Читать книгу «Рақамли қалъа» онлайн полностью📖 — Дэна Брауна — MyBook.

Ўн учинчи боб

Токуген Нуматака осмонўпар бинонинг юқори қаватида жойлашган ҳашаматли офисида турганча деразадан Токионинг мовий осмонига тикиларди. Ходимлари ва рақиблари орасида «Сакута сааме» – йиртқич акула номи билан танилган бу тадбиркор сўнгги ўттиз йил ичида Япониядаги барча кўзга кўринган компанияларни рақобатда ортда қолдириб, ҳозир жаҳон бозорини эгаллашига бир қадам қолганди.

Numetek корпорациясини келажак Microsoft’и даражасига кўтарувчи жуда йирик келишувни амалга ошириш арафасида турган Токугеннинг томирларида адреналин жўш урарди. Ахир бизнес бу уруш, уруш эса ҳамиша завқли бўлади.

Уч кун олдин бўлган қўнғироқ Токуген Нуматакани бироз шубҳалантирган бўлса-да, ҳозир, ҳақиқатни билгач, гумонлари тарқаб кетганди. У бошига қўнган омад қушини худоларнинг инояти ўлароқ қабул қилди.

* * *

– Менда Рақамли қалъа калит сўзининг нусхаси бор, – деди америкача сўзлаётган овоз. – Уни сотиб олишни истайсизми?

Нуматака ичидан отилиб келган қаҳ-қаҳани зўрға тўсиб қолди. Қўнғироқнинг тузоқ эканига ишончи комил эди. Numetek Corp. Энзай Танкадонинг янги алгоритми учун ўта сахийлик билан жуда баланд нарх таклиф этганини сезиб қолган рақиблари ҳойнаҳой пулнинг аниқ миқдорини билиш учун ўйин ўйнашаётганди.

– Сизда калит сўз бор? – сўради Нуматака ўзини гўлликка солиб.

– Шундай. Менинг исмим Шимолий Дакота.

Нуматака кулгисини ичига ютди. Танкадо ўзининг сирли ҳамкори борлиги ҳақида матбуотда бот-бот такрорлагани сабаб Шимолий Дакота ҳақида ҳамма хабар топганди. Умуман олганда, Танкадо шерик билан ишлашни ўйлаб ақлли қарорга келганди; ҳатто Японияда ҳам бизнесменлар ўз ниятига етиш учун жиноятга қўл уриши одатий ҳолга айланиб улгургани сабаб Танкадонинг ҳаёти хавф остида эди. Бироқ ҳозир бирор фирма Танкадога нисбатан ғирром ҳаракат қиладиган бўлса, калит сўз тарқатиб юбориларди, бу эса бозордаги ҳеч бир фирмага яхшилик келтирмасди.

Нуматака жавоб беришга шошилмасдан, Умами сигаретасини чуқур ичига тортди, қўнғироқ қилувчининг сабрини синади, кейин сўради:

– Калит сўзни сотяпман денг? Қизиқ. Бу ҳақда Энзай Танкадо билса нима деркан?

– Жаноб Танкадо билан ҳеч қандай ҳамкорлик қилиш ниятим йўқ. Менга ишониши унинг аҳмоқлиги эди. Калит сўз у менга сақлаб туришим учун тўлаётган пулдан юз марталаб қимматроқ туради. Бунга ақлим етади, – лўнда жавоб берди овоз эгаси.

– Мени маъзур тутгайсиз, – деди Нуматака, – лекин калит сўзнинг ўзи бир тийинга қиммат мен учун. Танкадо унга хиёнат қилганингизни билгач, ўзидаги калитни интернетга чиқаради, натижада калитнинг нусхалари бозорда тўлиб кетади.

– Хавотирланманг, сиз иккала калитни ҳам қўлга киритасиз, – деди овоз пичирлаб. – Жаноб Танкадоникини ҳам, меникини ҳам.

Нуматаканинг қаҳ-қаҳаси сўзловчининг овозини босиб кетди. У кула-кула сўради:

– Иккала калит учун қанча сўрайсиз?

– Йигирма миллион АҚШ доллари.

– Йигирма миллион? – уф тортиб юборди Нуматака. – Бу ҳаддан ташқари кўп пул! – деди у ясама ваҳима билан, ўзи аввалроқ Энзай Танкадога таклиф қилган нарх ҳам худди шунча бўлса-да.

– Мен алгоритмни кўрдим. Ишонинг, нархига арзийди, афсусланмайсиз шунча маблағ сарфлаганингизга.

Ҳеҳ! Аслида калит сўз бундан ўн баравар кўпроқ нархга лойиқ, ўйлади Нуматака, лекин оғзидан бошқа сўзлар учиб чиқди:

– Бахтга қарши, жаноб Танкадо бунга кўнмаслигини иккаламиз ҳам яхши биламиз. Қонуний жавобгарликка тортилишингиз ҳақида ўйлаб кўрдингизми?

Қўнғироқ эгаси жим бўлиб қолди, кейин ваҳимали овозда деди:

– Агар жаноб Танкадо ортиқ ишимизга аралашолмайди десамчи?

– Жаноб Танкадо энди аралашолмайди? – Нуматака унинг овозидаги ишончни илғади-да, ўйлаб туриб деди: – У ҳолда сиз билан келишув тузишимизга тўғри келади.

– Ўзим сиз билан алоқага чиқаман, – деди овоз ва гўшакни ташлади.

Ўн тўртинчи боб

Беккер жасадга қаради. Ўлимига бир неча соат бўлган эса-да, осиёликнинг Қуёшдан қизарган юзидан бошқа ҳамма жойи оч сариқ тусда эди. Фақатгина юраги устида кичкина жой кўкариб турарди.

Ҳойнаҳой юрак массажидан қолган доғ бўлса керак. Таъсир қилмагани чатоқ бўлибди, ўйлади Девид ва яна мурданинг қўлини ўрганишга киришди. Беккер умрида бунақасига дуч келмаганди. Ҳар бир қўлда атиги учтадан қинғир-қийшиқ бармоқ бўлиб, улар буралиб, бир-бирига қўшилиб кетганди. Бироқ йигит бармоқларнинг бу тарзда шаклланганга эътибор қаратмаганди.

– Сиз ҳақ экансиз, – хитоб қилди лейтенант хонанинг нариги бурчагидан туриб. – У япониялик экан, хитойлик эмас.

Беккер унга ўгирилди. Зобит ўликнинг паспортини ушлаб турарди.

– Ўрнингизда бўлганимда уни ўқимаган бўлардим! – деди Девид юмшоқлик билан. Ҳеч нарсага тегманг, ҳеч нарсани ўқиманг.

– Энзай Танкадо… Январда туғилган…

– Илтимос, – деди йигит яна илтифот билан, – паспортни жойига қўйинг!

Зобит ҳужжатга яна бир қаради ва буюмлар уюми орасига қўйиб қўйди.

– Бу йигитда 3-тур виза бор экан. Испанияда бир неча йиллар қолиши мумкин эди.

Девид қурбоннинг қўлини ручка билан итарди.

– Балки у шу ерда яшагандир.

– Йўқ, ўтган ҳафта келган.

– Балки Испанияга кўчиб ўтмоқчи бўлгандир, – деди Девид гапни қисқароқ қилиш илинжида.

– Бўлиши мумкин. Омадсиз ҳафта. Қуёш уриши ва юрак хуружи. Бечорани ажал етаклаб келган экан, – жаврашда давом этди лейтенант.

Беккер унга жавоб бермасдан, қўлни текширишда давом этди.

– Ўлими вақтида унда ҳеч қандай тақинчоқ бўлмаганига ишончингиз комилми? – сўради у бироз вақт ўтгач.

Зобит кўзини катта очди:

– Тақинчоқ?

– Ҳа, бу ёққа қаранг-да.

Лейтенант хонани кесиб ўтиб, мурда ёнига келди. Танкадонинг чап қўли териси Қуёш сабаб қорайган бўлса ҳам, кичкина бармоғининг ичкари қисмида нур тегмаган ингичка чизиқ ажралиб турарди.

Беккер ўша чизиқни кўрсатди:

– Бу ерни Қуёш урмаганини кўрдингизми? Унинг бармоғида узук бўлган.

– Узук? – зобит Девиднинг топилмасидан ҳайратланди ва мурданинг бармоғини қайта текширгач, хижолат тортганидан қизариб кетди. – Эй худойим! – қиқирлади у. – Демак, айтганлари рост эканда.

– Кечирасиз? Нимани назарда тутяпсиз? – сўради Девид паст овозда.

Лейтненат ишончсизлик билан бошини ликиллатди:

– Олдинроқ айтмаганим учун узр бу ҳақда… Мен шунчаки у чолни жинни деб ўйлагандим.

Беккернинг юзи тундлашди:

– Қайси чол?

– Тез ёрдамга қўнғироқ қилган аллақандай канадалик сайёҳ. У узук ҳақида тинмай гапирди. Унинг испанчаси шунчалик расво эдики, эшитишга тоқат қилолмадим.

– У жаноб Танкадонинг узуги бор дедими?

Зобит бош ирғади, чўнтагидан Дуcадо сигаретини олиб тутатаркан, айбдорона оҳангда изоҳ берди:

– Чол ғирт ақлдан озгандек кўрингани учун индамай қўяқолгандим.

Беккернинг қовоғи солинди, қулоқлари остида Стратморнинг сўзлари жаранглади. Мен Танкадонинг ёнида бўлган ҳамма нарсани олиб келишингизни истайман, ҳамма нарсани. Ҳеч нимани қолдирманг, Девид. Ҳатто энг майда қоғоз бўлакчаларини ҳам менга келтиринг!

– Узук қаерда ҳозир? – сабрсизлик билан сўради Девид.

Лейтнант сигарет тутунини чиқариб, деди:

– Бу жуда узоқ ҳикоя.

Беккернинг юраги олдинда ёмон хабар эшитишини сезгандек, гуппиллаб уриб кетди, у талабчан оҳангда деди:

– Тафсилотларни айтиб беринг, дарҳол.

Ўн бешинчи боб

Сьюзан Флетчер Nod 3 ичидаги терминалида компьютерига тикилиб ўтирарди. Nod 3 криптографларнинг шахсий, овоз ўтказмайдиган ҳужраси эди. Девор ўрнидаги икки дюймлик ўқ ўтмас қалин ойна ичкаридан туриб Крипто залини бемалол кузатиш имконини берар, лекин ташқаридагиларнинг нигоҳини ўтказмасди.

Бу улкан хонанинг марказига ўрнатилган ўн иккита терминал бир қарашда Камелот рицарларининг айлана столини ёдга соларди. Бу рамзий маъно орқали барча криптографларнинг бир-бири билан фикр алмашиши, улар йирик жамоанинг бир қисми эканликларини эсда тутишлари ният қилинганди.

Криптонинг бошқа бўлимларидан фарқи, Nod 3 ичкарисида одам ўзини уйдагидек ҳис этарди: бу ерда ҳашаматли гиламлар, озиқ-овқатга тўла музлатгич, ошхона, ҳатто баскетбол ҳалқасини ҳам топиш мумкин эди. Бундай дабдабали шароит Криптонинг МХАда алоҳида аҳамиятга эга эканлигини кўрсатарди.

Сьюзан қимматбаҳо брендга тегишли оёқ кийимини ечиб, капронли оёқларини юмшоқ гиламга қўйди. Яхши ҳақ оладиган кўпгина ҳукумат ишчилари сингари қиз ҳам бойлигини кўз-кўз қилишдан тийиларди. Сьюзан шаҳар марказида данғиллама квартира, энг сўнгги русумдаги Ferrari сотиб олишга қурби етса-да, уни камтарона уйда яшаш, Volvo седанини ҳайдаш ва ўртамиёна кийимлар кийиш бутунлай қониқтирарди. Лекин гап оёқ кийими ҳақида кетганда, Сьюзан камтарлик қилолмасди. Ҳатто колежда ўқиб юрган кезлари ҳам у энг қиммат оёқ кийимларидан пулини аямасди.

Ёшлигида холаси берган «оёғинг оғриса, ҳеч қачон узоққа бора олмайсан» деган маслаҳатга ҳозиргача амал қиларди.

Сьюзан эринчоқлик билан керишиб, ишга ўтирди ва Изқуварни чиқариб, созлашга киришди. Шу алфозда Стратмор унга тутқазган почта манзилига яна бир бор кўз ташлади.

SHDAKOTA@ara.anon.org

Ўзини Шимолий Дакота деб атаётган кишининг аноним аккаунти тез орада махфийлигини йўқотади. Изқувар ARA серверини бузиб кириб, унинг ҳақиқий интернет манзилини Сьюзанга жўнатади. Агар ҳаммаси қиз ўйлагандек силлиқ кетса, бир неча соатдан кейин Шимолий Дакотанинг шахсини аниқлаб, Стратморга топширади. Бу орада Девид ҳам Танкадодаги калитнинг нусхасини топиб, олиб келади ва командор иккала калитни баравар йўқ қилади. Танкадонинг бомбаси зарарсизлантирилиб, хавф бартараф этилади.

Сьюзан шуларни ўйлаб, қоғоздаги манзилни икки мартадан яхшилаб текширди, сўнг маълумотни Изқуварга киритди. Стратмор Изқувардан фойдаланишни эплолмаганини эслаб, лабларига кулги ёйилди. Афтидан, командор манзилларни ёзишда чалкашиб кетган, шунинг учун ҳар сафар нотўғри маълумот қабул қилган. Жуда оддий хато, хаёлидан ўтказди Сьюзан ва Изқуварни созлашни якунлаб, ишга туширди. Компьютердан чийиллаган овоз чиқди.

Изқувар юборилди

Энди фақат кутиш қолганди холос.

Сьюзан чуқур хўрсинди. У ҳалиям командорга қўполлик қилиб, ўшқиргани учун ўзини кечиролмаётганди. Бундай мушкулотларда фақат командоргина, ёлғиз ҳаракатланиб бўлса ҳам, ечим топа оларди.

Олти ойча муқаддам Электрон чегараланиш жамияти МХА сув ости кемаси океан остидаги телефон симларини яширинча кузатаётгани ҳақидаги ҳикояни айтиб, оммага жар солди. Стратмор эса бунга жавобан сув ости кемаси аслида заҳарли чиқиндиларни ноқонуний равишда кўмиб, зарарсизлантираётганини ошкор қилди. ЭЧЖ ва ташқи муҳит озодалигига жавобгар идоралар бир неча ой давомида кимнинг ҳикояси тўғри экани ҳақида тортишибди, ахийри ОАВ бу жанжалдан зерикиб, эътибор қаратмай қўйди. Барчаси МХА фойдасига ҳал бўлди.

Стратмор ҳар бир юришини пухталик билан режалаштириб, уларни кўриб чиқишда компьютерига қаттиқ суянарди. Бошқа МХА ходимлари сингари, Стратмор ҳам режаларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Brainstorm номли компьютер дастурдан фойдаланарди.

Brainstorm тажриба сифатида яратилган сунъий интеллект бўлиб, «сабаб/натижа» стимулятори сифатида кашф этилганди. Дастлаб сиёсий партияларнинг келгуси натижаларини аниқлаш мақсадида яратилган бу дастур ўзига киритилган маълумотлар базаси – партиядаги машҳур кишилар, ходимлар, уларнинг бир-бири билан шахсий алоқалари, партиядаги шахсларнинг жинси, миллати, пули ва қудрати, қизиқишларини ҳисоблаб чиқиб, келгусида кутилаётган натижанинг тахминий моделини ишлаб чиқарди. Фойдаланувчи Brainstorm’га исталган бир воқеани киритса, дастур бу ҳодисанинг келажакдаги атрофга бўладиган таъсирини ҳисоблаб берарди.

Командор Стратмор Brainstorm’дан сиёсий мақсадда фойдаланмасди. Дастур ёрдамида амалга оширишни мўлжаллаётган мураккаб режалари, стратегияларининг нозикликларини, ожиз жиҳатларини аниқларди. Баъзан Сьюзан «Сизнинг компьютерингизда дунёни ўзгартирадиган сирлар яширинган», деб ҳазиллашса, Стратмор индамай кулиб қўя қоларди.

Қизнинг хаёлини Nod 3 эшигининг кимдир кираётганини билдирувчи сигнали бўлди. Ўгирилиб, Стратморга кўзи тушди.

– Сьюзан, – деди командор паст овозда хавотир аралаш. – Ҳозиргина Девид қўнғироқ қилди. Ишлар чатоқ.

Ўн олтинчи боб

– Узук? – тушунмади Сьюзан. – Танкадонинг узуги йўқолибди?

– Шундай. Яхшиям Девид буни вақтида илғаб қолгани.

– Лекин сиз калит сўзни қидираётгандингиз, тақинчоқ эмас.

– Биламан, – деди Стратмор, – лекин бу иккиси бир нарса бўлиши мумкин. Хуллас, жуда узоқ ҳикоя бу.

Сьюзаннинг нигоҳидаги саволни уқиб, Стратмор чуқур хўрсинди ва хонада юришни бошлади.

– Афтидан, Танкадонинг ўлимига гувоҳ бўлганлар бор. Ўликхонадаги зобитнинг айтишига қараганда, канадалик сайёҳ бугун тонгда ваҳима билан полицияга қўнғироқ қилиб, боғда қандайдир япон юрак хуружини бошидан кечираётганини айтган. Зобит воқеа жойига етиб борганида Танкадо аллақачон ўлиб бўлганди, канадалик эса у билан бирга эди. Чақиртирилган шифокорлар Танкадонинг жасадини ўликхонага олиб кетар чоғида соқчи канадаликдан нима воқеа содир бўлганини сўраган. Бироқ қария испан тилини яхши билмагани сабаб йигит ўлими олдидан унга узук берганини ҳижжалаб тушунтиролган холос.

– Танкадо унга узук берган? – ишонқирамасдан сўради Сьюзан.

– Ҳа, нафақат берган, балки сайёҳдан узукни олишини сўраб ялинган, – Стратмор юришдан тўхтади ва ўгирилди. – Чол тақинчоқни диққат билан кўздан кечирган кўринади, чунки у соқчига узук ноодатийлигини, унда қанақадир ҳарфлар ўйиб ёзилганини айтибди.

– Ҳарфлар?

– Шундай, энг қизиғи, ёзув инглизча эмас, – урғулади Стратмор қошларини чимириб.

– Японча?

Командор бош чайқади:

– Мен ҳам дастлаб шундай ўйлагандим. Бироқ японча белгиларни таниб олиш жуда осон, сайёҳ эса ҳарфларни умуман тушуниб бўлмайди деб шикоят қилган. Яна у айтганки, ҳарфлар шамойилига кўра ёзишни билмайдиган гўдак чизиб ташлаган ажи-бужи белгиларга ўхшаркан.

Қиз илжайди:

– Командор, сиз айтмоқчисизки…

Стратмор унинг гапини кесди:

– Сьюзан, барчаси кундек равшан. Танкадо Рақамли қалъанинг калит сўзини узукка яширган. Олтин жуда мустаҳкам металл. Танкадо ухлаётганида ҳам, чўмилаётганида ҳам, овқатланётганида ҳам, хуллас, қаерда бўлмасин, нима қилмасин, калит сўзни ўзи билан бирга олиб юрган, бу унга фавқулодда ҳолат содир бўлса, уни осонликча интернетда тарқатиб юбориш имконини берган.

Сьюзан иккиланиб қолди:

– Наҳотки, Танкадо калитни бармоғида, очиқ ҳолда сақлаган бўлса?

– Нима қипти? Испания шифрлаш бўйича дунёда биринчи ўринда турмайди. Ҳар қадамда узукдаги ҳарфларнинг маъносини тушуноладиган хакерлар учрашига ишонмайман. Бундан ташқари, калит сўз олтмиш тўрт белгидан иборат, шундай экан, уни эслаб қолиш учун бир неча сония тикилиб туриш етарли эмас.

– Ўлимидан олдин Танкадо узукни етти ёт бегона одамга беради? Нима учун?

Стратморнинг кўзлари қисилди:

– Нима деб ўйлайсан?

Сьюзан гап нимада эканини тушунди.

Стратмор бош силкиди:

– У Шимолий Дакота фош этилгандан кейингина Танкадога қарши ҳужум бошлашга журъат этишимизни яхши биларди. Жони узилаётганини сезиб, бунда МХАнинг қўли бор деб ўйлаган. Вақт тиғиз эди…

– Албатта, – шивирлади Сьюзан эти музлаб. – Танкадо МХА унинг суғуртасини йўлдан олиб ташлади, энди бемалол ўзини ҳам йўқ қилиши мумкин деб фикр қилган.

Сьюзан барчасини тушуниб етганди. Юрак хуружи шундай бемаҳал содир бўлганки, Танкадо табиий ўлим топаётганига ишонмасдан, МХАни жавобгар деб ҳисоблаган. Аламзада йигит қасос олиш учун сўнгги қадамни ташлаган. Калитни оламга тарқатиш учун сўнгги уриниш сифатида узукни вафоти вақти ёнида турган одамга тутқазган. Тақдирнинг қалтис ҳазили билан канадалик сайёҳ ҳозир дунёдаги энг қудратли алгоритм очқичини ушлаб турганидан бехабар юрибди.

– Қаерда ўша канадалик ҳозир? – сўради Сьюзан баланд овозда нафас чиқариб.

Стратмор хўмрайди:

– Айнан мана шу қоронғу бизга.

– Зобит билмайдими унинг қаердалигини?

– Йўқ. Канадаликнинг узук ҳақидаги ҳикояси шунчалик бемаъни ва тушунарсиз эдики, зобит уни қариб, мияси айниб қолган деб ўйлаган ва ортиқча эътибор қилмасдан, мотоциклга ўткизиб, меҳмонхонасига олиб бориб қўйишга уринган. Бироқ қария мотоциклда қандай ўтиришни билмас экан, йигирма метр ҳам юрмасларидан бечора эгардан учиб тушиб, бошини ёрган, бу ҳам етмагандек, билагини синдириб олган.

– Нима? – ҳайратланди Сьюзан.

– Зобит чолни марказий касалхонага олиб бормоқчи бўлганида унинг жаҳли чиқиб, қайтиб мотоциклга чиққандан кўра Канадага пиёда қайтаман деб айтган. Ноилож қолган соқчи қарияни яқин ўртадаги кичкина клиникага етаклаб борган ва ўша ерда текширув учун ташлаб, ўзи ортга қайтган.

Сьюзан қош чимирди:

– Девиднинг қаерга йўл олганини сўраб ўтиришимга ҳожат ҳам қолмади!