Читать книгу «Сенга ишонаман» онлайн полностью📖 — Ворис Йўлчиев — MyBook.
image

БЕШИНЧИ БОБ

Кеча қўнғироқ Қундузнинг ҳаётга бўлган интилиши, иштиёқини орттирганди. Ҳозир айтилган манзил томон Мустақиллик кўчасидан Филармония биноси томон кетиб борарди. Кеча телефонда Озар муаллим деган киши каттароқ буюртма борлигини айтиб, уни офисига чақирганди.

Йўл четидаги дарахтларни махсус машинада суғориб юришарди. Қундуз сув фаввораси остида шодон қарсак чалаётган япроқларга тикилиб хаёлга толди. Бутоқда қолган ягона япроқ (!) бу зўр санъат асари бўлиши мумкин-ку? Файласуфлар баъзан инсонни япроққа ўхшатишади. Одам чақалоқ ҳолида туғилади, япроқлар эса куртак кўринишида. Япроқларнинг ҳам худди одамзод сингари мурғаги, ёши, қариси бўлади… Япроқни тўкилиши ҳам инсоннинг ўлимига қиёс… Дарахт худди Ер куррасига ўхшайди. Япроқлар тўкилиб ўрнидан янгиси ўсиб чиққанидек, авлодлар ҳам алмашаверади…

Мана ўша манзил. Қундуз ичкари кириб, лифт қаршисида тўхтади. Лифтни бироз кутиб тургач, унинг ишламаслигига амин бўлди ва учинчи қаватга пиёда кўтарилди. Кейин керакли эшикка етгач, қўнғироқ тугмасини босди. Ичкаридан «ким» деган овоз келди.

– Озар муаллим бормилар? Мен рассомман, ўзлари мени чақиргандилар.

Эшик очилиб, баланд бўйли, қорачадан келган қиз кўринди.

– Кутиб туринг, олдиларида одам бор.

Қундуз креслога ўтиргач, аввал стол устидаги журнални олиб варақлай бошлади. Кейин телефонни кўриб, қизга илтижоли термилди:

– Телефон қилиб олсам майлими?

– Бемалол, – деди компьютерда қанақадир ўйин ўйнаётган қиз.

Қундуз яна ўша, ёд бўлиб кетган рақамни терди:

– Алло, Раёсат муаллимни мумкинми? Келмадиларми? Қачон бўладилар? Билмайсиз? Хўп, раҳмат!

Қундуз умидсиз шифтга термилди. Хонанинг шифти анча баланд, ўртада кичикроқ чироқ осилганди. Қизиқ бу чироқ шундай катта хонани ёрита олармикин?

Шу пайт эшик очилиб ичкаридан чиройли бир аёл чиқиб келди. Котиба қиз рухсат сўраш учун ичкарига бош суқди. Бироз ўтиб, «кираркансиз», дея имо қилди.

Бу хона аввалгисидан ҳам каттароқ эди. Хона тўридаги стол ортида савлат тўкиб ўтирган ёшгина йигитчани кўрди. Нари борса, унга 22–23 ёш бериш мумкин эди. Йигитча у билан қўл учида сўрашиб, ўтиришга жой кўрсатди.

– Қундуз муаллим, сиз ҳақингизда кўп эшитганман. Бизнинг компаниямиз «Эстетик марказ» деб номланади. Сиз билан ҳамкорлигимиз фойдадан холи бўлмайди, деб ўйлайман, аввал ўзингизни яқиндан таништарсангиз…

– Мен… ниманиям гапираман. Ўзим етмиш саккизинчи йилда туғилганман. Рассомчилик олий мактабини битирганман. Ўн бир ёшимдан расм чизаман. Катта режаларим бор. Буюк шоиримиз Низомийнинг ўлмас ҳикматларини таблоларга кўчирмоқчиман. Бу… биласизми, жуда катта иш бўларди.

– Билишимча, рассомлар уюшмасига аъзо эмассиз. Доимий иш жойингиз ҳам йўқ. Ҳозир бироз қийналиб қолганингизни ҳам биламан… – Озар қаршисидаги ноутбук экранига тикилиб, давом этди. – Хуллас, биз билан ишласангиз, яхши даромад қилишингиз мумкин.

– Хўш, сизга қандай хизмат қилишим мумкин? – ўзини кечадан бери қизиқтираётган саволни ўртага ташлади.

– Нима қилардингиз? Расм чизасиз!

– Биламан, аммо, қанақа расм?

Озар индамай гўшакни кўтарди.

– Нима қиляпсизлар? Мен ҳозир рассом билан бораман. Унга ишини тушунтираман. Кейин давом эттирасизлар.

Кейин у Қундузни ортидан эргаштириб, тор йўлакдан кета бошлади.

– Марказимиз турли тадбирлар, мусобақалар ўтказади, баъзан савдо-сотиққа ҳам аралашамиз, ишлаб чиқариш ҳам…

Кейин бир эшикни очиб ичкари кирди. Катта залнинг ичи сигарет тутунига тўлиб тошганди. Ўртада каттакон подиум турар, парданинг ортидан қизларнинг кулгиси жарангларди. Шу пайт ичкаридан баланд бўйли йигит чиқиб келди.

– Биз фотосессияни ҳали тугатмадик. Рассом акамиз кечқурун ҳамма ашёларини олиб келсалар яхши бўларди.

Озар савол назари билан Қундузга қаради.

– Бугун… кечқурун дўстимнинг тўйи, келолмайман.

– Зарари йўқ, – деди Озар саҳна қаршисидаги ўриндиқларнинг бирига жойлашиб. – Ўтиринг, аввал қизларимизни бир кўринг.

Ҳалигача гап нимадалигини англамаган Қундуз беихтиёр Озарнинг ёнидан жой олди. Шу пайт саҳна очилиб, уч нафар кийимсиз қиз кўринди. Қизларнинг учови ҳам уларга беҳаёлик билан кулимсираб туришарди. Қундуз бир муддат ўтирган ерида қотиб қолди.

– Мен… шуларни чизаманми? – деди қизларни кўрсатиб.

– Сиз жуда қобилиятлисиз, – деди Озар чимирилиб, – аммо истеъдодингизни бекорчи нарсаларга сарфлаяпсиз. Шунинг учун пулингиз йўқ, аммо биз билан ишласангиз, кам бўлмайсиз.

Кейин ўртада турган, оёғига баланд пошнали қизил туфли кийган қизга имо қилди.

– Анави Аза! Гўзаллик танловининг ғолибаси. Нақ парининг ўзгинаси. Натурачи қизларнинг ҳаммаси таниқли актрисалар, моделлар бўлишади. Расмларин чизиб пулингизни олаверасиз.

Қундуз қизларга қарамасликка чандон уринмасин, шайтон уни йўлдан оздирарди.

– Озар муаллим, агар сир бўлмаса, буларнинг суратини чиздириб нима қиласиз?

– Бу сир.

– Хўш, унда ҳар бир сурат учун менга қанча тўламоқчисиз?

– Икки юз манат.

Қундуз йўл бўйи миясида пишитиб келган гапларни айтиш учун сўнгги имкон қолганини англаб, шоша-пиша гапира кетди:

– Озар муаллим, мен импрессинизм йўналишида ижод қиладиган рассомман. Бу жанрда ҳозир деярли ҳеч ким чизмайди. Бу жанрнинг ўзига хослиги шундаки…

– Қундуз муаллим, агар бу пул кам бўлса, унда уч юз манат бераман, етадими? – Сабрсизлик билан меҳмоннинг сўзини бўлди Озар. Қундуз эса, ўз фикрини ҳамсуҳбатига маъқуллатишга ошиқарди.

– Таассуротларнинг деталлардан устунлиги реал ҳаётнинг тахайюлдан енгилиши демакдир. Дейлик, импрессионизмнинг постимпрессионизмдан афзаллиги…

– Қундуз муалим, қизларнинг расмини чизасизми-йўқми? – тоқати тоқ бўлди Озарнинг.

Қундуз беихтиёр энсаси қотиб турган қизларга, уларнинг ёнидаги баланд бўйли йигитга қаради.

– Озар муаллим, сиз бундан нима ютасиз, билмадим, аммо мен таклиф этаётган лойиҳаларга қўшилсангиз, миллионлаб даромад қилишингиз мумкин. Биз дунё аукционларига чиқишимиз, мамлакатимизни дунёга танитишимиз мумкин.

Озар асабийлашиб, қизларга ўшқирди.

– Йўқол ҳамманг! – Қизлар кўздан йўқолиши билан Қундузга юзланди. – Ўв, рассом, қанча пулинг бор ўзи?

Ҳамсуҳбатининг дафъатан сенсирашга ўтганидан кўнгли дарз кетган бўлса-да, Қундуз сир бой бермади.

– Менда пул нима қилсин?

– Менинг эса миллионларим бор, эшитяпсанми? Дўконларим, машиналарим, виллаларим бор. Энди сен, чўнтагида шамол ўйнаётган бир ялангоёқ менга пул топишни ўргатяпсан, тўғрими? Ё ҳа де, ё йўқ!

Қундуз бошини қуйи солди:

– Мен рассомман, мен маънавий бойликни моддийликдан…

– Демак, чизмайсан? – сўради Озар кўзларини ўйнатиб.

– Йўқ!

Қундуз шахт билан ўрнидан туриб, эшик томон одимлади. Кўчага чиқиши билан юзига совуқ шамол урилди. Шунда ҳам ҳаво етмагандек бўлиб, кўйлагининг юқори тугмаларини ечди. Қўл телефонининг соатига қаради: 13:48. Демак, Ҳамиднинг тўйига тўрт соату ўн икки дақиқа қолибди. Чўнтагидан сигарет олиб, лабига қистирди. Шу палакатни ҳам ташлай олмаяпти. Ҳам соғлиққа, ҳам чўнтакка зарар. Бир ойда салкам ўттиз манат шу касофатга кетаркан. Бир ойлик сигарет пулини тежаса, тўёна ёндан чиқарди.

Бугун тўй роса даҳшат бўлса керак. Синфдошларнинг ҳаммаси келармикин? Роса хурсандчилик бўлади ўзиям. Қўчқор келмайди, у хорижда. Турол келиши аниқ. Бир пайтлар бир қўшнилари бўларди, бир «дом»да туришган. Проводник эди шекилли. Ўша одам Қундузни уйига чақириб, деворига сурат чиздирган, кейин иш ҳақини бермай кетганди. Агар уям тўйга келса, яхши бўларди. «Ҳамёним уйда қолиб кетибди, қарз бериб туринг», дерди. Шу тахлит тўёнани бир ёқлик қиларди-да!

Ҳамиднинг уйланаётгани яхши бўлди. Онаси ҳам роса хурсанддир. Малак холани эслаши билан Қундузнинг ёдига ўз онаси тушиб, кўнгли бузилди. Тўйда дўстининг онасини кўради, худди ўз волидасини кўргандек бўлади. Ахир улар ёшликдан дугона бўлишган, мактабда бирга ўқишган, қўшни яшашган…

Тезроқ кеч туша қолсайди. Қизиқ, Ҳамид Гулорани ҳам тўйга айтганмикин? Уям келса, яхши бўларди. Қундуз оғир уф тортди.

Яна Раёсат муаллим эсига тушди. Атайлаб котибасига «йўқ» дегизяпти. Яна Вазирлар Кенгашига бориб, Руфат Аҳмадлининг ёнига кириши, Раёсат муаллим уни қабул қилмаётганини айтиши керак. Негадир шу онда кўз олдига бояги, қимматбаҳо стол ортида савлат тўкиб ўтирган «ёш раҳбар»ни келтирди. Унинг масхараомуз гаплари қулоғи остидан жаранглади.

«Менинг миллионларим бор… сенинг ниманг бор?»

Беихтиёр лаблари титради:

– Ярамаслар! Санъат сенларга ўйинчоқ бўлдими?

ОЛТИНЧИ БОБ

– Тур болам, пешин бўлди-ку?

Ҳамид онасининг овозидан кўзларини очди.

– Ойи, нега уйғотасиз, кўп серияли туш кўраётгандим… – ғўлдиради Ҳамид керишиб. Кейин туриб, ваннахонага ўтди. Онаси билан синглиси нонуштани ҳозирлаб қўйишган, стол устида кеча тўй учун ҳозирланган ширинликлардан териб қўйилганди. Меҳмонхонадан Иқболнинг телефонда гаплашаётгани эшитиларди:

– Столларни тердингларми? Нима камчилик яна?.. – Бироздан сўнг яна шанғиллади. – Оғабек, «кроссовер»инг соат тўртда эшигимизнинг тагида бўлсин. Қўғирчоқдек безатиб келасан. Кечиксанг, ўзингдан кўр… Алло, бу ЗАГСми? Ҳа, соат олтида «Мона Лиза»да кутамиз, эсдан чиқмасин!… Алло, ким бу? Номиқ Қорачуқурли келадиган бўлдими? Яхши, Адолат Шукров билан Узайир Меҳдизода бирровга келади.

Остонада турган шеригини кўриб, кулимсиради.

– Узайирни қайси қўшиғи Уралда роса хит бўлганди? «Мана гал»миди? Ётволиб эшитардинг-ку?

Ҳамид мужмалгина елка қисиб ошхона томон одимлади. Стулга ўтириб, ширинликлардан бирини оғзига солди. Бодомли пишириқни болалигидан ёқтирарди. Буни ким пиширган экан-а? Аминанинг қўли текканмикин?

Холаси келди. У онасига янги келиннинг одобини мақташга тушди:

– Бирам ҳаёли, иболи қизки, уйнинг бир четида ерга қара-аб ўтирибди. Бундоқ очилиб-сочилиб гаплашмайди ҳам. Мендан кечадан бери «Малак холанинг уйлари яқинми?» деб сўради, холос. Бошқа бир оғиз сўзини эшитмадим.

– Онасини кўр, қизини ол, деганлар. Заррин қанақа покдомон аёл, қизи ҳам ўзига ўхшаган бўлади-да! – опасининг гапини маъқуллади Малак хола. – Акалари ҳам бу қизни кўз қорасидек асрашаркан, қиз шўрлик юрак ютиб кўчага ҳам чиқолмас экан.

Ҳамид холаси билан тил учида сўрашиб, айвонга чиқди. Меҳмонхонада яна бир-икки қариндошларнинг овози келар, Иқбол қаёққадир чиқиб, яна қайтиб келганди. Шу пайт шундоққина айвоннинг пастида… Аминани кўриб, юраги ҳаприқиб кетди. Ёнидаги қиз опаси Нармина бўлса керак. Амина худди кечагидек калта кўйлакда эди. Опа-сингиллар қарама-қарши уйнинг айвонидан бошини чиқариб турган қўшни қиз билан гап сотишарди.

– Кечадан бери ойимни кўндиролмаяпмиз. Тўйга бормайсан, дейди. Нега ҳамма борадию, биз қоларканмиз? Охири дадам рози бўлдилар, – дея лаби лабига тегмай бидирларди Амина.

Ҳамид хўрсинганча, қизга бошдан-оёқ суқ билан тикиларди. Қанийди, лоақал унинг қўлларидан тутолса. Биргина табассуми, битта бўсаси учун Ҳамид боридан кечишга ҳам рози эди.

Ҳамид дафъатан туфлисини кийиб, кўчага отланаётганида, бўсағада Иқбол кўринди:

– Ҳа, куёвбола, қаёққа?

Ҳамид саволни жавобсиз қолдирганча, пастга ошиқди. Йўлак олдида турган қўшни эркак, уни табриклаган бўлди. Ҳамид кулимсираб, раҳмат айтгач, қизларнинг ёнига борди. Опа-сингил унга салом беришди. Амина негадир кулимсираб, ерга боқди.

– Ҳамид ака, табриклаймиз, – деди Нармина шўхчан овозда. – Бугун тўйингизда роса битимиз тўкилиб рақс тушарканмиз-да?

Ҳамид нима дейишини билмай бир зум жим қолди. Кейин яна Аминага тикилди. Амина эса ердан кўз узмасди.