Читать книгу «Қумдаги хотин» онлайн полностью📖 — Абэ Кобо — MyBook.
cover

Кобо Абэ ҳозирги замон пpoгpeccив япон адабиётининг атоқли вакилидир. Унинг «Қумдаги хотин» романи сўнгги йилларда яратилган етук асарлардан бири ҳисобланади. Бу фалсафий асарни ўқиган китобхон унда баён этилган ҳодисаларни кузатиш билан бирга, китоб муаллифи ва асар қаҳрамонлари билан мулоҳазага берилиб кетади. Япония, унин иқлими, табиати, оролларда яшовчи халқларнинг машаққатли ҳаёги, шунингдек, капиталистик дунёдаги инсон тақдири ҳақида кен! тасаввурга эга бўлади.

Ваҳоб PЎЗИМАТОВ

таржимаси

Жазо таҳдиди бўлмаса,

қочиш қувонч бахш этмайди.

БИРИНЧИ ҚИСМ

Август кунларидан бирида бир одам йўқолиб қолди. У отпускасидан фойдаланиб, поездда ораси ярим кунчалик келадиган соҳилга бориб келмоқчи эди. Ўшандан бери домдараксиз кетди. На полициянинг қидиришлари, на газетадаги эълонлар бирон натижа берди.

Одамларнинг йўқолиб туриши – умуман айтганда, унча кам учрайдиган ҳодиса эмас. Статистик маълумотга биноан, дараксиз кетган одамлар ҳақида ҳар йили бир неча юзлаб ахборотлар эълон қилинади. Шуниси таажжубланарлики, топилганлар жуда озчиликни ташкил этади. Суиқасд ва бахтсиз ҳодисалардан далиллар қолади; ўғирлаб кетишлар юз берган тақдирда ҳар доим уларнинг сабабларини аниқлаш мумкин. Аммо йўқолишнинг бошқача бирон сабаби бўлмаса, йўқолган одамнинг изини топиб олиш жуда қийин бўлади. Рост, йўқолиш қочиш деб аталса, булардан кўплари дарҳол худди шу оддий қочиш деб атаб қўя қолинади шекилли.

Мазкур ҳодисада ҳам қандай бўлмасин бир из йўқлиги ҳеч ғайри табиий кўринмас эди. Унинг қаёққа жўнаб кетганлиги тахминан маълум, аммо ўша ёқдан ўлиги топилганлиги ҳақида хабар келмаган эди. Иш ҳам қандай бўлмасин яширин сирларга дахлдор эмас эдики, уни шу туфайли ўғирлаб кетишган, дейилса. Барча хатти-ҳаракатларида, хулқ-атворида қочиш ниятида эканлигидан асар ҳам йўк эди.

Аввал бошда, табиий, ҳамма, бу ишга хотин киши аралашган бўлса керак, деб тахмин қилди. Аммо полиция амалдорлари билан ҳамкасабалари йўқолган одамнииг хотинидан, у ўз коллекцияси учун ҳашарот йиққани кетганини билишгач, ҳафсалалари пир бўлди. Дарҳақиқат, хотин киши билан қочиб кетаётганини яшириш учунгина цианли калий солинган банка, ҳашарот ушлайдиган матрабча кўтариб юриш бу ўта кетган анойилик бўларди. Энг муҳими – станция хизматчиси, ўша куни S станциясида поезддан кийими альпинистларникига ўхшаган, елкасига рассомлар ишлатадиган тахта қути ва сувдон осиб олган бир эркак тушганини, у одамнинг ёлғиз эканлигини хотирлаган эди. Шундай қилиб, у тахмин ҳам бекор бўлди.

Одамовилиги туфайли ўзини ўзи ўлдирган, деган тахмин ҳам юзага келди. Бу фикрни руҳий анализга жуда ишқибоз бир ҳамкасабаси айтди. Унинг фикрича, кап-катта одамнинг ҳашаротлардан коллекция тузишдек бемаъни иш билан шуғулланишининг ўзиёқ, ўша одамнинг руҳан нуқсони борлигини тасдиқлар эмиш. Ҳатто ёш боланинг ҳам хашаротлардан коллекция тузишга муккасидан кетиши, кўп ҳолларда унинг Эдип дардига мубтало эканлигини кўрсатармиш. Муроди ҳосил бўлмаганлигидан хумордан чиқиш учун, у барибир ҳеч қочиб кета олмайдиган жонсиз ҳашаротга ҳузур билан тўғнағич қадар экан. Модомики, шу машғулотини улғайганда ҳам ташламабдими, бу унинг дарди яна ҳам оғирлашганидан муқаррар дарак бергани эмиш. Ахир, знтомологлар жуда кўп ҳолларда нокасталик дардига гирифтор, минғаймас бўладилар, арзир-арзимас нарсаларни ўғирлайверадилар, педерастия билан шуғулланадилар. Бинобарин, одамовилик туфайли ўз-ўзини ўлдириб қўйиш ҳеч гап эмас. Қолаверса, коллекционерлар орасида шундайлари ҳам бўладики, коллекция тузишдан ҳам кўра кўпроқ банкалардаги цианли калийга ишқибоз бўладилар, ўзларининг бу машғулотларидан сира ҳам воз кечолмайдилар. Ниҳояг, бу иштиёқи ҳақида бирор марта бирон кишига очиқ гапирмагани, бу ишқибозлигининг номуносиб бир ишлигини ўзи ҳам пайқаганини исботламайдими?

Аммо ўлик топилмаганлиги туфайли жўяли кўринган бу тахминларнинг ҳаммаси чиппакка чиқди.

Асл сабабини барибир ҳеч ким билолмади. Орадан етти йил ўтди, Граждан кодексининг 30-моддасига биноан уни ўлганга чиқаришди.

Август кунларидан бирида, тушдан сўнг S станциясининг платформасида кулранг пикэ панама кийган одам пайдо бўлди. У елкасига каттакон тахта қути билан супдон осган, худди тоққа чиқиб кетаётгандек шимининг почасини пайпоғига тикиб олган. Бироқ теварак-атрофда биронта ҳам тоғ йўқ эди. Эшик олдида билет текшираётган станция хизматчиси унинг орқасидан шубҳа билан қараб қолди. Ҳалиги одам тўппа-тўғри бориб станция яқинида турган автобусга чиқди-да, орқадаги жойга ўтирди. Автобус тоққа қарама-қарши томонга қараб йўл олди.

Ҳалиги одам энг охирги манзилгача борди. Автобусдан тушаркан, бу атрофдаги жойлар паст-баландликлардан иборат эканлигини кўрди. Пастликлар туташ энсиз-энсиз шолипоялар билан қопланган, уларнинг ораларида қад кўтариб турган кичик-кичик хурмозорлар эса худди оролчаларга ўхшар эди. Йўловчи қишлоқдан ўтиб соҳил томонга йўл олди. Тупроқнинг тобора туси оқариб, қуриб бормокда эди.

Тез орада уйлар ҳам орқада қолди, у ер-бу ердагина бир неча қарагай қаққайиб турарди. Заранг ер аста-секин товонга ботадиган майда қумга айланди. У ер-бу ерда ковжираган гиёҳлар оролчадек қорайиб турар, худди бу ерга янглишиб келиб қолгандек мўъжазгина мажмағил бақлажон пайкалчалари кўриниб қолар эди. Аммо теварак-атрофда қилт этган жон асари йўқ. Олд томонда денгиз бўлса керакки, у ўша тарафга қараб кетмоқда эди.

Ниҳоят, йўловчи тўхтади. Атрофга аланглаб курткасининг енги билан юзидаги терни артди. Қутини бамайлихотир очиб, бир даста чўп олди. Уларни бирлаштирган эди, ҳашарот тутадиган матрабча ҳосил бўлди. Йўлида учраган сийрак гиёҳларни четга сурганча яна олдинга қараб кета бошлади. Қумдан денгиз ҳиди анқирди.

Вақт ўтиб борар, денгиз эса ҳамон кўринмас эди. Бу паст-баланд жой эҳтимол, олдинда нималар борлигини кўришга йўл қўймасди-ю, аммо манзара бир хил эди. Тўсатдан унинг кўз ўнгида қишлоқ намоён бўлди. Бу одатдагидек қашшоқ бир қишлоқ эди: ўт ўчириш ҳавозасининг атрофини чоғроқ-чоғроқ тошлар билан бостирилган тўсинли томлар қуршаган эди. Бир неча уйнинг томи қора черепица билан, баъзилари эса ҳатто қизил рангга бўялган тунука билан ёпилган эди. Қишлоқдаги бирдан-бир чорраҳанинг муюлишида турган тунука томли уй, афтидан, балиқчилар артелининг бошқармаси бўлса керак.

Қишлоқнинг нарёғи денгиз ва қум тепаликлар. Аммо нима учундир қишлоқ жуда ҳам ёйилиб кетган. Унинг атрофида бир қанча ҳосилдор экин майдонлар, қолгани оқиш қумлоқ ер. Кичик-кичик ерёнғоқ ва картошка пайкаллари кўриниб турар, денгиз ҳиди қорамол шиптири билан омухта бўлиб кетган эди. Қум ва тупроқ билан цементлангандек заранг йўлнинг четида чақилган оппоқ чиганоқлар тоғ-тоғ бўлиб уюлиб ётарди. Бу одам йўлдан ўтиб бораркан, артель бошқармаси олдидаги очиқ ялангликда ўйнаётган болалар ҳам, тўр ямаётган чоллар ҳам, қишлоқдаги бирдан бир резавор дўконининг олдида уймалашаётган сочи тўзғиган хотин-халажлар ҳам бир лаҳзагина жим бўлиб, унинг орқасидан таажжуб билан кузатиб қолар эди. Аммо йўловчи уларга сира ҳам эътибор бермасди. Уни қум тепалар билан ҳашаротларгина қизиқтирарди.

Аммо қишлоқнинг миқёсигина ғалати эмас экан. Йўл бирдан юқорига қараб кўтарилди. Бу ҳам мутлақо кутилмаган нарса эди. Башарти у денгизга олиб борса, табиийки, пастга қараб кетиши керак. Балки картадан қараётганида янглишгандир? У қаршисидан чикиб қолган қиздан суриштириб билмоқчи бўлди. Аммо қиз ер сузганча, унинг саволини эшитмагандек индамай ўтиб кетди. Майли, йўлда давом этади. Ҳар қалай, қумнинг туси ҳам, балиқ тутадиган тўрлар ҳам, тоғ-тоғ бўлиб уюлиб ётган чиғаноқлар ҳам – ҳаммаси денгизнинг яқинлигидан далолат бериб турибди. Хуллас, ташвишланишнинг ўрни йўқ.

Йўл табора тиккаланиб борар, теварак-атрофда қумдан бошқа ҳеч нарса йўқ эди.

Шуниси ғалатики, уйлар турган жой сира ҳам кўтарилмаган эди. Йўлнинг ўзигина юқорилаб борар, қишлок эса ҳамон пастликда қолиб кетмоқда эди. Йўқ, йўлгина эмас, у билан бирга уй оралиғидаги ерлар ҳам кўтарилиб борарди. Шунинг учун бутун қишлоқ юқорилаб кетаётгандек, уйларгина бир сатҳдаги текисликда қолаётгандек эди. Бу таассурот қум тепанинг чўққисига чиққан сари кучая борди, ҳадемай назарида бинолар қум ўртасида қазилган каттакон чуқурликда тургандек бўлиб кўринди. Ниҳоят, у кетаётган йўл билан уйларнинг ўрталаридаги ораликлар томлардан ҳам юқорилашиб кетди. Уйлар эса тобора қумга чўкиб борар эди.

Қиялик бирдан анчагина тикка бўлиб қолди. Энди у билан томларнинг оралиғи йигирма метрчадан нам эмасди. «У ерда қандай ҳаёт бўлиши мумкин?» – деб ўйлади йўловчи, чуқурликка сесканиб қараркан. Бирдан кутурган шамол эпкини йўловчини энтиктириб юборди, у чуқур лабидан шоша-пиша нарига кетди. Туйқусдан жуда пастликда кўпираётган, соҳил қумини ялаётган бўтана денгизни кўриб қолди. Йўловчи қум тепа чўққисида – худди кўзлаб келган манзилида турарди.

Қум тепанинг кучли шамол эсадиган денгизга қараган томони, одатдагидек, тик ва яйдоқ эди. Аммо қияроқ жойларда найча баргли гиёҳлар тўп-тўп бўлиб ниш уриб чиққан эди. У оркасига қараб қум тепа чўққисига яқинлашган сари чуқурлашиб бораётган баҳайбат ўралар худди ўртасидан кесилган болари уясини эслатиб, қишлоқ марказига бир неча зина тарзида тушиб борганини кўрди. Қишлоқ худди қум тепага ўрмалаб чиқиб келаётгандек эди. Балки қум тепа қишлоққа ўрмалаб чиқиб келаётгандир? Ҳар қалай, бу одам қишлоқни кўриб тажанг бўлар, ғижинар эди.

Хўш, хуллас, кўзлаган қум тепасига етиб келди, иши жойида. У сувдонидан қултумлаб сув ичиб, чуқур нафас олди, жуда соф туюлган ҳаво томоғини худди жилвир қоғоздек қириб ўтди.

Йўловчи ўз коллекциясини қумда яшайдиган ҳашаротлар билан бойитмоқчи эди.

Қумликдаги ҳашаротлар майда, ранги хира бўлади, аммо коллекция тузиш дардига дучор бўлган одамни қанотлари ранго-ранг капалаклар ёки ниначилар қизиқтирмайди. Бундай одамлар ўз коллекцияларини аллақандай экзотик намуналар билан безашга интилмайдилар, улар тартиблаштиришга ҳам унча қунт қилмайдилар. Хитой медицинасида қўлланиладиган дориворларни тайёрлаш учун керак бўладиган хомашёларни қидириш билан ҳам шуғулланмайдилар. Энтомологларнинг янги турларни топишдек ўзларига хос соддагина ва оддий эрмаклари бор. Бунга муваффақ бўлсанг, энтомология1 атласида янги топилган ҳашаротнинг узундан-узоқ лотинча илмий номи билан бир қаторда сенинг номинг ҳам пайдо бўлади, номинг унда абадул-абад қолса ҳам ажаб эмас. Модомики, сенинг номииг, ҳаттоки ҳашаротнинг номи билан боғлиқ бўлган ҳолда ҳам одамларнинг хотирасида узоқ вақтлар сақланиб қоларкан, демак, ҳаракатларинг беҳуда кетмабди.

Одатда кўз билан илғаб бўлмайдиган жуда кўп, турли-туман ҳашаротлар янгидан-янги кашфиётлар очиш имконини беради. Мана у ҳам қўш қанотлиларга, ҳатто одамлар жуда ёмон кўрадиган оддий хонаки пашшаларга кўп вақтини берди. Пашшаларнинг турлари ҳайрон қоларли даражада сон-саноқсиз. Барча энтемологларнинг фикрлари асосан бир йўналишда бўлганлиги учун улар, жумладан, Японияда топилган камдан-кам учрайдиган саккизинчи мутант деб аталувчи пашша билан биргаликда бу турларнинг кўпчилигини ўрганишни деярли тугаллаганлар. Чамаси, одамларнинг ҳаёти пашшаларнинг ҳаёти билан ғоятда чамбарчас боғланиб кетганлиги учун шундай бўлса керак.

Энг яхшиси, аввал диққатни мана шу муҳитга қаратиш. Балки турларининг кўплиги пашшаларнинг ўзларини шароитга мослаштира билишдек зўр салоҳиятлари туфайлидир. Бу кашфиётдан севиниб кетиб бир сакраб қўйди. Фикри унча чакки эмас. Пашшаларнинг бу қадар зўр кўника олиш салоҳияти бошқа ҳашаротлар яшай олмайдиган энг ноқулай шароитларда ҳам осонликча кўникиб кетавериш сабабларини очиб беради. Мана, чунончи, улар ҳатто умуман тирик жон чидолмайдиган саҳродаги ҳаётга ҳам мослашиб олишган…

Бу кашфиётдан сўнг, у қумликларга айниқса қизиқа бошлади. Тез орада ишнинг самараси ҳам кўрина қолди. Бир куни у уйи яқинидаги суви қурнган ариқ ўзанида қаттиқ қанотлилар тоифасига (Gicindela Japonica, Motschulsky) мансуб бўлган, испан пашшасини эслатувчи жажжигина сарғиш ҳашаротни кўриб қолди. Маълумки, испан, пашшаларининг ранги ҳар хил ва турли катта-кичикликда бўлади. Аммо олдинги оёқлари бир-бирлариникидан ғоят- да кам фарқ қилади. Уларни гуруҳларга бўлишда шу нарса муҳим аҳамиятга эга, чунки олдинги оёқларнинг шаклларидаги тафовут турлар орасидаги тафовутни билдиради. У кўриб қолган ҳашарот олдинги оёқларининг иккинчи бўғими дарҳақиқат диққатга сазовор хусусиятларга эга эди.

Испан пашшаси тоифасидан бўлган ҳашаротларнинг олдинги оёқлари одатда ингичка, қора ва ғоятда ҳаракатчан бўлади. Бу пашшанинг олдинги оёқлари эса ю-малоқ, йўғон, туси эса тўқ сариқ эди. Эҳтимолки, уларга кукун ёпишгандир. Балки ҳашаротнинг ҳаттоки кукун йиғиш учун махсус мосламаси ҳам бордир. Борди-ю, кўздан кечираётганида янглишмаган бўлса, муҳим кашфиёт очса ҳам ажаб емас.

Аммо, афсуски ўша ҳашаротни тутиб ололмади. У ғоятда ҳаяжонланган, пашша ҳам ғоятда ғалати бир тарзда учар эди. Пашша учиб кетди. Кейин: «Қани, ушлаб ол-чи» демасдангина қайтиб келди-да, унинг яқинлашишини кутди, аммо у яқинлашиши билан пашша яна учиб кетиб, кейин қайтиб келди-да, тағин кута бошлади. Пашша уни калана қилаётгандек, ўт-ўланлар орасига кириб ғойиб бўлди.

Шу тариқа у ўша олдинги оёқлари сарғиш испан пашшасининг асири бўлиб қолди.

Қумлоққа назари тушаркан, тусмоли тўғри эканлигига яна ҳам чуқурроқ қаноат ҳосил қилди. Ахир испан пашшаси – саҳрогагина хос бўлган ҳашарот-ку. Бир назарияга кўра, у пашшаларнинг одатдан ташқари бир тарзда учиши – майда махлуқларни инларидан авраб чиқариш учун қўллайдиган ҳийласи эмиш. Шу тариқа пашша эргаштириб кетган сичқонлар, калтакесаклар инларидан йироқлашиб саҳрога бориб қолиб, очлик ва толиқишдан ҳалок бўлар эмиш. Пашшаларнинг муддаоси шу бўлиб, ҳалок бўлган махлуқларни ер эмиш. Бу пашшаларнинг японча «хат ташувчи» деган латиф номи бўлиб, зотан, биринчи қарашда улар, нозик кўринсалар-да, аслида тишлари ўткир, ўзлари шу қадар қонхўр бўладиларки, ҳатто бир-бирларини еб қўядилар. Бу назариянинг тўғри ёки тўғри эмаслигидан қатъи назар, у шубҳасиз, испан пашшасининг сирли учишига маҳлиё бўлиб қолган эди.

Табиий, испан пашшасининг яшаши учун шароит яратиб берадиган қумга ҳам қизиқиши ортиб қолди. У қум ҳақидаги китобларни ўқишга киришди, ўқиган сайин бу нарсанинг қизиқ бир ҳодиса эканлигига тобора кўпроқ қаноат ҳосил қила бошлади. Чунончи, агар энциклопедиядаги қумга бағишланган мақолага мурожаат қилинса, қуйидагиларни ўқиш мумкин:

«Қум емирилган тоғ жинсларининг йиғиндисидир. Баъзан таркибида магнитли темир, каситерит, баъзан олтин ҳам учрайди. Диаметри 2 дан 1/16 мм гача бўлади».

Қандай аниқ таъбир. Қисқасини айтганда, қум емирилган тоғ жинсидан ҳосил бўлиб, майда тош билан тупроқ ўртасидаги бир нарсадир. Аммо қумни, ўртадаги бир нарса дейиш тўла-тўкис таъбирлаб берилди, деган гап эмас. Нима учун, бирлашишлари натижасида ер таркиб топадиган уч элемент – тош, қум ва тупроқдан, уч элементдан фақат қумгина алоҳида айрилган ҳолатда бўлиб, саҳролар ва қумликлар ҳосил қила олади? Агар у шунчаки бир ликдаги нарсанинг ўзи бўлса, яйдоқ қоялар билан тупроқли ерлар ўртасида бўладиган емирилишлар туфайли, уларнинг бир-бирларига қўшилишлари натижасида пайдо бўладиган сон-саноқсиз ўртача маҳсулотларни учратиш мумкин бўлар эди. Ҳолбуки, аслида аниқ уч турга эга бўлган жинсларгина мавжуддир: тош, қум, тупроқ. Шуниси ҳам таажжубланарлики, қум зарраларининг кўлами доимо қарийб бир хил – хоҳ бу Эносимо оролининг соҳилидаги қум бўлсин, хоҳ Гоби саҳросидаги қум бўлсин – у ўрта ҳисоб билан 1/18 мм га тенг бўлади, қум зарралари Гаусс жадвалидаги белгиларга яқин доиралар бўйлаб тарқалади.

Бир тадқиқотда тупроқнинг емирилиши жўн тарзда таъбирлаб берилган эди: енгил элементлар узоқ масофаларга қараб кетар экан. Аммо унда 1/8 мм га тенг қум зарралари ҳажмининг хусусиятлари мутлақо таъбирлаб берилмаган эди. Геология ҳақидаги бошқа бир асарда мутлақо аксинча таъбирланган эди:

«Сув оқимлари ҳам, ҳаво оқимлари ҳам гирдибод ҳосил қиладилар. Гирдибод тўлқинининг энг қисқа узунлиги саҳродаги қумнинг диаметрига тенг келади. Шу хусусият туфайли ердан қумгина оқим йўналишида ажралиб чиқади. Агар ердаги айрим таркибий қисмлар бир-бирлари билан заиф жипслашган бўлса, тош билан тупроқни олиб кетишга қодир бўлмаган заиф ел ҳам қумни ҳавога кўтариши мумкин. Сўнгра қум елнинг йўналишига қараб ерга қўнади. Қумнинг хусусиятларини, чамаси, аэродинамика фани нуқтаи назаридан қараш керак».

Юқорида келтирилган таъбирни давом эттирамиз: «…яъни, емирилган тоғ жинсларининг зарралари шундай бир кўламдаки, бу уларни ғоят ҳарактчан қилиб қўяди».

Модомики, ер юзида шамол билан сув оқимлари ҳамиша мавжуд экан, қумнинг ҳосил бўлиши муқаррардир. Токи шамоллар эсишда, дарёлар оқишда, денгизлар тўлқинланишда давом втар экан, ердан янгидан-янги қум уюмлари ажралиб чиқиб, худди жонли махлуқлардек турли томонга ёйилишда давом этади. Қум тиним билмайди. Сездирмасдан, аммо қатъият билан ерни забт этади ва емиради.

Бу абадий ҳаракатдаги қум манзараси уни мислсиз ҳаяжонлантирар ва тинчлик бермас эди. Одатий тасаввурдаги қумнинг унумсизлиги унинг қуруқлигидан эмас, ҳеч қандай жон эгаси бардош беролмайдиган тинимсиз харакатда эканлиги туфайлидир. Бу, кун сайин бир-бирига ёлишиб оладиган одамларнинг ҳазин ҳаётига жуда ўхшайди.

Ҳа, қум ҳаёт учун унча қулай эмас. Аммо турғунлик яшаш учун мутлақо бир зарур нарсами? Ахир бу расво рақобатларнинг ҳаммаси турғунликни қарор топтиришга интилиш туфайли юзага келмайдими? Агар турғунликдан воз кечиб, ўзингни қум ҳаракатининг ҳукмига топширсанг, рақобат ҳам барҳам ейди. Ахир аслида, саҳрода ҳам гулдар ўсиб, ҳашаротлар билан махлуқлар яшайди-ку. Булар ҳаммаси ўзларининг мослаша билиш салоҳиятлари туфайли рақобат доирасидан чиқиб кета олган тирик жон эгаларидир. Бамисоди, бунинг испан пашшаларига ўхшаб…

У қум ҳаракатини тасаввур қилар экан, кўзига алланима бало нарсалар кўриниб, ўзини шу чексиз-худудсиз оқимда кўрди.

3

Йўловчи бошини куйи солганча, қишлоқни худди истеҳком деворига ўхшаб ўраб турган ярим ойдек қум тепа сиртидан олдинга қараб кета бошлади. У йироқда нималар бўлаётганига деярли эътибор бермасди. Энтомолог учун ўз оёғи тагидаги уч метрча масофа доирасигагина диққат-эътиборини қаратиш муҳим. Энг асосий қоидалардан бири эса – қуёшга орқа ўгирмаслик. Агар қуёшга орқа ўгирсанг, соянг билан ҳашаротни чўчитиб қўйишинг мумкин. Шунинг учун ҳам ҳашарот овловчиларнинг пешаналари билан бурунлари офтобдан қоп-қора бўлиб кетади.

На этой странице вы можете прочитать онлайн книгу «Қумдаги хотин», автора Абэ Кобо. Данная книга. Произведение затрагивает такие темы, как «психологическая проза», «японская литература». Книга «Қумдаги хотин» была издана в 2024 году. Приятного чтения!