Қўлимда Сирожиддин Саййиднинг янги туркум шеърлари. Самимий ва эҳтиросли сатрлар. Шарқона лутф билан айтилган нозик сўзлар. Шоир сўзлари…
Аслида шоир сўзи шарҳга муҳтож эмас. Уни ўқимоқ, тингламоқ ва ҳис этмоқ даркор. Ўқиб, тинглаб ҳайратга тушмоқ, кулмоқ, йиғламоқ даркор. Муаллиф ундоқ демоқчи, бундоқ ғояни олға сурмоқчи деган таҳлиллар шеъриятни бениҳоя жўн тушунмоқ натижасидир. Шеър кўнгил нидоси бўлиб туғилади ва кўнгиллар мулкига айланади. Мулк тасарруфи эса моликнинг ишидир.
Шеърни севмоқ, ундан лаззатланмоқ мумкин ёки уни қабул этмоқ ҳам кўнгил ишидир. Ундан ҳайратга тушмоқ, ҳамдард бўлмоқ ёки уни рад этмоқ, бебаҳра бўлмоқ бор.
Бедилнинг битта байтини қирқ улфат қирқ хил маъно бериб талқин қилган экан. Бедилнинг ўзини ҳакамликка чақирганларида у қирқ биринчи маънони айтиб ҳаммани лол қилибди.
Шеър – қалб ҳолатидир. Булоқ суви устида айланиб турган чўпга қараб ёр висолидан бахтиёр бўлган йигит: “Ана у менга ўхшаб рақс қилаяпти” деса, ҳижронзада юрак эгаси: “Бечора гирдоб ичида қолибди, чиқарга йўл тополмаётир” деб изтироб чекади. Шеър қалб ҳолати бўлгани боис уни қабул этиш ҳам қалб ҳолатига боғлиқ. Хонанда: “Ҳеч киши оламда мендек ёридин айрилмасин” деб нола чекканда, биров ичида “оҳ” дейди, биров бармоғини қарсиллатиб ўйинга тушади.
Шеърият қалб ҳолатидир. Уни қабул этмоқ ҳам қалб ҳолатига боғлиқ. Шеър маъносини сўз билан баён қилиш мумкин эмас. Сўз билан англатиш мумкин бўлган фикр эса шеър қилиб айтилмайди. Шеър – завқ, ҳайрат, кулку, изтироб, армон, тазарру, муножот… демакдир. Шеър – ишқ демакдир, ибодат демакдир.
Сирожиддиннинг шеърларини ўқиб мен шеърият ҳақида бундай осмоний хаёлларга берилдим. Мақсадим унинг шеърларини осмонларга кўтариш эмас, балки фақат сизнинг кўнглингизга ҳавола этмакдир.
Энди осмоний хаёллардан ерга тушадиган бўлсак, олдимизда дарҳол бир савол кўндаланг бўлади. Ҳозирги бозор иқтисодиёти шароитида шеъриятнинг, шоирнинг аҳволи қандай кечади? Яшаш тарзимиз фойда ва зарар мезонига қуриладиган бўлса, Пул Ҳазрати Олийлари ҳокими мутлақ бўлса, маънавиятимиз нима бўлади? Сирожиддин сингари адабиётимиз чаманининг тоза гулларини қандай истиқбол кутади?
Минг ташаккур, Юртбошимиз шу мураккаб шароитда адабиётимиз ва санъатимиз келажагини ўйлаб, ёш ижодкорларни ҳам маънавий, ҳам моддий қўллаб-қувватлаш чораларини кўрмоқда. Бу – олисни кўрувчи, узоқ келажакка қаратилган оқилона сиёсатдир.
Эркин Воҳидов,Ўзбекистон халқ шоири
1993 йил 10 ноябр
Илоё, ҳар кимга ҳаётда ифтихор насиб этсин. Ифтихорнинг гўзал шаклу шамойиллари кўп. Уларнинг энг аввали, албатта, халқу Ватанингдир!
Ундан сўнг, балким, устозу шогирдлар. Шу маънода, жумладан мен ўзимни ниҳоятда бахтли инсонлардан бири, деб ҳисоблайман. Улуғ халқим, буюк устозларим, кўз-кўз қилишга арзигулик софдил шогирд укаларим бор. Шоён шеъриятимизда эса ана шундай ифтихорларимиздан бири, шубҳасиз, Сирожиддин Саййиддир!
Абдулла Орипов,Ўзбекистон халқ шоири
2004 йил, 2 апрел
Мезон кетди, ақраб кетди, қавс кетди,
Шафтолилар бергидан бир сас кетди.
Бу сасдин дил деворига дарз кетди,
Момом кетди, ҳовлисидан файз кетди.
Аввал кашнич, райҳонлари қуриди,
Сўнг сув сепган айвонлари қуриди,
Арилар ҳам бундан буткул ариди,
Тут букчайди, бир кечада қариди.
Неваралар юрар эди ҳарбийда,
Бири шарқда, бири дунё ғарбида.
Улар қайтди. Момом эса ҳозир ҳам
Йиғлаб ётган бўлса керак қабрида.
Шўрлик момом. Бир умр гирён бўлди,
Гоҳи у ён, гоҳида бу ён бўлди:
Келинларни яраштира олмайин,
Бутун умр юрак-бағри қон бўлди.
Тоғаларим юрар қадлари сўроқ,
Кўнгиллари ёришмас ёқса чироқ.
Кенжалари қирққа етмай кексайган,
Ўртанчаси тўнғичидан қарироқ.
Ғамга тўлдим ногоҳ нохуш тасвирдан,
Зах ҳидлари келиб қолди тандирдан.
Тўйхонага ўхшаган катта ҳовли
Кўз олдимда жимиди қолди бирдан.
Энди бунда кечалари ой йиғлар,
Пиёлада ичилмаган чой йиғлар.
Япроқларни дув-дув тўккан шамолга
Қўшилишиб сўри, ҳовли-жой йиғлар.
Энди сувда еру осмон лойланар,
Бошим узра ўгирибон ойналар,
Дарду ҳасрат ипларини йигириб
Дунё момом урчуғидай айланар.
1990
Қирлардан бир яшил тўпламлар ичдим,
Салсабил сойлардан кўкламлар ичдим.
Бу ёруғ дунёни ҳўпламлаб ичдим,
Ярми тўлқин, ярми сўлғин япроғим,
Хазонга қоришган баҳоринг менман.
Кўнгил мулкининг ҳам зулматлари бор,
Эй ой, қаролиқнинг туҳматлари бор,
Ишқнинг ҳам бир ажиб узлатлари бор.
Ярми ўчқин, ярми ёрқин чироғим,
Зулмат жаҳонида шароринг менман.
Эгнини эпкинлар чок этган эй гул,
Кўксини шабнамлар пок этган эй гул,
Саҳро юрагимни боғ этган эй гул,
Ярми ел, ярми сел саргашта боғим,
Сенинг қаноату қароринг менман.
Эй дунё, жонимни қовурган дунё,
Боримни елларга совурган дунё,
Менинг инграётган қовурғам дунё,
Ярми сас, ярми хас бўлгай тупроғим,
Кипригингга қўнган ғуборинг менман.
1990
Бу ойлар кун сайин тўлгани тўлган,
Кўнглим кўйларида бўлгани бўлган.
Бу ойлар боримни елга совурди,
Еллар сайҳонимда елгани елган.
Бу ойлар ҳажрида соҳилларим зор,
Толлар хаёлларга толгани толган.
Бу ойлар қошимга келмагай ҳаргиз,
Ҳар турли аламлар келгани келган.
Бу ойлар қамишдай хор этди, мени
Бу дунё най қилиб чалгани чалган.
1990
Мен тун бўлсам, сен бир маҳзун шам бўлдинг,
Мен бир барг, сен бир томчи шабнам бўлдинг.
Мен бир тийра шом бўлдим, сен ой бўлдинг,
Мен тоғ бўлдим, сен бир тошқин сой бўлдинг.
1990
“Устимиздан ўтган ойлар”1
Ярим эди, тўлин эди.
Кўнглим эди, кўнглинг эди
Устимиздан ўтган ойлар.
Сувлар у пайт биллур эди,
Кетмасак ҳам бўлур эди.
Бир нарсани билур эди
Устимиздан ўтган ойлар.
Кийик кўзинг – сузукларинг.
Сирғаларинг, узукларинг,
Сенинг билакузукларинг –
Устимиздан ўтган ойлар.
Кейин олам рангга тўлди,
Қанча қизлар янга бўлди.
Тўйларингда танга бўлди.
Устимиздан ўтган ойлар.
1990
Бул кеча ҳарфларим ҳазиндан ҳазин,
Ун чексам унларим узундан узун.
Мен ҳеч не сўрмайин, ўзингдан ўзинг
Жудолик жадвалин тузиб бер менга.
Пайкони жонимда яйраган гулнинг,
Япроғи танимда сарғайган гулнинг,
Умримни музтариб айлаган гулнинг,
Гулнинг сувратини чизиб бер менга.
Барча мушкулларим, осонларимни,
Шабнамдай сочилган осмонларимни,
Йўқотган энг тоза найсонларимни
Узун мижгонингга тизиб бер менга.
Дилда шунча йиллар бир гул ўстирдим,
Уни йўлга солиб, йўлдан оздирдим,
Сўнгра ўша гулни ўзим тўздирдим,
Шу гулнинг қонини эзиб бер менга.
Сиймин юлдузларнинг жарангларида,
Дунёнинг видоли ялангларида,
Ойнинг ярқираган лаганларида
Қаро сочларингни сузиб бер менга.
1990
Букун Гулнинг болишлари кетмоқдадир,
Сурнайларнинг нолишлари кетмоқдадир.
Аравада йиғлайди Гул, атрофида
Янгаларнинг койишлари кетмоқдадир.
Бунда қолар бобосининг чориқлари,
Момосининг калишлари кетмоқдадир.
Ҳовли қолар, сув қолади, сувга боқиб
Хаёлларга толишлари кетмоқдадир.
Мўлтирайди ота уйнинг узумлари,
Букчайишиб войишлари кетмоқдадир.
Аравада – йиғлайди Гул, билмайди Гул, –
Бир дунё дунё ишлари кетмоқдадир:
Оносининг ўн саккиз йил куйишлари,
Отосининг ёнишлари кетмоқдадир.
1990
Бобоназар, сувчи бўлиб не кўрдинг?
Ғўзабаргдай куйиб, сўлиб не кўрдинг?
Шаънингга қанча ёлғон достон кўрдинг –
Пахтазорни қачон сен бўстон кўрдинг?
Ўзгармади сира йиртиқ чопонинг,
Зирқирайди гоҳ ўнг, гоҳи чап ёнинг.
Пайкалларга сув тарадинг кечалар,
Ойни нону кўкни дастурхон кўрдинг.
Ухлаб қолдинг ўқариқлар бошида,
Бошинг қўйиб маломатлар тошига.
Супранг қоқса чанги чиқмас. “Булар бой”,
“Ўғри” деган қанчалар бўҳтон кўрдинг.
Саратондир сенинг бор-йўқ кўйлагинг,
Кеч кузакда мўлжаллаган тўйларинг
Ўтказолмай қолдинг. Нени ўйладинг?
Ғўзапоя ва бўм-бўш ҳамён кўрдинг.
Мулкинг заҳар, дарёларинг қуриган,
Сут бергувчи тарғилинг ҳам қариган.
Умр шоми чўкмоқдадир наридан,
Бу дунёни мавҳум бир чистон кўрдинг.
Эсмоқдадир яна кўклам еллари,
Кўринмоқда майсаларнинг тиллари.
Тушларингга кетмон кирди қиш бўйи,
Ўнгингда ҳам уйғониб кетмон кўрдинг.
1990
Ўйласам ўйларим кўксимда куйган,
Сўйласам сўзларим бўғзимда куйган.
Барглардай сўлғину шамлардай озғин,
Қовжираб далаю тузимда куйган.
Ойлар титроғидан тушган япроқлар,
Юлдузлар боғидан кўчган япроқлар,
Нурсиз пайкалларда шуъла ёзмайин,
Тупроққа қоришиб ўчган япроқлар.
Ҳуснин чечакларин чаноқлар юлган,
Сочларин гардида насимлар ўлган,
Сизнинг таровату гул юзингизни
Қуёшлар тушликка тановул қилган.
Ўйласам ўйларим кўксимда куйган,
Сўйласам сўзларим бўғзимда куйган,
Барглардай сўлғину шамлардай озғин,
Қовжираб далаю тузимда куйган.
Балоғат чоғида балоғат кўрмай,
Ўн бешдан уёғи ҳаловат кўрмай,
Заъфарон райҳондай забун ўтдингиз,
Давру давронлардан садоқат кўрмай.
Сабоҳдан саҳрога айланганларим,
Сарғайган сарвларим, гул, савсанларим,
Серташвиш турмушнинг қучоқларидан
Далалар бағрига тайланганларим.
Ўйласам ўйларим кўксимда куйган,
Сўйласам сўзларим бўғзимда куйган.
Барглардай сўлғину шамлардай озғин,
Қовжираб далаю тузимда куйган.
Тун-кун кўксим ичра ёнғину ёнғин,
Йиллардан сўрайдир йиллар сўроғин.
Шомларга шимилган тупроқ йўллардан
Толларим келгайлар толғин ва толғин.
Дийдам дийдиратган дийдорларингиз.
Сўнди малоҳату дилдорлигингиз.
Тунлар пайкалларда ҳорғин юзган ой
Сизнинг зору маҳзун ёдгорлигингиз.
Ўйласам ўйларим кўксимда куйган,
Сўйласам сўзларим бўғзимда куйган.
Барглардай сўлғину шамлардай озғин,
Қовжираб далаю тузимда куйган,
Сонсиз эгатларга тизилганларим,
Қисмати кетмон-ла ёзилганларим.
1990
Халқ қолмабди. Закий, сезгир бир халқдан,
Шиддати шамширдай кескир бир халқдан,
Ҳар бир калимаси асотир халқдан,
Қадим аждодлари баҳодир халқдан.
Бир муте хоҳишлар қолмишдир букун,
Фоҳишлар, нолишлар қолмишдир букун.
“Халойиқ!” деганда тўфон кўтарган,
Азим елкалари осмон кўтарган,
Бухоро кўтарган, Қўқон кўтарган,
Жаҳолат тахтларин осон тўнтарган,
Халқдан қул, қароллар қолмишдир букун,
Жигари яролар қолмишдир букун.
Ҳақ, имон сўзидан оёққа қалққан,
Жисмидан эътиқод исёни балққан,
Дунёни ўзига қаратган халқдан
Пирлари тафсирлар яратган халқдан
Бир зумра гумроҳлар қолмишдир букун,
Ювилмас гуноҳлар қолмишдир букун.
Кеча бир эзилган мўминни кўрдим,
Мўмин на, озғин чўп, ўтинни кўрдим,
Чўккан кўзларида юртимни кўрдим,
Юртимнинг ўнгармас мунгини кўрдим,
Ундан ғам-ғуссалар қолмишдир букун,
Шундай хор жуссалар қолмишдир букун.
Бутун зот қолмабди, қолмиш таналар,
Яхлит миллат қани, бари чалалар,
Қайга бошламоқда бу говкаллалар?!
Галалар, халқ эмас булар, галалар!
Қоринлар, бўйинлар қолмишдир букун,
Сиёсий ўйинлар қолмишдир букун.
Қавмининг камолу фазлин унутган,
Русумин унутган, расмин унутган,
Ул гўзал руҳоний фаслин унутган,
Насл ҳам насабин, аслин унутган,
Хасталар, касаллар қолмишдир букун,
Таъми шўр масаллар қолмишдир букун.
Пахтангни терибсан, бошлайвер тўйлар,
Думбул ҳофизларинг бунча соз куйлар!
Битмаса битмабди чалдивор уйлар,
Далалардан чиқар сигирлар, қўйлар,
Мунғайиб пайкаллар қолмишдир букун,
Тошкўзли ҳайкаллар қолмишдир букун.
1990
Айдар Османга
Ватан, гулшанларинг томуғда қолди,
Соғинч дарду ғамга оғушта қолди,
Ким яланг, кимлардир ковушда қолди,
Ким сўнди, ким ҳазин товушда қолди,
Охир кўксим ичра бир нуқта қолди.
Сўлдирса шул нуқта сўлдиргай мени.
Ул менинг гоҳ мунглуғ қароғимдадир,
Мунглуғ қароғ ичра сўроғимдадир,
Гоҳ эса тош янглиғ томоғимдадир.
Туғродай руҳимда – байроғимдадир,
Ичимда, лек менинг фироғимдадир,
Тўлдирса шул нуқта тўлдиргай мени.
Манимдир ул, маним, инграб ўткардим,
Салкам эллик йилни мунграб ўткардим,
Қардош, сен билмайсан, ҳўнграб ўткардим,
Йўталмоқ бўлсам гар ўйлаб йўталдим,
Оғир ботмасин деб сенга йўталим,
Кулдирса шул нуқта кулдиргай мени.
Сиёсат элларни ҳамон нўхталар,
Лек мени бир таскин, ишонч қутқарар:
Бу миллат ўзлигин ҳали уҳдалар,
Болалар туғилар – тугик муштчалар –
Идроклари ичра қизғиш нуқталар.
Бўлдирса шул нуқта бўлдиргай мени.
Ўтмишим барбоду ҳозирим йўқдир,
Шу ёлғиз бошимда нозирим чўхдир,
Мустафо боламдай ботирим кўпдир,
Эҳтимол ёнғинга дўнгувчи чўғдир,
Балки тузум менга атаган ўқдир,
Ўлдирса шун нуқта ўлдиргай мени.
1990
Чор тарафга жовдирамай йўталсак бўладими?
Ёрдаги нон ушоғини кўтарсак бўладими?
Бўладими бу дунёда озгина хуруж қилсак,
Ўзимизнинг уйимизда ош ё ширгуруч қилсак?
Саҳар туриб эмин-эркин ёнғоқ чақсак майлими?
Ёримизнинг зулфларига гуллар тақсак майлими?
Бўладими уйимизнинг деворига мих қоқсак,
Чўзилсак ё деразадан мовий осмонга боқсак?
Етмиш йилда бирор марта суюнсак бўладими?
Муҳрланган кечаларда куюнсак бўладими?
Бўладими бу ҳаводан бизлар ҳам нафас олсак,
Бозор бориб майиз олсак, қуш олсак, қафас олсак?
Ўзимизнинг номимиздан бир сўз десак майлими?
Боқиб юрган қўйимизни сўйиб есак майлими?
Бўладими итимизга суяк-сўнгак ташласак,
Отимизнинг ёлларини, сағринини қашласак?
Ёнбош ташлаб, сўримизда чойлар ичсак майлими?
Терлаб кетсак, тўнимизни тандан ечсак майлими?
Бўладими ўзимизнинг сувимиздан юз ювсак,
Ўйлар сурсак, беда ўрсак, ўтирсак ё йўл юрсак?
Майлими биз ўзимизнинг ҳовлимизни супурсак,
Сизнинг силлиқ юзингизга қуюқ қилиб тупурсак?
Биз ҳам сизга бир марта тик қарасак бўладими?
Айтинг энди, бу дунёда яшасак бўладими?
1990
Тийрамоҳ тоғ ила тошимга тушган,
Тоғ ила тошимдан қошимга тушган,
Шом чоғи бир хазон ошимга тушган.
Соҳилларда йиғлар қаро тошларим,
Тошлар қаролиги бошимга тушган.
Жарлар сийнасидан сизган изтироб,
Лойшувоқ томларда юзган изтироб.
Кўнгил – ёмғирларда қолган устурлоб,
Сийрак чорбоғларни ишғол айлабон
Сариқ лашкар ётар қуюқ, уюшган.
Мен сени унутдим, дунё ҳийласи,
Макру адовати, кину кийнаси.
Бобомнинг қийшайиб қолган чайласи,
Похолин ёпиниб яланғоч қирда,
Ҳўл шамоллар ичра қулаб, қунушган.
Ҳазин туюладир бор юмушларим,
Япроқдай учгайлар бошдан ҳушларим,
Сиз қайда қолдингиз, гўзал тушларим?
Кўксимга ин қурган хушхон қушларим
Кўчган, кўчган, барчаси кўчган.
1990
Тонглар кетди, кунларимдан тонглар кетди,
Кетган тонглар йилларимни онлар этди.
Бир жонимни севгим юз минг жонлар этди,
Кўнглим, сенинг давлатингдан шонлар кетди.
Бу муттасил меҳнатларим битармукин,
«Кўксумдаги зангорларим кетармукин?»
Кўзёшимдан майса бўлган бўйроларим,
Шомларимда жимирлаган Зуҳроларим,
Кезган ерлар, адирларим, саҳроларим,
Эшигимга чайқалибон дайроларим
Келса, бул ҳам фиғонимга етармукин,
Кўксумдаги зангорларим кетармукин?
Суйкансанг гар юз йил кўзу қошинг билан,
Уринсанг, ёр, юз йил қўлда тошинг билан,
Сўнгра силаб мижгонларинг, сочинг билан,
Яна юз йил ювиб ўтсанг ёшинг билан,
Тадбирларинг дардимга кор этармукин,
Кўксумдаги зангорларим кетармукин?
Уч минг йиллик чинор яна куртаклади,
Эрта-индин яшил куйга буркалади,
Оҳуларим – тоғларимнинг ҳуркаклари
Кечалари таним ҳидлаб суркалади,
Уларнинг ҳам дунёлари хатармукин,
Кўксумдаги зангорларим кетармукин?
Бу дунёда ёр изладим дилга лойиқ,
Бу дил энди елга лойиқ, селга лойиқ.
Нур таратган сочларини ёйиб-ёйиб,
Бошим узра йиғлаб турса минг малойик,
Аламларим булутлардай ўтармукин,
Кўксумдаги зангорларим кетармукин?
1990
На этой странице вы можете прочитать онлайн книгу «АСАРЛАР (II жилд)», автора Сирожиддин Саййид. Данная книга относится к жанру «Cтихи и поэзия». Произведение затрагивает такие темы, как «лирика», «сборники стихотворений». Книга «АСАРЛАР (II жилд)» была издана в 2026 году. Приятного чтения!
О проекте
О подписке
Другие проекты