Читать книгу «СЎЗ» онлайн полностью📖 — Одил Ёқубов — MyBook.
image

ҒАФУР ҒУЛОМ ИЖОДХОНАСИДА

Бир кун «Литературная газета»дан телефон қилишиб, Ғафур Ғулом архиви билан танишиб чиқиб, бир нарса ёзиб беришимни илтимос қилиб қолишди.

«Архив» сўзи менга қандайдир ғалати таъсир этади, бу сўз дилимда чуқур ҳаяжон уйғотади. Мен архивларда ўтириб, эски ҳужжатларни ўрганган, айниқса, улкан олим ва санъаткорларнинг қўлёзмаларини варақлаган кишиларга ҳасад қиламан. Чунки давр ўтиши билан сарғайиб, четлари йиртилиб, титилиб кетган эски дафтарлар, қайта-қайта ўчирилавериб, «кўз ўтмайдиган» бўлиб қолган сатрлар ва саҳифалар қўлингизга олишингиз билан «тилга кириб», буюк асарларнинг яратилиш тарихини «гапириб» беради. Улар сизни адибнинг ижодий лабораториясига олиб киради, сиз бу эски дафтарлардан улкан ижодкорнинг изланиш сирларини, кашфиётларини, қўлёзма устида чеккан изтироб ва машаққатларини, агар истасангиз, ҳатто тўккан кўзёшларини ҳам билиб оласиз.

Мен Ғафур Ғулом адабий меросини ўрганиш комиссиясининг масъул котиби, ёзувчи Ваҳоб Рўзиматовга телефон қилдим.

– Ғафур Ғулом архиви дейсизми? – деди Ваҳоб ака бир оз ўйланиб. – У кишининг қўлёзмаларини ҳали тартибга сололмадик. Лекин… Майли, келинг, биргалашиб баъзи нарсаларни кўрармиз.

Мана, машҳур Бешёғоч даҳаси, серсоя анҳор бўйида қад кўтарган таниш икки қаватли уй, уйнинг деворига оқ мармар ёпиштирилган. Мармарга: «Бу уйда Ўзбекистон халқ шоири Ғафур Ғулом яшаган ва ижод этган» деган сўзлар ёзилган. Зарҳал ҳарфлар билан ўйиб ёзилган бу сўзларга кўзим тушганда юрагим беихтиёр зирқираб кетди.

Яқиндагина Ғафур ака худди шу дарвозада туриб, хонадонига ташриф буюрган меҳмонларни, ёру биродарларини, бир кўриш истагида узоқяқиндан келган азиз китобхонларини очиқ чеҳра билан кутиб олмасмиди?! Шоирнинг шўх овози, ҳазил-мутойибалари, хушнуд қаҳқаҳалари янграмасмиди?!

Эшикни очиб ҳовлига кираман, кираману, дарҳол эллик саккизинчи йилнинг илиқ куз оқшоми кўз олдимга келади, ўша кузда бўлиб ўтган катта анжуман, Осиё ва Африка ёзувчиларининг конференцияси эсимга тушади. Ёдимда: ўша майин серюлдуз куз оқшомлари Ғафур аканинг нафис райҳон ҳидига тўла шу кичкина шинам боғи жаҳон адибларининг энг суюкли оромбахш жойига айланган эди. Ҳар оқшом, бу ерга, олча тагидаги атрофи райҳон билан ўралган сўрига анжуманга келган барча мамлакат шоирлари – Ҳиндистон ва Покистон, Жазоир ва Афғонистон, Ироқ ва Бирма адиблари йиғилишарди…

Худди кечагина бўлиб ўтгандай кўз олдимда турибди: мушоираларнинг бирида соқийликка сайланган Расул Ҳамзатов калом айтиб, қадаҳ кўтаришда грузин шоири Ираклий Абашидзе билан баҳслашиб, ўтиришга ажойиб файз киритганди. Ўша мушоира чоғида атоқли тожик шоири Мирзо Турсунзода Ғафур акага ўз шеърларини ўзбек тилида ўқиб берган, мезбон эса унга тожик тилида шеърий жавоб қилганди. Сал кейинроқ, олтмиш биринчи йили кузда, Ўзбекистонда рус адабиёти ўн кунлиги бўлган чоғларда худди шу боғда, тўғрироғи, Ғафур аканинг доим осойишталик ҳукм сурган шинамгина ишхонасида машҳур рус шоири Михаил Светлов лабларида шўх кулги, кўзларида муғамбирона учқунлар чақнаб, ўзбек шоирлари билан аския айтишган ва ҳаммани кулдирган эди.

Ғафур ака бундай мушоира ва шоирона оқшомларни жуда яхши кўрар, ўзлариям жуда очилиб яйраб-яшнаб кетардилар.

Новчадан келган, хушқомат Ғафур ака, бундай пайтларда дўпписини чаккасига қўндириб олиб, гапга киришиб кетар, шеърлар ўқир, ғаройиб ҳангомалар айтиб бериб, қизиқчилик қилиб, ичаклар узилгунча кулдирардилар. Мезбоннинг хушчақчақлигини кўргандан кейин даврада ийманиброқ ўтирган ёшлар ҳам очилиб кетиб, мушоира яна ҳам қизир, шеър ўқишар, аския ва ҳазил-мутойибалар янада авжига чиқарди.

Шундай қилиб, мен Ғафур ака билан эллигинчи йилларнинг охирида, у кишининг ижоди камол топиб, донғи оламга кетган пайтларда танишган эдим. Олисдан салобати босадиган улуғ шоир аслида ниҳоятда камтар, оқкўнгил ва оддий бир инсон эканини кўриб танг қолган эдим. Ажабо: Ғафур ака кексалигида шу қадар серзавқ, қувноқ, хушчақчақ бўлсалар, ёшлигида қанақа эканлар?..

Бизни марҳумнинг ҳаёт йўлдоши Муҳаррам опа кутиб олдилар. Кўзларига сўнмас ғам чўккан, тўладан келган, ўрта бўйли бу аёл биз билан мулойимгина саломлашиб ичкарига, Ғафур аканинг ижодхонасига бошладилар.

Ижодхонада ҳамма нарса Ғафур ака ҳаёт вақтида қандай бўлса, шундай турибди: бурчакда Ғафур аканинг катта портрети, ўртада ёзув столи, ўнг томонда қўлёзма ва китоблар терилган ёпиқ шкафлар.

Муҳаррам опа қўлимга бир боғлам калит тутқаздилар. Шкафни очиб, қўлимга илинган биринчи папкани олдим. Бир даста сурат! Мана, биринчи сурат, ўттиз чоғли сочлари устарада олинган – тақир бош болалар. Устларида оқ сурп кўйлак, кенг почали бўз иштон.

Муҳаррам опа кулимсираб, бурни сўррайган озғингина бир ўспиринни кўрсатди:

– Ғафур акангиз. Йигирма биринчи йили олинган сурат. У маҳалда Ғафур акангиз болалар уйида тарбиячи бўлиб ишлардилар. Маҳаллама-маҳалла юриб, етим болаларни йиғардилар. Нечтасини безорилар чангалидан қутқариб қолганлар…

Муҳаррам опанинг гапларини эшитганимда, Шум бола эсимга тушиб, мен ҳам беихтиёр илжаяман. Яна битта сурат: Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Ҳамид Олимжон, Уйғун. Ҳаммаси ёш, сочлари тўзғиган, чақнаб турган кўзларида шўх табассум, завқ, ғурур…

– Бу сурат ўттиз биринчи йили олинган бўлса керак, – дейди Ваҳоб ака. Ўша йили Тошкентга машҳур француз ёзувчиси Поль Вайян Кутюрье келган. Ўзбек адиблари билан учрашиб, «Огонёк» журналида очерк ёзган. Мана ўша очерк. Ваҳоб ака «Огонёк» журналининг муқовалари йиртилиб, варақлари сарғайиб кетган эски сонини олдимга қўяди. Журнал 1931 йил чиққан экан. Ажойиб француз ёзувчиси ўз очеркига «Тошкентда шоирлар оқшоми» деб ном қўйибди. Очеркнинг илк саҳифаларига кўзим тушади:

«Биз, меҳмонлар, қирқ киши эдик. Ўзбек ёзувчилари номидан бизни Ғафур Ғулом билан унинг хотини ва қизи Ипак кутиб олишди… Ғафур Ғулом йигирма бешга кирган. У ўткир қалам соҳиби. Унинг «Ўн уч ҳикоя» деб аталган китоби яқинда Москвада, рус тилида нашр этилади. У Маяковский, Д.Бедний ва Бехер асарларини ўзбек тилига таржима қилган… Бу оқшом унинг меҳмонхонасига туркман, ўзбек, қирғиз, татар адиблари йиғилишган. Ҳаммаси ёшлар. Бу ёшлар билан суҳбатлашганда сизни бир нарса ҳайратга солади. Улар жаҳон адабиётида бўлаётган ҳодисаларни беш қўлдай яхши билишади…»

Журнални ёпиб, бошқа бир папкани қўлимга оламан. Папканинг устига «26–30-йиллар», деб ёзиб қўйилган. Лекин бу папкада қўлёзма эмас, Ғафур акани республикамизнинг узоқ шаҳар ва қишлоқларига юбориб, улар тўғрисидаги ҳар хил ҳужжатлар, газета ва журналларнинг буйруқлари тахланиб ётибди. Бу буйруқларнинг «натижалари»ни, Ғафур аканинг сафарларда олиб келган «маҳсулотини» қидириб, эски газета ва журналларни ахтараман.

Мана, саҳифалари сарғайиб, четлари йиртилиб кетган бир даста газета, ҳозир номлари эсимиздан чиққан журналлар: «Ер юзи», «Янги йўл», «Камбағал деҳқон…»

Қандайдир ғалати бир туйғу билан даста-даста журналларни оҳиста варақларканман, дилимни яна бояги ҳайрат ва таажжуб чулғаб олади: ўқилавериб титилиб кетган бу эски газеталарнинг бирор бир сони йўқки, уларда Ғафур ака нинг шеъри ё очерки, публицистик мақоласи ё ҳикояси учрамасин! Мана, бой ва муллаларнинг разилликларини шафқатсиз фош этган, икки подваллик катта мақола. Ғафур ака уни «Савай» совхозидан ёзиб юборган. Мақоланинг ҳар бир сатрида Ғафур акага хос бўлакча бир жўшқинлик, самимийлик, қайноқ эҳтирос уфуриб турибди. Орадан бир-икки кун ўтар-ўтмас, Ғафур ака фельетон билан чиққан. Бу сафар шоир эски шаҳар ҳаммомлари ва сартарошхоналаридаги ножўя ишлару порахўрлар устидан қаҳқаҳа отиб кулган… Мана, «Қон ҳиди» деган яна бир мақола. Ундан чиндан ҳам қон ҳиди келади, чунки мақолада руҳонийлар қўлида бевақт қурбон бўлганлар тўғрисида гaп боради…

Бу мақола ва фельетонларда кўтарилган баъзи масалалар бугун, қирқ йилдан кейин ғалати туюлиши мумкин. Лекин барибир ёш шоирнинг давр билан ҳамнафас бўлиш истаги, ўз халқининг дарди билан яшаб, унинг тили учида турган гапларини топиб айтишга уриниши, унинг руҳидаги жўшқинлик, ҳозиржавоблик, зўр публицистик эҳтирос сизни ҳаяжонга солмай иложи йўқ. Энг муҳими – бу мақола ва очеркларни ўқиганда, улкан шоирнинг ижод сирларини тушуна бошлагандай, мураккаб изланишлари, сурган ўйлари, ҳатто бир маҳаллар қалбингизда чуқур из қолдирган нодир асарларнинг ёзилиш тарихини билгандай бўласиз.

Мана, «Қизил Ўзбекистон» газетасида босилган «Қозоқ чўлининг икки гўзал кокили» деган очерк. Ғалати сарлавҳа. Тўхта. Кокил дегани Турксиб эмасми? Худди ўзи!.. Ўттизинчи йилларнинг бошида, Турксиб қурилишига борган Ғафур ака билан Комил Алиевнинг мақолалари, даврнинг бўлакча руҳи акс этиб турган бу лавҳаларни ўқирканман, кўз олдимга беихтиёр бепоён қозоқ дашти келади. Тун. Ғафур ака вагонда ёлғиз хаёлга чўмиб ўтирибди. Вагон деразалари ёнидан кенг саҳро секин сузиб ўтяпти.

Гоҳо-гоҳо қозоқ овулларининг чироқлари милтирайди. Паровоз гудогини эшитганда одамлар ўтовлардан ёпирилиб чиқишади, бировлар телпак ва тумоқларини осмонга отишиб қичқи ришади, бировлар от ва туяга миниб, даштга қочишади… Поезд ғилдираклари бир меъёрда секин тақиллайди, вагонлар оҳиста тебранади ва бу ажойиб мусиқа, бу тебраниш остида шоирнинг қалбида «Турксиб йўллари»нинг илк мисралари уйғонади:

 
Бу йўллар кўп қадим йўллардир…
 

Ҳа, қўрғошиндай оғир бу мисраларда қандайдир бўлакча қудрат, бўлакча бир ритм, кечаси кенг саҳро қаърини ёриб, учиб кетаётган паровоз ғилдиракларининг ритми ва қудрати мужассам!.. Мен учун энди аён: Ғафур ака Турксиб қурилишига бормаганларида, бориб «Қозоқ даштининг икки гўзал кокили» деган лавҳаларни ёзмаганларида бу ажойиб шеър ҳам ёзилмас эди!..

Бу «кашфиёт»дан қувониб, яна бир папкани қўлга оламан. Бу папкадаги материаллар ҳали тартибга солинмаган. Лекин тартибга солинмаган бу қўлёзмалар Ғафур аканинг нақадар сермазмун, сермашаққат ҳаёт кечирганларидан, ижодда эса тиниб-тинчимай меҳнат қилганларидан далолат беради!

Бу папкада Ғафур аканинг ниҳоятда чиройли дастхати билан битилган илмий мақолалари, Пушкин ва Лермонтов, Саъдий, Бажан ва Леонидзе асарларининг таржималари, улуғ грузин шоирлари Церетели ва Руставели, буюк қозоқ оқини Абай юбилейларида гапирган нутқларининг матнлари, ўша юбилейлардан олиб келган суратлари ва яна кўп ноёб ҳужжатлар тўпланган.

Ғафур аканинг бармоқ изларини сақлаган бу материаллар менга яна бир нарсани, отахон шоиримизнинг қардош халқлар адабиёти ва маданиятларини яқинлаштириш йўлида нақадар кўп меҳнат қилганини гапириб берди.

Мана, яна бир папка. «Шум бола»нинг айрим боблари!.. Беихтиёр эсимга олис болалик чоғларим тушади…

У пайтларда «Шум бола» «Довдираш» деган ном билан «Муштум»да босиларди. Биз мактаб болалари, «Муштум»нинг ҳар бир сонини сабр сизлик билан кутардик. «Довдираш» босилган «Муштум»нинг янги сонлари келган кунлар биз учун байрамга айланиб кетарди. Бу сонларни йиртилиб, титилиб кетгунча ўқирдик. «Довдираш» биз учун қувноқ ва хушчақчақ бир дўст, ҳеч қачон, ҳеч бир вазиятда тушкунликка тушмайдиган, тегирмонга тушса бутун чиқадиган мард ва чапани бир йигит эди. Биз унга ўхшашни истар, унга тақлид қилар эдик…

Навбатдаги папкадан бир даста хатлар чиқди. Улар орасида Садриддин Айний, Лоҳутий ва Павленконинг хатлари бор эди.

«Ҳурматли дўстим Ғафур Ғулом. Мумкин бўлса фольклор тўғрисидаги докладингизни юборсангиз»,– дебди Павленко. – Мен уни «Дружба народов» саҳифаларида эълон қилардим. Сиз бизни Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон шоирлари билан таништирдингиз. Бу республикалар шоирларининг энг яхши асарларини танлаб олиш учун Сизнинг ёрдамингизга муҳтожмиз…»

Павленконинг хати қачон ёзилганини билиб бўлмайди – санаси йўқ. Афтидан, 1939 йили, Катта Фарғона канали қурилишига келганда ёзган бўлса керак, чунки Ғафур ака бир сафар Павленко билан канал қурилишида танишганлигини айтиб бергандилар. Ғафур ака, умуман, бу қурилишни кўп эслар, кўп гапирар эдилар.

«Вой бў-ўй! Қурилишга бутун водий кўчиб чиққан, десам янглишмайман, ўғлим. Аммо-лекин қурилиш эмас, бамисоли бир катта тўй дейсиз. Ҳаммаёқда қулочга сиғмайдиган самоварлар қайнаган, дошқозонларда паловлар пишган, карнаю сурнайлар чалинган… Айниқса, кечалари гўзал бўларди. Ҳаммаёқда гулханлар ёқилган. Машшоқлар мусиқа чалишган. Тамарахонимлар рақс тушишган, шоирлар шеърлар ўқишган, аскиябозлар аския айтишган. Кулги, қарсак, қийчув. Биз Ҳамид иккимиз тун ярмидан оққанда ўз чайламизга бориб, ўнинчи лампани ёқиб, «шеърий хат»га киришардик. Бир ойдан кейин қурилиш тугалланишига бағишланган митингга Ҳамид иккимиз шеърий хатни ўқиб бердик. Хатни гулдурос қарсаклар билан кутиб олишди. Эсимда бор, қурилишга Москвадан Эйзенштейн билан Павленко келишган эди. Биз ўша ерда танишган эдик. Улар Катта Фарғона канали тўғрисида фильм яратишмоқчи эди. Мен ҳам достон ёзишни ният қилувдим, лекин уруш халақит берди…»

Уруш!

Уруш бошланган кунлари Ғафур ака Фарғонада эдилар. Лекин икки-уч кун ўтмасдан, «Қизил Ўзбекистон» саҳифаларида, Совинформбюронинг нотинч, таҳдидли хабарлари ёнида шоирнинг энг яхши шеърларидан бири «Кузатиш» эълон қилинади.

Бу шеър босилиб чиққан кунлари мен оёғимга игна кириб, қишлоқдан Тошкентга, операцияга келган эдим. У маҳалда мен ўн тўрт яшар бир ўспирин эдим, Тошкентни ҳам яхши билмасдим. Лекин эсимда: «Сельмаш» заводи касалхонасининг қошидаги чойхонада ўтирганимизда кимдир – «Қизил Ўзбекистон»ни очиб, Ғафур аканинг шу шеърини ўқиди. Чойхонада ўтирган чойхўрлар шеърни чуқур сукутга чўмиб эшитишди. Шеър ўқилиб бўлганда кўплар тескари ўгирилишиб, кўзёшларини артишди…

Ғафур аканинг архивида ўша оғир йиллардан эсдалик сифатида қолган суратлар кўп. Улар орасида шоирнинг Николай Погодин, Луговской, Якуб Колас ва бошқа кўп атоқли рус ёзувчилари билан тушган суратлари бор. Қирқ биринчи йилнинг оғир қиш кунлари Тошкентга бир гуруҳ москвалик ёзувчилар келган эди. Сал ўтмай, уларнинг кўплари фронтга кетишади. Лекин ўша совуқ қиш кунлари…

«Ўша совуқ қиш кунлари москвалик ёзувчилар кўпинча бизникига келишарди, – дейди Муҳаррам опа. – Ўтин йўқ. Ҳаммамиз танча атрофига ўтиришиб, кўрпа ёпиниб исинишардик. Адиблар жим ўтириб, радиодан Совинформбюронинг кечки ахборотини эшитишарди. Кейин бир-бирларининг гапини бўлиб, узоқ муҳокама қилишарди. Ундан кейин совуқ хоналарга чиқишиб, тонг отгунча ёзишарди. Ғафур акангиз ҳам кечаси билан ишлаб, эрталаб тонг отар-отмас ёзганларини газета ва радиоларга олиб кетардилар…»

Ҳа, Ғафур акани бутун жаҳонга машҳур қилган, миллион-миллион кишиларни титратган «Халқ отланди!», «Мен яҳудий», «Сен етим эмассан» шеърлари халқимизнинг бошига катта мусибат тушган ўша совуқ қиш кечалари, совуқ ижодхонада қайноқ қалб ва жўшқин туйғулар билан ёзилган.

Кўз олдимга қирқ биринчи йилнинг совуқ қиш кечалари, эгнида пўстин, хонада ўйчан айланиб юрган Ғафур ака келади.

Мен билган Ғафур ака ниҳоятда қувноқ, хушчақчақ бир одам эди. Лекин миллион-миллион кишиларнинг қалбига ларза солган, одамларнинг дилини ёруғ нур билан тўлдирган бу тиниқ шеърларни хушчақчақ бир ҳолатда ёзиб бўлмайди… Мана, Ғафур ака юришдан тўхтаб, қаламининг учини тишлаганича бир зум қоғозга тикилиб қолди, сўнг ўзини креслога ташлаб, лабларини тишлаганича тез ёза бошлади… йўқ, бу шунчаки бир расм эмас. Мен уруш йиллари олинган суратларининг бирида Ғафур акани – худди шу ҳолатда кўрдим.

Сал қисилган кўзларида чуқур хаёл, бир бет қоғозга тикилиб, қаламини тишлаб ўтирибди. Яна бир сурат: Ғафур ака, эгнида шинель, госпиталда ярадор аскарлар билан суҳбатлашмоқда. Учинчи сурат: шоир, қўлида дафтар, кўп минглик митингда шеър ўқимоқда. Мана, Ғафур ака ғарбдан, фронтдан эвакуация қилинган гўдаклар орасида…

Кўзлари катта-катта, чўпдай озғин болаларнинг бошларини силаб турган Ғафур аканинг бу сурати яна «Сен етим эмассан» шеърини эсимга туширди. Ғафур ака бир гапида бу шеърни вокзалда ота-оналари фронтда ҳалок бўлган маъсум гўдакларни кўриб, туғёнга тушганида бошлаб, уйига етгунча ёзиб тугатганини ҳикоя қилиб берган эдилар…

Ғафур аканинг уруш йиллари яратган шеърлари «Шарқдан келаман» деган кичкинагина бир тўплам бўлган. Ҳозир камдан-кам топиладиган бу ноёб китоб Давлат мукофотининг лауреати деган диплом билан бирга Ғафур аканинг ижодхонасида, шоирнинг катта портрети ёнида турибди…

Мана, яна бир катта папка… Йўқ, Ғафур аканинг ижодий меросини тўла қамраб олиш мумкин эмас! Мен буни учинчи куни кечқурун Ваҳоб Рўзиматов олдимга шу қалин папкани қўйганида тушундим. Бу папкада Ғафур аканинг севги ҳақидаги лирик шеърлари (Ғафур ака севги ҳақида шеър ёзмаган деб ким айтувди?), Машраб ва Фурқат ижодлари ҳақидаги мақолалари, Шош шаҳри (Тошкентнинг қадимий номи) тўғрисида илмий иши ва янги шеърлари тўпланган эди…

Ҳа, улкан адибнинг улкан ижодини шунчаки варақлаб чиқиш учун бир неча кун тугул, бир неча ой ҳам етмас эди. Бу ижодни ўрганиш учун йиллар керак…

Муҳаррам опа билан хайрлашиб, Ғафур аканинг ҳовлисидан чиқарканман, нақадар катта истеъдод эгасидан жудо бўлганимизни ўйлаб, юрагим яна зирқираб кетди.

Тошкент, 1969 йил
1
...
...
13