Читать книгу «Маъсума» онлайн полностью📖 — Исажон Султон — MyBook.
image

Чувак юзли, бетида катта холи бор киши – Абдурашид хўжа Абдувоҳид қорига мурожаат қилиб:

– Ўтган гал ҳурматли қори ислом ва жадидлик ҳақидаги фикрларини поёнига етказмаган эдилар. Фурсатдан фойдаланиб, бу гал тамомини бағишласалар-у, ёшларимиз ҳам эшитиб, билиб олсалар деган ўтинчимиз бор эди, – деди.

– Тўғри, яхши иш бўларди, – деди бир неча киши.

– Бу масалани куни кеча поёнига етказиб эдик, бори, мулла Заҳириддин6 айтақолсинлар, – деди Абдувоҳид қори.

Мулла Заҳириддин Аълам асли андижонлик бўлиб, бир қанча йил бурун Тошкентга келган ва Абдувоҳид қори бошчилигидаги “Шўрои исломия”да қорининг ёнида хизматда эди. У ўрнидан қўзғалиб, “Бисмиллоҳ” деб чўк тушиб олди-да, деди:

– Тўғри айтасиз, ёшларимиз нима учун “инқилоб” ёхуд “ихтилол” эмас, балки “жадид” сўзи қўлланганига ҳайрон бўлмоқдалар. Арабчадан хабардор кишилар “жадид” сўзи “таждид”нинг бирлиги бўлиб, маъноси “янгиловчи” ва “инқилоб топтирувчи” деган мазмунни англатишини яхши билурлар. Агар дунёда бор нарсаларга разм солинса, ҳар бирида таждид, яъни жадидлик борлиги пайқалур. Мисол учун, баҳор-ёз ҳам, кузу қиш ҳам жадиддир, яъни янгиловчидир.

– Тўғри! Жуда тўғри айтдингиз!

– Энди жадидлик ва ислом масаласига келсак, ислом ҳар доим жадидликка ёр бўлганлигини кўрамиз. Динимиз тарихига назар солсак, жадидлик йўлини тутган фидойиларга дуч келамиз. У зотлар ҳар юз йилда бир мужаддид янгилагувчилар келиши учун дуо қилганлар, яъни, ҳар юз йилда турмушда катта бир ўзгариш содир этишини Парвардигордан тилаганлар. Шу сабабли, динимиз тарихини асрларга бўлиб, ҳар бир асрини текширсангиз, саф-саф жадидларга дуч келасиз.

Исломдаги жадидларнинг хизматлари амалга тадбиқ этилганида, турмушда улуғ инқилоблар зуҳур этади ва шу билан, бойлик қуллари ва халқни талайдиган нокаслар ер билан яксон бўлурлар… Қаранг, дунёга ҳақ дин келтирилди ва у жоҳил араблар орасига киргизилган жадидлик – ислоҳот бўлди. Бу эзгу иш Абу Жаҳл ва Абу Лаҳабларнинг иззат-нафс ва манфаатларига мос келмагани учун, улар бор кучлари билан исломга қарши турдилар ва ниҳоят, ўзларининг ҳақсиз жанжаллари йўлида қурбон бўлиб кетдилар. Ислом, замонасига мувофиқ барча ишларга ислоҳот киргизди, инқилоб ясади.

Орадан кўп вақт ўтмади. Иш бошига ашроф Макка авлоди, уммавийлар келиб, орага шахсиятни аралаштира бошладилар. Бу чизиқдан чиққувчиларға Абу Зар ва унинг маслакдошлари қарши туриб, узоқ вақт кураш олиб борсалар ҳам, лекин натижада ашроф синфи ғолиб келиб, Абу Зар ва тобеълари енгилдилар. Шундан кейин секин-секин ҳаётнинг меҳвари бўлмиш ислом сиёсати янглиш йўл билан тараққий эта бошлади. Машварат усули йўқолди, исломнинг идораи жумҳурияси идораи мустабидага айланди, жадидлик асослари бузила бошлади.

Асл асос руҳи билан суғорилган жадидлар ҳар аср сайин чиқиб, халқни асосга чақирдилар ва бунга бир қадар муваффақ ҳам бўлдилар. Лекин ҳар асрнинг тузалмай қолган бузуқлиқлари йиғилиб келиб, кейинги кунларда мўминлар бошига битган бало бўлди.

Ислом разолатини истагувчи собиқ Ўрусия Чори ва ҳозирги Ингилистон ҳукумати бизнинг таждид душманларимизнинг бошларини силагувчилардан бўлдилар. Чунки улар Шарқда ўз салтанатларининг ёлғиз шу таждид душманлари тирик бўлуб тургандагина яшашига иймон келтирган эдилар. Воқеан, Оврўпо мустабидларининг тутган бу йўллари тўғридир. Агар Шарқ – Ислом оламининг ўзидан чиққан таждид душманлари бўлмаса эди, уларнинг шарқдаги истибдодининг руҳига ҳам фотиҳа ўқилган бўлур эди…

– Гўё фурсатдан фойдаланиб, юртни қутқариб олишнинг фурсати етгандек эди-я! Лекин нажот ташдан келмаслигига яна бир карра амин бўлдик. На фаранг, на олмон ваъдасининг устидан чиқди. Қўйнимизни пуч ёнғоққа тўлдирди-ю, амалга келганида жимжилоғини ҳам қимирлатиб қўймади.

– Ортидан эса ғазовот уруши бошланиб кетди… – давом этди Заҳириддин қори. – Бургутдай йигитлар эл-юрт, ор-номус деб, тиш-тирноғигача қуролланган лашкарга қарши ёй-қилич ёхуд қўшотар билан қарши чиқиб, жондан кечиб ҳалок бўлиб кетмоқдалар. Айниқса Қўқонни айтинг, бундай жангу жадални дунё кўрмаган. Шермуҳаммадбек, Мадаминбек, Холхўжа эшон Ўзган ва Тошкент орасида дашт кезади, Қоратегин, Болжувон, Кўлоб ва Бухорода лақай Иброҳимбек кофирнинг жонини Азроилдек олади, Самарқандда Очилбек билан Баҳромбек қўрбоши, Қарши-ю Косонда Турди тўқсоба, Гул оқсоқол жон тикади. Минглаб йигитларнинг озиқ-овқати, қурол-яроғи, ётиб-туриши қайси маблағ ҳисобига таъмин қилинсин? Ҳалиям шу халққа таъзим қилиш керак, еб турган нонининг ярмини бериб, қўрбошиларни қўллаб-қувватлаб турибди!

– Бу йўлда қўлига қурол олган хотинларни айтмайсизми? Иброҳимбек лақай қўшинига карманалик Нодира қиз бир бўлук тузиб қўшилгани, олтиариқлик Шакархон эркакча кийиниб, Искобил турмасидаги босмачи йигитларни озод қилгани, Холхўжа эшоннинг синглиси Ойшахон акаси билан бир сафда тургани ё ўшлик Ойимча хотун Ўзганда асирларни қутқарганининг ўзи қанчалар жасорат…

– Эҳ, нимасини айтасиз… Уруш қонуниятига кўра, халққа тегилмас, жанггга фақат қўшин кирар, ғалабаси ё мағлубияти ҳалол бўлар эди. Оқпошшо қўшини қора халқми, аскарми, барининг қонини бирдай тўккани халқнинг суягига бориб тақалгани учун қўзғалди, десангиз-чи. Аммо, афсуски, бу ишлардан бирон бир натижа чиқмади…

Кимдир чуқур хўрсинди.

– Шундай бир ўйин бўлдики, дунё қайтадан тақсимлаб олинди. Ўрусия урушда талафот билан чиққани учун уни Янги дунёга яқинлаштирмай, бизнинг ўлкаларни эгаллашига йўл қўйиб беришди. Мунавварқори билан Беҳбудий ҳазратлари Фарангистондаги иттиҳодия йиғинида Оврупа давлатларини Туркистонга ёрдам беришга кўндиришга уриниб кўришди, аммо у давлатлар қуруқ ваъдалар беришдан бошқа ҳеч иш қилишмади. Тўғриси ҳам шу: олис-олислардаги бир ўлкага нега ёрдам беришсин? Шу тариқа, Туркистонимиз ўз жаҳолатига ўзи ўралиб, жон талвасасида қолаберди.

Шу сабабли ҳам оқпошшо ҳукумати аввалбошда хориж ширкатларига йўллар очиб берди, улар бизнинг ўлкаларгача етиб келишди. Бунинг сабаби ватанимиздаги бойликлар эди. Аммо инқилобдан сўнг иқтидорга келган қизиллар барчани алдади: ўзларининг фойдасига ишлайдиган қоидаларни жорий қилиб, уларнинг барини қувиб солишди…

Тўлаган қори бош чайқаб:

– Ҳа, бу аниқ мустамлака бўлди. Ўзбек халқи ўзаро нифоқ ва қўрқоқлик орқасидан хор-зорлик, тутқунликда қолди. Халқнинг сабр-косаси бир кун тўлади ва бу ҳукуматга қарши қўзғалишга мажбур бўлади. Агар мен инқилоб шундай кунларга олиб келишини билсам эди, бутун вужудим билан унга қарши курашардим!

– Тўлаган қори7 тўғри айтди. Қолдики, эл ўзининг кимлигини унутиб қўймасин. Бу зулматга шўнғир экан, энди қачон қайтиб чиқиши номаълум. Дунё наҳанглари уни ютиб юбормасин, бир кунмас бир кун албатта қайтиб чиқсин, шунда ўзининг ким эканини унутмаган ҳолда қаддини ростласин… Бу гап-сўзлар ҳар биримизнинг қалбимизни оғритади, бироқ нажот қайда?

– Қандай қилиб? Тўплару милтиқларга қарши елкада ёй, қўлда қилич биланми? – деб сўради Абдурашид хўжа. – Бу босқинчилар уруш қонун-қоидаларини билармиди? Бундан бир қанча йил муқаддам Оқпошшо аскарлари Хивага юриш қилганида, йўлда бир қалъага дуч келишади. Қалъа беги “Бизларнинг жанг қилиш учун етарли қурол-яроғимиз йўқ, магар уруш ниятида келган бўлсангиз, биз ҳозир уруша олмаймиз. Хивадан кўмак етиб келгунга қадар икки-уч кун кутиб туришингизга тўғри келади” деб хабар чиқаради. Содда кишилар оқпошшо қўмондонларини ўзлари каби тўғри, уруш қоидаларига риоя қилади, деб ўйлашади. Шундан сўнг оқпошшо аскари қалъани ер билан яксон қилади… Урушда ҳеч қайси ҳукмдор халққа тегинмас эди, булар теварак-атрофдаги қишлоқларнинг аҳолисини ҳам қиличдан ўтказишади. Абдувоҳид қорининг сўзлари жуда тўғри: тартиб-қоидасиз, ваҳший урушнинг кимга кераги бор? Ахир, уларнинг ғайриинсоний тутумлари туфайли Туркистон йигитлари ҳам ваҳшиёна урушга киришга мажбур қолмоқдалар-ку?

– Ялангоёқни тўрга ўтқазишса, ел чиқарибди, дейдилар. Кўрмаганнинг кўргани қурсин. Дунё шу маҳалгача бундай очкўзликни кўрган эмас. Давлат дейдилар, давлат тузишнинг ўз қонун-қоидаси, сиёсати, адолати бор. Адолатли давлат фуқаронинг бошини силаб, уни эзгу юмушларга йўналтириб, турмушини яхшилашни ўйлайди. Қурол билан таҳдид қилиб, очу тўқ демасдан қирғин қилаверган билан давлат бўлиб қолармиди?

Шу пайтда Боситхон салом бериб кириб, палов тайёр эканини айтди. Йиғиндагилар “Ундай бўлса, маҳтал қилмайлик” деб розилик беришгач, катта лаганларда сергўшт, серёғ палов келтирилди. Шундан сўнг суҳбат узилиб, бир муддат “Бай-бай, зиғир ёғи ҳам аралашган эканми? Ошпазнинг қўли дард кўрмасин” каби хитоблар билан таом ейилди. Таомдан сўнг ким кўк, ким фамил чойдан ичиб, лўлаболишларни қўлтиққа тортишди.

– Энди мақсадга ўтсак, – деди Абдувоҳид қори, лаганлар йиғиштирилиб, олиб чиқилгач. – Менинг қўрққан жиҳатим: ишчи-деҳқон ҳукумати деб бежиз айтилмади, янги ҳукуматга жасоратли эрлар эмас, чумолидай ишлайдиган хизматчилар керак. Бу сиёсатнинг шундай тарафи ҳам бор, кун келиб хожаси не деса кўнадиган, унга қуллуқ қилиб, улуғлайдиган бир тоифа пайдо бўлмасайди, деб қўрқаман. Худойим ўшандай балога гирифтор қилмасин, деб илтижо қиламан. Миллат ҳимояси давлат қўлида бўлгуси эди, эндиликда, минг афсус, давлатимиз йўқ! Халқнинг ўзига қолди бу иш.

Ёшим улуғ бўлгани учун ҳар бирингизни дуо қилиш менинг бурчимдир. Мен Туркистонни ватан деб билган барча фидойи кишилар қаторида сизларни, бу даврада иштирок этолмаган олис-яқиндаги дўстларимизни, шу кунларда яшаётган ёхуд ҳаёти тугаган тараққийпарварларимизни, хусусан, дўстим Заҳириддин Аъламни дуо қиламан. Молу жонини миллатга фидо қилган мерганчалик Убайдулла Хўжани ва Башарилла Асадиллахўжани, Тошпўлат Норбўтабекни, шайҳантаҳурлик Мунаввар қори афандини, дўстим Абдулла Авлонийни, занжирликдан Муҳаммаджон Пошшохўжа ўғлини, қорёғдидан Каттахўжа Бобохўжани, орқа кўчадан Низомиддин Асомиддинхўжани, Қўқон бекларидан Хайтабек набиралари бўлмиш Комилбек ва Каримбекларни ҳам дуо қиламан. Барчаларига Тангри таоло ўз розилиги ва нусратини берсин! Абдулла қори билан Тўлаган қорининг ишларига ҳам тасанно айтиб дуо қилиб қўйинглар, бу кишилар театру очиб, авомни маърифатга даъват қилмоқдалар. Тўлаган қори, айтинг-чи, томошага халқнинг муносабати қандай бўлди?

– Барча ўта қизиқиш билан томоша қилди, – деб жавоб берди Тўлаган қори. – Бизлар жума ваъзларида ҳар қанча панд-насиҳат қилганимиз бир томон-у, театруда ўзининг аксини кўргани бир томон, денг.

– Барчамиз учун фарз ва вожиб ҳисобланган ишларимиз жуда кўп, – деди Абдувоҳид қори. – Ўтган гал йиғинимизда мактаб кутубхонаси нашриётимизни ва китоб дўконларимизни тараққий эттиришимиз, янги дарсликлар ёзишимиз, зеҳни порлаб турган болаларимизни хорижга таҳсилга юборишимиз ҳақида сўзлашиб, келишиб олган эдик. Беш-ўн йил ичида икки-уч доктор, уч-тўрт адвокат, Давлат думасида оташин нутқлар сўзлаб, Туркистон мусулмонларининг ҳуқуқларини ҳимоя қила оладиган тўрт-беш сиёсатчи арбоб етишса, биз учун катта ютуқ эмасми? Бойларимиз шуни кўзлаб, ўқув-ўқитувга ҳомийлик қилсалар, бу ишлар ҳаққоний ватанпарварлик, асил ғазотдир. Хулласи калом, халқимизни маърифатли қилишга молу жонимизни тикишдан бошқа йўл йўқ. Афсуски, бундай улуғ иш бир қанча кишиларгагина қолди. Агар ўз давлатимиз бўлса эди, бу уринишларимизга ҳожат қолмас, давлат халқ равнақи учун керакли бўлган барча ишларни бажарар, сиз билан биз эса, ўйнаб-кулиб яшар эдик. Начора, барча бу ишларни ёлғиз бошимиз билан қилишга мажбурмиз. Шуни ҳам айтаманки, агар ишлар шу зайл кетадиган бўлса, иншооллоҳ, катта савобларга эга бўлиб, пировардида шаҳидлик мақомига эришсак ҳам ажабмас… Зиё афанди, асрни ўқиб олақолайлик, сўнг янги усул мактаблар, кутубхоналар, дарсликлар ва муаллимларнинг молия тарафини сўзлашиб оламиз.

– Ҳурматли қоримизга бир арзимиз бор эди, – деди Зиё афанди. – Театру фаолиятларимизда Боситхон инимиз жуда ишимизга яради, рухсат берсангиз, гоҳ-гоҳида, зарурат туғилганида хизмат қилиб турсалар?

– Миллат учун, аҳли мўмин учун бўлса, ҳеч қаршилигим йўқ, – деб жавоб қилди Абдувоҳид қори.

Барча дуо қилиб, ўрнидан қўзғалди. Хизматчилар келганларнинг кавушларини артиб-суртиб ярқиратиб, даҳлизга чиройли қилиб тизиб қўйишган экан. Меҳмонлар дастёрларни алқашиб, шу яқин орадаги масжидга йўл олишди.

– Дастурхонни қайта тартиблайликми? – деб сўради Маъсума, бир нафасга ошхонага кирган эридан.

– Йўқ, йиғиннинг давоми масжидда бўлади, – деди Боситхон. – Ичкарида бир гап бўлди, шуни айтиб қўяй дедим. Тўлаган қори падаримиздан менинг театр ишларига қарашиб юришимни илтимос қилган эдилар, қиблагоҳ розилик бердилар.

– Вой, қандай яхши! – деди Маъсума севиниб. Эрига эркаланди: – Мениям олиб борасиз-а?

– Бўлмасам-чи?! Албатта олиб бораман.

Боситхон унга бош ирғаб, шоша-пиша меҳмонлар ортидан кетди. Маъсума меҳмонхонани йиғиштиришга ёрдам берсамми деб бораётган эди, хизматчилардан бири:

– Келинпошша, сиз ичкарига кираверинг, ўзимиз тартиблаб қўямиз, – деди.

Ичкарида ҳам юмуш етарли эди. Оқсоч хотинлар чўмичда катта қозондаги иситилган сувдан олиб, идиш-товоқларни ювишарди. Маъсума уларга ёрдамлашар экан, хаёли йиғиндаги гап-сўзларда кўчди. Унда айтилган бир сўз – Боситхоннинг театрга бориб-келиб юриши кўнглини чароғон қилиб юборди. “Мени ҳам олиб борармикинлар” деб ўйлади у, пиёлаларни авайлаб артаркан. “Албатта олиб борадилар” деб жавоб қилди ич-ичидан бир овоз.

“Нега бунчалар ишоняпсан?” деб сўради Маъсума ундан.

“Чунки севадилар”.

“Сен-чи?”

“Мен ҳам!”

Маъсума жилмайиб қўйиб, ишига тутинди.

1
...