Қундуз Самад Вурғун боғининг ёнида, тепасида «Реклама дизайни» деб ёзилган бир қаватли уй ёнида тўхтади. Қулоғида эса телефон:
– Йўғ-е! Бокуни умуман эсингдан чиқардингми? Авиакассадан ўтишинг билан чап томонга қарасанг, йўлнинг четида турибман.
Такси унинг ёнгинасида тўхтади. Таксидан тушган Ҳамид «О, Михайло!» дея у томонга юрди.
– Рассом Краус десангиз-чи, жаноб Шульц, – кулимсиради Қундуз унга қучоқ очаркан. – Кўришмаганимизга ҳам уч йил бўлди. Ўзинг ҳам ғирт россиялик бўлиб кетдинг!
– Нимасини айтасан? Офисинг шу ердами?
Қундуз хиёл қизаринди:
– Қанақа офис? Гарчи шароит бўлмасаям… ижарага олгандим. Юр, ичкарига кирайлик.
Қундузнинг «офис»и тор, нимқоронғи, рутубатли, сариштасиз ва файзсиз бир каталак эди. Кўчадан тушаётган қуёш шуъласининг катта қисмини деразанинг кир ойналари ютиб юборарди. Ўртадаги катта мольбертда чала ишланган шарқона услубдаги сурат – миниатюра ўрнатилганди. Деворларга тираб қўйилган кўплаб суратларни чанг босиб ётар, бир тарафда эса, турли рассомчилик ашёлари қалаштириб ташланганди. Бир бурчакда эса алмисоқдан қолган диван турарди. Унинг олдида турган журнал столида кирланган тақсимча ва дарз кетган пиёла, ичида уч тўрт дона конфет солинган синиқ қанддон ва сигарет қолдиқларига тўла кулдон турарди.
– Айбга буюрмайсан, – деди Қундуз атрофга бурнини жийириб кўз ташлаётган дўстидан хижолат бўлиб. – Уч-тўрт ой аввал бир танишимдан ижарага олгандим. Ҳар қалай пулини қистаётгани йўқ.
Ҳамид матода турган суратга кўз ташлади:
– Демак, замонамизнинг буюк рассоми шу ерда ижод қиларканлар-да? – Кейин суратни гоҳ узоқдан, гоҳ яқиндан томоша қила бошлади. – «Минг бир кеча»дан олинган расмларми?
Бу китоб Ҳамиднинг қўлига тўққизинчи синфда ўқиб юрганида тушган, ундаги ошиқ-маъшуқларнинг висол дамларига оид саҳналарни зўр иштиёқ билан ўқирди. Қундуз негадир хўрсиниб қўйди.
– Бу Низомий Ганжавийнинг «Махзан ул-асрор» достонига ишланган расм. Мойбўёқда ишлаяпман.
– Нега фақат оқ, қора, кулранг… бошқа бўёғинг қолмаганми?
– Бу менинг услубим.
– Вей, рангларни чаплаб ташламайсанми? Боз устига Низомийни чизяпсан. Ўрта асарларда ҳамма нарса рангли бўлган-ку?
– Бўпти, мен чой қўяй, – ошнасига гап уқтиролмаслигини билган Қундуз тараддудланди. – Ўзинг қачон келдинг?
– Бир ойча бўп қолди, – деди Ҳамид деворга суяб қўйилган суратларни ҳам бирма-бир кўздан кечираркан.
– Вой, номард, бир ой бўпти-ю дамингни чиқармайсан-а?
– Биласан, ёзда ойим билан боққа кўчамиз. Ҳозир ўша ерда турибман. Ойим «Тезроқ кел, тўйингни қиламиз», деб кўз очирмагач. Шеригим Иқболни олиб Уралдан қайтдим.
– Уйланяпсанми? – сўради Қундуз эскириб қолган чой қайнаткични токка уларкан.
– Вей, ошна, бугун маҳаллада қиз базми бўлади. Эртага тўй. Ҳаммаси ҳал бўлган.
– Қизни ойинг топгандирлар? Кимлигини билсак бўладими?
– Ҳа, раҳматли отамнинг узоқ қариндошларидан.
Қундуз ўзи чизган суратларга маҳзун термилиб ўтираркан, сўради:
– Тўғри-да, ўттиз бирга кирдинг. Вақтида уйланганингда, болаларинг меникиларга ўхшаб етти-саккизга кирарди.
– Нима, вақтида уйланиб, сенинг шохинг чиқдими? – тўнғиллади Ҳамид. – Қачон учрашсак, ҳасратингдан чанг чиқади, хотинингдан нолийсан.
Қундуз варақлаб қайнай бошлаган чойдишни ўчириб, чой дамлади. Кейин пиёлаларга чой қуяркан, дўстига юзланди:
– Нега нолишимни биласанми? – деди. – Ҳулкар ҳам, болаларим ҳам яхши кун учун яралган. Пул топсам, уларни едириб-ичирсам, кийинтирсам – яхшиман. Айлантиргани олиб чиқсам, ширинлик, ўйинчоқ олиб берсам – яхшиман. Лекин бошқа вақтлар… Ижара уйда турганимиз, уларни ёзда дам олишга олиб бормаслигим, бошқалардан камроқ еб-ичирганим учун уларга баъзан ёмон кўриниб кетаман. Очиғи, мен оиламга унча ишонмайман. Бошқалардек тўкис яшаш учун мени уч пулга сотишлари ҳам ҳеч гап эмас.
– Нима қилсин улар ҳам, – чой ҳўплади Ҳамид. – Бу дунёда ҳамма яхши яшашни истайди. – Кейин қанддондаги конфетни олиб қоғозига кўз ташлади ва очгиси келмай, жойига қўйди. – Сенга неча марта айтдим. Россияга кел. «Гипермаркет»нинг битта бўлимини ўзингга топшираман, деб. Иқбол ҳам рози бўлди.
– Мен рассомман, ўртоқ, – деди Қундуз. – Замонавий импрессионизм оқимининг бугунги давомчисиман. Моне, Ренуар, Сезанн, Робенинг йўлидан кетяпман. Ана шу йўналиш орқали буюк Низомийнинг очилмаган қирраларини бўёқларда акс эттириш ниятидаман. Ишон, булар дурдона асарлар!
– Кимга кераги бор шу дурдоналарингни, – лаб бурди Ҳамид. – Булар қорнингни тўйдирармиди?
– Ўзимга ҳомий қидиряпман. Ўз асарларим билан Европага чиқишни, тарихий меросимизни дунёга танитишни истайман, тушуняпсанми?
– Тўрт беш йил аввал ҳам худди шу гапларни айтгандинг, – ҳомуза тортди Ҳамид. – Орзу қила-қила ўтиб кетасанми, деб қўрқаман. – Кейин жиринглаётган телефонини қулоғига босди. – Алло, Иқбол, сенмисан? Ҳозир сени гапириб турувдим. Синфдошимнинг ёнидаман. Айтгандим-ку, рассом йигит. Ойим хавотир оляптилар? Ҳа, ҳозир келаркан, деб қўйгин. Мана, турдим!
Ҳамид ўрнидан тураркан, беш дона юзталик доллар чиқариб, стол устига ташлади:
– Бориб бу пулга болаларингга кийим-бош ол. Бозорлик қил.
Қундуз пулни шартта олиб, дўстининг чўнтагига суқди:
– Эсинг жойидами? Шундоқ ҳам сендан қарзим бор. Қайтаролмай юрибман. Топсам униям бераман.
– Қанақа қарз? Ақлинг жойидами? Биз дўстмиз-ку! Кейин мен бизнесмен одамман, пулим кўп. Бор экан – беряпман. Берса ол, урса қоч, деган гапни эшитмаганмисан?
– Йўқ, ўртоқ, юзингга қарамайман агар шунақа қилсанг, менга моддий эмас, кўпроқ маънавий ёрдам керак.
Эшикдан чиқаётганда, Қундуз дўстини тўхтатди. Суратлари орасидан бирини олиб, унинг қўлига тутқазди.
– Тўёнага қўлим қисқалик қилиб турибди. Буни совға ўрнида қабул қиларсан? Ўзимга энг ёққан суратимни беряпман.
– Раҳмат, – деди Ҳамид совғани оларкан. – Эртага сени тўйда кутаман. Бормасанг, нақ осаман, биласанми?
«Тентак бу, – ўйлади у такси тўхтатиш учун йўл четида тураркан, – аввалдан шунақа қайсар бола эди. Ўша қайсарлиги йўқолмабди. Битта йўлга тушиб олса, шу йўлдан кетиши шарт. Бор, боравер, қани қаергача бораркансан, хумпар!»
Орадан бир неча дақиқа ўтиб, у таксида кетиб борарди. Ойнадан шаҳарнинг кундан кунга ўзгариб бораётган манзараларини маъносиз кузатаркан, беихтиёр дўстининг рангпар, маҳзун чеҳраси, унинг кўримсиз, бефайз устахонасини кўз олдига келтирди. Ҳудуддаги озиқ-овқатлар дўкони олдида тушиб, уйи томон одимлади. Ошнаси совға қилган сурат аллақачон унинг ёдидан кўтарилганди.
Августнинг бир неча кун аввалги жазирамасидан ном-нишон қолмаган, қуёш булутлар ортига бекинган, совуқ шамол эсиб турарди.
Бокунинг марказий маҳаллаларидан бирида, Аббосовлар хонадонида тўйга ҳозирлик кўрилмоқда эди. Айниқса, хонадон бекаси Малак холанинг қувончи ичига сиғмасди. Ахир хурсанд бўлмасинми? Ниҳоят битта-ю битта ўғли уйланишга розилик бериб турибди-ку?
Малак хола эри Субҳондан анча эрта айрилганди. Бир амаллаб бир ўғил, бир қизини вояга етказди. Ўзи ҳам ота, ҳам она бўлиб, болаларини ҳеч кимдан кам қилмасдан ўстирди. Аёл боши билан эркаклар ишлайдиган вазифаларда ишлади.
Болаларнинг ҳар иккиси мактабда аълочи эди. Ҳамид мактабни битириб, университетнинг ҳуқуқ факультетига ҳужжат топширди. Бироқ етарли балл тўплай олмади. Кейин армияга кетди. У билан бирга хизмат қилган дўсти Иқболнинг отаси Екатеринбургда ишларди. Ҳарбий хизматдан кейин Иқбол ҳам Россияга кетиш ҳаракатида юрганини эшитиб, у билан қўшилиб кетди. Екатеринбург политехника институтига ўқишга кирди. Иқбол эса отасининг ёнида, бозорда савдо қила бошлади.
Ҳамид ўқишни битириб, ўзини тадбиркорликда синамоқчи бўлди. «Қарс икки қўлдан» нақлига амал қилиб, Иқбол билан шерикликда ишлашни таклиф қилди. Иқбол гарчи ўқишга киролмаган бўлса-да, анчагина тиришқоқ, ишбилармон йигит эди. У Ҳамиднинг таклифини қабул қилди. Икковлашиб «Азери» кичик корхонасини ташкил этишди. Асосан йўлларга асфальт қопламалари ётқизиш билан шуғулланувчи бу корхона шерикларга яхшигина фойда келтира бошлади.
Ўғлининг илк даромадлари қўлига етиб келганида Малак хола роса йиғлаганди. Ростдан ҳам моддий қийинчиликлар аёлни анчагина эзиб қўйганди. Ана шу йўқчилик туфайли қизи Гулнознинг орзу-ҳавасини кўролмаганда, қўл учида тўй қилиб узатганди.
Ҳамиднинг иши тобора олға кета бошлади. Аввал Екатеринбург марказидан, Малишев кўчасидан икки хонали уй сотиб олди. Кўп ўтмай ўн сотих ер майдони бўлган ҳовлига ҳам эга чиқди. Бокудан ҳам уч хонали, евротаъмирдан чиқарилган квартира сотиб олди ва ойисини шаҳар четидаги кўримсиз уйдан кўчиртириб келди. Новхони даҳасидан эса дала-ҳовли сотиб олди. Ўша пайтлардан бери онаси ҳар гал Бокуга келганида ўғлини «уйлан» деб қисти-бастига олади.
Ҳар гал Ҳамид келиши билан унга бир даста қизларнинг суратини кўрсатади. Ўзи қўни-қўшнилардан кимнинг қизи бўйига етиб қолган бўлса, дарҳол Малак ҳолага тиқиштириш ҳаракатига тушади. Ахир ким бадавлат, келишган, уддабурон йигитни куёв қилишни истамайди? Лекин Ҳамид унча-мунча қизни ёқтирдим демайди.
Бу гал ўғли бир ой Бокуда қолиб кетди. Ана шундай кунларнинг бирида узоқ тумандан қариндош лари меҳмонга келишди. Ҳамиднинг отаси Субҳон аслида Учар туманидан эди. Меҳмонларнинг бири унинг аммаваччаси Зарина, иккинчиси эса унинг қизи Сабина эди.
Туманда яшайдиган қариндошларнинг бари Малак хола ўғлини уйлантириш ниятида юрганидан хабардор эди. Зарина хола ҳам шу баҳона қизини Ҳамидга кўрсатиб кетиш ниятида эди. Тўғри, бу ҳақда эри Комронга, ўғилари Жамол ва Жовидга ҳеч нарса демаганди. Чунки у ўғилларини яхши билади: сингилларини бозорга солишни истамайди улар.
Ўша куни Ҳамид чўмилишдан қайтаётганди. Аввал дарвозалари олдида турган она-болани кўриб танимади. Янглиш келишган бўлса керак, деб ўйлади. Аёл эса уни таниб, «Вой Субҳонгинамдан қолган ёдгорим», деб йигитни бағрига босди. Ҳамид уларнинг саватларини уйга олиб киришга ёрдамлашди. Бу орада ер остидан Сабинага кўз ташлади. Қишлоқ қизларига хос одмигина, сипогина кийинган. Ўзи ҳам қорачадан келган, оғир-босиққина кўринади.
Қиз нимаси биландир Ҳамиднинг эътиборини тортаверарди. Қиз ҳам унинг ўткир нигоҳлари таъқибидан ўзини олиб қолишга жой тополмай қизариб кетганди.
Кечга яқин онасининг қулоғига пичирлади:
– Шу қизга уйланаман!
Тамом! Уч кун ўтиб Россияга кетди. Бир ҳафта олдин яна ойиси телефон қилиб, қизнинг розилигини, нишона (фотиҳа) тўйи ўтказилишини айтди. Ҳамид онасининг бунақа тез иш битиришини хаёлига ҳам келтирмаганди. Дарҳол Иқбол билан бирга учиб келди. Дарҳол қизга тўққиз товоқ юборишди. Эртага «Мона Лиза» ресторанида зиёфат берилади. Бугун эса ҳовлида ҳамма тўйга ҳозирлик ила банд эди.
Аёллар ширинлик ҳозирлаш билан овора эдилар. Малак ширинлик пиширишда анча довруғ таратган эди. Шу боис ўғлининг тўй дастурхонидаги ширинликларни ҳам ўз қўли билан пиширишни ният қилиб қўйганди. Қўни-қўшнилар, синглиси ва унинг келини ҳам бу борада Малак холага ёрдам бермоқда эди. Кимдир ун элаб хамир қорган, кимдир ёғ эритиб, писта бодом чаққан…
Ҳамид уйга кириши билан тўғри аёлларнинг даврасига бош суқди.
– Ҳа, ойи, ўзингизга иш орттириб, нима қилардингиз, дўкондан сотиб олсак ҳам бўларди-ку, ширинлик ҳамма ёқда тиқилиб ётган бўлса…
– Ният қилувдим, болам, – деди ойиси кўзлари яшнаб. – Қўй энди, ниятим ярим йўлда қолмасин.
Ҳаво салқин бўлса-да, ичкари иссиқ эди. Ҳамиднинг кўзи ерга тўкилган унни супуриб олаётган қизга тушди. Қиз этаги тиззасидан бир қарич баланд кўйлак кийиб олганди. Ҳамид бир зум унинг оппоқ, нозик оёқларидан кўз узолмай қолди.
– Амина, қизим, бу ёққа қаравор!
Хотинлардан бири қизни чақирди. Қиз қаддини ростлаб, «ҳозир» деди, кейин Ҳамидга қараб бир чимдим табассум ҳадя этди-да, онаси тарафга югурди. Ҳамид қизнинг юзидаги назокат ва латофатни пайқамаслиги мумкин эмасди. Ҳуркак ҳаракат билан ортига ўгирилган чоғда қўнғироқ сочлари тўлқинланиб, орқа-ўнгини тутиб кетди. Ҳамид унинг ортидан анграйиб қолди.
Кейин хаёлини бузган шайтони лаинга лаънат ўқиб, ташқарига чиқди. Лекин нимадир уни яна ичкарига, ҳовлига чорлайверди. Рост, ёши 31га борган бўлса-да, ҳали бирорта қиз уни бу қадар ўзига жалб этмаганди. Амина ҳамон супуришдан бўшамасди. Бир муддат хаёлга эрк берди. Ҳозир бутун оламда шу қиз иккисидан бошқа ҳеч ким қолмаса, қизни бағрига тортиб, ўпичларга ғарқ қилса…
Кейин ошхонага, онасининг ёнга борди.
– Ойи, сизда гапим бор.
Онаси хамир йўқи кафтининг орқаси билан пешонасини қашиди:
– Ҳа, болам?
Бир муддат нима деярини билмай турди. Кейин оғзига келган гапни тилига кўчирди:
– Ойи, шу… келинни тўғри уйга опкелмадик-да? Эртагача қўшнимизникида турадими?
– Расми шунақа-да, болам! Келинни Учардан опкелиб бўладими? Эртага қўшниникидан опчиқиб кетаверасан! Бошқалар ҳам узоқдан келин олса шунақа қилади.
Онаси кулимсираб, ўғлининг елкасини қоқиб ортига қайтмоқчи бўлганида, яна уни тўхтатди:
– Ойи?
– Жон!
– Анави қиз ҳам қариндошларданми? – дея ҳамон эгилганча ер супураётган Аминани кўрсатди.
– Йўқ, қўшнининг қизи-ку!
Ҳамид бош ирғаб, тепага, меҳмонхонада кино кўриб ўтирган Иқболнинг ёнига чиқди. Йўлдош каналлардан бирида қандайдир хориж фильми берилар, иккита гуруҳ бир-бири билан қирпичоқ бўлаётганди.
Иқболнинг бутун хаёли экранда эди. Ора-сирада муздек пиво симирар, ўз ҳисларини жиловлай билмасди:
– Ҳа, ур! Сол! Жағини эз, онасини эмсин! Вой, шапалоққа бало борми? Тепсанг-чи, галварс! – Кейин шеригини кўриб, хаёли бўлинди ва уни саволга тута кетди. – Ҳа, нима бўлди, келдингми? «Мона Лиза»ни гаплашдингми? Офисга қўнғироқ қилмадингми? Вера Павловна сени сўраётганди. Рассомхонада нима қилиб юрибсан? Расмингни чиздирдингми?
Иқбол саволларига жавобни кутмай яна экранга михланди. Энди машиналар бир-бирини таъқиб этарди. Тормозларнинг асабий чийиллаши, ўқ товушлари, қичқириқлар…
Бирдан Ҳамид экраннинг олдини тўсиб, унга савол берди:
– Менга қара, сен бир қарашда муҳаббат борлигига ишонасанми?
Ҳамид ҳали ҳам бояги қизни кўз ўнгидан кетказа олмасди. Унинг чиройли табассуми, майин чеҳраси кўз олдида турарди. Иқбол эса ўртоғини экран қаршисидан нари суриб, томошани давом эттирди.
– Мен нима ғамда-ю… – дея ранжиганини сездириб, пастга тушди. Хаёлини чалғитиш учун ўзини у-бу ишга урмоқчи бўлди. Қаёқда? Хаёл иплари яна ва яна Амина тарафга тортарди. Кейин ошхонага кирди.
Мана Амина. Энди у кичкина стулчада ўтирар, олдида каттакон идиш, ерёнғоқ пўстини арчиш билан машғул. Ҳамиднинг нигоҳини сезиб, унга қаради ва ширин жилмайди. Кейин ўзига ярашиқли ибо билан ўрнидан турди ва Ҳамиднинг ёнидан ўтиб, ташқарига чиқди. Беихтиёр Ҳамид унга эргашди:
– Ичкари бирам иссиқки, – деди Ҳамидга ишвали кўз ташлаб. – Тандирдек қизиб кетган.
Ҳамид билан унинг орасини бир қадам масофа ажратиб турарди.
– Бўлди, энди мен кирай, ширинликларнинг ҳаммасини бугун пишириб улгурмасак, куёвбола биздан ранжиб қолмасинлар?
«Овози бунчалар ёқимли бўлмаса?» ўйлади Ҳамид. Кейин яна онасини чақирди.
– Ойи, бу қиз ким ўзи?
– Жинни бўлдингми? – онасининг қошлари чимирилди. – Эртага тўйинг бўляпти, болам. Бунақа қилиғинг йўқ эди-ку?
– Ким у? – Онасининг танбеҳи унинг қулоғига кирмаганди.
– Икки «дўм» нарида туради. Суғронинг кичкина қизи. Ҳали гўдак, ўн еттида. Кейин…
– Нима кейин? – сўради Ҳамиднинг сабри чидамай.
– Онаси билан опаси ҳақида ҳар хил гаплар юради. Иккови ҳам… юрармиш… Яна ким билсин. Сенам ақлингни йиғиб ол. Тинчгина ўтирайлик.
На этой странице вы можете прочитать онлайн книгу «Сенга ишонаман», автора Ворис Йўлчиев. Данная книга относится к жанру «Классическая проза». Произведение затрагивает такие темы, как «повести», «узбекская литература». Книга «Сенга ишонаман» была издана в 2024 году. Приятного чтения!
О проекте
О подписке
Другие проекты
