Йўловчи ҳеч ошиқмасдан аста-секин олға қараб бормоқда. Ҳар бир қадам ташлаганида ботинкаларига қум сачрарди. Теварак-атрофда, яккам-дуккам, бир озгина нам бўлса гуллашга тайёр гиёҳлардан бошқа ҳеч вақо йўқ эди. Борди-ю, бу ерда бирон учадиган ҳашарот пайдо бўлса, у ҳам одамнинг тер ҳидига келган, туси худди тошбақа косасининг рангига ўхшаш пашшалар бўларди. Аммо кўпинча худди шундай жойларда орзу амалга ошади. Лекин шуниси ҳам борки, испан пашшалари тўп-тўп бўлиб яшамайди, шундай ҳоллар ҳам бўладики, битта пашшанинг ўзи бир неча километр жойни эгаллайди. На чора, қидиришни қатъият билан давом эттириш керак.
Бирдан у тўхтади. Ўтлар орасида нимадир қимирлаб қолди. Ўргимчак экан. Унга бунинг кераги йўқ. Сигарета чекиш учун ўтирди. Денгиздан ҳамон шамол эсар, оппоқ асов тўлқинлар қум тепа этагига ёпишарди. Қум тепанинг
ғарбий учи пастлаб бориб йўқоладиган томонда, денгиз устида чоғроққина қоя қад кўтарган эди. Унинг устида қуёш нури худди даста-даста ўткир игналарга ўхшаб кетарди.
Гугурти ҳеч чақилмасди. Ўнтача гугурт чақди – биронтаси ҳам ёнмади. Ташлаган гугурт чўплари ёнидан секунд милининг тезлигида қумлар шувиллаб оқарди. У кичкина қум тўлқинини кўриб қолди, тўлқин тўпиғига етиб келиши билан ўрнидан турди. Шимининг почасидан қум тўкилди. Гупурган эди – оғзини худди биров қирғич билан қиргандек бўлди.
Бироқ бу ерда ҳашаротлар жуда озга ўхшайди-ку! Балки қумнинг ҳаракати тезлигидандир. Йўқ, ҳали умидсизликка тушишга эрта. Ахир назарияга амал қилинса, бу ерда ҳашаротлар бўлмаслиги мумкин эмас.
Қум тепа сирти анчагина текис бўлиб қолди, баъзи жойларда у денгиздан анча ичкарига чекинган эди. Қаршимда мени ўлжа кутмоқда, деган иштиёқ билан у қия ён бағирдан пастга туша бошлади. Баъзи жойларда қумни тўсиш учун ўрнатилган ғаров тўсиқларнинг қолдиқлари қаққайиб турар ва ундан бир оз қуйироқда дўнглик кўзга ташланарди. Одам, шамол худди машина билан ясагандек пухта нақш қилган жимжимадор қумдан юриб илгарилаб кетди. Бирдан кўз ўнгидаги ҳамма нарса ғойиб бўлиб, у ўзини чуқур ўра лабида кўрди.
Чуқур қинғир-қийшиқ, чўзинчоқ шаклда бўлиб, эни йигирма метрдан ортиқроқ келарди. Унинг қарши томондаги девори анчагина қия кўринар, йўловчи турган томондагиси эса деярли тик кесиб тушган эди. Чуқурнинг худди чинни коса четидек силлиқ ва сирғанчиқ, дўппайган лабида оёқ сирғанарди. У учуримнинг лабига бир оёғини тираб, эҳтиётлик билан пастга қаради. Шундагина, гарчанд атроф ҳали ёп-ёруғ бўлса-да, кеч кириб келаётганини пайқади.
Чуқурнинг қаърида ҳувиллаб бир кулба турарди. Томнинг бир чети чуқурнинг қия қум деворига келиб ёпишган. «Худди устрицанинг чиғаноғига ўхшайди, – деб ўйлади у. – Нима бўлганда ҳам қумга қарши туролмайсан…»
Энди фотоаппаратини ишга солаётган ҳам эдики, оёғи остидаги қум шувиллаганча пастга қараб жила бошлади. У жон ҳолатда оёғини тортиб олди, аммо қум яна анчагача шувиллаб оқиб турди. Қумнинг мувозанати қандай беқарор! Ҳаяжондан нафаси тиқилганча у жиққа ҳўл кафтини шимига артди.
Орқасида кимдир йўталди. Қараса, бир чол пайдо бўлиб қолибди, важоҳатига қараганда қишлоқдан келган балиқчига ўхшайди. Аввал фотоаппаратга, кейин эса чуқурга қараб пишиқ мағиз юзини тириштирганча илжайди. Қон қуйилган кўзларининг жиягини шапоқ босган эди.
– Ҳа, тафтишми?
Овозини ел учириб кетди, овози худди кўчирма приёмникдан чиқаётгандек ширасиз, ғўнғиллаб эшитилар эди. Аммо сўзлари дона-дона, тушуниб олиш қийин эмас эди.
– Тафтиш? – Йўловчи шоша-пиша объективна кафти билан тўсиб, чолнинг диққатини тортиш учун иккинчи қўли билан матрабчани тузата бошлади. – Нима демоқчи эдингиз? Мен тушунолмадим… Мен, сизга айтсам, ҳашаротлардан коллекция тузаман. Ҳунарим – худди шундан қумликларда яшайдиган ҳашаротлардан коллекция тузиш.
– Нима, нима? – Чол ҳеч нарса тушунмагандек эди.
– Ҳа-ша-рот-лар-дан кол-лек-ция ту-за-ман! – деб такрорлади одам баланд овоз билан. – Ҳа-ша-рот-лар-дан, тушундингизми, ҳа-ша-рот-лар-дан! Мен уларни тутаман.
– Ҳашаротларними? – Чол сира ҳам ишонгиси келмай, юзини ўгирди-да, тупурди. Ёки, тўғрироғи, лабида сўлаги осилиб қолди. Шамолда сўлак худди узун ипдек чўзилиб кетди. Нега бунчалик безовта бўлаётган экан?
– Бу районда биронта текшириш ўтказиляптими?
– Ҳа йўқ, агар сиз текширувчилардан бўлмасангиз кўнглингизга келган ишни қилаверинг, менга барибир.
– Йўқ, йўқ, мен инспекциядан эмасман.
Чол ҳатто бош ҳам қимирлатмай унга орқасини ўгирди-да, похол кавушининг тумшуғи билан қумни сурганча аста-секин тепаликдан кета бошлади.
Эллик метрча нарироқда, эҳтимолки, чолни кутиб бўлса керак, бир хил кийинган учта эркак қимир этмай чўнқайиб ўтирарди. Улар қачон пайдо бўлишди экан? Улардан бирида дурбин бор шекилли, уни яккаш тиззасида ўннаб ўтирибди. Чол уларнинг олдига етиб борди. Тўрттовлари бир-бирларининг оёқлари остидаги қумни шахт билан сурганча нима ҳақдадир маслаҳатлаша бошлашди: ораларида қизғин баҳс кетаётгандек эди.
Йўловчи пашшасини қидиришни давом эттирмоқчи бўлиб турган эди ҳамки, яна ҳаллослаганича чол етиб келди.
– Шошманг, сиз ростдан ҳам префектурадан эмасмисиз?
– Префектурадан эмасмисиз?.. Йўғ-э, сиз янглишяпсиз.
Бас етар, деб ўйлади у ва хира чолга ташриф қоғозини кўрсатди. Чол лабларини пичирлатганча қоғозни узоқ ўқиди.
– Э, сиз мактабда муаллим экансиз…
– Биласизми, менинг префектурага ҳеч қандай алоқам йўқ.
– Ҳа, сиз муаллим экансиз…
Ниҳоят, пайқади шекилли, чол кўзларини сузиб, қоғозни ушлаганча ҳамроҳларининг олдига қайтиб борди. Ташриф қоғозидан улар қаноат ҳосил қилишди шекилли, ўринларидан туриб кетишди.
Чол яна қайтиб келди.
– Хўш, энди нима қилмоқчисиз?
– Ҳашаротларни қидираман.
– Ахир охирги автобусга кечикдингиз-ку.
– Тунаб қолсам, биронта жой топилмасмикан?
– Тунашгами? Бу қишлоқдами? – Чол яечукдир сесканиб кетди.
– Хўп, агар бу ерда топилмаса, қўшни қишлоққа бора қоларман.
– Борасизми?
– Мен, умуман бирон ёққа ошиқаётганим йўқ…
– Йўқ, йўқ, овора бўлиб нима қиласиз…– Чол бирдан сертавозе бўлиб, сўзамоллик билан давом этди: – Ўзингиз кўриб турибсиз, қашшоқ бир қишлоқ, биронта ҳам тузуккина бошпана йўқ, аммо қарши бўлмасангиз мен кўмаклашардим, бир оғиз айтиб қўйишим мумкин.
Унинг нияти бузуққа ўхшамайди. Улар бир нарсадан хавотир олаётган бўлсалар керак, эҳтимол префектура бошлиғини кутишаётгандир, у келиб тафтиш ўтказса керак. Энди кўнгиллари жойига тушди шекилли, оддий балиқчилардек муомала қила бошлашди.
– Ғоятда миннатдор бўлардим. Сизни қуруқ қўймайман, албатта. Мен умуман мана шунақа деҳқонча уйларда қўнишни яхши кўраман.
4
Қуёш ботиб, шамол бир оз сусайди. Йўловчи тепаликда шамол қумга нақш этган жимжималарни кўз илғаш мумкин бўлган айланиб юрди.
Ўлжалар умуман унча кўп эмас.
Чирилдоқ билан тўғри қанотлилар тоифасидан бўлган оқбурут тезгизак.
Булоқчилар ва яна бир ҳашарот – номини аниқ билмас эди, аммо бу ҳам булоқчиларнинг бир тури бўлиши керак.
Ўзи қидириб чиққан қаттиқ қанотлилардан – фақат узун тумшуқли ва узун оёқ искабтопарлар.
Сафаридан кўзлаган бирдан-бир мақсади, пашша тутиш эди. Аммо у тоифадан биронта ҳам нусха учрамадп. Балки эртага қўлга киритадиган ўлжалари қувонч бағишлар…
Чарчаганидан кўз ўнгида аллақандай хира шуълалар жимирларди. Бирдан беихтиёр тўхтаб, қоп-қоронғи қум тепа сиртига тикила бошлади. Турган гапки, қимирлаган жон асари кўзига испан пашшаси бўлиб кўринарди.
Чол уни ваъдасига кўра артель бошқармаси олдида кутиб турган экан.
– Кечирасиз-да мени…
– Бе, нима деяпсиз. Сизга ёқса бўлгани… Бошқармадагилар, афтидан, нима ҳақдадир маслаҳатлашишмоқда эди. Тўрттами, бештами киши доира қуриб ўтирар, кулги эшитилар эди. Эшик тепасида: «Ватанни севсанг, садоқатли бўл!» деган сўзлар ёзилган каттакон лавҳа осилиб турарди. Чол уларга нимадир деб тўнғиллаган эди, кулги бирдан тўхтади. У истар-истамас олдинга қараб юрди, йўловчи унинг орқасидан эргашди. Қуюқлашиб бораётган қоронғиликда чиғаноқ йўл оппоқ оқариб турарди.
Улар ниҳоят, тепага яқин чуқурлардан бири олдига етиб келишди. Қишлоқ шу ерга келиб тугарди.
Икковлари пастга олиб тушадиган ўнгдаги энсизгина сўқмоққа қараб бурилишди. Бир оз юришди, кейин чол қоронғиликда ғойиб бўлиб, чапак чалди-да, баланд овоз билан қичқирди:
– Ҳой, кампир, қаёқдасан?
Пастда, худди оёқларининг тагида, қоронғи зулмачда фонарь пайдо бўлиб:
– Ҳозир, ҳозир… Нарвон қопларнинг олдида, – деган овоз эшитилди.
Дарҳақиқат, бундай тик тепаликдан нарвонсиз тушишинг маҳол. Пастдагига ўхшаган уйдан учтасининг бўйига баравар келади; у ерга ҳатто нарвон билан тушиб боришинг ҳам анча қийин. Ён бағир анча тик экан, ҳали кундуз куни, ҳозир аниқ эсида, анчагина қийин кўринган эди. Нарвонга ҳам ишониб бўлмайди, ҳар хил арқонлардан қуралган, борди-ю, мувозанатингни йўқотиб қўйсанг, ўртасидан тугун тушиб, чигаллашиб қолади. Қамоққа тушасан-қўясан.
– Ҳеч нарсадан ташвишланманг, дамингизни олинг… Чол пастга тушмади, тепада бир оз турди-да, кетди. Йўловчи бошдан-оёқ қумга беланган эди, назарида бирдан болалик вақтига қайтиб қолгандек бўлди. Уни фонарь билан кутиб олган хотинни кампир деб аташган, у ҳам кекса бир хотинни кўраман, деб ўйлаган эди, аёл эса ҳали ёш, ўттизларга борган, ўрта бўйли, ёқимтойгина жувон экан. Хотин упа қўйса керак, унинг юзи денгиз бўйида яшайдиган аёлларнинг юзларига нисбатан оқ эди. Умуман хушнудлик билан, самимий кутиб олгани учун хотиндан миннатдор эди.
Шуниси ҳам борки, агар хушнудлик билан кутиб олмаса, у ўлақолса ҳам бу кулбанинг остонасидан ичкарига ҳатлаб кирмасди. Мени лақиллатишяпти, деб ўйлаб, дарров қочиб қолиши ҳам мумкин эди. Деворларидаги сувоқлари кўчиб кетган, фусума1 ўрнига бўйра тутилган; томга тираб қўйилган устунлар қийшайиб қолган; ҳамма деразалар тахтакачлаб ташланган; ерга тўшалган похол бўйралар тўкилай-тўкилай деб турибди, оёғинг тегиши билан худди ҳўл нарсани босгандагидек товуш чиқади. Устига-устак қотиб қолган қумнинг бадбўй ҳиди анқийди.
Лекин ҳамма нарса ҳам кайфиятга боғлиқ. У хотиннинг сермулозаматлигига маҳлиё бўлиб қолди. Майли, бу, нақа нарса кишининг умрида бир марта юз беради, дерди у ўзича. Омади келиб биронта қизиқ ҳашаротни учратиб қолар. Ҳар қалай, бундай муҳитда ҳашаротлар ўйнаб-ўйнаб кун кўради.
Тахминлари тўғри чиқди. Хотиннинг таклифи билан ер ўчоқнинг олдига энди ўтирган ҳам эдики, атрофида худди ёмғир томчилаётгандек сас эшитилди. Бу ғужғон ўйнаётган бургалар эди. Бунақа нарсалардан у қўрқмайди. Энтомолог бундай кутилмаган ҳодисаларга нисбатан ҳамиша шай туради. Фақат кийимнинг ичига ДДТ сепиш, ётишдан олдин баданга ҳам ҳашаротларга қарши мой суртиш керак.
– Мен овқат пишириб келаман, шунинг учун ҳозирча…– хотин энгашиб чироқни олди,– бир оз қоронғида сабр қилиб ўтира турасиз-да.
– Хўш, чироғинг биттами?
– Ҳа, афсуски…
Хотин гуноҳкорона жилмайди, чап юзида кулгич пайдо бўлди. Агар кўзига эътибор берилмаса, юзи жуда кўхлик экан, деб ўйлади эркак. Балки бундай боқиши кўзларининг оғриғидандир. Яллиғлаган мижжаларини ҳатто упа ҳам яширолмабди. Ётар олдида кўзига дори томизиб қўйишни унутмасин…
– Аммо мен, овқатдан олдин чўмилиб олсам, деган эдим.
– Чўмилиб олсам дейсизми?..
– Нима, бунинг иложи йўқми?
– Афсус, индингача кутишга тўғри келади.
– Индингача? Ахир индингача бу ерда турмайманку, – беихтиёр шарақлаб кулиб юборди эркак.
– Наҳотки?..
Хотин ўгирилиб олди, унинг елкалари уча бошлади. Хафа бўлди шекилли. Бу қишлоқилар орият учун ҳам сирларини яширмайдилар. Эркак ўнғайсизланиб, лабларини қимтиди.
– Хўш, чўмиладиган жой бўлмаса, устимдан бир сув қуйиб олсам ҳам бўлади. Бўлмаса, ҳамма ёғим қум…
– Сув, кечирасиз-да энди, бир челаккина қолган. Бу ердан қудуқ жуда узоқ…
Хотиннинг важоҳати қандай ҳазин. Майли, энди индамайди. Тез кунда бу ерда чўмилишдан ҳеч қандай маъно йўқлигига қаноат ҳосил қилса керак ўзи ҳам.
Хотин унга қайнатилган балиқ билан моллюскалардан пиширилган шўрва олиб келди. Умуман, денгиз соҳилининг овқати, унча чакки эмас. Овқат ейишга киришиши билан хотин каттакон қоғоз соявон очиб, боши устида ушлаб турди.
– Бунинг нима кераги бор? Маҳаллий одатлардан бўлса керак?
– Шундай қилмаса овқатга қум тушади.
– Нима учун? – Эркак таажжуб билан шифтга қаради, аммо у ерда ҳеч қандай туйнук, тирқиш йўқдек эди.
– Қум, биласизми…– хотин ҳам шифтга қаради, – у ҳамма ёқдан учиб келади.... Бир кун супурмасанг уч энли бўлиб қолади.
– Балки том тешилгандир.
– Йўқ, том янгилигида ҳам бу ёққа қум кириб келаверарди. Шу қумдан даҳшатли нарса йўқ. У ёғочхўрдан ҳам ёмон.
– Ёғочхўр?
– Дарахтларни илма-тешик қиладиган бир қўнғиз бор.
– Қир чумоли бўлса керак-да?
– Йўқ, булари жуда қаттиқ бўлишади.
– Ҳа-а-а, ёғоч тешар қўнғиз экан.
– Ёғоч тешар қўнғиз?
– Қизғиш, мўйловдор бўлади. Ўшаларни айтяпсанми?
– Йўқ, йўқ, булар худди шоли донасидек келади, туслари ҳам қўнғир.
– Э, шунақа дегин. Бўлмаса у камалак қўнғиз экан.
– Агар бепарволик қилиб, қараб турилмаса, ҳов анавига ўхшаган тўсинни сал кунда чиритиб туширади.
– Нима, камалак қўнғизми?
– Йўқ, қум.
– Нима учун?
– У ҳамма нарсадан ўтиб киради. Шамол терс томондан эсганда томнинг таги қумга тўлади, агар тозалаб турилмаса, сал вақт ичида шунақа кўпайиб кетадики, шифтнинг ёғочлари кўтаролмай қолади.
– Ҳа, томнинг тагига қум тўлиб қолиши ярамайди… Қум тўсинни чиритади деяпсан, шу гапинг ғалатироқ эмасми?
– Нега энди, чиритади-да.
– Ахир қумнинг хусусияти унинг жуда қуруқ бўлишида-ку.
– Барибир чиритиб юборади… Мана, чунончи, янгигина гэтани1 қўйиб қўйинг-да, қумини қоқманг – ярим ойдан кейин ундан асар ҳам қолмайди.
– Сабабини тушунолмадим.
– Ёғоч чирийди. У билан бирга қум ҳам чирийди… Қум босган уйнинг шифтидаги тахталарини қазиб олиб кўрингчи. У ер шундай сергўнг бўладики, бемалол бодринг экаверишингиз мумкин.
– Беҳуда гап! – нафрат билан юзларини буриштирди эркак. Назарида қум ҳақидаги тасаввурини хотин ўэ нодонлиги билан оёқ ости қилаётгандек бўлди. – Менинг ҳам қум важига унча-мунча ақлим етади… Биласизми, худди шу қум йил-ўн икки ой ҳаракатда бўлади… Унинг ҳаёти ҳаракатдан иборат… Бирон жойда тўхтаб туролмайди. Хоҳ сувда бўлсин, хоҳ ҳавода бўлсин – ўз-ўзича ҳаракатда бўлади. Шунинг учун ҳам оддий жонли махлуқлар қумда ҳаёт кечира олмайдилар… Бу чиришга сабабчи бўладиган бактерияларга ҳам алоқадор. Қумни озодагарчиликнинг тимсоли деб аташ мумкин, лекин у чиришнинг олдини олиш учун хизмат қилса ҳам ажаб эмас, уни чиритади, деб айтиш тутуриқсиз бир гап.. Сен бўлсанг, у ўзи ҳам чирийди, дейсан; қум мутлақо ажабтовур бир минерал.
Хотин гарангсиганча индамай турарди. У ҳамон кўтариб турган соявон остида ўгирган эркак овқатни апир-шапир еб тугатмоқда, ортиқ чурқ этмас эди. Соявонни шу қадар қум босган эдики, унда ҳатто бармоқ билан ёзиш мумкин эди.
Расво бир намхушлик. Йўқ, қум намхуш эмас, баданни нам босган. Том тепасида шамол увилларди. Сигарета олиш учун чўнтагига қўл солганди, қум тўлиб қолибди. Ҳали чекмасдан туриб оғзи тахир бўлиб кетди.
Цианли калий солинган банкадаги ҳашаротларни олса тузук экан. Қуриб қолмасдан уларни ақалли тўғнағич қадаб оёқларини ростлаб қўяди. Хотиннинг уй олдидаги бостирмада идиш юваётгани эшитилмоқда. Бу ерда ундан бошқа ҳеч ким яшамайди шекилли.
Хотин қайтиб кириб, индамай хона бурчагига жой сола бошлади. Агар эркак бу ерда ётса, кечаси хотин қаерда ётар экан? Албатта буйранинг нарёғидаги юқори хонада-да. Бошқа хона йўқ шекилли. Ғалати иш бўляпти-ку. Меҳмонни ташқарига чиқадиган йўл устидаги хонага ётқизса-да, ўзи тўрдаги хонада ётса. Аммо уерда ўрнидан туролмайдиган, оғир касалга чалинган бемор ётгандир балки?.. Ҳа, шундай бўлса керак. Ҳар қалай, шундай деб ўйлаш табиийроқ бўларди. Аввал бошлаб, ёлғиз хотин биринчи дуч келган ўткинчига шу қадар хушмулозамат бўлиши амри маҳол.
– Бу ерда яна бошқа бирон одам борми?..
– Бирон бошқа одам дейсизми?..
– Оилангдан…
– Ҳеч ким йўқ, ёлғизман. – Хотин унинг фикрларини уқиб олгандек, ийманганча кулиб қўйди. – Қумнинг касофатидан ҳамма нарса жиққа ҳўл, ҳатто кўрпа ҳам…
– Эринг-чи? Ўтган йили тўфонда… – Хотин солиб қўйилган ўринни яккаш текислаб тузатар – хуллас, мутлақо кераксиз иш билан шуғулланар эди. – Биз томонда тўфон жуда даҳшатли бўлади. Қум устимизга худди шалоладек гулдурос билан отилиб тушади. Кўз очиб-юмгунингча қарабсанки, бир кечада бир-икки дзё ёғиб қолади.
– Ахир икки дзё – олти метр деган гап-ку…
– Бундай пайтда қумни қанча қазиб тозалаганинг билан унга барибир бас келиб бўлмайди. Шундай қилиб эрим бирдан: «Товуқхонамизни босиб қолади», деди-ю қизимиз билан, – ўрта мактабга қатнайдиган бўлиб қолган эди. Уйдан отилиб чиқиб кетди. Мен чиқолмадим – нуқул эрим омон қолса, дердим… Ниҳоят, тонг оқара бошлаши билан, шамол тиниб, ташқарига чиқдим. Товуқхонамиздан асар ҳам қолмабди. Уларни ҳам тополмадим…
– Қум босиб қолибдими?
– Ҳа, мутлақо.
– Жуда ёмон… хунук иш бўлган экан. Қум шундай қилибди-я. Қандай хунук..
Чироқ бирдан липиллай бошлади.
– Яна қум.
Хотин эмаклаганча қўлини чўзди-да, кула-кула пиликни ушлади. Чироқ бирдан пориллаб ёна бошлади. Ўша холатда турганча у чироққа тикилиб қарар, чеҳрасида намойишкорона табассум акс этар эди. Афтидан, юзидаги кулгичини кўрсатиш учун жўрттага шундай қилаётган бўлса керак. Эркак беихтиёр сергакланди. Хотин унга ғоят беҳаёдек бўлиб кўринди – ахир ҳозиргина яқин кишиларининг ҳалок бўлганини гапириб ўтирган эди-я.
– Ҳой, бу ёққа қара, биз яна бир киши учун белкурак билан бидонлар олиб келдик.
Узоқдан, эҳтимолки карнай орқали келаётган аниқ овоз, икки ўртадаги ноқулайликка барҳам берди. Кейин пастга қараб отилган темир-терсак буюмларнинг тарақтуруғи эшитилди. Хотин жавоб бериш учун ўрнидан турди.
Эркакнинг ғаши келиб ғижинди: бундан яшириқча бир балолар бўлаётган эди.
– Нима гап ўзи? Демак, бу ерда яна бошқа одам бор экан-да!
– Қўйинг, илтимос қиламан… – Хотин худди биров қитиқлаётгандек ғужанак бўлиб олди.
– Аммо ҳозиргина аллаким: «Яна бир киши учун», деди-ку.
– Ха-а-а. Улар… улар сизни айтишяпти.
– Меними?.. Белкуракни нима қиламан?..
– Ҳечқиси йўқ, ҳечқиси йўқ, эътибор берманг… Яккаш худа-беҳудага суқилишгани суқилишган.
– Балки янглишишгандир?
Бироқ хотин жавоб бермай, ерга чўккалаб ўтирди.
– Сизга ҳали чироқ керакми?
– Унча ҳожати йўқ…Ўзингга у ерда керак бўлар.
– Йўқ, қоронғида ишлашга ўрганиб кетганман.
Хотин далада ишлаганда кийиладиган похол қалпоқни кийиб қоронғиликда ғойиб бўлди.
Эркак яна сигарета чекди. Атрофида алланима балолар бўляпти, ўрнидан туриб, бўйранинг орқасига қаради. У ёқда дарҳақиқат хона бор экан, аммо бўм-бўш. Уй ўртасида девор тирқишидан сизиб кирган бир уюм қум дўппайиб турарди. Эркак анг-танг бўлганча серрайиб қолди… Уй ичини, панжаси ҳамма ерга етадиган тиним билмас қум ярмигача кемириб қўйибди… Урта ҳисоб билан 1/8 мм диаметр ҳажмидан бошқа ўз шаклига эга бўлмаган ўша қум. Шакл-шамойили йўқ бу омонсиз кучга нисбатан ҳеч нарса қарши туролмайди… Эҳтимолки, бутун куч-қудрати шакл-шамойилининг йўқлигидадир…
О проекте
О подписке
Другие проекты