Читать книгу «СЎЗ» онлайн полностью📖 — Одил Ёқубов — MyBook.
image

ЧЎЛПОН

Жаҳон адабиётида, айниқса, шеъриятда шундай нодир асарлар борки (улар кўп эмас, нари борса ўн, ўн бешта, балки сал кўпроқдир) бор-йўғи бир тўртлик (Хайём) ёки ўн беш-йигирма сатрда инсон ҳаётининг энг теран қатламлари, бани одам ҳаракатларининг энг драматик томонлари акс этган. Ана шундай энг камёб, энг нодир асарлардан бири Чўлпоннинг «Муҳаббатнинг саройи кенг экан, йўлни йўқотдим-ку» деб бошланадиган кичкинагина шеъридир. Ҳар бир сатрига бир олам мазмун жо қилинган бу чуқур фалсафий шеърда инсон ҳаётининг энг драматик ҳолатини акс эттирувчи бир буюк сатр бор, у ҳам бўлса «Ҳалокат бўлғусин билмай қулочни катта очдим-ку!» деган фожеий мисрадир. Бу сатрда ёлғон дунёга келган инсон борки, ҳаммасининг бошидан ўтган ва ўтадиган бир ҳолат ифода қилинган, ҳақиқатан, қайси биримиз бу ҳолатни бошимиздан кечирмаганмиз? Қайси биримиз турмушда сал ишимиз юришиб, ошиғимиз олчи келганда «ҳалокат бўлғусин сезмай», босартусаримизни билмай қолмаганмиз. Арзимаган бир муваффақиятдан гангиб, дилозорлик қилмаганмиз, ҳовлиқиб кетиб, ёру биродарларимизга озор бермаганмиз?

Ўйлайманки, буюк шоирнинг ўзи ҳам шуҳрат чўққисига чиққанида ёзган «Гўзал Фарғона» шеърини битаётганида бу сатрлар келгусида бошига қанча кулфат келтиришини яхши англамагандир (Агар англаган ҳолда уларни ёзишга журъат этган бўлса, таъзим устига таъзим! Бир умр ўз халқининг бахтини кўриш орзуси билан яшаб, унинг эркин йўлида шаҳид кетган, эй улуғ зот! Сенинг олдингдаги фарзандлик қарзимизни қандай узамиз! Руҳинг ҳамиша шод бўлсин!)

 
Нафрат ўлкасидан ҳижрат қилганман,
Улфат диёрига маскан қурганман,
Юзимни ўт эмас, гулга бурганман;
Самовий завқларга тўлиб турганман
Булбуллар севгини мақтаган дамда!
Чечаклар ўсгувси кўзёшларимдан,
Бўғинлар унгувси ўйлашларимдан,
Қалблар юмшагувси сайрашларимдан;
Севги чаманида яйрашларимдан
Жаннатлар яратгай ташланган жанда!
 
(1924 йил)

Мана энди шахсга сиғиниш даври қурбонларини оқлаш каби жуда катта савоб иш бошлаб юборилгани туфайли халқимиз Чўлпон ижодидан баҳраманд бўлиш, Чўлпон булоғидан тўйиб-тўйиб сув ичиш имкониятига эга бўлди. Шахсан мен бу ишга озми-кўпми ҳисса қўшганимдан ифтихор қиламан. Ҳозир уюшмамизда ўша машъум давр қурбонларини оқлаш бўйича катта комиссия иш бошлаяпти.

Умид қиламизки, бу иш оқибатида нафақат Чўлпон ва Фитрат, балки 20-йиллар каби мураккаб даврда яшаб ижод қилган яна бир қанча истеъдодли адибларимиз асарларини халқимиз мулкига айлантирамиз.

15.02.1989 йил

ЭЛБЕК ҲАҚИДА СЎЗ

«Элбек» Машриқ Юнусовнинг адабий тахаллуси бўлиб, у 1903 йилда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида таваллуд топган. Болалик йиллари оғир иқтисодий қийинчилик шароитида кечган шоир ўзи туғилган қишлоқни ва қашшоқ оиласини барвақт тарк этиб, Тошкентга бахт излаб келган. У Тошкентда истиқомат қилувчи бир бойнинг уйидан паноҳ топиб, унинг хонадонида қароллик қилган, уй юмушларидан бўш вақтларида эса таҳсил кўришга уринган. Боланинг уй-рўзғор ишларидан кўра, аллақандай китоблар ўқишни яхши кўрганини сезган бой уни ўз уйидан қувиб ҳайдаган. Шу тарзда у Тошкентда ҳам сарсон-саргардонликда ҳаёт кечириб, турли ўқув юртларида билим олишга, ўзидаги илмга чанқоқликни қондиришга эришган.

Элбек ана шундай тиришқоқлиги орқасидан билимли, маърифатли бўлибгина қолмай, 1920 йилда ташкил этилган Ўзбек билим ҳайъатининг раиси ҳам бўлган. У ана шу лавозимда ишлар экан, ўзи туғилиб ўсган қишлоққа илмий экспедицияси билан бориб, халқ лапарлари, эртаклари, топишмоқларини ёзиб олиб, ўзбек фольклори материалларини тўплашни бошлаб берган. Унинг дастлабки мақолалари ҳам ўзбек лапарларига бағишланган. Унинг дастлабки эълон қилган тўплами ҳам ўзбек халқ ашулаларидан таркиб топган.

Элбек болалик йилларини кўз олдидан ўтказар экан, улар ҳикоябоп воқеалардан иборат эканини тушуниб, автобиографик характердаги насрий асарларини ёза бошлаган. Бу ҳикояларда у ўз бошидан кечган воқеаларни тасвир этиш орқали ўзи сингари етим-есирларга «Агар мендек илм орқасидан борсангиз, ҳаёт қийинчиликларига чидаб, мактаб тупроғини яласангиз, сизнинг ҳам пешанангизга офтоб тегиши мумкин. Халқнинг иззат-ҳурматга сазовор фарзанди бўлишингиз ҳеч гап эмас», демоқчи бўлган.

Элбек носир, шоир, фольклорчи олим сифатида сермаҳсул ижод соҳибидир. У «Армуғон» номли масаллар тўпламини, бир қанча шеърий китобларини эълон қилган. Унинг «Тозагул» асари ўзбек адабиётидаги шеърий роман жанрининг дастлабки намунасидир. У ўз ҳикоялари ва шеърларида совет даври ғояларини куйлашга, шу даврни улуғлашга интилди. Зеро, унинг ўзи шу давр туфайли юзага чиққан ижодкор эди.

1936 йилда Пушкин асарлари таржима этила бошлаган кезларда Элбек Пушкиннинг машҳур эртакларини ўзбек тилига ўгирди.

1937 йил тўфони бошланиши билан у ҳам туҳматга учраб, қамоққа олинди. Унинг сўнгги кунлари Магаданнинг ўлим лагерларида ўтган.

ЎЛМАС СИЙМО

Устод Ойбек ҳақида ўйлар

Халқимизда ўлмас сиймо, деган яхши бир гaп бор. Халқ ўзининг энг катта мутафаккирлари, улкан олим ва санъаткорларини шундай деб атайди, бу билан халқ ўзининг чексиз меҳри, иззат-ҳурмати, буюк ифтихорини изҳор этади. Ана шундай ўлмас сиймолардан бири устод Ойбекдир.

Адабиёт ва унинг энг нодир асарлари – халқ мулкидир, умумхалқ бойлигидир. Лекин адабиётнинг ўзига хос ва мураккаб хусусиятларидан бири шундаки, бу нодир асарларни айрим улкан санъаткорлар ўз истеъдодлари, фидойи меҳнатлари, ирода ва ақл-заковатларига суяниб яратадилар. Шунинг учун ҳам биз ўзларининг бутун салоҳиятлари, ирода ва иқтидорларини халқ хизматига бўйсундира олган улкан санъаткорлар олдида доим бош эгамиз, уларнинг номларини чуқур ҳурмат ва эҳтиром билан тилга оламиз.

Ҳақиқатан, бугун биз халқимизнинг маънавий бойлиги ҳисобланмиш адабиётимиз ҳақида, бу руҳий хазинадаги энг ноёб асарлар тўғрисида ўйлар эканмиз, лоп этиб, бу бебаҳо бойликни яратган улуғ адибларимиз – Ҳамза ва Абдулла Қодирий, Садриддин Айний ва Ойбек, Ҳамид Олимжон ва Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор ва Мақсуд Шайхзодалар эсимизга тушади. Биз ўз маданиятимиз, ўз адабиётимизни бу табаррук зотларсиз тасаввур этолмаймиз.

Ҳар бир инсоннинг ҳаётида шундай китоблар, шундай асарлар учрайдики, бу асарлар кишини ларзага солиб, унинг қалбида бир умр ўчмас из қолдиради. Шахсан менинг ҳаётимда шундай ўчмас из қолдирган асарлардан бири буюк ёзувчимиз Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романи, иккинчиси устод Ойбекнинг «Қутлуғ қон» романи бўлган эди. Адабиётимизнинг шоҳ асари бўлмиш «Қутлуғ қон» романини илк бор қўлимга олганимда мен ўн беш-ўн олти яшар бир ўспирин эдим. Лекин ҳали-ҳануз эсимдан чиқмайди. Содда, оқкўнгил қишлоқ йигити Йўлчи фожиали муҳаббати тўғрисидаги бу нодир китобни мен бир кечада, хира лампа шуъласида ўқиб чиққан эдим. Албатта, у пайтларда мен бу улкан ижтимоий асар замирида ётган чуқур маънони, асарнинг ўлмас образлари асосида ётган катта ижтимоий мазмунни яхши тушунмас эдим. Лекин бир нарса ҳануз ёдимда. Ўша кеча роман қаҳрамони Йўлчи ўз туғишган акамдан ҳам яқин, ундан ҳам азиз бўлиб қолди. Гулнорни, бу пок, олийжаноб, самимий ва бахтиқаро қизни эса ўз туғишган опамдан ҳам яхшироқ кўриб қолган эдим. Ўша кеча умримда биринчи бор менинг қалбимда зулм, ноҳақлик ва адолатсизликка қарши чуқур нафрат ва исён туйғуси уйғонган эди. Айни замонда эзгулик истаги туғилди.

Ўша кеча мен, «Қутлуғ қон»ни ўқиб ўтириб, яхшилик нима, ёмонлик нима, адолат ва адолатсизлик нима, инсоф ва ноинсофлик нима, тушунгандай бўлдим. Бошқача қилиб айтганда, бу ўлмас асарнинг теран ижтимоий мазмуни бебаҳо эзгу туйғуларга айланиб, ўн олти яшар бир ўспириннинг қалбига ёруғ нур бўлиб қуйилган эди. Мен бу нур, бу ёруғ туйғуларни тоабад унутмайман…

Ойбек домланинг адабиётимиз учун, маданиятимиз учун қилган хизматларини сарҳисоб қилиш осон эмас. Бу беҳисоб хизматлари ичида мен устознинг яна бир улуғ хизматини алоҳида меҳр билан, шогирдлик ҳурмати билан айтиб ўтишни истардим, у ҳам бўлса Ойбек домланинг яна бир улуғ асари «Навоий» романига сингган меҳнатидир.

Устоз Ойбекнинг улуғлиги шундаки, у киши халқимиз учун буюк бобомиз Навоий ҳазратларини тирилтириб бердилар.

Албатта, биз онадан туғилибмизки, буюк бобомиз шеърлари қўшиқ ва куй бўлиб қулоғимизга қуйилади. Биз бу шеърлар, бу қўшиқ ва куйларни оналаримиз алласи билан бирга эшитамиз. Бобомизнинг ўлмас асарларини «Лайли ва Мажнун», «Фарҳод ва Ширин»ларнинг мунгли севгисини оналаримиз ва бувиларимиз бизга гўдаклик чоғларимиздаёқ эртак қилиб сўзлаб беришган. Лекин бу асарларни, беш юз йилдан бери бутун инсониятни лол қолдириб келаётган бу севги достонларини, чексиз мунг билан йўғрилган бу қўшиқларни, бу нурдай ёруғ шеърларни яратган инсон ўзи, Навоий ҳазратлари ўзлари қандай одам бўлган, бобомиз қандай ишлар қилган, бошидан қандай савдолар ўтган, қандай мусибатлар кечган– биз буни яхши билмас эдик, билсак ҳам бу буюк зотни бир одам сифатида, инсон сифатида яққол кўз олдимизга келтира олмас эдик. Бу мураккаб ишни, ижодий жасорат деб аталмиш бу бебаҳо ишни қилган одам – устод Ойбекдир. Ойбек домла адабиётимизда биринчилардан бўлиб, буюк бобомиз сиймосини яратди. Улуғ аждодимизнинг ўйларини бизнинг ўйларимизга, дардларини бизнинг дардларимизга улаб, улуғ зотни ўз замондошларимиздай яқин, ҳамдард, ҳамфикр бир инсонга айлантирди.

Устод Ойбек улкан санъаткорларга хос бир куч билан буюк бобомизнинг руҳий оламини очиб берди, унинг муқаддас ижодхонасига олиб кирди, беш юз йилдан буён бутун инсониятни титратаётган асарларнинг яратилиш тарихини кўрсатди, бу ўлмас асарларни ёзган санъаткор ҳам буюк шоир, ҳам ўзимиз янглиғ ожиз бир инсон эканини, у ҳам яхшилик ва эзгуликдан қувониб, ноҳақликлардан эзилиб юргувчи бир одам эканини очиб берди, соддароқ қилиб айтганда, бобомизни бизга тирилтириб берди…

Албатта, устод тўғрисида, адабиётимизда реалистик прозани янги чўққиларга кўтарган бу улкан романист ва ажойиб шоир ва етук олим тўғрисида жуда кўп гапириш мумкин. Лекин камина олим эмасманки, бу беқиёс ижоднинг ҳамма қирраларини кўрсатиб берсам…

Мен фақат устод тўғрисида бир-икки оғиз гап айтишга журъат этдим, холос. Шу маънода устоднинг ўз шогирдларига, келгуси авлод адибларига қилган яна бир яхшилигини айтиб ўтгим келади, бу яхшилик шундан иборатки, Ойбек ака Абдулла Қодирий яратган тарихий романчилик анъаналарини янги босқичга кўтариб, бўлғуси адибларга жуда катта йўл очиб берди.

Шу кечаю кундуз телевизор экранларида каминанинг «Улуғбек хазинаси» деган романим асосида яратилган спектакль намойиш қилинмоқда. Мен азиз телетомошабинларнинг бу асарга билдирган ҳурматидан бениҳоя хурсандман, албатта. Лекин оддий бир адиб сифатида шуни яхши биламанки, Абдулла Қодирий, Ойбек ака, Мақсуд Шайхзода каби устодлар ва улар яратган буюк тарихий асарлар бўлмаганда, агар адабиётимизда «Ўткан кунлар», «Навоий» романи ва «Алишер Навоий» драмаси каби асарлар бўлмаганда камина ҳам бу камтарин асарни ёзолмаган бўлардим…

Ҳаёт экан, табиат қонуни шундай экан, устоз Ойбек ҳозир орамизда йўқ. Лекин у киши яратган асарлар биз билан биргадир, биз ва бизнинг фарзандларимиз бу ўлмас асарларни ёстиқларининг тагларига қўйиб ухлайдилар. Демак, устознинг руҳи шод. Устоз Ойбек ҳамиша биз билан, у киши тоабад тирикдир.

1
...
...
13