Читать книгу «Тирилиш» онлайн полностью📖 — Льва Толстого — MyBook.
image

VI

Раислик қилувчи барвақт етиб келди. У баланд бўйли, бакенбардига оқ туша бошлаган семиз киши эди. У уйланган бўлса-да, хотини сингари бузуқи одам эди. Улар бир-бирларига халақит беришмасди. Бугун эрталаб у ёзда уйларида яшаган мураббия хотиндан хат олган эди. У хатида, жанубдан Петербургга ўтиб кетатуриб, йўл-йўлакай бу шаҳарга тушишини, соат учдан олтигача «Италия» меҳмонхонасида кутишини айтган эди. Шунинг учун ҳам раис бултур ёзда дачада дон олишган ўша малла Клара Васильевнани соат олтигача бориб кўришга улгуриш мақсадида бугунги мажлисни тезроқ бошлаб, эртароқ тугатиш пайида эди.

Суд раиси кабинетига киргач, эшикни ичидан бекитди-да, қоғозлар сақланадиган жавоннинг пастки қаватидан иккита қадоқ тошни қўлига олиб, йигирма марта баланд кўтарди, олдинга чўзди, ёнга ёйди ва пастга туширди. Кейин қадоқ тошни боши тепасида тутгани ҳолда уч марта ўтириб турди.

«Одамни соғлом қилишда совуқ сувда ювиниш билан гимнастикага етадигани йўқ», деб ўйлади у ён бармоғига олтин узук тақилган чап қўли билан ўнг қўлининг туртиб чиққан муштини ушлаб. У энди қўлидаги қадоқ билан ҳавода ярим доира чизмоқчи бўлиб турган ҳам эдики (узоққа чўзиладиган мажлисга кириб ўтиришдан олдин, у шу икки машқни қиларди), аллаким эшикни итарди. Раис шошиб-пишиб қадоқ тошни жойига қўйди-да, эшикни очди.

– Кечирасиз, – деди у.

Хонага суд аъзоларидан бири – олтин кўзойнак таққан, ўрта бўйли, бир кифти кўтарилган, қовоғи солиқ киши кирди.

– Матвей Никитичдан яна дарак йўқ, – деди суд аъзоси норозилик билан.

– Ҳалигача келмади, – дея жавоб берди раис мундирини киятуриб. – Доим кечиккани-кечиккан.

– Уялмаганига ҳайронман, – деди суд аъзоси ва папиросини олар экан, жаҳл билан ўтирди.

Жуда батартиб бўлган бу суд аъзоси бир ойга деб берган пулини вақтидан илгари сарфлаб қўйгани учун шу бугун эрталаб хотини билан уришиб чиққан эди. Хотини олдиндан яна пул бериб туришини сўраган эди, у айтганим-айтган деб ўз сўзида туриб олди. Шу билан жанжал кўтарилди. Хотини, агар шундай бўладиган бўлса, овқат пиширмайман ҳам, уйда овқатланаман деб ўйламагин ҳам, деди. Хотинидан ҳар нарсани кутиш мумкин эди, шунинг учун у, оббо, энди айтганини қилмаса эди, деб қўрқиб уйидан чиқиб кетган эди. «Шу аҳволда одоб ва ахлоқ доирасидан чиқмай яшаб кўр-чи», – деб ўйларди. У, тирсакларини кериб, чиройли, оппоқ бармоқлари билан оқ оралай бошлаган қуюқ ва узун бакенбардини тик ёқасининг икки томонига тараётган, чертса икки бетидан қон томадиган, хушчақчақ ва очиқ кўнгил раисга қараб, ичида: «У ҳамма вақт мамнун ва хурсанд, мен бўлсам азоб ичидаман», деб қўйди.

Шу пайт аллақандай бир делони кўтариб секретарь кириб келди.

– Ғоятда сиздан миннатдорман, – деди раис ва папиросни ёндирди. – Қайси ишни олдин кўрамиз?

– Менингча, заҳарлашни, – деди секретарь бепарводек кўриниб.

– Яхши, заҳарлашни бўлса, заҳарлашни-да, – деди раис, бу ишни соат тўртгача тамомлаб, кейин кетиш мумкин деб ўйлаб. – Матвей Никитич ҳали келмадими?

– Келгани йўқ.

– Бреве-чи?

– Шу ерда, – деб жавоб берди секретарь.

– Кўриб қолсангиз айтинг, заҳарлашдан бошлаймиз денг.

Бреве шу суд мажлисида қораловчилик қиладиган прокурор ёрдамчиси эди.

Секретарь йўлакка чиққанда Бревени учратди. У мундирининг тугмаларини солмаган, портфелини қўлтиғига қистириб олган, кўкрагини кериб, пошнасини дўқиллатиб, бўйнини чўзиб, бўш қўлини кескин силкиб йўлакда шахдам юриб келмоқда эди.

– Михаил Петрович сиздан тайёрмисиз деб сўрагин деган эдилар, – деди секретарь унга.

– Албатта, доим тайёрман, – деди прокурор ёрдамчиси. – Қайси иш олдин кўрилар экан?

– Заҳарлаш.

– Жуда соз, – деди прокурор ёрдамчиси, аммо, аслида, буни жуда соз эмаслигини биларди, чунки тун бўйи ухламаган эди. Улар бир ўртоқларини кузатишиб, жуда кўп ичишган, соат иккигача қарта ўйнашган, кейин хотинлар ёнига, бундан олти ой муқаддам Маслова яшаган уйга боришган эди. Шунинг учун ҳам заҳарлаш ҳақидаги иш билан танишиб чиқишга қўли тегмаган, энди бир кўз югуртириб чиқмоқчи эди. Секретарь бўлса, унинг заҳарлаш ҳақидаги иш билан танишмаганлигини билатуриб, атайлаб раисга шу ишни олдин кўришни маслаҳат берган эди. Секретарь либерал, ҳатто кескин чоралар кўриш тарафдори бўлган киши эди. Бреве бўлса аксилҳаракатчи ва Россияда хизмат қилаётган барча немислар сингари православияга содиқ эди. Шу сабабдан секретарь уни ёмон кўрар ва унинг мансабига ҳасад қиларди.

– Одам бичиш иши-чи? – деб сўради секретарь.

– Ҳозир кўролмайман дедим-ку, – деди прокурор ёрдамчиси, – гувоҳлар бўлмаганидан кейин нима қиламиз, судга ҳам худди шундай дейман. Бошқа ҳеч иложи йўқ, вассалом!

– Ахир, барибир…

– Бўлмайди, – деди прокурор ёрдамчиси ва боягидек қўлларини силкитиб кабинетига кириб кетди.

У скопецлар ҳақидаги ишни арзимаган ва кераксиз гувоҳнинг келмаганини баҳона қилиб, жўрттага орқага сурарди, чунки бу иш зиёли маслаҳатчилар иштирокида кўриладиган бўлганидан, скопецлар оқланиб кетиши мумкин эди.

Раис билан гапни бир жойга қўйиб, ишни уезд шаҳри сессиясига ўтказишга қарор қилган эдилар, зеро, у ерда кўпчилик деҳқонлар бўлгани учун судланувчиларни қоралаш осонроқ бўлар эди.

Йўлакда у ёқдан бу ёққа тез-тез юра бошладилар. Айниқса, фуқаролар бўлими зали ёнида, яъни бояги суд ишларининг ишқибози бўлган басавлат жаноб ҳикоя қилган иш кўрилаётган зал ёнида одам кўп эди. Танаффус пайтида шу залдан ўша кампир чиқди. Бояги машҳур адвокат кампирнинг мол-мулкини бир корчалоннинг фойдасига ҳал қилиб берган эди. Корчалоннинг бу мол-мулкка ҳеч қандай ҳақи йўқ, буни судлар ҳам, даъвогар ҳам, айниқса адвокатнинг ўзи ҳам жуда яхши билишарди; аммо, улар ишни шундай олиб борган эдиларки, кампирнинг мол-мулкини тортиб олиб, корчалонга бермасликнинг иложи йўқ эди. Кампир яхши кийинган, шляпасига каттакон гул таққан семизгина хотин эди. У эшикдан чиқиб, йўлакда тўхтади-да, семиз, калта қўлларини кериб, ўз адвокатига қараб, ҳадеб:

– Бу қандай гап, ахир? Худо хайрингизни берсин! Ахир, бу қандай гап? – дер эди. Адвокат эса унинг шляпасидаги гулга тикилганича, гапига қулоқ солмай, алланима тўғрисида бош қотирарди.

Кампирнинг кетидан фуқаролар бўлими залининг эшигидан олди очиқ жилети ичидан кўриниб турган крахмалланган кўйлагини кўз-кўз қилиб, ўша машҳур адвокат чиқиб келди; у гул таққан кампирни шип-шийдам қилиб, ўзига ўн минг сўм берган корчалонни юз мингдан ортиққа эга қилганидан ғоятда мағрур кўринарди. Барча кўзлар адвокатга тикилди, у буни сезди-да, гўё бутун кўриниши билан: «Садоқатингизни кўрсатмай қўя қолинглар», дегандай одамлар олдидан тез-тез ўтиб кетди.

VII

Ниҳоят, Матвей Никитич, бўйни узун, қотмадан келган, пастки лаби қийшиқ, бир ёнбошга шох ташлаб юрадиган суд пристави ҳам келиб, маслаҳатчилар хонасига кирди.

Бу суд пристави виждонли, университетни битирган киши эди-ю, лекин сурункасига ичгани учун бир жойда узоқ ишламасди. Бундан уч ой муқаддам хотинининг ҳомийси бўлган бир графиня уни шу ишга жойлаб қўйган эди. Шу вақтгача ишлаб келганидан у жуда хурсанд эди.

– Хўш, жаноблар, ҳамма келиб бўлдими? – деди у рinse-nez тақиб ва рinse-nez устидан қараб.

– Ҳамма шу ерда шекилли, – деди хушчақчақ савдогар.

– Хўп, ҳозир текшириб кўрамиз, – деди суд пристави ва чўнтагидан бир варақ қоғоз олиб, номма-ном чақира бошлади ва номи чиққанларни гоҳ рinse-nez тепасидан, гоҳ рinse-nez орқали кўздан кечира бошлади.

– Статский советник И. М. Никифоров.

– Мен, – деди барча суд ишларидан хабардор басавлат киши.

– Истеъфодаги полковник Иван Семёнович Иванов.

– Шу ерда, – деди истеъфога чиққан ҳарбийлар киядиган мундирдаги қотма киши.

– Иккинчи гильдия савдогари Петр Баклашов.

– Бор, – деди кўнгли очиқ савдогар оғзи қулоғига етиб. – Тайёрмиз!

– Гвардия поручиги князь Дмитрий Нехлюдов.

– Мен, – деб жавоб берди Нехлюдов.

Суд пристави уни бошқалардан устун кўргандек, рinse-nez тепасидан қараб, эъзоз-икром билан таъзим қилди.

– Капитан Юрий Дмитриевич Данченко, савдогар Григорий Ефимович Кулешев ва ҳоказо, ва ҳоказолар.

Икки кишидан бошқа ҳамма маслаҳатчилар шу ерда эди.

– Энди, жаноблар, залга марҳамат қилинглар, – деди пристав тавозе билан эшикни кўрсатиб.

Ҳамма қўзғалди, эшикка етганда бир-бирларига йўл беришиб, йўлакка чиқишди, йўлакдан мажлислар залига ўтишди.

Суд зали узун, катта хонадан иборат эди. Залнинг бир томони баланд қилиб ишланиб, уч поғонали зина билан чиқиларди. Баландликнинг ўртасида тўқ яшил рангдаги шокилали яшил мовут ёпилган стол турарди. Столнинг нариги томонида баланд, эман ёғочидан ишланган сернақш суянчиқли учта кресло, креслонинг орқасидаги зарҳал ром ичида мундир кийган, лента таққан, қилич кўтариб бир оёғини олдинга ташлаб турган генералнинг портрети бор эди. Ўнг томондаги бурчакда, шкафча ичида бошига тиканли гулчамбар таққан Исо пайғамбарнинг расми ва остида икона билан китоблар қўйиладиган баланд столча, шу ўнг томонда прокурор столи турар эди. Чап томонда, столнинг рўпарасида, ичкарироқда секретарь столи бўлиб, ундан берироқда, одамларга яқинроқ ерда эман ёғочидан йўниб қилинган панжара ва панжара ичкарисида қора курси кўзга ташланарди. Баландликнинг ўнг томонида маслаҳатчилар учун суянчиғи баланд стуллар икки қатор қилиб қўйилган, пастда адвокатлар столи турарди. Шуларнинг ҳаммаси панжара билан икки қисмга ажратилган залнинг олдинги томонида эди. Залнинг орқа қисми эса, то девор тагигача, бир-биридан баланд қилиб жойлаштирилган ўриндиқлар билан банд эди. Залнинг орқа қисмида, олдинги қатордаги ўриндиқларда фабрика ишчиларидан ёки оқсочлардан бўлса керак, тўрт аёл ва икки эркак ўтирарди. Эркаклар ҳам ишчилардан бўлиб, серҳашам залнинг салобати босиб қолгандек, бир-бирлари билан шивирлашиб ўтиришарди.

Маслаҳатчилар келгандан кейин, зум ўтмай, суд пристави бир ёнига шох ташлаб ўртага чиқди ва залдагиларни қўрқитмоқчи бўлгандек:

– Суд келяпти! – деб бақирди.

Ҳамма ўрнидан турди. Залнинг баландлик қисмига судьялар олдинма-кейин чиқишди: мускулдор ва бакенбардлари таралган раис, кейин олтин кўзойнак таққан, қовоғи солиқ суд аъзоси чиқди, ҳозир унинг қовоғи баттар осилиб кетган эди, чунки мажлис бошланай деб турганда суд мансабига кандидат бўлган қайнисини учратиб, ундан опасининг ёнига кириб ўтганини, опаси тушда овқат тайёрламайман, деб айтганини эшитган эди.

– Бундан чиқди, қовоқхонага борар эканмиз-да? – деди қайниси кулиб.

– Кулгили жойи йўқ, – деди қовоғи солиқ суд аъзоси ва баттар қовоғини солиб олди.

Ниҳоят, учинчи суд аъзоси, ҳамма вақт кечикиб келадиган Матвей Никитич чиқди. Бу ёқимли, катта кўзларининг ости солқиб тушган серсоқол киши эди. У меъда касалига мубтало бўлиб, докторнинг маслаҳатига кўра, худди шу бугун эрталабдан бошлаб янги тартиб билан даволана бошлаган ва шу тартиб туфайли уйида одатдагидан ортиқроқ тутилиб қолган эди. Ҳозир, баландликка чиқиб келар экан, бир нарса устида бош қотираётганга ўхшарди, у кўнглида ўйлаб қўйган нарсаси тўғри чиқадими, йўқми, шуни билиш учун зўр бериб жавоб ахтаришга одатланган эди. Ҳозир у ўзича, агар кабинет эшигидан креслогача босган қадамимнинг сони учга қолдиқсиз тақсимланса, янги тартиб касалимни даволайди, агар тақсимланмаса, наф тегмайди, деб кўнглидан ўтказган эди, босган қадамларининг сони йигирма олтита эди, лекин у кичикроқ бир қадам ташлади-ю, йигирма еттинчи қадамда креслога етиб борди.

Зар ёқали мундирда баландликка чиқиб келган раис ва аъзоларнинг қиёфаси жуда дабдабали эди. Буни уларнинг ўзлари ҳам ҳис этардилар. Учалови ҳам ўзларининг бу қадар улуғворликларидан хижолат бўлгандек, дарров ерга қараб олдилар ва яшил мовут ёпилган столнинг нариги ёғидаги нақшинкор креслоларга ўтирдилар. Столда бургут тамғали учбурчак асбоб, буфетларда конфет солинадиган вазалар, сиёҳдон, патқаламлар, тоза қоғоз, учи очилган катта-кичик қаламлар турарди. Судлар билан прокурор ёрдамчиси ҳам кирди. У яна боягидай шошиб, портфелини қўлтиқлаган ҳолда, қўлини силкиб дераза ёнидаги ўз ўрнига бориб ўтирди-да, ишга тайёрланиш учун ҳар дақиқани ғанимат билиб, столдан бошини кўтармай қоғозларни ўқиб, кўздан кечира бошлади. Бу прокурор шу билан тўртинчи бор судда қораловчилик қилаётган эди. У жуда шуҳратпараст киши бўлиб, мансаб орттиришга қаттиқ аҳд қилиб қўйган ва шу сабабдан қораловчи сифатида қатнашадиган ҳар бир ишда орқа-ўнгини суриштирмай қоралайвериш зарур, деб ҳисоблар эди. Заҳарлаш ҳақидаги ишнинг моҳиятини тахминан билса-да, нутқининг мазмунини аллақачон тузиб олган, аммо унга баъзи ҳужжатлар етишмас, у худди ана шуларни шошиб-пишиб кўчириб олаётган эди.

Котиб баландликнинг нариги томонида ўтирар, ўқилиши эҳтимол тутилган қоғозларни тайёрлаб қўйиб, ҳозир кеча топиб: ўқиган, тақиқланган мақолани кўздан кечирмоқда эди. Бу мақола хусусида у маслакдош бўлган серсоқол суд аъзоси билан гаплашмоқчи эди, шу сабабли гаплашишдан аввал мақола билан танишиб чиқмоқчи бўлди.

1
...
...
17