Қуриган, ҳиди йўқ, унутилган гул,
Китобни очаркан, кўриб қолдим мен.
А.ПУШКИН
Қабрга тупроқ тортиб бўлинди. Қорининг тиловати ҳам ниҳоясига етди. Ҳамма юзига фотиҳа тортди: Кимдир ҳозиргина тупроққа қўйилган марҳумнинг савол-жавоби осон бўлишини сўради, кимдир ўзининг ота-онасини эслаб, улар ҳақига дуо қилди, кимдир шунчаки юзига фотиҳа тортиб қўя қолди.
Хуллас, дафн тугаб, ҳамма тарқала бошлади. Кимлардир ўзаро пичирлашиб, баъзилар индамай ерга қараб ўйчан кетмоқда.
Жалил Ниёзович ҳам кўп қатори бир-бир босиб, жимгина борар, онда-сонда икки тарафдаги қабрларга назар ташлар, аммо қабртошлардаги ёзувларга аҳамият бермас, бутун хаёли ҳозиргина дафн этилган дўсти Акмалда эди: “Қандай бақувват, хушчақчақ одам эди-я… Қаердан йўлиқди бу бало унга. Ўзини жуда эҳтиёт қилиб юрарди-ку. Шу пандемия бошланибдики, уни ниқобсиз кўрмаганман. Ниқоб тақмаган ходимларига, ёри-биродарларига дакки бериб юрарди, раҳматли… Куни битса иложи йўқ экан-да… Аллоҳ раҳматига олсин… Бу коронавирус дегани қанча-қанча одамларнинг ёстиғини қуритди…”
Унинг олдида кетаётган икки кишининг суҳбати Жалил Ниёзовичнинг хаёлини бўлди. Улар йўлакнинг бир чеккасига ўтди-да, ўнг томондаги қора мармар қабртошга ишора қилиб, бири иккинчисига деди: “Азиза опаям шу ерга қўйилган экан-да”. Иккинчиси: “Қайси Азиза опа?” Биринчиси: “Жаҳон мусиқасидан дарс берадиган домламиз бор эди-ку, Азиза Эшонхўжаева. Ана, қаранг”. Улар қабр томонга юрди. Жалил Ниёзовичнинг эти жимирлаб кетди, баданига чумоли ўрмалагандай бўлди. “Наҳотки бу ўша Азиза бўлса?” Шу ўй-фикр хаёлини чақмоқдай кесиб ўтди. У ҳам беихтиёр тўхтади. Ҳалиги икки киши чўнқайиб ўтирди-да, тиловат қила бошлади. Жалил Ниёзович ҳам уларга қўшилди. “Аллоҳ раҳмат қилсин”, деди пичирлаб ва юзига фотиҳа тортди. Нотаниш кишилар “Сиз ҳам танирмидингиз?” дегандек Жалил Ниёзовичга юзланди. У “Ҳа, танирдим” деган маънода бош ирғади. Шу билан сўзсиз суҳбат тугади. Улар ўз йўлида давом этди. Жалил Ниёзович ҳам. Лекин унинг оёқлари ўзига бўйсунмас, негадир жуда оғирлашиб, бутун вужуди титраб, совуқ тер босгандай, мадорсиз бўлиб қолгандай эди. Қандайдир куч “Шошма, бироз тўхта”, дерди. Аммо ҳозир бунинг иложи йўқ, издиҳомдан ажралиб қолиш яхши эмас. Ўзини қўлга олиб, оқимга қўшилди. Қабристон дарвозасидан чиққач, кимдир автобусга, кимдир енгил машинага ўтирди. Жалил Ниёзович машинаси томон юрди.
– Гул магазинига ҳайда, – деди.
Ҳайдовчиси ажабланиб қаради.
– Фотиҳага бормаймизми?
– Кейин, – деди Жалил Ниёзович, – кейин борамиз.
Жалил Ниёзович Акмал ака билан қил ўтмас қадрдон эканидан ҳайдовчиси хабардор, аммо дафндан кейин марҳумнинг уйига бориб фотиҳа қилиш кераклигини хўжайин яхши билади-ку, нега ҳозир бундай қиляпти, деб ҳайрон қолди. Гулни эртага қўйсак ҳам бўлади-ку, демоқчи бўлди, аммо журъат этмади. Жалил Ниёзовичнинг ҳозирги ҳолати бунга изн бермасди.
– Қаерда гладиолус сотади? Ўша ерга ҳайда.
Хўжайиннинг бу гапи ҳайдовчини янада ҳайратга солди. “Қабрга қанақа гул қўйишнинг нима аҳамияти бор?”
Икки-уч гул дўконига кирди, не-не гуллар бор – кўзни қамаштиради: архидея, лилия, атиргулнинг минг бир хили. Жалил Ниёзовични бирортаси қизиқтирмади, фақат гладиолус сўради. Баъзи гулчилар ҳатто кулишди ҳам – ҳозир унақа гул йўқ, модадан қолган. Товба, гулнинг ҳам модаси бўладими? Ҳа, ҳамма нарса қатори замонга қараб гулларнинг ҳам урф бўлиши ўзгариб турар экан. Бир вақтлар гул сотувчилар борки, албатта, гладиолус бўларди – оқи, қизили, тўқ қизили, жигарранги, пуштиси, танлаб, саралаб олардингиз. Жалил Ниёзович ёшлигида бу гулни қадди-қомати расо қизларга ўхшатарди. Чунки гладиолус тик ўсади, ғунчалари ҳам ёнига эмас, юқорига қараб очилади.
Гладиолус топилмагани сари Жалил Ниёзович баттар тундлашиб, асаби қўзирди, наҳотки шундай катта шаҳарда шу гул топилмаса, деб жаҳли чиқарди. Йўқ, уруғи қуриган экан, топилмади.
– Энди нима қиламиз, хўжайин? – деди ҳайдовчи.
Жалил Ниёзович ўйчан бошини кўтарди:
– Бор, олиб чиқ.
– Қанақасидан?
– Барибир… Гладиолус бўлмаганидан кейин қанақа гул бўлишининг аҳамияти йўқ. Олиб чиқавер.
Бироздан кейин ҳайдовчи бир даста қип-қизил атиргул кўтариб чиқди.
– Бўладими?
Жалил Ниёзович ҳайдовчисининг саволига жавобан деди:
– Қабристонга ҳайда…
Жалил илмий-тадқиқот институтида ишларди. Бир куни хонасига ўттиз ёшлардаги жувон кириб келди. Ўрта бўйли, қадди-қомати келишган, барги карам нусхали атлас кўйлаги жуда ярашган. Хонага кириши билан қимматбаҳо атир бўйи йигитнинг димоғига урилди. “Фаранг атри, “Кристиан Диор”микан ё “Шанел”ми?”
– Кечирасиз, Жалил Ниёзов сизмисиз? – деди жувон.
– Ҳа, менман, – деди Жалил, – келинг, ўтиринг.
Жувон Жалилнинг ёнидаги стулга омонатгина ўтирди. Ял-ял ёниб турган кўйлагини ғижим бўлишидан эҳтиёт қиларди чамаси. Ёнига яқин келганидан сўнг хушбўй Жалилни ром қилди. Бирзум ўзини йўқотгандай сезди. “Инсон ҳам шу қадар гўзал, назокатли бўладими?” Жалилнинг кўз ўнгида тирик гладиолус тургандай эди.
– Бир илтимос билан келдим олдингизга.
– Бемалол.
– Сизни рус тилидан ўзбек тилига яхши таржима қилади, дейишди.
Жувон гапираяпти-ю, Жалилнинг қулоқлари остида майин мусиқа янграётгандай туюлди. У аёлга разм солди: чақнаб турган кўзлари қоп-қора, киприклари узун-узун, қоп-қора қошлари қалдирғочнинг икки қаноти каби. Соҳиби қудрат бу бандасини яратганда ҳеч нарсани аямагандай эди.
Жалил унинг гапларини эшитмас, бу малак олдида эс-ҳушини йўқотиб, карахт бўлиб қолган эди. Жувон буни сезди, аммо ажабланмади. Чамаси бундай ҳолат унинг учун янгилик эмас эди.
– Сиз музикани, айниқса, классик музикани яхши кўрар экансиз, деб эшитдим.
– Мусиқани ким яхши кўрмайди…
Аёл кулди. Унинг кулгиси бир чиройига ўн чирой қўшди. “Ё қудратингдан Парвардигор! Шунчалар ҳам гўзал қилиб яратасанми бандангни…”
– Яхши кўриш билан яхши кўришнинг фарқи бор, – деди жувон. – Кимдир шунчаки, вақт ўтказиш учун эшитади, кимдир юрак-юракдан туяди музикани.
– Таржимага бунинг нима алоқаси бор?
– Алоқаси бор, – деди жувон жилмайиб. – Ман консерваторияда ишлайман, отим Азиза. Жаҳон классик музикаси ҳақида китоб ёзган эдим. Шуни ўзбек тилига таржима қилиш керак. Сизни тавсия этишди. Музикани чин юракдан севадиган одам таржима қилса яхшироқ чиқади, деб ўйлайман… Тўғриси, бир-икки кишига учрадим, улар музикадан узоқ одамлар экан. Шунга…
Жалил унинг гапини бўлди:
– Мен ҳам мусиқашунос эмасман.
– Биламан, лекин музикашунос бўлиш шарт эмас. Кечирасизу, айрим музикашуносман, деб юрганлар бор, лекин музикани тушуниш у ёқда турсин, тинглашни ҳам билмайди.
Энди Жалил кулди, росмана кулди. Бу жувонни ажаблантирди, ҳатто бироз ранжигандай туюлди.
– Кўнглингизга олманг, – деди Жалил вазиятни юмшатиш учун. – Мен ҳам жуда сиз ўйлаганчалик мусиқани тушунмайман, фақат мусиқа, айниқса, ўзимизнинг мумтоз мусиқаларимиз ва жаҳон классик мусиқалари жиннисиман, холос. Айтайлик, мақомлар жон-дилим, Бетховен, Моцарт, Шостакович каби композиторлар асарларини севиб тинглайман. Мақомларимиз, мумтоз ашулаларимиз қатори Ботир Зокировни ҳам, Майкл Жексонни, Алла Пугачева, Анна Герман, Муслим Магомаевни ҳам жонқулоғим билан эшитаман.
Жувоннинг кўзлари чарақлаб кетди.
– Шунинг ўзи етарли, – деди ҳаяжон билан. – Музика жиннисиман, деган гапингизни ўзи кўп нарсани айтиб турипти… Сиз, айнан сиз кераксиз манга, китобимни сизга таржима қилдираман. – У гапирган сари ҳаяжони ошиб борар, гўё Жалил йўқ, таржима қилмайман, вақтим йўқ, дейишидан чўчигандай, уни қўлдан чиқармасликка ҳаракат қилаётгандай туюларди. – Меҳнат ҳақингизни бераман, қанча десангиз бераман, фақат йўқ деманг, илтимос…
Жалил унинг гапларини тинглар экан, ҳақиқий мусиқа жинниси шу экан-ку, деб ўйлади. У кириб келганида, консерваторияда ишлашини билганида, айниқса, ундан қимматбаҳо фаранг атри ифори таралиб, ақлу ҳушини олганида роса димоғдор, унча-мунчани менсимайдиган аёлга ўхшайди, бу кибор хонимнинг мен ғарибда нима иши бор экан, деб ажабланган эди. Суҳбатлашгани сайин фикри ўзгариб борди.
– Бу гапларни қўйинг, Азиза опа, – деди Жалил. – Меҳнат ҳақи ўз йўлига. Мусиқа ҳақидаги китобни таржима қилиш осон эмас, унинг ўзига хос терминлари бор, энг асосийси, мусиқа ҳақидаги китобнинг мусиқа каби ўз оҳанги бўлади, уни топмаса, сақламаса таржима чиқмайди. Мен мусиқа ҳақидаги бир-икки мақолани таржима қилганман, биламан. Яхшиси, китобингиздан бир парча олиб келинг, таржима қилиб кўрай. Сизга маъқул бўлса, қолганини кейин гаплашамиз.
Бу таклиф Азизага маъқул тушди.
Жалил китобнинг бир-икки бобини таржима қилди. Азиза билан бирга солиштириб кўрди. Азиза ҳар бир жумлани, ҳар сўзни Жалилдан қайта-қайта сўрар, русчадаги маъно-мазмун ўзбекчада қанчалар тўғри, оҳангдор чиққанига эътибор қаратар эди. Сўзларни кўрсатиш учун Жалилга тиқилиб келар, унинг атири ифори билан майин нафаси Жалилни сархуш қилар, шу боис, Жалил стулини сал суриб олар, Азиза ҳам беихтиёр яна у томонга яқинлашар эди.
Ишдан бўш вақтларида, кўпроқ шанба кунлари, шу тарзда ишлашди.
Китобнинг мазмуни, унда баён қилинган маълумотлар Жалилни қизиқтириб қўйди. Боз устига Азизанинг ўз ишига масъулияти, мусиқани жон-дилидан севиши, композиторларни осмонларда тасаввур қилиши Жалилни ром этди. “Бундай фидойи инсон, билимдон олима билан ишлаш кишига завқ беради, одам ишлаб чарчамайди…” Жалил шундай хаёллар билан китоб таржимасига, Азиза билан ишлашга берилиб кетди. Аста-секин шанба келишини орзиқиб кутадиган бўлди.
Бир шанба Азиза келмади, қўнғироқ ҳам қилмади. Жалил ўзини қўярга жой тополмади ўша куни. Хонасида кечгача кутди уни, ана келиб қолар, мана келиб қолар, деган умидда. Қўли ишга бормади. Кўз ўнгидан Азизанинг сиймоси кетмади, қулоғидан унинг майин, ширали овози, димоғидан хушбўйи аримади.
Тушкун кайфиятда уйига қайтди. Ўша куни илк марта хотинининг гапларига терс жавоб қайтарди. Бундан хотини ҳайрон, ҳатто ўзи ҳам. “Менга нима бўляпти ўзи? Ўзингни қўлга ол, Жалил… Келмаса келмас… Сенга нима, у сенгамас, сен унга кераксан-ку. Чўзилса унинг иши чўзилади”. Шу фикрларни ўйлагани сари кўз ўнгида Азиза намоён бўлаверди. Амаллаб якшанбани ўтказди. Унинг назарида бир кун бир йилдай туюлди. “Душанба куни ишга борсам қўнғироқ қиламан”.
Душанба ҳам келди. Жалил ҳеч қачон ишга бугунгидай ошиғич келмаган эди. Айниқса, душанба кунлари. Хонасига ҳам кирмай директорнинг қабулхонасидаги телефондан Азизанинг ишхонасига қўнғироқ қилди. Гўшакни эркак киши кўтарди. “Азиза опани мумкинми?” У ёқдан йўғон, қўпол овоз эшитилди: “Йўқ Азиза!”. Жалил у киши қаерда, қачон келади, деб сўрамоқчи эди, унгача гўшак шарақ этиб қўйилди. “Товба, консерваторияда ҳам шунақа қўпол одам ишлайдими?…”
Кечгача қўнғироқ бўлишини кутди. Бўлмади қўнғироқ. Эртасига ҳам, индинига ҳам. Бунга сари Жалилнинг ичини ит тирнай бошлади. Қўнғироқ қилмоқни ўйлайди-ю, бояги дағал овозни эслаб, юраги бетламайди. Жалил паришонхотир бўлиб қолди, на ишида унум бор, на ейиш-ичишида ҳаловат бор. Гоҳо ўзига ўзи дакки беради: “Эй, Жалил, ўзингни қўлга ол, сенга нима бўляпти? Кимни ўйлаяпсан? У ким, сенга ким бўлади? Бор-йўғи бир муаллиф, шунчаки таниш, холос…” Кошки бунинг иложи бўлса эди. Аксинча, хаёлига шоирнинг “Мен қўрқаман севиб қолишдан” деган сатри келаверади…
Ана шундай кутишлар, асабийликлар, паришонхотирликлар билан уч ҳафта ўтди. Жалил ишим маъқул бўлмади, шекилли, айтишга истиҳола қилиб, жим бўлиб кетди, деб ўйлади-да, таржимани йиғиштириб қўйди.
Жалил Ниёзовичнинг телефони жиринглаб, хаёли бўлинди. Ёрдамчиси қўнғироқ қиляпти.
– Ҳа, Феруз, нима гап?
– Узр, хўжайин, безовта қилдим… Вазир қўнғироқ қилди. Воқеани айтдим. Имкон топиб, менга қўнғироқ қилсин, деди. Зарур гапи бор экан.
Жалил Ниёзович гапни қисқа қилди:
– Яхши, тушундим.
… Ажойиб кунларнинг бирида директорнинг котибаси Жалилни телефонга чақирди.
– Лаббай, – деди ҳаяжон билан.
У ёқдан ёқимли овоз янгради:
– Ассалому алайкум, Жалил, яхшимисиз?
Жалил тилла топган девонадай яйраб кетди.
– Ўзингиз яхшимисиз? Тинчликми, соғ-саломатмисиз? Кўринмай кетдингиз. Ёки таржима ёқмадими?
– Йўқ-йўқ, – деди Азиза ҳаяжон билан. – Ман командировкага кетган эдим. Яқинда келдим… Агар йўқ демасангиз бир таклифим бор. Фақат катталикка йўйманг, илтимос. Олдингизга борай десам, у ерда ишлаш бироз ноқулай экан, шеригингизга халақит берамиз. Шунга, хўп десангиз, консерваторияга ёки мани уйимга келсангиз, бемалол ишлар эдик… Яхшиси, уйга кела қолинг, ҳар хил словарлар бор. Консерваторияда ҳам, ўзингиз биласиз, шовқин бўлиб туради.
Жалил унинг гапини тинглар экан, ўйлар эди: уйига бориш ғалати эмасми, эри нима деб ўйлайди. Фикрини тилига чиқарди.
– Уйингизга бориш…
– Сиз сира хижолат бўлманг, – деди Азиза унинг гапини бўлиб. – Бемалол келаверинг, қизимдан бошқа ҳеч ким йўқ уйда, у ҳам кундузи боғчада бўлади.
Азиза шундай оҳангда гапирдики, Жалилнинг эътироз билдиришига ёки бошқа таклиф айтишига имкон қолмади. Беихтиёр “хўп” деб юборди.
Белгиланган куни, белгиланган вақтда Жалил Азизанинг уйига борди. Уйга кириб унинг оғзи очилиб қолди. Жувоннинг ўзи қанчалар озода, ораста ва гўзал бўлса, уйи ҳам шунақа саранжом-сариштали, ҳамма нарса – стол-стуллар, диван-креслолар, деворлардаги суратлар, шкафдаги сувенирлар – барчаси нозик дид билан жойлаштирилган, бирон-бир ортиқча ҳашам йўқ, лекин ҳар қандай одамнинг ақлини шоширадиган даражада шинам, мисоли мўъжаз бир музей каби эди.
Жалилни креслога таклиф этиб, ўзи иккинчи креслога ўтирди. Креслолар ўртасидаги кичик столда писта-бодом, конфет, битта вазада мева қўйилган. Азизанинг эгнида ҳарир халат, жиякли атлас лозим. Мана шуниси Жалилни ҳайратга солди. “Тошкент келинлари ҳам жиякли лозим кияр экан-да”, деб ўйлади. Азиза замонавий хонимларга хос назокат билан сўради:
– Чойми, кофеми?
Жалил ўзини бироз ноқулай сеза бошлади. Муҳит ишлашга эмас, кўпроқ меҳмондорчиликка хос эди.
– Қўйинг, овора бўлманг. Ишни бошлайлик, – деди Жалил.
Азиза ўрнидан турди.
– Аввал биттадан кофе ичайлик, одамни бироз тетиклаштиради. Сиз ҳам, мен ҳам ишхонада чарчаганмиз, – деди-да, ошхона томон йўналди.
Қаҳва ичиш асносида Азиза Жалилни у-бу нарса енг, деб қистади, аммо Жалил тортинди, ийманиб қаҳвани ичди, холос.
– Энди бу ёққа юринг, – деди Азиза ва кичикроқ бир хонага бошлади. – Бу менинг ишхонам.
Бу ерда ёзув столи, айланадиган кресло, пианино турибди, хонанинг бир тараф деворини полдан шифтгача китоб тўла жавон эгаллаган. Столда бир неча қоғоз папкалар, қўлёзмалар, тунчироқ.
Аёл креслога ишора қилди:
– Ўтиринг. Мана таржимангиз. Хўп десангиз, ман русчасига қараб турсам, сиз ўзбекчасини ўқисангиз. Ўзингиз айтгандай оҳангини эшитар эдик.
Хона четидаги стулни Жалилнинг ёнига келтириб қўйди-да, ўзи ўтирди. Азизанинг атири ва гўзал аёлларга хос дилни қитиқловчи бўй Жалилнинг дилига ғулғула солди. Унинг хаёлини мураккаб матнни таржима қилишдан, луғатлардан баъзи сўзларнинг муқобилини қидиришдан кўра бошқа нарсалар банд эта бошлади. У Азизага қаради, Азиза унга.
– Таклифим маъқулми?
Жалил беихтиёр бош ирғади, аммо у бутун вужудини кўзга айлантириб, Азизанинг кўзларига термулди. Қаердадир ўқиган эди: оҳунинг айби кўзларида. “Мана шу кўзларга термулиб ўтириб, таржима деган бир қора ишга қандай қўл урасан!..” Йигит ўрнидан туриб кетганини ўзи ҳам сезмай қолди. Азиза ажабланди:
– Нима бўлди сизга?
– Азиза опа… Мени кечиринг, мен бундай ҳолатда ишлай олмайман.
Азиза ҳам ўрнидан турди.
– Билардим… билардим бир куни шундай бўлишини. Тушунаман… Мани опа деманг, ёшимиз атиги уч ёш фарқ қилади… Истасангиз сан дейишингиз мумкин… Лекин… лекин… – Унинг чиройли кўзларида ёш йилтиради. – Мани кечиринг, Жалил, узр, ўзимни тиёлмадим… Ўзи кейинги пайтда кўнглим сал бўшашиб қолган. Сал нарсага йиғлаб юбораман. Узр, мандан хафа бўлманг.
Орага оғир сукунат чўкди. Иккови ҳам ўз хаёллари оғушида қолди. “Эй, Жалил, нималарни ўйлаяпсан? Қандай бемаъни хаёлларга боряпсан-а?! Гулдай хотининг бўлса… Бу аёл сени ҳурматингни қилиб уйига таклиф қилса-ю, сен эса… Эҳ, галварс…”
Азиза: “Бу йигит санга холис хизмат қилса, мураккаб китобингни қўшиқдай таржима қилса… Сани дарду ҳасратингни эшитгани келдими у?”
Сукунатни Азиза бузди.
– Келинг, яхшиси бирон-бир куй чалиб берай сизга, – деди-да, пианино олдига ўтирди. – Нима чалай, кимдан чалай? Ўзимизнинг композиторларданми ёки жаҳон классикасиданми?
– Ўзингизга ёққанини чалаверинг…
Азизанинг нозик бармоқлари пианино клавишлари узра ўйнаб кетди. Беихтиёр хиргойи қила бошлади:
Хаёлимда бўлдинг узун кун,
Сени излаб қирғоққа бордим.
Оч тўлқинлар пишқирган тунда,
Топиб бер деб, ойга ёлвордим.
Азиза куйлаган сари мусиқа ва шеър сеҳрига берилиб борарди. Йигит ашулани, мусиқани сел бўлиб тинглади.
– Ёқдими? – деди Азиза.
– Жудаям. Ажойиб овозингиз ҳам бор экан.
– Икром Акбаровнинг шу музикасини жуда яхши кўраман. Шеър ҳам, ижро ҳам ўз ўрнига тушган… Юрагим сиқилса шуни хиргойи қиламан… Энди юринг, кофе ичамиз.
Жалил кулди.
– Таржимани қачон кўрамиз?
– Улгурамиз…
Азиза қаҳва олиб кирди.
– Олинг, конфет билан ичинг. Ёки озгина коньяк қуйиб берайми кофега?
Азиза шкафнинг қайсидир бўлмасидан чиройли шиша олди.
– Бу тоза коньяк. Озарбайжонларники, “Кўккўл”. Кофега озгина қўшилса, жуда хушхўр бўлади, кайфиятни кўтаради.
О проекте
О подписке
Другие проекты