 Ҳали қўл урмайин қулфга у доно,
Очилди пардайи асрор ҳамоно.
Темир ҳам эътиқод айларди унга,
Нега ағёр дили дўнмиш темирга?
Очилмиш эрди қулфлар олдида, бас,
Нега ағёр дили унга очилмас?
Саҳоба чун мозорга элтдилар, ҳай,
Очилмиш бир қабрни кўрдилар шай.
Кишиким сидқи бордир, дўсту ёрдир,
Илон чаққанда ҳам ул ёри ғордир.
310 Расулуллоҳ Абубакру Умарни
Демиш кўзу қулоқ, сочмиш гуҳарни.
Набийким деди чун самъу басардир19,
Уларни севмаганлар кўру кардир…
Имоми мутлақу шамъи қўш олам,
Амирул мўминин, фориқи аъзам.
Эрур Ҳақ номига пайваста номи,
Ки «Фурқон»дин келур «фориқ» каломи20.
Кўзи Ҳақ нури бирлан тўлмиш эрди,
Йўли андин мунаввар бўлмиш эрди.
315 Адолат нурига тўлмиш дили ҳам
Ва андин равшан ўлмиш икки олам.
Ародин сурмиш ул зулму ситамни,
Адолат бирла фатҳ этмиш Ажамни.
Араб андин қавий бўлмиш ва илғор,
Ажам андин басе порсою диндор.
Темир бўлмиш унинг азми била мум,
Эшик очмиш унинг амри била Рум.
Икки кўйлак киярди бошда, лекин
Мусулмон бўлдию кечди биридин.
320 Киярди битта кўйлак, битта тан деб,
Бирисин асрор эрди, бу кафан деб.
Ямоқ солгай эди кўйлакка ҳар он,
Шу важдин кўйлаги ўн етти ботмон.
Чу ўн етти ямоқ кўйлакка тушди,
Ул ўн сакиз минг оламга етишди.
Солиб кўз ҳар сафар чун аҳли олам,
Нега кийгай ямоқ, деб чекдилар ғам.
У кўйлак бирла сомон эрди унда21,
Ҳаловат эрди, иймон эрди унда.
325 Салобатлик эди, қабрига бир дам
Яқинлаб келмади Мункар, Накир ҳам.
Ҳисобчи эрса гар Форуқи олий,
Не ҳожат унда Мункарнинг саволи?
Этаркан муҳтасиб чун амри маъруф,
Наҳи мункар қилур ул, ҳамда мавсуф22.
Кўзим, деди паямбар, не шараф бул,
Чароғи хулд, деди, ҳам пешво ул.
Чароғи этди Ғарбу Шарқни равшан,
Фақат мой олмамишди Ғарбу Шарқдан.
330 Чароғи кўз эди, юз бурмагинг не?
Чароғсиз, кўрмайин, йўл юрмагинг не?
Чароғинг бўлмаса, фарқ этмагайсен,
Кўзинг олдида ул гулханми, гулшан?
Сенга кўз чин мулозимдир ҳамиша,
Чароғ ҳам сенга лозимдир ҳамиша.
Улар йўқ эрса, аҳволинг табоҳдир,
Билолмай қайда йўлдир, қайда чоҳдир.
Уларсиз сен адашмоғинг тайиндир,
Баногоҳ чоҳга тушмоғинг тайиндир.
335 У олди Мустафодин бўйла кўзни,
Ва Тангри номи бирлан айтди сўзни.
Агар кўр бўлмасанг, очгил қароғинг,
Агар кар бўлмасанг, тутгил қулоғинг.
Кишиким бўйла нурдин гар йироқдир,
Агарчи жаннатийдир, бечироқдир.
Чароғи чарх эрур меҳри мунаввар,
Чароғи жаннат ул Форуқи Акбар.
Чалинса эрта сури жовидоний,
Йиқилгай ул чароғи осмоний.
340 Ва лекин бул чароғи жаннатафрўз,
Йиқилмас, нур таратгай кеча-кундуз…
О проекте
О подписке
Другие проекты