У ишонқирамай, беихтиёр ўзини четга олди. Шунга қарамасдан ўнг қўлидан тутдим ва кафтини тепага қаратиб очдим, у мени итариб ташламади. Кафтидаги – чуқур, нотекис, тақвосиз ҳаётдан дарак берувчи чизиқларни ўргана бошладим. Секин-аста унинг аурасидаги зангга яқин жигаррангни ва деярли кулрангга яқин оч ҳаворангларни илғай бошладим. Унинг руҳий қуввати анча камайган ва заифлашиб қолган, ташқи дунё билан курашишга бошқа кучи етмай қолаётгандай эди. Бу одам ўз ички дунёсида мисоли қуриб қолган ўсимлик каби нотирик эди.
Ички дунёсини бой бергач, у жисмоний кучини икки баробар оширган, бундан кўп фойдалана бошлаган эди.
Шу тобда менинг юрагим тез-тез ура бошлади, чунки ниманидир кўра бошлаган эдим. Манзара тобора ойдинлаша борар эди.
Қизғиш-қўнғир сочли ва ялангоёқларининг териси остига нақш (татуировка) чизилган, елкасига гулдор шол рўмол ташлаб олган ёш аёл.
– Сен севгилингдан жудо бўлгансан, – дедим мен ва унинг чап қўлини олдим.
Кўкраклари сутга тўлган, қорни эса шундай тарангки, яна бироз катталашса – ёрилиб кетгудай. У ёнаётган кулба ичида бўлган. Атрофда кумуш югуртирилган эгарлар билан эгарланган отларни минган жангчилар. Ёнаётган одам гўшти ҳиди келаётган оғир ҳаво. Отлиқларнинг бурунлари кенг ва ясси, бўйинлари калта ва йўғон, юраклари эса тошдан қаттиқ. Чингизхоннинг қудратли қўшини.
– Сен бирйўла икки севимли одамингдан жудо бўлибсан, – гапимни тузатдим мен.
– Хотининг биринчи болангга юкли бўлган экан.
Карвонсарой эгаси ўзининг чарм этигидан кўзларини узмаган ҳолда, қошларини қаншарида туташтирди, кейин лабларини қаттиқ қимтиди, юзи маъносиз
тус олди. Шу бир дақиқа ичида у кўп йилларга қариб қолгандай эди.
– Ҳозир айтадиган гапларим балки сени юпатмаса ҳам керак, лекин сен буларни билишинг керак деб ўйлайман, – дедим мен.
– У оловдан ҳам, тутундан ҳам ўлмаган. Шифтдаги тахта бошига тушиб кетган. У шу заҳоти, оғриқни ҳис этмаёқ ўлган. Сен ҳамиша уни қаттиқ азоб чеккан деб ўйлаб келгансан, аслида эса бундай бўлмаган.
Хўжайин бамисоли кўринмас оғир юк остида қолгандай букчайди.
– Сен қандай билдинг? – ғижирлаб сўради у.
Мен унинг бу саволига жавоб бериб ўтирмадим.
– Сен уни урф-одатга кўра дафн қила олмаганинг учун ўзингни айблаб келгансан. Сен ҳамон тушларингда унинг кўмилган чуқурдан эмаклаб чиқаётганини кўрасан. Булар тафаккуринг ўйинлари. Аслида эса хотининг ва ўғлингни аҳволи ёмон эмас, улар нур парчалари каби абадият бағрида саёҳат қилиб юришипти.
– Кейин ҳар бир сўзимни чертиб-чертиб шуни ҳам қўшиб қўйдим. – Сен энди қайтадан қўйга айланишинг мумкин, чунки сенинг қалбинг ўзи шундай.
Менинг гапларимни эшитиб бўлгач, хўжайин қўлини товада куйдириб олгандек, шошилинч тортиб олди.
– Дарвиш, сен менга ёқмадинг. Бугунча бу ерда қоласан, лекин эртага мен сенинг қорангни ҳам кўрмай.
Сени кўрарга кўзим йўқ.
Ҳамиша шундай бўлади. Ҳақиқатни айтсанг, сени ёмон кўришади. Ишқ ҳақида қанча кўп гапирсанг, сендан шунча қаттиқ нафратланишади…
Элла
2008 йил, 8 май, Нортгемптон.
Дэвид ва Жанет билан бўлиб ўтган жанжалларидан кейин Элла ўзини суви сиқиб олинган лимондай ҳис этди, бир муддатга «Ширин шаккоклик» ни нари сурди.
Назарида қаттиқ биқирлаб (жўш уриб) турган қозоннинг қопқоғи бироз очилган-у, ундан буғ билан бирга жанжал ва ранжу аламлар эркинликка ёриб чиқаётгандай эди. Бахтга қарши, қопқоқни унинг ўзи суриб қўйган – Скоттга телефон қилиб, ундан қизини ўз ҳолига қўйишини илтимос қилган эди.
Элла кейинроқ ўзининг телефонда Скоттга айтган гаплари учун қаттиқ афсусланди. Лекин май ойининг ўша кунида Элла тўғри иш қилаётганига шунчалар амин эдики, ҳатто ўзининг бу аралашуви қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини бир дақиқа бўлса ҳам хаёлига келтирмаган эди.
– Cалом, Скотт. Мен Элламан, Жанетнинг ойиси.
– Элла худди қизининг дўстига ҳар куни телефон қилиб
юргандай қувноқ оҳангда гапиришга ҳаракат қилди.
– Сен бир дақиқага бўшмисан?
– Миссис Рубинштейн, бемалол, нима хизмат? – сустгина оҳангда, лекин одоб сақлаган ҳолда деди Скотт.
Элла яна ҳам кучлироқ одоб сақлаган ҳолда шахсан унга қарши ҳеч нима йўқлигини, лекин уйланиш учун у ҳали жуда ёшлигини ва ҳаётни жуда кам билишини айтди; вақти келиб буни унинг ўзи ҳам тушунишини ва ҳатто ўз вақтида огоҳлантиргани учун ундан миннатдор бўлишини айтди. Кейин яна никоҳни эсдан чиқаришини ва бу суҳбатни ҳеч кимга айтмаслигини илтимос қилди.
Орага сукунат чўкди.
– Миссис Рубинштейн, – деди ниҳоят Скотт тилга кириб.
– Биз Жанет билар бир-биримизни севамиз.
Буни тушунсангиз керак.
Яна севги ҳақида гапиради-я! Наҳотки одамлар севги туфайли бошқа ҳамма нарсага кўз юмиш мумкин, деб ўйлайдиган даражада содда бўлишса?!
Элла буни унга айтмади.
– Мен сенинг туйғуларингни тушунаман, – деди у.
– Менга ишон, тушунаман. Лекин сен ҳали ёшсан, олдинда эса узун ҳаёт турипти. Ким билсин, балки эртага бошқа қизни севиб қоларсан?
– Миссис Рубинштейн, мен қўполлик қилмоқчи эмасман, лекин сизнингча, бу ҳаммага ҳам, жумладан, сизнинг ўзингизга ҳам тааллуқли эмасми? Ким билсин? Балки эртага сиз ҳам бошқа бир эркакни севиб қолишингиз мумкиндир.
Элла кинояли кулиб юборди ва бу кулгу кутганидан баландроқ чиқди.
– Мен турмушга чиққан катта ёшли аёлман. Мен аллақачон ўз танловимни қилиб бўлганман. Ва эрим ҳам шундай. Мен айни шу ҳақида гапираяпман. Никоҳ
– жиддий иш ва унга катта эҳтиёткорлик билан қадам қўйилади.
– Сизнингча, мен бир кун келиб бошқа қизни севиб қолишим мумкин бўлгани учун, қизингизни севсам ҳам, унга уйланмаслигим керакми? – сўради Скотт.
Суҳбат ҳеч қандай натижа бермади, иккисининг ҳам таъби тирриқ, ҳафсаласи пир бўлди. Гап ниҳоят тугагач, Элла ошхонага кирди ва ўз юмушларига уринди, кайфияти ёмон бўлганда у ҳамиша шундай қиларди.
Овқат пиширишга киришар эди.
Ярим соатлардан кейин Эллага эри телефон қилди:
– Сен Скоттга телефон қилиб, қизимизга уйланма, дебсанми, мен бунга сира ишона олмаяпман. Ундай қилмадим, деб айт.
Элла оғир хўрсинди:
– Гап-сўзлар бунча тез тарқалмаса! Азизим, мен сизга тушунтириб бераман.
– Тушунтиришга ҳожат йўқ. Сен нотўғри қилгансан. Скотт ҳаммасини Жанетга айтган ва қизинг қаттиқ хафа. У бир неча кун дугоналариникида яшамоқчи.
Ҳозир эса сени кўришни истамаяпти, – Дэвид бирпас жим қолди.
– Ва мен бунинг учун уни айблай олмайман ҳам.
Кечки овқатга нафақат Жанет келмади. Дэвид ҳам Эллага хабар юбориб, шошилинч иши чиқиб қолганини айтди. Қанақа шошилинч ишлигини эса айтмади.
Тушунтириш унинг одатида йўқ эди. У бошқа аёллар билан ўйнашиши, бирга бўлиши ҳам мумкин эди ва лекин кечқуран, албатта, қайтар ва уйда овқатланарди. Ораларидаги жанжал қанча чуқур бўлмасин, Элла ҳамиша кечки овқатни тайёрлар ва Дэвид уни хурсандчилик ва миннатдорлик билан ер, ликопчасига нима солиб берса, ҳаммасини еб қўярди. У ҳеч қачон раҳмат дейишни эсидан чиқармас эди ва бу чин юракдан айтилган миннатдорликни Элла хиёнат учун узр сифатида қабул қилар эди. Ва уни кечирарди. Ҳамиша кечирарди.
Бу сафар эри чегарадан чиқди, лекин бунинг учун Элла ўзини койиди. Ҳар доимгидек, «айбдор» Элла Рубинштейннинг иккинчи исми эди.
Эгизаклари билан столга ўтиргач, ундаги айбдорлик ҳиссининг ўрнини ғамгинлик эгаллади. Ташқаридан қараганда Элла доимгидай ғамхўр она бўлиб кўринаётган эса-да, лекин ичида туғён ураётган танглик тўлқинини ҳис этаётган, оғзига эса бирдан сафронинг аччиқ таъми келган эди.
Кечки овқатдан кейин у ошхонадаги стол ёнида бошланган жимжитлик ичидаги қандайдир оғирликни ҳис этган ҳолда яна узоқ ўтирди. Шунда унга бирдан
ҳамиша ўзи тайёрлайдиган овқатлар ва умуман бутун бажарадиган уй юмушлари мияни ўтмаслаштирадиган даражада зерикарли бўлиб кўринди. Элла ўзига ачиниб кетди. У ўз умрини тўғри сарфлай олмаганидан ўзига ачиниб кетди, ахир у аллақачон қирқ ёшга кирган эди.
Юраги меҳр-муҳаббатга тўла эди, лекин бу кимга керак?
Элла фикран «Ширин шаккоклик» ка қайтди, Шамс Табризийнинг характери уни ҳайратга солган эди.
«Шундай бир инсонга рўпара келсам яхши бўлармиди, – фикран ҳазил қилди у.
– Бундай инсон билан бир кун ҳам зерикиш бўлмас эди!»
Шу дам Элла хаёлан ўз рўпарасида баланд бўйли, чарм шим кийган, мотоциклистлар курткасида, қора сочлари елкасигача тушган, юз ифодалари жиддий сирли эркакни кўрди; у рулида қизил шокила осилган қизил рангли «харли-дэвидсон» (маркали) мотоциклда эди. Элла унга табассум қилди. Келишган норғул сўфий чўл йўли бўйлаб мотоциклида тез юрарди. Шундай йигит билан автостопда саёҳат қилиш ёмон бўлмас эди!
Қизиқ, Шамс унинг кафтини ўқий олган бўлармиди? Балки у Элланинг хаёллари нима учун вақти-вақти билан бунчалар қоронғулашиб кетишини тушунтириб бера олармиди? Ёки шундай катта ва меҳр-муҳаббатли оиласи бўла туриб ҳам, у нима учун ўзини бунчалар ёлғиз ҳис этишини тушунтира олар? Ва менинг аурамнинг ранги қандайлигини айтар? Бу ранглар қанчалар ёрқин? Ва умуман кейинги пайтлар ҳаётимда бирон ярақлаган (нурли) нарса бўлдими ўзи? Ёки кейингидан бошқа даврда-чи?..
Айни ўшанда, ошхонадаги стол ёнида ўтирганида, Элла ўзи айтган баландпарвоз гапларига, ўзини руҳан тетик тутишга уринишларига қарамасдан, қалбининг энг теран ерида ҳамон севги орзуси борлигини англаган эди.
Шамс
1242 йил, март, Самарқандга яқин шаҳарчадаги карвонсарой.
Карвонсаройнинг юқори қаватида ўндан ортиқ чарчаган йўловчилар уйқуга ғарқ бўлиб ётишипти.
Мен тер ва моғор иси келиб турган ўроғлиқ ўрин-кўрпаларим турган жойга етиб боришим учун аллакимларнинг қўл ё оёқларидан сакраб ўтишимга тўғри келди. Қоронғуда ётар эканман, хаёлимда кун бўйи содир бўлган ҳодисаларни баҳолар, улар орасида илоҳий ишора бўлиши мумкин бўлган ҳеч нимани шошқалоқлик ёки жаҳолат туфайли ўтказиб юбормадиммикин, дея бирма-бир кўздан кечирардим.
Менга болалигимдаёқ турли ҳодисалар намоён бўлган ва мен овозлар ҳам эшитар эдим. Мен ҳамиша Худо билан гаплашардим ва У ҳам мени жавобсиз қолдирмас эди. Гоҳо осонгина юқорига, еттинчи осмонга кўтарилардим. Гоҳида эса баҳайбат эманлар ва ер ҳиди келиб турган жойлар орасига яширинган қандайдир чуқур чоҳга қулаб тушардим. Шундай вақтларда менинг иштаҳам йўқолар ва кўп кунлар таом емай юра олардим. Мени ҳеч нима қўрқита олмас эди ва кейинчалик ўзим кўрган нарсаларни бошқаларга ҳуда-беҳудага айтавермайдиган бўлдим. Одамлар одатда ўзлари тушунмайдиган нарсаларга бепарво муносабатда бўладилар. Ва мен энг олдин айни шуни эсимда сақлаб қолдим.
Менга намоён бўлган нарсаларни нотўғри талқин этган биринчи одам отам эдилар. Мен ўз ҳимоячи-фариштамни ҳар куни кўра бошлаганимда ўн бир ёшга тўлган эдим, лекин соддалигимдан ҳаммада шундай бўлади, деб ўйлаган эдим. Бир куни отам мени келгусида дурадгор бўлишимни истаб, қарағайдан сандиқ ясашни ўргатаётганларида, мен унга ўз ҳимоячи-фариштам ҳақида айтгандим.
– Сен хаёлотга кўп бериласан, ўғлим, – деган эди у қуруққина қилиб.
– Бу хаёлларингни ҳаммага айтаверма. Қўни-қўшнилар эътиборини ўзингга тортишнинг ҳеч кераги йўқ.
Гап шундаки, бир неча кун олдин қўшниларимиз менинг ота-онамга ўзимни ғалати тутишимни, бу уларнинг болаларини қўрқитаётганини айтиб, шикоят қилишган эди.
– Мен сени тушунмайман. Нима учун ўз ота-онангга ўхшаб юришни истамайсан?
– Ҳамма болалар ўз ота-оналарига ўхшайдилар-ку. Ахар сенинг биздан фарқинг йўқ.
Ўшанда мен гарчи ота-онамни яхши кўрсам ҳам ва улар мени яхши кўрсалар ҳам, биз мутлақо ҳар хил эканимизни тушунган эдим.
– Ота, бошқа болаларингиздан фарқли ўлароқ мен бошқа тухумдан чиққандекман. Мен худди товуқ тухум босаётганда, товуқ тухумлари орасига солиб қўйилган ўрдак тухумидан чиққан кабиман. Мен бир товуқхонада бутун умрини ўтказадиган уй қуши эмасман. Сиз сувдан қўрқасиз, менга эса сув қувват беради. Сиздан фарқим шуки, мен сузишни биламан ва сузаман ҳам.
Уммон – менинг уйим. Агар мен билан бўла олсангиз, бирга сузайлик. Акс ҳолда менга халал берманг ва товуқхонангизда қолаверинг.
Отамнинг кўзлари ҳайратдан катта-катта очилди, кейин мендан четлашаётгандай кўзларини қисди.
– Сен ҳозир ўз отанг билан шундай гаплашсанг, – деди у ғамгин оҳангда, – катта бўлганингда, душманларинг билан қандай гаплашасан?
Катта бўлган сарим, турли ҳодисалар кўз ўнгимда намоён бўлишдан тўхтамас ва бу ота-онам дилларини вайрон қилар эди. Аксинча, улар кўпайиб борар, таъсир кучлари ортиб борар эди. Мен ота-онам қайғуга ботаётганини тушунар, ўзимни айбдор ҳис этар, аммо кўраётганларимни қандай тўхтатишни билмас эдим. Билган тақдиримда ҳам, балки тўхтатмас эдим. Шундан кейин уйдан бутунлай кетдим. Шундан буён «Шамс» сўзи менинг тилимдаги энг ширин, энг ёқимли, энг азиз сўзга айланди. Болалигимдан хотира бўлиб фақат учта ҳид қолди: кесилган дарахт ҳиди, кўкнор уруғи суртиб ёпилган ноннинг ҳиди ва ердаги юрганда ғирчиллайдиган юпқа қор ҳиди.
Шундан буён мен дарбадар кезувчи дарвишман, ҳеч ерда бир кундан ортиқ тунамайман, ҳеч қачон бир идишдан икки марта овқат емайман ва ҳар куни атрофимда ҳар хил одамларнинг юзларини кўраман. Оч қолмаслик учун, одамларнинг тушлари таъбирини айтиб, уч-тўрт танга пул топаман. Шу алфозда мен Шарқу Ғарбни кезиб Худони излаб юраман. Мен яшашга арзирли ҳаётни излайман ва билишга арзирли илмни излайман. Ва ҳеч ерда қўним топа олмайман, дайдиганим-дайдиган.
Саёҳатларим мобайнида кўп йўлларни босиб ўтдим, барчага маълум савдо-сотиқ йўлларидан тортиб, то кўп кунлар одам оёқ босмайдиган ерларга қадар.
Қора денгиз бўйларидан тортиб Эронга қадар, Осиёнинг бепоён чўлларидан тортиб Арабистон қум уюм ларига қадар. Мен қалин ўрмонларни, ям-яшил яйловларни ва бўз ерларни кездим; карвонсаройларда ва меҳмонхоналарда бўлдим; эски кутубхоналарда олимлар билан суҳбатлашдим; мактабларда ёш болаларни ўқитаётган устозларга қулоқ солдим; мадрасалардаги талабалар билан тафсир хусусида олиб борилаётган баҳсларда қатнашдим; ибодатхоналарни, монастирларни ва муқаддас жойларни зиёрат қилдим; ғорда яшаётган таркидунёчилар билан бирга уларнинг ғорларида муроқабалар қилдим; дарвишлар билан бирга зикр тушдим; донишмандлар билан бирга рўза тутдим ва бидъат аҳли билан тановул қилдим; ой тўлган кунда шомонлар билан рақс тушдим. Мен барча дин, барча ёш ва барча касб кишилари билан бирга бўлдим; бахтсизликлар ва мўъжизаларни кузатдим.
Мен қашшоқ қишлоқларни, ёндирилган, қоп-қора экинзорларни, талон-торож этилган, қон дарё бўлиб оққан ва биронта тирик эркак ёки ўн ёшдан катта бола қолмаган шаҳарларни кўрдим. Мен энг яхшини ҳам, энг ёмонни ҳам кўрдим. Ва энди мени ҳеч нима ҳайрон қила олмайди.
Шу синовларнинг барчасидан ўтгач, мен ҳеч қайси китобда ёзилмаган нарса ҳақида ёзишга жазм этдим, зеро бу нарса менинг қалбимда туғилди.
Бу мен «Дарбадар кезган мусулмон-суфийларнинг асосий ғоялари» деб атаган ғоялар рўйхати эди. Мен учун улар худди табиат қонунлари каби ҳамма жабҳаларга тааллуқли, ишончли ва ўзгармас ғоялар эди.
Булар «Ишққа оид 40 қоида» бўлиб, улар фақат ишқ орқали ҳаётга қўлланиши мумкин эди. Қоидалардан бирида шундай дейилади: «Ҳаққа олиб борувчи йўлни топиш бошнинг эмас, юракнинг иши. Юрак сенга йўлбошчи бўлиши керак! Бош эмас. Нафсни юрак ёрдамидагина енгиш мумкин. Шунда ўз Ҳақиқий «Мен» ингни топасан ва натижада Худони топасан».
Бу қоидаларни аниқлаш учун менга кўп йиллар керак бўлган эди. Шу ишни якунлагач, ўз ҳаётимнинг якуний босқичига етганимни англадим. Лекин ўлим мени хафа қилмаётган эди, чунки ўлим ҳамма нарсанинг якуни эмаслигини билар эдим – мен ўзимдан мерос қолдира олмаётганимдан хафа эдим. Юрагимда айтилиши керак бўлган жуда кўп нарса тўпланиб ётар эди. Мен ўз илмим ва ғояларимни устоз билан эмас, шогирд билан ҳам эмас, бошқа бир инсон билан бўлишишни истар эдим. Ўзимга тенг келадиган инсонни – суҳбатдошни излардим.
– Ё, Тангрим, – шивирлар эдим мен қоп-қоронғу зах хонада ётар эканман, – бутун умр дунё кезиб Сенинг йўлингда юрдим. Мен ҳар қандай инсонни худди очиқ китоб, жонли Қуръон каби каби ўқийдиган бўлдим. Мен бошқа кўплаб илм аҳллари каби фил суяклари устига қурилган қалъаларда яшамадим, ўз вақтимни бошқалар билан – жамиятдан четлаштирилган, қочқиндаги ва қувғиндагилар билан ўтказишни афзал деб билдим.
Энди эса бардошим тугади. Сенинг ҳикматларингни тўғри йўлдаги инсонга узатмоғим учун менга ёрдам бер. Шундан кейин Ўзинг мени нима қилсанг қил.
Шу пайт хона худди кундузгидай ёришиб кетди.
Ҳаво худди хонанинг барча ойналар кенг очиб қўйилгандай тоза ҳавога тўлди, шамол эсиб узоқлардаги боғлардан лола ва ясмин гулларининг ифорини уфурди.
– Бағдодга бор, – ҳимоячи-фариштамнинг овози эшитилди менга.
– Бағдодда нима бўлади? – сўрадим мен.
– Сен суҳбатдош сўраб илтижо қилдинг, суҳбатдошни топасан. Бағдодда устозни учратасан ва у сенга қаёққа боришинг кераклигини айтади.
Менинг кўзларимдан миннатдорлик ёшлари оқди.
Мен энди аёнликда кўринган инсон ўз суҳбатдошим, руҳий биродарим эканини билиб олган эдим. Биз эртами ё кеч учрашишимиз тақдир қилинган эди. Энди мен бу инсоннинг оч қўнғирранг меҳрли кўзлари нима учун ҳамиша ғамга тўлиқлиги сабабини била оламан ва нима учун мени баҳор тунида ўлдиришлари сабабини била оламан.
Элла
2008 йил,19 май, Нортгемптон.
Элла уй юмушлари кутаётганини эслаб, «Ширин шаккоклик» қўлёзмасининг келган бетини белгилади-да, ёпди ва столдан бошқа ёққа олиб қўйди. Лекин роман муаллифи уни қизиқтириб қўйган эди ва Интернетга кириб А.З. Захарани излади. Бу шунчаки оддий қизиқиш эди. Қизиғи шундаки, у ерда ёзувчининг ўз блоги бор экан. Унинг варақлари сафсарранг ва ферузаранглар билан қопланган бўлиб, тепасида узун оқ либос кийган эркак оҳиста айланар эди. Илгари айланувчи дарвишларни сира кўрмаган Элла тасвирга узоқ қараб қолди. Блог «Ҳаёт» деб аталмиш тухум пўчоғи» деб номланган эди. Пастда худди шундай cарлавҳали шеър ҳам бор эди:
Биз бир кун сен билан суҳбат қурурмиз!
Ва бир кун сен билан бўлурмиз бирга!
Ахир дилимизда жуда яқинмиз,
Гарчи кўринишда бўлсак-да бошқа.
Блогда дунёнинг турли мамлакатларидан юборилган хабарлар кўп эди. Ҳар бир хабар остига унинг қаердан юборилгани ҳақида бир неча сўз ёзилган. Бунда уч нарса унинг диққатини ўзига тортди. Биринчиси: А.3.
Захаранинг биринчи «А» ҳарфи Азизни билдириши.
Иккинчиси: Азиз ўзини сўфий ҳисоблаши. Учинчиси: у ҳозир Гватемаланинг қаеридадир саёҳатда экани эди.
Бошқа бўлимга борилган жойлардан олинган фотосуратлар қўйилган эди. Булардан кўпи турли ирқ ва миллат кишиларининг портретлари эди. Одамлар
бир-бирларидан қанчалик фарқ қилмасинлар, уларни бирлаштирувчи бир умумият бор эди: ҳар бирида нимадир етишмас эди. Баъзиларининг кийимида бирон деталь, масалан, зирак, туфли, тугмача етишмас эди; бошқаларида тиш, бармоқ, оёқ каби муҳимроқ нарсалар йўқ эди. Элла фотографиялар остидаги ёзувни ўқиди:
«Бизнинг қаерда яшаётганимизнинг аҳамияти йўқ, ҳаммамиз ҳам ич-ичимиздан ўз ноқислигимизни, бизга нимадир етишмаслигини ҳис этамиз, гўё нимамизнидир йўқотгандаймиз ва уни топишимиз керак. Бу нима эканини кўпчилигимиз ҳеч қачон била олмаймиз. Била олган озчилик эса уни излашни бошлайди».
О проекте
О подписке
Другие проекты