Читать книгу «ВАТАН МАНГУ МАКОН» онлайн полностью📖 — РАВШАНОВ ПОЁН — MyBook.
image
cover

П О ЁН Р А В Ш А Н О В

В А Т А Н М А Н Г У М А К О Н

П О Ё Н Р А В Ш А Н О В

В А Т А Н М А Н Г У М А К О Н

Д Е В О Н

2020 йил

Назмиёт соҳир санъат, нафосат ва фасоҳат ташувчисидир. Қалбий кечинмалар тараннуми бадиий малоҳати ҳаётга, гўзалликка, маънавий камолотга ошуфта этади. Ғазал кўнгилларнинг тилмочи, у бахшида этадиган руҳий завқнинг қиммати беқиёс. Мумтоз адабиётимизнинг дурдона арконларидан бўлган лирик жанрлар инсоний кечинмаларни мухтасар тарзда, аммо, теран ифода этишга қодир. Ғазаллар, рубоий тўртликларнинг ҳаётийлиги, кўнгиллар мулки эканлиги бадиий талқинда аксини топади.

“Ватан мангу макон” девони мундарижасидан жой олган лирик жанрлар соддалиги, тарҳи тозалиги, ҳикматосорлиги, бадиий жилоси, мавзу рангбо-ранглиги билан ўзига хос малоҳат касб этган.

ТАҚРИЗЧИЛАР: НАФАСХОН ШОДМОНОВ,

филология фанлари доктори.

       РАЪНО САЙДУЛЛАЕВА,

Қарши Давлат университети ўқитувчиси.

      НАЗМИЙ БЎСТОНДА

Кўнгилга тўкканим бу гапларни жуда олдинлар айтишим вожиб эди. Сабаби, Поён Равшанов билан 1964 йилнинг қишида, Қарши шаҳрида, педагогика институтимизнинг ўзбек тили ва адабиёти кафедрасида биринчи танишган, битта ҳужрада бирга яшаган, қадрдонлашган мен бўлган эдим. Унинг мумтоз адабиётни чуқур билишини, ғазалларни жуда ёқтиришини фақат дарслари воситасида эмас, ўзаро суҳбатларда, баҳслар мисолида яхши билардим. Ўзи ҳам ихчам шеърларни бадиҳа тарзида тўқишга, ўрнига тушириб айтишга моҳир эди. Бундан ярим аср муқаддам тўқиган ана шундай тўртликлари, шеърлари ҳали-ҳозирга қадар давраларда эслаб юрилади. Шундай бўлса-да, Поён Равшановнинг бирга ишлаганимизнинг 15-20 йилларида шеърий китоблар чиқаришга қунт қилганлигини эсламайман. Газеталарда, ҳар ҳолда, шеърлари босилиб турарди. Бу йилларда у ижодга эмас, илм-фанга астойдил берилган бирин-кетин китоблар нашр эттирган эди.

Иттифоқо, унинг “Малика Кенагас ойим ёхуд амир Насруллонинг ўлими” /2000/ деган қиссаси Тошкентда, “Шарқ” нашриётида чоп этилди. Шу ажойиб асарнинг иловасида Поён Равшановнинг шеърларидан ҳам намуналар берилди. Қиссага “Илм ва ижод мартабаси” деган салмоқли сўзбоши ёзган атоқли шоир Абдулла Орипов бир жиҳатга аҳамият бериб, жуда ўринли шундай деган эди:

“Поён Равшановнинг насридан-ку хабарим бор эди-я, аммо шу яқин-орада шеърларига кўзим тушмаганди. Тўртликларини ўқидим ва қониқиш ҳосил қилдим. Ҳақиқий олимона, ҳикмат билан суғорилган сатрлар диққатни жалб этмай қолмайди. Тўртликлар ёхуд рубоийлар деймизми, булар узоқ вақт муаллифнинг ўз мулки бўлиб келган. Катта ҳаётий тажрибага, кенг қамровли билимга эга бўлган шоирнинг назмиёти пинҳон қолиб кетиши ҳам камтарликдан эмас. Назмий-фалсафий мушоҳадалар, шубҳасиз, ўз ўқувчиларини топмай қолмайди. Шу жиҳатдан, бу журъатни қутлаш жоиз, деб биламан”.

Қадрдоним, ҳамкасбимнинг “Авлоднома” деган мемуар асари /2017/ нашр этилгач, унинг адабиётга, хусусан, шеъриятга муҳиблиги ўрта мактабда, ўқувчилик йилларида бошланганини, шоирлик орзуси бўлганлигини билдим. Бундан ҳайрон қолмадим. Ўзи ошкор қилмаса ҳам, зуваласида бадииятга ошуфталик яққол кўзга ташланиб турарди.

Поён Равшанов 1991 йилдан ҳозирга қадар 10 та қисса, 4 та роман, 11 та шеърий тўплам-девонлар нашр эттирди. Унинг “Умид уммони”, “Карвон қўнғироғи”, “Нахшаб қиссаси”, “Қалб мулки”, “Темурбек ва амир Ҳусайн қиссаси”, “Сайқал”, “Ёниқ туйғулар”, “Яхшиликнома”, “Назмий минтақа”, “Садафмулк” ва “Садоқат манзили” тўпламлари Тошкентда, марказий нашриётларда босилди ва ўқувчилар қўлига етиб борди. Қиссалар, романлар ва девонлар сони 25 тадан ошади, деган яхши ниятим бор. Сабаби, шу яқинда Поён Равшанов ўн биринчи шеърий китобини – “Ватан мангу макон”ни нашрга тайёрлади.

Атоқли шоиримиз Абдулла Орипов вақтида таъкидлагани сингари, Поён Равшановда дунёқараш уфқи кенг, ҳаётий тажриба, маҳорат кўлами улкан. Унинг янги тўпламига киритилган исталган ғазални, мухаммас, тўртликларни олингда, танқидий таҳлил қилинг. Шунда мусаннифнинг бадиий заковати кўз ўнгингизда гавдаланади. Аминманки, сизда қониқиш пайдо бўлиб, навбатдаги варақларни очишга эҳтиёж сезасиз. Сабаби, шеърлар оддий, равон, бадиияти юксак, тили ширин. Ғазалларни мутолаа қилиб, уларда ўртага қўйилган мавзунинг юрагингизга яқинлигини, ўзингиз ҳам шу фикрда, шу тўхтамда, ҳатто, айтишга чоғланиб турганингизни ҳис қиласиз. Қандайдир романтизм нисбалари, баландпарвозлик ҳашамлари эмас, ҳаёт воқеа-ҳодисотларининг ҳаққоний бадиий тасвири чизгилари меҳр ва илиқлик уйғотади.

Шоир бир ўринда дейди:

Ё лоқайд, ё тиним билмайин яшаб,

Кимдан саҳро, кимдан гулзор қоларкан.

Лирик қаҳрамон иссиғ-совуғ кўрган, тажрибаси катта. Унинг ички кечинмалари талқинида замондошларимизнинг мужассамлашган фикр-ўйлари бўртиб туради. Муҳими, девон назмиётининг марказий мавзуси – яхшилик, юртга тинчлик, элга бахт-саодат, юртдошларга саодат туйғуси асос қилиб олинганидадир. Бу мавзулар бадиий мулоқоти ҳар куни зарур, улар эскирмайдиган, қадри тобора ошадиган ҳаётий ришталарни ўзида жамулжам этиши билан ажралиб туради.

Камол Очилов

адабиётшунос олим.

АЖРАЛМАС ҲАМРОҲИМ ПЕШОНА ТЕРИМ

      Ғ А З А Л Л А Р

Беғубор хилқат, эварам Миродил хотирасига

            бағишлайман.                  лайман.

      Муаллиф.

ҚАРОРИМ

Ҳаётда шошилиб, келган шу ерим,

Ажралмас ҳамроҳим пешона терим.

Узоқ йўл босибман, ўйласам бу кун,

Орқада қолдириб сўқмоқлар, бурим.

Энг оғир маррадан ўта олмадим,

Мен ортда, бақога йўл олди ёрим.

Тез ўтди навниҳол, мардона чоғлар,

Йўқотишлар бўлди-ҳасратим, зорим.

Қисматин яшайди бандаси, ахир,

Ҳамдларим, шукронам – қалбимда борим.

Фарзандлар бахтини тиладим Ҳақдин,

Набиралар сафда, қаторда норим.

Қўлимда тебраниб турибди қалам,

Тарихдан ёзмоқлик бўлди шиорим.

Душманим авжида, ёнида шайтон,

Тўғаноқ солади чалиб барорим.

Этагин тутганман сабру бардошинг,

Отамдай азиздир номуси орим.

Аллоҳга таваккул, тақдирдир, Поён,

Насибича яшаш, ижод – қарорим.

      Г У Л Ж А Б И Н

Сулув қизнинг қиёси гулжабиндур, гулжабин,

Хиром этса солланиб, ифтихор айлар замин.

Сарви қомат дилрабо шаҳримизда ягона,

Кўчасига тизилиб шайдолар бошлар азмин.

Гулгун сочи, ой юзи, зулфи тори чамани,

Савдо солур ошиқнинг бошига оғир, вазмин.

Назокат ҳам карашма, фасоҳатли шеваси,

Шоир аҳли лутфини ашъор қилурлар тазмин.

Лобар, хушрўй, оқила, одоб, ҳаё мусаллам,

Интилади билимга, китобдан топар мазмун.

Атрофида парвона муҳаббат саболари,

Номаларда муҳиблар битар юракнинг рамзин.

Поён Равшан ҳавасда гулжабин саботига,

Тилаб унга саодат, ёзди ҳайратда назмин.

      ОҚ ТОЛАЛАР

Сунбул сочларингда кўрдим оқ толалар,

Зил кетди юрак, қилдим маюс нолалар.

Кўз ўнгимда жонланди ўн саккиз ёшинг,

Товонга оқарди қора шалолалар.

Зулф қомандингга асир, нолон кўп эрди,

Тори беназиринга бўлиб волалар.

Саболар ошуфта, эсарди парвона,

Соч ёйсанг ифорга тўларди далалар.

Юрсанг қўш аждаринг ортда тўлғонарди,

Қўрқиб ваҳмдин кўздан оқарди жолалар.

Қирқ кокилинга боғланганди қирқ ошиқ,

Ол яноғингдин хижил эди лолалар.

Шоҳи, атлас безамишди сарви қандни,

Яхши ният, тумор таққанди холалар.

Оҳ, бу сочлар, пайкарларга орзу бўлган,

Бир бор тутмай, доғда қолдик бўз болалар.

Йиллар ўтди, бошда қиров, Ҳожи Поён,

Дер, қора сочдин йироқ бўлсин балолар.

СЎЗИНГГИЗ

Шириндир, шакардир,болу асал сўзинггиз,

Бахш этар жонимга жон филмасал сўзинггиз.

Муҳтарам, мўътабар, одоб ҳаёда лобар,

Фасоҳат сафида тортар ясол сўзинггиз.

Масиҳо нафаси тарсога инъом турур,

Тириклик меҳвари, малҳам мисол сўзинггиз.

Лаъли лаб каломин дерлар нақди дурафшон, Кўнгилни шоҳ айлар аҳли висол сўзинггиз.

Муҳташам шевада ибора ғоят равон,

Ҳикматдин иқтибос қилгай ўсол сўзинггиз.

Ўргансин нозанинлар лутф санъатин сиздан,

Чун, гўзаллар демиши ҳам гўзал, сўзинггиз.

Баҳра топур диллар яхши гапдин, эй, Поён.

Куйланмаган, наздимда, бир ғазал сўзинггиз.

ДУРАФШОНИМ

Қашқадарём, Кешу Насаф дурафшоним менинг, Ўзбекистон, Турон юртим шараф-шоним менинг.

Жайхун,Сайхун, яшил водий, баланд тоғлар, Пойканд сари тўлиб оқар Зарафшоним менинг.

Тошкент, Термиз,Қўқон Хива, Нукус ҳам Бухоро, Самарқанд, Фарғона Жиззах, Андижоним менинг.

Навоий, Наманган, Гулистон, Қарши жонажон, Муаззам шаҳарлар эрур тани жоним менинг.

Ифтихор айлагум ота юртим, она диёр,

Муқаддас тўкилган бунда киндик қоним менинг.

Кипригингга гард қўнмасин, яшна азиз Ватан,

Садқа бўлсин пойингга тоза виждоним менинг.

Оғушингда топди камол, фидо сенга Поён,

Нисор этгум равнақингга бор имконим менинг.

ИФТИХОР

Додлама, додлама, дод саси галди

Қаршининг чўлидан ёр саси галди.

Қўшиқдан

Яйради бу кўнгил, дилафкор келди,

Манзилим чиройи мафтункор келди.

Қад керган бинолар кўзнинг қувончи.

Уйғонган боғларга кўрк, виқор келди,

Минг – минглаб кентлари, ривожда воҳа,

Қарши ҳам Шаҳрисабз ифтиҳор келди.

Қишлоқлар ободдир йўлимиз равон,

Ризқи насибада чун барор келди.

Муҳташам бинолар, тўйхона гавжум ,

Висол оқшомига суманбар келди.

Улуғланг юксалган Қашқадарёни,

Меҳнатда зафари, хушхабар келди.

Севди азиз юртин Ҳожи Поён Равшан,

Мадҳин айтиб толмас, жон нисор келди.

НИГОҲ

Жон олур ибо билан боқғувчи хумор нигоҳ,

Кор қилмас дилхастага таққани тумор нигоҳ.

Солмайин назарини куйдирди ўшал сулув ,

Ёзганим номаларга етмагай шумор, нигоҳ.

Шайдолик шулми эрур, Мажнун сўрди аҳволим,

Кўп экан ишқ йўлида бўлмишлар бемор, нигоҳ.

Солланиб ўтар ёндан, хиромдан хижил товус,

Томоша айлар қуёш, тун илҳақ қамар, нигоҳ.

Қадди басти сарв озод, эгнида яшил кабо,

Таманно қилдим висол, йўқ асло самар, нигоҳ.

Дедимки фидойингман, Қаршида танҳо ошиқ,

Лаб тишлаб, нозланиб, жавобдан кўз юмар, нигоҳ.

Инсофга келур охир, умидим, Поён Равшан,

Ғамза ҳам озорига садқаман, севар, нигоҳ.

ГУЛЛАРИНГ

Яшнаб турибди ҳамон ундирганинг гулларинг,

Ғунча боғлаб ўсмоққа кўндирганинг гулларинг.

Кўзни олар муғжалар шода -шода тизилиб,

Сада райҳон бўйини дўндирганинг гулларинг.

Гулқайчи олиб қўлга, ораста айлаб сафни,

Барг остидан тиконни синдирганинг гулларинг.

Субҳидамда саралаб, келтириб даста- даста

Нафосатга ҳайратни индирганинг гулларинг.

Гулзор ичра оразинг гулни ҳижил этадур,

Мендек шайдо боғбонни ёндирганинг гулларинг.

Чирой берган гўшага сўлмас ўшал чаманинг,

Хушбўйидан оламни тўлдирганинг гулларинг.

Поён Равшан мафтуни, сенсан раъно, Садафим.

Ёнда бўлиб ҳамиша тиндирганинг гулларинг.

МОҲИТОБ

Моҳитоб, сени кўриб, қарор йўқ турарда ҳам,

Бемажол қотдим бу кун, ҳолим йўқ юрарда ҳам.

Чиройинг сеҳри надур, салобати лол айлар,

Шунчамасди шоҳ Темур Оқсарой қурарда ҳам,

Кеш гўзали таърифий, мозийлар берур дарак,

Сабза шаҳр санами бор “Саббаи сайёр”да ҳам.

Васлинга толибдурман караминг аямагил,

Иноят кил, дилбарим, фидойинг севарда ҳам.

Барча чирой жам бўлиб, мумтозлик бахш этибдур,

Чун Поён адашмас кимга кўнгил қўярда ҳам.

НИМА ҚИЛДИНГ

Эй қадрдон, ҳаётингда арзир нима килдинг,

Кеча, бугун, ёинки, ҳозир нима қилдинг?

Ортда колди йиллар, илдам ўтмоқда кунлар ,

Мусанниф тарих айлаб ёзур, нима қилдинг?

Яхшилик килдинг кимга қачон, қайда, қандай,

Кўрдими ночор нафдин хузур, нима қилдинг?

Кишиким бўлса сахий, тўғри, адолатли,

Ниятин элу улус сезур, нима қилдинг?

Хасадга асир каслар, охир, топгай завол,

Ёмонлар тўғри йўлдин озур, нима қилдинг?

Сарҳисоб айла умринг, кеч эмасдур савоб,

Сидқидил тавба эрур маъзур, нима қилдинг?

Явмул жазо муқаррардур, эй Ҳожи Поён,

Ўйлаб кўрсам, қилмишлар эзур, нима қилдинг?!

Ф И Д О Л А Р

Табиатдин топгунг танга даволар ,

Дардга малҳам тоза оби ҳаволар .

Шикаста кўнгилга етгазгай ором,

Субҳидам таралган дилбар наволар.

Мусоҳиб топгилки суҳбати жонон,

Ўзаро эҳтиром бўлсин раволар.

Гулларни дастала хушбўйли, ифор,

Очгил деразангни кирсин саболар.

Қутилгил ўйлардан, назаринг тозарт,

Қолиб кетсин ортда маҳзун нидолар.

Яхшилик қилғилу яхшилик кутгил,

Дилингни яйратар мамнун садолар.

Ёмонлик қилганга ёмонлик етар,

Қилмиш қайтиб тезда қилғай адолар.

Камолга кафилдир атворинг, Поён,

Тўғри йўл тутади жонга фидолар.

ХУШ ДАМ

Яхши одам суҳбати хуш дамдир, хуш дам,

Сомиъ бўлиб эшитсанг гар, шунчалар кам.

Нозу неъмат, ризқ – рўзи покиза, ҳалол,

Пазанданинг таоми хуш таъмдир, хуш таъм.

Давра тузгил, анжуман,ўрласин ҳайрат,

Беназирдир рағбати дўстлар бўлса жам.

Ҳасадгўйлар бебаҳра ҳаёт завқидан,

Атрофида изғийди сарсар издиҳом.

Оламга боқ, уфқининг охири йўқдир,

Кенглик қалбга бағишлар ғурур ва илҳом.

Дўст- ёронга боғлагил кўнгил ройини,

Улоқтиргил аразу киналарни ҳам.

Ҳикмат изла, тинчима, эй Ҳожи Поён,

Шод юрмоқлик қайда-ю, қайда ғурбат, ғам.

КУНЛАР

Яхшими, ёмонми, ўтяпти кунлар,

Маюслар кўп бунда, бордир мамнунлар.

Дунё бу, ҳам ўжар, ҳам сокин уммон,

Синоат,мубҳамдир, хаттоки, тунлар.

Сукунат ўрлайди, босилмас шовқин,

Жимжитлик қаърида, ўчмайди унлар.

Кундузлар қисматнинг бозори қайнар,

Кечани эгаллар арвоҳлар, жинлар.

Бойликка букканлар бойисам, дейди,

Бир пулга илинжда қомати нунлар.

Нодон айшда шодон, кулфатда дона,

Унутилиб борар Фарҳод, Мажнунлар.

Кунлар қариб борар, эй Ҳожи Поён,

Пешонага тушган қатор ажинлар.

ЕТИЛИБСАН

Тасанно, эй нозанин, бебаҳо етилибсан,

Ҳусн малоҳатингга йўқ интиҳо, етилибсан.

Ҳайрат қиларди Юсуф зебо ул жамолингга,

Рашкда ёнарди куйиб Зулайҳо, етилибсан.

Юзингда нур жилваси, хира тортади офтоб,

Сунбул сочинг давлатинг, дилрабо етилибсан.

Муяссар бўлмиш камол, эрур Қарши маконинг,

Кўрсин оразинг Зуҳра , малиҳо, етилибсан.

Қадди – бастинг санубар, таърифида тиллар лол,

Ақлу хушу ҳаёда солиҳа, етилибсан.

Кўрган барча ошуфта , ром айлайди чиройинг,

Шоир тўқир шошилиб бадиҳа, етилибсан.

Сен каби хушрўяни кўрмади Поён Равшан,

Васлинг зорини солма андуҳа, етилибсан.

ФИДОЛАРДАН

Оромим топаман тонгги наволардан,

Муждалар кутаман субҳу саболардан.

Булбулга ҳавасим тотли нафасидан,

Назокат сайқали ул дилраболардан.

Гулзорга боқаман , яшнар турфа чаман.

Ҳайрат- ғунча кийган яшил қаболардан.

Мушавваш ҳаёлим эсар сарин еллар,

Масрурлик етадур савту садолардан.

Таманно лочиндек учади чарх уриб,

Кўнгил мастонадур майу бодалардан.

Эзгин- эзгин , хазин келар қўшиқ саси,

Дунё безор бўлди ошиқ адолардан.

Висоли бор экан, ажабдур айрилиқ,

Олам кўнгли ярим ёрдан жудолардан.

Ҳожи Поён, бу кун армон, на этурсан,

Эрсанг ҳамки умринг бўйи фидолардан.

ТАСАДДУҚ

Азизам, мунисам, жоним фидо, тасаддуқ,

Ҳижронинг ғамида бўлдим адо, тасаддуқ.

Топмадим тасалли ўқиб неча қиссалар,

Сабил қолди васли висол, ваъда, тасаддуқ.

Парисан, пайкарсан, мен содда ошиқ, гулим,

Айладинг бир зумда ўздан жудо, тасаддуқ.

Телбараб Мажнунваш ахтардим изинг нетай,

Бермадинг фарёдима бирор садо, тасаддуқ.

Тахайюл қадаҳи қўлда, эрурман сархуш,

Майсиз майхонада дерман Худо, тасаддуқ.

Бу риндми ё дарвеш, кўрганлар зикрим қилур,

Ишқинг мазҳабида борман гадо тасаддуқ.

Умримда сен ила кечди бахтли онларим,

То тирик Поён, Садафим, фидо, тасаддуқ.

ҚАРШИ ГЎЗАЛИ

О, Қарши гўзали, шаҳрим гўзали,

Сен ҳақингда хаёл сурмоқ мазали.

Қалдирғочнинг қанотидек қошларинг,

Пайкон отур киприкларинг жазоли.

Ноз- истиғнонг куйдирадур қалбимни,

Санамларга шулдир тақдир азали.

Парвойинг йўқ йўлингдаги мен зорга,

Аксга олиб, ағёр бўлди ризоли.

Ошиқлардан қолган ҳикмат рост турур,

Эрмиш чирой садоқатла низоли.

Васлинг умидида ўртаниб, ёниб,

Майхона масканим шароб-бўзали.

Нозанин париваш, инсоф йўлин тут,

Лутфинга бахшида Поён ғазали.

КЎНГИЛ

Кўнгил иши муаммо, ечолмадим,

Гарчи оғир жумбоғи, кечолмадим.

Истаги недур, билмам, тунлар бедор,

Лек сулув ҳақида сўз очолмадим.

Ўртанар, армони кўп, дарди ичда,

Бўшдир бағрим, севгини қучолмадим.

Чокари эрурман вожибдир амри ,

Рағбатидан хижилда куч олмадим.

Бошлади тахайюлга, кездим, кўрдим,

Юрди гулшан саҳнида, ҳеч қолмадим.

Узатди гул дасталаб ул чамандин,

Моҳитоб юрган йўлга, оҳ, сочолмадим.

Поён Равшан чиқмас қалби ройидан,

Сабаб шулким, тақдирдан қочолмадим.

ҚАНОТ

Қайрилмасин шунқор, қарчиғайнинг қаноти,

Илкис суринмасин ботирнинг минган оти.

Асил йигит танти бўлар, қайтмас лафзидан,

Ҳар ишида аён жўмардликнинг исботи.

Одам борки, бордир ҳасад, бордир яхшилик.

Ният олға бошлар гарчи кўпдир захмати.

Элинг улуғ, эл билан бўл, томиринг теран,

Фидоий фарзандга доим юртнинг заҳмати.

На этой странице вы можете прочитать онлайн книгу «ВАТАН МАНГУ МАКОН», автора РАВШАНОВ ПОЁН. Данная книга относится к жанру «Современная зарубежная литература». Произведение затрагивает такие темы, как «документы», «патриотизм». Книга «ВАТАН МАНГУ МАКОН» была издана в 2023 году. Приятного чтения!