Читать книгу «СЎЗ» онлайн полностью📖 — Одил Ёқубов — MyBook.

ТУШ
(Лев Толстой)

Илк ҳикоялар ёзиб юрган ўсмирлик чоғларим. Қизиқ воқеалар ўйлаб топишга уринаман, чиройли сўзлар ахтараман… «Қуёшнинг олтин нурлари дарахт япроқларини завқ билан ўради. Тубсиз осмоннинг мовий гумбази митти тилла сирғачаларга тўлди» каби жимжимадор жумла лар тузаман. Бу тасвирлар ўзимга ёқса ҳам, кўнглимнинг бир четида уларнинг аллақандай совуқлигини, ясамалигини, дилимдаги туйғуларимни ифода қилишга ожиз эканимни сезиб, қийналаман, изтироб чекаман… Бир куни қўлимга «Ҳожимурод» тушди. Қиссанинг муқаддимасидаги ҳикоя эзмаликдай туюлди. Мен ундан «сакраб» ўтдим, ўтдим-у қиссанинг илк мисраларини ўқиб, ғалати бўлиб кетдим…

Менга шундай туюлдики, гўё Толстой олис чечен овулини эмас, бизнинг қишлоқни тасвирла ган. Кўз олдимга қишлоқ ўртасидаги мачит, мачит нинг ёнидан сойга буриладиган тор кўча келди. Кўчанинг икки томонидаги пастқам уйларнинг томларида чоллар боғ қўриб ётишади, кечқурунлари қирдан пода қайтади, борлиқни қўй-қўзиларнинг маъраши тўлдиради, мўрилардан тутун кўтарилиб, ҳавода тезак ҳиди бурқсийди. Худди Толстой тасвирлаган манзара!.. Назаримда, Ҳожимурод шy мачит томондан келиб, бизнинг тор кўчага бурилган, бурилган-у биринчи пастқам уйнинг томидаги чолни (бу уйнинг томида ёнғоғини қўриб доим баджаҳл бир чол ётарди) уйғотган…

Мени, айниқса, «тезакнинг қўланса ҳиди» деган сўзлар ҳайратга солади. Таниш манзараларни кўз олдимга келтирган, дилимда ажиб ҳислар уйғотган нарса ҳам шу оддий сўзлар, азон айтган сўфининг овози, мўрилардан кўтарилган тутун ва тезакнинг қўланса ҳиди эди…

Бу оддий сўзларнинг аллақандай теран сири бор эди. Бу сир сизни сеҳрлаб қўяр, кўз олдингизга олис ва нотаниш чечен овули эмас, ўз қишлоғингиз, болаликдан таниш манзаралар келишининг бир сабаби ҳам шу сеҳрда эди!

Китобни бир ўтиришда тугатдим. Ҳожимуроднинг ўлимидан кўнглим вайрон, кўзёшларимни қулт-қулт ютиб, хўроз қичқириқларига, итларнинг вовиллашига қулоқ солиб узоқ ётдим. Сўнг, китобнинг биринчи саҳифасидаги улуғвор чолнинг суратига, пахмоқ қошлар остидаги ўткир кўзларини китобхонга қадаб турган Толстойнинг суратига тикилдим. Бу суратни қайси рассом чизгани ҳозир эсимда йўқ. Шуниси эсимда борки, Толстойнинг узун соқолига, ажойиб дўнг пешанасига, қудрат ёғилиб турган миқти гавдасига, аллақандай шафқатсиз чеҳрасига тикилиб узоқ ётдим, хаёлимда эса ундан ёрдам тилар, фатво беришини илтижо қилардим.. Уйқуга кетганимни билмай қолдим. Бир маҳал туш кўрибман. Тушимда… Толстой!

Эгнида ўша узун кўйлак, катта қадоқ қўлларини ингичка қамиш камарига суқиб, уйимизга секин кириб келган эмиш. Мени чақириб ниманидир дедими ё дегандай бўлдими, билмадим, ойимларнинг овозидан уйғониб кетдим. Тонг отган, ойим сигир соғишга киришган эдилар!

Мен Толстойдан, унинг менга айтадиган гаплари-ю оқ йўл тилашидан айрилганимни сезиб, дод деб юборишимга оз қолди. Худди тушида олтиндан айрилган Афандидай кўзимни қайта юмдим. Йўқ, Толстойни қайтариб бўлмас эди!.. Ойимлардан ранжиб, анча тўлғаниб чиқдим, кейин аста-секин ўзимни юпата бошладим: ахир Толстойнинг уйимизга кириб келгани, мени чақириб, бир нима дегани рост-ку! Шошма. У менга нима деди? Келажакда ёзувчи бўлишимга ишора қилмадими?

Толстойнинг нима деганини эслаш қийин эди, лекин бора-бора у менга яхши гаплар айтгандай туюла бошлади, аста-секин ёзувчиликка фатво берганига ҳам ишона бошладим, назаримда, ҳатто бошимни ҳам силагандай бўлди…

Кўнглим сув ичгандай ёришиб, ўрнимдан турдим. Қувончдан ўзимни қаёққа қўйишимни билмас, тушимни бировга тезроқ айтгим, қувончим билан ўртоқлашгим келарди.

Августнинг ўрталари эди. Мендан бир-икки ёш катта бир ўспирин билан – унинг исми ҳам Одил эди! – кун ора ғўза суғорар эдик. Ўша куни бизнинг навбатимиз эди. Рост, Одил менинг «ёзувчилигимни», ёзган шеър ва ҳикояларимни тан олмас, лекин адабиётни яхши кўрар, китобни кўп ўқир, шу сабаб, иккимиз анча яқин эдик.

Мен боғимиздан чиқиб, пахтазорга буриладиган ёлғизоёқ йўлга қадам қўйганимда, Одил ҳам етиб келди, қўл бериб кўришаркан:

– Ҳа, оғизлар қулоқда-ку? – деб пичинг қилди.

– Менга қара, Одил, бугун ғалати бир туш кўрдим,– дедим. – Кулмасанг айтиб бераман.

– Хўш, хўш?

– Мен бугун тушимда… Толстойни кўрдим.

– Шунақами? – Одил негадир кўзини кўзимдан узиб пахтазорга тикилди. – Хўш, кейин нима бўлди?

– Ҳа, шу… Ва ажойиб одам экан!

– Сенга… ёзувчиликка фатво бергандир?

– Айтсам ишонмайсан-да! Лекин… чиндан ҳам… яхши гаплар айтди.

– Катта қўллари билан бошингни ҳам силагандир?

Бошқа пайтда бўлса-ку, мен унинг овозидаги кинояни сезар эдим, албатта, лекин шодлигим ичимга сиғмай турган бир маҳалда буни пайқамадим.

– Ҳа, бошимни секин силади!

– Ҳа-ҳа-ҳа! Толстой бошини силаган эмиш! Ҳаҳа-ҳа! Орзуларингдан ўргилиб кетай!

Одилнинг заҳарли қаҳқаҳаси устимга қуйилган бир челак совуқ сувдай таъсир этди. Уятдан ўзимни қаёққа яширишни билмай пахтазорга шўнғидим. Одилдан, одамлардан яшириниб, кечқурунгача ёлғиз ишладим. Айтган гапларимни унутиш учун, уятдан қочиб қутулиш учун бутун жон-жаҳдим билан ишладим, тушимни ҳеч қачон, ҳеч кимга айтмасликка қасам ичдим.

Ўзим ҳам Толстойнинг буюклигини ўша куни тушундим-ов!.. Толстой шунчалик буюк эдики, уни, ҳатто тушимда кўрдим дейиш ҳам нокамтаринлик ва мақтанчоқлик бўларди!.

Тошкент, 1969 йил

АБДУЛЛА ҚОДИРИЙНИ ЎҚИБ

I

Биринчи дафъа «Ўткан кунлар» тўғрисида, тўғрироғи, Отабек-Кумуш қиссаси ҳақида олти-етти яшар чоғимда дадамлардан эшитганман.

Ўттизинчи йилларнинг ўртаси. Дадам, ўн тўққизинчи йилдан партия аъзоси, катта ишларда ишлаб келган одам, нима учундир, ишдан четлаштирилиб, қишлоққа қайтиб келган пайтлари.

Ҳар оқшом катта меҳмонхонамиз одамга тўлиб кетади. Қўни-қўшнилар, қариндош-уруғлар, қиз-келинчаклар йиғилади. Аксарияти ёшлар.

Дадам тахмондаги китоблар орасидан жигарранг жилдли қалин бир китобни олиб, секин варақлайди. Мен унинг тиззасига суяниб, китобнинг безаклари, ажойиб суратларини томоша қиламан. Бу китоб «Минг бир кеча»нинг 1905 йили босилган русча нашри (кейинчалик мен бу китобни қанча изламай, тополмадим!) эди.

Дадам китобни ўқимайди, бир неча бетини ўйчан варақлайди-да, кейин секин ҳикоя қила бошлайди.

Бу ҳикоялар аксарият тун ярмигача, баъзан хўроз қичқиргунча давом этади, мен ҳам ойимларнинг «ёт» дейишларига қулоқ солмай, мижжа қоқмай эшитаман. Эсимда бор: менга, айниқса, машҳур сайёҳ Синдбоднинг саргузаштлари хуш ёқиб тушарди.

Шу қиш оқшомларининг бирида дадам қора муқовасининг устига йўл-йўл оқ чизиқ чизилган қалингина бир китоб топиб келди.

Китобнинг биринчи бетида – бошида духоба дўппи, эгнида қора гимнастёрка устидан кийилган ола тўн, тўладан келган, учбурчак мўйловли бир одамнинг сурати бор эди.

– Бу «Ўткан кунлар» деган ўзбекча роман,– деди дадам. – Уни мана шу одам ёзган. Исмшарифлари Абдулла Қодирий Жулқунбой…

– Жулқунбой? Қозоқми?

– Йўқ, – деди дадам кулиб. – Ўзбек. Жулқунбой бу – кишининг тахаллуси. Ёзувчилар баъзан ўз исмларини ўзгартириб, бошқа исм танлашади.

Китоб қўлдан қўлга ўтиб, яна дадамга қайтди. Дадам шошмасдан ўқишга киришди. Мен ҳам «маза қилиб эшитиш» учун дадамнинг тиззасига суяниб, яхшироқ жойлашиб олдим.

Учинчи ё тўртинчи оқшом ярим кечада уйғониб кетсам, китоб ўқилиб бўлган, қиз-жувонлар кўзёшларини артишиб, пиқ-пиқ йиғлашар, эркаклар оғир сукут сақлашар, дадам эса ёзувчи ҳақида секин ҳикоя қиларди.

Дадамнинг ҳикоясидан эсимда қолганлари шулар:

– Абдулла Қодирий – улкан ёзувчи. Ўзиям ажойиб одам… Ҳукумат унга ҳамма имкониятларни туғдириб берган. Тошкентда унинг катта боғи бор. У ҳар куни эрта саҳар уйғониб, ёзишга ўтиради. Чарчаган пайтлари чиқиб, боғда ишлайди.

Йиллар ўтди. Ўсиб-улғайиб китобга ташналигим, ишқим, меҳр-муҳаббатим ўсиб борган сари «Абдулла Қодирий…», «Ўткан кунлар…», «Меҳробдан чаён…» деган гаплар қулоғимга тез-тез чалинадиган бўлди.

1943 йилнинг охирги ойлари, тўққизинчи синфда ўқиб юрган чоғларим.

Бир кун синфимизга янги ўқитувчи – фронтдан ярадор бўлиб қайтган ёшгина йигит кириб келди. У «ҳарбий иш»дан дарс бера бошлади, лекин адабиётга жуда қизиқса керак, ҳар куни бир китоб кўтариб келар, болаларга вазифа топшириб қўйиб, ўзи китоб ўқиб ўтирарди. Лекин бу қанақа китоб эканини ҳеч ким билмас, чунки, аскарият китобларнинг жилди қоғозга ўралган бўларди.

Кунлардан бирида ўқитувчининг укаси, синфдош дўстим мени четга тортиб:

– Кеча акам «Ўткан кунлар»ни топиб келди, – деб қолди. Дарсдан кейин «Ўткан кунлар»ни бир кечага сўраб олиш умидида синфдош оғайним билан бирга уларникига бордим.

Биз борганимизда, домла олдида қаттиқ нон, икки кўзи аллақандай китобда, чой ичиб ўтирарди. Мен дудуқлана-дудуқлана илтимосимни тушунтира бошлаган эдим, ўқитувчимиз қовоғини солиб:

– «Ўткан кунлар»ни ўқиш мумкин эмас. Билмайсанми? – деди кўзимга тикилиб. Мен ҳаяжондан энтикиб:

– Мана, сиз ўқияпсиз-ку? – дедим. Ўқитувчининг юзида билинар-билинмас табассум пайдо бўлди.

–Биринчидан, мен ўқитувчиман, ёш бола эмасман, – деди у. – Иккинчидан, мен уни танқидий кўз билан ўқийман.

–Мен ҳам танқидий кўз билан ўқийман. Домлажон, бир кечага бериб туринг. Эрталаб олиб келиб бераман. Ҳеч кимга айтмайман.

Домла сал юмшади, лекин ҳамон бир қарорга келолмай пешанасини ишқади.

– Бир кечада-ку ўқиб тугатолмайсан-а?

– Ўқиб чиқаман, – дедим мен.– Албатта, ўқиб битираман! – Домла кулиб юборди.

– Хўп, майли, аммо ўзинг ҳам дейман… бир ёпишсанг, қўймас экансан!

У ўрнидан турди ва токчадаги пиёла-чойнакларнинг орқасига қўл суқиб, қалин сарғиш қоғозга ўралган бир китобни олиб берди.

– Ма, қўйнингга тиқ. Ҳеч ким кўрмасин. Кейин… эртага демайман-у, индинга олиб келиб бер. Уқдингми?

– Уқдим! – Мен унинг айниб қолишидан қўрқиб, китобни қўлтиғимга урдим-у эшикка отилдим.

Ўша кеча мижжа қоқмадим. Тонг пайти охирги саҳифани ўқиб бўлдим. Китобни ёпиб, боққа чиқдим.

Хўроз учинчи марта қичқирган. Япроқлари тўкилиб, яланғоч бўлиб қолган боғда шабада бебошлик қилади, кекса ўриклар, ичлари кавак олмалар ҳазин чийиллайди, нола қилади, олча ниҳоллари, ёш олхўрилар юз муқомга тушиб эгилиб-эшилади.

Мен юзимни шабадага тутиб, боғда узоқ айланаман. Кўзёшларимни артмай, ҳўнг-ҳўнг йиғлайман…

Ўша маҳалгача ҳеч бир китоб мени шу қадар ларзага солмагандир. Гўё Отабек менинг ўз акам. Кумуш эса ўз келинойимдай уларнинг тақдирига ич-ичимдан куюнаман, изтироб чекаман. Адабий «сир»лардан бехабар: «Аттанг, шу хўракни Зайнабга топширмай, Ўзбек ойим ўзи қилгандаку, бундай бўлмас эди!» деб афсус чекаман… Айни замонда кўнглимда ҳеч бир ғубор, ёмон асорат йўқ…

Бошларига кўп мусибат тушган, кўп довул ва бўронлардан ўтиб чиниққан одамлар ҳар қандай фожиага ҳам мардонавор туриб берадилар, сабот ва олийжанобликни қўлдан бой бермайдилар. Шунинг учун уларнинг фожиаси сизни эзмайди, балки сабот ва матонатга ўргатади, олийжаноблик ва мусаффоликка чорлайди, шунинг учун ҳам сиз Отелло билан Дездемонанинг фожиали тақдирига кўзёши тўкаркансиз, бу кўзёшлар қалбингиздаги ҳамма ғуборларни ювиб ташлагандай бўлади, ўзингизни аллақандай софроқ ҳис этасиз, қалбингиз одамларга ҳамдардлик, ҳамжиҳат бўлиш, яхшилик қилиш истаги билан тўлиб-тошади… Отабек-Кумуш фожиаси ҳам назаримда, менга ҳаётнинг теран ва чигал томонларини кўрсатган, мен гўё беш-олти ёш улғайган, айни замонда дилимга аллақандай ҳазин ва ёруғ нур қуйилган эди…

Кўп йиллар ўтди. Мен ҳам адабиёт майдонига кириб, яхши-ёмон бир-иккита асар ёздим. Бу пайтларга келиб «Ўткан кунлар»ни қайта ўқиб чиқдим. Бу сафар китобнинг кўп фазилатлари билан бирга айрим заиф томонлари ҳам кўзимга чалинди. Лекин улғайганда олган таассуротларим ҳақиқатга қанчалик яқин бўлмасин, китоб устида кўзёш тўкиб тонг оттирган ўша дамларим, эрта саҳар ҳувиллаб қолган боққа чиқиб, танҳо кезган пайтларим сира-сира эсимда чиқмайди…

Бу воқеадан кейин сал ўтмай ҳалиги ўқитувчимиз вафот этди. Ярадор бўлгани етмагандай, фронтда ўпкасини совуқ урган экан, кўкламга чиқмасданоқ узилди.

Яна бир-икки ой ўтди. Қишлоқда бирга тепишиб ўсган дўстларим фронтга жўнайдиган бўлиб қолишди. Гарчанд, мен бир ёш кичик бўлсам ҳам, дўстларимдан айрилишга, улардан ажралиб қишлоқда юришга виждоним ёр бермади-ю, ариза бериб, ихтиёрий равишда урушга кетадиган бўлдим.

Эртага жўнаймиз деган куни кечқурун мен марҳум ўқитувчимизнинг уйига бордим ва унинг укасидан «Ўткан кунлар»ни беришини илтимос қилдим.

Урушга кетаётган одамнинг илтимосини қайтариш қийин. Ўқитувчимнинг укаси қийналиб бўлса ҳам китобни берди.

Мен уни қопдаги талқон, туршак ва қаттиқ нонлар орасига солиб, орқалаб олдим.

Биз қишлоқдан бир йўла қирқ чоғли йигит чақирилган эдик. Бир-икки ойдан кейин бўлиниб-бўлиниб, ўн чоғли йигит қолдик. Минг тўққиз юз қирқ бешинчи йилнинг ёзида шу ўн чоғли йигит фалакнинг гардиши билан Мўғулистон даштларига бориб тушдик.

Қаёққа қараманг, бепоён дашт. Тап-тақир жигарранг адирлар. Каламуш илма-тешик қилиб ташлаган ясси қирлар. Кундуз жазирама – сал ором оладиган жой тополмайсиз, кечаси эса сел ёғади, совуқдан тишлар шақ-шақ қилади…

Биз олис-олисларда қолган она юртни, дўппи билан сув ичган булоқларни, тиззадан тупроқ кечиб юрган қишлоқ кўчаларини соғинамиз. Дўппи-дўппи ўрик териб қизларга тутган чоғларимиз, пода кутиб ўмбалоқ отиб ўйнаган сойликлар, сув сепишиб чўмилишган анҳорлар кўз олдимиздан кетмайди. Кечалари даштдаги чайлаларда бир-биримизнинг пинжимизга суқилишиб ётарканмиз, қишлоқ қизларининг мулойим чеҳраларини, ҳазин ва шўх лапарларини қўмсаймиз, қўмсаймиз-у бутун вужудимиз билан киндик қонимиз тўкилган она тупроққа талпинамиз… Ана шундай пайтларда, буюм халтамни очиб, ўқ-дори, қаттиқ нон ва консерва қутилар орасида ётган «Ўткан кунлар»ни оламан. У соғинган қалбларимизга аллақандай таскин беради, ташна дилларимизни нима биландир қондиргандай бўлади. Биз Отабек-Кумуш саргузаштининг мунгли ва ёруғ саҳифаларини қайта-қайта ўқирканмиз, гўё суюкли қишлоғимизга бориб келгандай, қариндош-уруғ, ёр-биродарларимиз билан дийдор кўришгандай бўламиз… Нур билан йўғрилган севги саҳифалари эса… ўз севгилиларимизни эслатади. Биз гўё олис-олисларда қолган қишлоқ қизларини кўргандай, уларнинг шўх қилиқлари, ҳазил-мутойибалари, куй ва қўшиқларини эшитгандай бўламиз… Ҳа, халқимизнинг баъзи иллатларини шафқатсиз фош этган, айни замонда энг яхши урф-одатларини, ўзига хос фазилатларини ажиб бир шоирона муҳаббат билан тараннум этган бу улкан асар белимизга қувват, кўнглимизга далда берар эди. Шунинг учун ҳам мен бу китоб ва уни яратган буюк инсон олдида ҳамиша бош эгаман, қўлим кўксимда, ҳамиша таъзим қиламан.