Читать книгу «Сенга ишонаман» онлайн полностью📖 — Ворис Йўлчиев — MyBook.

УЧИНЧИ БОБ

«Бу детални Дега ишлатганмиди? Ё Грабарми? Балки Трубецкийдир? Лекин аниқ, кимдадир бор эди. Йўқ, Ренур! Буюк француз импрессионисти. «Милен де ла Галетдаги рақслар» асарида. Ҳамма шодлик ичида рақс тушмоқда. Бироқ ҳамманинг юзида ғам. Тушунарли. Демак, бундан воз кечиш керак.

Жаҳл билан мўйқаламни четга ирғитди. Молбертга ўрнатилган матони ҳам юлиб, хонанинг нариги бурчагига улоқтирди. Боя Ҳамид келиб-кетганида миясига зўр ғоя келганди. Тўй базми. Ҳамма хурсандчиликда рақс тушиши, шу билан бирга ҳамманинг ички дарди ҳам акс этиши керак эди.

Аслида, тўйда одамларнинг кўзида ғам бўлиши керак? Ахир, баъзида одам дарддан қутулган пайтда ҳам янги дардга йўлиқиш хавотири билан яшайди-ку?

Қундуз аллақачон янги асарларнинг эскизини ҳам ишлаб қўйганди. Лекин нимадир нуқул уни ишдан чалғитарди. Демак, Огюст Ренуар 130 йил аввал унинг хаёлидан ўтган ҳисларни англаган экан-да? Афсус… бу дунёда бирор янгилик борми ўзи? Чиндан ҳам ҳар бир янгилик унутилган эскилик экан-да?

Шу пайт телефон қилиши кераклиги эсига тушди. Дарҳол телефон хотирасидан керакли рақамни топиб терди. Жин урсин. Пули тугабди. Дарҳол қўшни бинога – гўзаллик салонига ўтди. Икки аёл ўз мижозларига хизмат кўрсатиш билан банд эди.

– О, буюк рассомимизга яна телефон керак бўлдими? – гап қотди ёши каттароқ пардозчи хотин.

– Лиза хоним, жуда зарур гапим бор эди. Икки дақиқагина.

Лиза унга «киравер» дегандек ичкари хонани кўрсатди. Қундуз эса стулга омонат ўрнашиб, ҳар куни икки-уч мартадан терган рақамига сим қоқди.

– Алло, синглим, узр, Раёсат домлани мумкинми?

– Раёсат домла йиғилишдалар, – деди котиба қиз ингичка овозда. – Ким сўраяпти?

– Олдин ҳам сизга қўнғироқ қилгандим, – деди Қундуз шоша-пиша. – Раёсат домла Низомий Ганжавий асарларига бағишланган таблоларимни дунё кимошди савдоларига чиқаришда ҳомийлик қилмоқчи эдилар. Ўша пулнинг бир қисмини берсалар ҳам зарур ашёларни сотиб олардим, ҳам кимошди билан боғлиқ харажатларга сарфлардим.

– Бўпти, айтиб қўяман.

– Синглим, бу фақат мен учун эмас, Ватанимиз учун ҳам жуда муҳим. Биз қанчалик бой маданиятга эга эканимизни бутун дунёга кўрсатишимиз керак. Низомий Ганжавийни…

– Бўпти, мен домлага етказаман, – қиз шундай дея дастакни илиб қўйди. Қундуз тарвузи қўлтиғидан тушиб ташқарига чиқаётганида, Лиза уни тўхтатди.

– Ўртоқ рассом, ишингиз ҳал бўлдими? – жавобни кутмаёқ мақсадга кўчди. – Эртага бир эмас, учта тўй бор. Келинларни безатишим керак. Бошқа мижозлар безовта қилмаслиги учун эшикни ичкаридан қулфлаб қўяман. Агар телефон керак бўп қолса, овора бўлиб келмасангиз, яхши бўларди.

«Эртага «Мона Лиза»да Ҳамиднинг ҳам тўйи бўлади» хаёлидан ўтказди Қундуз. Кейин хонасига етиб олиб, эски диванга ўтирди. Ўйга толиб, сигарет буруқситди.

Қизиқ, Раёсат домла пулни қачон бераркин? Беш минг ваъда қилганди. Бу пулнинг бир қисмига мойбўёқ, сувбўёқ, гуаш, пастел, бироз мато олиши мумкин. Англияда танишлар бор. Аукцион уйида рўйхатдан ўтиш, ижара пули, транспорт харажатлари учун уч минг долларга яқин пул кетади. Йўлкирага, ейишичиш, меҳмонхона харажатларига бир ярим минг керак.

У Низомийнинг буюклигини тўла акс эттиролса ва томошабин эътиборини жалб этолса, албатта, муваффақият қозонади. Бутун дунё бу асарлардан гапиради. Кейин яхшигина пул ҳам ишлаб олиши ҳам мумкин.

Аслида муҳими пул эмас. Энг асосийси, миллатнинг маънавий тараққиётига хизмат қилиш. Қолаверса, глобаллашув, оммавий маданият, ахлоқсизлик кенг қулоч ёя бошлаган бир пайтда буюк Низомийнинг ахлоқий асарларига эҳтиёж катта. Эҳтимол дунёни маънавий таназзулдан асраб қолишда бу ҳаракатлар ўз самарасини берар.

Эҳ! Бир оз пул топа олганида эди… Болаларини қишлоққа, Жалилободга юборарди. Ўзи шаҳарлик бўлса-да, қишлоқдан уйланганди. Болалар ёзда қишлоқда дам олиб келади.

Уч ойлик ижара ҳақи ҳам тўпланиб қолди. Қарийб беш юз доллар пул дегани. Эсиз! Боя Ҳамид берган пулни олиб қолса бўларди. Кейинги пайтларда фақат Ҳулкарнинг маоши билан кун кечиряптилар. Унинг топгани кундалик еб-ичиш, йўлкира ва Қундузнинг сигаретидан ортмаяпти. Ижарани пулига эса бир чақа ҳам ортмаяпти.

Қарзларини ўйласа юраги орқага тортиб кетади. Ҳамиддан, амакиваччасидан, рассом ошналаридан олган қарзлари ҳам анча-мунчага бориб қолди.

Ўрнидан туриб, хонанинг нариги бурчагига отиб юборган мато парчасини олиб келди. Эскизни кўздан кечириб, яна диванга ўрнашди.

Дафъатан телефон жиринглади.

– Лаббай, – дарҳол телефонни қулоғига тутди. – Ҳа, мен Қундузман. Рассомман… Мойбўёқ билан ҳам, сувбўёқ билан ишлайман. Исталган жанрда чиза оламан. Буюртма бермоқчимисиз? Бўпти. Мен тайёрман. Қанақа иш? Кўришганда айтасизми? Қўлимда бироз ишлар бор, аммо сизнинг буюртмангизни биринчи бўлиб бажараман. Эртагами? Бўпти, айтган вақтингизда етиб бораман.

Қундуз телефонни чўнтагига солиб, мамнун кафт ишқади:

«Жуда соз. Ёғли ишга ўхшайди. Қўлимга яхшигина пул тушиб қолса, анча ишларимни битириб олардим. Озроқ бўнак пули берса, Ҳамидга тўёна ҳам берардим».

Керишиб диванга ястанган онда яна телефон жиринглади. Бу гал Ҳамид экан.

– Ҳозиргина тўйинг ҳақида ўйлаб турувдим. А? Ҳа, устахонадаман. Тинчликми? Нима? Бир қарашда муҳаббат? Бўлиши мумкин. Ҳаётда кўп учрайди. Нега сўраяпсан? Ҳм, тушунарли. Майли, айтмасанг айтма. Эртага соат олтида кўришамиз «Мона Лиза»да.

Қундуз ўрнидан турди-да, устахонани беркитиб, кўчага чиқди. Йўлнинг нариги бетидаги дўкондан уч дона арзон конфет олиб, кейин темирйўл вокзали томон бурилди. Синглиси Зебонинг уйига ўтиши керак.

Бир пайтлар Гунашли даҳасида Ҳамидлар билан қўшни туришарди. Айвонлари ҳам ёнма-ён эди. Боя Ҳамид келганида, ўша бахтиёр болалик дамларига эсига тушди.

Қундуз ота-онасидан анча эрта ажралди. Аввал отаси хасталаниб оламдан ўтди. Кўп ўтмай онаси. Отаси вафот этганида ҳарбий хизматда эди. Таътил олиб, жанозага етиб келди. Лекин анчагача ундан ажралиб қолганига ишонолмай юрди.

Қундуз оилада катта ўғил эди. Онаси Яратгандан муҳлат сўраганмиди, ҳар қалай бир йил ичида Қундузни уйлантирди, қизи Зебони чиқарди. Кичик ўғли Толени ҳам унаштирди. Кейин эса эрининг ёнига риҳлат қилди.

Қундузнинг битта амакисидан бўлак яқинроқ қариндош-уруғи ҳам йўқ эди. Шу амаксининг кўмагида укасини уйлантирди. Қўлидан келганча ака-укаларга кўмаклашиб турди.

Ота уйида яшаб туришганида Қундуз унчалик қийналмади. Лекин икки оиланинг битта уйда яшаши бир мунча муаммоларни келтириб чиқарди. Отасидан қолган икки хонали уйни иккита бир хоналига алмаштирмоқчи бўлишди. Аммо, бир хонали ва икки хонали уйларнинг нархи ўртасидаги тафовут унча катта бўлмагин учун, бунинг ҳам иложи бўлмади. Катта ўғил бўлгани учун ижара уйга чиқиб кетди. Ҳаммаси ана шундан сўнг бошланди.

…Эшикни Зебо очди. Олдига югуриб чиққан жиянларига биттадан конфет улашди.

– Янги уй олаётган экансизлар, муборак бўлсин, – деди Қундуз салом-аликдан кейин.

– Ясамалда, янги қурилаётган уйлардан олдик, – деди Зебо қувончи ичига сиғмай. – Уч хонали. Ҳозир куёвингиз қайта таъмирлаяпти. Анча пулимиз кетаркан. Шунинг учун бу бир хонали уйни ҳам сотяпмиз. Ҳозир куёвингизнинг ишлари яхши. Яқинда юк олиб келиш учун Хитойга кетадилар. Ишлари юришиб кетса, Жип оламан, деб турибдилар.

Қундузнинг ичидан нимадир узилгандек бўлди. Бу уй унинг учун қадрдон эди. Бу ерда онасининг излари қолганди. Ўзларининг икки хонали уйларини укаси қайта таъмирлаб, таниб бўлмайдиган ҳолга келтирганидан сўнг, Қундуз синглисиникига келганида, худди онасини кўргандек бўларди. Онаси ўтирган эски диванда ўтириб, унинг қаршисида турган оқ-қора телевизорга тикилар, назарида онаси ҳам ёнгинасида ўтиргандек бўларди. Бугун эса… эски диван ва телевизорга қараб кўнгли бузилди. Агар уйни ҳам сотиб юборишса, бу хонадондан ҳам қадами узиладиган кўринади.

ТЎРТИНЧИ БОБ

Соат тунги ўн бирга яқинлашди. Малак хола кун бўйи югуриб-елиб, роса чарчагани учун ўрнига кириб тошдек қотганди. Қўни-қўшнилар ҳам уй-уйига тарқалиб кетганди. Иқбол сайр қилгани чиқиб кетган, уйда Ҳамиднинг бир ўзи қолганди. Яқинда харид қилинган куёвлик костюмини кийиб ойнага қаради. Худди ўлчаб тикилгандек лоппа-лойиқ. Кўйлак, галстук ва туфлини ҳам Иқбол билан бирга «Торговий» растасидан танлашди.

Ҳамид бир муддат кўзгудаги аксига маҳлиё бўлиб тикилди. Мана, ҳаётидаги энг масъулиятли дамлар ҳам етиб келди. Ҳадемай, у ҳам оилали, бола-чақали бўлади. У мамнун жилмайиб, бармоқлари билан сочларини таради. Галстугини бир очиб, бир тортиб кўргач, кийимларини эҳтиёткорлик билан ечиб, илгичга илди ва меҳмонхонага ўтди. Бир муддат телевизор кўрган киши бўлиб, айвонга чиқди, сигарет тутатди.

Ўзини ҳар қанча чалғитишга уринмасин, хаёлидан бояги қўшни қиз кетмасди. Ҳозирга қадар не-не қиз-жувонларни қўлдан ўтказмади. Аммо, уларнинг ҳеч бири шу қиз сингари кўнглига чуқур кириб бормаганди. Кўзини юмиши билан эгилганча ер супураётган, калта кўйлакли қиз кўз олдига келаверади.

Албатта бундай ҳислар ўткинчи эканини Ҳамид ҳам биларди. Аммо, у қизнинг юзларига термилган чоғда у худди илон авраган бақадек қотиб қолганди. Амина Ҳамид шу пайтгача кўришни орзу қилиб келган нозанин дилбарнинг баайни ўзи эди.

…У пайтда Ҳамид мактабда ўқирди. Вақт топилди дегунча, синфдошлари Турал ва Қундуз билан яна бир ўртоқлари Қўчқорнинг уйида йиғилишарди. У пайтларда видеомагнитофон ҳаммада ҳам бўлмасди. Ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, аллақаерлардан топиб келтирилган беҳаё кассеталарни ётволиб томоша қилишарди.

Айниқса, битта фильм ҳалигача Ҳамиднинг эсидан чиқмайди. Америка коллежларидан бирида ёш ўқитувчи атайин энг чиройли талаба қизларга баҳо қўйиб бермайди. Кейин эса уларга шарт қўяди. Ана шу «шарт»ни бажарган қизларгина ундан баҳосини олиб кетади.

Ўша фильмдаги қизлардан бири қорасоч, қоракўз Сюзанна эди. У Ҳамиднинг илк муҳаббати эди. Ҳар гал ярамас ўқитувчи ўша қизни қучоғига олган пайти рашкданми, ғазабданми титраб кетарди… Йиллар ўтиб Ҳамиднинг Сюзаннага бўлган интилиши камайса-да, унга ўхшаш қизни топишга иштиёқи йўқолмади. Қанча-қанча қизлар сиймосидан у ўз Сюзаннасини излади. Мана, орадан шунча йил ўтиб, у ўз хаёлидаги қизни учратди. Бу Амина эди.

Ҳамид ич-ичидан оҳ тортиб дам олиш учун ётоқхонага йўл олди. Токчадан турган телефон олдига етганида тўхтаб қолди. Телефон ёнида онасининг маълумотлар китобчаси турарди. Ҳамиднинг юраги ҳаприқиб кетгандек бўлди. Дарҳол китобчани олиб, варақлашга тушди. Кўзлари тартибсиз исмлар ва рақамлар устида югураркан, хаёлидан Аминанинг кулимсираган чеҳраси кетмасди.

Онаси бугун нима деди? Онаси ҳам, опаси ҳам енгилтабиат эканми? Демак, бу ҳам… Ҳар қалай бирорта қимматроқ совға билан илинтирса бўлади. Шу чоқ унинг Суғро исмини кўрди-ю кўзлари чарақлаб кетди. Дарҳол рақам терди. Нариги тарафдан аёл кишининг «алло», дегани эшитилди. Йўқ, бу Амина эмас. Унинг овози тамоман бошқача эди. Гўшакни қўйиб, сигарет тутатиш учун айвонга чиқди.

Йўқ, ҳозироқ Аминани топмаса, лоақал унинг овозини эшитмаса, ухлолмаслиги аниқ. Қанийди, ҳозир ёнида бўлганида, уни бағрига босиб, ўпичларга ғарқ эмасмиди? Яна ихтиёрсиз қайтиб, рақамни қайта терди. Бу галги овоз бошқа, Аминаникига жуда ўхшарди.

– Амина, сенмисан? – сўради овози титраб.

– Йўқ, мен опаси Нарминаман. Сиз кимсиз?

– Танишиман.

– Аминанинг бирорта ҳам таниши йўқ. Сиз қайси танишисиз?

Ҳамид уф тортиб яна гўшакни илди. Телевизорни ёқди. Яна қандайдир жангари фильм берилаётганди. Қулоғига ҳеч нарса кирмади. Яна қандай қилиб телефон қаршисида пайдо бўлиб қолганини, рақам тераётганини ўзи ҳам сезмай қолди.

– Нармина, сиздан илтимос, Аминани чақиринг, жуда зарур гапим бор эди.

Бироздан сўнг Аминанинг таниш, шўхчан, эрка овози янгради:

– Ким бу?

– Амина, бу мен қўшниларинг Ҳамидман.

– Ким? Ҳааа! Сизмисиз? Хўш, хизмат?

Ҳамид айни тобда гапираётган гапини идора қиладиган вазиятда эмасди:

– Амина… жоним, гапимга қулоқ сол. Бугун сени кўрдим-у, ақлимни йўқотдим. Сени севиб қолдим, эшитяпсанми?

Бир зум Амина ҳам жимиб қолди.

– Сиз… ҳар бир танишган қиз билан шунақа гаплашасизми? Ҳаммага бирдек севги изҳор қиласизми?

– Амина, ишон менга, ҳали ҳеч кимни севиб қолганим йўқ. Сен менинг биринчи муҳаббатимсан. Илтимос, пастга туш, бироз гаплашиб ўтирайлик, сенга ажойиб бир совғам бор, фақат йўқ дема! – ёлворди Ҳамид.

– Нималар деяпсиз? Ярим кечаси нега пастга тушарканман? Уйдагилар нима дейди? Кейин… нега мен сизнинг гапингизга қулоқ солишим керак.

Ҳамид бир муддат тутилиб қолди. У Аминадан тамоман бошқача муносабат кутганди. Шунга қарамай уни ёлворишни қўймади:

– Амина, асалим, сен менинг ҳаётимсан, мени ноумид қўйма! Беш дақиқа бўлса ҳам тушгин. Ўтиниб сўрайман.

– Ҳамид ака, уят эмасми? Ахир эртага тўйингиз. Сиз эса бошқа қизга севги изҳор қиляпсиз. Сиздан буни кутмагандим.

Алоқа узилди. Ҳамид лабларини тишлаганча қолди. Ҳамид учун қизларнинг бошини айлантириш дунёдаги энг осон ишлардан бири эди. Шу пайтга қадар тажрибаси, сўзамоллиги, қимматбаҳо совғалари билан қанчасини илинтирмади?

Уралда Ҳамиднинг бир севги можароси жуда шов-шувга айланганди. Ҳамид бир неча йил аввал вилоятдаги энг юксак мартабали амалдорлардан бирининг қизи бўлган Иринани ёқтириб қолганди. Ирина тенгқурлари қатори турли кечаларда, ўтиришларда қатнашмас, ҳамиша тансоқчилари қуршовида юрарди. У тиббиёт институтида ўқир, йўналиши ҳам битта эди: уй – факультет!

Ирина худди шарқ аёлларига ўхшаб ўзига қатъий сўз берганди: «Ҳаётимда ягона эркак бўлади, у ҳам менинг умр йўлдошим!»

Иринага қизиқиб қолганини билган Иқбол уни йўлдан қайтаришга уринди:

– Қўй, ўртоқ, унинг кимлигини биласанми?

– Осилсам баланд дорга осиламан.

– Эсинг жойидами, сенга ўхшаганларни у назарига илармиди?

– Илади, илганда қандоқ?

Хуллас, баҳс минг долларга баҳоланди.

Ҳамид ўзига ишонарди. Уни қўлга олиш учун ишга киришди. Тахминан йигирма кун уни кузатиб юрди. Аммо унга яқинлашишга имкон тополмади. Бу орада маҳаллий нашрлардан бири қизнинг отаси ҳақида катта мақола чоп этди. Мухбирлар Иринани ҳам суҳбатга тортиб, унинг бугунги йигитлар ҳақидаги фикри билан қизиқишганди:

«Ҳозирги йигитларнинг ҳаммаси алдоқчи, фирибгар. Уларда романтика етишмайди. Ҳаммаси худди бир қолипга тушиб қолганга ўхшайди», дея жавоб қайтарганди у мухбирнинг саволига. Ушбу мақоладан Ҳамид унинг туғилган кунини ҳам билиб олди: 12 апрель!

Иринанинг кун тартиби Ҳамидга маълум эди. 12 апрель куни қизнинг ўқишидан чиқишида романтик бир ҳадя тайёрлади: рақс мактабида ўқийдиган ўн нафар раққос қиз ўтадиган йўлкада тизилиб туришди. Ирина издиҳомга тушиб қолмаслик учун дарсдан беш-ўн дақиқа олдин чиқарди. Қиз кўриниши билан саҳна кийимидаги раққослар ажабтовур ҳаракатлари билан бошларидаги саватдан атиргул гулбаргларини олиб қизнинг бошидан соча бошлашди. Тансоқчилар йигитларни қувиб юбормоқчи бўлганида Ирина қўли билан «керакмас» дея ишора қилди. Бирпасда атрофни томошабинлар ўраб олди. Раққослар чиройли ҳаракатлар билан алвон гулбаргларни қиз тарафга сочишар, ҳарир гулбаргларнинг енгил шамолда пирпираб ерга қўниши ажойиб бир тароват касб этарди.

Томоша тугаб йигитлар таъзим билан ортга чекинган онда давра марказида гул тўла каттакон сават кўтарган Ҳамид чиқиб келди. Кейин жентльменларга хос одимлар билан саватни қизнинг оёлқлари остига қўйди, кейин визиткасини тутқазиб, эгилганча ортга тисарилди.

Шу тариқа танишиб, учраша бошлади.

…Ҳамид айвонга чиқиб, Аминанинг деразаси тарафга бўйланди. Ўшандай асилзода хонадоннинг қизи бўлган Иринани қўлга киритган Ҳамид учун бу бетайин оиланинг қизини «ром қилиш» иш бўптими?

Эшик жиринглади. Иқбол сайрдан қайтиб келганди.

– Қаерларда дайдиб юрибсан?

Иқбол музлаткичдан бир банка пиво олиб очди-да, бир кўтаришда бўшатди:

– Оҳ, «Фонтанка»да бир қизларни кўрдим, еб қўйгинг келади. Этаги мана бу ердан келади, – Иқбол кафтининг қиррасини тиззасидан баландроққа тиради. – Ўзингни худди Парижда юргандек ҳис этасан.

Ҳамиднинг хаёли яна Амина томонга учди. Кейин телевизор қаршисида ўтириб, каналларни алмаштираётган шеригининг қаршисида ўтириб, юрагини очиб-сочди. Иқбол гарчи экрандан кўзини узмаса-да, дўстининг дардини охиригача тинглади.

– Менга қара, балки у сен ўйлагандек енгилтак қиз эмасдир? Онаси билан синглисининг бузуқлигини ким кўрибди? Биров уларнинг тепасида чироқ тутиб турибдими? Бизнинг одамларни биласан, оғзи билан юради. Агар юрағон қиз бўлганида, шунча ялинганингдан кейин ҳам тушмасмиди? Кимсан, фалончи бойсан, пулинг бор, обрўйинг бор. Ҳатто совғангга ҳам қиё боқмабди-ку? Демакки, у қиз билан ишинг бўлмасин.

Соат иккига яқин Қундуз телевизорни ўчириб, ётоққа кирди. Дўстининг ҳалиям уйғоқ ётганини кўриб, унга маслаҳат берди:

– Бемаъни хаёларни миянгдан чиқариб ташла, ошна! Эртага тўйинг эканини унутма!

Ҳамиднинг тонгги олтига яқин кўзи илинди. Туш кўрди. Раҳматли отаси уни чақираётганмиш. У эса синглиси Гулнознинг қўлидан тутиб, бир жойдан турганмиш. Шу пайт онаси қаердандир рангли тўп олиб келибди. Ака-сингил тўпни ўйнашга тушибдилар. Шу пайт узоқдан келин либосида Сабина кўринибди. Отаси энди келинини чақира бошлабди. Шу пайт тўп «пақ» этиб ёрилибди.