Читать книгу «Қазои Қадар» онлайн полностью📖 — Саид Аббос — MyBook.
cover

Анча йиллар ўтиб, Шокир баззов бу ёруғ оламни тарк этиб кетгач, Риҳси кампир ҳам анча кесайиб, саксондан ҳатлаб улгургач, Қурбат деганлари эса Ракат маҳалладан келин бўлиб тушган туппа-тузук одамларнинг бинойидек, ойдеккина қизини “оғзи ҳидланаркан” деб ҳеч ақлга сиғмайдиган айб билан мазаммат қилиб қўйиб юбориб, Рашид дўкондан бошқа учта тоғасидан эшитадиганини-эшитиб, таъна-маломатларга қолса-да, сира ақлини йиғиб олишни истамаган кунларнинг бирида, Абдурасул акадан кейинги укаси Абдуҳамид тўнғич ўғли Мирзиёдни уйлантираётганида, у кенжа укасини ахтариб қўшни ҳовлига кирганида, бир пайтлар ўзи қурган ва ўн-ўн беш йиллар атрофида бола-чақаси билан бирга яшаган уйининг айвонига кўтарилиб, эшикдан ичкарига мўралаганида жияни Қурбат бир пайтлар катта бобоси Ҳосил баззоз Оренбургдан харид қилиб олиб келиб набираси Раънога сеп тариқасида тортиқ қилгани қизил эрони гилам устига кўм-кўк дуҳоба кўрпачани икки қават қилиб тўшаб чўзилиб ётиб олган кўйи телевизорга видео улаб қўйиб, айтишга ҳам тил бормайдиган фаҳшни тарғиб қилувчи бемаза-тутуриқсиз парнофильмни кўраётганининг устига кириб қолган, кириб қолиши ҳамоно жиянини ғадабга олиб: “Нега ўртанча тоғангникига тўйга бормай ‒ мана бундай беҳаё, ҳеч бир одоб-ахлоққа тўғри келмайдиган, инсон зоти жирканадиган фильмни кўриб ётибсан?!”, деганида, ана шу мазмунда тергаганида, у бетамиз: “Тоға бўлиб менга нима яхшилик қиляпсизлар? Ўша Зиёднинг тўйига бориш-бормаслигим билан нима ишингиз бор? Боргим келмади, вассалом!”, дея уни жеркиб ташлаган, кейинчалик онаси Риҳси кампир ҳам суюкли невараси Қурбатнинг ҳеч қандай қуюшқонга сиғмайдиган ‒ одам боласи гапиришга ҳам ҳазар қиладиган мана бундай номаъқулчиликларга бориб, бемаъни ‒ шарм-ҳаёсиз бир фильмни кўриб ётган бўлганини тўнғич ўғлидан эшитса-да, ўзини бу нарсага эътибор бермаган қилиб кўрсатиб, ўғли Абдурасул невараси Қурбатни ўз ҳолига қўймай ‒ тўйга бормагани учун “тоза пўстагини қоққанига” алоҳида урғу бериб, ана шуни баҳона қилиб у ҳам аччиқ-тиззиқ гаплар билан ўғлидан аламини олган, аламини олиб ҳам ҳоври босилавермагач, анчагача ундан аразлаб гаплашмай юрган, тўнғич ўғлини кўрди дегунча қовоқларини осилтириб хўмрайиб олар, баъзида эса берган саломига ҳам алик олмай тескари ўгирилиб уйга кириб кетарди. Ана шуларни хотирларкан, Абдурасул отанинг кўнглидан: “Ойим раҳматлиям буздилар-да буни ‒ болалигидан эркалайвериб, кўнглига қарайвериб, охир-оқибат мана натижаси ‒ ҳеч кимни писанд қилмайди, ҳеч кимни одам ўрнида кўрмайди ‒ ўзи хон, кўланкаси майдон ‒ истаган аҳмоқгарчиликларни қилишни одат тусига айлантириб олди!”, деган ўй кечди, мазкур ўй ўтиши ҳамоно жиянининг уйланиш воқеаси ёдига тушди. У тўғри одам бўлгани боис:

‒ Сен уйланаётганингда ана шу Рашид тоғанг ҳам анча пул сарфлаган, харажат қилган демоқчиман. Аммо сен туппа-тузук хотинингни қўйиб юбординг ‒ ойим раҳматли сенга бир оғиз сўз демадилар, дакки-дашном беришга журъатлари етмади, тўғрироғи, улар сени жуда суюлтириб юборгандилар, сенга сўзлари ўтмади, ‒ деди, у бу жумлани жиянидан нафратланиб, қаҳри келиб маълум қилди, бу билан онасидан ҳам норозиланганини, жиянининг ана шундай бадбахт, нокас бўлиб вояга етишида, ана шундай сурбет, разил касга айланишида онасининг ҳам ҳиссаси борлигини таънали, айни пайтда аламли бир оҳангда билдирди, буни Қурбат балодай сезди. Унинг жуда яхши, бамаъни одамларнинг ойдай қизини “оғзидан ҳид келаркан, оғзи сасиркан” деб қўйиб юборганини, ҳақиқатда эса уйланган хотинидан эмас, айни унинг ўзидан бадбин ҳид келиши катта оилаларидаги барчага аён эди, у билан бир хонада ўтириб қолгудай бўлсангиз оёқларидан келадиган айнан ана шундай ўзи назарда тутган сассиқ ҳидга чидаб туролмай қайт қилиб юбориш ҳеч гап эмасди. Боз устига, хулқи ҳам турқи каби яна ҳам “бадбин, сассиқ” эканига шу дамда Абдурасул ота яна бир карра иқрор бўлганди.

‒ Ўлиб кетган бувимни ўртага қўшманг ‒ гўрида тинч ётсин бувим! Буёғини суриштирсак, ўғлингиз Анвар акам ҳам жаа фаришта эмас, уям нима учун биринчи хотинини қўйиб юборганини илгариги бошлиқлари Шариф ака менга айтиб берган, Шариф Юнусовни назарда тутяпман! ‒ тап тортмай дараклади Қурбат. У ҳам ушбу пичингни, аччиқ таънаси орқали баъзи-бир кўпчиликка ошкор қилинмаган, кўпчиликдан яширилган, лекин у воқиф этилган воқеа-ҳодисалардан ҳам хабардор эканини тоғасига билдириб қўймоқни истаганди.

Ўғлининг собиқ бошлиғи, асли қўқонлик бўлиб, ўтган аср инқилобидан кейин Тошкентга, Эски Жўва даҳасидаги Чувалачи маҳалласига жой қилиб келган Юнус аравакашнинг кенжа ўғлининг исмини эшитиши заҳоти Абдурасул отанинг тепа сочи тикка бўлаёзди. Қуюқ мош-гуруч қошлари паст-баланд чимирилиб, кенг пешонасидаги тарам-тарам ажинлари яна-да чуқурлашди, ўзини қўярга жой тополмай, тағин ҳам аччиқланиб жиянини тергашга киришаркан:

‒ Ҳали сен Шариф биланам ош-қатиқмисан? Қачон улгурдинг у билан танишиб олишга?! ‒ деди, жиянининг туллак, пихини ёрган кимса эканлигини эътироф этгандай, заҳарханда кулгида ён-атрофидагиларга қараб қўйди, сўнг эса Қурбатга жирканиб нигоҳ қадаб: “Ёмон илоннинг ёғини ялаган бир махлуқсан-да!”, деб ичдан сўзланиб қўяркан, қўшимча қилди: ‒ Сен ўзи мансабдор, пулдорларнинг этагига ёпишишни, пинжига суқулишни қўймас экансан-да, а? Ўшаларга яхши кўриниб хизматларини қилиб гумаштаси, шотири бўлишни ўзингга эп биларкансан-да!

‒ Ўзимнинг яқинларим кўкрагимдан нарига итарганларидан кейин бошқаларга суянишдан, бошқаларнинг пинжига киришдан ўзга чора қолмас экан! ‒ ҳеч бир уялмай, андиша қилиб ўтирмай ўзини оқламоққа уринди Қурбат, унинг мазкур қочирими, таънаси замирида тўнғич тоғасидан ҳам аламини олиш аломати бор эди.

Абдурасул ота худди ана шу нарсани жуда яхши фаҳмлагани боис, яна унда на эркаклик ғурури ва на ор-номус, уят-андишадан асар ҳам қолмаганига нечанчи бор амин бўларкан, жиянининг ҳақиқий башарасини ён-атрофдагиларга ошкор этгандайин овозига эрк берди:

‒ Биламан сенга улар нима учун кераклигини! Нима мақсадни кўзлаб уларга суркалишингни айтайми?! Улар сенга маза-бемаза ишларингни битиришингда керак, акс ҳолда уларгаям бизларга тупурганингдек тупурардинг! Ўзингнинг манфаатинг йўлида уларнинг мансабидан фойдаланасан, бордию улар мансабидан тушса ёки бойлигидан айрилса, худди Асқарга сени танимайман деганингдек, уларниям танимай кетасан! Ҳа, ҳа, уларни биринчи бўлиб сотасан! Сенинг башаранг, сенинг қандайлигинг кўпларга аён-ку энди!..

Тоғасининг мана бу айбситиши ва аччиқ-тиззиқ таънасига Қурбат бир оғиз сўз дея олмади, дея олмасди ҳам. Ҳақиқатда унга Шариф Юнусов ва у кабилар, мана бу Йўлтурдига ўхшаганлар асосан битта-яримта уддалай олмаётган ишларини битириши ёхуд ҳаётда ҳар куни учраши мумкин бўлган муаммоларини ҳал этиш, уларга ечим топишда керак бўлар, баъзилари эса, айниқса, Шариф Юнусовга ўхшаган валламатлари унга “криша” вазифасини ўташ учун зарур каслар эдилар. Қурбат яна у ва унга ўхшаган “қўли узунлар” билан ака-ука тутиниб юришининг бошқа сабаби ҳам бор эдиким, бу энди Шариф Юнусовнинг табиатидаги баъзи бир салбий жиҳатлар Қурбатда ҳам мавжуд бўлиб, ана шу жиҳат, жиҳатдан ҳам кўра иллат бундай фосиқ кимсаларни ҳаётда ҳам бир-бирига яқинлаштирар, ана шу яқинлик уларни инсон маънавиятига, хулқу одобига, шаънига номувофиқ келадиган айрим бир номақбул бузуқ ишларда ҳам ҳамкорлик қилиб юришларини тақазо этарди. Ана шу кезларда Қурбатга нафақат бу “акахони”, балки Шариф Юнусовга бу “укахони” жуда асқатар, айни муддао бўлардиким, буни улардан бўлак ҳеч кимса билмаслиги кераклигини, мутлақо махфийлик касб этиб, ана шуни тақазо қилгани сабаб, бу нарсалар сир бўлиб қолиши муҳимлигини ҳар қайсиси ҳам истар, ана шу таомилга амал қилиб ‒ тарки одат амримаҳол деганларидай, баъзида фақат керакли, хуфия жойлардагина учрашишларига тўғри келар, ана шу масканда ўзларидан бўлак ўзларига ўхшаган феъл атвордаги, ўзларига ўхшаган ишратпараст танноз-ойимча аёлларнигина таклиф этишар, уларни топиб саралаб олиб бориш эса, табиийки, Қурбатнинг зиммасидаги масъулиятли, ўта нозик вазифа саналарди…

Абдурасул ота юқоридаги таъна-дашномларига, аччиқ-тиззиқ сўзларига жияни Қурбат лом-мим дея олмай қолганидан унинг бад хулқига тааллуқли мисоллардан яна бир-иккитасини келтириб энди фосиқ, палид кимса эканлигини ҳам ошкор этмоққа шайланганида, наридаги “Москвич” рулида ўтирган Тошмурод сигнал чалиб, орқа ўриндиқдаги Сафохон эса қўл ишорасида уни ўзлари томон чорлашдию гапирмоқчи бўлган гапи оғзида қолиб, ниятидан қайтди. “Ҳе, сени!” деган ишорада қўл силтади-да, уни мунтазир бўлиб кутаётган шериклари тарафга одимларкан: “Битта тиррақи бузоқ бутун подани булғатади деганларича бор экан-да! Бу ярамас бутун бошли катта бир оиладагиларга адоват уруғини сочиб, барчанинг пароканда бўп кетишига сабабчи бўлди!”, деди ичида, шу дамда яна ўғли Асқар айтиб берган воқеани ёдига олиб, чуқур хўрсиниш билан “уф” тортди. “Укам Рашид қамалганида у мегажинга, у офатга қанча яхшиликлар қилувдим-а! Ўзи дадам раҳматлига писта қовуртирттириб соттиришгача борганидаёқ билувдимку-я бунинг кимлигини, лекин ёш болаларига раҳмим келганидан, ўша йиллардаги аҳволларидан келиб чиқиб уни ўзим ишлайдиган боғчага ишга олиб кетувдим, ошхонасига киритиб қўювдим, ана шуларниям билмади нонкўр!”, деди ўзига-ўзи, ушбу юмушлари ҳақида ўйларкан, қилган яхшилигини миннат қилаётгандай бўлгани сабаб ўзидан ўпкаланди, маълум маънода хижолатланди. Аммо бу билан ҳам ҳовридан тушмади ‒ қанча унутишга ҳаракат қилмасин, укасининг хотини кўзи олдида жуда хунук авзода, шайтоний бир қиёфада намоён бўлаверди. Нечанчи бор тантиқ келинининг ўғли Асқарникига пул сўраб борганини тасаввур қиларкан, сўнгги пайтларда у тушларига ҳам жулдурвоқи уст-бошдаги жодугар, алвасти мастон қиёфасида кириб чиқаётганини, хадеганда унинг ёқасидан олиб, тиланиб пул сўрашини қўймаётганини эслаб, кўзи олдига келтириб, бу нарса унинг хотирасига чиппа ёпишиб улгурганини ҳис этди…

5

Асқарнинг хотини Карима ҳовлига учга-тўрт ўлчамдаги катта-катта қизил атиргуллари бўлган кўк сатин матони тўшаб бир чеккасидаги беқасам кўрпачага ўтириб олиб устига уюб қўйилган оқ-қўнғирранг жунларни саваётганди, кўчадан кираверишдаги болхона пештоқида одатда мактабларга қўйилиши керак бўлган катта қўнғироқ беш-олти бор жиринглашидан чўчиб тушди. “Ҳе, ўлсин илойим, ким экан бу ҳовлиқиб келган? Бир-икки марта жиринглатдинг бўлди-да энди, шу қўнғироқ ордонани босавериш ҳавасми сенга?!”, деб қўнғироқни кетма-кет босган кимсадан норозиланиб савағичларни жун уюми устига отиб уриб ўрнидан қўзғалди-да, минғирлаб-минғирлаб уч-тўрт қадам юрди, эгнидаги ёзлик сидирға ҳаворанг шодланка кўйлагига ёпишган пар сингари титилган юнгларни қоқиб қўяркан, уёғига-буёғига қараган бўлиб “ҳозир” деб қўйди, шошмасдан кўча эшик томон йўналди.

У эшикни очганида остонада эри томонидан кичик амакиси Рашид дўконнинг хотини Тоҳира сатанг турганига кўзи тушди. Сал нарида, ҳовуз бўйида эса уни қизил “Жигули”да илгаригидан анча семиргани яққол кўриниб турган, бўйи ҳам чўзилган кенжа ўғли Баҳодир кутиб ўтирарди. Унинг ҳам, онаси Тоҳира сатангнинг ҳам авзойи бузуқ, қовоқларидан қор ёғиб турар, Карима билан шунчаки юзаки, истаб-истамай сўрашаркан, ичкарига бошлашига ҳам қулоқ солмай, турган ерида уни саволга тутиб:

‒ Эрингиз Асқар қани? Менга жуда керак эди-да! ‒ дея шанғиллади, ён-атрофдаги қўшнилардан андиша ҳам қилиб ўтирмади.

Карима эса эри Асқар туман Солиқ идорасига кетганини айтишни истамади, шу боисдан ҳам:

‒ Бир иш билан чиқиб кетгандилар, ҳозир кеп қоладилар, ҳа, ҳа, кеп қолишлари керак, ‒ дейиш билан чегараланди, Тоҳира сатангнинг қисиқ кўзлари косасидан чиқиб кетгудай тарзда катталашиб, фиғони фалакка ўрлаёзганини кўргач, бу эрка-офатнинг кўнглига йўл топишга уриниб тирсагидан маҳкам ушлаб олиб тафт босди мазмунида уни ичкарига чорлади: ‒ Тоҳира кеннойи, бегоналарга ўхшаб остонада турманг, юринг уйга кирайлик!

Тоҳира сатанг боя келибоқ участкани кўриб ҳасаддан ичига ўт тушганди, остонадан йўлакка қадар юриб борганида бу тушган ўт алангаланиб, вужудини чунон ҳам ёндира бошладики, ортиқ юришга мажоли қолмади. Шу боис ўртасида тўгарак атрофи оқ кафелдан ишланган фаввораси кўриниб турган ҳовлига кириб боришга юраги дош беролмай:

‒ Мен Асқар келгунича шу ерда кутаман, ичкарига кирмайман! ‒ дея икки оёғини бир этикка тиқиб олди.

Карима унинг корейсларникига ўхшаш қисиқ кўзларининг ола-куласи чиқиб, иягига қадар торайиб борган учбурчакка мойил юзи дам қизариб, дам гезарётганидан улар сотиб олган ҳовли-жойни кўриб ичдан куяётганини, ҳасад ўтида ёнаётганини очиқ-ойдин сездириб қўяётганини пайқагани учун ярим киноя-ярим заҳарханда авзода: “Ҳа, бадтар бўл-а! Участкамизни кўриб ич-ичдан куйиб кул бўлганингни сездириб қўйдинг! Ҳа, ҳасад ўтида ёнаётган кўзларинг ситилиб оқсин-а!”, деб уни ичдан қарғаса-да, лекин бу ҳолатини сира ошкор этмади, аксинча росмана жилмайишга уриниб:

‒ Бегоналарга ўхшаб-а? Ҳеч бўлмаса анави каравотга борайлик, ўша ерга кўрпача соламан! ‒ деб уни қўшни деворига яқин ердаги ёнғоқдан ясалган суянчиқли чорпояга бошламоққа тутинди, шу билан бирга Тоҳира сатангнинг ҳадеганда сўзига киравермаётганидан норозиланганини ҳам ташқи кўринишида сездирди.

Тоҳира сатанг қовоғини очмади. “Ҳали сенларнинг бизга етишингга бор!”, дегандай бир нигоҳда қошларини чимириб қалин тилла билакузук тақиб олган қўллари билан қулоғидаги бриллиант исирғани, ортидан эса ялтироқ зарли безатиқли қимматбаҳо япон пўмбархатидан ёшига ярашмаган русча фасонда тиктиргани енги калта кўйлагининг у ер-бу ерини сийпалаб қўйиб, ўзининг бу хонадондагилардан бир поғона баландда эканлигини кўрсатиб:

‒ Биз аллақачон бегоналашиб кетганмиз, шунинг учун мени ҳовлингизга таклиф қилмай қўяқолинг! ‒ деб уй бекасини қовоқаридай “чақиб” олиб, манзиратидан энсаси қотган бўлди. Яна Кариманинг эгнидаги одми шодланка кўйлагига такаббурона кўз қирини югуртираркан:” Тузук, сен пондавоқи Асқарга турмушга чиқиб уйли-жойли бўп қопсан ‒ паҳмоқнинг бахтини берибди деб шуни айтарканлар-да! Унга менам ҳеч иккиланмасдан Моҳирамни берган бўлардим, лекин у қизимни сингил ўрнида кўрди, анави қурумсоқ қайноғам ҳам рўйихуш бермади бу ишга!”, деб ўзича бир томондан овсинининг келинини камситса, бошқа томондан бир пайтлар Асқарни ўзига куёв қилиш истаги ҳам бўлганини эслаб ич-ичидан ўкинган, ана ўша ниятини амалга оширолмаганидан, шундоқ топармон йигитга мана бу рўпарасидаги мегажин эгалик қилиб олганига куйиб ҳам кетди.

Карима бу сафар гап нимада эканини тушунмади. Тоҳира сатангнинг қўшнилар эшитишини хоҳлагандай овозига эрк бериб “ўзларининг бегоналашганларини” рўкач қилиши жаҳлини чиқариб, нафсониятини қўзғагани боис:

‒ Бундай тушунтириброқ айтинг, Тоҳира кеннойи !.. ‒ деди.

‒ Эрингизга бир пайтлар Рашид акам тўрт минг рублда пул берганлар, иннайкейин, институтга ўқишга кираётганидаям ёрдам қўлини чўзиб минг сўм, ўрис рублини назарда тутиб айтяпман-да, берган эканлар, ана шуларни Асқар қайтармаган. Ҳозир Боҳодир учун ўша пуллар зарур бўп турибди, шуни сўраб келдим, шуни менга беринглар, ‒ деди Тоҳира сатанг, ҳеч бир андиша қилиб ўтирмай ҳовлида шанғиллади. Унинг эркакларникига ўхшаш йўғон, дўриллоқ овозини нафақат бу ҳовлида, балки қўшни ҳовлида ҳам бемалол эшитиш, бемалол қулоқ солиш мумкин эди ‒ жарангдор овози у қўшнидан ўтиб, нариги қўшниникига ҳам етиб бориши ҳеч гап эмасди.

Ана шу томонларини ўйлаган, ана шу томонларини ҳисобга олган Кариманинг юраги худди товонига қадар тушиб кетаёзди. Бошқаларни эмас-ку, аммо икки ён қўшнисининг вужуди қулоққа айланишидан, ўз диққат-эътиборларини буларнинг ҳовлисига қаратишларидан қўрққани сабаб:

‒ Юринг, кеннойи, ичкарига кирайлик, остонада гаплашмайлик, ‒ деб қистоққа олди, улар билан муносабати яхши бўлмаган, ўзини ҳамиша мана бу Тоҳира сатанг ва Рашид дўконга ўхшаб катта олаверадиган, худди мана шу эр-хотинга ўхшаб димоғидан эшак қурти ёғилувчи, ҳадеб ўзининг ҳаммадан бадавлат, пулдор эканини пеш қилиб чарчамайдиган чап томонидаги чармфуруш қўшниси Парфи кеккайганнинг хотини, хотин бўлганда ҳам эрига ўхшаган катта оғиз аёл санагани Савлатхон опа эшитиб қолишидан хавотирланиб ўшанинг девори томон ташвишли нигоҳда қараб олди, ортидан ана шундайин хавотирли овозда қўшиб қўйди: ‒ Эшитган қулоқ нима деб ўйлайди? Буларникига биров келиб жанжаллашаяпти деб ўйламасинлар тағин, ҳар хил хаёлларга бориб юришмасин!

Тоҳира сатангга худди шу нарса керак эди. У қайноғасининг ўғли Асқар бир неча йил ичида бойиб, Ўрикзордай бир даҳадан мана бундай тайёр ҳовли-жойни сотиб олганини ҳали ҳам хазм қилолмаётган, ҳали ҳам мана бундай ҳайҳотдай ҳовли ва катта бир участка, яна устига оппоқ кафеллар билан ишлаган, атрофи батартиб майсазорга айлантирилган фавворага кўзи тушди дегунча ҳасади кегандан-келиб, ўзининг ич-этини еяётган бўлгани учун ана шу тинч хонадонга, ҳовли-жойга суқланиб қараркан, бу ерни ҳам жанжал уясига айланишини истаб қолиб:

‒ Қўшниларингиз нима деб ўйлаши билан менинг неча пуллик ишим бор? ‒ дея ўшқирди, Карима ундан қўрқиб ён-атрофига олазарак боқиши эса, у учун айни муддао бўлиб, овсинининг ўғли ва келинини шарманда қилиш мавриди келганидан фойдаланиш ва ана шу фойдаланиш жараёнида уларнинг қандай одам эканликларини ён-атрофларидагиларга ҳам сездириб қўйиш мақсадида жалойирга жар солишга ўтди: ‒ Мана бундай тоқу равоқни, участкани сотиб олишга пул топган одам нега шунча йиллардан бери бизнинг пулни қайтаришни ўйламайди?! А, нега Асқар амакисининг пулини қайтаришни истамайди?!

Карима нима дейишини билмади. Қайнонасининг кенжа овсини Тоҳира сатангнинг бунчалар ичи қоралигини, ушбу ҳовлини сотиб олганларидан чунон ҳам ҳасади келишини сира ўйламаганди, ана шу ҳолат юз берганини кўриб, шоҳиди бўлгач эса:

‒ Ўзи қачон олган эканлар? ‒ деб сўради, шу аснода энсаси қотганидан ингичка ва қалин оралиғидаги сарғимтир қошлари чимирилиб кетди. Бирда эри айтиб берган воқеа хотирига тушиб: ‒ Анави Қурбат аканинг пули куяётганида алмаштириб берувдилар, ўшанда ишлари чатоқ бўлаёзганда: “Мен сени танимайман!”, дебди. Нима қилишларини билмай анча сиқилибдилар. Кейин эса: “Рашид акамнинг олдига бориб бор гапни айтдим”, девдилар, ‒ деди Карима, эри амакиси Рашид дўконга бориб Қурбатнинг устидан шикоят қилганида у пул берган бўлиши мумкинлигини тахминлагани учун сўради: ‒ Ўша воқеани назарда тутяпсизми?!

Марҳума қайнагачисининг ўғли Қурбатнинг исмининг эшитиши ҳамоно Тоҳира сатангнинг авзойи ўзгариб, лаб-лунжи осилди. Кўйлагининг кўкракка яқин еридан дастрўмолини чиқариб олиб, у билан юзининг чап бетига томон қийшайиброқ жойлашган қийғир бурнининг терлаёзган ерини, олдинга туртиб чиққан иягини артаркан:

‒ Ҳаммасига ўша йигит ўлгур Қурбат сабабчи-да, ўша бўлмаса бу гаплар йўқ эди! ‒ деб қайнагачисининг ўғлини қарғади. ‒ Ўша Рашид акам айтдилар деб эрингизнинг ишхонасига борибди-да! Икки ўртада мана бизлар пулдан айрилиб ўтирибмиз!

‒ Ўшанда Қурбат ака пулимни алмаштириб берасан деб хоналари остонасига ётиб олгудай бўпти-ку, эшитишимга қараганда! Сал қолди-ку бу киши жавобгарликка тортилишларига! ‒ эри Асқарнинг бирда айтган гапларини, аммаваччаси Қурбатнинг устидан қилган шикоятларини хотирлади Карима.