Читать книгу «СЎЗ» онлайн полностью📖 — Одил Ёқубов — MyBook.
image

Ана шу тайёргарлик жараёнидаги бир жараён, айниқса, диққатга сазовор. Шубҳа йўқки, «Қутлуғ қон», «Навоий» романлари бўш жойда эмас, биринчи галда, миллий адабий анъаналаримиз, ўзбек реалистик насрининг илк тажрибалари аввало, Абдулла Қодирий романлари, улкан адиб реализм сабоқлари заминида майдонга келди. Адабиётшуносликда кўпинча адабий ворислик, анъаналар бирёқлама, силлиқ, осон кўчадиган ҳодиса тарзида талқин этилади. Аслида улкан санъаткорларда устозлардан ижодий ўрганиш ғоят мураккаб, баъзан эса кескин баҳс-мунозара тарзида кечади. Навоийнинг буюк салафларига муносабатини эсланг. У «Хамса»га қўл урар экан, ўзидан олдинги хамсанавис устозларга чуқур ҳурмат-эҳтиромини сақлагани ҳолда, улар билан қизғин баҳсга киришади. Баҳс пайтида ўз «Хамса»си, унинг етакчи қаҳрамонлари ҳақидаги концепцияларини баён етади… Шундай диалектик ижодий-руҳий жараённи Ойбекнинг Қодирийга муносабатида ҳам кўриш мумкин. Ойбекнинг «Абдулла Қодирийнинг ижодий йўли» тадқиқоти 1936 йили – айни «Қутлуғ қон» ва «Навоий» асарига ҳозирлик кўриш пайтида майдонга келган. Тадқиқотда Абдулла Қодирий ижодининг, романларининг бир талай фазилатлари, адиб реализмининг ўзига хос хусусиятлари катта билимдонлик, нозик дид билан инкишоф этилган. Айни пайтда адиб кўп ўринларда Қодирий билан жиддий баҳс олиб боради. Тадқиқотчининг танқидий мулоҳазаларига синчиклаб қарасангиз, улардан кузатилган асосий мақсад Қодирий романларининг камчиликларини «очиб ташлаш» эмас, кўпроқ адибнинг ўз ижодий принциплари, концепцияларини белгилашга интилишдан иборат эканлигини сезиб турасиз; гўё ёзувчи Қодирий романларига, реализмига хос бир қатор хусусиятларни танқид қилиш билан ўзининг бўлғуси романларига хос ижодий принципларини баён этади; тадқиқотдаги тарихий роман, романда тарихий шахслар ва тарихий ҳодисалар муносабати, социал типлар, социал типларнинг шароит билан алоқаси, ижтимоий конфликтлар ифодаси, оддий меҳнаткаш халқ вакилларининг асардаги ўрни, бадиий талқини билан боғлиқ қатор мулоҳазалар кейинчалик «Қутлуғ қон» ва «Навоий» романларида муаллифнинг ўзи амал қилган принциплар бўлиб қолди.

ЁЗУВЧИ. Кузатиш ва мулоҳазаларингиз тўғри. Умуман, улкан санъаткорлар ўзларидан олдин ижод этган ёки ўзларига замондош адибларнинг шакл, услуб, тил бобидаги тажрибаларини, изланишларини ҳеч қачон тўлиқ қабул қилган эмаслар. Адабиётдан узоқроқ баъзи кимсалар учун Толстойнинг Шекспирга салбий муносабати, Тургенев асарларини ёқтирмагани ёхуд Достоевскийни тўлиқ қабул этмагани эриш, ғалати туюлиши мумкин. Аслида бунда ҳеч қандай ғайритабиийлик йўқ. Улкан адиблар орасидаги баҳс-мунозараларга дуч келганда, буни қандайдир бир-бирини кўролмаслик ёхуд ҳасадгўйлик деб билмаслик лозим. Бу хилдаги баҳслар, зиддиятли қарашлар улкан санъаткорлардаги ижодий принципларнинг ўзига хослиги туфайли келиб чиқадиган ҳолдир.

ТАНҚИДЧИ. Шуниси ҳам борки, Ойбек амалий фаолиятида, хусусан, «Навоий» асарида Қодирий романлари муносабати билан айтган баъзи танқидий қарашларидан хиёл чекинади. Масалан, адиб «Ўткан кунлар»да Отабек, Юсуфбек ҳожи сингари савдогар табақа намояндалари ўзларида ижтимоий кучнинг хусусиятларини атрофлича тўла ёритиб бермаганини айтади, улар асарда савдогарлар табақаси моҳиятини ташувчи шахслар эмас, балки ўз даври учун нисбатан илғор қарашларни акс эттирувчи кишилар эканлигини етарли ҳисобга олмайди. Ёзувчи «Қутлуғ қон» романида айни шу ўзи илгари сурган концепцияга тўла риоя қилади. «Навоий» романида эса ўзгачароқ манзарага дуч келамиз. Ҳаётий ҳақиқат, мавзу – материал, асарнинг ғоявий-бадиий ният характеридан келиб чиққан ҳолда адиб қаҳрамонлар танлаш ва уларнинг талқинида энди муайян даражада Қодирий тажрибасига таянади, қаҳрамонларнинг ижтимоий келиб чиқиши, мавқеи билан уларнинг ирода йўналиши, асарда тутган ўрни, кураш-интилишлари ифодасида, В.Белинский айтган анохранизм, бадиий ниятга кўра тарихий ҳодисаларни «ўзгартириб кўрсатиш» анъанасидан ҳам фойдаланади. Чунончи, Навоий ижтимоий мавқеи жиҳатидан катта мулк эгаси, саройда улкан мансабларни эгаллаган, бош вазир, бек лавозимларига кўтарилган одам. Ойбек Навоий ҳақидаги тадқиқотларида бу ҳолатни алоҳида таъкидлаб ўтади, аммо ёзувчи романда Навоий ҳаёти билан боғлиқ бу жиҳатларни атайин четлаб ўтади, Навоий образида катта мулкдорга, мансабдорга хос социал хусусиятларни очишга асло уринмайди, уни асосан халқпарвар, эркпарвар, адолатпарвар гуманист аллома сифатида талқин этади; саройдаги яна айрим илғор тарихий шахслар ҳам шу тарзда берилган. Шу жиҳатдан қараганда, шахсан менга «Ўткан кунлар»даги Юсуфбек ҳожи Навоий образининг поэтик модели бўлиб туюлади. Юсуфбек ҳожини қийнаган кўп ҳаётий жумбоқлар, ўзаро урушларга, беҳуда қон тўкишларга қарши туриш, мансабдорларни адолатга, инсофга ундаш, халқнинг бирлиги, осойиши, фаровонлиги учун кураш, ақл-идрок тантанасига ишонч – булар кейинчалик Навоий образида ҳаётий фактлар асосида янги куч билан кенг масштабда намоён бўлди.

Шу тариқа «Ўткан кунлар» ва «Меҳробдан чаён»нинг таъсири, ҳар икки роман тажрибаларидан ижодий ўрганиш, уларни ижодий ривожлантириш самараси бўлган ўринлар «Навоий» асарида бир талай. Дўстга садоқатли, фидойи Султонмурод «Меҳробдан чаён»даги Султоналини эслатади, Дилдор билан Арслонқулнинг севги саргузаштлари, Дилдорни ҳарамдан қутқариш, саройдаги муҳит, хилма-хил интригалар ифодасида ҳам Қодирийга бориб туташадиган ўринлар йўқ эмас.

ЁЗУВЧИ. Адабиёт ривожида ғалати қонуниятлар бор. Гарчи, улкан санъаткорлар орасида қизғин баҳслар кетса-да, ҳар бир ижодкор ўз принципларига амал қилиб, ўз йўлидан боришга ҳаракат қилса-да, у ўзгалар тажрибасини баъзан онгли равишда, баъзан эса беихтиёр тарзда қандайдир даражада ўзлаштиради. Сиз «Навоий» билан Қодирий романлари орасида параллеллар мавжудлигини айтяпсиз. Дарҳақиқат, бу романлар орасида мавзу, материал, ҳаётий проблематика, қаҳрамон ва конфликт жиҳатидан муштаракликлар кўп. Агар синчиклаб ўрганилса, Сиз Қодирий принципларидан кескин фарқ қиладиган асар санаган «Қутлуғ қон»да ҳам, хусусан, унинг поэтикаси, айрим сюжет линияларида «Ўткан кунлар»ни эслатадиган ўринларни топиш мумкин. Масалан, Йўлчининг ўғирланган Гулнорни қутқариш воқеаси «Ўткан кунлар»даги Отабекнинг Кумушбиби шаънини ҳимоя қилиш учун Ҳомид билан олиб борган жанг-тўқнашувларини эсга солмайдими?! Демак, Ойбек улкан санъаткор сифатида Қодирий билан тортишган-баҳслашган, ўз принципларини тайин этиб, ижодда ўз йўлидан борган бўлса-да, устоз романларидан, шубҳасиз, таъсирланган, ижодий ўрганган.

ТАНҚИДЧИ. Адабиётдаги чинакам новаторона кашфиётлар шу тариқа анъаналар билан мураккаб диалектик алоқада майдонга келади. «Қутлуғ қон» ва «Навоий» адабиётимизда чинакам оригинал бадиий кашфиёт, улкан новаторона ҳодиса бўлди. Ойбекнинг энг буюк адабий хизмати, новаторлиги шундан иборатки, у бутун бир халқнинг тимсоли бўла оладиган, халқ тарихининг энг муҳим палласи ҳақида тасаввур берадиган, халқнинг тақдири, савия-даражаси, орзу-интилишларини ўзида акс эттирадиган ўлмас образлар яратади; адиб даҳоси маҳсули бўлган Йўлчи ва Навоий образлари, Сиз айтгандай, аллақачон халқнинг қалби тўридан жой олган, мангу ўлмас сиймолар сифатида унинг онгига, маънавий ҳаётига сингиб кетган.

Ойбек санъатининг сеҳри шундаки, у оддий меҳнаткаш деҳқон йигити Йўлчини ҳам, тарихда ўтган буюк зот Навоийни ҳам бирдек давр қаҳрамони, халқ руҳияти ифодачилари, халқнинг фахри даражасига кўтара олади.

ЁЗУВЧИ. Бу гапларга яна шуни илова қилиш керакки, реалист санъаткор ҳаётий ҳақиқатга таянган ҳолда оддийликдаги ғайриоддийликни ва аксинча, улуғвор ҳодисалардаги оддийлик, одмиликни кашф эта олди. Ойбек улкан санъаткор сифатида реализмнинг шу икки муҳим хусусиятини ўз ижодида ажойиб тарзда намойиш эта билган. Қаранг, «Қутлуғ қон»даги Йўлчи ўта оддий, камсуқум, меҳнаткаш йигит, лекин у бора-бора тарихий жараённи ҳаракатга келтирувчи улкан бир кучга айланди; «Навоий»даги Навоий улуғ шоир, давлат арбоби, Ойбек айни пайтда, мана шу фавқулодда улуғвор шахс характеридаги оддий одамлар дилига яқин жиҳатларни очиб беради.

Ойбекнинг «Қутлуғ қон»даги энг катта новаторлиги, оригиналлиги яна шундаки, адиб ҳаётдаги социал типларни чинакам бадиий типлар даражасига олиб чиқа олди. Боя сиз айтгандай, «Қутлуғ қон» қаҳрамонлари ё мулкдорлар, ё эзилувчи меҳнаткаш халқ вакили; асар конфликти ҳам синфий кураш асосига қурилган. Биласиз, 20–30-йилларда яратилган қатор насрий асарларда синфий курашни шундоғича жўнгина асарга кўчириш, персонажларни эса ёзувчи – бой ёки эзилувчи-камбағал синфининг оддийгина иллюстрациясидан иборат қилиб бериш ҳолларига дуч келамиз. Улардан фарқли ўлароқ, «Қутлуғ қон» ҳодиса моҳиятини чуқур бадиий таҳлил этиш, социал зиддиятларни чинакам таъсирчан конфликт, социал кучларни эса тирик одам, тўлақонли ёрқин пластик характер– тип даражасига кўтариш санъати билан ажралиб туради.

ТАНҚИДЧИ. Ойбек «Навоий» романи билан ўзбек адабиётида том маънодаги тарихий романга, аниқроғи, тарихий-биографик романга асос солди. Бу роман чуқур илмийлик ва юксак бадиийлик синтезидан туғилган. Адиб Қодирий ҳақидаги тадқиқотларида, жумладан, шундай дейди: «Ҳақиқий реалист санъаткор билан илмий методология ила қуролланган тарихчи маълум нуқталарда учрашувлари керак. Уларнинг тарихий ҳаётни текширишлари, ҳодиса ва воқеаларни танлашдаги йўл ва усуллари қанчалик айри бўлмасин, охирги пайтда, сўнгги натижада улар учрашувлари лозим, яъни тарихчининг ҳақиқати ила санъаткорнинг ҳақиқати мувофиқ, ҳамоҳанг бўлиши керак. Қисқача айтганда, бадиий ҳақиқат тарихий ҳақиқатга мос келсин». Адиб романда бу принципга тўла риоя қилган. Навоий ҳаёти, даврини жуда чуқур билган, у ҳақда ажойиб тад қиқотлар яратган Е.Э.Бертельс: «Романнинг катта муваффақияти шундаки, унга киритилган барча воқеалар бизгача етиб келган тарихий ҳужжатлар билан тасдиқланади»,– деб гувоҳлик беради.

Ойбек Навоийнинг ҳаёти, шахсияти тасвирида ҳаётий фактларга таянади, Навоий ҳаётини «тўлдирадиган» тўқималардан мумкин қадар ўзини тияди; эҳтимол, тарихда аниқ фактлар бўлмагани учун унинг интим ҳаёти, севгиси соҳасини очиқ қолдиради.

Аммо «Навоий» романида бошқа хилдаги тўқима воқеалар, персонажлар бор. Арслонқул, Дилдор, Султонмурод, Зайниддин, Тўғонбек сингари бадиий тўқима йўли билан яратилган персонажлар Навоий образи билан турли даражада мулоқотга киришадилар, романнинг умумий сюжет йўналишида улар муайян ўрин тутадилар… Шундай усул билан яратилган образлар «Юлдузли тунлар»да ҳам, Сизнинг ҳар икки тарихий романингизда ҳам бор. Кейинги романингиз «Кўҳна дунё»да, ҳатто ижодий фантазия маҳсули бўлмиш Ибн Шаҳвоний етакчи персонажлардан бирига айланган, Ибн Шаҳвоний билан боғлиқ можаролар Ибн Сино, Беруний билан салтанат, Султон Маҳмуд орасидаги зиддиятларнинг энг муҳим ҳалқасини ташкил этади. Тарихий романларда тарихий шахсларни тўқима образлар билан мулоқотга киритиш бу шунчаки адабий анъаналар кўринишими ёки бадиий эҳтиёж, зарурият тақозосими?

ЁЗУВЧИ. Тарихий романда илмий ҳақиқат билан бадиий ҳақиқатнинг муносабати ғоят нозик ва мунозарали масала. Адабиёт тарихида шундай асарлар борки, улар илмий жиҳатдан асосланган тарихий фактларга тўла мос келадиган ҳужжатларга таяниб ёзилган. Ойбек домла улкан олим, тарихчи, файласуф бўлгани, Навоий ҳаёти, ижоди, у яшаган даврни пухта билгани учун ҳам, эҳтимол, тарихий фактлардан унча чекинган эмас. Айни замонда шундай тарихий асарлар ҳам борки, уларда умуман ҳаётий ҳақиқатга таянилгани ҳолда ёзувчи хаёлоти – фантазияси орқали тарихий фактни қайта идрок этиш муҳим ўрин тутади, тарихий ҳодисалар, шахслар муаллиф бадиий нияти асосида ўзгача талқин этилади. Адабиёт тарихида бунга мисоллар кўп. Навоий достонидаги Искандар тарихий шахс Александр Македонскийдан кескин фарқ қилади, Мария Стюартни Шиллер ўзича, Вальтер Скотт бошқача, Cтефан Цвейг яна ўзгача талқин этади… Мен бу гапларни Ойбек «Навоий» романида тутган йўл, амал қилган принципни камситиш ё рад этиш учун эмас, балки тарихий асар яратиш йўллари ҳар хил эканлигини таъкидлаш учун айтаётирман. Шахсан мен тарихий асарда ёзувчи хаёлоти-фантазиясига тўла эрк бериш, «тарихчи олим иши тугаган жойда ёзувчи иши бошланади», деган қараш тарафдориман.

Навоийнинг интим ҳаёти, севгиси билан боғлиқ масалада мен Ойбек йўлини ҳеч камситмаган ҳолда, Иззат Султон ва Уйғун драмасидаги талқинни ҳам тўла қўллаб-қувватлайман. Модомики, Ойбек ҳам тарихий фактларга изчил риоя қилган романда бадиий тўқимага, хаёли меваси бўлган образларга ўрин берган экан, бу ҳар қандай тарихий асар учун табиий, зарурий, қонуний бир ҳол.

ТАНҚИДЧИ. Шундайку-я, лекин «тарихий асар» тушунчасидаги «тарихий» сўзининг маъно, аҳамиятини қадрлаш ҳам керак. Том маънодаги тарихий-бадиий асар тарихий ҳақиқатга, аниқроғи, фанга яқинлиги, ҳамоҳанглиги билан ўтмиш ҳақидаги бошқа тур бадиий асарлардан ажралади.

Тарихий романда, хусусан, улкан тарихий шахслар ҳаётидан олинган асарда энг қийин ижодий муаммо ўша тарихий шахсларнинг бадиий концепциясини белгилаб олишдан иборат бўлса керак. Мен кейинги пайтларда Ойбекнинг Навоий ҳақидаги тадқиқотларини роман билан қиёсан ўқиб чиққанда шунга амин бўлдимки, адибда Навоий образининг концепцияси анча аввал мукаммал тарзда шаклланган, илмий жиҳатдан асосланган экан. Кейинчалик романда ўша илмий жиҳатдан асосланган концепция бадиий тус олган.

Навоий ҳақидаги тадқиқотлар билан танишганда туғилган яна бир таассурот шуки, Ойбек Навоий ҳаёти ва ижодини буткул эгаллаган, Навоийга оид жамики фактлар унинг учун миридансиригача аён, энг муҳими, Навоий ҳаёти, ижоди, шахсияти моҳиятини теран англаб етган, бениҳоя чуқур ҳис этган.

1
...
...
13