Читать книгу «Илон ўчи» онлайн полностью📖 — Мирмухсин Мирсаидов — MyBook.
cover

Мирсаидов Мирмуҳсин
Илон ўчи

БИРИНЧИ ФАСЛ

Биринчи ҳикоя
ЎЗБЕКНИНГ НИКОҲ ТЎЙИ

Ҳамма халқларда ҳам никоҳ тўйи умр тантанасидир, тўй қутлуғ, аммо ўзбекнинг никоҳ тўйидек саховатли тўй бўлмаса керак дунёда! Ҳа, карнай-сурнай, ноғораю чирманда, ноз-у неъматларни сочиб ташлаш – беиқтисодликда ҳам тенги йўқ; ота-она орзуси, бор-йўғини тўкиб соладилар… Бел синадиган тўй бўлмасин, меъёр керак деймиз-у, барибир ўзбек ўз билганидан қолмайди. Агар у шундай қилмаса, гўё ўзбек бўлмай қоладигандай… Ўзбек табиатан шунақа! «Калникига тўйга-а-а!» деб нидо қилиндими, ўша томонга бораверади. Ўриндиқлар санаш, таклифномалару ва бошқалар кейинги даврда, яъни қўлбола паловни ҳам қошиқда ейиладиган даврдан бошланди. Ҳозирги кунларда шинавандалар керилиб қўчқор уриштирмаганига шукр қилиши керак. Ўзбекнинг ўзи оч қолса қолади, аммо меҳмонини тўйдиради. Бунчалик бўлиш тўғримикан-ов! Ер юзидаги барча тирик жонзотни, денгизлардаги наҳангларни тўйдираман деган Ҳотамтой ҳам шу ўзбекдан чиққан. Бу, ҳақиқат! Ҳадеб насиҳат қилиб, ақл ўргатаверадиганларни, гап учун туғилган минбарбозларни, халқ удумларини таъқиб этган мансабдорларни ғоятда ёқтирмайди, чунки Одам Ато вақтидан бошлаб ўзи шунақа! Бир ҳисобда бунинг нимаси ёмон? Умрида бир маротаба элга ош бермаган, лекин кариллаб юрган, жанозасида олтита одам тўпланганларни ҳам кўрдик. Бу дунёга фақат ўзи учун келганлар бор, ўз она тилини оёқости қилганлар бор, она тилини унутганлар бор… Шунинг учун ҳам халқимиз бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр қил, дейди.

Иссиқ ёз кунларининг бирида Ҳабиб деган хушбичим, бўй-басти ярашиғлик йигит ўз дўстлари Пати (Фатхуллохўжа) ва Марат билан бирга Тошкентнинг ғарби-шимолидаги гавжум маҳаллага, тўй бўлаётган кўркам ҳовлилардан бирига кириб келишди. Бу Патининг қариндоши Миршариф деган йигитнинг никоҳ тўйи эди.

Катта ҳовли, саккиз устунли пешайвон, хоналар… Ҳамма ёққа дастурхон ёзилган, столу хонтахталар усти ноз-неъматларга тўла, ҳатто пиёла қўядиган жой йўқ. Қўшнининг ҳовлисида уч катта қозондан буғ кўтарилмоқда. Ҳали кеч кирмасдан чироқлар чароғон-у созандалар навоси авжда. Ясан-тусан меҳмонлар, айниқса, ҳовлидаги столлар атрофини тўлдиришган. Косагул бўлишни касб қилиб олган, сўзининг нуқтаси йўқ бир сергап кимса микрофонни оғзига олиб бориб, ютиб юборгудай, тинимсиз гапириб турибди. Лекин ҳамма ўзи билан ўзи овора, тўйни мажлисга айлантириб юбориш жонга тегибдими, кўплар унинг гапларига қулоқ солмай овқат емоқ билан банд. Шуниси маъқул!

Ҳовлида, юқори қаторда ўтирган қизлардан бири Ҳабибнинг диққатини жалб этди, аввал атайин, кейин унга беихтиёр тикила бошлади – фақат у эмас, бошқа йигитлар ҳам нигоҳлар тийриборонини бошлаб юборишди. Ясан-тусан бўлиб келган «қошлари камон»ларга бу албатта хуш ёқар, йигитлар суқ билан тикилмаган қиз қизми?! Ўн саккиз ёшда қизларнинг хунуги бўлмайди. Баъзи қизлар ўзларига тикилиб қараётган йигитларни менсимагандек безовта бўлиб, истеҳзо билан ён-атрофга қарашар, «тийриборондан» чарчагандек уфф, деб қўйишарди. Бу – шунчаки. Аслида йигитларнинг маҳлиё бўлиб қотиб қолиши уларга ёқар, ўзларини кўрмаганликка солиб, эркаланиб дугонасига бир нима дер – бу эркаланиш асосан тикилиб, оғзидан сўлаги оқиб, ютиб юбораман деяётган йигитга алоқадор бўларди. Ҳабиб ҳам ўша қаламқошга ер остидан қарар, қизнинг гаплари, қилиқлари, эркаланишлари ўзига ярашиб турарди. Қайсидир ҳинд кинофильмидаги жононга ҳам, гўзалликда биринчи ҳисобланган турк қизига ҳам ўхшашиб кетарди. Бодомқовоқ лаблар олуча. Гапираётганида Ҳабиб атай яна тикилди – хайрият, оғзида тилла тиши йўқ экан (ҳозир баъзи ерларда кенг тарқалган – тилла тиш қўйганларни Ҳабиб умуман ёқтирмасди). Зар аралашган атлас кўйлак кийиш одат. Буни ҳам Ҳабиб негадир ёқтирмасди: «Янги Гвинеянинг папуаслари бўлмай ўлларинг!» дерди кийиниш маданияти паст, соч турмакларини ҳам беўхшовроқ қилиб турмаклаган қизларни кўрса. Баъзи ойтовоқлар оғзини тилла тишга тўлдириб, бошини парча билан танғиб олар, қулоғида ойбалдоқ… Қўша-қўша узуклар, билакда ёмби… Тиллага кўмилиш ҳам Ҳабибга ёқмас, юқорида ўтирган бояги қиз эса бундай безанишлардан холи, келиштириб, дид билан кийинган эди. У ниманидир баҳона қилиб, Ҳабибга қадду қоматини бир кўрсатиб қўйди, ингичка бел, бўйнида ҳилол ва юлдуз лавҳа қилдек ингичка тилла занжир осилган, дудоқлар оппоқ, ипак сочларидан бир тутами қулоқ ости бўйнига тушган. Парча-парча гулли юпқа кўйлак «илоҳий бир ҳайкалтарош ижоди» экани шундоқ кўриниб турибди… Бу тўй анжуманида иштирок этаётганлар ичида Ҳабиб ҳам эътибордан четда турадиганлардан эмас – қадду қомати келишган, қиррабурун, қора қош… Икки ёнида ўтирган дўстлари – новча, серҳаракат. Маратдан кўра кўзга яқин; семиз, юмалоқдан келган Патидан ўлса ўлиги ортиқ. У ҳеч кимга қарамай кўпроқ овқат ерди. Гўзал қизлар зиёфатларда овқатга ружу қиладиган, жағи тинмайдиган йигитларни хуш кўрмас, гаплашиш керак, рақсга тушмоқ керак; тўй – овқатхона эмас, умрда бир бўладиган қутлуғ тантана!

– Сен анави қизга маҳлиё бўлиб қолдинг-а? – деди Марат Ҳабибни туртиб. – Ўзи ҳам дўндиққина экан. Менимча, тўйга келганлар ичида энг гўзали шу!

– Мен унга қараётганим йўқ! – деди қизариб Ҳабиб.

Лекин ўша чиройли қиз ўзи ҳақида гап кетаётганини пайқаб турарди.

– Ҳеч кўзингни олмаяпсан! Буни мен эмас, бошқалар ҳам сезяпти.

– Бўлмаган гап! – деди Ҳабиб, лекин бу қизни қаердадир кўргандай бўларди.

– Қарай бер, нима, тўйга нега келдик бўлмаса! Гўзалликка қараш айбми? Унда бу тўйми ёки профсоюз мажлисими?

– Шунақа гўзал қизни биринчи кўришим… Йўқ, мен уни иккинчи бор кўраётганга ўхшайман, – деди Ҳабиб дўстига тўсатдан очилиб. – Дунёда шундай гўзаллар ҳам бор-е! Айниқса, ичкари маҳаллаларда, ўзбек хонадонларининг қизлари баъзан фавқулодда гўзал туғиляпти. Баъзан узумнинг яхшисини ит еб кетади – қандайдир пулдор, расво савдогарбаччалар совчи устига совчи қўйиб, илиб кетадилар. Э, ҳаёт жуда мураккаб!

Шу лаҳза овқат еяётган Пати Ҳабибга хўмрайиб қараб қўйди.

– Унга қара, ота-онаси ҳам зўр одамлар бўлса керак. Наслу насабини билмаслик катта хатога олиб боради… Нодон билан турмуш қуриб яшагандан кўра, бир умр дўзах оташида куйган афзал, деган хоразмлик шоир Паҳлавон Маҳмуд.

Хонандалар, созандалар овози янгради. Тўйга файз кирди. Кўплар ўзи билан ўзи овора бўлиб, «мен сизга айтсам…» бўлиб қолишди. «Фарғона тонг отгунча…»дан кейин қандайдир шўх мусиқа ёшларни рақсга чақирди. Бошқалар қатори бояги гўзал қиз ҳам ўртага тушиб, чиройли ўйнади.

Наинки Ҳабиб билан Пати, бошқалар нигоҳини ҳам ўзига жалб этди.

– Мен уни танийман, – деди Пати.

Ҳабиб ошнасига ялт этиб қаради, ишонмади.

– Мана, кўрасан, – ўйин тугаб, қиз ўз жойига ўтиб кетаётган эди, Пати гап отди: – Салом, яхши қиз! Жамшидбек акам яхшимилар? Укангиз салом айтди, деб қўйинг!

– Хўп бўлади, саломингизни албатта айтаман, – деди қиз чақнаб. – Дадамлар Москвадалар… Индинга келадилар. Кимдан деб айтай?

– Миёнхўжаев деган укангиздан, дейсиз. Бу – дўстим Ҳабиб, наригиси – Марат. Уч оғайни ботирлар, милтиқ отиб ётирлармиз… Ха-ха-ха! Шу тўйга умид билан келганмиз, бизларнинг ҳам ҳовлимизда тўй бўлармикан, деб ният қилдик. Исмингиз нима, яхши қиз?

– Нигора.

– Ҳа, айтмадимми! – деди Пати Ҳабибга боқиб. – Гўзал қизларнинг исми ҳамма вақт Нигора бўлади. Айбга буюрмайсиз, ошналарим оғизларига толқон солиб олишган ёки сизнинг салобатингиздан уларнинг ақллари қаршиликка учрадими, ҳарқалай, соқов бўлиб қолишди. Ёки уларни гипноз қилдингизми…

Қиз бирдан кулиб юборди.

– Гипноз йўқ, гапириб туринглар!

– Мана, кўряпсизми, соқов бўлиб қолди ошнам. Гапирсанг-чи!

– Нимани гапираман! – деди бўзариб Ҳабиб.

– Сиз жойингизга бориб ўтира беринг, Нигорахон, дўстим ҳозир бир яхши гап ўйлаб топади.

Нигора Ҳабибга маъноли қараб қўйди. Жилмайди, негадир бу тортинчоқ йигит билан гаплашгиси келди. Ҳабибнинг «соқов» бўлиб қолиши унинг назарида «кўзи очилмаган мушукбола»лигидан, беғуборлигидан далолат берарди. Шундаймикан-а? «Агар шундай бўлса, жуда яхши», деди ўзига ўзи Нигора. Чиройли қизлар димоғдор бўлади, лекин бу қизнинг «уч оғайни ботирлар» ёнида бир лаҳза тўхтаб, қарашлари билан ўзини тийриборон қилаётганидан бу қорақош йигит унинг ҳам диққатини тортгандай кўринарди. Қизлар кам гапирадиган, ҳушёр, ақлли йигитларни ёқтиради. Бўлар-бўлмасга хиралик қилаверадиганлардан қочишади.

Бир оздан сўнг Пати ошналарига мақтанди:

– Ойимларга айтаман, шу қизни олиб берсинлар.

– Бунинг ойиси олиб беришга қодир, – деди Марат жилмайиб, – Шарбатхон аямлар Патига осмондаги юлдузни ҳам олиб бераман десалар, қўлларидан келади…

Ҳабиб ҳайрон бўлиб қолди.

Орадан бирон соат ўтгач, қизлар қўзғалиб, кетишга ҳозирлик кўришаётган эди, Ҳабибда бир жасорат пайдо бўлиб, янги танишган қизга мурожаат этди:

– Машина бор, олиб бориб қўяйлик.

– Раҳмат! Соат ўнга дадамларнинг машиналари келиши керак, – Нигора Ҳабибнинг ёнидан ўтатуриб, оёғи унинг тиззасига тегиб кетди, унга ярим овозда гапирди: – Кулдирадиган бирон қизиқ Насриддин Афанди топсангиз, телефон қилинг, 35-41… Бу уйимиз. Ёдингизда қоладими?

– Ҳа, албатта, – деди Ҳабиб.

Нима, у бу гапи билан гапга йўқ экансиз, мунча совуқсиз демоқчи бўлдими! Ёки бу чин юракданми? Ўйланиб қолди.

– Хайр!

– Хайр, саломат бўлинг!

Қизлар қатор бўлиб чиқиб кетишди. Улар ўртасида бу қисқагина гапни ҳеч ким сезмади ҳисоб. Шу лаҳза Марат нарироқдаги бир таниши билан гаплашгани кетган эди. Пати эса овқат ейиш билан банд, Нигоранинг дугоналари ҳам ўзлари билан ўзлари овора эдилар.

Ҳабиб тўйга борганидан мамнун, ўртоқлари зўрламаса бормас эди. Баъзан энг яқин қариндошларимизнинг тўйига вақт топиб боролмай, гинахонлик остида қоламиз. Бу яхши эмас. Ҳабиб баъзан ўзига ўзи тасалли берарди, тўйга бормоқ ихтиёрий, аммо жанозага бормоқлик фарз, инсоний бурч! Эшитдингми, бор! Ватандошни тупроққа топшириш, шу куни кечган чарчашу азият олижанобликдан бошқа нарса эмас. Одамларга аралашмаган, кабинетдан чиқмай телефонбозлик, хатбозлик билан умрини ўтказган бир мансабдор қазо қилди. Шунчалик масъул ва катта лавозимларни кўрган бу кишининг жанозасига одам деярли келмади, ҳатто қўни-қўшнилари ҳам кўп қаватли бинонинг деразаларидан мўралашди.

На этой странице вы можете прочитать онлайн книгу «Илон ўчи», автора Мирмухсин Мирсаидов. Данная книга относится к жанру «Современная зарубежная литература».. Книга «Илон ўчи» была издана в 2024 году. Приятного чтения!