Китобни очишим биланоқ фақат Абдулла Қодирийгагина хос бўлган бўлакча бир миллий руҳ, илиқлик, самимият ва меҳр юрагимни жиз эттириб, дилимни равшан қилди. Романнинг илк саҳифаларида ёзувчи менга, лабида табассум, суюкли фарзандларининг ўйинини кузатиб, уларнинг шўхлик ва эркаликларидан завқланиб, айвонда чой ичиб ўтирган меҳрибон отага ўхшаб кўринди. Ота ўз фарзандларининг фақат фазилатларинигина эмас, уларнинг кам чилик ва нуқсонларини ҳам кўради, лекин меҳрибон, вазмин одам, уларни қаттиқ койиб, кўнгилларини оғритгиси келмайди. Рост, тўнғич ўғли Махдумнинг баъзи қилиқлари отанинг ғашини келтиради, лекин ақлли одам, ўғлининг хатти-ҳаракатларидан дарғазаб бўлиб гапирса, дастурхон атрофида ўтирган ҳамсуҳбатларининг (китобхонларнинг) таъбини тирриқ қилишини билади, шунинг учун ҳам тўнғич фарзанди ҳақида дам юмшоқ кулиб, дам билинар-билинмас истеҳзо билан гапиради. Ўқтин-ўқтин, Махдум ҳаддидан ошиб кетган пайтлардагина, меҳрибон падарнинг кўзида ўт чақнайди, бироқ нима бўлганда ҳам пуштикамаридан бўлган фарзанди эмасми, қаҳри ғазаби дарҳол сўниб, ташвиш ва изтиробга айланади. Лекин Анвар-Раъно достонига ўтиши билан ёзувчи худди суюкли кенжатойлари ҳақида гапираётган отани эсга солади. Ҳар бир ота ўз кенжатойларининг нуқсонларини кўрмаганидек, Қодирий ҳам аввал-бошда энг суюкли қаҳрамонларининг камчиликларини кўрмайди, унинг ҳикояси хиёл майинлашади, овозида эркалаш оҳанглари пайдо бўлади.
«Раъно яна бир неча ғужумларни териб узатди.
– Қани юмушингиз?
– Сенда нима юмуш бўлсин, Раъно? Ҳар кунги ўзинг билган гап… сўзлашиб ўлтирамиз; узум тўкилса, менга териб берасан, деб чақирган эдим.
– Дадам хуфтондан қайтиб қолади. Гапингиз бўлмаса, мен кетаман.
–Хуфтон ҳали ўқилган эмас, азон ҳозир айтилди. Башарти дадамиз хуфтонни ўқимай келиб қолса, бунинг ҳийласи осон: дарров анави гулнинг тагига яширинамиз!
–Башарти дадам бизни қидириб, гулнинг тагидан топса, нима қиламиз?
– Нима қилар эдик?.. Сен уйингга кетасан, мен бўлсам меҳмонхонага.
–Икковингиз гулнинг тагида нима қилиб ўлтирган эдингиз, деб сўраса, нима жавоб берамиз?
– Ўзимиз ўлтирган эдик, деймиз.
– Нима учун, деса-чи?
– Қизингиз уялгани учун, деймиз…»
Раъно-ку, майли, ёш бир қизча, лекин Мирзабоши лавозимига кўтарилган Анвардай йигитнинг «дарров анави гулнинг тагига яширинамиз» деб гапириши… жуда ғалати туюлади. Рост, муҳаббат, бу улуғ инсоний туйғу, баъзан катта одамни ҳам ёш болага айлантириб қўяди, лекин, ҳар ҳолда, бундай саҳна ва бундай тасвирлар ёзувчининг ўз қаҳрамонларига ўзгача меҳридан далолат беради. Шу саҳнанинг охирида Анвар Раънодан тўйга розилик олади:
«– Чинингми?
– Чиним!
Хўп бўлгай. Мен, эртага, тўйимиз кўкламга бўлсин деб жавоб айтаман… Ерлар кўк гиламлар билан безалган-да, ҳар тарафни бинафша чечаклари босган, қушлар уя қайғусини чекканда биз ҳам тўй қилармиз, чимилдиқда бахт созини тинглаб, истиқбол куйини куйлармиз… Шундайми, Раъно?
– Шундай…
– Ундан сўнг менинг оғушимда шунинг сингари даданг келиб қолишидан қўрқиб, киши қўлига тушган қуш боласидек типирчиламассан. Шу ҳуснинг, шу малоҳатинг ва шу латофатинг билан тамом меники бўларсан, шундайми?»
Албатта мен, оддий китобхон, ўша оқшом Раънодан илк бўса олган Анварнинг ҳолатига тушуниб турибман. Бу масъуд дамларда унинг кўнглидан худди шу гаплар ўтганига, дилида худди шу туйғулар жўш урганига ишонаман, лекин буни Раънога айтиши, айниқса, шундай ширин-шакар сўзлар, чиройли иборалар билан ифода қилиши… менга сал «ғалатироқ» туюлади… Лекин қизиқ: бу саҳналарда жиндек сентименталликка йўл қўйган ёзувчи Анвар-Раъно фожиаси тасвирланган саҳифаларда, сарой ҳаётига бағишланган бобларда шафқатсиз реалистик услуби билан ҳайратга солади кишини!
Раънога фотиҳа ўқилиб, Махдум буни «ис тиқболнинг хайрли фоли, файзи илоҳий», деб қувонган куннинг эртасига Анвар бу мудҳиш хабарни эшитади ва сўнгга марта Раъноларникига боради.
«Вақт намозшомдан оққан… Шом намозини ўқиб қайтган Махдум меҳмонхонанинг эшигини очиқ кўради. Анварнинг келганини фаҳмлаб, у билан кўришишни истамай ё истаса ҳам нимадандир ҳадиксираб, тўғри ичкарига ўтади. Йиғидан киприклари терилиб, чуқур андиша ичида бошини қуйи солган Нигор ойим ош кўтариб меҳмонхонага киради ва Анварнинг:
– Нега йиғлайсиз?.. Сиз шундай бўлсин деганмидингиз? – деган гапларига жавоб бермай, йиғлаган кўйи меҳмонхонадан чиқиб кетади…»
«…Анвар ошдан бир-икки луқма олиб, қўлини артди, сандал кўрпасини бағрига тортиб, кучли ва узун тин олди.
Чироғпоядаги шам бедиллар юрагидек титраб, меҳмонхонани аранг ёритар, шамнинг титроғи билан кўзини бир нуқтага тиккан Анварнинг ҳозирги хаёлчан юзи ҳам қалтирагандай кўринар эди. Меҳмонхона тип-тинч, фақат бу тинчликни ташқаридан ёққан ёмғирнинг кучсиз шитирлаши, ўқтин-ўқтин қўзғалиб қўйган шамолнинг даричага келиб урилиши ва аллақайси том бошидаги бир мушукнинг мовлаган товуши бузар эди…»
Бу ердаги ҳар бир сўз, ҳар бир деталь – ярим қоронғи меҳмонхонадаги ўлик сукунат, ёмғирнинг шитирлаши, томдаги мушукнинг мовлаши, ҳаммаси Анварнинг юрагидаги туғённи ифода қилади, ёзувчи унинг руҳий ҳолатини тасвирлаб ўтирмайди, чунки бу ҳолатни битта гап билан: «Чироғпоядаги бедиллар юрагидек титраган шам ёруғида Анварнинг хаёлчан юзи ҳам қалтирагандай кўринар эди», деган биттагина жумлада ифода қила олган… Орадан бир пиёла чой ичиш фурсати кечганда… Меҳмонхонанинг даҳлизида қўлида чойдиш, Раъно кўринди. «Икки кўзи қипқизариб, қовоқлари шишиб, кўпчиган, юзида ҳам зўриқиш аломати бор эди. Ерга қараган ҳолда оқ чойдишни Анварнинг ёнига келтириб қўйди, токчадаги пиёлани олиб чойдишдаги чой билан чайқади, пиёлани сочиқлагач, яна чайиб, иккисини Анварнинг ёнига сурди ва бирдан ўкраб юзини танча устига қўйди…»
Тасвирнинг шафқатсизлигини сезяпсизми? Ёзувчи Раънонинг йиғисини кўрсатишга ошиқмайди, аксинча, унинг ҳар бир ҳаракатини энг майда тафсилотлари билан кўрсатишга тиришади, лекин ажабо, ёзувчи Раънонинг кечинмаларини тасвирламаса ҳам сиз унинг тўлибтошиб турганини аниқ ҳис қиласиз, унинг хаттиҳаракатларини кузатар экансиз, юрагини ларзага солган туғён тобора ортиб бораётганини ва пировард портлашини сезиб турасиз, шунинг учун ҳам ниҳоят ўпкаси тўлиб «бирдан ўкраб танча устига бош қўйганида» беихтиёр кўзингизга ёш оласиз…
Бу саҳнада Анвар билан Раъно сизнинг кўз олдингизда камида ўн ёш улғаяди. Севикли қаҳрамонларининг бошига тушган мусибатни улкан реалистларга хос бир шафқатсизлик билан тасвирларкан, ёзувчи Махдумни ҳам аямайди. Романнинг бошида унинг баъзи қилиқлари ҳақида мулойим кулимсираб гапирган адиб, бу бобда, ўғлининг пасткаш хатти-ҳаракатларини билиб қолган адолатли отадай уни аёвсиз жазолайди.
Кечқурун шом намозидан қайтаётгандаёқ Анвар келганини пайқаган Махдум икки дилпоранинг мунгли суҳбатини бўлиб меҳмонхонага кириб келади. Кечагина Анвар Мирзабоши лавозимига кўтарилганда тўйни тезлатиш тараддудига тушиб қолган одам, бугун Анварга, ҳатто салом ҳам бермайди. Чунки кеча бизда табассум уйғотган хасислиги бугун, хонга қайната бўлиш бахти олдида, саройдан келадиган олтинлар олдида пасткашликка, чинакам разолатга айланади.
«Ичкарига кир, Раъно, бевақт бу ерда нима қилиб ўтирибсан?»
Бу гап Анварнинг, фақат Анвар эмас, китобхоннинг ҳам вужудини «ғизз» эттириб юборади. Романнинг бошида Махдумнинг қилиқ лари ва зиқналикларини кулимсираб кузатган китобхоннинг қалбида энди жирканч ва нафрат уйғонади. Бу нафратни ҳаммадан кўра Раъно яхши ифода қилади. Кечагина укаси билан «Лой ўйнаб» юрган қиз, шу топда отасининг бутун шафқатсизлигини, бемеҳр, бағритош бир одам эканлигини дил-дилидан ҳис этади ва ғазабдан титраб:
«Андишасиз!» – деб хитоб қилади. Бу худди сизнинг кўнглингиздаги гап! Шунинг учун ҳам Раъно кўзига жиққа ёш олиб, меҳмонхонадан чиқаркан, қалбингизда унга нисбатан бўлакча бир меҳр ва ҳурмат уйғонади.
«Меҳробдан чаён»нинг энг зўр жойларидан бири хон ҳарами ва қирқ қизлар ҳаётига бағишланган саҳифаларидир.
Адабиётимизда хон ҳарамига тушган бахти қора қизлар ҳақида анча-мунча асарлар бор. Бу асарларнинг ҳаммаси бир-бирини такрорлайди, камбағал деҳқоннинг сулув қизи бўлади. У холасинингми, аммасинингми ўғлини яхши кўради. Лекин хондан қарздор бўлиб қолган камбағал деҳқон қарзини тўлай олмайди-ю, унинг эвазига қизини хонга тортиқ қилишга мажбур бўлади. Севгилисидан жудо бўлган бечора қиз, хон саройида ҳижрон доғида ёна-ёна охири сил касалига учраб ўлади… Худди шундай ҳикоя «Меҳробдан чаён»да ҳам бор. Лекин бу ҳикоядан ҳам кўра қирқ қизларнинг кундалик ҳаётини тасвирлаган саҳифалар даҳшатга солади кишини.
Ҳарамга келтирилган кунлари бир-икки кеча хоннинг «илтифотига сазовор бўлиб», кейин ўз ҳолига ташлаб қўйилган бу чиройли, соғлом қизлар тўрт девор ичида ўзларини қаёққа уришни билишмай тўлғанишади, зерикканларидан, азбаройи димиққанларидан ҳарамга кириб келган ҳар бир одамга ёпишишади, уни эрмак қилишади. Лекин ҳарамнинг дарвозаси қулф, эркак зоти у ёқда турсин, унга кирадиган аёллар ҳам саноқли. Шунинг учун ҳам Гулшаннинг ҳарамга келиши канизлар учун катта ҳодиса, эрмак, ҳатто байрам, шунинг учун ҳам ҳовли юзида копток ўйнаб, яланг оёқ, яланг бош қувлашиб юрган қизлар уни кўриб олдига югуришади, кулги ва қийқириқ билан қарши олишади:
«Эсонмисиз!… Эрингиз ўлмадими? Шаҳар йигитлари омонми?» – деб ҳазиллашишади. Гулшаннинг: «Бўлди, бўлди! Шўх байтал ўлгурлар!» деган хитобига: «Тўқ байтал! Тўқ байтал!» деб тегажоқлик қилишади. Кейин уни ҳам ўйинга тортишади ва Гулшан ютқизганда «хих, эшагим!» дейишиб, орқаси яғир бўлгунча устига минишиб ўйнашади. Кечаси эса базм қуришиб, мунгли лапарлар айтишади. Лекин ҳар бири бир йигитни бахтли қиладиган бу мазлумаларнинг гўзал базмини тўрт девордан бошқа ким кўради, шўх ва ғамгин лапарлари қайси йигитни шайдо қилади?.. Йўқ, бу гўзал базмни, тўрт девор орасига қамалган парилар ўйинини уларнинг ўзларидан бошқа ҳеч ким томоша қилолмайди. Шунинг учун ҳам бу лапар ва ўйинлар қизларнинг дилини баттар қитиқлаб, ушалмас орзулари чинакам изтиробга айланади, шунинг учун ҳам базмдан кейин аламзада қизларнинг ҳазил-мутойибалари дағаллашади, «кўйлак ечар, иштон солар» каби шарм-ҳаёсиз ўйинлар бошланади.
Биринчи қарашда бир оз «яланғоч» туюлган бу саҳна хон саройида сил бўлиб ўлган қизлар ҳақидаги ҳар қанақа ҳикоядан ҳам қаттиқроқ таъсир этади кишига. Бу саҳифалар сизни титратмай иложи йўқ, чунки шафқатсиз реалистик куч билан ёзилган бу саҳналарда инсоннинг энг улуғ фожиаси – муҳаббат ва она бўлиш бахтидан умрбод маҳрум бўлган аёллар фожиаси бор.
«Меҳробдан чаён»ни бир неча марта ўқиганим ҳолда унинг «Қизиқлар» деган бобини фақат бир марта ўқидим.
Билмадим, эҳтимол бу бобдаги қизиқларнинг қизиқчилиги ва аскияларини «эшитиб» завқланадиганлар бўлса бордир, лекин мен «томоғи остидаги чўғир қовундек бўқоқ ғовлаб ётган мулла Бахтиёрни, кир яктагидан бадани кўринган, бир қўли билан елкасини қашиб, иккинчиси билан иштонбоғини ушлаб олган Баҳром қизиқни» кўз олдимга келтирганимда мен бу аскиялардан эмас, ёзувчининг сатирик қудратидан қойил қолдим. Чунки «бурни ўрнида юқорига қараб қурбақа ўрмалаган махлуқнинг» ташқи қиёфасидан, хунуклик ва ифлосликда бир-биридан ўтган бу қизиқларнинг: «Бир пой кафшни еб қўйибсизлар-ку» ёки: «Бўқоғингга кафшнинг ўкчаси тиқилиб қолипти-ку!» ёки: «Сингли талоқ битни қочирдим-да!» каби «аскиялар»ни ўқиганда: наҳот шундай «қизиқчи»ликдан завқ олган Худоёрхондай одам Ўрта Осиёдай катта бир ўлкани ўн йиллар давомида идора қилган бўлса?! деган ўйга борасан. Бу ўй даҳшатга солади кишини. Ёзувчининг асл мақсади ҳам китобхонда худди шу фикрни уйғотиш бўлса керак.
Китобни ёпиб, узоқ ўйга толаман: бу улкан ёзувчи ҳаёт бўлганда адабиётимиз яна қандай дурдоналар билан бойир эди?
1969 йил
О проекте
О подписке
Другие проекты
