Читать книгу «Маъсума» онлайн полностью📖 — Исажон Султон — MyBook.
image
 







– Бўпти, аз таҳи дил, раҳм қилсам қилақолай, ҳаммамиз Аллоҳнинг бандаси, расулуллоҳнинг умматларимиз. Сув ҳақи мана мунча бўлади!

– Бой, ҳозир бир мирим ҳам йўқ-ку?

– Хатга соламиз, кузда ҳосилдан тўлайсан.

Кутилмаганда батрак одамларга юзланиб, сўради:

– Ҳой халойиқ! Бу ноинсофни кўряпсизми?

– Кўриб-билиб турибмиз!

– Айтинг, буни нима қилайлик?

– Сол оч биқинига! – деди бозорнинг чапаниларидан бири. – Ё ўзимиз саранжомлаб қўяйликми?

– Ҳой суллоҳ! – деди бошқа чапани. – Шу пичоқни киндигингдан томоғинггача тортворсам нима қиласан!

– Ҳой бой! – деб мурожаат қилди унга батрак.

 
Ҳой бой!
Ичи ғирч-ғирч мой,
Бугун сендан қимматлироқ бир замбар лой! 3
 

Гур этиб кулги кўтарилди.

Бой ниҳоят ўрнидан туриб, кўзларини ола-кула қилиб, лапанглаб батрак томон кела бошлади:

– Сен… сен… нималар девоссан? Ман шаҳри азимнинг энг қадимги боёнларидан Муслиҳиддин аршиаълохон тўра ҳазратларининг авлодидан бўламан-а!

– Халқнинг молини таладинг, терисини шилдинг! Мана, ол насибангни! – деб батрак кетмонни кўтариб даф қилиб қолувди, бой қочаман деб йиқилиб тушди.

Халойиқ гувиллаб юборди:

– Ур, сол, жигарини эз!

Шундан сўнг иккалови ҳам оломонга юзланиб таъзим қилиб, саҳна ортига ўтишди.

– Булар Мунаввар қорининг тоғалари, бири Ҳасанхўжа, иккинчиси Эшонхўжа Хоний, – деди бояги йигит. – Янги усул мактабида дарс ҳам берадилар, дуторни ҳам хўб чаладилар.

Салдан кейин шопмўйлов бир тўра пайдо бўлди. Унинг малайи бор экан. Шопмўйлов тўра малайдан сўрай бошлади:

– Хўш, ёғни нархини оширдингми?

– Шундай, тўрам.

– Ун нархини-чи?

– Уям ошди, тўрам.

– Яхши. Халққа яна нималар керак бўлади?

– Гўшт-ёғ, тўрам!

– Уни нима қилдинг?

– Уям ошди, тўрам.

– Ерни нима қилдинг?

– Унга ҳали тегмадик, тўрам.

– Аҳмағ! Энг даромадлиси шу-ю? Гап бундоғ, қарз-васиқа эвазига ерни тортиб оласан, кейин ошиғич нархда пуллайверасан. Нима кўп – ер кўп, бир четдан сотуврасан.

Четда буларни томоша қилиб турган бояги деҳқон халқдан сўради:

– Муни нима қиламиз, халойиқ?

– Буниям ур биқинига!

Саҳна яна алмашиб, энди домла почча пайдо бўлди.

– Кўрган кунингизга шукур қилинг, муҳтарам аҳли муслим! Дунё молиға ружу қўйманг, нега менинг ризқим ундоқ, фалончиники мундағ деб куфрга кетиб қолманг. Билсангиз, еттинчи осмонда бир фаришта бор, етмиш минг кўзли, етмиш минг қанотли, ана ўша фаришта айтган ҳар сўзингизга доимо “Омин” деб турғайдир. Сизга яна бир гапни айтай, ҳурматли аҳли муслим! Бизнинг аждод нафаси ўткир пирлардан бўлиб, отамиз суф деганларида ариқда жилдираб турган сув тескари оқиб кетган экан. Ундан ҳам қизиғини айтайми?

– Айтинг-айтинг, мулла тўра, сазангиз ўлмасин! – гувиллади халойиқ.

– Отамизнинг хислатлари каминага ҳам ўтган. Бир куни бир касал киши дам солиб қўйсалар, деб келди. Аҳволи хийла оғир эркан. Таҳоратимни янгилай деб чиқиб-қайтиб, нимани кўрдим денг? Азроил беморнинг жонини эндигина олиб чиқиб кетаётган экан. Ҳайт дедим-у, шартта оёғидан ушлаб олдим!

– Аҳай-аҳай!

– Халойиқ, ҳиммат эшигини кенг очинг, дуоларимизни олиб қолинг!

Бояги кетмончи деҳқон яна чиқиб келди:

– Халойиқ! Бу сўфи нима деяпти?

– Еттинчи осмондан гапиряпти!

– Ҳой сўфи! Уйингда туриб кўчада нима бўлаётганини билмайсану еттинчи осмондан лоф урганингга уриб қўяйми?

Халойиқ қотиб-қотиб кулади.

Оломон орасида кўк салла ўраган қотма бир киши – сўфи ҳам турган эди, у “Астағфируллоҳ! Астағфируллоҳ!” деб этагини йиғиштириб жўнаб қолгани яна кулгига сабаб бўлади.

Шундан сўнг саҳнага узунчоқ юзли, қўй кўзли, ихчам мошгуруч соқол-мўйловли киши чиқиб:

– Муни эшитинг, аҳволимиз қандай эканига қулоқ тутинг, – деб, қўйнидан бир қоғоз чиқариб, ўқиб берди:

– Эҳтимол, бизнинг халқ илму маърифатни, тарбия ва таълимни, ҳунар ва саноатни яхши кўрар, деб ўйлайдурғондурсиз? Йўқ, бу фикрингиз янглиш.

Эшонларимиз тоат ва ибодат, панду насиҳат, зикру тасбеҳ ўрниға тўйлардан тўн киюб, кўб ошаб, кўп ухлашни яхши кўрурлар.

Уламоларимиз дарсу таълим ўрниға, бир-бирлари ила ўрун талашиб, муқаррир ва мударрис бўлишни, ўзлари бўлолмай қолсалар, эшикма-эшик юруб сайловни бузишни яхши кўрурлар.

Имомларимиз, халойиққа ваъз ва насиҳат ўрниға, тўй ва жанозаларда юруб, жома кийишни яхши кўрурлар.

Бойларимиз орқа-ўнглариға қарамасдан, фойда ва зарарларини айирмасдан бир-бирлариға рақобат қиламан деб, «бонка» ва «кридит»ларини кўпайтириб, дўппилари тор келганида рус ва яҳудийларнинг молларини букуб-синишини яхши кўрурлар…

– Тўппа-тўғри!

– Рост айтасиз, айтаберинг! – деб қичқирди оломон.

– Қиблагоҳнинг қадрдони шу киши, Абдулла қори! – яна гап қўшди оқ жужунчали йигит.

Абдулла қори давом этади:

– Муаллимларимиз бир-бирларидан қизғонишуб, болаларни арзон ўқитаман деб, бир ўзларига юздан ортуқ бола йиғуб, ўзлари тўй ва маъракаларда болаларнинг умрини бекор ўткаришни яхши кўрарлар.

Оналаримиз билим ва тарбия ўрниға эрлари ила урушуб-талашуб, қизлариға мол қилмакни яхши кўрурлар.

Оталаримиз болалариға ўқутмак ва таълим бермак ўрниға «Ўғлим, энди каттакон йигит бўлдинг, шунча ўқиганинг етар, пул топ!» деб ҳаммоллик қилдиришни яхши кўрурлар.

Косибларимиз бир-биридан молларини арзон сотаман деб, тезгина йиртиладурғон, тикишлар ундан уруб, мундан чиқғон, сувни етти чақирим ердан чақирадурғон маҳси ва этиклар тикуб, сотишни яхши кўрурлар.

Заргарларимиз йигирма тийинлик кумуш, ўн тийинлик тилло орасиға мум ва сақичлар жойлаб, исмини “қиз ҳайрон”, “зебигардон” қўйиб, беш-ўн сўмга сотишни яхши кўрурлар.

Саводхонларимиз жарида ва журналлар, тарих ва рўмонлар ўрниға Дақёнус замонидан қолғон, хурофотлар ила тўлғон «Андоғ урдиларки, гард-гард бўлуб кетди», деб лофлар ёзилғон китобларни оғизларини кўпуртириб ўқимоқни яхши кўрурлар.

Ишчиларимиз илм ва ҳунардан маҳрумлиги сабабли бошқа миллатлар илму маърифатлари соясида кунига тўрт-беш сўм ишлаб турган бу замонда кунига уч тангага мардикорликни, ойига ўн беш сўмга қоровулликни, йигирма сўмга фонар ёқишни, ўн сўмга кўнка йўлини тозалашни ва шуларга ўхшаш энг паст ва оғир хизматларни яхши кўрурлар.

Думаларимиз мажлисга келуб, устулга суялиб фароғат қилиб турғон вақтларида, бир тарафдан қаттиғроқ товуш чиқса, чўчиб уйғонишни яхши кўрурлар.

Шоирларимиз миллий шеър ва адабиёт ёзишни ўрниға мувашшаҳми ёки «қошингдану кўзингдан» деб жувонларни мақтаб, фасод ахлоқға сабаб бўладурғон шеърлар ёзишни яхши кўрурлар.

Аммо мен бўлсам, ҳозирги замонда индамасдан туришни яхши кўрурман…4

Халойиқ орасида гур кулги кўтарилди.

– Ҳамма гапни айтиб бўлдингиз-у, яна индамасдан тураман дейишингизни қаранг!

Абдулла қори:

– Ҳай майли, бойларимизга, уламоларимизга, имомларимизга, косибларимизга, қассобларимизга, мударрисларимизга, зиёлиларимизга, баззозу баққолларимизга, саррожларимизга, заргарларимизга, машшоқ-ҳофизларимизга, қисқаси, барча-барчамизга Худо инсоф берсин! – дегач, парда яна ёпилиб-очилади.

Шундан сўнг ўрта бўй, оқиш-сариқ қирғиз юзли, тўладан келган, улуғ ёшига қарамасдан ғайратли, шахтсўз киши, унинг ортидан бой, тўра, домла почча ва деҳқон чиқиб келиб, ўртада саф тортишди.

Бояги йигит саҳнадагиларни таништириш шарт деб ўйладими, Маъсумага қараб:

– Булар эса Тавалло, Тошпўлат Норбўтабек ва Саъдулло Хоний, – деди жилмайиб.

Саллали киши қўлларини силтаб-силтаб, халойиққа қарата шеър ўқиди:

 
Эй қўлум, пул тутма ҳеч, миллатга ёрдамлашмасанг,
Бўлма хушнуд, эй дилим, миллат ғамин ғамлашмасанг,
Равшан ўлма, эй кўзум, ёшинг тўкуб намлашмасанг,
Фикрим очилма, агар шеъринг ёзиб ҳамлашмасанг,
Чиқ ичимдан, жоним эй, сан манга ҳамдамлашмасанг.
 

Шеърни энди “бой” давом эттирди:

 
Лол агар ўлсун тилим, мундин бўлакни сўйласа,
Заҳм етсин ҳуша миллатдин дигарни ўйласа,
Ҳеч димоғ очилмасун, ким ўзга гулни бўйласа,
Тўймасун қорнум мани, бир кунда беш тўй тўйласа,
Чиқ ичимдан, жоним эй, сан манга ҳамдамлашмасанг.
 

“Бой” ортига қадам ташлагач, олдинга “тўра” чиқди:

 
Соч оқарса қайғу миллатда, ёронлар, шодман,
Томса тинмай ёшларим, ўрниға қонлар, шодман.
Ҳасрати миллат учун қилсам фиғонлар, шодман,
Уккидек тутсам хароботда маконлар, шодман,
Чиқ ичимдан, жоним эй, сан манга ҳамдамлашмасанг.
 

Навбат домла поччага келди:

 
На учун синсун аёғим деб ёзурман, дўстлар,
Чандир ўлсун нега ёғим деб ёзурман, дўстлар,
Кар нечук бўлмас қулоғим, деб ёзурман, дўстлар,
Билмасун ҳеч ис димоғим деб ёзурман, дўстлар,
Чиқ ичимдан, жоним эй, сан манга ҳамдамлашмасанг.
 

Шундан сўнг домла почча, тўра, саллали киши ва деҳқон бараварига якунлашди:

 
Кўрди элни кўзларим бир зарра ибратланмади,
Бошқалар қилғонин ақлим билди, ғайратланмади,
Борча элдин ортда қолиб ҳам журъатланмади,
Миллат учун қайғурурга дил ҳамиятланмади,
Чиқ ичимдан, жоним эй, сан манга ҳамдамлашмасанг 5.
 

– Баракалла! Отангга раҳмат! Гапни пўстагини қоқиб ташладингиз!

– Қоқиб ташлаш ҳам гапми, арқондай қилиб эшиб, бўйнига илиб қўйдингиз!

Саҳнадагилар жилмайишиб, бари қаторлашиб халққа таъзим қилишгач, Абдулла қори яна чиқди-да, янгроқ овоз билан:

– Ҳурматли халойиқ, эндиликда бизнинг Оврупа андозаларидан ҳеч қолишмайдиган миллий театрумиз бор. Томоша нима эканини билдингиз, жума куни борсангиз, Абдулла Қодирийнинг “Бахтсиз куёв”, Ҳожи Муиннинг “Мазлума хотун” томошаси ўйналади. Кимнинг фурсати бўлса, марҳамат қилсин! – деб эълон қилгач, парда тортилиб, саҳна ёпилди.

Шу аснода бозорнинг чармчилар растаси томонида тўс-тўполон бўлиб қолди. Тим остидан қаттиқ ғала-ғовур чиқди. “Ўғри! Ўғри қўлга тушди!” деган бақириқлар эшитилди. Оломоннинг бир қисми ўша ёққа оқди. Хотинлар тўп орасидан чиқишганида, почча :

– Ана, хизматингизни дўндирдик! Бас, уйга бораверинглар, – деди Мунис оғачага қараб, кўз қисиб: – Раҳматига қулинг ўргилсин бир паловхонтўра ермиз бугун?

– Гўшт-ёғ олиб борсангиз, паловхонтўра сиздан айлансин.

– Эҳ-ҳе, у пулга қора қозонинг бир ҳафта қайнайди. Раҳим қассобга калла-поча тайинлаб қўйдим, ўшани солиб бир нима қиларсан. Бўпти, хайр.

Шундай деб, почча ўз ишига қараб кетди.

Бозордан Қўштут томонга бораверишда ёймачилар қоқ ерга эски бўз мато ёйиб, сақич, сирач, елимчўп сотиб ўтиришган экан. Ўлмас келинойи бир тахта “калиш сақич” олди, у қоп-қора, мумга ўхшаган бўлиб, ростдан ҳам маскопча калиш иси анқиб турарди.

– Мазза қилиб чайнайсан, – деди Мунис оғача. – Ана, қийқимчилар ҳам шу ерда экан. Янги қуроқ тўшак қавиб олсакми?

Газламафурушлар ортиқча қийқимларни ола-була қилиб, тўп қилиб уйиб сотишарди. Мунис оғача икки тийин га бир тугун қийқим олди. Шундан сўнг яна бир оз юриб, нон бозори олдидан чиқиб қолишди.

Турфа кўринишли, катта-кичик бўрсилдоқ нонларнинг ҳиди бурқираб, ҳамма ёқни тутиб кетибди. Бу ерда қаторлаштириб териб ташланган зоғора-ю “лўм-лўм патир”дан тортиб, хамирига қўй ёғи қориб ёпилган “кал патир”, ёнғоқ-майизли тўй патир, писта-бодомли, гўштли, сарёғли-сутли, пиёзли, думбали ва қазили патирлар, асалли-кунжутли лочиралару варақилар иси димоқни қитиқларди. Сотувчилари кимни кўрса эринмай “Кеп қолинг, ёғли патирлар” деб чорлашарди. Бети ўзи сотаётган патирдай қип-қизил, норғул бир йигит Маъсумага ҳадеб қарайверган эди, Мунис оғача аччиғи чиқиб:

– Йигит ўлгир, кўзингни олазарак қилавермай, ишингга қара! – деб, уни койиб берди.

– Сизга мазза-да, опача, чачвон тагидан ҳаммаёқни кўриб турасиз-у, сизни биров кўрмайди. Биз бенаволар нимаям қилайлик, пешанамиз шўр, бозорни чангини ютиб, бир гул-чечак кўрмай умримиз ўтади! – ёйилиб илжайди шум йигит.

– Бор-бор, тошингни тер!

Шундан сўнг бозордан уйга қайтишди.

1
...
...
7