Риҳси кампир шу ёшда ҳам ҳушёрлигини ҳали йўқотмаган эди, у неваракелинининг сўзларидан ҳам бурун нигоҳидаги унга нисбатан ачиниш ҳиссини жуда яхши илғагани учун юраги ғалати уриб кетди. Тўгаракка мойил серажин, бужур юзидаги табассум қанчалар тезда пайдо бўлган бўлса, яна шунчалар тезда ғойиб бўлиб, ўрнини аянчли бир қиёфа эгаллади. Мунчоқдай жажжи қора кўзлари мунгли тусга кириб, фариштаси борлиги шундоққина кўриниб турган юзига ғам чўкди. У ана шу ғамдан иложи борича тезроқ қутулиш мақсадида юрагида фасод боғлай бошлаган дардини ёрилишга жазм этиб:
‒ Тирсагимга нима қилганини ҳеч кимга айтмаётгандим-ку, аммо сизга айтиб бераман Карима қизим! ‒ деди, шу сўзларни айтиб бўлгач, хавотирли бир нигоҳ билан ҳовлига қаради ‒ бу томонга ҳеч ким келмаётганига, болалар ҳали ҳам алюмин рангдаги ялтироқ бўёқ суртилган катта қафасдаги товуслар атрофида ғужғон ўйнаб бақир-чақир қилишаётганини кўриб хотири жам бўлиб, оғриғини хийла сеза бошлагани ўнг тирсагига қараб, ўша ерини соғ қўли билан силаб туриб сўзида давом этди: ‒ Қўлимни мана бу еридан чиқариб юборган келиним Тоҳира бўлади! Ҳа, ҳа, ана шу сатанг, ана шу офат мени мана бундай аҳволга солиб ўтирибди!.. ‒ кўзларига дарров ёш қуйилиб келди Риҳси кампирнинг, у яна тирсагини бир-икки силаб қўйди.
Карима унинг ёзғириғини эшитиши ҳамоно ёқасини ушлаб қолди. Кампирга ич-ичдан ачиниб елкасини силаб қўяркан:
‒ Йўғ-э!.. ‒ деб юборди, ҳали ҳам бу сўзларга ишониб-ишонмай ўнг кафтини кўкрагига олиб бориб “астағфируллоҳ” деб қўйди, ортидан сўради: ‒ Келинингиз қилдиларми бу ишни?!
‒ Айтсам ишонмайсиз, ўша мегажин шу ишни қилди деяпман-ку! ‒ йиғламсиради Риҳси кампир, ўзини сал босиб олиб, Каримага “чойдан беринг” ишорасини қилди. У узатган чойдан ҳўплаб олгач, сўзида давом этиб: ‒ Қаёқданам ҳув анави сандиқ ўлгурни унга очдирибман, ҳали-ҳали афсусланаман-да! ‒ деб хона тўридаги ‒ тепасига қўнғир рангли узун драпп адёл тутиб қўйилган, пастида эса анчайин занглаган алмисоқи сариқ сандиқ кўриниб турган таҳмонга ишора қилди. Неваракелини ҳам ўша ёққа диққатини қаратаётган бўлгани учун: ‒ Ўшанинг ичида бир пайтлар Шокир бувангиз Оренбургдан сотиб олиб келган қундуз терили телпак бор эди-да!.. ‒ деди.
‒ Аёлларникими буви? ‒ қизиқиш билан унинг сўзини бўлди Карима. ‒ Қундуз терили қалпоқ кўпинча аёлларга тикилади!
‒ Ҳа, ўзиям алламбало телпак-да! Тоза мол ўлмас экан! ‒ яна тахмон томон кўз қирини югуртирди Риҳси кампир. ‒ Бир пайтлар куядори сепиб ташлагандим, ҳалиям ўзидай турган экан-да!..
‒ Ҳозир, шу кунда яна ана шундай қалпоқ кийиш модага киряпти-да, буви! ‒ билағонлик қилди Карима, Риҳси кампир у сўзларини охиригача эшитмаганидан норози бўлгандай қараб қўйганини сезгач, ичдан ноқулайлик ҳис этди, бу хижолатланиш унинг ташқи авзойида ҳам ўз аксини топди.
Ўз навбатида Риҳси кампирнинг хаёлидан ҳам: “Ҳозирги ёшлар жуда бетоқат-да, бердисини айтгунингча уриб ўлдиришдан ҳам тойишмайди”, деган ўй ўтди, юқоридаги сўзида давом этди:
‒ Шуни кичик аммангиз келганида қизи Адибага бериб юбораман деганимни биламан, уники тутиб кетса-да!.. ‒ асабийлашгандай бир қиёфада тағин бир бор ўнг тирсагини чап қўли билан силашга киришди у. ‒ Ҳалиги қалпоқни у тўнғич қизи Моҳирага мўлжаллаб турган экан, оқ пешонабоққа ўраб қутига… сандиққа солиб қўймоқчи бўлган жойимда қўлимга ёпишиб тортиб олса-да!.. ‒ ўша дамдаги ўзининг аянчли аҳволини кўзи олдига келтирганидан нафаси ичига тушиб кетаёзди Риҳси кампирнинг, у яна неваракелинига “бир ҳўплам чойдан ичай” дегандай тарзи мўлтираб қараганди, Карима дарров пиёлага чой қуйиб унинг оғзига тутди. Кампир бу сафар “ўзим ичаман” деб қаршилик билдирмади, неваракелини оғзига тутган чойдан бир-икки бор ҳўплади-да, “етади” дегандай тарзи қўли билан пиёлани нари итарди, Карима чойни курси устидаги патнисга ‒ пахтагулли коса ёнига эҳтиётланиб қўйиб бўлгач, яна аслига қайтиб, келини Тоҳира сатангга заҳрини сочгандай бир тарзда чала қолган гапида давом этди: ‒ Жувонимарг сатанг келинимнинг кучи кўпмасми, ўзиям айғиротдай-да яшшамагур, ҳалиги… манави қўлимнинг нима жони бор, ҳалиги қалпоқни тортқилаганда қўлимни манави еридан, тирсагимни чиқариб юборибди-да, балога йўлуққур! Ўша пайтда “вой” деганимни биламан, ҳеч бир парво қилмай, ҳа, ҳа, ажабланманг, парвосигаям келтирмай қалпоқни анави равонли айвони орқали ичкари уйига опкириб кетди-да! Тағин мени мазах қилгандай тантанавор, қўлидаги қалпоқни уёқ-буёққа ликиллатиб олиб кириб кетди-я! Бу билан: “Додингни кимга айтсанг-айтавер, иккинчи бор бу қалпоқни кўрмайсан ҳам, суюкли қизингнинг қизига бериб юбормайсан ҳам”, дегандай йўсинда устимдан кулишгача бориб етди-я! ‒ энди кўзларига ғам чўкиб, ўзининг ожизлигини ич-ичдан тан олгандай ҳазин овозда маълум қилди кампир, тағин оғриқли қўлига қараб туриб ўксиниб ёзғирди: ‒ Икки ўртада қўлимнинг чиққани қолди!.. Ҳа, кийим-кечак жонингни олсин сен молпарастнинг! Ҳа, латта-путта жинниси бўлмай ер ютсин сенгинани!.. ‒ алам билан келинини қарғади Риҳси кампир. Жони оғриётганиданми ёхуд кенжа қизининг Адибасига мўлжаллагани қалпоқ унга эмас, ўзига шунчалар озор етказган сатанг, офат келинига ўтиб кетганиданми энди ҳеч бир андиша қилиб ўтирмай, неваракелини Каримадан ҳам хижолатланмай кенжа ўғли Рашиднинг хотинидан шикоятланишини қўймасди. Ана шунинг орасида аҳён-аҳён ўзини ҳам айбдор санаб бошини уён-буён тебратар экан, “қаёқданам мана бу тахмондаги сандиқни очақолдим” қабилида ўша ёққа олайиб қарашини қўймасди.
Карима унинг гапларини охиригача эшитгач, ёқасини нечанчи бор чангаллаб “тавба-тавба” дейишдан тўхтамади. Охири Риҳси кампирни жуда эҳтиёткорлик билан қучоқлаб қўяркан:
‒ Шунақаям одам бўларканми, бувижон? Хафа бўлманг, сиқилманг!.. ‒ деб унинг кўнглини кўтарди, ортидан кампирнинг келини яхши аёл эмас эканини, яхши аёл бўлганида бундай номаъқулчиликларга бормаган ва бундай қабиҳликка қўл урмаган бўларди деб айтмоқликка тараддудланди-ю, бироқ бу гапни айтишдан чўчиди, чўчиганининг боиси, қачондир қайнона-келиннинг ораси яхши томонга ўзгариб, иккови ярашиб кетгудай бўлса, “ўртада мен ёмонотлиққа чиқиб ўтирмай”, деган мулоҳазага боргани, мазкур ўй-мулоҳазаси туфайли юқоридаги фикридан қайтиб, анчайин юмшоқ тарзда ‒ на кампирга ва на келинига қаттиқ тегмайдиган бир оҳангда: ‒ Чакки иш қиптилар-да, яхши бўмапти! Эшитган қулоққа яхши бўмапти! ‒ дейиш билан чегараланди.
‒ Яхши шу куни Абдуҳамид опоқдадангиз келиб қолди, ‒ Кариманинг қайнотасидан кейинги иккинчи ўғлини назарда тутди Риҳси кампир. ‒ Шу машинасида Эски Жўвадаги мошпурашга ‒ моштабибни айтаман-да, ўшанга обориб солдириб келди. Раънойимнинг Қурбатига айтмаганимдай, унгаям тўғрисини айтмадим ‒ анави кичкина уйга чиқаётганимда қоқилиб кетдим, ҳассам палоснинг тагига кириб қолганидан тойиб кетдим, яхши чалқанчасига йиқилиб тушмадим, унда томошани кўрардинглар деб қўя қолдим. Мана шу тирсагим бундан каттароқ фалокатдан сақлаб қолди деб ёлғон гапиришгача бордим-да, айланай! Уларга бор гапни айтгудай бўлсам, биласизми нима бўлишини? Ҳар икковининг жаҳлини биламан-ку! Агар Тоҳира қилганини, ана шу сатанг келиним туфайли шу кўйга тушганимни билишса борми, дунёга ўт кетди деяверинг! Ана унда кўринг томошани ‒ ё ака-ука, ё бўлмаса тоға-жиян қирпичоқ бўлиши ҳеч гапмас-да!
Кампирнинг сўнгги сўзларидан Кариманинг вужудига ҳам қўрқув оралади. Бир томондан қайнонаси чақириб қолишидан чўчиса, иккинчи томондан Тоҳира сатангнинг келиб қолишидан қўрқди. Келиб қолиб: “Ҳа-аа, келин, қайнонамнинг мен ҳақимдаги достонларини тинглаб ўтирибсизми? Нима, шундан бошқа ишингиз йўқ эдими?”, деб қогудай бўлса нима деган одам бўлишини ўйлаб ташвишга тушди. Юраги ҳам безовта ура бошлади. Аммо бу ҳолатини ҳам, пайтавасига қурт тушаётганини ҳам кампир сезишини истамаганидан:
‒ Дадамлар ҳам билмагандирлар? Уларга ҳам айтмагандирсиз?! ‒ деб қайнотаси Абдурасул акани назарда тутди.
‒ Гўрни айтаманми, айланай! Униям жаҳлини ўзингиз яхши биласиз, болаларни уришаётганини унда-бунда эшитиб қоламан, униям юраги тор! Айтгудай бўлсам уям “пов” этиб ёниб кетиши маълум-ку! Шунинг учун, Худо кечирсин-ку, унгаям анавиларга айтган ёлғонни ишлатишга мажбур бўлдим-да!
‒ Бу гапингиз тўғри. Дадамлар ҳам қариб қолдилар, айтмай тўғри иш қипсиз бувижон, уларам ёмо-он сиқилган бўлардилар-да!
‒Ҳаа-а, биларкансиз қайнатангизнинг аҳволини!.. ‒ деди Риҳси кампир, шу дамда катта келини Собира ҳам фаришта эмаслигини, унинг ҳам айби мана бу сатанг Тоҳирадан қолишмасини “дастурхон қилиб ёймоқчи” бўлди-ю, аммо неваракелинидан андиша қилди, “Катта бувим кенжа келини қолиб энди менинг қайнонамга ёпиша кетди-ку!”, деган ўй-мулоҳазаларага бориб ўтирмасин деган хаёлга боргани учун бу шахтидан қайтиб, яна игнанинг устида тургандайин безовталанаётган Карима томон энгашаркан, баайни ҳовлида чуғурлашаётган болалар эшитиб қоладигандай ‒ улар томон бир қараб олиб, анчайин паст овозда сўзида давом этиб: ‒ Бу Сассиқховузнинг қизларидан яхшилик чиқмас экан болам, ҳа, ҳа, бунинг келиб чиқиши Чорсудан икки-уч бекатча наридаги Сассиқховуз деган жойдан-да! Маҳалласининг номиям Сассиқховуз дейиларкан ‒ уни қаранг, номиям келинимнинг бадфеъл ва бадбўйлигига мутаносиблигини айтаман-да!.. ‒ деб пиқиллаб қулди Риҳси кампир, ўзининг зўрма-зўраки кулгусидан ўзи хижолатланди чоғи, ана шу сохталикни неваракелини сезиб қолишидан ташвиш чекиб бир-икки бор томоқ қирган бўлди, энди ўзини қўлга олиб, иложи борича асабийлашмасликка уриниб сўзларида давом этди: ‒ Рашид ўғлим “Фарҳод ва Ширин” дўконида ишлаб юрганида бу мегажин унга илакишиб олган экан-да! Ҳа-аа болам, сиз ишонаверинг менга, ана ўшанда бу сатанг ўлгур ўғлимнинг этагига ёпишиб олган экан!.. Бир куни, анави шайтоннинг сувини ичиб олиб шу уйинг куйгурни ҳовлимга бошлаб кепти-да!..
Карима унинг ҳикоясидан таъсирланиб, вужудидаги хавотирни ҳам фаромуш қилиб:
‒ Йўғ-е, ҳали шундайми?! ‒ деб юборди, сўнгра эса уларнинг мана шу суҳбатлари устига Тоҳира сатанг келиб қолишидан чўчиб кетиб, яна илгариги ташвишли, хавотирли ҳолатига тушди-қолди. Ана шу сабабдан ҳам ортиқ кампирни гапга тутмай, иложи борича бу ердан тезроқ чиқиб кетишга тараддудланиб уёқ-буёққа олазарак боққан бўлди.
Риҳси кампир у кетиш тадоригига тушаётганини сезса-да, “мана бу гапни эшитинг, кейин кетсангиз-кетаверасиз”, дегандай чап қўлини силтаб туриб:
‒ Кўз ўлгур қисилиб ётибди денг! Бошига нима кийиб олибди денг? Сўпоқдай бош ўлгурдаги сочларни майда қилиб ўриб қўйиб гиламдўппи кийиб олибди-да! У майда қилиб ўрилган сочлар ҳам ақалли тиззага довур тушса майли эди-я, шўринг қурғур соч жонивор калтаи кўтоҳ экан денг, зўр-базўр елкадан пастига тушиб турибди! Ҳеч бўлмаса улама соч тақиб олмайдими бу мегажин ўлгур дейман-да, болам! Ана шу аҳволда хонадонимга кириб келган бу яшшамагур! Ҳе, серраймай ўл илойим!.. ‒ дея келинининг ҳали қизлик пайтида ўғлига эргашиб келгандаги юриш-туриши, афт-ангорини хотирасида тиклагани боис, яна асаби ўйнаб, хуноби ошди Риҳси кампирнинг. ‒ Ўшанда билувдим-а, бу бошига гиламдўппи кийиб олган японбашара, хитойбашара мегажиндан яхшилик чиқмаслигини! Ҳи-им, болам, ишонаверинг, ўшанда бу калтаи кўтоҳ сочини майда қилиб ўриб олган, ҳечқурса улама соч улашга ақли етмаган бефаҳмдан икки дунёда яхшилик чиқмаслигини билувдим!.. ‒ ўз башорати тўғри чиққанидан тўлқинланиб кетиб сўзлади Риҳси кампир, Каримага қараб қўяркан, унинг нигоҳида ҳам сўзларидан таъсирланиш аломатини қидирди, пича қидирди, неваракелинининг ташқи авзойида ана шу аломат уёқда турсин, ҳатто унинг асарини топмагач, у хавотирда эканини, қандай бўлмасин тезроқ кампирнинг ёнини тарк этишга ошиқаётганини туйиб, ана шу нарса таъсирида сўзамоллиги ҳам қайгадир ғойиб бўлиб, шахти ҳам хийла сусайиб, гапини якунига етказди: ‒ Яна бир марта шундай иш қилса, Абдуҳамидникига кетиб қоламан, ҳа, ҳа, кўч-кўронимни кўтариб ана шу ўғлимникига кетиб қоламан ‒ хончорбоғликлар орасида бир гап-сўзларга қолсинки, қайнонасига қўл кўтариш қандай бўлишини бир кўриб қўяди ўшанда! “Арзимаган бир қалпоқ учун Риҳси кампирни урибди-я! Унга қўл кўтарибди-я, анави сассиқҳовузлик қурбақага ўхшаган келини!”, деган дув-дув гап тарқалишини истайсанми? Ана шундай маломатларга қолишни истаб қопсан се-ен муштумзўр!”, деб уни огоҳлантиришни ҳам унутмадим! Қани, яна бир марта шунга ўхшаш иш қилсин-чи, мендан кўради-кўрадиганини, бундан-буёқ аяб ўтирмайман!.. ‒ неваракелинининг олдида астойдил ранжиганини, кенжа ўғлининг хотини Тоҳира сатангни сўнгги марта огоҳлантирганини унга билдирган бўлди Риҳси кампир.
Шу маҳал қўшни ҳовлидан Каримани қайнонаси Собира опа чақириб қолди. У шоша-пиша ўрнидан қўзғалди-да:
‒ Мен чиқай, бувижон, ойимлар билан поликлиникага бормоқчи эдик, ‒ деди.
Риҳси кампир унинг оғироёқ эканини эслаб қолиб, хиёл туртиб чиққан қорнига қараб қўяркан, дуо қилди:
‒ Илойим Яратган эгамиз сизга яхши ўғил-қизларни берсин! Илоҳим умрингиздан барака топинг!
Карима шоша-пиша Риҳси кампирнинг пешонасидан ўпди-да, ҳовлиққан кўйи хонадан ташқарига ошиқди. Кампир унинг орқасидан: “ Шошилманг болам, ўзингизни эҳтиёт қилинг!”, дея огоҳлантирди. Карима ўзининг оғироёқлигини эслаб қолди чоғи, “Раҳмат бувижон, сиз айтмасангиз хотирамдан ҳам чиқибди”, деб орқасига ўгирилиб Риҳси кампир ўтирган уйга қараб унга миннатдорлик билдирди-да, яна қайнонаси иккинчи бор чақириб қолишидан чўчиб, бедана юриш қилиб ҳовлини тарк этди…
7
Асқар дадаси Абдурасул отани акасиникидан топмади. Уни масжид ёнидаги нонвойхонага орқа қилиб қурилган, олд томони эса масжид дарвозасига қараган қатор хоналардан ўртадагисида ‒ қўшниси Рўзмат оқсоқол билан суҳбат қуриб ўтирган ҳолда топди.
Абдурасул ота очиқ турган эшикдан ичкарига мўралаб уларга салом берган, аммо остона ҳатлаб киришни истамаётган ўғли Асқарнинг пешанаси тиришиб кетаётганини кўриб, унинг авзойи яхши эмаслигини туйди. Яна тажанг ўғлининг бемаврид ташрифидан ташвишга тушиб, қандай қилиб ўрнидан туриб кетганини ҳам билмади. “Мен ҳозир” дегандай тарзда ошнаси Рўзмат оқсоқолга бир қараб олиб:
‒ Ҳа, тинчликми Асқар? ‒ деб унга эргашиб ҳовлига тушди.
Асқар “ҳа” дегандай бош тебратиб қўйди-да, сал наридаги ‒ масжидга кираверишда чап биқинадаги бўш ерга жойлаштирилган ёнғоқ дарахтидан ишланган жигарранг каравотга бориб ўтирди. Дарров ичидаги дардини айтайвермади, отасига бир-икки қараб олди-ю, аммо гапни нимадан бошлашини билмагани, боз устига, асабийлашаётганидан ҳадеганда бошини қашишини қўймади ‒ рангидан қон қочгани шундоққина кўриниб турарди.
Абдурасул ота ўғлининг ёнига келиб ўтираркан, унинг ташвишли нигоҳидан кўзини узмади. Ўғли жуда муҳим бўлган бир гапни қандай қилиб айтишини билмаётганини фаҳмлагани учун:
‒ Тинчлик эмасга ўхшайди! ‒ деди, ўғли томонидан жавобсиз қолдирилган саволига ўзи жавоб бериб: ‒ Уйингда бирор кор-ҳол юз бермадими? Болалар яхшими? ‒деб хавотирли нигоҳда сўради.
‒ Уйда ҳаммаси жойида ‒ уйдагиларга бало урармиди!.. ‒ ярим асабий, ярим кесатиқ тарзи жавоб берди Асқар, аммо бу ерга келиши сабабини ҳадеганда айтавермади, бир нарсадан қаттиқ истиҳола қилаётганини, дарров ёрилишига нимадир ҳалал бераётганини юз-кўзларидан, пешанасини тириштираверишидан билиш қийин эмасди.
Ана шуни пайқаган ва ўғли ичдан ким биландир келишолмаётганини, бир нарсадан қаттиқ ранжиётганини туйган Абдурасул ота ҳам паймонаси тўлаёзиб:
‒ Унда нега қовоғинг очилмаяпти? Бундай тушунтириброқ айт?! ‒ деб ўғлини қистоққа олди, айни дамда унинг ўзининг ҳам тинчи йўқолиб: “Ҳа, бола-чақанинг ташвиши қурсин-а! Бирининг қошига қараркансан, иккинчисининг қовоғига!”, деб ичдан ўзига-ўзи гапириб қўйди, вужудида ўзи ҳам англаб етолмагани хавотирли, ташвиш-изтиробли бир ҳолат воқе бўлиб, ич-этини кемира бошлади.
‒ Бугун эрталаб бизникига Тоҳира кеннойим тўполон қилиб кепти. Рашид акамнинг хотини, ‒ дараклади Асқар, дараклаши баробарида чап кўзи учиб, юзи тиришди, овози ҳам титраб кетгандай тебранганини ичдан ҳис этди.
Абдурасул ота ҳам ўғлининг овози титраганидан аҳволи яхши эмаслигини ич-ичдан туйди. Ана шу туйғу бирдан укаси Рашид дўконга ва унинг хотини Тоҳира сатангга нисбатан вужудида нафратни қўзғатиб, ғазаб отига минаркан:
‒ Нега жанжал қилади? Нима, ақлдан озганми сатанг кеннойинг?! ‒ деди, ана шу зардали сўзларидан сўнг ўғли Асқар унга бир қараб қўйганини кўргач, “Нима, ақлдан озганми сатанг кеннойинг?” дея “сатанг кеннойинг” иборасига алоҳида урғу берганим учун бир қараб қўйди! Ҳа, ҳа, унинг кеннойиси, унинг суюкли амакиси эди-да Рашид! “Илгари улар менга ўзини яқин тутганларини писанда қилиб дадам “сатанг кеннойинг!” дея алоҳида урғу беряпти! Кўпроқ буларга яхшилик қилсанг ҳали устингга бошқа нарсалариниям ағдаришдан тоймайди бу бадбахтлар!”, деган гапга олиб келяпти деб тахмин қилгани учун ғалати бўлиб, ана шунга ишора тарзидаги кесатиқ сўзларимни сезгани учун ҳам қошлари чимирилиб кетди! Гапларим ёқмади унга, аммо тўғри гап қачон кимга ёққан?!..”, деб бир неча сония ичида турли ўй-фикрни дилидан ўтказди. Ана шу фикрларга бораётганида ҳам, ота эмасми, ўғлига ичи ачишаётганини ҳис этиб, ана шу ҳолат туфайли ҳам “уф” тортиб қўйди.
О проекте
О подписке
Другие проекты