– Синглингиз жуда тортинчоқ экан-да, – ниҳоят гап топди Ҳамид. – Археологми, дейман, ердан кўзини узмаяпти.
Қизлар хандон отиб кулиб юборишди.
– Опа, юринг кетайлик, – Нарминанинг билагиан чимчилади синглиси. – Салонга кечикамиз.
Ҳамид қўл сотига қараб, бош чайқади.
– Ие, менинг ҳам борадиган жойларим бор. – Кейин чап томонда, йўл бошида турган таксига имо қилди. – Агар йўлимиз бир бўлса, сизларни ҳам олиб кетай. Ўзимнинг «Жип»имни Уралда қолдириб кепман.
– Йўқ, раҳмат, – деди Амина эшитилар-эшитилмас. Опа-сингил унинг ортидан ўғринча тикилиб қолди. Ҳамид эса таксига ўтириб, манзилни айтди.
Сартарошхонадан қайтган Ҳамид келинникига куёвнавкарга ҳозирлик кўрарди. Иқбол куёвжўра бўладиган бўлди. Мана, мусиқачилар ҳам етиб келишди Энди «ижара»да турган келинни олиб келиш қолди, холос. Ҳамма дўстлари бирма-бир Ҳамидни табриклашар, қатор тизилган машиналар сабрсизлик билан сигнал чалишар, бироқ Ҳамиднинг хаёли жойида эмасди.
Онасининг Амина ҳақидаги гаплари юрагининг бир четини хира қилиб турарди. Наҳотки, Амина ҳам опаси ва онаси сингари енгилтак бўлса? Йўқ, Амина унақа қизга ўхшамайди.
Ниҳоят, Ҳамиднинг қўлига гулдаста тутқазиб, ҳовлига олиб тушишди. Уни оқ рангли «ВMW–Х6» кроссоверига ўтқазишди. Машина ойнасидан атрофдаги шодон кулимсираб турган одамларга қаради. Уларнинг ҳеч бири айни пайтда Ҳамиднинг қалбидан кечаётган ҳисларни билмасди. Машина қўзғалган онда Ҳамид одамларнинг орасида турган Аминани кўрди. Амина энди қоп-қора бахмалдан тикилган узун кўйлак кийиб олганди. Кўкраги кенг очиқ бу либос унинг малоҳатини янада очиб юборганди.
Машина сигналлар билан илгариларкан, Ҳамид ортда қолиб кетаётган Аминадан кўз узмасди. Мана, уни келиннинг ёнига, умрида атиги бир мартагина кўрган қизнинг ҳузурига олиб кетишяпти.
У ўттиз бир ёшгача бирор қизга астойдил кўнгил қўймади. Ўзи ёқтирмаган, севмаган қиз билан оила қуришни у хаёлига ҳам келтира олмасди.
Ҳамид оқ-қорани Россияда таниди. У ерда шарт-шароит, расм-русум бошқача. Ёшлар танишиб, севишиб, икки-уч йил бир-бирини синамагунча турмуш қуришмайди. Ота-оналар ҳам фарзандларини ҳаётига аралашмайди. Мана Қундуз! Саккизинчи синфдан бери Гулорани севарди. Аммо ота-оналари уларнинг севгисига ризолик беришмади. Қундуз отасининг васиятига кўра, у танлаган, олис туманда туғилиб ўсган қизга – Ҳулкарга уйланди. Бир пайтлар икки ёшнинг оталари қалин дўст бўлишган экан.
Ҳозир Қундуз ҳаётидан норози. Қачон қарасанг, хотинидан нолийди. Ҳамидни ҳам худди шундай қисмат кутяпти. Уям дўстидек олис туманда туғилиб ўсган, содда, қишлоқи қизга уйланяпти. Шаҳарликларга ўхшаб ўзига қарашни, ноз-истиғнони билмайди. Эҳтимол, қўлида санчқи тутишни ҳам билмас? У билан таниш-билишлари даврасида, катта ресторанларда қандай ўтираркин? Ўрисчани-ку умуман тушунмаса ҳам керак?
Ҳамид боши зирқираб оғриётганини ҳис этди. Кўз олдидан Аминанинг қоп-қора бахмал кўйлакдаги сиймоси кетмасди. Нозли, ишвали…
Машина оҳиста сузиб борарди. Ҳамма нарса ортда қолмоқда эди. Бўйдоқли, кўнгилхушликлар, айшишрат ва, албатта, Амина. Замонавий «Х6» машинасида у ҳиссиз, тунд, содда қишлоқ қизи Сабина томон бормоқда.
– Тўхтат машинани! – амр этди у ҳайдовчининг елкасига кафтини босаркан.
Машина тўхтаган онда Иқбол елка қисди:
– Нима гап? Бирор нимани унутиб қолдирдингми?
– Мен… у қизга уйланмайман.
Иқболнинг кўзлари ола-кула бўлиб кетди:
– Нима? Эсинг жойидами? – Бу пайтда орқадан изма-из келаётган машиналар карвони ҳам тўхтаб қолганди. – Нималар деётганингни биласанми? Қанақа қиёмат қўпишини тасаввур қиляпсанми?
Ҳамид бир нуқтага қараганча тош қотганди. Орқадаги ҳайдовчилардан бири келиб, машина ойнасидан бошини суқди:
– Тинчликми? Машина бузилиб қолдими?
– Йўқ, бошқа муаммо, – деди Иқбол уф тортиб. – Бораверинглар. – Кейин Ҳамидга юзланиб, унинг ёқасидан олди. – Жинни бўлдингми? Шунча одамга масхара бўламизми? Тўйга чақирилган меҳмонларга нима дейсан? Фикримдан қайтдим, уйланайман деб айтасанми? Келин-чи? Унинг ота-онаси, яқинлари қандай бош кўтариб юради.
– Менга фарқи йўқ, – деди Ҳамид маъносиз нигоҳларини бир нуқтага қадаб. – У қизга уйланмайман. Қарорим қатъий.
Орқадан эса сигнал товушлари тинмасди. Бошқа ҳайдовчилар ҳам бирин-кетин машинага бош суқа бошлашди. Иқбол танг вазиятда эди.
– Мен нима ҳам дейман? – елка қисди у. – Бориб ойингга айтаман. Ўзлари биладилар нима қилишни.
Иқболнинг ўзи ўтирган машина тарафга важоҳат билан келаётганини кўрган Малак холанинг кўнгли ғашланди. Иқбол эшикни очиб, унинг қулоғига пичирлаб вазиятни тушунтиргач, кўзлари қинидан чиққудек бўлди. Кейин эса машина ўриндиғига суяниб қолди.
Кўп ўтмай, Ҳамид ўзи ўтирган машинадан чиқиб, онасининг қошига югурди. Яхшиямки, бу машинада онасидан бошқа ҳеч ким йўқ эди.
– Бу нима қилганинг, болам? Менда қасдинг борми? Эл-юрт ичида бизни шарманда қилмоқчимисан? Бировнинг кўз қорачиғидек авайлаб ўстирган боласини иснодга қолдирма! Одамларни биласан, қизнинг бир айби бор эканки, тўй тўхтатилибди, деб гап қилишади.
– Одамлар билан нима ишим бор, ойи, – елка қисди Ҳамид. – Мен ҳам инсонман, ўзим хоҳлагандек яшашни истайман-ку?
– Менга, ўз онангга раҳминг келсин, – ёзғирди она кўз ёшларини тиёлмай. – Сени шу умидда ёлғиз бошим билан катта қилдимми? Сендан кўрган неклигим шу бўлдими? Қариган чоғимда хор қиласанми?
– Нега хор бўласиз, ойи, – хуноб бўлди Ҳамид. – Нима бўпти? Қиз бола, қўл теккизганим йўқ. Мен олмасам, бошқаси олади. Шунга осмон узилиб ерга тушибдими?
Онаси ҳар қанча ялиниб-ёлвормасин, Ҳамид фикридан қайтадиганга ўхшамасди. Ниҳоят тунд кайфиятда машинадан чиқди. Орқасидан эса тарвузи қўлтиғидан тушган онаси… Ҳеч ким ҳеч нарсани тушунмас, ҳамма бир-бирига қараганча, тош қотганди. Ҳамид одамларга юзланиб, баралла хитоб қилди:
– Ҳамма уй-уйига! Тўй бўлмайди.
Уйдаги ўлик сукунатни Гулнознинг уч яшар ўғли Туралнинг ғўнғир-ғўнғир овози бузиб турарди. У қозон қопқоғини рул чамбарагидек айлантириб, ўзича машина ҳайдарди. Малак хола шифтга қараб ётар, Гулноз йиғлаганча унинг қўл-оёқлари, бошини уқалаб ўтирарди. Иқбол билан Ҳамиднинг поччаси Муҳаммад жим сигарет чекишарди. Ҳамид эса телевизордан кўзини узмас, қайсидир йўлдош каналдан берилаётган спорт мусобақасига маъносиз нигоҳларини тикиб ўтирарди.
Ҳамид ич-ичидан тошиб чиқаётган безовталикдан қандай халос бўлишни билмасди. Ҳар қалай тўғри иш қилмади. Оқибати яхшилик билан тугамаслиги аниқ. Лекин нимадандир хурсанд ҳам эди. Қизиқ, Амина бу можароларга сабабчи эканини билдимикин?
Телефон қўнғироқлари жонга тегиб кетгани учун боя Иқбол тармоқдан узиб қўйганди. Энди эса ўзи телефонни қўшиб, рақам терди.
– Алло, бу администраторми? Ҳа, тўй эгасининг уйиданмиз. Зал тўлди? Менга қаранг, тўй тўхтатилди. Нимасини тушунмайсиз? Йўқ, ҳазил-пазили йўқ. Тўй бўлмайди. Одамларга ҳам айтинг, тўй бўлмайди денг, нима фарқи бор сизга? Қайси пул? Ҳа, тушунаман, пулларни қайтариб олиш ниятимиз ҳам йўқ. – Иқбол чуқур уҳ тортди. – Ўн саккиз минг кетди энасиникига қараб… А, йўқ, сизгамас. Лаббай? Хонандаларни ҳам ўзингиз жавобини бераверинг. А? Ахир тўй бўлмади-ку? «Занят» қилган бўлсак пулини тўлаймиз? Ҳа, майли, лекин улар ҳам сал «скидка» қилишсин… Нима қилайлик, бизам шунақа бўлсин, дебмидик? Хўп, майли, ўзимиз бориб гаплашамиз. Ҳозир, кетяпмиз. – Иқбол шеригига еб қўйгудек ўқрайди ва Муҳаммадга юзланди. – Тур, «Мона Лиза»га кетдик.
Улар чиқиб кетгач, Ҳамид ҳам енгил нафас олди. Туриб ётоқхонага одимлади. Гулноз эса йиғлайвериб кўзлари шишиб кетганди. Онасининг лаблари ниманидир пичирларди.
– Бўлди-да, мунча мотам тутасизлар? Юракка буюриб бўлмайди. Ўзим севмаган қизга қандай қилиб уйлана оламан?
– Ака, ўзингиз рози бўлгандингиз-ку? – яна йиғламсиради Гулноз.
– Ҳа, рози бўлгандим. Лекин хато қилган эканман. Ўша хатойимни тузатмоқчиман, бўлдими?
Онаси ўғлидан юзини терс бурди. Гулноз эса ҳамон кўз ёшини тиёлмасди.
– Нима деган одам бўлдик. Бечора Саби! Уни аҳволи нима кечади? Қандай бош кўтариб юради дўсту душманнинг ичида? Нега уйланаман дедингиз? Сизни нима жин урди?
– Акангни роса жин чалган, қизим. Кўчада қолган Суғронинг киндиги очиқ қизига ишқи тушибди, нима дейсан энди?
Гулноз бир акасига, бир онасига қараб ёқасини ушлади:
– Бўлиши мумкин эмас…
Кутилмаганда она ётган еридан сапчиб ўтирб олди.
– Ўзи ўша суюқоёққа қараб оғзинг сувланганидаёқ юрагим жиғ этувди-я! Қўймайман! Мусичадек беозор, фариштадек покиза Сабинагинамнинг ўрнига ўша фоҳишани олиб келсанг, икки дунё сендан рози эмасман.
– Ойи! – Ҳамиднинг ҳам ғазаби қўзиди. – У қизнинг фоҳишалик қилганини қаерда кўрдингиз? Ўйлаб гапиринг. Бировга туҳмат қилгани Худодан қўрқинг! Кўзингиз билан кўрмаган нарсани нима қиласиз гапириб? У фоҳиша эмас!
– Ўзи бўлмаса, онаси ғар, опаси ғар, билдингми? Бутун маҳалладагилар билади у машинадан тушиб, бунисига миниб юришганини. Бунисиям гўр бўларми-ди? Таппи сигирдан узоққа тушармиди?
Телефон тинимсиз жиринглар, аммо гўшакни кўтариш ҳеч кимнинг хаёлига келмасди. Малак хола энди йиғлай бошлади:
– Сизларни деб бу дунёда кун кўрмадим. Ўзим емай сизларга едирдим, киймай кийдирдим. Бир кун сизнинг ҳузурингизни кўраман деб ўйлагандим. Мана… ҳузур-ҳаловат бунақа бўларкан…
Гулноз ниҳоят телефонни кўтарди.
– Ҳа, хола, уйдамиз, ойим ҳам шу ердалар, ҳозир бераман… – Гулноз гўшакнинг оғзини кафтини тўсиб, акаси ва онасига юзланди:
– Ойи, Заррин холам, сизни сўраяптилар.
Малак хола сўнгги умид учқунлари милтиллаб турган кўзларини ўғлига қадади:
– Жон болам, онагинанг ўргилсин, дарду балойинг менгинага урсин! Майли, тўй қолдирилган бўлса, шунча пул куйган бўлсаям, садқаи сар. Бечора қизни бориб олиб келайлик. Кўзгинаси йўлга термилиб ўтирибди.
Ҳамид бир муддат жим қолди. Она-бола унинг инсофга келишини кутишганди. Бироқ…
– Йўқ, ойи, қарорим қатъий. Мен у қизни олмайман!
Ҳамид ётоқхонани ичкаридан беркитиб, севимли «ўйинчоғи» – «Макаров» тўппончасини ўйнаб ўтирарди. Бечора онаси! Не куйга тушди экан? Ахир у ҳам нима қилсин? Буни кўнгил дейдилар.
Кутилмаганда эшик тақиллади. Кейин эса шиддат билан гурсиллай бошлади.
– Қанисан, ит эмган? Чиқ бу ёққа!
Ҳамид қиз тарафдагилар эканини дарҳол тушунди. Дарҳол тўппончани чўнтагига беркитиб, эшикни очиши билан икки йигит хонага ўқдек отилиб кирди.
– Ифлос, бу нима қилганинг? – дея Ҳамиднинг ёқасидан олди йигитларнинг бири.
– Пул қутуртирдими сени, ярамас, – дея оғзидан тупук сачратди иккинчиси.
Ҳамид бу йигитларни энди таниди. Уларнинг биттаси Жамол, иккинчиси Жовид – Сабинанинг акалари эди.
– Болалар, бу нимаси? – уларни тинчитишга уринди Ҳамид. – Келинглар, одамга ўхшаб гаплашайлик.
– Сен… сен одаммисан? – унинг юзаги шапалоқ туширди Жамол.
– Синглимнинг номуси учун қонинг билан жавоб берасан, – дея унинг гарданига мушт туширди Жовид.
Хонага югуриб кирган Малак хола, Гулноз ва яна икки-учта қариндошлар уларни тинчитишга чандон уринмасин, ака-укалар тобора ғазаб отига минишарди. Бир зумда ҳамма ёқ остин-устин бўлиб кетди. Идиш-товоқлар ер билан битта бўлди. Ҳатто шифтга осилган қимматбаҳо қандил ҳам чил-чил синди. Кутилмаганда Жовид чўнтагидан тугмали пичоқ чиқариб, Ҳамиднинг қорнига суқди. Бундай ҳолатни ҳеч ким кутмаганди. Кўзлари ола-кула бўлиб кетган Ҳамид қип-қизил қонга бўялган кўйлаги устидан қорнини чангаллаганча букчайиб қолди:
– Единг-ку, аблаҳ!
Бутун хонани Малак хола ва Гулнознинг ваҳимали чинқириғи тутди.
О проекте
О подписке
Другие проекты