Испания! Мен Девидни Испанияга жўнатдим! Стратморнинг гаплари қизга найзадек санчилди.
– Девид… Девид Испаниядами? –қулоқларига ишонмасди Сьюзан. – Сиз уни Испанияга юбордингиз? Нимага? – ҳайқирди қиз.
Унинг нигоҳлари жаҳлга тўлган эди. Шу туришида у полопонини ҳимоя қилишга шайланган она бургутни эслатарди.
Стратмор қизнинг кутилмаган реакциясини кўриб, бир муддат тилдан қолди. Шеф бирор кимсанинг ўзига нисбатан бундай қичқиришига одатланмаган эди. Сўнг ўзини босиб, гап бошлади:
– Сьюзан, сен Девид билан гаплашган бўлишинг керак бу ҳақда. У тушунтирмадими нима гап эканини? Мен унга бугун тонгда машина юборгандим. Кетишидан олдин сенга қўнғироқ қилмоқчи эканини айтганди менга. Кечир мени. Мен ўйлагандимки…
Қиз шефнинг гапини кесди:
– Нимага уни Испанияга жўнатдингиз?
– Калит сўзни олиб келгани.
– Нимани олиб келгани?
– Танкадодаги калит сўзни. Алгоритмни очиш учун зарур калит сўзнинг нусхасини.
– Нималар деяпсиз ўзи? – Сьюзаннинг ҳуши бошидан учди.
Стратмор тушунтиришга киришди:
– Танкадо Японияни тарк этаётганида ўзи билан Рақамли қалъанинг калит сўзи нусхасини олиб кетгани аниқ. Демак, Испанияда ўлаётган вақтида калит сўз унинг ёнида бўлган. Мен Севильядаги аллақайси ўликхонада калитнинг йўқ бўлиб кетишини истамайман.
– Шунинг учун сиз Девид Беккерни Испанияга юбордингизми? – Сьюзаннинг ҳайрати баттар ошди. Командорнинг бу хатти-ҳаракатидан мантиқ тополмай, бўзариб, қичқирди: – Ахир Девид сиз учун ишламайдику! Унинг МХАга умуман алоқаси йўқ!
Стратмор қизнинг баланд овозидан чўчиб тушди. Кўзларини катта-катта очди; рўпарасида турган ходимини таний олмаётганди. У Сьюзанни ҳеч қачон бундай аҳволда кўрмаган эди.
– Сьюзан, – босиқ овозда гапини давом эттирди у, – айнан шунинг учун ҳам…
– Қўл остингизда йигирма минг киши ишлаб туриб, келиб-келиб менинг қайлиғимни бундай сафарга юборишга нима ҳаққингиз бор? – бошлиғининг гапини чўрт кесиб, ҳужумга ўтди қиз.
– Менга ҳукумат билан боғлиқ жойи йўқ, оддий аҳоли орасидан чиққан курьер керак эди. Агар ўзимизникилардан кимнидир юборсам, сезиб қолишлари…
– Ва Девид Беккер сиз билган ягона оддий фуқаро эди, шундайми?
– Йўқ, ундай эмас. Тушунишга ҳаракат қилсанг-чи! Соат тонгги олти эди, воқеалар шу даражада тез содир бўлдики, ортиқча ўйлаб ўтиришга вақт тополмадим. Девид тилларни яхши билади, у ақлли ва ишончли йигит. Бунинг устига, бу иш унга ёрдам бўлади деб ўйладим.
– Ёрдам бўлади? – Сьюзаннинг томоғига нимадир тиқилди. – Уни Испанияга жўнатишингиз ёрдамми?
– Ҳа! Мен Девидга бир кунлик иш учун ўн минг доллар тўлаяпман. Мана шу кўмак бўлади. У Севильяга боради, Танкадонинг нарсаларини йиғиштиради ва уйга қайтади. Уни самолёт билан ҳам таъминлаганман. Ваҳима қилишингга арзийдиган нима бор бу ерда? – асабийлашди Стратмор.
Сьюзаннинг дами ичига тушиб кетди. У ҳаммасига пул сабаблигини тушунди.
Беш ойча муқаддам Жоржтаун университети президенти Девидга Хорижий тиллар кафедраси мудирлиги лавозимини таклиф этганди. Агар Беккер рози бўлса, унинг дарс бериш соатлари қисқартирилиб, қўшимча қоғозбозлик ишлари ортиши аниқ эди. Лекин маошида ҳам сезиларли кўтарилиш бўлишини эшитгандан кейин Девид иккиланиб қолди. Сьюзан қайлиғи ўқитувчилик касбини қанчалик яхши кўришини биларди, молиявий ночорлик сабаб севимли ишидан воз кечиши у учун оғирлигини ҳис қилиб, қизнинг юрак-бағри эзилиб кетди. «Девид, ундай қилманг! Бизнинг пулимиз жудаям кўп – ким ишлаб топганининг нима аҳамияти бор ахир?» деб қичқиргиси, йигитни йўлдан қайтармоқчи бўлди, бироқ индай олмади. Ўша кеча уйқуга ётиш олдидан Девиднинг таклифга рози бўлганини эшитиб, Сьюзан унинг лавозими кўтарилганидан мамнун бўлишга уринса-да, ичида нимадир бу яхшиликка олиб бормаслигини тинмай такрорларди. Мана, ҳозирги ҳолат унинг ўша тундаги хавотирлари бекорга эмаслигини исботлади.
– Сиз уни кўндириш учун ўн минг доллар таклиф қилдингизми? – заҳарханда овозда сўради қиз. – Бу жирканчлик!
Сьюзаннинг охирги гапларидан Стратмор тутаб кетди:
– Жирканчлик? Бу ҳеч қандай жирканчлик эмас! Жин урсин, ахир мен унга пул ҳақида оғиз очганим ҳам йўқ. Қўнғироқ қилиб ёрдам сўрадим. У рози бўлди.
– Албатта рози бўлади-да! Сиз менинг бошлиғимсиз. Сиз МХАнинг бош дирекори ўринбосарисиз! Девид йўқ деёлмаслиги аниқ эди!
– Ҳақсан! – ўшқирди Стратмор. – Шунинг учун ҳам мен унга мурожаат қилдим. Менда қанақадир шоҳона…
– Оддий фуқарони бу ишга жалб қилганингиздан директорнинг хабари борми? – командорнинг сўзини кесди Сьюзан.
– Сьюзан, – деди Стратмор, унинг сабри тугаб бораётгани овозидан сезиларди. –Директорнинг бу ишлардан хабари йўқ.
Буни эшитиб, қизнинг боши айланиб кетди, қаршисида турган одамни умуман таниёлмай қолди. У қайлиғини – оддий ўқитувчини – МХАнинг махсус топшириғи билан сафарга жўнатибди, бу ҳам етмаганидек, ташкилот тарихидаги энг катта инқироз ҳақида бош директорга хабар бермапти. Нималар бўляпти ўзи? У Стратморга ишончсизлик билан боқиб, сўради:
– Лиленд Фонтейн бехабарми?
Командорнинг сабри тугади. У портлади:
– Жин урсин, Сьюзан, мени яхшилаб эшит! Мен сени бу ерга чақирдим, чунки менга оғир дамда ёрдам берадиган дўст керак эди, терговчи эмас! Кеча тунда Танкадонинг лаънати файлини юклаб олдим ва мана шу ерда соатлаб Трансхабар уни еча олишини сўраб, дуо қилиб чиқдим. Ичимдан нималар ўтганини ёлғиз ўзим биламан. Шу аҳволимда саҳарлаб директорга қўнғироқ қилиб, «Хайрли тонг, жаноб. Сизни уйғотиб юборганим учун узр сўрайман. Нимага қўнғироқ қиляпман? Шунчаки, ҳозиргина Трансхабарнинг ишдан чиққанини аниқладим. Нима учун дейсизми? Чунки менинг қўл остимдаги бебаҳо криптографлар ёзишни уддалай олмаган алгортимни бизнинг ашаддий душманимиз эпчиллик қилиб яратибди», дейишим керакмиди? – ўшқирди Стратмор ва жаҳл билан столни муштлади. Унинг юзи ғазабдан қизариб кетганди.
Сьюзан музлаб қолди. Шунча йиллик иш тажрибаси давомида Стратмор биринчи марта қизга овозини баландлатиб бақириши эди. Ўртага бир неча дақиқалик сукут чўкди. Ниҳоят командор курсига орқасини ташлади ва Сьюзан унинг нафас олиши секинлашиб, ўзига келаётганини сезди. Орадан бироз вақт ўтиб, Стратмор тилга кирганида эса, унинг овози олдингидек босиқ жаранглади.
– Бахтга қарши, – деди шеф оҳиста, – директор ҳозир Жанубий Америкада, Колумбия президенти билан учрашувга кетган. У ердан туриб қўлидан бирор иш келмаслигини ҳисобга олганда, менда иккита чора қолганди – ё директордан президент билан бўладиган учрашувни бекор қилиб, зудлик билан АҚШга қайтишини сўрашим ёки вазиятни қўлга олиб, барчасини ўзим ҳал қилишим керак эди. Ўрнимда бўлганингда сен нима қилардинг? – сўради Стратмор.
Сьюзан жим қолди. Командорнинг ҳорғин кўзлари қизнинг нигоҳлари билан тўқнашди. У яна гап бошлади:
– Сьюзан, қўполлик қилганим учун кечир. Мен чарчадим. Бўлаётган ишлар қўрқинчли тушга ўхшайди. Девид учун хафа эканлигингни тушунаман. Мен сени бундан хабаринг бор деб ўйлагандим, ишон. Акс ҳолда бу тарзда, қўққисдан айтиб, сени шокка туширмаган бўлардим.
Бу гаплардан кейин Сьюзандаги жаҳл ўрнини айбдорлик ҳисси эгаллаб олди ва вазиятни юмшатишга ҳаракат қилиб кўрди:
– Мен ошириб юбордим аслида. Кечиринг, жаноб. Девид ростдан ҳам яхши танлов бўлган.
Шеф паришонлик билан бош қимирлатди:
– У бугун тунда ортга қайтади, хавотир олма.
Қиз командор бошидан кечираётган барча муаммолар ҳақида ўйлай бошлади – соатлаб давом этадиган мажлислар, йиғилишлар, Трансхабар масаласи билан бир қаторда, шефнинг шахсий ҳаёти ҳам нотинч бўлиб, ўттиз йил бирга яшаган рафиқаси Стратмор билан ажрашаётгани ҳақида гап-сўзлар юрганди; бу ҳам етмагандек, Рақамли қалъа – МХА тарихидаги энг даҳшатли хатар ҳам қалқиб чиқди – бечора одам эса муаммолар пўртанасига қарши ёлғиз ўзи сузаётганди. Шуларни хаёл қилиб, қизнинг юраги эриб кетди.
– Вазиятни ҳисобга олган ҳолда айтишим мумкинки, – деди у, – сиз барибир директорга қўнғироқ қилишингиз керак.
Стратмор бош чайқади, пешонасидаги тер томчиси столга томди.
– Директорга ҳал қилиш қўлидан келмайдиган катта инқироз ҳақида хабар қилиб, унинг мавқеини хавф остига қўёлмайман. Чунки Колумбия раҳбари билан учрашувни бекор қилиш… Ўзинг тушунасан, ўйинчоқ нарса эмас бу.
Сьюзан унинг гаплари тўғри эканини биларди. Ҳатто шундай фавқулодда вазиятда ҳам Стратмор тиниқ фикрлаётганди.
– АҚШ президентига қўнғироқ қилиш ҳақида ўйлаб кўрмадингизми? – яна сўради у.
– Ўйлаб кўрдим, бўлмайди, – қўл силкиди командор.
МХАнинг юқори лавозимдаги мансабдорлари фавқулодда вазиятларда федерал ташкилотлардан рухсат кутиб ўтирмасдан чора кўриш ҳуқуқига эгалигини Сьюзан яхши биларди. МХА барча турдаги федерал жавобгарликдан озод этилган АҚШдаги ягона ташкилот эди. Стратмор шу имкониятдан фойдаланиб, ёлғиз ишлашни афзал кўрарди.
– Командор. – эътироз билдирди қиз. – Бу муаммо бир ўзингиз эплашингиз учун жуда катталик қилади. Кимдандир ёрдам сўрашингиз керак.
– Сьюзан, Рақамли қалъанинг мавжудлиги ташкилотимизнинг келажаги учун жиддий хавф туғдиради. Президентга бу ҳақда айтишим директорнинг орқасидан иш қилишим билан баробар. Биз банкротлик арафасида турибмиз, мен вазиятдан чиқишга уриняпман, – Стратмор қизга ўйчан боқди. – Мен операциялар бўйича директор ўринбосариман, мен ўз вазифамни бажаряпман ҳозир, – кейин жилмайиб, қўшиб қўйди: – Қолаверса, мен ёлғиз эмасман. Менинг жамоамда Сьюзан Флетчер бор!
Сьюзан шу лаҳзада командорни ҳурмат қилишига асосий сабабни тушуниб етди. Ўтган ўн йил давомида яхши ва ёмон кунларнинг барчасида Стратмор ўз тамойилларига, ватанига ва ғояларига содиқ қолган эди – энг мураккаб даврларда ҳам ғалабага ишончини йўқотмасдан, олға ҳаракат қилиши қизни доим ҳайратга соларди. Нима бўлишидан қатъий назар, командор Тревор Стратмор қоронғуда МХАга йўл кўрсатувчи ёруғ юлдуз эди.
– Сен мен билан биргасан, шундай эмасми? – сўради командор.
Сьюзан жилмайди:
– Албатта жаноб, мен сиз биланман, юз фоиз!
– Хурсандман. Энди ишга қайтсак ҳам бўлар, – командор ҳам илиқ табассум қилиб, қизнинг елкасидан қоқиб қўйди.
Девид Беккер олдин ҳам мотам маросимларида қатнашиб, ўлик таналарни кўрганди, лекин бу сафар асаблари дош беролмади. Гулчамбарлар билан безатилган тобутга солиш ўрнига алюминий столга қип-яланғоч қилиб ётқизиб қўйилган мурдага тикилар экан, Девиднинг кўнгли беҳузур бўлди. Жасаднинг шифтга термулган очиқ кўзларида қўрқув ва надомат аломати зуҳрланиб қолганди.
– Dónde están sus efectos? – сўради Беккер соф Кастилия шевасида. – Унинг нарсалари қаерда?
– Allí, – жавоб қайтарди тишлари, тамакидан бўлса керак, сарғайиб кетган лейтенант бурчакдаги шкафга ишора қилиб.
– Es todo? Ҳаммаси шуми?
– Sí.
Девид буюмларни жойлаштириш учун бирор қути сўради, лейтенант топиб келиш мақсадида шошилиб чиқиб кетди.
Шанба бўлгани сабаб Севилья ўликхонасининг иш соатлари расман тугаганди. Бироқ ёш лейтенантга Беккер ташрифидан бир неча соат олдин юқоридан қўнғироқ бўлиб, бугун ташриф буюрадиган америкаликни ичкарига киритиб, истаганини муҳайё қилишга қатъий буйруқ берилганди.
Девид кийимлар уюмига кўз ташлади. У ерда паспорт, теридан ҳамён, кўзойнак ва оёқ кийими бор эди. Бундан ташқари, полиция мурда жойлашган меҳмонхонадан топиб келган кичкина сумка ҳам турарди. Беккерга берилган кўрсатма қисқа ва лўнда эди: ҳеч нарсани ушламаслик, ҳеч нарсани ўқимаслик, шунчаки ҳамма нарсани АҚШга олиб келиш. Барчасини. Бирор буюмни унутиб қолдирмаслик.
Буюмларни кўздан кечираркан, йигитнинг қошлари чимирилди. Бир уюм эски-туски орасида МХАга керакли нима бўлиши мумкин?
Лейтенант қўлида кичкина қутича билан қайтиб кирди, Беккер нарсаларни унга сола бошлади.
Зобит мурданинг оёғига ниқтаб сўради:
– ¿Quienes? Бу ким?
– Ким билади дейсиз.
– Хитойликка ўхшайди.
«Япониялик», – ўйлади Девид.
– Бечора. Юрак хуружими?
Беккер париншохотир бош қимирлатди:
– Менга шундай деб айтишди.
Лейтенант ҳамдардлик билдирди:
– Севилья Қуёши базан жуда шафқатсиз бўлади. Эртага ташқарида юрганда эҳтиёт бўлинг.
– Раҳмат, – миннатдорлик билдирди Девид, – бироқ бугун уйга қайтаман.
Зобит ҳайрон бўлди:
– Ўзи ҳозиргина келдингиз-ку!
– Биламан, аммо мени бу ерга юборган киши мана бу буюмларни кутяпти, тезроқ учишим керак ортга.
Лейтенант буни эшитиб хафа бўлди:
– Севильяни кўрмасдан кетаман демоқчимисиз?
– Мен олдин келганман бу ерга. Жуда мафтункор шаҳар. Жон деб қолган бўлардим ўзимга қолганида, – узрини билдирди Беккер.
– Ооо, Севильяга келганмисиз олдин? Ундай бўлса Ла Гиральдани кўрганмисиз?
Беккер бош силкиди. Моронларнинг қадимий минораси Ла Гиральдага чиқмаган бўлса-да, уни ростдан ҳам кўрган эди.
– Альказарчи? – деб уни яна сўроққа тутди лейтенант. Афтидан, у она шаҳри билан жуда фахрланарди.
Беккер яна бош силкиркан, беихтиёр ўн бешинчи асрга мансуб қалъада юлдузлар ёғдуси остида машҳур хонанда Пакоде Лусия гитара жўрлигида қўшиқ куйлаган ажойиб кеча ёдига тушди. Девид тезроқ Сьюзан билан бу ерга яна қайтиб келишни истади.
– Ва албатта Христофор Колумбни ёддан чиқармаслик керак, – деди зобит қувноқ табассум билан. – У бизнинг бош черковимизда дафн этилган.
Беккер бошини кўтариб, соқчига қаради:
– Ростданми? Мен Колумб Доминикан республикасига кўмилган деб ўйларканман.
– Жин урсин, албатта ундай эмас! Ким айтди бу бемаъни гапни? Колумбнинг танаси шу ерда, Испанияда! Мен сизни мактабда ўқигансиз деб юрибман-а, – куйинди соқчи.
Беккер елка қисди ва жилмайиб қўйди:
– Шу ҳақда дарс бўлган куни мен синфда йўқ эдим шекилли.
– Испан черкови тарихий ёдгорликларга жуда бой, – фахрланиб таъкидлади лейтенант.
Испан черкови! Беккер Испаниядаги Роман католик черкови борлигидан хабардор эди. Католик дини бу ерда Ватикандагига қараганда кучли ривожланганди.
– Албатта, бизда Колумбнинг тўлиқ танаси йўқ, – гапида давом этди соқчи. – Solo el escroto.
Беккер бу сўзни эшитиб, нарсаларни йиғишдан тўхтади ва лейтенантга қаради. Ичидан отилиб келган қаҳ-қаҳ кулгини тўхтатиб қолишга уриниб лабини тишлади:
– Solo el escroto? Фақат мояги қолганми?
Зобит мағрурланиб, бош ирғади ва тушунтиришга киришди:
– Шундай. Агар черков буюк шахснинг тана қолдиқларига эгалик қилса, уни муқаддаслаштиради ва ёдгорлик сифатида бошқа черковларга тарқатади. Бу бошқа, оддий одамларга уларнинг шукуҳидан баҳра олиш имкониятини беради.
– Демак сизларга тушган қисм… – Беккер кулиб юборди.
– Ҳа-да! Бизда жудаям муҳим қисм сақланади, – зобит ҳимояга ўтди. – Колумбнинг моягига эгалик қилиш унинг аллақандай қовурғаси ёки тиззасига эгалик қилишдан ўлса ўлиги ортиқ. Сиз албатта бугун Севильяда қолишингиз ва бу ажойиботни ўз кўзингиз билан кўришингиз зарур! – соқчи Девидни кўндиришга жон-жаҳди билан киришганди.
– Яхши, балки шаҳардан чиқиб кетаётганимда черковга кириб ўтишга вақтим бўлар, – деди Беккер илтифот билан.
– Mala suerte, – лейтенантнинг ҳафсаласи пир бўлди. – Эҳ, бўлмайди. Черков қош қорайганда ёпилади…
– Ундай бўлса бошқа сафар, – жилмайди йигит, қути қопқоғини ёпаркан. – Кетиш вақти бўлди чоғи. Самолётим кутяпти.
– Аэропортгача олиб бориб қўяйми? – сўради соқчи. – Ташқарида мотоциклим бор.
Мотоцикл сўзини эшитиб Девиднинг капалаги учди. Коллежда ўқиб юрган кезларида бир марта мотоцикл ҳайдаб, нариги дунёга равона бўлишига бир бахя қолганди. Ўшандан бери, ким бошқаришидан қатъий назар, мотоциклга чиқишни ҳамиша рад қиларди. Ҳозир ҳам шоша- пиша эътироз билдирди:
– Таклиф учун миннатдорман, овора бўлманг, такси ушлай қоламан.
– Яхши, у ҳолда мен чироқларни ўчираман, – совуққина деди соқчи эшик томонга йўналиб.
Беккер буюмлар тахланган қутини қўлтиғига қистирди. Ҳамма нарсани олдимми? Стол устида ётган ўликка сўнгги марта қаради. Қип-яланғоч жасад шифтга тикилиб, музлаб ётарди. Мурдани бошдан-оёқ кўздан кечирган йигитнинг нигоҳини унинг бужмайган, мажруҳ бармоқлари ўзига тортди.
Зобит чироқларни ўчирди ва хона қоронғуликка кўмилди.
– Шошманг, – ҳайқирди Девид, – чироқни ёқинг.
Хона яна ёришиб кетди.
Беккер қўлидаги қутини полга қўйиб, ўзи столга яқинлашди, эгилиб, мурданинг чап қўлини синчиклаб текширди.
Зобит Девиднинг ёнига келиб, бир муддат бармоқларга қараб, хитоб қилди:
– Шунақаям бадбашара бўладими!?
Бироқ Девиднинг эътиборини тортган жиҳат қўлнинг майиблиги эмасди. У бошқа нарсани кўриб қолганди.
– Мурданинг барча буюмлари қутида эканига ишончингиз комилми? – зобитга ўгирилиб сўради у.
– Ҳа, албатта, бори шу эди, – деди соқчи ҳайрон бўлиб.
Беккер қўлларини белида тутиб ўйланиб турди. Сўнг полдан қутини олиб, уни бурчакдаги стол устига олиб борди, ичидагиларни пастга ағдарди. Кийимларни эҳтиёткорлик билан қоқиб чиқди, оёқ кийимларини пайтавасигача кўчириб, ичини текширди, пастга қарата силкитди. Ўйлагани амалга ошмади шекилли, ортига ўгирилиб, қовоғини осди.
– Бирор муаммо борми? – сўради лейтенант ажабланиб.
– Ҳа, – деди Беккер, – биз ниманидир кўздан қочирдик.
О проекте
О подписке
Другие проекты