Читать книгу «Маъсума» онлайн полностью📖 — Исажон Султон — MyBook.
image
cover

 
































Ҳар икки қўлдаги савағич тут ёки беҳи новдасидан бўлади. Уни увадага урсангиз титилади, орасига ҳаво кириб, ғўппаяди. Ғўппайган увадани ювилган тўшак қатига солиб қавилса, янгидай бўлиб қолади.

Ҳозир айвонда уч хотин ва бир қизгина бор. Хотинларнинг бири – хонадон бекаси Ўлмас келинойи, ўттиз беш ёшларда, тўладан келган, лабининг устида катта холи бор, кенг-ковул чит кўйлакли кўнгилчан хотин, иккинчиси – Сора эгачи, буниси аксинча, озғиндан келган, оқ-сариқ, қўлларининг томирлари бўртиб турган, ранги синиқроқ, эзилганроқ хотин, учинчиси – бошқалардан кўра ёшроқ, лўппигина Мунис оғача; ўн олти яшар Маъсумага тегажоқлик қилишади.

– Бетинг мунча тиниқ, қиз тушмагур? Қаймоқли сут билан чайганмисан?

– Ўзи шунақа! – деб жавоб қилади оқ юзли, киприклари узун, бежирим юзидаги кулгичи ўзига ярашган Маъсума, кўзлари чақнаб. У шўх ва ҳиссиётли қизгина, оловдай бўлиб ёниб туради, бироқ хотинларнинг сўзларидан уялиб, қизариб-бўзаради.

– Ёшлигимда менинг бетим сеникидан чандон тиниқ, қошим тус қора эди. Эсиз, Билолимни туғдиму тўкилиб кетди-да.

Ҳақиқатан ҳам, Сора эгачининг қошлари ўсма қўйганига қарамай, сийраклиги билинади.

– Унда қошингизни Билолингиздан сўранг!

– Вой, биттамас, юзта қош бўлсин, Билолимга алишмайман.

– Ҳадеб мақтанавермай, Тўти момони яна бир кўрсатиб бер, қиз тушмагур!

Маъсума дик этиб ўрнидан туради, қирқ ўрим қора сочи белигача чувалиб тушади. Учига оқ момиқ пахтадан пилик солибди. Рўмолини бошига қия ташлаб, айвон бошига боради, чўк тушиб, бир ёнига қийшайиб, гўё пилта чироқнинг шишасини юваётгандай ҳаракатлар билан Тўти момонинг қилиғини кўрсатиб беради:

– Ҳаҳ яшшамагур, оғзингдан лахта-лахта қонинг келгур хонасаллот, жувонмарг, илоё, шу гапларни айтган тилингни қарғалар чўқиб, бетингга пашшалар ўтириб, ўтирмагани оғзингга кириб-чиқиб, еганинг ювинди, ўзинг чувринди бўлиб…

Ҳар қарғишида қошини ўйнатиши, бошини ёнга буриб кимгадир ишоралар қилиши, кўзини олайтириши шунчалар жонли чиқадики, хотинлар бараварига қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборишади.

– Поччани қандай қарғашлариниям кўрсатақол, айланай!

Тўти момонинг эри Миркомил читфуруш Ўринбурунга қатнаб юрганида, ўша ерда савдогар шерикларидан бири ўлгач, унинг ёш хотинига уйланиб олган, битта боласи билан ликонглатиб уйига олиб келиб қўйган эди. Тўти момо эридан қўрққанидан бир нима деёлмасаям, эри бозорга кетганида ўз ҳовлисида юмушларга уриниб юраркан, нариги ҳовлига қараб кундошиниям, унга қўшиб эриниям обориб-опкеларди:

– Ойда-йилда топганинг бир сўлкавой, хаёл қиласан ўзингни гижинглаган той, кажава қорнинг қават-қават мой, тўнингни этаги доим пилч-пилч лой, мисоли айниб қолган кечаги чой, шу туришингга сўлқиллаган ёш мегажинни кўнглинг тусаганига ўлайми?

Хотинлар Маъсуманинг ўхшатма қилиқларига кулавериб думалаб қолишади. Қизгина ҳамманинг кайфиятини чоғ қилиб юборади. Ахийри Ўлмас келинойи кулгидан ёшланган кўзларини арта-арта:

– Кулдиравериб ичимни оғритиб юбординг, қиз бўлмай қол! Қаердан бунақа хислатинг бор сени, ўзидай қиласан-қўясан-а! Сенга уйланган йигит ажалидан эмас, кулгидан ўлади! Энди анави, томошада ўрганиб олганинг ашулангни айт, юракларнинг чигили ёзилсин!

Маъсума устунни ёнлаб ўтиб, катта токча олдига боради, токчадаги кичкина ликобчани олиб, оғзига яқинлаштиради. Бир маҳаллар, отаси ўлмасидан бурун Янги шаҳарга олиб борганида, Бокудан келган сайёр ўйинчиларнинг “Лайли ва Мажнун” деган томошасини кўрган, бир кўришдаёқ барча гап-сўзларинию ашулаларни ёдлаб олган эди. Чуқур нафас олиб, ёшлик таровати барқ уриб турган тиниқ, соф овозда куйлаб юборади:

 
Шаби ҳижрон ёнар жоним,
Тўкар қон чашми гирёним,
 
 
Ўядир халқни афғоним,
Қора бахтим очилмасми?
 

Унинг овози чатнаган устунлар, эски вассаларга урилиб, ундан ҳовлига ёйилиб, ариқча бўйида ўсган қора-яшил райҳонлар, оқ-қизил гулнорлар узра ҳар ёққа ёйилади.

– Сал секинроқ айт, қўни-қўшни эшитса уят бўлади, – деб танбеҳ беради Ўлмас келинойи.

Маъсума айб иш қилиб қўйгандек, қўллари билан оғзини тўсиб, пастроқ овозда “Сегоҳ”га ўтади:

 
Эй, ҳар такаллумим хати сабзинг ҳикояти,
Вирдим ҳамиша маснафи рухсоринг ояти.
 
 
Менким, сени кўрганда кетар қўлдан ихтиёр,
Келмас баёна меҳнати ишқнинг шикояти… 1
 

Хотинлар тебрана-тебрана тинглашади.

– Ўргилай овозингдан, илоё, яхши жойлардан куёв ато қилиб, бахтли-тахтли бўлиб юргин, кўз тегмасин! – Қўшиқ тугагач, Ўлмас келинойи уни дуо қилади. Маъсума ўз ўрнига келиб ўтириб, савағичларни олаётганида:

– Ойча қизим! Турдинг-турдинг, чумчуқ қўнса оёғи ботмайдиган қилиб битта аччиққина чой дамлаб келақол, ойнониб кетай сандан, – дейди.

Тўгарак юзи тўлин ойга ўхшашлиги туфайли Ўлмас келинойи ҳам, унинг эри Махсум почча ҳам Маъсумани “Ойча қизим” деб аташади.

– Чой дамлаб келсанг, сенга зўр гап айтаман, – дейди Мунис оғача ҳам.

– Бир етимчага мунча иш буюрдингиз? – дейди Сора эгачи, ёқтирмай. – Бир томоша кўрсат, бир ашула айт, бир чой дамла…

– Нима қипти, Маъсума ўзимни қизим, муштдайлигидан катта қилганман, – дейди Ўлмас келинойи бепарво.

Бир пайтлар, ушбу маҳаллага бир нўғойсифат киши хотини ва қизчаси билан кўчиб келган эди. Кўздай қўшни бўлиб, бир неча йил истиқомат қилишди. Умри қисқа экан, қўшни хотин безгакка чалиниб, гулдай ёшида хазон кетди-ю, унинг Саъдия деган ширингина қизчаси етим бўлиб қолди. Ўша йилги безгакда Махсум почча ва Ўлмас келинойи ҳам икки фарзандидан айрилган эди. Эр-хотин маслаҳатлашиб, Саъдияни ўзларига қиз қилиб олишди. Асраб олинган болага бошқа исм бериш урфига кўра, ширмой юзли, узун сочли у қизалоқни Маъсума деб аташди. Ўлмас келинойи ҳозир шуни айтмоқда эди.

Маъсума “Хўп бўлади” деб, айвон зинапояси ёнида, қоқ ерда ғишт устига қўнқайтирилган самовар томон кетади. Боя пайраҳа қалаб, сувини қайнатиб қўйган эди. Самовар учига кийдирилган эски дўппини олиб бир-икки дам беради, кейин қориндор чойнакни уч марта чаяди, сувини силқитиб, майда қум чойдан солиб, устига қайноқ сув қуяди-да, чойнакни самоварнинг дудбурони устига авайлаб қўйиб, устини бояги дўппи билан ёпади. Кейин чўнқайиб ўтирганича, самовар чўғларини бир-бир ташқарига олгунча чой дам ейди, уни сочиқ билан ўраб қўяди. Чала ёнган пайраҳалар устига сув қуйганида, жиз этиб ўчган ўтиннинг ачимсиқ тутуни ҳаммаёқни тутиб кетади.

Маъсума чойнакни олиб келиб, тахта устига қўяр экан, камзулчаси чўнтагидан олақуроқ ипак коптокчаси тушиб кетади. Қиз уни илдам олиб, ерга бир-икки уриб кўрса, коптокча одам бўйи сакрайди.

– Кап-катта қиз бўлиб қолдинг-у, ҳалиям копток ўйнаб юрибсан-а? Аллақачон сени узатадиган вақт келди, – дейди Сора эгачи. – Шошмай тур, Билолим келсин, сени ўзим келин қиламан.

Сора эгачининг ўғли Билол Маъсумадан уч ёш катта бўлиб, бултур Ўрунбурунга кетганича анча вақтгача дараги бўлмаган, кейин эса қайси бир мадрасада ўқиётгани хабари келган эди.

– Гулдай болам илм оламан деб, қайси даргоҳлар остонасида қийналиб юрган экан? – дейди Сора эгачи. Она меҳри дарров ўзини кўрсатади: боягина кулгидан ёшланган қароқларга энди соғинч ёшлари қалқади.

– Айтақолинг зўр гапингизни, – дейди Маъсума.

– Муллакамлар айтиб келдилар, ўзимиздан ҳам театручилар чиққанмиш, – дейди Мунис оғача. – Бозорга баланд айвон қуриб, ўшани устига чиқиб, одамларни кулдириб-йиғлатар эмишлар. Кўрсанг, кулавериб қотиб қоласан, дедилар.

– Театруси нима экан? – сўрайди Сора эгачи.

– Уч-тўртта киши ўртага чиқиб, одамларнинг ҳаётидаги кулгили ишларни манави Маъсумага ўхшаб кўрсатиб беришар экан.

– Муллакам айтдилар, эртага мени ҳам оборар эканлар, уйда ўтиравериб зерикдинг, сен ҳам бориб, томоша қилиб кўнглингни ёзиб кел, дедилар, – дейди гердайиб Мунис оғача.

Мунис оғачанинг гердайишида жон бор: чунки, эри уни жуда яхши кўради, ер-кўкка ишонмайди. Мунис шуни айтиб мақтанишни ёқтиради.

– Зўр гап шуки, муллакамдан рухсат олсам, сизлар ҳам борасизларми?

– Вой, биз қанақа қилиб борамиз?

– Бозорга сирач, сақич, елим олгани тушаман десангиз, биров йўқ дермиди? Қайтаётиб, ўша ўйинчиларни кўриб қолган бўласиз.

– Э йўқ, анави жаллод билиб қолса ўлдиради, – дейди бошини сарак-сарак қилиб Сора эгачи, эрини назарда тутиб. – Вой, бу ўлгур жуда ёмон! Бир куни мушук миёвлаб жонига текканида, шартта пичоғини чиқариб сўйиб ташласа-я! Феъли тўрсайиб қолса, Худониям танимайди!

Уваданинг ярми саваб бўлинди.

Ўлмас келинойи белини ушлаб, иҳраб-сиҳраб ўрнидан туради. Маъсума дамлаган чой ичиб бўлинади. Сўнг хайр-хўшлашиб, ишнинг қолган қисмини эрта бир кун тугатиб қўйишни ваъда қилишиб, ҳовлидан юқори кўтарилишади.

“Кўтарилиш” дегани шундай: тош-шағал ташланавергач, кўча сатҳи кўтарилиб, ҳовли саҳни паст бўлиб қолган. Ўлмас келинойининг ҳовлиси ҳам шунақа: почча ахийри, дарвозадан ҳовлига тушиш учун пиллапоя ясашга мажбур бўлган. Айни шу пиллапоя ёнида ўрикнинг бир шохи пастгача эгилиб, чаман-чаман гул очган, орасида асаларилар визиллайди. Мунис оғача шохчани синдириб, чаккасига тақиб олади.

– Поччанг билан гаплашиб айтаман, хўпми, ўргилай, – деди хайрлашаётиб.

* * *

Тунда гултўкар шамол қўзғалади.

Булутларни сура келади у. Олисдаги тоғларнинг муз ҳавосини опкелади. Том қамишларини шитирлатиб, ҳовлидаги ашқал-дашқалларни тиқирлатиб, ёмғир севалай бошлайди.

– Маъсума, челакларни олиб чиқ, ҳозир қуйиб юборади!

Чақмоқ чақнаб, кўкни ёргудек бўлиб момақалдироқ гумбирлайди. Маъсуманинг ранги оппоқ оқариб кетади, жонҳолатида самога қараб “Эй Худо, ўзинг кечир” деб пичирлайди. Сўнг чопа сола, томига босилган қамишларидан томчилар чакиллаб турган пастак ошхонага кириб, сувчелакларни айвонга олиб чиқади. Ўлмас келинойи унинг саросимасини кўриб, дейди:

– Мунча титрамасанг, момақалдироқдан ҳам қўрқадими одам?

– Билмасам, гумбурлашидан ўтакам ёрилаёзди.

Яна икки-уч карра чақмоқ чақиб, момақалдироқ гумбирлагач, шаррос қуйган жала ҳаммаёқни сувга бўктиради. Кўчадан оққан лойқа ҳовлиларга оқиб кираверади. Шу аснода қарасангиз, ҳалқоб-ҳалқоб сувларни тоғораю пақирларда ташиб, ариққа тўкаётган кишиларни кўрасиз. Ўрик, олча гуллари лойқага қоришиб кетади.

Маъсума Ўлмас келинойи билан бирга сув ташиб чарчайди.

Эски Жўва маҳаллалари узра елади шамол. Қўштут нисбатан баландда бўлгани учун, у ерда ваҳшати янада кучлироқ билинади. Сағбон, Каллахона, Сақичмон торкўчаларига кириб, гуллаган дарахт ифорларини сочиб юборади. Пана-пастқамларда туриб қолган ҳавони тозалаб ўтади.

Унинг сасларининг ўзгариши ажаб. Бўғотларда гувиллаган товуш чиқаради, шу ҳолида чапани йигитларнинг кимгадир ўдағайлаётганига ўхшайди. Кичик тирқишларда чийиллаб зорланади, бундай тор маконлардан қутулишнинг иложи борми, дейди. Қозон устидаги қозонтувоқни суриб ағанатади, пақирни даранглатиб ҳовли четига обориб қўяди, бир қарасангиз, қувнаб эса бошлайди, янги гул очган шохчаларни аямай юлқилайди.

Бу – оддий эмас, қишнинг қолган-қутганларини опкетиб, баҳорга алмаштирадиган шамол! Унинг қанотида самодан Кўк қизи тушиб келади, аввал тушганида оламни гул-чечакка буркаган бўлса, энди ҳар қадамида уруғланган куртакларнинг гуллари тўкилиб, бўртиқ мевалар пайдо бўлади. Кўк қизи оламга ҳайрон-ҳайрон боқади, ҳар ер-ҳар ерда ниш урган бегона ўтларни шамол қамчиси билан аямай савалайди. Беор ўтлар эса япроқлари билан бошчаларини паналаб, бу тўс-тўполон тинишини, тезроқ қувватланиб, кўкка бўй чўзишни ўйлашади.

 
Мавжуд жаннатларнинг энг гўзалида,
Энг гўзал малика атирлар сочди,
Кўкларнинг энг нозли, ўйноқ париси
Атир қутисининг оғзини очди.
 
 
Кўнгилни мулойим қитиқлагучи,
Ўзида ҳар турли сир сақлагучи,
Бу ҳиддир, ким ҳорган, чарчаган дилга
Янги умид, тоза қувват бергучи…
 
 
Муҳаббат булбули берилди тилга!
Узилиб-узилиб тиғлаған кўнгил,
Азалдан юмшоқлик кўрмаган кўнгил,
Гуллик боғчаларда юрмаган кўнгил,
Ўзини гулларга урмаган кўнгил
Азал малагидан бир ҳид ҳидлади,
Эсирди, йиқилди, ўзи билмади… 2
 

Ана шундай сархушликни ёйиб-ёйиб сочади гултўкар шамол.

Сезганингиздек, у ҳам қўшиқчи, ҳам шоирдир.

Қўшиқчилиги-ку азалдан маълум, қайдан шоир бўлақолибди экан?

Эҳ-ҳе, қаерлардан эсмайди у? Ўлгудай миллатчи, шу кўҳна ўлка узра кўнглига келганини қилиб эсадиган сарсари, эрка шамол у. Бир пайтлар музаффар лашкарлар туғларини юлқиб забт урган эса, энди тун бағрида ҳориб, ўзи бузган маконларни кезиб айланмоқда. Унинг билмагани, кўрмагани йўқ, нималарга шоҳид эканини эса ўзидан бошқа биров билмайди.

Ёмғир ҳам, шамол ҳам то саҳаргача тўхтамайди. Саҳарлаб аввал ёмғир тинади, унда-бунда илиниб турган шаффоф томчиларни узиб, тупроқкўчаларни, заранг ҳовлиларни селгитиб, шу шамолгина елади, холос. Бомдодга азон чақирилиб, қариялар тонг қоронғусида имиллаб масжидга йўл олганларида, унинг шовқинлари ҳам тинади.

Одатий кун бошланади.

...
7