Зои ҳар душанба кунларида бўлгани каби ўттиз учинчи қаватдаги лифтдан чиқиши биланоқ иш жойига етиб келди. Келаётган жума журналнинг баҳорги сонини чиқариш учун белгиланган охирги муддат эди. Шунинг учун ҳам бутун офис жонини жабборга бериб ишлаётганди. Мақолалар оқими, таржимаи ҳоллар, фотосуратларга ёзиладиган қайдлар – Эквадордаги маунтинбайкинг1, Болқондаги вино татиб кўриш маросимлари, таниқли саёҳатчиларнинг исмлари ёзилган фоторепортажлар – Зоидан эътибор талаб қиларди. Буларнинг барини бир шаклга солиб, ажи-бужи ёзувларини сайқаллаб, мукаммал ёрқин насрга айлантириш унинг вазифаси ҳисобланарди.
Зои офислари Жаҳон савдо марказида жойлашган йирик нашриёт уйида ишларди. Бу жойни Озодлик минораси деб ҳам аташади. Бироқ Зоига бироз истеҳзоли туюларди: у қизғин иш жараёнини қанчалик яхши кўрмасин, офис деворлари ичида ўтказилган вақтни эркинлик вақти дея олмасди. Зои ўз мавқеидан миннатдор, лекин иши жуда кўп меҳнат талаб этар ва ҳолдан тойдирар, иш ҳақи эса ўқувчилар тасаввур қилгани каби ҳайратланарли эмасди.
Бу ҳақда айтишнинг ўзи кулгили: мана, дунёга машҳур сайёҳлик журналининг бош муҳаррири ёрдамчиси, йигирма етти ёшли Зои ҳеч қачон Қўшма Штатлардан ташқарида ёки Миссисипининг ғарбида ҳам бўлмаган. Унда ҳатто саёҳат паспорти ҳам йўқ эди.
Ҳеч қачон саёҳат қилмаган саёҳат журнали муҳаррири.
Зои ноутбукини очди, корпоратив тармоққа кирди ва ишга киришди. Унинг бармоқлари клавиатура узра югуриб кетди.
Зои ишидаги тартибсизликдан завқланарди. Кишини ақлдан оздирадиган муддатлар, сўнгги дақиқалардаги таҳрирлар, дурустгинадан то ўртамиёнагача ёзилган матн бўлагини олиб, қандайдир “яхшироқ бир нима”га айлантириш топшириғи. Зои юрагида пайдо бўлган ноаниқ ғашликни нари қувиб, клавиатура томон эгилди ва ишга шўнғиди.
– Ҳали очқамадикми?
Зои ўриндиғида қаддини ростлаб, кескин қайрилмаслик учун бўйнини айлантирди. Соат дарров бир бўлдимикан? У овоз келаётган томонга ўгирилди ва иш жойини бошқалардан ажратиб турган ярим тўсиқ олдида раҳбари турганини кўрди.
– Ҳатто виртуал саёҳатчилар ҳам баъзида нимадир еб туриши керак, – дея қўшимча қилди бошлиғи.
Барбара журналнинг аксарият ходимлари каби замонавий ёки мода ортидан қувадиган одам эмасди. Баъзан Зоининг назарида Барбара кичик шаҳарчадан келган, янги – Қуйи Манҳэттеннинг энг замонавий муҳитига тўлиқ мослаша олмаган меҳмондек туюларди (бошқача айтганда, Жессиканинг акси эди). Лекин Барбара ниҳоятда ақлли, табиий эмпатия ва ўткир сезги соҳиби бўлиб, бир қарашдаёқ ичингизда нима кечаётганини ҳис эта оларди. Зоининг фикрича, мана шу фазилатлари Барбарани ажойиб бош муҳаррирга айлантирган.
Зои олти йил олдин, компанияга биринчи бор келганида, уни ишга ёллаган одам ҳам шу Барбара эди. Иккаласи дарҳол тил топишиб кетишди. Барбаранинг ўзига хос катта умидлари ва жиддий мезонлари бор. Шу маънода уни қаттиққўл раҳбар дейиш мумкин, лекин одамларга босим ўтказмасди. Аксинча, Барбаранинг ходимларни ўзига тортадиган салобати бор эди. Яъни бу муносабатга сабаб ундан қўрқиш эмас, балки унинг кўнглини қолдирмасликка уриниш эди.
Зои ҳам ҳеч қачон бошлиғининг ҳафсаласини пир қилмаган. У тинимсиз ишлайдиган ва ўз ишини қойиллатиб бажарадиган муҳаррир эди.
– Ҳа, очқадим, – деди Зои. У ноутбукини вақтинча ўчириб, тушлик қилиш учун юқорига чиқиш мақсадида Барбаранинг ортидан лифт томон эргашди.
Компания ошхонаси ойналари марказий Манҳэттен ва Гудзон томонга қараган, шунингдек, бу ердан Озодлик ҳайкалини ҳам кўриш мумкин эди. Очиқ майдони ва оддий безаги билан бу қаҳвахона Манҳэттендаги ҳар қандай юқори даражали тамаддихонадан қолишмасди. Яна исталган вақтда таниқли одамларни кўриб қолиши мумкин, Зои бу ерда ишлай бошлаган илк пайтиданоқ бунга кўникишига тўғри келганди.
Барбара ўзи билан олиб келган ялтироқ тушлик қутисини эҳтиёткорлик билан очди, Зои бу пайтда пештахта ёнига бориб, киноа2, Маркона бодомлари қўшилган товуқли салат ва барра кўкатни танлади. Cалатни тановул қила бошлаганида Зои ҳозир ўзи устида ишлаётган мақола ҳақида гапирмоқчи бўлди, лекин у енгил-елпи гап сотишни уддалай олмасди ва бир-икки жумладан кейин жимиб қолди.
Орага бироз сукунат чўкди, бу вақтда Барбара сэндвичини ейиш билан андармон бўлди, кейин Зоига қаради.
– Хўш… – ниҳоят деди у. – Бугун ўзингизда эмасга ўхшайсиз. Ҳаммаси жойидами?
Мана, Барбаранинг зийраклиги шунда эди. Зои эрталабдан миясини чулғаб олган ғалати кайфиятни хаёлидан чиқариб юборишга урин ди, лекин бошлиғи барибир буни пайқаганди. Зои оҳиста хўрсиниб қўйди. Лекин гапни нимадан бошлашни билмасди, чунки ўзи ҳам нималигини яхши тушунмаётганди.
– Гапларим ғалати туюлиши мумкин, – сўз бошлади Зои.
Барбара сэндвичидан яна бир тишларкан, “давом этаверинг” дегандек бош ирғади.
– Эрталаб, поезд томон кетаётганимда, ҳар доим Уильямсбургдаги қаҳвахонага тўхтаб оламан.
Зои қаҳвахона қаерда жойлашганини тасвирларкан, Барбара тағин бош ирғаб қўйди.
– “Елена қаҳваси” деган жой.
– У ерни биласизми?
Барбара қўлидаги сэндвичи оша Зоига қараркан, деди:
– Ҳа, давом этинг-чи?
– Яхши, – давом этди Зои. – Шундай қилиб, орқа деворга рамкага солинган фотосурат илинган. Айтмоқчиманки, у ерда рамкали суратлар жуда кўп, бу жой суратларга тўла, лекин айнан шуниси бошқача.
Бу фотосуратни Зои латте ва нонушта учун кекс тайёр бўлишини кутиб турадиган олдиндаги буюртмалар қаторидан ҳам кўрса бўларди. “Елена қаҳваси”даги тамадди таомлари ҳар доим янги тайёрланган, қаҳва жуда мазали бўлар, деворлардаги суратлар эса ҳайратланарли эди.
Зои суратни тасвирлаб бериб, жим қолди ва салатини ейишда давом этди.
– Кейин-чи? – сўради бироздан сўнг Барбара.
– Билмасам, – жавоб берди Зои. – Ўша сурат ҳақида ўйлаб тургандим. Шу холос. Негалигини тушунтиролмайман.
Зои тирикчилик учун жумлаларни моҳирона чиройли териш билан шуғулланарди, аммо айни дамда бу ишни қойиллата олмаётганди.
– Ва бу сурат сизники бўлишини хоҳлаяпсиз.
Зои хўрсинди. Албатта, хоҳлайди-да.
Бу жуда оддий манзара эди: саҳар пайти, соҳилдаги кичкина қишлоқ, қуёшнинг илк нурлари бамисоли марварид каби каҳработилла рангда порлаб шуъла таратади. Олд планда эса қайиқни денгизга чиқиш учун тайёрлаётган балиқчилар жамоаси. Қуёш чиқа бошлагач нур қизғиш рангга киради ва гўё суюқликка айлангандек тасаввур уйғотади, балиқчилар буни Олтин соат деб аташади.
Зои учун манзарада сеҳрли нимадир бордек эди. Кўринмас қувватга тўла, доимо ипак ипга осилиб турган сукунат лаҳзаси.
Фотосурат жуда катта форматда чоп этилган: эни тахминан бир метрдан ошиқроқ, бўйи эса бир метрга яқин. Шундай бўлса-да, Зои суратни батафсил кўрмаган, чунки у ҳеч қачон расмнинг олдига бориш ва уни чинакамига кўздан кечириш учун етарли вақт ажратмаганди. Ҳар куни эрталаб у одатда квартирадан бироз кечикиб чиқар ва икки ҳиссалик латте ҳамда кекс олиш учун қаҳвахонага елдек учарди. Шундан сўнг уни Манҳэттенга олиб борадиган “L” поездига ўз вақтида етиб олиш учун бекатга шошарди. Зои қаҳвахонада буюртмасига пул тўлаётганида, атрофга бир қараб олишга зўрға улгурарди. Шундай бўлса-да, мана шу қисқа назар ташлагандаёқ суратдаги нимадир қизнинг эътиборини тортарди. Ўша куни эрталаб у мана шу жиҳат нималигини англаш учун ярим дақиқа узоқроқ туриб қолди ва суратга бир-икки қадам яқинлашди. Албатта, бу оний лаҳза эди, аммо мана шу лаҳзанинг ўзиёқ тасвир унинг хотирасига жонли муҳрланиб қолиши учун кифоя бўлди.
Зои расмни хонасининг айнан қаерига осиб қўйиши мумкинлигини аниқ билади. Хона жуда кўп вазифани бажарар, нафақат яшайдиган, балки тушлик қиладиган, компьютерда ўтириб ишлайдиган жойи ҳам айни шу ер эди. Зои торгина квартирада битта шерик билан яшайди ва у ерда томоша қилишга арзирли кўп нарса йўқ. Қуёшли улкан океан соҳили манзараси бу хонани тубдан ўзгартириб юборган бўларди.
– Гап суратни сотиб олишни хоҳлаётганимда эмас, албатта. Бу шунчаки…
Шунчаки нима? Фотосурат Зоида тушунтириш у ёқда турсин, тасвирлаб ҳам бера олмайдиган ҳис-туйғуларни уйғотганди.
– Билмасам, – деди Зои ва ўйларини тарқатиб юбормоқчи бўлгандек бош чайқади. – Сурат сотувга қўйилганми ёки йўқми, ҳатто буни ҳам билмайман. Нима бўлганда ҳам, ҳатто сотувга қўйилгандаям…
Зои гапида давом этаркан, Барбара у билан баравар бир хил оҳангда шу сўзларни қайтарди:
– Уни сотиб олишга қурбим етмайди.
Агар Зоининг ҳаётини қўшиқ деб тасаввур қилсак, бу сўзлар унинг нақароти эди. Қолган сўзлар ҳам илҳомлантирувчи, ҳам саргузаштли, ҳам мулоҳазаларга бой: “Мен таҳсилни давом эттиришни, Американинг жануби-ғарбий қисмига саёҳатга боришни, Европа бўйлаб саёҳат қилишни, ёзиш ва йога билан шуғулланишим мумкин бўлган ҳақиқий ётоқхонаси бор квартирада яшашни истаган бўлардим”. Лекин улар доим фақат битта нақарот билан тугайди: “Аммо бунга қурбим етмайди”.
Ростдан ҳам Зоининг бунга қурби етмасди. Бруклиндаги ҳаёт Манҳэттендагидек қиммат эмас, лекин барибир бу ерда яшаш ҳам анчага тушарди. Бунинг устига, ичига ғишт тўлдирилган 45 килограммлик тўрва каби бўйнида талабалик кредитлари ҳам бор эди. Яхшики, шаҳарда яшайди, машинага эҳтиёжи йўқ, агар машинаси бўлганида ҳам, шу кунгача мусодара қилиб юборишган бўларди. Машина?! Эҳе! Зоининг ишлари қандай кетаётганини ҳисобга олсак, катта эҳтимол билан ёзгача унинг велосипедини ҳам қайтариб олишлари мумкин.
Зои сўз ва жумлалар билан яхши келишар ва ундаги визуал дид ҳам анча яхши эди. Рақамлар-чи? Йўқ, у рақамлар билан келиша олмайди. У ҳисоб-китобда нўноқ эди, ҳар доим шундай бўлган. Зои, онаси таъкидлаганидек, ўзининг бюджетини тартибга солишга ҳаракат қилди – “бюджет” Зои учун, эҳтимол, инглиз тилидаги энг ёқимсиз сўз бўлса керак. Бу уриниш, албатта, тўлиқ муваффақиятсизлик билан якунланди. Зои ишда вазифаларини жуда аниқ тузар ва натижа ҳам зўр бўларди, лекин шахсий пулига келганда, у умуман интизомсиз эди. Ҳаммаси айнан шундай бўлган. Мана, март ойи келди, Зои эса ҳамон ўтган Исо мавлудида оиласи ва дўстларига совға сотиб олиш учун олган кредитларини тўлаш билан овора. Агар у ҳисоб-китобларни кўздан кечиришга озгина вақт ажратса, балки, Мавлуддан олдинги тўланмаган кредит тўловлари ҳам чиқиб қолиши мумкин. Қарзлар, қарзлар ва яна қарзлар…
Ҳа, Зои ишини яхши кўради ва вазифасини зўр уддалайди; лекин тан олиш керак, аслида, у учма-уч кун кечираётганди. Ҳатто учма-уч дейиш ҳам мушкул – бу кўпроқ вақти-вақти билан хонада бир-бирини зўрға кўришга ўхшарди. Зои ўзини “Маошдан маошгача илиниб яшаяпман” деган афишадаги болага қиёслаётганини ўйлади.
Ўзи бу сурат қанча тураркин – 500 долларми? 800 ёки 1000 долларми? Умуман олганда, у сотувга қўйилган бўлсаям, шубҳасиз, бир дунё пул турса керак, ваҳоланки, Зоида қайсидир истагини қондириш учун сарфлашларини кутиб ётган бунча бекорчи пул йўқ эди.
Барбаранинг овози Зоининг хаёлларини тарқатиб юборди:
– Сиз Ҳенри билан гаплашиб олишингиз керак.
– Ҳенри?
– Эрталаблари сиз борадиган қаҳвахонада қаҳва тайёрлаб берадиган ёши каттароқ эркак бор-ку. Ўша – Ҳенри.
Барбара айнан ким ҳақида гапираётганини тушуниб олиш учун Зоига бир лаҳза керак бўлди.
– Қаҳвахонадагини айтяпсизми? У ердаги баристани танийсизми?!
Барбара бўшаган тушлик қутисини ёпиб, ўрнидан турди.
– Уни кўп йиллардан бери биламан. Сиз бориб, у билан гаплашишингиз керак. Ҳенри айрим нарсаларни кўради… – Барбара орада бироз сукут сақлади. – У нарсаларга бошқача кўз билан қарайди.
– Бариста билан гаплаш, дейсизми? – тағин сўради Зои. – Унга нима дейман?
Барбара Зоига ҳаммасидан хабардор-у, аммо сир бой бермагандек расмий нигоҳ билан қаради.
– Шунчаки у билан гаплашинг. Унга суратга олишни ёқтиришингизни айтинг. Нима деб жавоб беришига қаранг.
Зои қовоғини солди.
– Менга ишонинг, – деди Барбара, – у топқир одам.
– Хўш, у менга айнан қандай ёрдам беради? Ютуқли лотерея чиптасини танлашда кўмаклашадими?
Барбара елка қисди.
– Эҳтимол, бунга ёрдам бера олмас. Лекин ўзингиз айтдингиз, бу суратни сотиб олишга қурбингиз етмайди ва бу сизни ташвишлантиряпти. Тўғри айтдимми?
Зои жим қолди. Албатта, Барбара ҳақ. Ахир у – Барбара.
– Хўш, унда, – деди Барбара, – бу борада нимадир қилинг. Ҳенри билан гаплашинг.
Иш столига қайтаркан, Зои ўзини бироз айбдор ҳис қилди. Барбарага аслида нега безовталанаётганини айтмаганди. Уни нафақат фотосурат, балки бошқа нарса ҳам ташвишга солаётганди.
Янги иш.
Икки ҳафта олдин Зои билан коллежда ўқиган пайти қўшни бўлган Жессика гаплашганларида унга шаҳар марказидаги ўзи ишлаётган медиа агентлигида бўш иш ўрни очилганини айтганди.
– Сен меҳнаткашсан, Зои, – деганди Жессика. – Ақллисан, ёзиш услубинг ажойиб ва одамлар ҳам сени ёқтиради. Сен бу лавозим учун мукаммал номзод бўлардинг.
Ўтган ҳафта Зои агентликнинг шаҳар марказидаги офисига ими-жимида суҳбатга бориб келди. Ўша куни кечқурун Жессика қўнғироқ қилди ва суҳбатдан сўнг Зоини ёқтириб қолишгани ҳақида эшитганини айтди:
– Саноқсиз номзодлар келди, Зои, лекин сен энг яхшиси экансан.
Ва, албатта, ўтган жумада агентликдан қўнғироқ қилишди ва у расман энг биринчи номзод сифатида танланганини айтишди. Агар Зои хоҳласа, бу ишга нашриётдагидан кўпроқ маоши учун ҳам кирса бўларди. Бу эса ишда стресс даражаси янада юқорироқ ва жадвали тиғизроқ (Зои бундан хавотир олмасди) бўлишини англатарди. Бироқ агентлик таклиф этаётган маош унинг ҳаётини чиндан ўзгартириб юбориши мумкин эди.
Дам олиш куни Зои онасига қўнғироқ қилиб, бу ҳақда яна гаплашди. Ишини ўзгартириш яхши фикр эканига онасининг ишончи комил эмасди.
– Эҳ, Зои, – деди у қизига, – борига хурсанд бўлсанг-чи! Қолаверса, болажоним, пул кишини бахтли қила олмайди.
Пул одамни бахтли қилмайди. Зои бу сўзларни болалигида неча марта эшитган?
Суҳбатга отаси ҳам қўшилди, одатда бундай бўлмасди.
– Яхшилаб ўйлаб кўр, қизим, – деди у.
Зои эса бу сўзлар қандай маъно англатишини тушунди: “Мен дарҳол бу иш таклифини қабул қил, демоқчи эмасман… Лекин… эҳтимол, бу таклифни қабул қилишинг керакдир”.
Отаси бош пудратчи бўлиб ишлаган пайтида яхшигина пул топарди. Соғлиғи ёмонлашгач, қурилиш таъминоти компаниясининг кичикроқ конторасига ўтди. Бу ишда маоши камроқ, Зоининг тахминича, отасига у анча зерикарли ҳам эди. Лекин улар амаллашаётганди. Дарвоқе, онасининг овози кейинги пайтда одатдагидан анча ҳорғин эшитилди. “Берганига шукур қил!” Ота-онасини бахтсиз деб бўлмасди, бунга Зоининг ишончи комил эди, аммо уларни чиндан ҳам бахтли дея тасвирлай олармиди?
Зоининг ўзини-чи?
У ўша куни эрталаб “Окулус”да кўрган ғалати тасвир – соҳилдаги чўл ўртасида ташлаб кетилган қайиқни эслади.
Қаерга кетаётганингизни билмасангиз…
Агентликдагилар Зоига ҳозирги ишидан кетиш ҳақидаги қарорини ўйлаб кўриш ва ўз таклифларини расман қабул қилиш учун бир ҳафта вақт берди. Демак, агар Зои ҳақиқатан уларда ишлашни хоҳласа, жумагача аниқ жавоб айтиши керак. Шундан кейин Жессика билан ишдан кейинги анъанавий жума учрашувида буни нишонлаш имконияти бўлади.
Зои кўраётган ягона муқобил вариант – ҳозирги маоши учун машаққат чекишда давом этиш ва лавозими кўтарилишига умид қилиш эди. Бу вақт ичида эса қўшимча пул ишлаш учун ёзишга ёки таҳрирга иш олиб, кечқурун ва дам олиш кунлари янада тиғизроқ ишлаши (у одатда ҳозирги ишидаги вазифаларини уйига ҳам кўтариб келарди), қўшимча юкламалар қаторига уларни ҳам киритишга ҳаракат қилиши керак. Бу фикр уни, албатта, хурсанд қилмагани аниқ.
Аммо унинг бошқа танлови борми?
О проекте
О подписке
Другие проекты
