Читать книгу «Афсун» онлайн полностью📖 — Наргиза Асадовы — MyBook.
cover


 



 


Шу тариқа суҳбатлашганча улар бозор майдонидан юриб ўтиб, қовоқхонага боришди. Атрофга қоронғилик чўкмоқда эди. Қишнинг сокин об-ҳавоси ҳукм сурар, осмонни булут қоплаган, ҳаво нам, димоққа эриган қор ҳиди уриларди. Томлардан чак-чак этиб томчи томади, майдонни ифлос қор шилтаси ва похол қоплаган. Уйчалари чўкиб, тўкилиб тушгудек бўлиб ётган шаҳарча ҳам худди костёлдагидек бефайз, мунгли эди. Яккам-дуккам деразаларда чироқ милтиллайди, кундузги чопа-чоплар тинган, фақат қовоқхонада шарманканинг инграган овози, меҳмонларни чорлагани эшитилади. Қовоқхонада жон асари кўринмасди. Кампирлар қовоқхонага киришди, арақ ичишди. Куликова ва Марисяга ярим қадаҳдан манзират қилишди:

– Ма, ютиб ол. Энди етимчасан, энди бошингни силагувчи ҳеч киминг йўқ.

«Етимча» сўзи дугоналарга Каликстованинг ўлимини эслатиб юборди.

– Сизнинг соғлиғингиз учун, Куликова! Қолдирмай ичинг! – деди Капустинская. – Э-эй, қоқиндиқлар-а! Шундоқ оғзини очди-ю, жон берди-қўйди, осонгина кетди. Ксендз2 истиғфор айтгани келди, у бўлса аллақачон қотиб бўлибди.

Куликова унга жавобан деди:

– Мен анча олдин айтгандим-а, хириллаб нафас оляпти, деб. Тунов куни якшанбада олдимга келганди, ўшанда унга айтдим: «Ҳой Каликстова, бепарво бўлманг, Марисяни қўрғонга бериб юборсангизлар, яхши бўларди», деб. У эса: «Дунёда шундан бошқа ҳеч кимим йўқ, уни ҳеч кимга бермайман», деди. Шундай деяпти-да, кўзларидан дувиллаб ёш тўкиляпти, адойи тамом бўлгани шундоқ кўриниб турибди. Кейин идорага, аминнинг олдига борибди, қоғозларини тўғрилагани. Бу қоғозлар тўрт злотий ва олти грошга3 тушибди унга. «Қизим учун кетса-кетибди», дейди. Э-эй қоқиндиқлар! Ўшанда ўзи кўзларининг пахтаси чиқиб кетаётувди, ўлганидан кейин бутунлай юмилмай қолди. Уларни юммоқчи бўлиб роса уриндик, қани энди юмилса. Одамлар, ўлганида ҳам қизидан кўзини узолмади, дейишди.

– Келинглар, шунинг қайғусига бир стакандан ичайлик!

Шарманка ҳамон ғийқиллагани-ғийқиллаган эди. Кекса дугоналар ширакайф бўлиб қолишганди. Куликова нуқул шикоят оҳангида: «Шўрлик қизим, шўрлик қиз», – деб такрорларди. Капустинская эса ўзининг марҳум эрини эслаб кетди:

– Жон бериши қийин бўлди, эргинамнинг, хирр-хирр қилиб, хирр-хирр қилиб, хирр-хирр қилиб… – Битта гапни қайтарарди у сўзларни чўзиб-чўзиб, сўнг эса шу сўзларни беихтиёр шарманка оҳангига солиб айта кетди, салдан кейин икки қўлини белига қўйиб, қўшиқ қилиб куйлай бошлади:

 
Хирр-хирр қилиб, хирр-хирр қилиб,
Хирр-хирр қилиб ўлди бегим!
 

Бир вақт Капустинская ҳўнграб йиғлаб юборди, шарманкага олти грошни итқитди ва яна арақ ичди. Куликованинг ҳам кўнгли бузилиб кетди, аммо у қайғусини Марисяга тўкди:

– Онангни гўрга тиқишаётганда пан ксендз айтган гапларни эсингдан чиқарма, етимча: сени пиришта сақлайди… – Шу жойда у бирдан жимиб қолди ва атрофга ҳайратли қараб қўйиб, кутилмаганда қатъий оҳангда қўшиб қўйди:

– Пиришта дедимми, демак, пиришта!

Ҳеч ким уни масхара қилмади. Мўлтайган, нодон кўзчаларини пирпиратиб Марися ночор Куликовага тикди, кампир эса вайсаб кетди:

– Сен етимчасан, инс-жинслар сенга яқин йўламайди. Етимни пиришта сақлайди. Пиришта меҳрибон. Мана сенга ўн грош. Яёв бўлса ҳам Лешинецга бор, барибир адашиб қолмайсан: у сени олиб бориб қўяди.

Капустинская куйлай кетди:

 
Қанотлари остида асрагай абад,
Келтирма шак унинг меҳрига минбаъд.
 

– Жим! – қичқирди Куликова ва яна Марисяга юзланди: – Айт-чи, нодон қиз, ким сақлайди сени?

– Пиришта, – ингичка овозда жавоб берди қизалоқ.

– Етимчагинам, етти кулчагинам, мусичаи безаволгинам! Пиришта қанотлари билан сақлайди сени, – бутунлай кўнгли эриб кетиб, ғудранди Куликова ва кайфли, аммо самимий эҳтирос билан қизалоқни кўкрагига босди.

Қизалоқ йиғлаб юборди. Шу аснода унинг унча фаҳмли бўлмаган мияси ва мурғак кўнглида эҳтимол, қандайдир фаросат учқунлари йилтиллай бошлаганди.

Қовоқхона эгаси пештахта ортида донг қотиб ухларди, шамлар эса эрийвериб, замбуруғларга ўхшаб қолган, шарманкачи чалишдан тўхтаган, кўз олдида рўй берган манзарага маҳлиё бўлиб қолганди.

Қовоқхонага жимлик чўкди, аммо шу пайт эшик ортидан туёқларнинг лойга урилган овози чалинди ва кимдир:

– Дррр! – деди қичқириб.

Қўлида ёниқ фонус тутган Войтек Маргула кириб келди. У фонусни полга қўйиб, исиниб олиш учун қўллари билан чапак чала бошлади, кейин эса қовоқхона эгасига қараб қичқирди:

– Бир стакан қуй!

– Маргула, Худо хайрингни берсин, – деди Куликова, – қизчани Лешинецга олиб кет!

– Бир оғиз сўзингиз, хонимча, – жавоб берди Маргула ва хотинларга тикилиб қараб, сўз қотди: – Оббо, улфатчилик зўр бўлганга ўхшайди-ку, а?

– Мен боғдан келсам, сен тоғдан келасан, – уришиб берди уни Куликова.

– Қизчани сақлаб қол дедимми сенга, демак, сақлаб қол. Етим қолди у. Уни ким сақлашини биласанми ўзи, пайтавақулоқ?!

Бироқ Войтек жавоб беришни ўзига эп билмади: бу нарсалар уни қизиқтирмаслиги шундоқ ҳам маълум эди, унинг дарди хаёли бошқа ёқда, яъни бир стакан арақда эди.

– Сизларга… – деб гап бошлаган эди-ю, аммо гапини тугатолмади, чунки шу паллада арақни оғзига отиб улгурган эди, афти бужмайди, тупурди ва стаканни қўйиб, норози оҳангда деди: – Бу арақ эмас, сув-ку. Бошқа шишадан қуй-чи!

Қовоқхона эгаси бошқа шишадан қуйди. Войтек уни ҳам сипқорди ва афти баттар бужмайди:

– Ўткирроғидан топсанг-чи, барака топгур!

Маргула ҳам кампирларнинг ҳолига тушиши аниқ бўла бошлаганди. Бироқ шу ўринда бир нарсани эътибордан четда қолдирмаслик керак: худди шу кунларда Деришкурово боёни бир журнал учун «Заминдорнинг мусалласни насияга улгуржи сотиб олиш ҳуқуқи – ижтимоий тузум негизи» деган мавзуда муфассал ва мукаммал рисола ёзмоқда эди. Шундай қилиб, ўзи билмаган ҳолда Войтек ижтимоий устқурмаларнинг мустаҳкамланишига ҳамкорлик қилмоқда эди, боз устига, бу майхона гарчи шаҳарда яшаса-да, боёнга қарар эди.

Қаторасига беш марта ўз ҳиссасини қўшиб, Войтек ўз-ўзидан равшанки, пилиги ўчиб қолган фонусни унутди, аммо Марисяни унутмади. Уйқусираган қизалоқни қўлидан ушлаб, у деди:

– Қани, чиллашир, кетдик!

Кампирлар бурчакда пинакка кетган бўлиб, ҳеч ким Марися билан хайрлашмади. Начора, дунёнинг ишлари шунақа экан-да: она Деришкуроводаги қабристонда ётиб қолаверди, қизи эса қайдасан Лешинец, деб жўнаворди.

Улар ташқарига чиқиб, чанага жойлашишди; Маргула: «Чў-ў!» – деб қичқирди ва отлар қўзғалди. Аввалига чананинг кўча лойларида юриши қийин бўлди, бироқ кўп ўтмаёқ отлар уларни кенг ва оппоқ далаларга олиб чиқди. Чана қордан енгил сирпаниб борар, сирғалган чана оёқларидан эшитилар-эшитилмас ғичирлаган овоз қулоққа чалинарди. Фақат ўқтин-ўқтин от пишқириб қўяр ҳамда аллақаер олисларда ит ҳурар эди.

Улар шу тахлит анча йўл босишди. Войтек минғиллаганча хиргойи қилар эди: «Не ваъда қилгандинг, ҳой, бекорхўжа…» Бироқ салдан кейин у жимиб қолди ва мудрай бошлади. Чана гоҳ ўнг, гоҳ сўл томонга чайқаларди. Войтек туш кўрди: гўё Лешинецда хатлар солинган сумкани йўқотиб қўйгани учун боплаб бўйнига туширишганмиш, уйқу аралаш у дам-бадам: «Сизларними, ҳали!..» деб ғудраниб қўярди. Марися ухламади, у совқотган эди. Кўзларини катта-катта очганча дам-бадам Маргуланинг қоп-қора гавдаси тўсиб қолаётган оппоқ далаларни томоша қиларди. Томоша қиларди-да, «Ойижоним ўлиб қолди», – деб ўйларди. Шунда унинг хаёлида кўзлари олайиб кетган онасининг оппоқ озғин чеҳраси намоён бўларди. У жонидан яхши кўрган ойижониси энди Лешинецда йўқлигини ва бошқа ҳеч қачон у ерда бўлмаслигини ғира-шира англай бошлаганди. Ахир, уни ерга қандай кўмишганини ўз кўзи билан кўрган эди. Булар барчасини эслаб, Марися қайғудан йиғлаб юборар ҳам эди, аммо унинг оёқлари музлаб кетганди ва у совқотганидан йиғлаб юборди. Нафсиламрини айтганда, ҳаво у қадар совуқ эмасди, аммо намгарчилик кучли эди – ўзи эрувгарчилик бошланганда доим шунақа бўлади.

Войтек, ҳеч бўлмаганда, қовоқхонада ўзи учун иссиқни яхшигина ғамлаб олганди. Деришкуроволик боён жуда топиб айтганди: «Қишда арақ иситади, у эркаклар ичимлиги бўлгани учун эса ягона овунчоқ, бинобарин, йирик заминдорларнинг бу эрмакни халқ ичига олиб кириш ҳуқуқидан батамом маҳрум қилиб, уларни ичкиликка таъсир кўрсатиш имконидан ҳам жудо этадилар». Бу гал Войтекнинг қовоқхонада шунақанги «бити тўкилди»ки, дунёни сув босса, тўпиғига чиқмайди.

Ўрмонга етгач, бу ернинг йўли бошқа жойлардагидан анча яхши бўлишига қарамай, отлар қоқилиб кетганида, кейин эса чанани йўл чеккасидаги ариққа ағдариб юборганида ҳам Войтекнинг парвосига келмади. Тўғри, у уйғонди, аммо нима бўлганини фаҳмлай олмади.

Марися уни турткилай бошлади:

– Амаки!

– Нимага чийиллайсан?

– Ағдарилиб кетдик.

Бироқ Войтек тўнғиллаб: «Стаканда арақ бор, дейсанми?» – деди-да, яна қаттиқ уйқуга кетди.

Ғужанак бўлиб олган қизалоқ чана ёнига келиб чўнқайди. Бироқ кўп ўтмай, унинг юзи бутунлай музлаб қолди ва у яна ухлаётган кишини турткилади:

– Амаки!

Жавоб бўлмади.

– Амаки, уйга боргим келяпти! – деди Марися ва бирпас туриб, қўшиб қўйди: – Амаки, мен яёв кетаман!

Шундай деди-да, қизалоқ йўлга тушди. Унга Лешинецгача жуда яқин қолгандек туйилганди. Йўл таниш эди, у ҳар якшанбада онаси билан костёлга шу йўлдан юриб борар эди. Лекин бугун у ёлғиз бормоқда эди. Эрувгарчилик бўлишига қарамай, ўрмонда қор қалин эди. Лекин тун сутдай ёруғ эди. Қор йилтиллар, сукунатда булутлар оқариб кўринарди, шу ёғдулар туфайли йўл худди кундуздагидек эди. Нигоҳини қоп-қоронғи ўрмон ичига қадаб, Марися узоқдаги дарахтларнинг ҳаракатсиз таналарини аниқ-тиниқ фарқлар, оппоқ қорда улар кўзга янада яққолроқ ташланарди. Ердан то дарахт учигача ёпишган қорларни ҳам кўрар эди. Ўрмонни қандайдир сирли осудалик чулғаб олганди, шу нарса қизалоққа далда бўлмоқда эди. Қалин муз қатлами боғлаган бутоқлардан томчилар томар, шох ва шохчаларга урилиб, оҳиста шитирлаганча майдаланиб кетарди. Бу заиф шитирлашни ҳисобга олмаса, ўрмон сув қуйгандек жимжит эди. Гунглик, овлоқлик, сукунат ва қор, чор-атроф қор.

Шамол тинган. Қор қўнган шохлар қилт этмайди. Ҳамма нарса қиш уйқуси қўйнида. Гўё ер юзига ёзилган оппоқ дастурхон, хомуш, қор сепилган ўрмон ва осмондаги оқиш булутлар – барча-барчаси бир яхлит ўлик оқликка қоришиб кетган. Эрувгарчиликда ўзи шунақа бўлади. Худди кичкинагина нуқтадай, мана шу гунг паҳлавонлар орасида ҳаракат қилаётган ягона тирик мавжудот Марися эди. Ёқимли, меҳрибон ўрмон! Томаётган мана бу сув эмас, балки етимча устига тўкилаётган кўз ёшларидир? Осмон баравар дарахтлар, аммо миттигина қизалоқни қандай авайлаяпти. Ғариб, заиф қизалоқ тунда ёп-ёлғиз қор қоплаган ўрмондан юриб бормоқда, ўзига ишонгани шунчаликки, ҳеч нарсани писанд қилмаяпти! Сутдай оппоқ тун гўё уни қўриқлаётгандай. Бунда қандайдир инсон ақли бовар қилмайдиган бир сеҳрли нарса бордирки, увоқдеккина ҳимоясиз хилқат бу қадар қудратли кучга инонаётир. Шундайин, бутун борлиқ ўзини Яратганнинг иродасига топширади. Қизалоқ узоқ юрди ва охири бутунлай ҳолдан тойди. Катта-катта оғир этиклари унинг юришига халақит бермоқда эди, этиклар дам сайин жажжи оёқчаларидан ечилиб кетмоқда эди. Бу қўпол этикларни қор орасидан суғуриб олишнинг ўзи бўладими. Бунинг устига, унинг қўллари ҳам банд: олдинга тик узатилган бирида у Куликова ҳадя қилган тангачани маҳкам қисиб ушлаб олганди. Қизалоқ уни қорга тушириб юборишдан қўрқаётганди. Баъзан қизалоқ овозини баралла қўйиб йиғлашга тушарди, аммо йиғлаганимни биров эшитиб қолмадимикан, дегандек ўша заҳоти жим бўларди. Бўлмаса-чи, унинг йиғлаганини ўрмон эшитиб турарди. Томчи қандайдир бир хил оҳангда ва шикоятомуз шилдирарди. Балки қизалоқнинг овозини яна кимдир эшитиб қолгандир? Марися юришини тобора секинлаштира бошлади. Тағин адашиб қолмадимикан у? Нега адашади? Йўл энди оқ тасмадай узоққа ингичкалашиб борар, қоп-қора дарахтларнинг икки девори оралиғида чувалиб ётарди. Қизалоқни уйқу боса бошлади.

У йўлдан четга чиқди-да, бир дарахт тагига бориб ўтирди. Кўзлари юмилиб кетмоқда эди. Шунда бир мўъжиза рўй берди, гўё ойижониси қабрдан чиқиб, оппоқ текисликдан унга томон югуриб келаётганмиш. Бироқ атрофда зоғ учмасди. Қизалоқ кимнингдир албатта келишидан умидвор эди. Ким келади? Фаришта. Ахир, кекса Куликова уни «пиришта» асрайди, деб айтмаганмиди? Марися ҳатто унинг қанақалигини биларди. Уларнинг уйида қанотлари бор ва қўлида гул тутган фаришта чизилган бир суврат бўлгувчи эди. Ўша, албатта, келади. Томчилар кучлироқ чакиллаб тома бошлади. Бу, ҳойнаҳой, фаришта қанотлари билан шохларга тегиб кетганидан бўлса керак. Жим! Кимдир бу ёққа келяпти, ғовак қор қандай шитирлагани эшитиляпти, қадамлар эҳтиёткорлик билан, аммо бетоқат яқинлашиб келарди. Марися ишонч билан уйқули кўзларини очади.

Бу нима? Кулранг, қулоқлари диккайган, понасимон бош қизалоққа тикилиб турарди. Қўрқинчли, жирканч бир махлуқнинг боши…

...
6