1. Федерико! Сўнги ўқнинг овози.
Жонсиз кулгуларни сочинг шамолга.
О, ойдин бир кеча – Ғарнота ёзи.
Айндамар – кўзёш булоғи азал.
Шу тунни бағишланг анов аёлга –
Ҳуркак сийнасини ҳоритган ғазал!
2. Ўлик қиз чайқалар қора ҳовузда.
Ўлдириб бўларми шоирни танҳо?
Ҳали, бирозгина бор эди кузга.
Алдар. Ғор чурвақа. Тезроқ юр, бақа.
Мен юлдуз кўрмадим, дейди Франко.
Ейди бир кўр бақа ва бир қурбақа.
3. Қари калтакесак – қардош тимсоҳга.
Яшил сайҳонликда кар чигирткалар
Шу туннинг қопини тўлдирар оҳга.
Сиёсат – ўликзор. Жирканч ботқоқлик.
Ҳаёт недир? Ҳақнинг ўзини талар.
Мададкор руҳларнинг қўллари боғлиқ.
4. Қудуққа чўккан қиз ой ҳам қудуқда.
Чайқалган сочларинг айлансин торга.
Наҳот, Тирик Сўзлар отилар ўқда.
Шоир! Борми ўзи ёруғ кунларинг?
Испанлар! Елкалаб бормакда, Лорка
Испаниянинг бор ойдин тунларин.
11.08.2013
Ўнлаб қанғаларда тортиб келдилар,
Баҳайбат бир китнинг калла суягин.
Сунний муслимлари чопиб елдилар,
Мачит бўлар энди. У бўлади ин.
Баҳайбат тепалик. Улкан қоядир.
Тангри кўрсатгандир қудратин, кучин.
Саҳрода иссиқдан асрар соядир,
Кўзлари эшикдир одамлар учун.
Балиқ уруғланган баҳор палласи –
(Бошлар кесилса-да ва оқса-да қон,
Мачит бўлолмайди одам калласи…)
“Калла” – мачит дея қилдилар эълон.
У кўздан киради, бу кўздан чиқар,
Намоз ўқийдилар ичига кириб.
Имом ҳам, кучук ҳам бошини тиқар,
Таҳорат олади пойчасин тириб.
Кеча-кундуз қилган ибодатлари,
Нарига ўтмайди кит манглайидан.
Кўргил, гумроҳ банда. Тангри хатларин
Кўтариб турибди кит танглайида!
Кўзидан ўтганлар додимни эшит,
Китнинг суягида мунглиғ ноладир.
Бир кун майдалашар одамдек шу кит,
Кўзига одамлар сиғмай қоладир.
2013
Шамол шовурида шовуллаганча
Бир-бирин қучишар шамшод тераклар.
Қоқ пешинда бир ит вовуллаганча,
Қўлимга қарайди… Ўйнар эрмаклаб…
Терак япроқлари тўзонли, гардли,
Бир-бирин ўпади бизга билдирмай.
Қўшиқлар айтамиз. Увлаймиз дардли,
Бизни ташлаб кетган қизга билдирмай.
Эганг ташлаб кетди бериблар ваъда,
Қўшиқлар айтамиз тераги учун.
Қўшиқлар айтамиз ғамли, ғамзада,
Бизни ташлаб кетган юраги учун.
Шамол шовурида шовуллаганча,
Бир-бирин қучишар шамшод тераклар…
2006
Ял-ял ёнади ёқут
Олис дарёда кўриниб акси
Югурди сичқон
Ташланди қуш
Сичқон заминга тортди
Қуш фалакка
Қуш фалакка тортди
Сичқон заминга
Ҳуркитди шарпа
Челак кўтарган инсон
ўтиб кетди кўзи осмонда
Қайтишга умри етмас
2013
Фалакка ўрлаган мен тортган оҳдир,
Фалакнинг қаърида учганман, ишон.
Бу дунё шундайин томошагоҳдир,
Ҳолимга ачинма. Боқма паришон.
Разил сотқинликка нигоҳ улаган,
Жосус кўзларида мени сотишди.
Қонли қўлларида мени отишди.
Кўргил. Мен бургутман – кўкдан қулаган!
Оёғим боғлиқдир. Қанотим яра.
Йўқ. Мағрур турибман. Менда шан эсган.
О, тоғлар! О, шамол увлаган дара,
Учқур шамолларни қанотим кесган.
Ёвшанлар ястанган адирлар, қирлар,
Эгнимга суртганим Турон тупроғи.
Анов оғочларда гуллайди сирлар,
Анов арчазорлар илонлар боғи.
Мени йиқитмаган чаёнлар заҳри,
Алар-ку учмаклик бахтидан йироқ…
Теграмни ўраган тўр билан… Бироқ,
Парвозимга тордир ҳайвонот шаҳри.
Ҳаво бер! Озодлик истайди юрак.
Тикилсам – титроқлар қушлар тўшида.
Осмонга термилма, ожиз лойхўрак,
Тирноқларим изи ой оғушида.
Чўқилаб билганман юлдузлар таъмин,
Парвозим хатимдир. Ўтилдим якка.
Бошимда булутлар, пойимда замин,
Шоҳ эдим… Шоҳ эдим чексиз фалакка!
Менга тикилманглар! Бўлди. Кетинглар.
Эгилган бошларинг дардга тўлдиргай.
Озод ҳаво керак! Озод этинглар,
Темир панжаралар тирик ўлдиргай.
Довуллар ичида қадим тупроққа
Тўшалган паримни, айтгин, ким тиклар?
Дарахтдан узилди… Қара япроққа!..
Ўлимлар хунукдир, эй, ўлимтиклар!
Камалакни тортиб гирён чарх урсам,
Бошин ерга олган йўлбарслар, шерлар.
Қанийди яна бир… Бир бора кўрсам…
Турон далалари… Бепоён ерлар!..
Қуёшнинг тиғига умрим тақалар,
Кўзимга яшириб эркнинг хунини.
Ғижинаман. Сайрар ҳатто бақалар,
Эгаллаб баҳорнинг яшил тўнини.
Ёвлар-ла курашган чангалим омон,
Садақа ютмайман. Ҳаром луқмалар.
Осмон қоқ ёрилсин. Ўзим бир томон,
Бир томон майналар – юзсиз лақмалар.
Қўнғизми насибам? Тўзгинман, эй, сор!
Сайёдим деб кимлар илкин тутмакда.
Зор қақшаб очиққан полапоним бор,
Чўққилар бошида мени кутмакда.
Шафақ ёғдусида умрим елади,
Елкалаб учсам мен Турон шонини.
Ютиниб, ютоқиб ичгим келади,
Қўрқоқ қуёнларнинг қайноқ қонини.
Сира кўникмадим бўғиқ нафасга,
Кишанлар синмасми кўклам фаслида.
Қанотим қайрилган темир қафасда…
Қушман – озод учган қушлар наслидан!
Мени улғайтирган бўронлар саси,
Бу ерда кимларга бўлгайман ўрнак:
Сасиқпопишагу зағизғон, ўрдак,
Қарғалар, ҳаккалар яна қанчаси…
Нимжон капалакдек жони борида,
Ғўнғиллаб турибди митти куяқуш.
Мен ҳам борми дея қуш қаторида,
Лўккиллаб юрибди ҳануз туяқуш.
О, кўршапалаклар – гала шабкўрлар,
Довруғ деб ечинган… Яланғоч хасдир.
Менинг қавмим эмас ўлаксахўрлар,
Қизилиштон эви эвим эмасдир.
О, танноз хонимлар – кибор оққушлар,
Қўйинг кир чивинлар бижғиган кўлни.
Дунёга сиғмаган ўжар кўнгилни,
Ёмғирлар, дарёлар, денгизлар хушлар.
Қафасга урилган тумшуғим чега,
Ўз қалбингни ўзинг чўқишга шайсан…
Қулоғинг диккайган, эй бойқуш, нега
Вайрона бошига чиқмак истайсан?!.
Мен ҳуркиб пир этсам… Ордан ўлардим…
Агарким, кўксимга тегмаганда ўқ,
Телба деб кулмаса читтакми, чумчуқ,
“Қафасни кўтариб учган бўлардим.”
Афсус. Сайролмайман булбулдек шодон.
Бўғзимда аламдир. Кўзларга кўчган.
Бир соям тушсаки… Кўргил, эй, нодон,
Жамики қушларнинг овози ўчган!..
Ичикдим. Олисда қолди ошёним.
Соғиндим қоялар тутган ватанни.
Шоним яшар. Майли, тўкилсин қоним.
Қанотимда элтай юртимга танни…
Яшамак унвонин ўлим этар ҳал,
Мен киприк қоқмайман. Кўргил кўзимни.
Қоялар кўксига урай ўзимни,
Мен учиб жон берай… Ўлимим гўзал!
3.08.2013.
Куйингда куй бўлдим ошиқ мисоли,
Сохта ҳашамлардан юмилди кўзим.
Ҳайратларга кўмди исминг висоли,
Тилингдан туғилди ҳар битта сўзим.
Тиз чўксам тиз чўкиб ерга босдим лаб,
Потила сочимдан тупроқ тўкилди.
Яшадим: юракни маҳкам чангаллаб…
Айтгин! Сенга кимлар ёлғон букилди?..
Яғринимда ёнса қуёшинг акси,
Бошингда ўзимни подшодек сездим.
Қароғимга чўкди булутлар рақси,
Оғушингда ёниб шамолдек кездим.
Қайда товонимдан тўкилган излар,
Қадрдон манзиллар – менинг ерларим.
Сенинг қизларинг-ку мен севган қизлар,
Ватан – сен ҳақда-ку барча шеърларим!..
Сендан яралганман. Сенга доирман.
Агарким, ўлдирса ўлдирар фироқ.
Эҳтимол, ўзимча катта шоирман,
Афсус, йўргагингда гўдакман, бироқ.
Олис хотиралар гарчи нолалик…
Сойларда чўпчиган балиқлар қайроқ,
Толбаргакларингдан кўтариб байроқ,
Яшил қирларингда ўйнар болалик.
Райҳонли ҳовлилар салқин ва соя.
Аямнинг рўмоли. Тандирнинг тафти.
Қучоқ-қучоқ қилиб боғланган поя.
Дадамнинг кетмонда қаварган кафти…
Осмонга ўрлайди ўчоқ тутуни,
Мовий осмонингга термиламан жим.
Тузалиб кетарман дея бир куни,
Ватан – деразадан термулган синглим!
Сўнгсиз қорли кечалар. Қишнинг палласи…
Жанггоҳлардан ғолиб ботирлар қайтди.
Бешикда янграган момом алласи,
Алпомишдан гўзал достонлар айтди…
Ўтаётган умрим бир лаҳзалик туш.
Тушларим яшайди. Мен-ку саробман.
Меҳрингдан маст бўлдим. Бўйингдан сархуш.
Симирсанг… Арзирли майман, шаробман!
Темурбек яратган энг гўзал боғлар…
Ўсган майсаларнинг куйган ранглари.
Ҳасратларингни жим кўтарган тоғлар.
Шонли озодликнинг қонли жанглари…
Майли, ҳисларимни ошкор этмасман,
Сени севиб минг бор тирилдим, ўлдим.
Энди ўлар бўлсам увол кетмасман,
Ватан, тирикликда мен сенга тўлдим!..
4.01.2012
Тилим. Туркий тилим – оқаётган шаън.
Кенг дала. Пахса уй. Милтиллайди шам…
О, элим! Кўзгуда ўзин кўрмасдан,
Кўзимга кўзгулар тутди-ку ҳар дам.
Ҳисларим обида – харобазорда –
Гўнгқарға уяси. Тилла сувли тахт.
Тобакай юрагим қондир таҳ-батаҳ
Ойни савдо этган қорабозорда.
Сўнгакларим қақшар. Сўнги ғалаён –
Муқанна қонида. Сарҳадсиз фалак…
Шоирлар сотилган. Бари чалажон
Булутлар пойида… Изғидим ҳалак…
Ўзимни қилдим фош. Ўздан жудоман.
Япроқлар саргашта. Шамол елкадош.
Сасим Худодандир. Жоним Худодан,
Нурли юлдузчалар отилмаган тош…
Ичим куйиб кетган Сўзнинг тафтида,
Оловлар тугаган. Титаяпман кул.
Ҳув тоғлар ортида – Сурхон кафтида,
Қорайиб кетгандир, билмам, Деҳқонқул…
Эслолмадим. Ким бор ундан ташқари,
Э, воҳ! Тушунмайсан барибир, нетай…
Ҳиндикушда қолди Бобур лашкари,
Жонингни бериб тур. Мен жангга кетай!
Ватан деб босилса – қадамлар шахтли,
Йиғлама. Тупроқда қолади излар…
Она! Кўряпсанми?! Нақадар бахтли –
Кўзгуга термулиб яшаган қизлар!
2012
Келди қай бир худонинг қаҳри,
Халқ қашшоқдир. Очлик авжида.
Филлар забун. Йўқ илон заҳри,
Шукуҳ йўқдир Ганга мавжида.
Донишмандга югурди подшоҳ,
Мадад сўраб элнинг корига.
Кириб борди тортганича оҳ,
Ҳимолайнинг олис ғорига.
Донишманд дер кериб қошини,
Вазир боши кесилсин. Тағин
Ерга кўминг вазир бошини,
Ичга солиб хурмо данагин.
Дарахт кўклар – япроқлари хат,
Озиқланар бутун жони бор.
Қайтаради ўша кун, албат,
Еганларин ўшал ҳийлакор.
Бечора шоҳ қолди ўйланиб,
Чин бўлмаса не бўлар сўзи?!
Саволларни оларди таниб,
Донишманднинг чақнаган кўзи.
Донишманд дер: “Учратдинг кимни?..
Илло, сўзим бермаса фойда,
Кесиб кўминг менинг бошимни,
Вазир боши кўмилган жойга”.
Донишмандлар сирли очунда,
Хоҳ ғордадир, осмондадир хоҳ…
Ой кўринмас қоп-қора тунда,
Барчасини бажарди подшоҳ.
Донишмандлар олдида, нетонг,
Дунё ожиз. Ожиз тожу тахт.
Илоҳалар юборганда тонг,
Водариғо, кўклади дарахт!
Ва ёмғирлар юмшатди тагин.
Меваларин тинимсиз тўшар.
Эслатади калла суягин,
Ва мағизи мияга ўхшар.
Гўзал дарахт тарқаб кетди тез,
Халқи тўқдир. Маймунлар шодон.
Мен экдим деб ейди тинимсиз,
Ҳали-ҳануз подшоҳчи, нодон!
Ўттиз ёшга ёшарди подшоҳ,
Аёлининг сочи қорайди.
Югуради етмиш ёшда гоҳ,
Ҳарамига тезроқ борай деб.
Мана, дарахт кўклаб турибди.
Оёқ-яланг кечиб қорларда
Халқни ўйлаб яшаб юрибди,
Донишмандлар ҳануз ғорларда.
Донишмандлар ўтар яланғоч.
Норжил ичиб қорни тўйгайдир.
Ҳиндлар эса қолганида оч,
Вазирларин эслаб қўйгайдир.
2013
Мозийга қайтаман – дардлар давосиз:
Тўмарис уйғонгил. Алпомишим қайт!
Хўрланган. Топталган. Озод ҳавосиз
Элим менинг… Бағрим. Нима қилай, айт?!.
Бўйнингдан боғлади. Сиртмоққа тортди,
Кўзингни боғлади. Боғичлар қизил.
Ортса сенинг ғамларинг ортди,
Тарих кўзгуларин синдирди чил-чил.
Ёввойи хилқатга қилмагил ҳавас,
Харсанглар дўппайган. Шу ҳам шонмидир?..
Ёлғон ҳашамларга сиғинмагил, бас,
Басирам. Мил тортган ул Комронмидир?!.
Кўзим илғай олар олам рангини,
Капалаклар учар. Шамол қувайми?..
Ёхуд қайноқ қоним билан ювайми,
Қадим шамширларнинг босган зангини.
Тупроқ кўчаларда кулчалар ётган,
Қўллари қадоғим. Пешонаси шўр.
Порахўр. Ватанхўр хоинларни кўр,
Нафс ботқоғига ўзини отган…
Бошоқдек сочилдинг. Сен ризқ куйида,
Боболар мозорин босиб борар чим.
Кибор тождорларнинг чиркин ўйида,
Азалдан қорасан. Қорасан, халқим!
Магадан қўйнида Усмон қорадир!..
Эркаклар қасоскор!.. Аёллар додлик!..
Юрагимни тиғда кесиб борадир,
Шонли курашларда қолган Озодлик!
О, шаккаргуфторлар! Булбулигўё!
Мозийга қайтаман. Давосиз дардлар.
Қайта тирилгандек туюлар гўё
Жон пинжида халқин сотган номардлар!..
Чўкиб бораяпман. Кўзларим ичкин.
Она! Халқим менинг!.. Қаддингни кўтар!
Озод ҳаволардан нафаслар ичгин,
Озод ҳаволардан булутлар ўтар!
Қарғалар қағиллар. Изламасман шаън,
Бўғзимга тиқилган бўздирсан, халқим!
Эрка шоирингман – дардингга дардманд,
Ҳали айтилмаган сўздирсан, халқим!
Йиғлама. Ҳиротдан боқма паришон.
Жон тутдим. Сўз тутдим. Каминг тўлмайди…
Ёвга нишон, сенга қалқонман, ишон!
Ахир мен ўламан… Сўзлар ўлмайди!
26.05. 2013.
О проекте
О подписке
Другие проекты