Читать книгу «СЎЗ» онлайн полностью📖 — Одил Ёқубов — MyBook.
image

МУХТОР АВЕЗОВ

Мен қозоқ ёзувчиси Мухтор Авезов ҳақида ўйлаганимда 40-йилларнинг охирида шимолий Хитойда хизмат қилиб юрган пайтларим ёдимга тушади. Ўшанда ҳар йили, агар янглишмасам, баҳор ойларида фан, адабиёт, санъат соҳасидаги энг яхши адабиётлар учун махсус мукофот берилар эди. Газеталар мукофот совриндорларининг номлари билан тўлиб кетар эди. Бир йили, агар янглишмасам, 1949 йили газеталарда эълон қилинган мукофот совриндорлари орасида қозоқ ёзувчиси Мухтор Авезовнинг ҳам номига кўзим тушди. Унга «Абай» романи учун биринчи даражали мукофот берилган эди. Дарҳол бу асарни қидира бошладим. Менинг қувончимга «Абай» романи кутубхонада бор экан.

Мен Туркистон шаҳри ёнидаги Қарноқ қишлоғида туғилганман. Бизнинг қишлоғимиз Қоратоғ этагида бениҳоя кўркам, сербулоқ, серсув ерларда жойлашган. Қишлоқ бепоён бир улкан боғни эслатади. Чунки улкан ва кўркам боғи бўлмаган бирорта хонадон йўқ. Қишлоғимиз атрофидаги сойликларда ва тоғ оралиқларидаги дараларда қозоқ овуллари жойлашган эди. Табиийки, биз ёшлар бу овулларга кўп борар эдик. Қозоқ қизўғилларнинг ўзаро эркин муносабатларини кўриб, уларга ҳавас қилар эдик.

Кечқурунлари тўп-тўп ва тараф-тараф бўлиб, дўмбира чалиб, ўлан айтиб, ёш-ёш қиз-келинчаклар ўз йигитлари билан қўшиқ ва куй айтишиб, баҳс қуришларини жон қулоғимиз билан эшитар эдик. У маҳалда китоб жуда кам бўлар эди. Мактаб кутубхонасида ўзбек тилидаги асарларга нисбатан қозоқ тилларидаги асарлар кўп бўлар эди. Мен бу асарларни хоҳ ўзбекча бўлсин, хоҳ русча бўлсин қийналмай ўқир эдим.

Мухтор Авезовнинг ҳикоя ва қиссаларини мен ўша пайтлардаёқ ўқиб чиққан эдим. Шунинг учун ҳам ушбу мукофотга сазовор бўлган «Абай» романини 2-3 кундаёқ ўқиб тугатдим. Бу асарнинг мени мафтун этган томони шу нарса бўлдики, мен ўқир эканман, худди ўзим туғилиб ўсган қишлоғим– Қарноқ атрофидаги сой ва ирмоқлар бўйида, тоғ ёнбағирларида жойлашган, болаликдан таниш қозоқ овулларига боргандай, у ердаги тенгқурлар билан юз кўришгандай бўлдим.

Ёдимдан кўтарила бошлаган қозоқ дўмбирасининг ўйноқи куйлари, қозоқ йигит-қизларининг дилрабо қўшиқ ва ўланлари қулоқларим остида қайта янграгандай туюлди. Ёзувчи ўз халқининг удумлари, расм-русумларини шундай тиниқ бўёқлар ила чизган, қаҳрамонларини эса ўз фарзандларидек шундай чуқур меҳр билан тасвирлаган эдики, улар ҳатто менинг ҳам худди ўз онам, бувим, ака-укаларим, тоға-жиянларимдай ўзларига ром қилиб қўйди.

Мухтор Авезов тасвирлаган Абайнинг ажиси (бувиси) Зери кампир менинг меҳрибон бувимнинг ўзгинаси эди. Зери бувининг ҳамма қилиқлари, ёш Абайга бўлган чексиз меҳр-муҳаббати, бирда бир ҳовуч қанд-қурс, бирда бир ҳовуч…, хуллас топгантутганини Абайга бериб, эркалашлари, қулоғига ўлан айтиб ухлатишлари, ҳамма-ҳаммаси марҳум бувимнинг ўзгинаси эди.

Зотан, «Абай» романидаги аёллар образи жаҳон адабиётидаги энг гўзал, энг мафтункор образларни эслатади. Абайни ўз хоҳишига зид равишда севмаган қизига уйлантиришлари ва бунинг оқибатида ҳар иккаласининг фожиавий аҳволига мубтало бўлишлари нимаси биландир Отабек, Зайнаб воқеаларини эслатади. Абайнинг илк севгилиси Тўғжон эса, ҳам севгиси, ҳам ҳаётининг воқеий интиҳоси жиҳатидан Кумушбибини эслатади.

Мен кейинчалик Мухтор Авезовнинг «Менинг биринчи устозим Абдулла Қодирий эди», деган сўзларини ўқиганимда, Абай дийдорига етолмай, ҳаётдан кўз юмган Тўғжонни эсладим.

Умуман, Абай эмас, романдаги севги тасвири Тўғжон ва Ойгеримга бағишланган саҳифалар ўзининг мусаффолиги, самимийлиги, кўркамлиги билан пок муҳаббатнинг энг юксак тимсоли даражасида кўтарилган дейиш мумкин.

Албатта, Мухтор Авезов фақат лирик тасвирлар устаси бўлганда, у ўз халқининг бадиий қомусини ярата олмас эди. Мухтор Авезов, авваламбор, қозоқ халқини акс эттира олган, унинг босиб ўтган улкан ва мураккаб йўлини эпик планда ва бадиий юксак савияда чизиб бера олган ёзувчидир. Агар ёзувчи қозоқ адабиётининг классигини фақат бир томонлама – ёшлиги ва ўспиринлик давридаги муҳаббатинигина тасвирлаш билан кифояланса – бу тасвир қанчалик нозик ва нафис бўлмасин, у кичик кўламдаги ёзувчи бўлиб қолар эди.

Мухтор Авезовнинг буюклиги шундаки, у қозоқ халқи ҳаётининг энг драматик пайтларини тилга олиб, фожиавий ва эпик образлар яратади. Буни, авваламбор, Кунанбай образи орқали кўрамиз. Кунанбай – бепоён қозоқ даштининг қиличидан қон томган бийи. У шафқатсиз, бир кўзли, ҳудудсиз қозоқ даштида истаган ҳукмини ўтказа олар эди. Унинг амри нафақат, бировларнинг молини боқиб, аранг кун кечирадиган қозоқ қўйчивонлари ва туякашлари, чўпон-чўлиқлари учунгина эмас, балки манаман деган бойлар, беклар учун ҳам қонун, унинг дегани деган, қилгани қилган. У хоҳласа, ўз йигитларини қўшни бийликларга юбориб, баримта олади, яъни минглаб йилқи, туя ва қўра-қўра қўйларни тортиб олиб, ўзиники қилади. Хоҳласа, бир шўрликнинг ёш ва сулув хотинини тортиб олади. Ёшликда ўз юртдошларининг азоб-уқубатларини кўриб, изтиробда ўсган ёш Абай отаси Кунанбайнинг халққа қилган бу жабру ситамларидан қаттиқ куюнади. Эр ета бошлаганда эса отаси билан кўп тўқнашади. Унинг жабру зулмларидан қон қақшаган чўпончўлиқларни, қўйчивонларни, умуман, меҳнаткаш халқни ҳимоя қилишга уринади. Бу тўқнашувлар романнинг баъзи ўринларида юксак фожиавий акс эттирилган.

Биз қозоқ адабиёти тарихидан яхши биламизки, Абайнинг шахсий ҳаёти ниҳоятда оғир кечган, у гарчи давлатманд бўлган бўлса ҳам, ҳаётида бир нечта севимли фарзандларини ўз қўли билан дафн этган. У ўз севган халқи ҳаётидаги баъзи бир нуқсонларини, жумладан, баримта олишликлар, уруғ ва қабилалар ўртасидаги низо ва нифоқлар ва кўп нуқсонлар сабаб оддий инсонлар чекаётган азиятларни кўриб, ич-ичидан эзилган.

Абай бу ҳақда ўзининг машҳур «Қора сўзлар» деган китобида куйиб-ёниб гапирган. Ўрни келганда шуни айтиш керакки, Абай ўз халқини бошқа халқлардан, жумладан, ўзбек халқидан ўрганишга чақирган.

«Ўзбеклар ниҳоятда билимдон, ҳунарманд ва савдо-тижорат соҳасида устаси фаранг халқ», деб ёзган ва ўз халқини ўзбек халқидан ўрганишга даъват этган. Абай ҳаёт қийинчиликларидан кўнгли ўксиб, руҳан эзилган онларида рус адабиётига мурожаат қилган. У, айниқса, А.С.Пушкинни севган. Шу боис ҳаёт кўзига қоронғи кўриниб кетган онларида Пушкин асарларидан тасалли қидирган. Унинг шеър ва романларини қозоқ элига биринчи бўлиб таржима қилган ва бундан нотинч ўйлари, қалби тўла дардларига малҳам топган, тасалли олган.

Мухтор Авезовнинг қозоқ халқи олдидаги энг юксак хизматлари ҳам шундаки, у буюк оқиннинг қалбидаги бу тўлқинларнинг ҳаммасини тасвирлаб бера олган ва буюк оқин қалбидаги энг нозик тўлқинлар, дарду ҳасратлар, чексиз туғёнларни ифода этиш орқали Абайнинг жаҳон халқлари юракларидан ўрин олишини таъминлаган. Чунки инсоният қанча халқ, қанча элат, қанча миллатга бўлинмасин, барибир уларнинг қувончлари ҳам, дарду ҳасратлари ҳам, дунёга келиб чеккан изтироблари ҳам, азоб-уқубатлари ҳам бир хил бўлади.

Мухтор Авезов бу улуғ ҳақиқатни ёшлигиданоқ илғай олган сўз санъаткорларидан бири эди. 1977 йили қозоқ халқи Мухтор Авезовнинг 80 йиллигини нишонлаганда камина бу тантаналарда иштирок этишга мушарраф бўлганман. Шунда бу тантаналарда иштирок этиш учун Олмаотага ташриф буюрган кўп миллатли адиблар қаторида мен аввал Мухтор Авезов туғилган оддий қозоқ овулини, ундан кейин Абай бобо таваллуд топган овулни кўриб, қабрига таъзим бажо келтирдим.

Шунда мен бир нарсага амин бўлдимки, инсониятнинг барча даҳо фарзандлари оддий қишлоқ, овулларда туғилиб, вояга етар экан. Бундай одамлар болаликдан, оддий кишиларнинг, қўйчивонлар ва деҳқонлар, боғбонлар ва уларнинг фарзандлари билан баробар вояга етиб, кўрган бахтиёр кунлари ҳам, ғурбатли онлари ҳам бир бўлар экан. Шунинг учун ҳам улар орасидан етишиб чиққан улкан истеъдод соҳиблари халқ ҳаётини тасвирлашда юксак зафарларга эришишга муяссар бўла олишар эди.

Ўшанда, Мухтор Авезов овулига буриладиган жойда бизга қозоқ фольклоридаги Қози Кўрпеш ва Баян Сулув қабрини кўрсатишди. Маълумки, қолоқ урф-одатлар сабаб бу икки севишганларнинг ҳаётига завол бўлган машҳур қозоқ достони бепоён Семей далаларининг худди шу маконида рўй берган экан. Чамаси, бу машҳур ривоятни болалигидан эшитиб, юраги зирқираган Мухтор Авезов «Қози Кўрпеш ва Баян Сулув» драмасини яратган.

Ўйлайманки, Мухтор Авезов кейинчалик жаҳонда машҳур бўлган «Кўк серек» ҳикоясида акс эттирилган воқеаларни ҳам болалигида ўша ўзи туғилган, севган овулида эшитган. Болалигида, эҳтимол, ўзининг бувиси Зери кампирдан эшитган бу ҳангома кейинчалик бутун жаҳонни айланиб чиққан ажойиб ҳикояга айланган.

Мен Мухтор Авезов асарларининг туб моҳиятини, уларни яратишга туртки бўлган омилларни ёзувчи туғилган овулда бўлиб, унинг болалик йиллари кечган яйловларни ўз кўзим билан кўрганимда, бу ҳақиқатни охиригача англадим. Семейдан анча йироқ оддий қозоқ овули – шувоқ, ёвшан, туя бўйи қамиш ўсган жарликлар ва бепоён янтоқзорлар билан ўралган кичкинагина овул кичкина Мухторга бир дунё қувонч бағишлаганлигини илғаб олиш қийин эмас эди.

Мен кўзимни юмиб, жажжи қўзичоқлар, кўзлари катта-катта бўталоқлар ва ҳуркак тойчоқлар, дала гиёҳларининг бетакрор, нозик бўйлари уфуриб турган қозоқ дашти ёзувчининг болалик ва ёшлик йилларига ўзгача бир латофат бахш этганини дилдилимдан ҳис қилдим. Бу ҳиссиёт Мухтор Авезов овулидан кейин буюк оқин Абай Қўнанбай ўғли туғилиб вояга етган Чингизтов этакларини кўрганимда яна ҳам чуқурлашди. Биз ўшанда Чингизтов сойидаги қабристонга бориб, улуғ шоирнинг қабрига гулчамбарлар қўйдик. Сўнгра Абай яшаган овулни, унинг кексалик йиллари ўтган, энг кейинги, суюкли хотини Ойгерим билан кечган охирги дақиқаларининг шоҳиди бўлган қора уйларни зиёрат қилдик. Чингизтов нафақат Абай, балки Мухтор Авезовнинг қалбида ҳам энг суюкли бир макон сифатида намоён бўлади. Абай ҳаётининг ҳам энг бахтли, ҳам энг фожеий ҳодисаларининг жонли гувоҳи тимсоли даражасига кўтарилган.

Биз улуғ ёзувчи яратган «Абай» романини ўқир эканмиз, ёзувчи ижоди учун унинг ёшлик йиллари ўтган она тупроқ, болалик чоғларида бошидан кечирган бирда ғамгин, бирда бир олам қувонч келтирган кунлар нақадар катта аҳамиятга эга эканлигини яққол тасаввур этамиз. Жаҳон адабиётидаги кўп нодир ва ноёб асарлар айнан шу болалик ва ўспиринлик йиллари ўтган замин билан, санъаткорни қуршаган олам ва авваламбор, уни йўргаклаб олган бувилар, оналар, холалар, улар айтган қўшиқлар билан боғлиқ бўлади.

Фақат бу унутилмас бетакрор йилларни бутун гўзаллиги билан, нафосати билан тасвирлай олиш, уларни қоғозга тушира олиш бахти ҳамма ёзувчиларга ҳам насиб этавермайди. Бу улуғ бахт фақат улуғ истеъдод соҳибларигагина насиб этади.

1
...
...
13