Читать книгу «Ишққа оид 40 қоида» онлайн полностью📖 — Элиф Шафак — MyBook.

Элла бу ёзувларни диққат билан ўқиди, ҳар битта расмни, Азизнинг бирон изоҳини ўтказиб юбормасдан кўриб чиқди. Пастда электрон манзил берилган эди – azizZahara@gmail.com. У манзилни қоғозга кўчириб олди, кейин Румийнинг қуйидаги шеърий сатрларини кўриб қолди:

Ишқ изла оламзот, излагил ишқни! Ишқ тотин туймасдан ёруғ дунёда яшашнинг қадру қиммати йўқ – тушунгил буни.

Элла шеърни ўқиди-ю, шу заҳоти ялт этиб миясига ғалати фикр келди: Азиз 3. Захаранинг бутун блоги – ундаги фотографиялар, изоҳлар, цитаталар ва шеърлар – буларнинг ҳаммаси фақатгина унга (Эллага) мўлжаллангандай туюлиб кетди.

Кейинроқ у қаттиқ чарчоқни ва ўзидан норизолик ҳиссини туйган ҳолда дераза ёнида ўтирарди. Қуёш ботмоқда эди, ошхонани духовкада пишаётган ёнғоқли, шоколадли пирожний иси тутиб кетган эди. «Ширин шаккоклик» қўлёзмаси столда очилганча ётар, лекин Элла фикрлар ортидан шунчалар эргашиб кетган эдики, диққатини китобга тўплай олмай қолган эди.

Дабдурустдан миясига мен ҳам ҳаётнинг асосий қоидалари тўғрисида бирон нима ёзсам бўлар экан, деган фикр келиб қолди. Кейин уни балки «Кундалик рўзғор ташвишларига бўғзигача ботган уй бекасининг қирқ қоидаси» деб атаса бўлар?

– Биринчи қоида, – тўнғиллади у.

– Севги орзусига чек қўйиш керак! Турмуш қурган қирқ яшар аёл ҳаётида бундан анча муҳим бўлган нарсалар бор.

Ва бу ҳазили унга ўша анча муҳим нарсаларни эсига солди. У бошқа чидай олмай, қизига телефон қилди.

Лекин қизига эмас, автожавоб берувчи аппаратга гапиришига тўғри келди.

– Жанет, азизам, мен Скоттга телефон қилганим нотўғри бўлганини тушундим. Лекин мен буни сира ёмон хаёлда қилмадим, шунчаки аниқ ишонч ҳосил қилмоқчи эдим, холос…

Элла бирпас жим қолди, айтадиган гапларини олдиндан тайёрлаб қўймаганига афсусланди. Автожавоб берувчининг шовқини унинг асабига тегарди.

– Жанет, мени кечир. Мен асли шундай ажойиб оилам борлиги учун хурсанд бўлишим кераклигини биламан. Лекин… агар билсанг… мен жуда бахтсизман…

Шиқ этган овоз эшитилди. Автожавоб берувчи ўчган эди. Беихтиёр оғзидан чиқиб кетган охирги сўзларидан юраги қаттиқ қисилди. Нима бўлди, мени жин

урдими? Ахир унинг миясига ҳеч қачон мен бахтсизман, деган фикр келмаган эди-ку! Наҳотки инсон ўзининг эзилиб юрганини ўзи билмаса? Энг ажабланарлиси, шу гапни айтганидан заррача афсусланмади ҳам.

Элланинг кўзи Азиз 3. Захаранинг электрон манзили ёзилган қоғозга тушди. Манзил жуда оддий эди, бу уни гўё ниманидир ёзишга чорлаётгандай эди. Элла узоқ ўйлаб ўтирмасдан компьютер олдига ўтирди ва хат ёза бошлади:

Қадрли Азиз 3. Захара!

Менинг исмим Элла ва мен адабиёт агентлигининг топшириғи билан Сизнинг «Ширин шаккоклик» романингизни ўқияпман. Ҳозирча унинг фақатгина бир неча варағини ўқишга улгурган эсам-да, у менга жуда ёққанини тан оламан. Босснинг бу борадаги қараши қандай бўлишидан қатъи назар, менинг шахсий фикрим шу. Сиз билан битим тузиш ё тузмаслик масаласида у буни назарга олади, дея олмайман ҳам.

Назаримда, Сиз ҳаётнинг маъноси ишқда эканига ва бошқа ҳамма нарсалар катта аҳамиятга эга эмаслигига ишонасиз. Афсуски, мен бу фикрингизга унча қўшила олмайман. Лекин Сизга ёзаётганимнинг сабаби бу эмас.

Мен Сизнинг «Ширин шаккоклик» романингизни ўқишим ажабланарли тарзда ўз ҳаётимда содир бўлган кутилмаган бир ҳодиса билан бир вақтга тўғри келиб қолгани учун ёзмоқдаман. Ҳозир мен катта қизимни жуда эрта турмуш қуриш керак эмаслигига ишонтиришга уринаётган эдим. Куни кеча мен унинг йигитидан улар бу режаларидан қайтишларини илтимос қилдим. Энди эса қизим мендан нафратланаяпти ва мен билан гаплашмаяпти ҳам. Менимча, қизим Сиз билан ҳамфикр бўлса керак, чунки иккингизнинг ҳам севгига бўлган қарашларингиз бир хил.

Сизга ўз муаммоларим юкини ортганим учун узр сўрайман. Мен буни истамаган эдим. Блогингизда ҳозирда Сиз Гватемалада эканингиз айтилган экан. Дунё бўйлаб саёҳат қилиш ажойиб бўлса керак. Агар Сиз мабодо Бостонга ҳам келиб қолсангиз, балки учрашиб, бир финжон қаҳва ичиш чоғида суҳбатлаша олармиз.

Сизга барча эзгуликларни тилаган ҳолда

Элла.

Элла ўзининг шинам сокин ошхонасида ўтирган ҳолда, яқин орада ҳам, олис келажакда ҳам учратиши мумкинлиги сира кутилмаган, номаълум бир инсонга бу хатни қандай ёзиб юборганини ўзи ҳам англамай қолди.

Устоз

1242 йил, апрель, Бағдод.

Шамс Табризийнинг келгани Бағдодда билинмади, аммо мен унинг дарбадар дарвишларнинг ночоргина қўналғасида биринчи марта пайдо бўлган кунни сира эсимдан чиқармайман. Ўша куни биз эътиборли меҳмонларни кутаётгандик. Қозикалон ўз яқинлари билан бизникига ташриф буюрган эди; мен унинг ташрифи оддий дўстлик изҳоридан каттароқ бўлса керак, деган фикрда эдим. Сўфизмга салбий муносабатда экани маълум бу қози бизни, шунингдек, ўзига тегишли бу минтақадаги барча сўфийларни ўз назорати остидан четда эмаслигимизни менга эслатмоқчи бўлиб келган эди.

У кенг юзли, қорни осилган ва калта бармоқларига қўша-қўша узуклар тақиб олган эди. Қозига овқатдан парҳез қилиш жоиз эди, лекин ҳеч ким, ҳатто ўз табиблари ҳам бу ҳақида унга оғиз оча олмаган бўлсалар керак, деб ўйлайман. Бизнинг томонларда обрўси катта эди. Ундаги иззатталаблик ва ҳукмдорлик майлининг кучлилиги элга достон бўлган эди. Таниқли имомлар оиласига мансуб бу киши учун бир қалам тортиш билан истаган кишисини дор остига равона қилиш ёки худди шу зайлда жиноятчини кечириб, зиндондан чиқариб юбориш чўт эмас эди. У ҳамиша кимхобдан ва бошқа қимматбаҳо матолардан тикилган кийимлар кийиб юрар ва ўз ҳукмдорлигига ишончи катта эди. Менга унинг ўзига бино қўйганлиги ёқмас эди, лекин жамоамиз тинчини кўзлаб бу ҳокимият вакили билан яхши муносабатда бўлишга уринар эдим.

– Биз дунёдаги энг бадавлат шаҳарда истиқомат қилмоқдамиз, – дер эди қози оғзига анжир соларкан.

– Бугун Бағдод мўғуллардан қочган қочоқлар билан тўлиб кетди. Биз уларга бошпана бераяпмиз. Бугун Бағдод дунёнинг марказига айланди, шундайми, Бобо Замин?

– Бу шаҳар ҳақиқий хазина, – эҳтиёткорлик билан дедим мен.

– Лекин шаҳарлар ҳам бандаларга ўхшашини эсимиздан чиқармаслигимиз керак. Улар ҳам туғилишади, болалик ва ёшлик даврларини бошдан кечиришади, кейин кексайишади ва охири қазо қилишади.

Ҳозир Бағдоднинг айни ёшлик чоғи. Гарчи биз ҳозир халифа Хорун ар-Рашид давридагидек бой бўлмасак-да, шаҳримиз савдо-сотиқ, санъат ва шеърият маркази эканидан фахрлансак арзийди. Бироқ минг йилдан кейин Бағдод қандай бўлишини ҳеч ким билмайди.

Ҳаммаси ўзгариб кетиши мумкин.

– Бу тушкунлик қаёқдан келди? – Қози бош чайқади ва бошқа идишдаги хурмога қўл чўзди.

– Аббосийлар ҳукмдорлиги абадий қолади ва биз ҳамиша гуллаб-яшнаймиз. Агар хоин ва бузғунчилар ўрнатилган тартиботни бузишга ҳаракат қилишмаса, албатта.

Ўзларини мусулмон деб атайдиган, аммо кофирлардан ҳам бадтар хавфли кимсалар бор. Зеро, динимизни нотўғри талқин этишдан кўра хавфлироқ ҳеч нима йўқ.

Мен унга жавоб бермасликни лозим топдим. Қози исломни сўфиёна ва қисман индивидуалистик талқин этганларни бузғунчилар деб ҳисоблаши маълум эди. У бизни дин Қонунлари (Ақидалар)га ва маросимларга беписандликда ва шунинг туфайли, ўзи каби ҳокимиятнинг бошқа вакилларини ҳам ҳурмат қилмасликда айблар эди. Гоҳо менга у барча сўфийларни Бағдоддан ҳайдаб чиқаришга тайёр тургандай туюларди.

– Сизнинг биродарларингиз безарардирлар ва лекин барча сўфийлар Қонунга қатъий бўйсунадилар деб бўладими? – сўради қози соқолини силаркан.

Унга қандай жавоб бериш мумкин? Худога шукурки, айни шу пайт эшик тақиллаб қолди. Малласоч хизматчи ёнимга келиб қулоғимга бир дарбадар дарвиш меҳмон бўлиб келганини, у мен билан, албатта, боғланиши кераклигини ва бошқа ҳеч ким билан гаплашмоқчи эмаслигини таъкидлаётганини айтди.

Бундай ҳолларда мен одатда меҳмон кутиб туришини ва токи келган одамларни кузатмагунимча уни холи бир хонага олиб киришларини ва овқатлантиришларини сўраган бўлар эдим. Лекин ҳозир қози мени ноқулай аҳволга солиб қўйгани учун, бу дарбадар дарвишни ёнимизга таклиф этсам ёмон бўлмаса керак: балки у турли мамлакатларда кўрган-кечирганларини ҳикоя қилиб, вазиятдаги тарангликни юмшатар, деб ўйлаб қолдим. Шу ўй билан меҳмонни ёнимизга таклиф этишларини сўрадим.

Бир неча дақиқадан сўнг эшик яна очилиб, бошдан-оёқ қора кийим кийган одам кириб келди. Озғин, ҳолдан тойган, ёши нечадалигини билиб бўлмайдиган бу одам дарҳол диққатимни ўзига тортди. Қирра бурунли, ичкарироқ ботган қора кўзли ва қора қошли, пешонасига қалин жингалак сочлари тушиб турарди.

Қайтарма ёқасига қалпоқ қўшиб тикилган узун плащ ва қўй терисидан тикилган этик кийган эди. Бўйнида бир неча тумор осилиб турарди. Қўлида ёғоч косасини – дарбадар дарвишларнинг хайр-эҳсон солинадиган идишини ушлаб турарди – бу иззатпарастлик ва кибрнинг енгиб ўтилганлиги мажози эди. Менга унинг қози ва унинг ҳамроҳларига унча эътибор бермагани дарҳол равшан бўлди. Унинг ўзини дайди ёки гадой сифатида қабул қилишлари мумкинлигининг ҳам унга фарқи йўқдай эди.

Мен кириш ва ўзини танитиш учун рухсат беришларини кутиб, эшик олдида турганини кўрганимдаёқ унинг бошқа дарвишларга ўхшамаслигини дарров илғадим. Бу унинг кўзларида, хатти-ҳаракатларида, бутун қиёфасида кўриниб турарди. У кичкина ва заиф бир зарра бўлиб кўрингани билан, бамисоли қудратли эман дарахти уруғини ўз ичига олган меваси каби эди.

– Хуш келибсан, дарвиш, – дедим мен ва қўлим билан рўпарамдаги кўрпачадан жой кўрсатдим.

Дарвиш ҳамма билан саломлашиб, атрофдаги барча одамларга эътибор билан ва ҳеч нарсани назаридан четда қолдирмаган ҳолда ўтирди. Кейин унинг нигоҳи қозида тўхтади. Назаримда, улар бир дақиқадан кам бўлмаган вақт мобайнида бирон бир сўз айтмаган ҳолда, бир-бирларидан кўз узмай қолишди. Улар – ижтимоий пиллапоянинг буткул қарама-қарши томонларида турган бу кишилар – бир-бирлари ҳақларида нималарни ўйлаётганлари мен учун жуда қизиқ эди.

Мен дарвишни илиқ эчки сутидан ичишга, ширин анжир ва хурмодан тановул қилишга таклиф этдим, лекин у буларни одоб билан рад этди. Исмини сўраганимда исми Шамс Табризий эканини ва у Худо излаб кезган дарбадар дарвиш эканини айтди.

– Хўш, топдингми Уни? – сўрадим мен.

Дарвишнинг юзига соя тушгандай бўлди; у бош ирғитди.

– Албатта, У ҳамиша ва ҳамма ёқда мен билан бирга.

Қози одоб сақлашни хаёлига ҳам келтирмасдан, ҳингиллаб кулди:

– Нима учун сиз дарвишлар ўз ҳаётингизни бу қадар мураккаблаштириб юборасиз, шуни ҳеч қачон тушунмаганман. Ҳамон Худо ҳамиша ва ҳамма ёқда сен

билан бирга экан, нима учун дунё кезиб Уни излаб юрасан?

Шамс бир зум бошини қуйи солди ва бир неча дақиқа жавоб қилмади. Кейин бошини кўтарди. Унинг чеҳраси сокин, овози бир текис эди:

– Чунки Уни фақат излаганлар топа оладилар.

– Бу сўз ўйини, – масхараомуз кулди қози.

– Сен бизни бир умр бир ерда яшаб келаётганимиз учун Худони топа олмайсизлар, демоқчимисан? Бўлмаган гап.

Ҳамма сенга ўхшаб жулдур кийимлар кийиб, дарбадар юриши шарт эканда.

Кулгу овозлари келди: одамлар шу зайл ўзларининг қози билан ҳамфикр эканликларини билдирардилар. Бу бахтсиз, заиф, ҳукмронлик лавозимидаги одамларга ёқишни истайдиган кишилар кулгуси эди.

Мен алланечук бўлиб кетдим. Қози билан дарвишни бирга учраштириб, хато қилиб қўйганим равшан эди.

Шамс қозига дейди:

– Назаримда, сиз мени тўғри тушунмадингиз. Мен инсон туғилган шаҳрида Худони топа олмайди, деганим йўқ. Худони қаерда бўлманг, ўша ерда топиш мумкин, – давом этди дарвиш.

– Бирон марта ҳам ўз уйидан кетмаган, шунга қарамай, Худони топган инсонлар ҳам бор.

– Тўғри! – қувонч билан хитоб қилди қози, лекин унинг хурсандлиги узоққа бормади.

Дарвиш гапида давом этди:

– Мен ҳозир сиз кийиб юрганингиздек, кимхоб ва ипак матолардан тикилган либослар кийиш ва қимматбаҳо тақинчоқлар тақиш билан киши Худони топа олмаслигини назарда тутган эдим, қозикалон.

Хонага оғир сукунат чўкди. Ҳамманинг нафаси ичида эди.

– Сени дарвиш десам, тилинг ҳаддан зиёд ўткир-ку, – деди ниҳоят қози.

– Агар бурч тақозо этса, бутун дунё ҳиқилдоғимдан олиб, жим бўлишга мажбур этмоқчи бўлса ҳам, айтишим керак бўлган нарсани айтаман.

Қози қовоғини уйди, кейин худди муросага келган каби елкаларини қисди.

– Борингки, – шундай бўла қолсин, – деди у.

– Майли, бизга сен кабилар ҳам керак. Сен келишингдан салгина олдин биз айнан шаҳримизнинг нақадар гўзаллиги ҳақида гаплашаётгандик. Сен кўп жойларни кўрган бўлсанг керак. Айт-чи, дунёда Бағдоддан гўзалроқ шаҳар борми?

Ўтирганларга бир-бир қараб чиқаркан, Шамс овозини баландлатмай деди:

– Сўзсиз, Бағдод – буюк шаҳар, лекин дунёвий гўзалликнинг умри қисқа бўлади. Шаҳарлар унда яшовчи

инсонларнинг қалблари туфайли равнақ топади. Агар бу қалбларда Ҳаққа ишонч йўқолган бўлса, шаҳарлар ҳам таназзулга учрайди. Ҳамиша шундай бўлади.

Мен ўзимни тута олмай бош ирғидим. Шамс Табризий менга ўгирилди ва мен унинг кўзларида дўстона ҳамфикрликни кўрдим. У менга қараб тураркан, назаримда, қуёшнинг илиқ нурлари теккандай бўлди. Шунда мен унинг исми жисмига монанд эканини англадим.

Бу инсондан ҳаётий қувват таралиб турарди. У чиндан ҳам Шамс – «қуёш» эди.

Лекин қози бундай фикрда эмас эди:

– Сиз, сўфийлар, ҳамма нарсани ҳаддан зиёд мураккаблаштирасиз. Худди шоирлар ва файласуфлар каби.

Шунча гапнинг нима кераги бор? Одамларнинг эҳтиёжлари жуда оддий. Йўлбошчилар уларнинг шу оддий эҳтиёжлари қондирилишини ва ҳеч ким тўғри йўлдан оғмаслигини назорат қилиб турсалар бўлди. Бунинг учун эса улар қонунлар (шариат)га оғишмай амал қилишлари етарли.

– Қонун, мисоли шам, – жавоб қилди Шамс Табризий, – у ёритади. Лекин биз қоронғуда шам ёруғида фақат бир ердан бошқа ерга ўтишимиз мумкинлигини

ҳам унутмаслигимиз керак. Агар биз бор эътиборимизни фақат шамга қаратиб, аслида қаёққа кетаётганимизни (йўлни) унутсак, яхши бўладими?

Қозининг башараси буришиб кетди. Қиёфаси тунд эди. Мен қўрқиб кетдим. Иши одамларни сўроқ қилиш ва жазолаш бўлган қози билан Ақоид борасида бундай гап талашиш дарё оқимининг хавфли жойига бориб қолишидай гап эди. Шамс буни билармикин?

Дарвишни бу ердан олиб чиқиб кетиш учун баҳона излар эканман, унинг овозини эшитдим:

– Ҳамма учун умумий бўлган бир қонун бор.

– Бу қандай қонун? – гумонсираб сўради қози.

Шамс гавдасини тик қилди, нигоҳини кўринмас бир китобга қаратгандай эди ва деди:

– Ҳар бир инсон Муқаддас Қуръонни ўз лаёқатида ва моҳиятга кира олиши даражасида тушуна олади.

Бунда тўрт даража бор. Биринчиси, ташқи даража ва кўпчилик шу даража билан қаноатланади. Иккинчиси, ички даража. Учинчиси, ичкининг ичкиси. Тўртинчиси эса шудай чуқурки, уни сўзлар воситаси ила ифодалаб бўлмайди, шунинг учун уни тафсирлаб ҳам бўлмайди, тафсирланмаганича қолади.

Бутун эътиборни шариатга қаратган уламолар, – кўзлари ялтираб давом этди Шамс, – ташқи маъноларни билишади. Сўфийлар ички маъноларини биладилар. Авлиёлар ичкининг ичкисини биладилар. Тўртинчисини эса, фақат Худога яқин турувчи пайғамбарлар биладилар.

– Сен оддий сўфий Қуръонни илоҳиётчи олимдан чуқурроқ тушунди, демоқчимисан? – сўради қози бармоқлари билан пиёлани чертар экан.

Дарвишнинг лаблари билинар-билинмас кинояли жилмайишга бурилди ва жавоб қилмади.

– Эҳтиёт бўл, биродар, – деди қози.

– Сен айтган гап билан яширин ширк орасида масофа жуда яқин.

Унинг сўзларида таҳдид бор эди, дарвиш буни илғамаганга солди.

– Очиқ ширк нима ўзи? – савол берди у. Жавоб бўлмагач, оғир хўрсинди.

– Рухсатингиз билан бир ривоятни айтиб берай.

Бир куни Мусо пайғамбар ёлғиз ўзи тоғу тошларда кетаётиб бир чўпонга дуч келипти. Чўпон қўлларини осмонга кўтариб, Худога нола қиларди: «Эй Художон, Сен қаердасан, кел, сочларингни битдан тозалай, қулоқларингни тозалаб қўяй, сенга чориқ тикиб берай ва наинки ўз жоним, балки қўйларим, фарзандларим ҳам сенга қурбон бўлсин. Қаердасан, бориб, дастёринг бўлсам, сут, қаймоқларим билан қорнингни тўйдирсам, бошинг оғриса, силаб-сийпасам, юз-кўзингдан ўпсам.

Оёқларингни уқаласам…»

Буларни эшитган Мусо чўпонни койиб кетипти:

«Эй, гумроҳ, тўхта! Сен нималар деяпсан ўзи? Ахир Худо чориқ ҳам, тўн ҳам киймайди, емайди ҳам, ичмайди ҳам, Уни нега ўзингга ўхшатасан. У Қуёш мисоли, сен эса мисоли бир чивинсин…» Чўпон бу гапларни эшитиб хижолатдан уялиб, қаттиқ хафа бўлганча жим қолипти.

Кейин Мусо унга бир нечта дуони ўргатиб, қайтиб кетипти.

Ўша куни кечаси Мусо овоз эшитипти. Бу Парвардигори оламнинг овози эди.

«Эй Мусо, сен нима қилиб қўйдинг? Сен чўпонни мен учун нақадар қадрли эканини билмасдан уни койидинг. У балки қоидага мувофиқ дуо қила олмагандир ҳам, лекин у оташин сўзлаётган эди. Унинг қалби, ниятлари тоза эди. Балки унинг сўзлари сенинг қулоқларингга шаккоклик бўлиб эшитилгандир, лекин Мен учун улар ширин шаккоклик эди».

Мусо (а.с.) ўзи хато қилиб қўйганини дарҳол тушунди. Эртаси эрта билан туриб, тоққа, чўпон билан учрашган ерига борди. Уни топди. Бу сафар чўпон у айтгандай дуо ўқирди. У эҳтироссизгина қилиб, тушунарсиз жумлаларни валдирарди. Қилган ишидан афсусланган Мусо (а.с.) чўпонни елкасидан қоқипти ва

депти: «Дўстим, мен сенга ноҳақлик қилибман. Илтимос, мени кечир. Сен ўзинг билганингдай дуо қил. Худо учун асосийси шу».

Буни эшитиб, чўпон енгил тортипти. Аммо у аввалги ўз дуосига қайтмапти. Лекин Мусо ўргатган дуо ҳам унга маъқул кўринмапти. У Худо билан гаплашмоқнинг бошқа усулини топибди. Чунки Худога беғубор ишқи ёққанидан энди ўзининг аввалги ширин шаккоклиги даражасидан юқорироқ поғонага кўтарилган эди.

– Бундан кўринадики, одамлар Худо билан қандай гаплашишларига қараб ҳукм чиқариш керак эмас экан, – ривоятдан хулоса чиқарди Шамс.

– Ҳар бир инсоннинг ўз йўли ва ўз дуоси бор. Худо биз ҳақимизда айтган сўзларимизга қараб ҳукм чиқармайди. У бизнинг қалбимизга теран назар солади. Қонун-қоидалар (ақидалар) асосий эмас, асосийси, бизнинг қанчалар софлигимиз.

Қозига зимдан назар солар эканман, унинг сокин ва ўзига ишонч билан ўтириши ниқоб эканини, бу ниқоб остига ғазаб яширинганини тушундим. Айни чоғда, ақлли одам сифатида у ўзининг ноқулай вазиятга тушиб қолганини тушунар эди. Қоидага кўра дарвишни қўполлиги учун жазолаш керак эди, лекин у ҳолда бу оддий дарвишнинг қозикалонга қарши гапиришга журъат қилгани ҳаммага маълум бўлиб қолар эди. Шунинг учун ўзини гўё бу ривоятга алоқаси йўқдай, бепарво тутиши афзалроқ эди.

Қуёш бота бошлаган эди. Қози, уни муҳим ишлар кутиб турганини айтиб, ўрнидан турди. Менга бош ирғитиб ва Шамс Табризийга совуқ қараш қилиб, хонадан чиқди. Унинг мулозимлари кетидан эргашдилар.

– Қози сени ёмон кўриб қолди, деб қўрқаман, – дедим мен дарвиш билан ёлғиз қолганимизда.

Шамс сочларини юзидан олиб ташлади ва жилмайиб қўйди:

– О, ҳечқиси йўқ. Мен одамларга камдан-кам ёқаман. Бунга ўрганиб қолганман.

Мени қўрқув босди. Бундай меҳмонлар бизда унча кўп учрамаслигини англаб турардим.

– Сени Бағдодга нима етаклаб келди, дарвиш?

Мен унинг жавобини жуда билгим келарди, лекин, шуниси қизиқки, уни эшитишдан қўрқар эдим ҳам.

Элла

2008 йил, 20 май, Нортгемптон.

1
...