Читать книгу «Қазои Қадар» онлайн полностью📖 — Саид Аббос — MyBook.
cover

‒ Сиз бошқачасиз-да, Абдурасул ота, илойим барака топинг, ‒ ўз навбатида унинг ҳам ҳурматини ўрнига қўйди Сафохон. ‒ Бунақа нарса сиздан бошқанинг хаёлига келмайди, ҳатто Норбобо аканинг ҳам!..

Шу маҳал улар олдига орқа кўчадан қора рангли “Нексия” келиб тормоз берди. Уччовининг эътиборини автомаркабнинг тормоз бериши ўзига тортди.

‒ Ана келди, ‒ деди Сафохон рулда ўтирган Йўлтурдини назарда тутиб, ёнидаги ўттизларга бориб қолган йигит унинг диққатини ўзига тортмади.

Абдурасул ота ва Тошмурод одинма-кетин автомаркаб ичига қарашди. Қариянинг диққат-эътиборини Йўлтурди тортмади-ю, бироқ унинг ёнида ғўдайиб ўтирган ўзининг ноқобил жияни Курбат эканлигини кўриб тепа сочи тикка бўлиб кетаёзди. Унинг ўғли Асқарга нисбатан қилган адолатсизлигига ҳали ҳам чидай олмаётганди. Бу бетамизнинг яхшиликка ёмонлик билан берган жавоби, айниқса, уни қаттиқ изтиробга тушишига сабаб бўлган, жиянини кўрди дегунча ўғли Асқарнинг бошига тушиши мумкин бўлган балони эслаб ич-ичидан тутаб кетаверар, “Қани энди замон кўтарсаю бу бетавфиқни мулла минган эшак сингари додини бериб қўйсам!”, деб кўнглига турли бадниятларни ҳам тугган пайтлари кўп бўлар, лекин ёши ўтиб, мана бундай кучдан қолганини эслаб афсус-надоматлар чекишдан нарига ўтолмасди. Айни чоғда ҳам худди ана шу ҳол юз бериб: “Бу турқи совуқ билан ошна экан-да, Йўлтурди дегани! Ўхшатмасдан-учратмас деб шуни айтсалар керак! Бир-бирини топиб олиб манавиндай дуёни ўзгартириб юборгудай ваҳима билан келишини-чи?! Ҳе-ее сен пандавақиларни!”, деб ичдан уларни қарғаб, бор важоҳатини ишга солиб эшик тутқичини кучининг борича нарига тортиб очди.

Автомаркабда ўтирган Қурбат бу ерда тўнғич тоғасини кўриб қолишини сира кутмаганди, фалокат босиб у нариги “Москвич”да эканига кўзи тушиши замони “у мени кўрмайди”, деган хаёлга бориб ўриндиқ тагига кириб кетгудек бўлиб сирғалиб пастлашиб ўтириб олди, гўё ана шу йўл билан тоғасидан қутулмоқ илинжида эди.

Йўлтурди аввал Сафохон билан сўрашди, кейин эса ҳайдовчи иккови бу сафар ҳам кекса бир мўйсафидни бошлаб келганларини кўриб ичидан ижирғанса-да, аммо бу ҳолатини ташқи қиёфасида ошкор этмади, ўзи томон чанг солгудек авзода ўқрайиб келаётган Абдурасул отанинг қош-қовоғига ҳам аҳамият бермай, тўғрироғи, бу ҳолни сезмаган кишидай бўлиб унга салом бериб сўрашди. Қариянинг хўмрайиши сабабини тушуниб дарров нигоҳини ундан олиб қочиб, нонвой Тошмурод билан ҳам сўрашди, тағин Сафохон томон ўгирилиб:

‒ Анча кутиб қолган кўринасизлар, шундайми? Мен ана ўша пулни бериб қўйганим одамникига бориб келяпман, афсус уни учратолмадим, қандайдир бир делегация билан юрган экан. Шундаям машинамда ўтирган анави оғайнимдан озроқ қарз олдим, ‒ дея чўнтак титкилашга киришди.

‒ Ахир, Йўлтурди, келишгандик-ку! Кеча эртага келсангиз пулингизни бериб юбораман, опкетасиз деган бир гапни қилгандингиз, бугун эса мана бундай деяпсиз, мен сизга ишониб эдим… ‒ ундан ранжиб пешонасини тириштирди Сафохон, худди ёш болаларга ўхшаб шерикларига кўзларини жавдиратди.

‒ Менга ишонганингиздан экан-да, мана бу дўдани тағин бошлаб кепсиз! ‒ ярим ҳазил аралаш унга дакки берди Йўлтурди. ‒ Бу билан бир нимага эришмоқчимисиз? Ўзингиз келаверсангиз бўлмасмиди, Сафо?!

Сафохонга унинг ҳеч паст тушмай дакки-дашном бериши, яна “бу билан бир нимага эришмоқчимисиз?” деган мазмундаги таънаомуз таҳқирлаши қаттиқ ботиб, манглайидан муздек тер чиқиб кетди. Бошқа томондан эса, эркаклик ғурури, шаъни топталиб, ўзини-ўзи оёқости қилгандай кўрингани боис, яна ҳам хижолатли вазиятда қолиб:

‒ Буларнинг келишига сабаб, булар… масжидимиз олдига айвон қурилаётганди, ана шу отахон бошчилигида… ана шу маблағ ҳозир бизга жуда зарур бўлиб қолди, ‒ деди, айни дамда Йўлтурди эмас, унинг ўзи ҳеч ҳавас қилиб бўлмайдиган шароитга тушгандайин, бемаврид ташрифидан азият чекиб, эски танишининг рўпарасида изза бўлганини ҳис этди.

Йўлтурдидай бир қаллоб, безбетнинг олдида Сафохоннинг ўзини ожиз тутиши, айбдор кишидек хижолатланаверишига Абдурасул ота ортиқ чидолмади, орага аралашиш мавриди етганини тушуниб:

‒ Менга қаранг ука, Сафохондай бир покиза одамга “бу билан бир нимага эришмоқчимисиз?” деб дакки беряпсиз-ку, лекин ўзингиз ҳеч бир уялмай-нетмай икки сафардан бери бу кишини, қолаверса, бизларниям овораи сарсон қиляпсиз! Буям майли, бунисига чидаш мумкин, лекин менга бир нарсани айтинг-чи, ҳеч замонда масжиддайин муқаддас саналган даргоҳ ишини битириб беришга пул сўрайдими? Оллоҳнинг уйига ҳужжат тўғирлаб беришга жон фидо қилиш ўрнига, ҳеч бир уялмай, қўрқмай долларда пул оладими, а?! ‒ деди, ана шу сўзларни айтаётганида авзойи ўзгариб, хўрлиги келганидан овози титраб чиқди, ўзини босиб қололмаганидан кўзларига ёш қуйилганини ҳис этди.

Йўлтурди қариянинг наинки сўзларидан, балки важоҳатидан ҳам қаттиқ қўрқиб, нима дейишини билмай талмовсиради. Гоҳ Сафохонга, гоҳ эса қариянинг сўзларини тасдиқлагандай уни мазах қилиб киноя аралаш такаббурона нигоҳ қадаётган нонвой Тошмуродга, ундан эса орқадаги “Нексия”си кабинасида ўтиргани ҳам кўринмаёзган Қурбат томон кўз югуртирди, ана шу аланглаши давомида гарангсираши, довдираши орқага чекиниб, ўзини қўлга олишга улгуриб, чайналганда      й тушунтирди:

‒ Энди… энди амак, сиз идорада ишлайдиганларни билмайсиз! Уларнинг танглайи пул билан кўтарилган! Катта амалдорлар масжидми, кинотеатрми қараб ўтиришмайди ‒ ноқонуний жойи бор деб туриб олишади! Ана шу кезлари уларга пул қистирмасангиз ишингиз битмайди, хуржунлашгандан-хуржунлашаверади! Қолаверса, бизнинг одамларни биласиз-ку!..

‒ Сизга ўхшаганлар ана шундай ўйлайди-да! Мен Сафохонга айтдим: чакки қипсиз бундай савоб иш учун бировнинг қўлига пул тутқизиб дедим! Одамлар борки, ана шунга ўхшаш савоб ишга жонларини бериб юборишгаям тайёр турадилар, бошқалари эса ўз улушимни қўшай деб фийсабилиллоҳ хизмат қиладилар! Тўғрими Тошим? Тошмурод деганим? ‒ ёнидаги нонвойга нигоҳ қадади Абдурасул ота, у қариянинг сўзларини тасдиқлаб “ҳа” деган мазмунда бош тебратиб қўйгач эса, бу ишорадан қаноатланиб тағин-да эҳтиросли, тағин-да таъсирли оҳангда жумласини якунлади: ‒ “Бизнинг одамларни биласиз-ку!”, дейсиз-а?! Ҳеч бир уялмай-нетмай бутун айбни одамларга тўнкаб қўяяпсиз! Ваҳоланки, ўшалар ҳам сиз билан менга ўхшаган мусулмон фарзандлари!

Йўлтурди бу сафар қарияга лом-мим дея олмади. Бир оғиз сўз дегудай бўлса, бундан бешбаттар дакки-дашном эшитиши, табиийки кутмагани маломатларга қолиши ҳеч гап эмаслигини фаҳмлаб, яна ҳадеганда Абдурасул отанинг сўзларини тасдиқлаб бош тебратишини қўймаётган Тошмуродга хўмрайиб қараб, қўлидаги икки буклоғлиқ пулни Сафохонга тутқизаркан:

‒ Бу ерда минг доллар. Қолган икки мингини эрта-индин у одамдан опкеб бераман, ‒ деди.

Сафохонга унинг безбетлиги ёқмади. Боз устига “эрта-индин опкеб бераман”, деб ёлғон ваъда бериши гўёки унинг устидан кулишдек кўриниб кетиб, шерикларининг олдида ўзини ғурури поймол этилгандай ҳис этаркан, Йўлтурдининг қўлидан пулни олмади. Эркаклик шаъни барча нарсадан устунлигини намойиш этгандай бир авзода норозилик билдириб:

‒ Ярим йилдан ошди-ку, сизга пул берганимга Йўлтурди! Ахир, ундаймас-да! Ҳаммасини тўғирлаб беринг, кейин қўлингиздан оламан! ‒ деб ўз сўзида қатъий турди.

Йўлтурди унинг юмшоқ табиат одам эканини яхши биларди. Ҳозир эса Сафохон шерикларига, айниқса, ёнидаги ёши бир жойга бориб қолган мўйсафидга орқа қилиб шу бугуноқ пулни топиб беришни талаб этишидан ижирғанди, шу сабаб уни мазах қилгандай иршайиб:

‒ Бу пулниям машинамда ўтирган ҳув анави ошнамдан обтурибман! Ишонмасангиз бориб сўранг, Сафохон! ‒ деди-да, ўша ёққа эътиборини қаратган эди, автомаркабда ўтирган Қурбат нима учундир юзини қўллари ёрдамида тўсишга, иложи борича буларга тескари ўгирилишга, кўринмасликка уринаётганига кўзи тушди.

Абдурасул ота ҳам унинг ортидан қора “Нексия” томон истеҳзола-ниб боқаркан:

‒ Ўша сиз назарда тутаётган оғайнингиз, ўша, иложи борича мендан яширинишга, менга кўринмасликка уринаётган ошнангиз марҳум синглимнинг ўғли, яъни жияним бўлади! У ҳеч қачон бировга пул берадиган анойилардан эмас! Бировнинг пулини тортиб олса-оладики, аммо бировнинг хожатини чиқаришга тоби йўқлардан, сира тоқати йўқлардан-да! Сиз уни яхши билмас экансиз! ‒ деди, шуларни маълум қиларкан, нонвой Тошмурод тарафга ўгирилиб: ‒ Ҳув бирда, пул алмашганда Асқар бунинг анча-мунча пулларини тўғрилаб берган, алмаштириб берган демоқчиман-да, девдим, кейин палакат босиб катта дўконларига текширув келганида, “Ўша пулларни жойига қўйиб турайлик, яна қайтариб оласан, йўқ бўлиб кетмайди!”, деганида, “Менга ҳеч қандай пулларни алмаштириб бермагансан, мен сени танимайман!”, деб туриб олган номард жияним мана шу нусқа бўлади, сенга бирда айтиб берувдим шекилли, Тошмурод?! ‒ деб эслатган бўлди, тағин жияни Қурбат томон нафратланиб қараб қўйди.

‒ Анави вокзал-аэропортларда билет тарқатиб юрадиган жиянингиз-да, а? Анави “афирист” девдингиз, “ўғлимга шу ишни қипти у номард” девдингиз, ўшами?!

‒ Ҳа, ўша, ‒ деди Абдурасул ота, кейин нима дейишини билмай қизаринқираган Йўлтурдига ўгирилиб, ҳар икковига ғазаб ва қаҳрини сочгандай нигоҳда, ҳар иккисининг ҳақиқий башарасини очгандай авзода сўзланди: ‒ Сиз ундан қишда қорни сўранг ‒ берармикин! Ҳў-ўп икковинг топишибсизлар-да! Ўхшатмасдан-учратмас деб шуни айтарканлар!

Қариянинг сўнгги гапи Йўлтурдини довдиратиб қўйди. Нима дейишини, нима қилишини билмай гарангсиради. Чайнала-чайнала бир нималар деб ғулдуради-да, қўлида чангаллаган пулни тағин Сафохонга тутиб:

‒ Буни обтуринг, эрта-индин қолганиниям опкеб бераман, ишонинг, опкеб бераман, ‒ дейишини қўймади.

Абдурасул ота “жуҳуддан жизза” қабилида аввал Тошмурод нонвойга қараб қолди, сўнг эса Сафохонга юзланиб:

‒ Олинг Сафохон, эртага эмас, индинга бирга келамиз, қани топиб бермасинлар-чи, унда бошқачасига гаплашамиз-да, а? ‒ деди, шу дамда қаёқдандир хотирасига Сафохоннинг акаси Вадудхон мелиса келди, шунча пайтдан бери уни эсга олмаганига, тўғрироғи, эслашмаганига бир томондан ажабланса, бошқа томондан Сафохоннинг соддалигига, ҳечқурса акасини эслатиб қўрқитиб қўйишни ҳам эплолмаганига ундан ўпкаланди. Ўзи бу камчиликни тузатишга киришиб: ‒ Биласизми бу кишининг акаси қаерда ишлашини? ‒ деб баланддан келди, Сафохон еростидан унга норозиланиб нигоҳ қадаганига парво қилмади, аксинча унга дакки берди: ‒ Менга ундай қараманг, Сафохон, бундай сўзида турмайдиган бебурдларга ана шунақа нарсаларниям етказиб қўйиш керак, ҳа, ҳа, билганлари, сал таналарига ўйлаганлари яхши! ‒ у шундай деб тағин Йўлтурдининг диққатини ўзига қаратиб: ‒ Ўша одам органда ишлайди-я! Ҳа, ҳа, сиз билан ҳазиллашаётганимиз йўқ! Вадудхон аканинг икки елкасидаги погонларида иккитадан катта юлдузлари бор, нақ подполковникми, полковник бўлиб ишлайдилар! ‒ дея огоҳлантираркан, асли мақсади қўрқитиш, шу йўл орқали иложи борича тезроқ пулларини қайтариб олиш эканини яшириб ўтирмади.

Сафохон акасининг ҳуқуқ-тартибот идорасида ишлашини Йўлтурдига айтмаганди. Шунинг учун ҳам у қариядан бу янгиликни эшитиши ҳамоно ўтакаси ёрилаёзди ‒ мушукникига ўхшаш чақчайган сарғимтир кўзларининг ола-куласи чиқди. Форма кийганлар ва мана бундай мўйсафид-қариялар билан ҳазиллашиб бўлмаслигига ақли етиб, ялтоқиланишга тушди:

‒ Эртагаёқ ўзим Ипподромга олиб бориб бераман, Сафохон! Ҳалиям ўша “От Ҳайкал”нинг орқасидаги растадамисиз? Анави, анави, “Хитой бозори” дейишармиди у ерни?!

Сафохон қариянинг огоҳлантирувидан сўнг Йўлтурди ўзини қўярга жой тополмай типирчилаб қолганини кўриб “ юракдан хўп бор экан-ку!” қабилида унга назар соларкан, қисқагина кулди, сўнг эса у узатгани бор пулни қўлидан олиб туриб:

‒ Ҳа, ўша ердаман! Саккизинчи раста, тўртинчи қатор ‒ борсангиз топиб оласиз! ‒ деди.

‒ Эртадан қолмасин! ‒ орага қўшилди нонвой Тошмурод. ‒ Бизлар тағин бу ерга овора бўп кеп юрмайлик, бензин фалон пул-а, биласиз-а, Йўлтурди-ии?! ‒ у ана шуларни даракларкан, Йўлтурдининг устидан кулгандай исмини тилга олаётганида охирги “и” ҳарфини чўзиброқ талаффуз этди. Бу билан гўё “эҳтиёт бўлмасангиз аҳволингиз “вой” бўлади-я!”, деб хитоб қилган, ана шунга ишора қилган бўлди. Буни нафақат Йўлтурди, балки ёнидаги Сафохон ва Абдурасул ота ҳам пайқашди. Ана шу пайқашгани важидан ўз навбатда улар ҳам Йўлтурдига “эсингни йиғиб иш тут, акс ҳолда жабрини тортасан-а!” дегандай маъно-мазмунни акс эттириб истеҳзоланиб назар солишди.

Абдурасул ота Тошмуроднинг юқоридаги сўзларидан руҳланиб, ўзида шижоат ва дадиллик пайдо бўлганини ҳис этиб, ҳеч бир тап тортмай, иштиёқи ошиб жияни ўтирган “Нексия”га қараб юрди. Унга яқинлашиб олди эшикнинг тутқичига қўлини узатган ҳам эдики, тоғасининг важоҳатидан қўрқиб кетган Қурбат автомаркабдан ҳовлиқиб ташқарига тушиб, унга салом бериб кўришмоққа тутинганди, Абдурасул ота унинг на саломига ва на ўзи томон чўзгани қўлига эътибор бермади, адоватини очиқчасига сездириб, ғазабнок авзода:

‒ Сен ярамасга дадам раҳматли яхши ниятда Қурбат деб исм қўйгандилар!.. ‒ деди, энди жумласининг давомини сўзлашга тараддудланганди, берган саломи ва чўзган қўли жавобсиз қолган жияни уни охиригача эшитмай, дарров қиёфасини ўзгартириб, тоғасига хезлангандай у томон интилиб:

‒ Нима қипти исмимга?! ‒ деб кўзларини олайтириб баланддан келди, айни дамда унинг совуқ, ғижимлаб ташланган қоғозга ўхшаш бурушиқ башараси тиришиб кетган, ўзини гўё айбсиз абдордай тутар, тўнғич тоғасининг шаънини оёқости қилувчи таъналарига чидолмагандек қилиб кўрсатар, буни кексайган одам олдида кўкрагини ғоз тутиш, ўзининг ҳеч бир нуқсонсиз одам эканлигини намойиш этиш орқали исботламоққа уринаётганди.

Абдурасул ота унинг феълини жуда яхши билгани учун мана бундай хезланиб чиранишига ҳеч бир парво қилмади, билъакс унга қасдма-қасдликка олға юриб уни орқага тисарилишга мажбур этаркан:

‒ Сен Қурбат эмас, Ғурбат экансан, тушундингми? Ана шуни бетингга айтмоқчи эдим! Билсанг агар, сен бу исмга номуносибсан! ‒ дея омади гапни айтган бўлди.

‒ Нега номуносиб эканман? Нима қипман ғурбатлик қилиб?! ‒ тап тортмади Курбат, тоғаси нега бундай деяётганини балодай сезса-да, лекин ўзини сезмаганликка олиб, тўғрироғи, туллаклик қилиб яна сўради: ‒ А, нима қилдим?!

Абдурасул ота унинг доғулилигидан яна ҳам жиғибийрон бўлди. Асабийлашиб ён-верига қаради, бошини тебратиб жиянига “аблаҳсан!” деган йўсинда кўзларини ўқрайтирди, юраги алланечук уриб, бутун вужуди титради ‒ бу ҳолати унинг овозида ҳам акс этди:

‒ Сен ярамас ҳеч қачон одам бўлмай-йсан! Одам бўлганингда Асқарнинг яхшилигини билардинг!

Курбат тоғасининг айни дамдаги руҳий ҳолатидан бехабар, у “ғазаб отга минди” деб фаҳмлаб, паст келгудай бўлса у авж олиши мумкинлигини таҳмин қилиб, ҳеч бир андишага бормай:

‒ Нима қипман Асқарингизга?!:

‒ Ана, бор, кичик тоғанг Рашиддан сўра, нима қилганингни айтиб беради! Хотини, анави офат Тоҳира Асқарнинг уйига бориб тўполон қип юрибди!

‒ Нега тўполон қилади?

‒ Пули йўқ эмиш! Сенинг ўша қилган номаъқул ишинг учун Рашид тоғанг Асқарга пул берганмиш! Ўшани сўраб борибди!

‒ Рашид акамнинг пулга эҳтиёжи йўқ эди-ку! ‒ ўзини ҳайрон қолгандай қилиб кўрсатди Курбат, заҳчаникига ўхшаш кўкўзларини тўнғич тоғасига бақрайтирди. Айни чоғда хаёлидан: “Сенлар билан Рашид акамнинг ораси бузилгани жуда яхши иш бўпти, мен учун айни муддао-да! У бундан-буёқ мендан кўра сенларга кек-адоват сақлайдиган, сенларга аҳли-оиласи билан бирга душман кўзи билан қарайдиган, сенларга ғазаб-нафратини сочадиган, менга эса муомаласини тузатиб яхши муносабатда бўладиган бўпти! Ҳа, ҳа, мен Рашид дўконни яхши биламан-ку! У бундан-буёқ ўзини сенсирасаям мени сизлайдиган, ҳурматимни жойига қўйиб соямга кўрпача соладиган бўпти, мен унинг кимлигини, унинг феълини яхши биламан ‒ сенлар билан уришиб-жанжаллашдими, албатта мен билан алоқасини тиклайди, мен билан яхши бўлишга ҳаракат қилади, атайлаб ана шу йўлни тутади ‒ сенларга алам қилишини истагани сабаб менга яхши кўринишга уринади!”, деган мазмундаги ўй-фикрлар ўтиб, ўзича сўзланиб, ичдан кенжа тоғасининг хатти-ҳаракатларига ва феълидаги айрим нозик ноқисликларга ўзининг баҳосини берган, унинг бундан-буёнги ўзини тутишлари, тўнғич акаси ва унинг оиласидагиларга, қолаверса ўзига бўлган муносабати келажакда қай томонга ўзгаришини миясида таҳлил қилиб чиқди. Мазкур тахминий хулосаси ва ўй-мулоҳазаларидан дилида мамнунлик, ич-ичидан хурсанд бўлиш, қувониш ҳиссини туйди.

‒ Буни бориб ундан сўра! Менинг дилимни ёмо-оон оғритди-да, аммо-лекин! Майли, Худо бор-ку, Худо кўриб турибди-ку!.. ‒ укасидан норозиланди Абдурасул ота, шунинг баробарида унга дўст бўлмаган мана бу нусхага ёзғираётганига ўзидан ўпкаланди. “Бу бадбахт сенинг дардингга қулоқ солармидики, унга ичингдагини ёриляпсан? У қайтага хурсанд бўлади ‒ сен ва укангнинг ораларинг бузилса дўпписини осмонга отади-ку, ахир! Ана шуни билиб туриб дилингдагини айтяпсан ‒ бундан бешбаттар бўлларинг демайдими? Худди ана шундай дейди! Ич-ичидан уни севинтиряпсан: “Мана сенлар кимсанлар! Мени ғадабга оляпсан, аслида сенам, анави уканг Рашид дўконам, манави ўғлинг Асқарам ‒ баринг бир гўр, тупроқларинг бир ердан олинган!”, деб ҳар учовингни ичдан сўкаётгани, ҳар учовингнинг устингдан кулаётгани аниқ ‒ бунга шубҳаланмасанг ҳам бўлади!”, деб турфа ўй-фикр, мулоҳазаларга бориб ўзидан ғижинишини қўймади.

‒ Бунақа нарасаларни мен ундан сўрамайман! Рашид тоғамнинг бошига иш тушганида Риҳси бувим менинг қанча пулларимни ишлатган! Ундан ўша пулларимни ҳалигача талаб қилганмасман! ‒ ўзини танти, яқинларига меҳрибон қилиб кўрсатишга уринди Қурбат, айни дамда Абдурасул отага “жаа-а менга дўқ уришни, жекиришни биласан ‒ тоға бўлиб менга нима яхшилик қилиб қўйибсанлар?!” дегандай ўқрайиб, сувдан қуруқ чиқишга уринди.

Абдурасул отанинг тўнғич синглиси Раъно икки фарзанди билан эридан ажрашиб, қизлик уйига қайтган, Жомийдаги “Учқун” тикувчилик фабрикасида ишлаб юриб, ўттиз етти ёшида ана шу фабрикага қарашли бўлган тиббиёт-санитария қисмида ҳамширанинг вена қон-томирига нотўғри игна санчиб ҳаво киритиб юбориши оқибатида бемаҳал вафот этиб бу фоний дунёни тарк этиб кетган, унинг ҳали вояга етиб улгурмаган ўғил-қизи Шокир баззов ва Риҳси кампир қарамоғида қолган; Риҳси кампир ҳаётлигида бу кенжа набираси Қурбатни еру кўкка ишонмас, уни тергаган ёки койиган, ўз фарзандлари билан уришиб қолганида орага тушиб унга дакки-дашном берган ўғиллари билан аразлашиб, ҳатто уларга димоғ-фироқ қилиб гаплашмай ҳам қўярди. Бундай ҳол анчагача давом этар, фақатгина улуғ рамазон кунлари, икки ҳайит айёми ва онасининг туғилган кунини нишонлашлари сабаб бўлиб, шунда ҳам орага Шокир баззоз аралашганидан сўнггина Риҳси кампир такаббурликни бир чеккага йиғиштириб, ўзи билан аразлашиб қолган ўғилларига ёинки улардан бирига гапирган бўлар, аммо дилидаги кек-адовати ариб, батамом унутгунига қадар ҳам ярим йил-бир йил ўтиб кетарди. Фақат шундан кейингина Риҳси кампир ўша ўғли билан муносабатини илиқлаштирар, фақат шарти шу эдики, бундан буёқ суюкли набираси Қурбатнинг мушугини пишт дейишга ҳам журъат қилолмасди, журъат қилгудай бўлса онаси яна асли ҳолига қайтиб, у билан яна сўзлашмай қўярди.

1
...
...
9