‒ Диний идорага бордик. Муфтий қоғозимизга птичка қўйиб берди. Масжидимизни рўйҳатга олинишига қаршилиги йўқлигини тасдиқловчи маълумотномани назарда тутяпман-да! Ҳамма гап Адлияда қолди. У ерга анави ўрис кампирни бошлаб бормоқчимиз!
‒ Қайси кампир? Анави, йўлнинг нариги бетидаги тўққиз қаватлида яшайдиган Кутепованими?!
‒ Ҳа-да, бу атрофда ундан бошқа закончи йўқлигини биласан-ку! Қонун-қоидани яхши билади, шунинг учун биз билан боришликка розилик берди…
Анвар Шокир ҳозир бўлиб ўтган машмашани пича унутиш, шу баҳонада отасининг ҳам кайфиятига таъсир ўтказиш мақсадида унинг сўзларини бўлиб, ярим жилмайиб туриб:
‒ Илҳом закун бор-ку, дада! ‒ деди.
Абдурасул ота ҳам ғайришуурий тарзда кулиб юбориб:
‒ Ўшани қандай қилиб масжиддан қувиб юборганимни сенга айтиб берибмидим? ‒ деб сўради, айни паллада ўғлининг ҳам ҳолати ўзгарганидан, юзига қон югуриб бўлак нарсалар ҳақида ўйлай бошлаганидан мамнун бўлди, сўзида давом этди: ‒ Ўша-ўша у сафсатабоз масжидга яқин йўламайди, мени кўрди дегунча нариги кўчага қочадиган одат чиқарган! Биладики, рўпара келгудай бўлса, яна ўзига гап орттиради!
‒ Уям бир пайтлар, шўро даврини назарда тутяпман-да, босмахонада ишлаган, ўша марказий нашриёт босмахонасида. Мен уни ўша ерда кўп бор кўрганман, ‒ деди Анвар Шокир.
‒ Уям бир бало қилиб ўша ердан инвалидликка чиқиб олган экан, ўзи айтиб берувди, ‒ деди Абдурасул ота, бу жумласи ўғлига қаттиқ ботганини, у ўйланиб қолганини кўриб тилини тишлади. Ана шунинг учун ҳам энди у ўғлини чалғитишга, шу баҳонада дардини унутишга мажбур этишга ошиқиб, юқоридаги ўрис кампир мавзусига қайтиб: ‒ Уни қўявер, у ўзини закунчи қилиб олган! Аммо мана бу бизнинг кампир ҳақиқатда қонун-қоидаларни, амалдаги законларни яхши билади, шунинг учун бизлар билан бирга боришга рози-ризолик билдирди, ‒ деб маълум қилди, бунга қўшимча равишда ўғли сўрамаса ҳам яна бир муҳим ишга шошилаётганини дараклади: ‒ Ҳозир Сафохон, мен, Тошмурод нонвой уччовимиз анави Сафохондан масжид ҳужжатларини тўғирлаб бераман деб пулини шилиб олганникига ўтиб келмоқчимиз. Норбобо аканинг вақти йўқ экан, йўқса униям бошлаб бормоқчийдик…
‒ Шунақа эзгу ишга ёрдам бериш учун ҳам пул оладими? ‒ зўрма-зўраки кулди Анвар Шокир, унинг хаёлини яна юқори қаватидаги қўшнилари банд этди. “Бу ярамасларни барибир участкавойга айтиш, ёзиб бериш керак, бир танобини тортиб қўймаса бўлмайди, яна бунақа машмашалари қайтарилаверади!”, деб ўзига-ўзи ақл ўргатган бўлди, аммо дилида кечган мазкур ўй-мулоҳазаларини отаси сезиб қоладигандек чўчиб, тағин истеҳзоли жилмайиб юқоридаги фикрини тугатди: ‒ Одамларнинг қўрқмаганини қаранг, масжиднинг ҳужжатларини тўғрилашгаям пора сўрайдилар-а!
‒ Бугун ана ўшанинг дам олиш куни экан, уйига ўтиб келайлик-чи, мени масжид ёнида кутишаётганди, ‒ деди Абдурасул ота, шулар ҳақида дараклаб, кийим-бошларини алмаштириш мақсадида ичкарига йўналаркан, ортида келаётган ўғлига ўгирилиб: ‒ Мен йўғимда тағин юқоридагилар билан пачакилашиб ўтирмагин-а! ‒ дея тайинлади, “ҳудди мендан кўрасан” дегандай йўсинда ўнг қўлининг кўрсаткич бармоғини дағдаға ишорасида ҳавода ўйнатди, ўғли унинг огоҳлантиришига, яна ёш болалардай хатти-ҳаракатига эътибор бериб жилмайганини кўриб, кўнгли сал хотиржам тортиб иккинчи қаватдаги уйига чиқиб кетди.
Анвар Шокир отасининг ортидан етти зина кўтарилиб туриб: “Қачондир бу бадбахтларга чора кўриш керак-ку, ахир?! Йўқса, “мендан қўрқар экан!” деб манавинақа аҳмоқгарчиликларини такрорлайверадилар! Ҳа, ҳа, буларни участкавойга ёзиб бериб таъзирларини бермаса бўлмайди! Ана шунда сендан қўрқадиган, ана шунда сен билан ҳисоблашадиган бўладилар!”, деб хулоса чиқараркан, турган ерида аввал зина панжрасига суяниб юқорига қараб олди, ҳаммаёқ сув қуйгандай жимжитлигидан қаноатланиб биринчи қават йўлакчасининг ўнг томонидаги илк кўчиб келган даврида ўрнаттиргани ‒ сарғимтир-ёнғоқ рангдаги локлари анча эскириб, бир-икки ери шилинган эман ёғоч эшикнинг тутқичидан тортди…
3
Абдурасул ота нонвой Тошмурод бошқариб кетаётган “Москвич ‒ 412” русумли эски автомаркабнинг олди ўриндиғида ўтириб бораркан, орқадаги шеригига нечанчи маротаба бир жумлани такрорлаб:
‒ Бунақа одамларга умуман ишониш керак эмас! ‒ дея фиғони фалакка ўрлади, яна орқа ўриндиқда унинг куйиниб сўзлашига диққат-эътиборини қаратиб келаётган, аммо бирорта сўз қўшмаётган, қўшишга журъат қилолмаётган, кўринишдан анча хотиржам эса-да, ичдан ўзи қилиб қўйган ишидан минг бор пушаймон бўлиб, изтироб чекишда давом этаётган Сафохонга қараб олди, сўнг эса олдига ўгирилиб унинг куйди-пишдилигидан завқланиб кетаётган нонвойга юзланди: ‒ Тўғрими, Тошмурод? Ҳужжатларни қилиб бераман деб бу кишидан уч минг долларни қуртдай қилиб санаб олса-да, қорасини кўрсатмай қочиб юрса?! Вой афирис-эээ! Ҳе-ее, сендақа валламатдан ўргилдим! ‒ у яна бир бор орқа ўриндиқдаги Сафохонга “шунақаям содда бўладими одам деган?” қабилида норозиланиб, ранжигандай қараб олгач, тағин назарини рулни бошқариб кетаётган нонвойга буриб, чурқ этмай бошини чайқатиб қўйди.
Сафохон қирқ билан қирқ бешлар миёнисидаги узун бўйли, буғдойи ранг чўзинчоқ юзли, ана шу истарали чўзинчоқ юзига ярашиқли томоғига қадар тушган мош-гуруч соқол ҳам қўйиб олган юмшоқтабиат одам эмасми, у Абдурасул отанинг сўнгги сўзларидан ва унга назар солиб болаларча норозиланишидан, ранжишидан кулиб қўяркан, бошидаги кўк баҳмал дўпписини қўлига олиб ичидаги сидирға оқ дастрўмолчасида обдан терлаган ялтироқ кал ерларини артди, яна уни дўпписи ичига батартиб жойлаб бошига кийди, қариянинг астойдил ташвиш чекаверишидан хижолатланиб, бу ҳам етмагандай, ўзининг ўта ношудлигига яна бир карра иқрор бўлгандай бош тебратиб қўяркан:
‒ Мен уни туппа-тузук, яхши одам деб ўйлабман, Абдурасул ота-аа, ‒ деди, қариянинг исмини айтаётганида у кишини яхши кўрганидан, ҳамиша ҳурматини жойига қўйиб юрганидан “ота” сўзидаги “а” ҳарфини чўзиброқ, унга эркаланиброқ талаффуз қилдиким, бу эркаланиб сўзлаши Абдурасул отага ёққан бўлишини ҳам таҳмин қилиб ичдан мамнунлик туйди, шу руҳда сўзлашда давом этди: ‒ Илгарилари физика институтида ишлаб юрганимда танишгандим. Ҳақиқатда ўша пайтларда вазирликда ишларди ‒ институтнинг баъзи бир топшириқлари билан икки-уч бор қабулига кирувдим ‒ ўшандан бери билардим, кейинги иш жойини айтмади-ю, аммо юқорироқ лавозимга кўтарилганман девди, менам ўша сўзларига ишонибман-да, ота-аа!
Абдурасул ота Сафохон уни қаттиқ ҳурмат қилишини ва ўз отасидай кўриб ҳамиша яхши сўзлар билан алқаб юришини билгани важидан, боз устига, айни дамда ўзини айбдор санаб ич-ичидан азият чекаётганини ҳис этгани учун бўлак унга сўз қотмади, уни тушунган, унга ён босган бўлди. У масжид ҳужжатлари тўғри бўлишини истаб ҳар ерга югираётганидан, масжид учун жонини ҳам беришга тайёр фидойи инсон, намозхон эканлигидан воқифлигини сездириб, у томон ўгирилиб, уни маъқуллагандай, уни хижолатпазликдан қутултирмоқ илинжида “ҳа, ҳа-аа” деб қўйишни жоиз деб билди.
Бу сафар энди қариянинг ўрнига Тошмурод нонвой унинг соддалигидан энсаси қотиб, истеҳзоланиб кулиб:
‒ Яхши одам бўлса мана бундай савоб ишга пул талаб қилармиди, Сафохон? Ким сизни ўқиган одам дейди? Яхши одам бунақа ишларни фийсабилиллоҳга қилади, тағин ҳеч ўйламасдан яхши одам дейсиз! ‒ унга дакки берган, ундан ижирғанган бўлди. У маҳалла масжидининг орқасига қурилган, ана шу мавзе аҳолисига хизмат қилувчи нонвойхонада бир неча йиллардан бери икки-уч хил нон ёпар, бўш вақтларида масжидни тиклаш ишларида Абдурасул отанинг биринчи ёрдамчиси эди. Тақдир унга ҳамиша масжид ёнидаги нонвойхонада ишлашни раво кўрган, мана шу бошқариб кетаётгани яшил рангли “Москвич ‒ 412” русумли автомаркабини ҳам илгарилари Себзордаги Моғолкўча масжиди ёнгинасида ‒ ўша ердаги маҳаллага қарашли нонвойхонада ишлаётганида лотореяга ютиб олганди. Шундан бўлса керак, у мана бундай Абдурасул отага ўхшаган қарияларга, умуман савоб умидида қилинадиган ишларга ҳеч бир оғринмай камарбаста бўлиб хизматда турардиким, унинг бундай хожатбарорлигини мазкур мавзеда яшайдиган кўплаб одамлар, шу ерлик аҳоли яхши билишарди.
Абдурасул ота нонвойни анча йиллардан бери билар, мана шу мавзеда, тўнғич ўғлиникида яшай бошлагандан буёқ у билан ота-боладай яқин, бутун ўтмишга оид ҳаётини сўзлаб бериб юрар, тағин устига, нонвойнинг таги Хончорбоққа қўшни ерлардаги Жомийга бориб тақалган, бир пайтлар болалиги ўша ерларда ўтгани учун жомийлик кўплаб одамларни билгани сабаб унинг отасини ҳам таниган, шунинг учун баъзида уни ўзига жуда яқин тутиб тошкентчасига исмини қисқартириб “Тошим” деб қўяр, бунга нонвойнинг ўзи ҳам кўникиб улгурган, қарияга бир оғиз сўз демасди. Ана ўша таомил устун келиб, унга юзланаркан:
‒ Тўғри айтасан, Тошим, масжиднинг ишига ёрдам бериш, ҳужжатларни тўғирлаш учун шунча пул олгани Худодан қўрқмадимикин? ‒ дея таажжубланди, Келеснинг кўпригига етганларида эски йўлларни, бу йўлларда ўтган ёшлик йилларини, Наби Тароқ иккови бўзчининг мокисидай эшакаравада Кўктеракка, темирйўл станцияси рўпарасидаги Сирож маҳсумнинг чойхонасига қатнайверганларини хотирларкан: “Эгам комиссияни чақалоқлигида ўша ердан топиб келгандик. Набининг бобоси битта-яримта хончорбоғлик уни асраб олар деб қўлимизга тутқизиб юборганди ‒ алламбало, дарвеш пиғилли эди-да бу Сирож маҳсум дегани”, деб ўша қарияга боғлиқ бўлган бошқа бир-икки воқеани эслаб мийиғида кулди, ортидан эса умрнинг оқар сувдай ўтиб кетганидан хўрсинди, яна дарров бугунги кунига қайтиб, ўзининг қаерда кетаётганини идрок этиб, ён-атрофига қаради, сал ўтгач, автомаркабни шаҳар ичкарисига бурган Тошмуродга яна нигоҳини қадади: ‒Худодан қўрқмадимикин дейман-ку, аммо-лекин ҳозирги даврда кўплаб одамларимиз пул деса Худониям унутиб юборадиган даражага келиб қолганлариям рост-да!.. ‒ у шулар ҳақида сўз юритаркан, яна орқа ўриндиқдаги Сафохонга ўгирилиб: ‒ Нима дедингиз, Сафохон? ‒ деб сўраб қўйди.
Сафохон қариянинг сўзларини тасдиқлаб бош тебратиб:
‒ Худоси пул бўлиб қолди демоқчисиз-да! ‒ деди.
‒ Ҳа-да, йўқ ёлғонми Тошим? ‒ яна нонвойга тегишли гап бордай унга эътиборини қаратди Абдурасул ота. Айни пайтда Сафохон унинг сўзларини тасдиқлаганидан хурсанд бўлиб: ‒ Мана сен билан кўпинча масжидга керак бўлган нарсаларни қидириб бозорга тушамиз-а? Тушганимизда ниманинг гувоҳи бўламиз? Тушганимизда, Сафохон, кимга қарамайлик пул санаётганининг гувоҳи бўламиз, а Тошим? Ҳоҳ сотувчи бўлсин, ҳоҳ олувчи ‒ хаёли ўзида эмас ‒ хаёли муллажирингда ‒ бири қимматроққа сотсам дейди, иккинчиси эса арзонроққа олиб беш-ўн тангани ютиб қолсам дейди! Ана, аҳволи тирикчилик укалар! Буни тирикчилик эмас, тирриқчилик дейдилар, тирриқчилик!
Унинг чапанинамо сўзлари, ана шу сўзларни айтиш жараёнида ёшига номувофиқ равишда ўриндиқда сапчиёзиши, яна топиб гапирганидан завқланиб кетиб ўзини қўярга жой тополмаганини кузатиб, қариянинг шижоати Сафохонни қойил қолдириб, бу ҳолатини самимий жилмайиш орқали сездирди. Тошмурод эса хахолаб кулиб юбораркан, тепасидаги кўзгуча орқали ҳозирда бозорга аралашиб юрган Сафохонга назар соларкан, гап нишаби қай томонга оғаётганига ишора қилиб:
‒ Абдурасул ота ёмо-оон оладилар-да, а? Гапининг кифтини келтирадилар! Бунақа гапларни қаёқдан топасиз? ‒ деб ёнида ўтириб келаётган қарияга қойил қолганини сўзларида, сўзлаш оҳангида ва юзида акс этиб турганини ҳам ижобий, ҳам салбий маънодаги табассумида сездирди.
Унга сари Абдурасул ота ҳам юқорида келтиргани ҳаётий мисолларидан, ана шу ҳаётий мисолларни ўзига хос чапараста баён қилолганидан ҳали ҳам завқланишда давом этаркан, нонвойнинг мақтовидан севиниб:
‒ Йўқ, гапим нотўғрими, Сафохон? Қани, айтинг-чи ўзингиз?! ‒ дея тағин орқа ўриндиқдаги шеригига қараркан, юқоридаги фикрига муносабатини билишга қизиқди.
‒ Сиз ҳеч қачон нотўғри гапирмайсиз, Абдурасул ота, ‒ унга қарши боришни истамади Сафохон, ‒ лекин ана шу бозорда юрган тижоратчилар орасидаям пулдан баландда туриб, уни тўғри ишларга, эзгу мақсадларга демоқчиман-да, сарфлашни ўз олдига вазифа қилиб қўйганлар ҳам талайгина, буниям инкор этиб бўлмайди, ‒ деб юқоридаги жумласига қўшимча тарзда мазкур фикрини ҳам баён этди.
Тошмурод нонвой қариянинг юқоридаги қочирими унга тегиб кетди деб фаҳмлаб, бўлак бу нарсага урғу бериш инсофдан эмаслигини уққандек, суҳбатларининг бошидаги мавзуга қайтиб:
‒ Ҳозир уйига кетаётганимиз танишингизни айтаман-да, Сафохон, сизнинг юмшоқтабиат, соддадиллигингиздан фойдаланиб, тағин Ипподром ‒ Отчопар бозорида савдо қилиб юрганингизни билиб уч мингини олсам опман-да, хайрли ишини тўғирлаб бермоқчиман-ку, бошқалар бундан кўпроқ пулини шилган бўларди деб ўйлаган, шунинг учун ҳеч нарсадан қўрқмай ҳотиржам юрган, қачондир барибир битириб бераман-ку, деган хомхаёлда яшайверган-да, тўғрими? Қолаверса, мана бундай бўзчининг мокисидай уйига қатнайверишимиз етти ухлаб тушига кирмагандир, ҳарҳолда! ‒ деди, ўзларининг бу хонадонга қайта ташрифлари унга малоллик қилиб ич-ичидан ғижинса-да, лекин мазкур ҳолатини ошкор этмади.
‒ Қайдам, ‒ деди Сафохон, ўша танишига йўлиққан кунини эслаб хафаланиб, ўзидан ранжиб сўзида давом этди: ‒ Ўшанда ишини ўзгартирганини айтганида кўнглим бир нарсаларни сезувди-я! Хом сут эмган бандамиз-да, бу нарсага у қадар аҳамият бермабман, юқорига кўтарилдим деганига ишониб: “ Мен эса илмни бир чеккага йиғиштириб қўйганман, ҳозир Отчопар бозорида оёқ кийим сотяпман!” деб тўғри гапни айтибман. Гапдан-гап чиқиб мана бу масжидимизнинг ҳужжатлари тўғри бўлмаётганиниям дараклаб қўйибман-да! “Бир-иккита оғайнилар бор, шулар билан гаплашиб кўрай-чи, сизга жавобини албатта айтаман!”, деди, кейин телефон қилиб мени ишонтирди, пул кетса-кетсин, аммо масжиднинг Ҳужжатлари тўғриланса олам гулистон бўлади, қанчалаб намозхонларимиз, Абдурасул отага ўхшаган оқсоқолларимиз шунга кўз тикиб ўтиришибди, бир ҳаммалари хурсанд бўлишсин девдим-да! Қолаверса, умумишимиз-ку ахир!
‒ Сизнинг савдогарчилик қилаётганингизни билиб, ҳеч бир уялиб ўтирмай уч минг долларингизни олган-да! Бу иш масжид учун, савоб учун эканиям кўзига кўринмаган! ‒ юқорида таъкидлаган фикрига қўшимча қилди Абдурасул ота, ортидан эса ҳадеганда бир гапни қайтаравериб чайналиш яхши эмаслигини, “оғзи куйган одам”га ‒ Сафохонга айил ботиши мумкинлигини ўйлаб тасалли берди: ‒ Майли, бориб кўрайлик-чи, бир гап бўлар!
‒ Ўзи ҳозир вазирликда ишламаётган бўлса, сизни бошданоқ алдаб юрган экан-да! ‒ деди Тошмурод, унинг сўзларига на Сафохон ва на Абдурасул отадан жавоб бўлавермагач, кетаётган йўлига андармон бўлиб, диққат-эътиборини шу томон қаратиб, пича тек қоди. Серажин пешанаси тиришгандан-тиришиб, йўлдан адашмадикмикин дегандай тепасидаги кўзгучага қараб: ‒ Ҳозир ўнггамиди, Сафохон? Шламбага кеп қопмиз шекилли? Йўқ, кейинги кўчадан бурилармидик? ‒ деб сўради.
‒ Ҳали Шламбага бор. Ҳозир ўнгга бурилсак, Бешқўрғондан чиқамиз, шундайми Сафохон? ‒ орага қўшилди Абдурасул ота.
Ҳа, Бешқўрғон маҳалласида яшайди. Тўғри кетяпмиз, ‒ автомаркабнинг орқа ўриндиғида шундоқ ҳам қийналиб келаётган Сафохон, қорувли, баланд гавдасини тағин-да эгиб, қадди-басти букилиб эшик ойнасидан ташқарига аланг-жаланг боқди, ҳали адашмаганларига яна бир карра ишонч ҳосил қилиб, олд тарафга юришликка чорлади: ‒ Ҳув, анави Докахлеб ёнидаги кўчага бурасиз, Тошмурод.
Нонвой сал нарида ‒ йўлнинг ўнг томонидаги икки қаватли замонавий нонвойхонани кўриши ҳамоно юзи ёришиб:
‒ Бўлди, эсимга тушди. Биз аввалги сафар Эскижўва тарафдан, шаҳар ичкарисидан чиқиб келувдик-да, ‒ деб Абдурасул отага қараб олди, сўнгра автомаркабининг тезлигини пасайтириб, ўнгдаги кўчага бурди.
Ўзлари кўзлаган манзилга яқинлашганлари сари Абдурасул ота яна қизиша бошлади. Қалин қошларини чимириб орқасига, Сафохонга ўгириларкан:
‒ Бизни ҳадеб овораи сарсон қилаверасанми каззоб деб, нақ ёқасидан оламан-да, қани пулни бермай кўрсин! ‒ деди, ўзининг ушбу дағдағали жумласидан сўнг Сафохоннинг ранги ўзгара бошлаганини, унинг важоҳатидан қўрқиб кетганининг шоҳиди бўлгач эса, хийла шахтидан тушиб, пастроқ овозда қўшиб қўйди: ‒ Шундай қилмаса бўлмайди, ука-аа, ундай бетавфиқлар билан ана шундай дўқ уриб баланддан келиш керак!
Сафохон қариянинг жаҳли чиқиб кетса ҳақиқатдан ҳам Йўлтурдининг ёқасидан олиши мумкинлигини, бу нарса унинг учун ҳеч гап эмаслигини тасаввур қилиб улгурди. Масжиднинг томига старапил тахталари тортилаётганида, ишга қарамай бошқаларни чалғитиш билан овора бўлган, Тиконли кўчадан келиб фақат намоз ўқиб кетишдан бошқа нарсани билмайдиган Шавқиддин исмли қирғийбурун бир йигитнинг адабини бериб: “Масжидга келиб фақат думалаб кетишни биласан! Бундай у-бу ишларгаям қайишиб, у-бу ишларга қарашиб туради-да, одам деган! Ғўдайишдан, бурнингни юқорига кўтариб бошқаларни ишдан қўйишдан, уларга халал беришдан ўзга нарсага ярамас экансан-да, а? Ҳе, сендақа намозхондан ўргилдим!”, деб уни койий-койий масжидга қадамини босмайдиган қилиб қўйганди. Бошқа сафар эса Илҳом закунни ҳам ана шундай бир тарзда тунука учун берган пулини қўлига тутқазиб қувиб юборганди. Бу ҳам етмагандай, Рўзмат оқсоқолга тайинлаб: “Ҳамма бузғунчиликлар мана шунақа бетайинлардан чиқади, иккинчи бор мана шуларни масжидга киритсангиз сиздан қаттиқ хафа бўламан!”, деб тайинлашни ҳам унутмаганди. Ҳар иккисининг “кавушини тўғирлаб қўйиб” масжидга қадам босмайдиган қилиб қўйгач, ўша воқеа бошқа ёшларга ҳам ибрат бўлиб, намозга келганларида Абдурасул отани кўришлари ҳамоно тўрқовоқдаги беданага ўхшаб “безовта питирлашга” ҳам чоғлари келмай мум тишлаб ўтиришар, масжидда пашша учса сезиларди. Сафохон ана шуларни эсларкан: “Ана шундай фидойи, шижоатли қариялар бўлмаса анави Шавқига ё бўлмаса Илҳом закунга ўхшаган бетамизлар истаган номаъқулчиликларни қилишдан қайтишмайди, яхшиям шунақа отахонлар бор, мана шулардан ҳайиқиб туришади!”, деб ичдан фикр юритган, хулоса чиқарган бўлди, мазкур ўй-хулосалари қаттиқ таъсир этиб, камига эса мана бу юқоридаги режасига қойил қолгандай, қариянинг елкасидан силаб қўяркан:
‒ Ана шунақа қилмасангизам бўлмайди-да, Абдурасул ота! Сизнинг нима учун келганингизни билиб қўйсин! Тўғри айтяпманми, Тошмурод? ‒ деди-да, самимий тарзда кулиб қўйиб, ҳақиқатда ҳам қарияни яхши кўришини, астойдил ҳурмат қилишини изҳор этиб, уни алқаб икки-уч бор елкасини силади.
‒ Ҳазиллашасиз-а, Сафохон? ‒ орқасига ўгирилишга уринди Абдурасул ота, у Сафохоннинг ҳадеганда елкасидан силайверишидан ийиб кетган, яна у бу ишни меҳр билан ва унга бўлган муҳаббати туфайли чин дилдан бажараётганига иқрорлиги туфайли тағин-да юмшади: ‒ Жа-аа, ёқа бўғишгача бормасмиз, ҳарҳолда! ‒ у шундай деб рулдаги Тошмуродга ҳам қараб жилмаяркан: ‒ Нима дединг, Тошим? ‒ деб сўраган бўлди.
‒ Қошингизни паст-баланд чимириб туриб бир ўқрайишингиз бор-ку, Абдурасул ота, ўшандай ўқрайиб қўйсангиз етарли деб ўйлайман, ҳар қандай валламатиям “бир нарсани” бажариб юборади, ‒ қарияни хурсанд қилиш иштиёқида ўзининг савиясига яраша гап қилди Тошмурод, ана шу гапи ўзига нашъа қилди чоғи, тепасидаги кўзгуча орқали Сафохонга боқиб туриб хахолаб кулиб юборди.
Сафохон унинг сўзларидан эмас, кўзгуда унинг кулгуси қандай акс этишининг шоҳиди бўлиб, шу нарсани кўриб, мазкур жараённинг ўзи унга ғалати, кулгили туюлгани боис, айбни кўзгудан эмас, нонвойнинг феъл- атворидан, табиатидан ахтариш баробарида яна қариянинг кўнглини кўтаришга уриниб:
О проекте
О подписке
Другие проекты