Читать книгу «Рақамли қалъа» онлайн полностью📖 — Дэна Брауна — MyBook.

Тўртинчи боб

Крипто эшиги очилиб, чийиллаган товуш чиқарди, Сьюзан ўзига келди ва хаёлларини бир четга йиғиштириб, ичкарига қадам ташлади. Махсус компьютер унинг кирганини қайд этиб, овоз берди. Гарчи Сьюзан Криптода уч йилдан бери яшаса-да, ҳанузгача бинонинг ҳашаматли кўринишидан ҳайратланарди. Беш қаватдан иборат улкан, айлана шаклдаги асосий залнинг баландлиги ўттиз олти метрни ташкил этарди. Икки мегатонна портлашга чидамли поликарбонат тўр билан маҳкамланган ойнаванд гумбаз ўзидан Қуёш нурларини фильтрлаб ўтказишга мослашганди. Шаффоф равоқдан офтобнинг кучсиз ёғдуси тушиб, деворларда ажиб жилваланарди. Залга ётқизилган кафель тиниқ, қора рангда бўлиб, ҳар қадам ташлаганда худди қоп-қора музни босаётгандек ваҳимали таассурот уйғотарди.

Хона марказида улкан ракетанинг тумшуғига ўхшаб кетадиган машина ўрнатилганди. Баландлиги етти метр бўлган бу машина бир қараганда қаҳратон қишда денгиз совуғига чидолмай музлаб қолган баҳайбат йиртқич китни эсга соладиган Трансхабар аппарати эди.

Трансхабар дунёда ягона нусхадаги энг қимматбаҳо компьютер жиҳози ҳисобланиб, МХА унинг мавжудлигини ҳеч қачон тан олмасди.

Айсберг ўзининг асосий массасини сув остига беркитгани каби, Трансхабарнинг юзада кўриниб турган қисми унинг ўндан бир ҳажмини ифодаларди холос. Аппаратнинг асосий манбаи, тўқсон фоиз қудрати бино остидаги олти қаватдан иборат бункерга яширилган эди. Бункер тубида жойлашган генераторларнинг тинимсиз ҳаракатидан ҳосил бўладиган доимий ғуввиллаган товуш Криптодаги ўлик сукунатни бузиб турарди.

* * *

Яратилган бошқа буюк технологик ихтиролар сингари, Трансхабар ҳам замона зайли билан вужудга келган. Кўпчилик 80-йилларда оммалашган интернетни энг сўнгги янгилик деб билса-да, аслида глобал тармоқ бундан қарийб 30 йил муқаддам Мудофаа вазирлигининг ташаббуси билан яратилганди. Ундан асосий мақсад эса келажакда содир бўлиши мумкин бўлган ядро уруши вақтида компьютерларнинг йирик тармоғи, яъни интернет ёрдамида ҳукумат ахборот алмашинув агентлигининг хавфсизлигини таъминлашдан иборат эди. 1980-йилларда интернетнинг, сўнгра электрон почтанинг оммага тақдим этилиши телекоммуникация соҳасидаги буюк инқилоб бўлди. Бу тўнтарилишга гувоҳ бўлган МХА бундан буёғига разведка, ахборот тўплаш ва юбориш қоидалари ҳам ўзгаришини тушуниб етди. Электрон почта мактубдек ишончли, телефондек тез эди. E-mail’дан юборилган хабарлар ҳаво орқали эмас, балки ер остидаги фибер-оптик симларда узатилгани сабаб уларни яширинча эшитиш, ўқиш мумкин эмас, демак, электрон почта ва интернет телефонларга қараганда минг марта хавфсиз, деган фикр омманинг хаёлига ўрнашиб қолди. Шу сабабли ҳам глобал ахборот алмашув воситаларининг янги турлари жиноятчилар, террорчилар ва жосуслар учун айни муддао бўлди, чунки уларни телефондаги махфий суҳбатларини яширинча эшитилиш хавфи доимо безовта қилиб келарди.

Шунга қарамасдан, МХАнинг техник мутахассислари учун интернет бўйлаб юборилаётган шахсий ахборотни топиб, ушлаб қолиш хамирдан қил суғургандек осон эди. E-mail орқали ноқонуний бизнес билан шуғулланаётган олғир кимсалар тез орада уларнинг шахсий сирлари ўзлари ўйлаганчилик шахсий эмаслигини тушуниб етдилар, чунки АҚШнинг Федерал қидирув бюроси, Наркотикка қарши кураш идораси, Солиқ қўмитаси каби бир қатор ташкилотлари МХАнинг хакерлар гуруҳи бузиб кириб, одамларнинг почтасидан тўплаган маълумотлар ва далиллар ёрдамида юзлаб, минглаб жиноятларни фош этаётганди.

Компьютер фойдаланувчилари АҚШ ҳукумати одамларнинг шахсий электрон почта хабарларини текширишга имконияти борлигидан воқиф бўлганидан сўнг бу маълумот уларни ғазаблантириб, оммавий норозиликларга сабаб бўлди. Сиёсат ва жиноятга алоқаси йўқ оддий халқ вакиллари ҳам электрон почтадан фойдаланишга хавфсираб қолишди. МХАга жавоб тариқасида уддабурон дастурчилар электрон почтани ҳимоялаш усуллари устида бош қотиришни бошлашди ҳамда оммабоп калит номли шифрни ўйлаб топдилар. Бу шифр фойдаланишга қулай компьютер дастуридан иборат бўлиб, унинг вазифаси юборилган хабарни ўқиб бўлмас даражада кодлаштириш эди. Энди хабар йўлловчи юборган мактуб қабул қилувчидан бошқанинг қўлига тушиб қолган тақдирда ҳам уни ўқишнинг сира иложи йўқ эди, чунки бегона экранда ёзишма ўрнига маъносиз белгилар жамланмаси намоён бўларди. Фақат хабар йўлланган шахсгина ҳеч муаммосиз уни ўқий оларди.

Бундай хабарларни ўқишнинг ягона йўли хат юборувчининг махсус калит сўзидан хабардор бўлиш эди. Калит сўз PIN-кодга ўхшаб кетса-да, унга қараганда узунроқ ва мураккаброқ бўлган белгилардан иборат бўлиб, ўзида қай усулда мактубни расшифровка қилиш тўғрисидаги маълумотни жамлаганди.

Дастлаб фойдаланилган калит сўзлар МХА ҳисоблаш машиналари тахмин қилиб топиши мумкин бўлган даражада қисқа эди. Масалан, агар керакли калит сўз ўнта рақамдан иборат бўлса, компьютерга 0000000000 дан 9999999999 гача сонларнинг барчасини калит сўз сифатида синаб кўришга буйруқ бериларди, натижада эртами, кечми тўғри шифрни топиш имкони бор эди. Расшифровканинг бу тури «шафқатсиз ҳужум» деб аталиб, кўп вақт талаб этадиган, лекин натижа бериши муқаррар бўлган усуллардан эди.

Лекин вақт ўтгани сайин калит сўзлар ҳам узунлашиб, мураккаблаша борди. 1990-йилларга келиб битта калит сўзнинг ўзи элликдан ошиқ белгиларга эга бўлиб, ASCII алифбосининг 256 та рақам ва рамзини ўз ичига оларди. Олдин электрон машиналар калит сўзларни тахмин қилиб топиши учун бир неча кун сарфлаган бўлса, эндиликда биргина калит сўзни топишга ой тугул йиллар ҳам етарли бўлмай қолганди. Тўғри калит сўзни аниқлаш эҳтимоли математик жиҳатдан амримаҳол бўлиб, бу худди беш километрга чўзилган қумлоқ соҳилдан керакли қум заррасини ахтаришдек гап эди. МХАнинг энг тезкор компьютери CRAY/JOZEFSON II «шафқатсиз ҳужум» ёрдамида кодни топиш учун ўн тўққиз йил сарфлаши аниқлангандан сўнг бу усул энди бефойда экани тан олинди. Компьютер калит сўзни топиб, кодни синдиргунча хабар ўз аҳамиятини йўқотиб бўларди. Тезкорликни ўзига шиор қилиб олган МХА учун эса бу шармандали ҳолат эди.

Олдида пайдо бўлган бундай тўсиқдан таҳликага тушиб қолган МХА муаммони ечиш учун Америка президентига ўта махфий таклиф билан мурожаат этди. Бу таклиф дунёдаги энг биринчи, универсал код ечиш машинасини яратиш билан боғлиқ эди. Давлат раҳбари бу ғояни нафақат маъқуллади, балки режанинг бекаму кўст амалга оширилиши учун МХАни тасаввурга сиғмас даражада беҳисоб маблағ ва картбланш ҳуқуқи билан ҳам таъминлади.

Кўплаб муҳандислар МХА тасаввуридаги код ечиш машинасини қуришнинг иложи йўқлигини таъкидласа-да, ташкилотнинг ўзи бундай фикрларга қулоқ илишни истамади. У «ҳеч нарса имконсиз эмас. Имконсиз туюлган ғоялар рўёби узоқроқ вақт олиши мумкин холос» деган шиорига содиқ қолиб, ишга киришди.

Орадан беш йил ўтиб, МХА ҳақ эканлигини яна бир бор исботлади. Сарфланган беш юз минг иш соати ва 1,9 миллиард доллар бесамар кетмади. Ишнинг сўнгги босқичи: жимитдек процессорларни қўл меҳнати ёрдамида аппаратга жойлаштириш, якуний ички дастурлаш тугатилгандан сўнг ниҳоят Трансхабар дунё юзини кўрди.

Гарчи Трансхабарни яратиш устида минглаб мутахассислар ишлаган бўлса-да, уларнинг иши шу даражада индивидуал тақсимландики, кўпчилиги аслида нимани яратиш устида меҳнат қилаётганидан бехабарлигича қолди. Трансхабарнинг ҳақиқий имкониятларидан бохабар шахслар жуда камчиликни ташкил этарди.

Машинанинг уч миллиондан ошиқ процессорининг барчаси бир-бирига параллель равишда кўз илғамас катта тезлик билан ҳаракатланиши натижасида ўта мураккаб калит сўзлар ҳам Трансхабардан қочиб қутулмасди. Мультимиллиард долларлик бу санъат асари калит сўзларни топиб, кодларни ечишда нафақат процессорлардан, балки эндигина юзага келаётган квант компьютерлаштиришдан ҳам қувват оларди. Бу технология ахборотни иккилик саноқ тизими тарзида эмас, аксинча, квант-механик ҳолатда сақлаш имкониятини яратиб берганди.

Октябрь ойининг изғирин пайшанба тонги. Машинани илк синовдан ўтказиш учун барча мутасаддилар йиғилди. Аппаратнинг қай тезликда ишлаши номаълумлигига қарамасдан, бир нарса аниқ эди – агар барча процессорлар параллель ҳолатда, баравар фаолият юритса, Трансхабардан қудратлироқ код ечувчи машина бўлмайди. Ҳатто малакали муҳандислар ҳам унинг қанчалик қудратли эканини башорат қилишга ожиз эди.

Орадан бироз вақт ўтгач, башорат қилишга ҳожат қолмади. Машина ўзига киритилган қирқ олти белгидан иборат кодни очувчи калит сўзни чиқариб берганида синов бошланганига атиги ўн икки дақиқа бўлган эди холос. Трансхабар шу вақтгача энг тезкор компьютер камида йигирма йил ичида ечиши мумкин бўлган кодни бир неча дақиқаларда ошкор қилиб берганди. Бу Трансхабар энг кучли электрон ҳисоблаш машинасидан миллион марта кучлироқ дегани эди. Бу фактни таҳлил қилар экан, йиғилганлар бир муддат ҳайратдан лол бўлиб турди.

Трансхабар ҳақиқий ғалаба эди; бунда МХА бош директори ўринбосари Тревор Ж. Стратмор бошчилигидаги Ишлаб чиқариш бўлимининг ҳиссаси катта эди. Бироқ Трансхабарнинг мавжудлиги тугул ҳар қандай махфий хабарни саноқли сонияларда фош этиши мумкинлигини оммага ошкор этиб бўлмасди. Бу ўтмишда бўлганидек, қайтадан норозилик келтириб чиқариши мумкин эди. Қолаверса, машинанинг мавжудлигидан бошқа давлатлар хабар топса, улар ҳам шу каби ихтиро устида ишлашга киришмаслигига ҳеч ким кафолат беролмасди. Бу эса АҚШ ҳукумати хавфсизлиги ва МХА учун ортиқча муаммо келтириб чиқариши кундек равшан эди. Шу каби кўнгилсизликларнинг олдини олиш мақсадида командор Стратмор зудлик билан лойиҳа тўла муваффақиятсизликка учрагани тўғрисида сохта маълумот тарқатди. Фақат МХАнинг энг юқори қатлам вакилларигина асл ҳақиқатни биларди.

Трансхабар билан боғлиқ тажрибанинг омадсиз якунлангани ҳақидаги баёнотга ҳаммани ишонтириш учун МХА янги компьютер кодлаш дастури уларга зарар етказгани, дастур туфайли энди ҳуқуқ посбонлари учун жиноятчиларни тутиш ва айбини бўйнига қўйиш мушкул вазифага айлангани тўғрисида жар солди. Бу ёлғон ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотларга бир олам қувонч бағишлади. МХА, режага мувофиқ, омма кўз олдида жангда ютқазди ва мағлуб ролини аъло даражада ижро этди.

Компьютерлашган кодларни ечишга ҳатто қудратли МХАнинг ҳам тиши ўтмаслиги борасидаги миш-миш нафақат ҳуқуқ ҳимоячилари, балки бошқа бир қатор гуруҳларга ҳам осойишталик бағишлади. Наркобизнесменлар, террорчи-экстремистлар, товламачилар, хуллас, телефонидаги суҳбатларни хавфсизлик агентлиги ходимлари томонидан яширинча эшитилишидан тўйганлар ҳеч иккиланмасдан кодланган электрон почта агентидан фойдаланишга ўтди. Улар энди жирканч жиноятлари тўғрисида шериклари билан қилган узундан-узоқ суҳбатлари ёзиб олинишидан ва суд залида уларга қарши ишлашидан қўрқмасди.

Ҳақиқатда эса Трансхабар разведка дунёсида янги даврни бошлаб берганди. МХА томонидан шубҳали кўринган тушуниб бўлмас белгилар мажмуаси машинага киритилса, Трансхабар уни бир неча дақиқадан кейин ўқишга яроқли матн ҳолида чоп этиб берарди. Энди ҳеч ким ҳеч қачон МХАдан ҳеч қандай сирни яширолмасди. Трансхабар ҳаммани фош этувчи қуролга айланган эди.