Читать книгу «Илоҳийнома» онлайн полностью📖 — Шайх Фаридуддин Аттор — MyBook.

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИЙМ

 
У шундоқ зотки, мулки безаволдир,
Хирад аҳли уни айтмоққа лолдир.
 
 
Магарким жон эрур жонларга номи,
Шарафдир барча девонларга номи.
 
 
Бу номни айтса, тилларда шакардир,
Бу номдин бори кўнгилда гуҳардир.
 
 
Бу номсиз атру бўйинг ранг эмишдир,
Бу номсиз барча номинг нанг эмишдир1.
 
 
5     Худованддирки, бордир бўйла чандон,
Етолмай зотига ҳар кимса ҳайрон.
 
 
Унинг сиррига биз қандоқ етармиз?
Унинг тавсифини қандоқ этармиз?
 
 
У қудрат илки бирлан олди ерни,
Фалак чавгонига сўнг солди ерни.
 
 
Ки андин бир баланд келгувчи йўқдир,
Унинг асрорини билгувчи йўқдир.
 
 
Ҳамма мулки жаҳон исботидир, бас,
Бутун олам далили зотидир, бас.
 
 
10     Сифоти зот эрур, зоти сифот ул,
Назар сол яхшироқким, жумла зот ул.
 
 
Не мавжуд эрса, зилли ҳазратидин,
Не асрор эрса, келди қудратидин.
 
 
На хушдир сўз аро ул таърифи зот,
Ки «Ат тавҳид-исқотул изофот»2.
 
 
Балиқдин ойгача борлиқ жаҳон, бил,
Унинг наздида эрмиш бир қаро қил.
 
 
Ажаб иззатки, андоқ бениёзким,
Эгиб бош, ақлу жонлар унга таслим.
 
 
15     Ажаб ҳашматки, жонга кирса бир он,
Турар ҳар заррасидин юзта тўфон.
 
 
Ажаб ваҳдатки, чун меҳнатсарога,
Магарким сиғмагай қил ҳам арога.
 
 
Ажаб роҳатки, зарра билса иблис,
Тонг эрмас ҳеч, тазарру қилса иблис.
 
 
Ажаб ғайратки, зарби тушса бир дам,
Йўқолгай бир нафасда икки олам.
 
 
Ажаб ҳайбатки, офтоб гар тополгай,
Мисоли соядек ўчгай, йўқолгай.
 
 
20     Ажаб ҳурматки, кимса истабон ул,
Боролмас ул тарафга, топмагай йўл.
 
 
Ажаб мулкатки, бас, боқий ва пойдор,
На унда бир қусур, на зиддият бор.
 
 
Ажаб қувватки, хоҳиш этса бир дам,
Замин мум бўлгуси, қолмас фалак ҳам.
 
 
Ажаб шарбатки, қонга бўктириб нон,
Еганда таскину умид топар жон.
 
 
Ажаб соҳатки, гар олам битар, бас3,
Муқаррар мулкидин бир тола битмас.
 
 
25     Ажаб ғоятки, чашми ақлу идрок
Қолурлар оқибат тупроқ бўлиб, хок.
 
 
Ажаб муҳлатки, фурсат етса, ҳангом,
Шу олам қасдига қил ҳам бўлур дом.
 
 
Ажаб шиддатки, бас, ҳужжат оларкан,
На жим тургайсану на сўзлагайсан.
 
 
Ажаб узлатки, елди қанча одам,
Кўйида топмади гарду ғубор ҳам.
 
 
Ажаб ғафлатки, солди бизга занжир,
Агарчи йўқ эди бир айбу тақсир4.
 
 
30     Ажаб ҳасратки, махласдин асар йўқ,
Вале ҳасрат аро суду самар йўқ.
 
 
Ажаб тоқатки, тарк айлаб омонат,
Чиқайлик ташқари, этмай хиёнат.
 
 
Бу ишқ дарёсининг пою сари йўқ,
Юрак қонидин ўзга раҳбари йўқ.
 
 
Киши ошиқ эса, одим отиб ул,
Ботар қонларга, андоқким қизил гул.
 
 
Худовандо, неча сўз бўлди қайдим,
Талай мен ҳудаю беҳуда айтдим.
 
 
35      Агарчи журми осий юз жаҳондир,
Вале бир қатра фазлинг бекарондир.
 
 
Жаҳонда айбимиз тақсири тоат,
Бисотдир бир ҳовуч молу бизоат.
 
 
Ўзинг йўқдин яратдинг бўйла бизни,
Худовандо, ўзинг ёд айла бизни.
 
 
Халос қил бизни бор чуну нечундин,
Халос айла вафосиз даҳри дундин.
 
 
Худоё, раҳматинг оламни тутгай,
Вале бир қатраси бизларга етгай…
 
 
40     Гуноҳкор хулқни гар дарёга солсанг,
Тозартиб, чиру чиркиндин юволсанг,
 
 
Зилолу, тозадир оби равонинг,
Басе равшан кўрингай шу жаҳонинг.
 
 
Камайгайму сира дарёйи раҳмат,
Агар бир қатра эрса бизга қисмат?
 
 
Хушо, Ҳақ деса «ҳойе», банда «ҳуйе»,
Ки бўлса ўртада чун «ҳойе-ҳуйе».
 
 
Жаҳонда Ундан ўзга бир кишинг йўқ,
Нечун бу эзгулик бирлан ишинг йўқ?
 
 
45     Агар юз ошно ҳамхонадирлар,
Сенга ул барчаси бегонадирлар.
 
 
Камаймас андуҳинг, ул оҳ-войинг,
Жаҳонда маҳраминг ёлғиз Худойинг.
 
 
Агар тоғ сабрию денгиз сафоси
Топилса, топилур дардинг давоси.
 
 
Агар ўлмай туриб бир дам ўларсен,
Ўшал дам мулки оламни оларсен.
 
 
Магар огоҳмисен, эй марди маҳжур,
Яқиндин сен йироқдирсен, фикр қил.
 
 
50     Бу ҳолда доғи ҳасратдир маошинг,
Ўтиргайсен қўйиб тиззангга бошинг.
 
 
Агар шойистайи роҳи Худо сен,
Бадар қил, айла тарк кибру ҳаво сен.
 
 
Агар кўр айласанг чашми ҳавойинг,
Очилгай Ҳақ сари чашми Худойинг.
 
 
Бу ҳайрат бениҳоятдир, нечук, ҳай,
Киши дарёдин излаб, игна топгай?
 
 
Жаҳон икки эшикли бир работ, сен
Даме бундан кириб, андин чиқарсен.
 
 
55     Вале сен уйқу ичра банди ғафлат,
Тиларсен ёки йўқ, бошингда ҳижрат.
 
 
Гадодирсен ва ё шоҳи жаҳонсўз,
Насибинг икки газ тупроқ билан бўз.
 
 
Басе бу чархи гардун шеваси шул,
Кишига бермагай ҳаргиз омон ул.
 
 
Ва сенда неки бор ул, кому ноком,
Кетар бир кун бари, топгай саранжом.
 
 
Агарчи молу мулкинг кўкка етгай,
Йўлинг андоқ жудолик бирла битгай.
 
 
60     Магар дунёйи фонийдин, инон сен,
Насиб этса кафан, шоҳи жаҳонсен…
 
 
Тиларсен, эй азиз, шоҳи жаҳонлиқ,
Ўзингга ганжу давлат, комронлиқ.
 
 
Агар истар эса, бергай У ганжни,
Йўқ эрса, бермагай, сургай у ганжни.
 
 
Хабардор бўлмоғинг лозимдир андин,
Нечун берди, нечун сўнг олди сендин.
 
 
Жаҳони бевафо саҳнида нур йўқ,
Ғаму мотамдин айру бир сурур йўқ.
 
 
65     Кумуш берса, муқаррар тош эрур ул,
Бедов берса, чўлоқдир, лош эрур ул.
 
 
Фироқсиз бир висол йўқдир жаҳонда,
Тикансиз гул топилмас бу маконда.
 
 
Жаҳонда бормикин бир кимса беғам?
Тавоф айлар эдим, излаб тополсам.
 
 
Танингга ғамни юкла гар эсанг эр,
Агар жон сўрсалар, рад этма, жон бер.
 
 
Ки қудрат борми сенда, зоҳир этсанг,
Қабрга кирмайин, гардунга етсанг?
 
 
70     Яшаб, Одам эди бахт бирла бирга,
Вале буғдойни деб қон тўкди ерга.
 
 
Дема буғдой уни, юз бир балодир,
Сенга ғамсиз таоминг қайда бордир?
 
 
Зиёнга ўтди юз суду самарлар,
Фиғонким, бошимизда мунча ғамлар.
 
 
Жаҳон, шодлик қани, жаврингга йўқ чек,
Кечар жавринг била даврон шамолдек.
 
 
Жаҳонку боқмади дардингга бир, боқ,
Сочарсен не учун бошингга тупроқ?
 
 
75     Жаҳон сендек куёвни кўрди қанча,
Никоҳ, тўю томоша қурди қанча.
 
 
Мен эрсам ўзга бир ҳамдам тилармен,
Чу ҳамроз бўлгудек маҳрам тилармен.
 
 
Тополмасмен вале бир дўсти содиқ,
Фиғонким, дўсту улфатлар мунофиқ…
 
 
Танинг тупроқ била бўлгай баробар,
Нечун бунёд этарсен кўшку манзар?
 
 
Келибсен шу танинг хок айламакка,
Нечун қасрингни тикларсен фалакка?
 
 
80     Агарчи борлиғинг олтин эрур, ганж,
Магар бир қатра сув ичдингми беранж?
 
 
Сени деб ўзгалар кўнглида ғам йўқ,
Сенга ҳамдам тугул, ҳаттоки ҳам йўқ.
 
 
Агарчи масканинг ул зери хокдир,
Вале жонинг эмас хок, жони покдир.
 
 
Малоик бош эгиб, қошингдамасму?
Халофат тожи ул бошингдамасму?
 
 
Халифазодасен, гулхан сари юр,
Ўзингга лойиқ ул гулшан сари юр.
 
 
85     Етиш мулки Мисрга, Шоҳ эрурсен,
Қаро чоҳ қаърида токай турурсен?
 
 
Беролмассен ўзинг мулкингда фармон,
Ки девлар илкида тахти Сулаймон…
 
 
Магар шоҳсен ўзинг охир ва аввал,
Не боис кўзларинг кўрмакда аҳвал?5
 
 
Чу бирни икки, юз кўргувчидирсен,
Ўшал бир ҳам ўзинг, юз ҳам ўзингсен.
 
 
Дилинг битта, вале юз битта ёринг,
Бажаргайсен нечук юз битта коринг?
 
 
90     Сенга ул нону тўн қайғуси токай?
Баланд ном, мартаба орзуси токай?
 
 
Ҳамиша айлагил аслингни зоҳир,
У зарбоф тўн эмас, инсонлигингдир.
 
 
Агар ўзни ҳузур ичра қўярсен,
Ҳамиша хилъати кимхо киярсен,
 
 
Ярашмас сенга бу, беҳуда этдинг,
Ўзингни бўйлаким фарсуда этдинг6.
 
 
Аё ғофил, ақлни ишга шайла,
Эшикни ёп юзингга, йўлни бойла.
 
 
95     Басе ҳирс ичрадир авлоди одам,
Кезиб, овора ул, сарсони олам.
 
 
Аё, эй ҳирс ила мундоқ дили кўр,
Балога мубталосен то лаби гўр.
 
 
Тириксен, ҳирси жонинг ёндирар жон,
Ўлим бўлгай фақат дардингга дармон.
 
 
Симирдинг жоми моломоли дунё,
Яна сенга не ҳожат молу дунё?
 
 
Матоҳи молу дунё қиймати шул,
Синиқ бир арпага ҳам арзимас ул.
 
 
100     Фиғонким, бу юҳолар мунчаким бор,
Талашгайлар мудом шу лоши мурдор.
 
 
Чумолитаъб тубанлар дастидин дод,
На раҳбар бор улар ичра, на устод.
 
 
Суяк бўлмиш улар ҳирс бирла зотан,
Ҳамма итсийрату сичқонга монанд…
 
 
Аё шому саҳар ғамхора бўлган,
Тушиб ҳирс домига, бечора бўлган.
 
 
Ҳарислик иллати ул беаёвдир,
Сенга ҳирс, тевага арқон жиловдир.
 
 
105     Суянгил Ҳаққаву мўмин бўл охир,
Худо де, собиру сокин бўл охир.
 
 
Куфр аҳлига ҳам ризқин берар У,
Хирад аҳлига ризқин бермагайму?
 
 
Аё дўст, этмагил тонгларда сустлик,
Сенга иймон келур ҳам тандурустлик.
 
 
Юзингни субҳидамга гар тутарсен,
Не хоҳиш айласанг, унга етарсен.
 
 
Сенга тўн келса, даргоҳдин келур ул,
Карам етса, саҳаргоҳдин келур ул.
 
 
110     Очилгай равзаву эсгай шамоли,
Кўрингай ул тарафдин Ҳақ жамоли.
 
 
У дамга етганингдир подшолик,
Муҳаммад кўйида этгил гадолик…
 

ҲАЗРАТИ РАСУЛИ АКРАМ САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ВАСФИДА

 
Муҳаммад муқтадойи икки олам,
Муҳаммад раҳнамойи оли Одам7.
 
 
Муҳаммад ул яралмиш офтобдин,
Мунаввардир фалак ул моҳитобдин.
 
 
Чароғи маърифат, шамъи нубувват,
Сирожи уммату минҳожи миллат,
 
 
115     Сипоҳсолори майдони шариат,
Сипоҳдори сипоҳи сирри сийрат.
 
 
Шаҳаншоҳи жаҳону фахри лавлок,
Жаҳондори мадори хоку афлок.
 
 
Амини анбиё, бурҳони минҳож,
Шаҳи бехотаму султони бетож8.
 
 
У андоқ шоҳ эрур, чортоғи бордир,
Фақирлик кўйида ардоғи бордир.
 
 
Ҳам ул «Анна фатаҳна» оятидир,
«Нисури мини аллоҳ» роятидир9.
 
 
120     «Лаъмирак»ни бошига тож этиб у,
«Алим нашраҳ»ни айлабдир тарозу.
 
 
Алалтаҳқиқки, тожи сарварон ул,
Алалҳақ, хўжайи паямбарон ул.
 
 
Алалқатъ, афзали мутлақ ўшалдир,
Алалжумла имони Ҳақ ўшалдир.
 
 
У боис етти кўк, саккиз биҳишт ҳам,
Кўрар кўзларга нурдир ул, мукаррам.
 
 
Мифотил ал ҳади икки жаҳонга,
Мисобиҳ ал дажи икки маконга.
 
 
125     Тили чун таржимони подшоҳий,
Дили чун котиби ваҳйи илоҳий.
 
 
Само, ер бори мулки миллатидир,
Икки олам бисоти давлатидир.
 
 
Омонатдори Раббул ал-аминдир,
Жаҳонда ундан олдин ким аминдир?
 
 
Жамоли нуридин кўк бўлди равшан,
Камолидин ваҳийга ер маскан.
 
 
Чу шаръи йўлида Оллоҳ эди, бас,
Фақат Оллоҳки, андин ўзга эрмас.
 
 
130     Эди халқ мушкулоти бирла фикри,
Ва наққоши азалдин эрди зикри.
 
 
Ва жонларким, эрурлар ташна, бетоб
Бўлурлар баҳридин ҳар лаҳза сероб.
 
 
Жаҳондин ўтдилар қанча паямбар,
Паямбарларга Аҳмад бўлди раҳбар.
 
 
Қачонким Одам ул кўз очди фаршда,
Унинг номин ёзиғлиқ кўрди аршда.
 
 
Кейин тупроққа тушди жавҳари пок,
Бу ном бирла мусаффо бўлди ул хок.
 
 
135     Гўдак эрканда, маъсум, кичкина жон,
Неча оташпарастга солди тўфон.
 
 
Ва ҳар оташкада, ул садри олий
Қадам қўйгач, оловдин бўлди холи.
 
 
Агар ўт бўлди Иброҳимга таслим,
Гўдакка аҳли олам этди таъзим.
 
 
Биларсанки, олов ёнганда гурлаб,
Қочарлар ё ўтарлар ўтни четлаб.
 
 
Жаҳолат мулкига ул солди торож,
Ва касрат боши андин қолди бетож.
 
 
140     Сўзи Рум қайсарин тожини эгди,
Иши хоқони Чин бошини эгди.
 
 
Гилам эрди азиз бошида онинг,
Руҳул қудсий эди қошида онинг.
 
 
Дедиким, не адаб хайрул азим бу,
Гилам остидадир оламга кўзгу.
 
 
Магар Ҳақ олдида, айтгил, асл рой,
Нубувватга яна қолмишми бир жой?
 
 
Паямбар деди: ул жойни Худованд
Менинг исмимга банд этди тамоман…
 
 
145     Набийлар келдилар, ул эрди мақсуд,
У келди, бас, нубувват топди масдуд10.
 
 
Билурсанким, келур олдинда лашкар,
Кейин майдонга тушгай шоҳи акбар.
 
 
Чунончи, анбиё – лашкар, сипоҳдир,
Сипоҳдин муддао ул подшоҳдир.
 
 
Чу султони нубувват бўлди мавжуд,
Нубувват битди, чун ул эрди мақсуд.
 
 
Сўзи бирлан мунаввар бўлди олам,
Шарийғи насҳ бўлиб, валлоҳу аълам.
 
 
150     Қаён боргайлар ул юлдуз, ситора,
Қуёш чиқса чарақлаб ошкора?
 
 
Қачонким ўзни ул дедики ғиштдир,
Дегилким, ғишт замирида биҳиштдир.
 
 
Чу Одам ҳам ўшал ғишт ёри эрди,
Ки ул икки жаҳон асрори эрди.
 
 
У ғиштга олам ичра тўрт канордир,
Канор ул тўрт саҳоба, чор ёрдир.
 
 
Чу ёри ғор ила бўлди равона,
Жаҳонга сочди нур икки ягона.
 
 
155     Етишди бир эшикка, унда турди,
Ўшал уй эчкиси сут бермас эрди.
 
 
Чу мезбон бўлди жон бирлан харидор,
Қуёш очмишди кўз ўнгида дийдор.
 
 
Сут истаб эчкига ёндошди бобо,
Елиндин оқди сут селдек ҳамоно.
 
 
У сутдин хўжа илки топди иззат,
Яди байзони зоҳир этди қисмат11.
 
 
Расулуллоҳки комил эрди ул дам,
Гўдак эрди унинг наздида одам.
 
 
160     Ўшал айёмда ул ҳижратда эрди,
Кираркан ғорга, ўргимчак-да кирди.
 
 
Кириб, ғор оғзига дорини осди,
Тўқиб тўр, парда бирлан йўлни тўсди.
 
 
Мухолиф келди бир шумликни ўйлаб,
Шу ғорга бош суқишни мақсад айлаб.
 
 
Боқиб, тўр бирла ўргимчакни кўрди,
Қани, деб икки ул ошиқни сўрди.
 
 
Бу парданг менга девордир баайни,
Чиқаргил менга ул қўш қарчиғайни.
 
 
165     Атайлаб парда осдинг, мен билармен,
Келибмен, икки лочинни тилармен.
 
 
Чу ўргимчак тушунди, гап не эрди,
Гапирди, ҳол тилини сўзга бурди.
 
 
Деди: бу пардайи ушшоқ эрур чун,
На Жам кўрмиш буни, на ул Фаридун.
 
 
Аё, айт, қилча ақлинг бормидир, сен
Шу пашша домидин Семурғ тиларсен?
 
 
Магар бир пашша тутсам, ул етар, ҳай,
Қачон лочин менинг домимга тушгай?
 
 
170     Бу тўрким, бори тори анкабутдир,
Қачон ул жойи фарди лоямутдир?..
 
 
Ки меҳри бирла айлангай фалак ҳам,
Ҳамиша шавқида юргай малак ҳам.
 
 
Фақирлик нури чун тобанда бўлди,
Сулаймон келди, унга банда бўлди.
 
 
Гаҳи ул уй супурмоқ бирла машғул,
Гаҳи ухларди қумга бош қўйиб ул.
 
 
Чопарди гоҳида ул Ойша бирлан,
Мачитга ғишт таширди, гоҳи лой ҳам.
 
 
175     Гаҳи кафшин ямарди, мойлар эрди,
Гўдаклар бирла ўйнаб, қувнар эрди.
 
 
Жаноза бўлса, қолдирмай борарди,
Касаллар ҳолини доим сўрарди.
 
 
Расулуллоҳ, сифотингким чунондир,
Ки юз олам элига ақлу жондир.
 
 
Агарчи сўйладим васфинг, нечук ул,
Билолмасмен, магар келгайму маъқул?
 
 
Агар маъқул десанг ушбу суханни,
Қурардим қайтадин чархи кўҳанни.
 
 
180     Агарчи даргоҳинг баҳри азимдир,
Вале бу қатра ҳам дурри ятимдир.
 
 
Денгизда гарчи сувлар беканордир,
Вале ҳар қатранинг бир тоби бордир.
 
 
Денгизким, унда офтоб сайр этар, ой,
Берар ҳар қатрага ўз бағридин жой.
 
 
Не дейман, ё Расулуллоҳ, тағин мен?
Кучим етганча васфинг сўйладим мен.
 
 
Каримдирсен ўзинг, кўргувчи ҳам сен,
Берарда юз тўним бергувчи ҳам сен…