Читать бесплатно книгу «Ўзлик сари етти қадам» Жавлон Жўраев полностью онлайн — MyBook
image
cover

Ўзлик сари етти қадам
Жавлон Жўраев

© Жавлон Жўраев, 2020

ISBN 978-5-4493-7253-6

Создано в интеллектуальной издательской системе Ridero

Муаллифдан

Азиз Суҳбатдош,

Қўлингиздаги китоб – жуда антиқа. Йўқ, уни ўзга сайёраликлар ёзиб кетмаган – аммо, барибир, у сиз аввал кўрган китобларга ўхшамайди. У билан танишиш давомида ўзингиз ҳам бунга амин бўласиз. Ундан кейин – бу китобни сиз танладингиз, сиз танлаган китоб эса одатий ва зерикарли бўлишига ишонмайман.

Анчадан бери шундай китоб ёзишни ният қилиб юргандим. Фақат уни бошлашга ҳеч қунт қила олмасдим. Баъзида одамлар учун фойдали бўладиган китоб ёзиш учун билимларим етарли эмасдек туюларди, гоҳида бундан муҳимроқ деб билган юмушлар билан чалғиб кетардим. Аммо бугун сиз замондошим билан азбаройи суҳбатлашгим келди. Сиз билан кўрган-кечирганларим ва билган-уққанларимни баҳам кўриш истаги уйқу бермай қўйди.

Китоб сарлавҳаси – ҳар хил китобхонда турлича таассурот уйғотади. Бир қарашда, ўзлик ҳар доим ўзимиз билан биргадек туюлса ҳам – кўпчилигимиз ундан йироқдамиз. Мен сизга бахтли бўлиш учун қандай яшаш кераклигини ҳам ўргатмоқчи эмасман. Тўғри-да – мен ким бўлибманки, сизга ҳаёт сабоғини берсам? Ҳаётини бировлар маслаҳатига асосланиб қурадиганлар учун Карнеги ва унга ўхшаш муаллифлар бир сандиқ китоб ёзиб ташлашган – бир умрга бемалол етади.

Мен, аксинча, сиздан ўрганмоқчиман. Сиз менга кўп нарсани ўргатишга қодирсиз. Бу қобилиятингиз ҳақида ўзингиз ҳам билмаслигингиз мумкин – аммо шундай. Ҳар замонда муаллифлар китобхонлар билан асарлари орқали бўлган суҳбатлардан жуда кўп нарсани ўрганишган. Кичик ҳикояга бўлса-да муаллифлик қилган киши буни тасдиқлайди.

Мен сиздан очиқ фикрлилик ва дилкашликни ўрганаман. Энг қизиғи шундаки, сиз ҳам менга таълим бериш жараёнида ўзингиз ҳақингизда кўп нарсаларни билиб оласиз. Кимки ўзи ҳақида ҳамма нарсани биламан деса – у ўсишдан тўхтаган шахсдир. Биз ўзимиз ҳақимизда жуда кам биламиз. Шундай экан, келинг, ўзимизни тадқиқ этишга бир ҳафтамизни бағишлайлик. Айнан бир ҳафта сизга китоб мазмуни билан нафақат танишиб чиқишга, балки уни ҳаётга солиштириб боришга ҳам етарли бўлади. Ишонинг – бу саъй-ҳаракатлар ўзини юз баробар қилиб оқлайди. Мана кўрасиз.

Огоҳлантириш!

Ўз шахсияти билан юзма-юз келишга ҳадиксирайдиган, қўрқадиган ва бундан ваҳимага тушадиган дўстларимиз бу китобни ўқимасин. Агар юқорида айтилган гаплардан кўнглингиз бузилган бўлса – ҳозироқ китобни сотувчига олиб боринг-да, пулингизни қайтариб олинг. Бунинг иложи бўлмаса, уни бошқа бировга сотиб ёки совға қилиб юборинг. Жуда бўлмаса, пулингизга ачинмай, уни аҳлат қутисига ташланг – хуллас, ундан тез ва сифатли халос бўлинг.

Нимага дейсизми? Чунки агар сиз мен баён қилмоқчи бўлган нарсаларни эшитишга тайёр бўлмасангиз, бунга руҳий ва шахсий кучингиз етмаса, китоб сизга фойдадан кўп зарар етказиши мумкин. Бу ҳақида огоҳлантирмасликдек масъулятсизликка менинг ҳаддим сиғмайди.

Агар гапларим сизда ҳеч бир безовталик уйғотмаган бўлса – унда сиз сирлашишга тайёрсиз. Ҳа-ҳа – биз айнан сирлашамиз. Китоб сизга жуда кўп сирларни очади. Аммо сиз ҳам бунга жавобан энг яширин сирларингизни китобга тўкиб солишингиз керак бўлади. Ахир, сирлашиш бир томонлама бўлмайди-ку.

Мутолаа давомида сизга баён гўё фикрларингизни ўқиётгандек – айнан сиз ўйлаган нарсани айтаётгандек туюлиши мумкин. Аммо бу сизни ташвишга солмасин. Китоб сизнинг фикрларингизга бостириб кириб, хаёлларингизни ўғирлагани билан, у ҳеч қачон ҳеч бир сирингизни бирор кимга сотиб қўймайди. Чин сирдош ана шунақа бўлади.

Сиз билан сўзлашиш услубим жиддийликдан ҳоли, енгилтак бўлиб кўринмасин – жиддийлик ҳеч қачон самарали қурол бўлмаган. Сизга бу китобда айтадиган гапларим – менинг юрагимдан чиққан. Юракдан чиққан гаплар мана шунақа енгил, ҳаммага тушунарли ва зарқоғозга ўралмаган бўлади. Сиз билан бизни дилдан суҳбат кутяпти. Сиз ҳам бу суҳбатда фақат қалбингиз билан сўзлашишингизни истардим…

Хўш, бошладикми?

Бошладик

Дунё яралибдики, одамзот бахтни излайди. Аммо, негадир, ўзини бахтли деб рост гапирадиганлар жуда кам. Жуда ғалати – одам ер остидаги темир рудаси ёки табиий газ заҳирасини топишга бир кун сарфлайди-ю, бахтни излаб топишга бутун тарих ҳам етарли эмас. Балки, биз нотўғри излаётгандирмиз-а? Бошқа усулда излаб кўрсакмикан? Ундай деса, кўплаб манбаларда бахтга эришишнинг минглаб йўллари келтирилган – лекин бундан бахтлилар сони кўпайгани йўқ. Биз бахтни нотўғри ердан излаётган бўлсак-чи? Бунга ҳам қарши далиллар бор – ҳар хил одам бахтни ҳар хил ердан излайди, аммо ҳаммаси ҳам топавермайди. Балки, бахт деган нарсанинг ўзи йўқдир? Бунга ишониш ҳаммасидан қийин – оддий инсоний бахт ҳам мавжуд бўлмаса, бу дунёнинг мукаммаллиги қаерга боради?

Бахтга интилишнинг хато йўлидан боришимиз рост. Бахтни излаш усулимиз чиндан ҳам нотўғри – айнан, излашимиз нотўғри. Буни қарангки, бахтни излаш керак эмас экан – уни кўзлаш, мўлжаллаш, кутиш, у учун курашиш, унга қурбонлар келтириш ҳаётнинг энг бахтсиз кўриниши экан аслида.

Бахтимизни қаердан излашда ҳам адашамиз. Бизнинг бахтимиз ташқи дунёда эмас, айнан бизнинг ичимизда, шахсиятимизнинг тубида жойлашган. Биз атроф дунёдан ўз бахтимизни талаб қилиб сарсон бўлиб юрарканмиз, бахтимиз кун келиб нигоҳимизини ўзимизга қаратишимиз, кутилмаганда ўз қалбимиздан чексиз ёрқин бахтни топиб олишимизни сабр билан кутаверади.

Яшаш санъати – бу бахтли бўлиш санъатидир. Бахт келгувчи ва кетгувчи эмас – у мудом биз билан юргувчи. Аслида биз унга гоҳи қараймиз, баъзан билиб-билмай ундан юз ўгирамиз. Ўз-ўзидан юз ўгирган одам – ўз бахтидан юз ўгирган, ўз қалби хотиржамлигини бошқа манфаатлар ҳақи қурбон қилган бахтсиздир.

Мана сизга биринчи сир: ўзи бахтли бўлмаган одам бошқа одамни бахтли қила олмайди. Буни шундоқ ҳам ҳамма билади дейсизми? Тўғри – бундан ҳамма хабардор, аммо камдан-кам одам бунинг асл маъносини билади. Майли, сизга бошқачароқ қилиб айтаман: ўзлигини англамаган одам, ўзгани тушуна олмайди. Бироз ойдинлашдими? Ахир, ҳар биримиз бизни кимдир тушунишини истаймиз. Бир одам бошқасига уни тушунибгина кўнгил хотиржамлигини инъом этиши мумкин. Бироқ бошқаларни тушуниш – биз ўйлаганчалик осон иш эмас.

Майли, бошқаларни тушуна олиш қобилияти – иккиламчи масала. Аввал ўзимизни, ўзлигимизни англаш ҳақида суҳбатлашайлик. Ушбу китобнинг ярмидан кўпроқғи айнан ана шунга бағишланади.

Бесплатно

4.25 
(4 оценки)

Читать книгу: «Ўзлик сари етти қадам»

Установите приложение, чтобы читать эту книгу бесплатно

На этой странице вы можете прочитать онлайн книгу «Ўзлик сари етти қадам», автора Жавлон Жўраев. Данная книга имеет возрастное ограничение 16+, относится к жанру «Общая психология».. Книга «Ўзлик сари етти қадам» была издана в 2018 году. Приятного чтения!