Читать книгу «Тирилиш» онлайн полностью📖 — Льва Толстого — MyBook.
image

XXVII

Княгиня Софья Васильевна хуштаъм ва жуда тўйимли тушки овқатини еб бўлди. Нафосатдан йироқ бўлган бундай машғулот вақтида биров мени кўрмасин деб ҳамма вақт ёлғиз овқатланарди. Унинг кушеткаси ёнида мўъжазгина стол бор эди. Стол устида қаҳва турар, княгиня ингичка папирос чекмоқда эди. Княгиня Софья Васильевна ориққина, бўйдор, тишлари узун, шаҳло кўз қорачадан келган, ўзини ёш қилиб кўрсатишга уринадиган аёл эди.

Унинг доктор билан муносабати ҳақида ғийбат гаплар юрарди. Нехлюдов илгарилари бу гапни эсидан чиқариб юборган эди, аммо бугун, у фақат эслабгина қўя қолмади, балки, мой суртиб ялтиратилган соқоли икки томонга ажратиб таралган доктор княгинянинг креслоси олдида турганини кўрганда, боягидан беш баттар нафрати ошди.

Софья Васильевнанинг ёнида, пастаккина юмшоқ диванда Колосов столчадаги қаҳвани қошиқ билан чайқалтириб ўтирарди. Столча устида бир рюмка ликёр бор эди.

Мисси онасининг олдига Нехлюдов билан бирга кирди-ю, лекин бунда ортиқ турмади.

– Ойим чарчаб, ҳайдаб юборса, менинг олдимга боринглар, – деди у Колосов билан Нехлюдовга, ораларидан ҳеч гап ўтмагандек жилмайиб; сўнгра қалин гилам устида оҳиста юриб, хонадан чиқиб кетди.

– Салом, дўстим, қани ўтиринг, нима гаплар бор? – деди княгиня Софья Васильевна худди ростакам кулгига ўхшаш ясама табассум билан. У илжайганда усталик билан ясалган, худди ўз тишига ўхшаш чиройли узун тишлари кўринарди. – Суддан жуда диққат бўлиб қайтибсиз деб эшитдим. Менингча, бу кўнгли бўш одамларга жуда оғирлик қилса керак, – деб қўйди у французчалаб.

– Тўғри, – деди Нехлюдов, – кўпинча ўзингнинг ноҳақлигингни… суд қилишга ҳаққинг йўқлигини ҳис қиласан киши…

Княгиня ҳар вақтдагидек ҳамсуҳбатига хушомад қилиб:

– Gomme с’еst vrai,25 – деб нидо қилди унинг гапи ростлигидан ҳайрон қолгандек.

– Хўш, чизаётган расмингиз нима бўлди, мен жуда қизиқиб қолганман, – деб қўшиб қўйди у. – Агар бедармон бўлмаганимда, аллақачон уйингизга бориб келардим.

– Бутунлай ташлаб қўйдим, – деб қуруққина жавоб берди Нехлюдов. Княгинянинг тилёғламалиги доим яшириб келаётган қарилигидек очиқ-ойдин сезилиб турарди. Нехлюдов хушмуомалалик билан жавоб қайтаришга нечоғлик уринса ҳам, сира уддалай олмади.

– Бекор қилибсиз! Биласизми, унинг қобилияти жуда зўр, буни менга Репин айтган, – деди княгиня Колосовга юзланиб.

«Ёлғон гапиргани уялмайдиям-а», – деб ўйлади Нехлюдов қовоғини солиб.

Софья Васильевна Нехлюдовнинг кайфи бузуқлигини кўриб, Колосовга мурожаат қилди. Унинг янги драма ҳақидаги фикрини сўради. Нехлюдов гоҳ Софья Васильевнанинг, гоҳ Колосовнинг сўзларини тинглар экан, биринчидан, на Софья Васильевнанинг ва на Колосовнинг драма билан ҳам, бир-бири билан ҳам бир чақалик иши йўқлигини кўриб турарди; иккинчидан, у Колосовнинг ароқ, вино, ликёр ичиб олиб маст бўлганини, аҳён-аҳёнда ичадиган мужиклар сингари эмас, балки вино ичишга одатланиб қолган одамлар сингари маст бўлганини пайқаб турарди. У гандиракламас, оғзига келганини гапириб валақламас эди-ю, аммо кайфи ошган, ўзидан мамнун эди; учинчидан, Нехлюдов Софья Васильевнанинг, офтоб нури устимга тушиб, қарилигимни билдириб қўяди, деб ташвишланаётганини, гап орасида офтоб тушиб турган деразага қараб-қараб қўяётганини пайқаган эди.

– Жуда топиб гапирдингиз, – деди Софья Васильевна Колосовнинг аллақандай мулоҳазасига қўшилиб. Кейин кушетка ёнидаги, девордаги қўнғироқ тугмачасини босди.

Шу маҳал доктор ўрнидан турди, ўз уйида юргандек, ҳеч нарса демасдан чиқиб кетди. Софья Васильевна гапини давом эттириб, уни кўзи билан кузатиб қолди.

– Филипп, марҳамат қилиб, шу пардани тушириб қўйсангиз, – деди у қўнғироқ товушини эшитиб кирган кўркам лакейга.

– Йўқ, нима десангиз денг, унда қандайдир сирли бир нарса бор, сирли нарса бўлмаган жойда шеърият бўлмайди, – деяр эди у қора кўзининг биттаси билан пардани тушираётган лакейнинг ҳаракатларини кузатаркан.

– Шеъриятсиз мистицизм – хурофот, мистицизмсиз шеърият эса наср, – деди у ғамгин жилмаяркан, пардани тўғрилаётган лакейдан кўз узмай.

– Филипп, бошқа пардани айтяпман – катта деразанинг пардасини, – деди жони ачигандек Софья Васильевна. У шу сўзларни айтгунча кўп куч сарфлагани учун ўзига ачингандек эди; ўзини тинчлантириш мақсадида узукларга беланган қўли билан хушбўй ҳид таратаётган папиросни оғзига тутди.

Кенг яғринли, гўштдор, кўркам Филипп афв сўрагандек, енгилгина таъзим қилди, кучли, болдирлари ўйнаб чиққан оёқларини секин-аста босиб, гилам устида аста юриб, итоаткорлик билан индамай нариги дераза томонга ўтди, Софья Васильевнага тангадек қуёш нури туширмасликка ҳаракат қилиб, княгиняга қараб-қараб қўйиб пардани ёпа бошлади. Аммо бу гал ҳам у алланарсани ўрнига қўя олмади шекилли, азоб чеккан Софья Васильевна яна мистицизм ҳақидаги сўзини ярим йўлда тўхтатиб, гап уқмас, шафқатсизлик билан ўзини ташвишга солаётган Филиппга ақл ўргатишга мажбур бўлди. Филиппнинг кўзларида учқун пайдо бўлди, бир лаҳза ёнди-ю, яна сўнди.

«Сенга нима кераклигини шайтоннинг ўзи ҳам билмайди, деяпти Филипп ўз ичида», деб ўйлади бу томошани кузатиб турган Нехлюдов. Аммо кўркам ва кучли Филипп тоқатсизланганини яшириб, тинкаси қуриган, нотавон, туриш-турмуши қалбаки Софья Васильевнанинг буйруғини оҳиста бажара бошлади.

– Дарвин таълимотида анчагина ҳаққоният бор, албатта, – деярди паст креслода ялпайиб ўтирган Колосов мудроқ босган кўзларини Софья Васильевнага тикиб, – лекин у ҳаддан ошиб кетяпти-да, шундай.

– Сиз ирсиятга ишонасизми? – деб сўради княгиня Софья Васильевна Нехлюдовдан; унинг жим тургани княгиняга малол келган эди.

– Ирсиятга дейсизми? – деб қайтариб сўради Нехлюдов. – Йўқ, ишонмайман, – деди у негадир шу тобда хаёлхонасида туғилган ғалати образларга берилиб. У кўркам ва кучли Филиппни натуршик деб тасаввур этди ва унинг ёнида қорни тарвуздай, мускулсиз қўллари косовдек, боши ярғоқ Колосов турганини кўз олдига келтирди. Софья Васильевнанинг шоҳи ва барқутлар ташланган елкаси аслида қандай эканлиги ҳам кўз ўнгида ғира-шира гавдаланди. Аммо кўз ўнгида гавдаланган бу манзара шу қадар даҳшатли эдики, Нехлюдов уни унутишга шошилди.

Софья Васильевна уни бошдан-оёқ кўздан кечирди.

– Мисси сизни кутиб қолгандир, – деди у. – Бора қолинг, у сизга Шуманнинг янги нарсасини чалиб бермоқчи эди… Жуда ажойиб…

«Ҳеч нарса чалмоқчи бўлган эмас. Негадир бўлмаган гапларни ўйлаб чиқаряпти», – деб ўйлади ўрнидан туриб, Софья Васильевнанинг узуклар билан безанган ориқ, оппоқ қўлини сиқар экан Нехлюдов.

Меҳмонхонада Катерина Алексеевна учраб қолди-да, шу заҳоти гапга тушиб кетди.

– Маслаҳатчилик лавозими сизни жуда эзиб қўйибди, – деди у ҳар вақтдагидай французчалаб.

– Ҳа, кечирасиз, бугун кайфим йўқроқ, бошқаларнинг ҳам кайфини бузишга ҳақим йўқ, – деди Нехлюдов.

– Нега кайфингиз бузилган?

– Сабабини айтмасликка ижозат этгайсиз, – деди у шляпасини ахтараётиб.

– Эсингиздами, ҳамма вақт рост гапириш керак, деб туриб олганингиз. Ўшанда ҳаммамизга шундай аччиқ ҳақиқатни гапирардингиз. Нега энди бугун айтгингиз келмаяпти? Эсингдами, Мисси? – деб мурожаат қилди Катерина Алексеевна шу тобда кириб келган Миссига.

– Нега деганингизда, у ўйин эди, – деб жавоб берди Нехлюдов. – Ўйинда ҳаммаси мумкин. Аммо ҳақиқатда бизлар шундай ёмонмизки, яъни мен шундай ёмонманки, ҳар ҳолда ростини гапириш мумкин эмас.

– Гапни бургандан кўра, яхшиси, ёмонлигимиз нимадалигини айтиб беринг, – деди Катерина Алексеевна, Нехлюдовнинг жиддийлигини сезмагандек, аския қилиб.

– Кайфинг бузилганлигини тан олишдан ёмони йўқ, – деди Мисси. – Мен ҳеч қачон буни тан олмайман, шунинг учун ҳам доим кайфим жойида. Юринг, мен билан. Биргалашиб сизнинг ўша mauvaise26 humeur ингизни тарқатамиз.

Нехлюдов ўзини шундай ҳис этдики, жиловлаб кейин аравага қўшиш учун ташлаётганларида от ўзини худди шундай ҳис қилиши мумкин эди. Бугун у, айниқса, бўйинтуруққа киргиси келмади. Нехлюдов уйига кетиши кераклигини айтиб, узр сўради ва хайрлаша бошлади. Мисси унинг қўлини одатдагидан узоқ ушлаб турди.

– Ёдингизда бўлсинки, сиз учун аҳамиятли бўлган нарса, дўстларингиз учун ҳам аҳамиятлидир, – деди у. – Эртага келасизми?

– Қайдам, – деди Нехлюдов ва изза тортганидан қип-қизариб, шошиб чиқиб кетди. Ўзи учун изза бўлдими ёки Мисси учунми, буни ўзи ҳам англаб ололмади.

– Тинчликми ўзи Соmme сеlа m’intrgue,27 – деди Катерина Алексеевна Нехлюдов кетгандан кейин. – Албатта билиб оламан. Қандайдир бир аffaire d’аmour proprе: il est tres suscebtible, notre cher Митя.28

Мисси боя Нехлюдовга қараганидан кўра бутунлай бошқача, қандайдир маъюслик билан бир нуқтага тикилган эди: Рlutôt une affaire d’аmour sale,29 – демоқчи бўлди-ю, лекин мазмуни хунук бу қочириқ гапни ҳатто Катерина Алексеевнага ҳам айтмади. Фақат:

– Ҳаммамизнинг ҳам баъзан димоғимиз чоғ, баъзан ичимизга чироқ ёқса ёримайдиган кунлар бўлади, – деб қўя қолди.

«Наҳотки бу ҳам алдаб кетса, – деб ўйлади у. – Шунча гап бўлиб ўтгандан кейин ҳам ташлаб кетса, жуда хунук иш қилган бўлади».

Агар Мисси: «Шунча гап бўлиб ўтгандан кейин ҳам», дегани нимасилигини тушунтириши лозим бўлса эди, ўзи бирон тайин нарсани айтиб бера олмасди, аммо шунга қарамай, унинг билишича, Нехлюдов уни умидвор қилибгина қўймай, балки ваъда бериб ҳам қўйган эди. Булар сўз билан изҳор этилган бўлмаса-да, имо-ишоралар, кўз уриштиришлар, табассумлар, луқмалар, сукут қилиб туришлар орқали ифодаланар эди. Лекин шунга қарамай, қиз уни ўзиники ҳисоблар, ундан ажралиб қолиш қиз учун жуда оғир эди.

XXVIII

Бу орада Нехлюдов таниш кўчалардан уйига пиёда қайтаркан: «Шармандалик, разиллик, шармандалик» деб ўйлар эди. Мисси билан сўзлашган вақтдаги оғир ҳислар кўнглига тинчлик бермас эди. У, агар шундай дейиш мумкин бўлса, расмий жиҳатдан қиз олдида ҳақли эди: чунки у қизга уйланишни таклиф этмаган, у билан ўзини боғлайдиган бирон сўз айтмаган эди. Аммо аслига келганда эса, у ўзини қиз билан боғланган, унга ваъда этган деб ҳисоблар, лекин шунга қарамай, бугун у, Миссига уйлана олмаслигини бутун вужуди билан ҳис этар эди. У фақат Миссига бўлган муносабати ҳақидагина эмас, балки бошқа ҳамма нарсалар ҳақида ҳам гапириб: «Шармандалик, разиллик», деб такрорларди. Нехлюдов уйига етиб келиб зинапоядан чиқаётганида ҳам ҳамон: «Разиллик, шармандалик», деб такрорларди ўзича.

– Овқат емайман, – деди у идиш-товоққа ва чой ҳозирлаб қўйилган емакхонага кетидан кирган Корнейга. – Бораверинг.

Корней: