Инсон зоти борки ўзини бегуноҳ, деб билади. Бошига бир ташвиш тушганда эса қайси гуноҳларим учун бу кўргиликлар, деб Аллоҳга даъво қилади. Мэлс Тельманович ҳам ўзининг назарида фаришта бўлмаса-да, ҳарқалай, шунга яқинроқ эди…
Хотини ишдан келганда дардини сездирмасликка ҳаракат қилади. Аммо баъзида ўзи билиб-билмай ҳасратини ошкор қилиб қўяди. Муслима Шариповна эрининг аҳволини яхши тушунади, ҳис қилади. Бироқ начора? Бирдан-бир чора эрининг кўнглини кўтариш, иложи борича ёлғиз қолдирмаслик…
Йиллар ўтган сари хотинини рашк қиладиган одат чиқарди.
– Нега ҳар куни ясан-тусан қилиб кетасиз? – деди бир куни. – Ишга борасизми ёки театргами?
Бу гапдан Муслима Шариповна кулди, эрининг одатий инжиқлиги, деб ўйлади.
– Кўнглингиз хотиржам бўлсин, дадаси, – деди. – Менинг маршрутим битта: уй-иш, иш-уй. Онда-сонда бошқарма ёки вазирликка йиғилишга чақиришса, ўзгаради бу маршрут.
Мэлс Тельманович бўш келмади:
– Ишга оддийроқ кийимда борилса киритмайдими? Бунинг устига қимматбаҳо атир сепиб олгансиз.
Муслима Шариповна ўйланиб қолди. Эрига қаттиқ гапирай деса, кўнгли ярим, ёлғиз ўзи уйда ўтириб зерикади. Йил сайин асаби таранглашиб бормоқда.
– Дадаси, – деди босиқлик билан, – мен тиббиёт корхонасида ишлайман, унинг устига раҳбарман. Бундай жойда озодалик биринчи даражали талаб эканини яхши биласиз… Ўзингиз бошингиздан ўтказдингиз-ку…
Мэлс Тельманович хотинининг гапини кесди:
– Менинг ногиронлигимни юзимга солаяпсизми? – Унинг овози кескин чиқди. – Ўзим истабманми шундай бўлишимни?!
– Бу гап қаёқдан чиқди? – деди беихтиёр Муслима Шариповна. – Нега юзингизга солар эканман?! Сизнинг ихтиёрингиздаги нарса эмас-ку бу. Нима, мен шуни билмайманми, тушунмайманми… – Бироз тин олди. Иложи борича вазминлик билан давом этди. – Жон дадаси, қўйинг бунақа гапларни, асабингизни бузманг… Хоҳласангиз мен машина юборай, бир шаҳар айланиб келинг…
Муслима Шариповнанинг бу гапидан эрининг энсаси қотди.
– Ёғочоёқни дўқиллатиб яккамоховга ўхшаб битта ўзим қаёққа бораман? – Бошини эгиб, жим қолди. – Ўзи пешонам шўр экан мени…
– Дадаси, – деди босиқлик билан, – кўп куйинманг. Нима иложимиз бор, Аллоҳнинг иродаси, тақдиримизда бор экан-да.
– Нега тақдиримизда? Тақдирингизда денг… Сиз юрибсиз-ку туппа-тузук.
Муслима Шариповна нима дейишини билмай қолди. “Бу нима дегани? Нияти нима?”
– Нима қилай? Мен ҳам уйда ўтирайми?.. Ким боқади бизни…
Мэлс Тельманович ялт этиб хотинига қаради, унинг кўзлари ола-кула бўлиб кетди.
– Бир кунмас-бир кун шундай дейишингизни билардим, – деди қаҳр билан. – Ҳеч бир эркакни хотини қўлига қарагулик қилмасин экан.
Эрининг бу гапи ҳар қанча малол келмасин, Муслима Шариповна ўзини босди. Не-не инжиқ, қайсар беморларни кўрмади, улардан ҳатто ҳақоратлар эшитди. “Шу касбни танладингми, чида” деб ўзига-ўзи таскин бериб келади. Биронтасига қаттиқ гапирмади, эътироз билдирмади. “Хўп бўлади, опажон, кечиринг, акажон” деб енгди. Энди мана бу одамга – ўзи севиб оила қурган турмуш ўртоғига, ўттиз йилдан бери бир ёстиққа бош қўйиб келаётган жуфти ҳалолига заҳрини сочадими, дилини оғритадими? Қолаверса, бу киши ҳам бир беморидай гап. Битта гап камлик, иккита гап кўплик қилади. Пешонасига битгани шу экан, тақдирга тан беради. Соғлигида, ёшлигида яхши-ю, ногирон бўлиб қолганида, ёши олтмишдан ошганда ёмон бўлиб қолдими?! Йўқ, бундай фикрлар Муслима Шариповнанинг хаёлига ҳам келгани йўқ. Бундай гапларни ўйлашнинг ўзи уят!
– Бекорга ўзингизни ҳам, мени ҳам кайфиятимни бузаяпсиз, дадаси. Илтимос, жон Мэлс ака, сал кўнглингизни кенг қилинг. Ношукр бўлмайлик… Озгина сабр қилинг, индин якшанба, бирга бирон жойга бориб, айланиб келамиз. Хўпми? Ҳар хил ёмон гумонларни хаёлингиздан чиқариб ташланг, илтимос. – У эрининг ёнига бориб, эркалади. – Соғлиғингизни ўйланг, азизим. Мендан кўнглингиз тўқ бўлсин… Мен ундай ишлардан ҳазар қиламан… Ота-онам яхши ният билан шу исмни қўйишган, унга доғ туширишга ҳаққим йўқ… Майли, яхши ўтиринг, мен кеч қолаяпман, бугун мажлисим бор. – Эрининг юзидан ўпди. – Хайр, жоним.
Мэлс Тельмановичнинг лаблари пичирлади:
– Яхши бориб келинг. – Хотини эшикка яқинлашганда баландроқ овозда деди: – Ваҳлироқ келинг.
Муслима Шариповна ортига ўгирилиб, эрига қараб хайр оҳангида бармоқларини силкиди.
Гулбаҳор янги келган беморларнинг касаллик варақасини тўлдириб ўтирган эди, қўл телефони жиринглади.
– Лаббай…
– Ассалому алайкум, Гулбаҳор, яхшимисиз, кечирасиз, безовта қилмадимми, гаплаша оласизми?
– Ҳа-ҳа, бемалол…
– Мен Шарифа Боқиевнаман…
– Э, Шарифа опа, яхшимисиз? Ишлар билан чарчамай юрибсизми, уйлар тинчми, опа?
– Раҳмат, ҳаммаси яхши. Гулбаҳор, мен сизни бир масалада безовта қиляпман.
– Тинчликми, опа?
– Тинчлик, тинчлик… Гулбаҳор, нима десам экан… Шу опанинг сал мазалари бўлмади…
Гулбаҳор бирдан сергак тортди.
– Нима бўлди ойимга?
– Хавотир олманг, ҳаммаси жойида… Бироз юраклари безовта қипти. Кардиограмма қилдик, босимларини ўлчадик… Хуллас, бироз чарчаганга ўхшайдилар. Уч-тўрт кун дам олинг, десам кўнмаяптилар… Шунга ўзингиз кечқурун олдиларига ўтиб, бир гаплашиб кўрасизми, деб қўнғироқ қилаётган эдим.
– Шарифа опа, очиғини айтинг, аҳволлари яхшими? Мен ҳозир етиб бораман…
Шарифа Боқиевна Гулбаҳорнинг гапини бўлди:
– Гулбаҳор, жон синглим, безовта бўлманг, унақа ваҳима қиладиган ҳеч нарса йўқ. Кабинетларида ишлаб ўтириптилар. Зинҳор кела кўрманг. Мен қўнғироқ қилганимни ҳам билмасинлар, бўлмаса гап эшитаман. Жуда қаттиқ тайинладилар ҳеч кимга билдирманг деб. Айниқса, Гулбаҳор билмасин, дедилар… Мен сизга айтмай туролмадим. Ўзингиз бир йўлини қилиб, билиб оларсиз. Хўпми?
– Бўпти, Шарифа опа, сиз хавотир олманг. Сиз айтгандай бўлади… Ҳозир кабинетдамилар?
– Ҳа… Ишлаб ўтириптилар. Мен ҳозир олдиларидан чиқдим. Босимларини ўлчадим, Худога шукр жойида, пульслари ҳам меъёрида.
– Майли, опажон, кўнглингиз хотиржам бўлсин, сизга гап текиздирмайман. Ўзим кейинроқ қўнғироқ қиламан бирон баҳона билан.
– Раҳмат сизга, Гулбаҳор, умрингиздан барака топинг. Хавотир олманг. Хайр.
Гулбаҳор гўшакни қўйди-ю, ўйланиб қолди. “Ойим бечора тиним билмайди. Бу ёқда ишхонанинг ғалваси, у ёқда дадамнинг инжиқликлари… Отпускага чиқинг деса, чиқмайдилар… Чарчайди-да… Нима қилиш керак… Майли, кечқурун уйга бориб батафсил гаплашиб олармиз…” Ишини давом эттирган бўлди, аммо хаёлидан ойиси, Шарифа Боқиевнанинг гаплари кетмади. “Юраклари безовта қилган дедими?.. Аҳвол жиддийроқ бўлмаганда Шарифа опа қўнғироқ қилмасди…” Ўзини босолмади, хаёлини чалғитишга қанча уринди, эплолмади. Атайлаб ойисининг қўл телефонига эмас, иш телефонига қўнғироқ қилди. Котиба кўтарди гўшакни.
– Ассалому алайкум, Ситорахон, яхшимисиз, мен Гулбаҳорман.
– Ассалому алайкум, Гулбаҳор опа, саломатмисиз?
– Раҳмат… Ўзларидамилар?
– Ҳа, улайми?
– Ҳеч ким йўқми олдиларида?
– Йўқ… Ёлғиз ўзлари, компьютерда ишлаб ўтириптилар.
– Соғлиқлари яхшими? – ўсмоқчилаб сўради Гулбаҳор.
Котиба бирзум жим қолди. Сўнг ўзини тутиб олиб, деди:
– Ҳа-а, яхши… Кайфиятлари ҳам яхши…
Шу маҳал эшик қарс очилиб Муслима Шариповна чиқди.
– Мана, ўзлари чиқиб қолдилар…
– Ким? – деди Муслима Шариповна.
– Гулбаҳор опа сўраб турувдилар, – котиба шундай деб гўшакни узатди.
– Ҳа, Гулбаҳор, тинчликми, яхшимисан? – деди Муслима Шариповна бамайлихотир овозда. – Бу ёққа қўнғироқ қипсан?
– Мабодо олдингизда одам бўлса безовта қилмай дегандим-да.
– Нима гап, тинчликми?
– Ҳа, тинчлик, – деди Гулбаҳор ҳам ҳеч нарса билмаган каби. – Бугун ишдан нечида қайтасиз, олдингизга ўтмоқчи эдим, сизни, дадамни кўраман, бир оғиз маслаҳатли гапим ҳам бор эди.
– Вақтинга қараб ўтавер. Бўпти, мен обходга чиқиб кетаётган эдим. Хайр, кечгача, – деди-да, гўшакни котибага узатди. – Мен обходда бўламан. Терапия билан неврологияга айтиб қўй, кейин хирургияга ҳам ўтаман.
Шарифа Боқиевна Ситорага опадан хабар олиб туринг, бирон гап бўлса дарҳол менга қўнғироқ қилинг, деб тайинлаган эди. Муслима Шариповна қабулхонадан чиқиши билан Шарифа Боқиевнага қўнғироқ қилди.
– Опа обходга чиқиб кетдилар.
Котибанинг гапи оғзида қолди.
– Нима деяпсиз? – деди Шарифа Боқиевна. – Қанақа обход?! Бу аҳволда юриш мумкин эмас-ку.
– Билмадим, – деди Ситора бўшашиб.
Мудира телефон тугмасини босди-ю, ўзини ўзи койиди. “Нега опага бор гапни очиқ айтмадим… Кардиограммаси яхши эмас эди-ку… Айтсам, баттар бўларди… Опа, ҳамма нарсани ичига ютаверади. Бу яхши эмас. Мана, оқибати… Нима қилсам экан? Қандай қилиб бўлсаям тўхтатишим керак”.
У шундай ўйлар билан терапия бўлимига югурди. Йўл-йўлакай бўлим мудири Алимовга қўнғироқ қилиб опа бораётганини айтди, иложи борича палаталарни айлантирмай, хонангизда ушлаб туринг, деди. Бу гапдан Алимов ҳайрон бўлди. “Нега бундай деди?” Унинг хаёли охирига етмай, Шарифа Боқиевна кириб келди.
– Тинчликми, Шарифа Боқиевна? – деди Алимов. – Гапларингизни тушунмадим.
– Кейин тушунтираман… Опа келмадиларми?
– Йўқ, Ситора ҳам қўнғироқ қилувди. Ҳозир кеп қолсалар керак.
Шарифа Боқиевна тез-тез гапирди:
– Опанинг босимлари сал кўтарилган. Иложи бўлса кўп юрмаганлари яхши эди ҳозир… Фақат ўзларига билдирмаслик керак…
Шу маҳал эшик шарт очилиб бош шифокор кириб келди. У Шарифа Боқиевнани кўриб ҳайрон бўлди, аммо сездирмади. Ўзига ярашган табассуми билан иккала мудир билан кўришди.
– Нимани муҳокама қиляпсизлар?
Гапни Шарифа Боқиевна илиб кетди:
– Бир беморни кўриб қўйишимни илтимос қилувдилар. Шуни гаплашиб турувдик.
Муслима Шариповна унга маънодор қаради. Бу қараш маъносини иккови тушунди, холос. “Мендан хавотир олиб келган бу ерга”. Опа креслога ўтирди. Алимов чой узатди.
– Раҳмат. Соғлигингиз яхшими, Руслан Рустамович? – Кейин Шарифа Боқиевнага қаради. – Сиз-чи? Сиз яхши юрибсизми? Ишларингиз жойидами?
Иккала мудир баравар жавоб берди:
– Раҳмат, опа, яхши, ҳаммаси жойида. Ўзингиз яхшимисиз, чарчамаяпсизми? – Охирги гапни Шарифа Боқиевна таъкидлаб айтди.
– Яхшиман, – деди бош шифокор чойдан ҳўплар экан. – Беморларнинг аҳволи қалай? Норозилар, шикоятлар йўқми?
– Йўқ, – деди Алимов. – Барча муолажалар ўз маромида қилинмоқда. Ҳаммаси миннатдор…
Бош шифокор Алимовга қаради.
– Миннатдор денг.
Эрталаб ўзини таништирмай гаплашган одам сўраган кампир шу бўлимда эди.
– Икки томонлама зотилжам билан келган кампир бор-ку, фамилияси нима эди…
– Ҳа, уми, Иргашходжаева…
Муслима Шариповна Алимовнинг гапини бўлди:
– Нима? Иргашходжаева? Эргашхўжаева эмасми?
– Ҳужжатида шундай ёзилган-да.
– Ҳа, яхши… Аҳволи қалай?
– Олдингидан анча тузук… Ҳали бироз ётишга тўғри келади, опа.
– Шикоят қилмаяптими? Қизлар яхши қараяптими?
– Шикоят қилгани йўқ, жуда мулойим, хушмуомала онахон. Ҳаммани болам, бўтам, умрингдан барака топ, деб дуо қилади. Худо хоҳласа, кўрмагандай бўлиб кетади. – Бир нарса эсига тушгандай гапида давом этди. – Кеча бир йигит келди. Жуда пўрим кийинган, юришлари, гап-сўзлари кибрли, жуда дадил. Шу онахонни кўргани келган экан. Палатадан чиқиб олдимга кирди. Беморнинг аҳволини тушунтирдим. Негадир гапимни эшитгисиям келмади. “Яхши қарамаяпсилар, бошқа касалхонага ўтказамиз”, деб чиқиб кетди. Олдин кўрмаганман уни. – Муслима Шариповна мудирнинг гапини бўлмай эшитди, қулоғи остида эрталаб телефонда бўлган мулоқот жаранглайверди. – Очиғи, унинг кимлиги билан қизиқдим. Онахоннинг олдига кириб, секин сўрадим. “Бу бола жияним, сал ҳовлиқмароқ ўзи, деб кулди онахон. Чўнтагига беш-олти сўм тушиб ҳовлиқиб қолган. Унинг устига яқинда қандайдир идорага ишга ўтган эмиш… Сизни бошқа касалхонага ўтказаман, дейдими-ей. Йўқ, дедим, жуда яхши қарашяпти, ҳеч қаерга бормайман, дедим… Ишқилиб, сизни хафа қилмадими, болам? Унинг гапларига эътибор берманг. Мен ҳаммаларингдан миннатдорман, ўғлим”, деди.
– Шунақа денг, – деди Муслима Шариповна. – Тушунарли… Майли, ўзи билади. Бошқа жойга ўтказса, ўтказар… Онахонга ўзингиз қараяпсиз-а. Бир кўрамизми…
– Майли, – деди Алимов. – Ҳамхонаси ҳам жуда бамаъни аёл. Икковиям намозхон.
– Шунақа денг… Қани, юринг-чи. – Шарифа Боқиевнага юзланди. – Сизни ишингиз битдими бу ерда? Ишингизга бораверинг бўлмаса.
– Опа, хўп десангиз, сизни шу ерда кутиб турсам.
– Гапингиз борми менда?
– Ҳа, – деди Шарифа Боқиевна.
Ёлғон гапирмаётганини бош шифокор сезди, аммо индамади. Фақат, унга қараб тагдор жилмайди. Бу жилмайиш маъносини Шарифа Боқиевна тушунди.
Муслима Шариповна эшикка йўналар экан, Шарифа Боқиевнага деди:
– Сиз мабодо психология бўйича ҳам ўқимаганмисиз?
Шарифа Боқиевна ҳам бўш келмади.
– Турли характердаги одамлар билан, айниқса, беморлар билан гаплашавериб, одам психолог ҳам бўлиб кетар экан.
Кулишди.
– Яхши, – деди Муслима Шариповна. – Биз тез қайтамиз. – Алимовга юзланди. – Бошқа оғир беморларингиз йўқми?
– Йўқ.
– Маъқул… Бошланг…
Кечқурун она-бола узоқ суҳбатлашди. Гулбаҳор гапни айлантириб, бир амаллаб ойисининг мазаси бўлмаганини билиб олди.
– Шарифа Боқиевна айтдими? – деди Муслима Шариповна.
– Йўқ, ҳеч ким ҳеч нарса демади.
– Қаёқдан билдинг бўлмаса?
Гулбаҳор ойисига меҳр билан тикилди.
– Ойижон, сизнинг гап-сўзларингиздан, гапларингиз оҳангидан, ранги-рўйингиздан кўп нарсани англаб оламан. – Ойисини қучоқлаб эркаланди. – Ахир мен асаб касалликлари дўхтириман-ку. Невропатолог дегани психологга яқин туради.
– Шундай дегин… – Муслима Шариповна бироз маҳзун тортди. – Ҳаёт дегани фақат ўйин-кулгидан иборат эмас, қизим. Ҳар қадамингда муаммо, ташвиш… Энг ёмони, одамларнинг ёлғончилиги, иккиюзламачилиги, худбинлиги. Мана шулар одамни кўпроқ чарчатар экан, қизим. Мен шунча ёшга бориб, неча йиллардан бери раҳбар бўлиб ишлаб, энди-энди тушунаяпман буларни. Илгари ҳаммани ўзимга ўхшаган тўғрисўз, очиқ кўнгил деб ўйлар эдим. – Оғир нафас олди. – Аслида ундай эмас экан, тили бошқа-ю, дили бошқа одамлар кўп экан. Шулардан эҳтиёт бўлиш лозим.
Гулбаҳор ойисига таскин бермоқ ниятида:
– Қўйинг, ойи, сиқилманг. Ҳозир сизга бунақа нарсалар ҳақида бош қотириш тўғри келмайди… Ўзингизни, соғлигингизни ўйланг, – деди. Бир муддат сукунат чўкди. – Хўш, нима қиласиз, эртага борасизми? Қаерга бормоқчисиз?
Муслима Шариповна бир нуқтага термилиб қизининг гапларини эшитиб ўтирарди.
О проекте
О подписке
Другие проекты
